Марказий Осиё маданиятининг улуғ донишманди ва мутафаккири Носир Хисрав Қобадиёнда 1004 йилда туғилган. Унинг аждодлари ўз даврининг обрўли, давлатманд кишиларидан ҳисобланган. Амударё билан карвон йўли кесишган жойдаги бу шаҳар XI асрларда фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билангина машҳур бўлмай, балки савдо-сотиқ ҳамда ҳунармандчилик ҳам тараққий топган жой эди. Қобадиённинг қолдиқлари ҳозир Тожикистоннинг Носир Хисрав шаҳри чеккасидадир.
Унинг номи Абумуиниддин Носир, отасининг номи эса Хисрав бўлиб, шеърларида “Ҳужжат” тахаллусини қўллаган. Носир Хисрав замон анъанасига кўра, бошланғич маьлумотни туғилган жойида олди, кейинчалик Марв, Балх мадрасаларида таҳсилни давом эттирди, диний, дунёвий билимларни эгаллади. У Қобадиён, Марв, Балхни ўз шаҳри ҳисоблаган ва “Сафарнома” асарида “Абумуиниддин Носир Хисрав Марвозий ва Қобадиёний номлари билан таниқлидир”, — деб ёзади. Адабиёт ва илм оламида Носир Хисрав унвони билан танилган адиб ёшлигидаёқ қатор тиллар ва фанларни (ал-жабр, муқобала, ҳандаса, мантиқ, нужум, ҳайъат, тиббиёт, тиб, фалсафа, фиқҳ, тарих, калом, мусиқа, аруз ва бошқалар) пишиқ ўрганган. Мутафаккирнинг асарларида бу ҳақида қизиқарли маълумот ва лавҳаларни ўқиш мумкин.
Носир Хисрав бу даврда улуғ ватандошлари Абу Али ибн Сино, Форобий асарларини чуқур ўрганади ҳамда бутун умрга уларнинг содиқ шогирди ва давомчиси бўлиб қолади. Бундан ташкари, у кадим дунё файласуфлари Сократ, Платон, Аристотель таълимотини ўрганиш билан шуғулланади.
Носир Хисрав дунёқарашининг шаклланиши, ўша замон илму маданияти дурдоналаридан баҳраманд бўлишидаунинг Миср, Шом, Ироқ, Қоҳира, Искандария, Дамашқ, Басра, Ҳижоз, Ҳалаб, Макка, Мадина, Озарбайжон, Арманистон, Фаластин, Эрон, Туркистон ва Ҳиндистон шаҳарлари бўйлаб қилган сафарлари муҳим аҳамият касб этди. Улкан адиб қайси шаҳарда бўлмасин, унинг диққатини ўша юртнинг улуғ шахслари, олиму шоирлари ўзига жалб этган ва ўша донишмандлар билан мулоқотда бўлган. Чунончи, Носир Хисрав 1045 йилда Қоҳира шаҳрида карматлар, яъни исмоилия диний мазҳаби билан яқиндан танишади.
Манбаларнинг шаҳодатига кўра, Носир Хисрав маълум муддат ғазнавий ҳукмдорлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд салтанати даврида расмий лавозимларда фаолият кўрсатади. Унинг салжуқийлар дарборида хизматда бўлганлиги хусусида ҳам айрим ишоралар сақланган. Бироқ сарой муҳитининг аянчли манзаралари истеъдодли шоирга манзур тушмади. Айниқса, амалдору мулозимлар, руҳонийлару манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хисрав қўзини очди. Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди.
Носир Хисрав сарой аҳли, реакцион кучлар қувғинидан қочиб умрининг сўнгти 20 йилини Юмғонда ўтказди ва кўп асарларини Юмғонда (Бадахшондаги қишлоқлардан бири) ижод этди. Унинг салкам чорак асрлик умри шу ерда ўтди ва ўша ерда 1088 йилда вафот этди. Носир Хисравнинг қабри ҳам шу жойдадир. Кейинчалик бу табаррук маскан шоир ижоди ихлосмандларининг зиёратгоҳига айланди.
