XV асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаган нақшбандия таълимотининг йирик вакилларидан Хожа Аҳрори Валийнинг устози бўлмиш мавлоно Яъқуб Чархий Ғазна (Афғонистон) шаҳрига тобе қишлоқлардан бири ҳисобланган Чарҳда туғилганлиги учун Чархий тахаллусини олгандир. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, у ўз давридаги илмларни эгаллагач, кўнглида тасаввуфга нисбатан хоҳиш пайдо бўлиб, Бухорога келади ва Хожа Баҳовуддин Нақшбанд билан учрашади. Бу воқеаларнинг тафсилоти унинг “Рисолаи унсия” (“Дўстлик ҳақида рисола”) номли китобида баён қилинган.
Бир неча синовлардан сўнг, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд Чархийни шогирдликка кабул қилиб, сўфийлик таълимоти билан таништиради ва уни ўзининг шогирди ва куёви Хожа Алоуддин Атторнинг тарбиясига топширади. Бухорода Яъқуб Чархий тасаввуф соҳасида тез орада маънавий камолот топади ва Чағониёнда фаолият кўрсата бошлайди.
Яъқуб Чархий Нақшбанд кўрсатмасига мувофиқ халқни ҳақ йўлига даъват қила бошлайди. Ўз асарлари ва етиштирган шогирдлари билан шуҳрати ҳар томонга тарқалади. У асосан Мовароуннаҳрда Улуғбек ва Хуросонда Шоҳрух даврларида фаолият кўрсатди. Кейинчалик Нақшбандия таълимотининг XV асрдаги энг йирик намояндаси бўлиб танилган Насириддин Убайдуллоҳ (Хожа Аҳрори Валий) Чархийнинг шон-шуҳратини эшитиб, у билан учрашишга ошиқади ва оқибат-натижада уни пир тутиб, унга шогирд тушади. Бу воқеанинг тафсилоти “Рашаҳот”да баён қилинган.
Чархий XV асрда Темурийлар давридаги тасаввуф, хусусан Нақшбандия таълимотининг йирик вакилларидан бири сифатида ном қозонади. Бу ҳақда турли манбаларда маълумотлар келтирилади. Машҳур Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафоҳот ул-унс” китобида Яъқуб Чархий фаолиятини ва тасаввуфни тарғиб қилиш соҳасидаги хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтади ва Хожа Аҳрори Валий билан устоз-толиб муносабатларини тилга олади.
Мавлоно Яъқуб Чархий ўз устози Хожа Баҳовуддин Нақшбанднинг “мендан нимаики сенга етган бўлса бошқаларга етказ”, деган амрларига фармонбардор бўлиб, ҳозир бўлганларга хитоб (сўзлаш) орқали, ғойибдагиларга китоб орқали етказишга ҳаракат қилди.
Мавлоно Яъқуб Чархий Нақшбандия таълимоти, турли диний илмга оид бир қанча асарлар ёзадики, бу ерда уларнинг рўйхатини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир:
- “Тафсири Чархий” (“Чархийнинг Қуръонга қилган тафсири”).
- “Рисолаи унсия” (“Дўстлик ҳақида рисола”).
- “Ар-рисолат ул-абдолия” (“Абдоллар ҳақида рисола”).
- “Рисола дар сийрати Мустафавия ва тариқаи мустақимия” (“Мустафонинг сийратлари ва тўғри йўллар ҳақида рисола”).
- “Рисола дар илми фаройиз” (“Фарз нарсалар ҳақида рисола”).
- “Рисола дар ақоид” (“Ақоид илми ҳақида рисола”).
- “Рисола фи-л-ҳисоб ва-л-фаройиз” (“Ҳисоб ва мерос тақсими ҳақида рисола”).
- “Мухтасар дар баёни силсилаи Наҳшбандия” (“Нақшбандия сулуки ҳақида қисқача рисола”).
- “Шарҳи асмоуллоҳ” (“Аллоҳ исмларининг шарҳи ҳақида рисола”).
- “Шарҳи нуваду нуҳ ном” (“Аллоҳнинг тўқсон тўққиз исмининг шарҳи”).
- “Фаройизи манзума” (“Назмий фарз нарсалар ҳақида”).
Чархийни кўпчилик фақат Қуръони Каримга тафсир ёзган олим сифатидагина танийди. Ҳақиқатан унинг мақбараси пештоқига “тафсирчи олим” деб ёзиб қўйилган. Асарлари рўйхатидан кўриниб турганидек, Чархий Нақшбандия силсиласини баён қилувчи алохида рисола ҳам ёзган. Бундан ташқари у “Рисолаи унсия” (“Дўстлик ҳақида рисола”)ни ёздики, унда Хожа Баҳовуддин билан учрашгани, унинг таълим-тарбияси ва тариқат йўлида буюрган ишларини мукаммал баён қилиб, ўз устозларининг номи ва шуҳратларини ёйишга хизмат қилди. Шунингдек, унинг каламига мерос ҳақидаги рисола ҳам мансубдир. Чархий ҳижрий 851, мелодий 1447 йили вафот этган. У Мовароуннаҳр ва Хуросонда тасаввуфнинг ҳаётий йўналишларидан бўлмиш Нақшбандия таълимотининг кенг ёйилиши ва бу билан умумий маданий юксалиш иши йўлида хизмат қилди ва бу йўлда ўз ҳиссасини қўшди.
М. Ҳасанов, т.ф.н. О. Бўриев