Носир Хисравнинг оилавий ҳаётига доир аниқ маълумотларга эга эмасмиз. Манбаларда бу ҳакда ҳеч қандай далиллар учрамайди. Унинг сарсон-саргардонликда ўтган умри, тазйиқу таъқиб этишлар, қувғиндаги йиллар алломанинг уйланиши, бола-чақа кўришига имкон бермаган кўринади.
Носир Хисрав адабий, илмий, фалсафий, ҳикматий асар ва рисолаларини ўша давр анъанасига кўра, дарий ва араб тилларида яратди. Бизгача мутафаккирнинг иккита шеърлар девони (бири форсий, иккинчиси араб тилида), “Рушноинома”, “Саодатнома” маснавийлари, “Зодул-мусофирин”, “Хон-ул-ихвон”, “Дин важҳи”, “Бўстон ул-уқул”, “Жомеъ ул-ҳикматайн” каби маънавий-диний асарлари, тўқсон икки фалсафий, мантиқий саволларга жавоб усулида ёзилган насрий рисола ва машҳур “Сафарнома”си етиб келган.
Носир Хисравнинг форс тилидаги шеърлар девони диний-мазҳабий, фалсафий, ижтимоий-ахлоқий ва ишқу ошиқлик баҳсига бағишланган қасида, ғазал, рубоий, фарз, қитьа сингари жанр намуналаридан иборатдир. Девондаги шеърлар 11000 байтни ташкил этади.
“Рушноинома” — ихчам маснавий бўлиб, 592 байтдан иборат. Асарда донишманднинг диний, фалсафий, маърифий, ижтимоий-ахлоқий қарашлари рангин мисраларда юксак шоирона назокат ила куйланади.
“Саодатнома” уч юз байтдан иборат бўлиб, унда “Рушноинома”даги айрим масалалар такрорланган. Шунингдек, бир қатор фалсафий-ахлоқий муаммолар ўз ривожини топган.
Носир Хисрав ўзининг маънавий ҳаёти, диний-фалсафий дунёқараши жаҳатидан ботиния ва исмоилия мазҳабининг издоши ва ҳаким-устозларидандир. Исмоилия фирқалари ягона-ботиния атамаси билан юритилади. Мазкур диний-фалсафий мазҳаб Қуръоннинг (ички) маъносига тарафдор. Ботинийлар қарашига кўра, “Қуръон”ни ҳазрати Али ибн Абутолиб ва унинг дўсту суҳбатдошлари ҳақиқий маъносини биладилар. Мазкур мазҳаб аҳли таълимотига кўра, Худо оламнинг мабдаъи, асл вужудидир ва инсон ақли-ла Худони билиб олишга қодир эмас. Инсон ўз ақли билан Мутлақ вужуднинг ташқи зоҳирий томони — кулл ақлни билиб олиши мумкин. Кулл ақл Худодан ажралган, тажаллий этган руҳий моҳиятдир. Кулл ақлдан эса жаҳоний жон ёки нафси кулл, унинг оқибати сифатида жисмоний олам, ундаги мавжудотлар вужудга келган. Инсон ноқис жону ақлга эга, комиллашиш учун у покланиши лозим. Мутлақ вужудга етишиш учун йўлловчи шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларини босиб ўтиб, ҳақиқий — абадий олам — Худойи таоло васлига ета олади.
Носир Хисрав мазкур ботиния — исмоилия мазҳабининг асосчиларидан ҳисобланади. У “Рушноинома” асарининг “Тавҳид” бобида ўз ақидасини баён этиб ёзадики, Худои таоло яккаю ягонадир, унга шерик йўқ, унинг аввали ва охири йўқ. Инсон Худони фикру андиша ила жисмоний кўз ҳиссиётлари орқали била олмайди. Фақат руҳий кўз, қалб кўзи билангина мушоҳада этиши — кўриши мумкин.
Мутафаккир ўзига маслакдош шайхлар нуқтаи назарини маъқуллаб қолмасдан, уни ривожлантиради. Носир Хисрав талқинига биноан инсон Худони ва Коинотни билиб олишни ўзлигини билиб олишдан бошламоғи лозим. Зеро вужудликнинг бир неча жиҳатлари мавжуд. Инсон дастлаб ўзлигининг ҳақиқий ва ўзгарувчан жисмий-моддий жиҳатларини ақли билан фарқлаб олиши даркор.
Носир Хисрав замонасининг етук маънавий-руҳий арбоби сифатида инсонда аслий-илоҳий жиҳат борлиги ва у ўз ҳақиқатини билиб олишга қодир эканлигини таъкидлайди. Бунинг учун инсон ҳаётини беҳуда ўтказмаслиги, аслига етиш учун саъй-ҳаракат қилиши, илм эгаллаши ва моддий эҳтиёж гирдобига тушмасликка даъват этади. Носир Хисрав асосий диққатни инсоннинг покланиш жараёнига қаратади. Унингча, инсон ўз асли-илоҳий руҳга қайта қўшилиши учун ўзининг ҳақикати, адабиятини англаб етиши, ўз-ўзини такмил эта билиши, ахлоқини соф тутиши, поклаши лозим. Бунинг учун ғайри инсоний ҳаракатлардан сақланиш, ғарибу ғураболар қалбига озор етказмасликнинг ўзи кифоядир.
Ўтмишдошлари анъанасини давом эттирган шоир, одамларни фазилатли, хуш феъл-атворли қилиб шакллантиришда тарбия ҳиссасининг беқиёс эканлигига урғу беради. Шундан бўлса керак, аллома асарларида ахлоқий панду насиҳатлар, ҳикоят ва қиссаларга кенг ўрин берилади. Унинг шундай уринишларини “Ахлоқи ҳамида ва замима” сарлавҳали шеъри мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Инсонни иккига ажратган файласуф шоир унинг ахлоқига ҳам худди шундай муносабатда бўлади. Аслида одамнинг ёмони бўлмайди. Ёмон тарбия кўрган, феълу атвори яхши ёхуд нолойиқ инсонлар бўлиши мумкин. Бас шундай экан, асосий диққат ахлоқий тарбия муаммоларига қаратилмоғи лозим.
Носир Хисравнинг маънавий мероси панду ҳикмат бобида улкан хазинани эслатади. Унинг катта-ю кичик асарларида ахлоқий қарашлар марказий ўрин тутади. Унингча, ёмон билан яхши, хайру саховат ва бахиллик орасидаги фарқни ажрата билиш учун инсон, биринчи галда, ўзлигини яхши англаб олиши лозим.
Ҳакимнинг бир қатор ахлоқий қарашлари умуминсоний, умумбашарий аҳамиятга эгадир. Жумладан, буюк мутафаккирнинг ғаразлик билан беҳад молу мулкка берилмаслик, ўтар дунёнинг юзаки хурсандчиликларига ҳирсу ҳавас қўймасликка даъвати барча даврлар, элу элатлар учун бирдай манфаат касб этади.
Мўътабар донишманд ижодидаги умумбашарий маънавий кадриятлардан яна бири ўзгаларга нисбатан адолатли, инсофли бўлиш, қашшоқу нотавон, жисмоний жиҳатдан заифлашганларга раҳму шафқат кўрсатиш, бошқаларнинг гуноҳини кечириш каби юксак ғоя ва насиҳатлардир. Улуғ шоир худди шундай чақириқ руҳи билан мансабдорларга мурожаат қилади, уларни ўз қўл остидаги меҳнат аҳлига нисбатан раҳму шафқатли, меҳрибон бўлишга даъват этувчи мисраларни ёзади.
“Маънавий жиҳатдан улғаймоқчи бўлсанг, мартабангни юқори кўтаришни истасанг, жаҳоннинг улуғларига яқинлашишни хоҳласанг илм ўрган, ақлу идрокингни такомиллаштир”, — дейди доно шоир. Чунки айни ўша фазилатлар инсонни улуғлик поғонасига кўтаради, улар маънавий жиҳатдан уч турга — Пайғамбар, авлиёлар ва ҳакиму доноларга бўлинади. Илму ақл одамни ҳақиқий инсон рутбасига эриштирса, нодонлик эса уни одамийлик даражасидан четлаштиради.
Илғор мутафаккир илм ўрганишгагина эмас, уни тарғиб, ташвиқ қилишга, илм толибларига, уни қидирувчиларга етказиш ке-раклигига алоҳида эътибор беради:
Ўзингни илм бирла безатгил,
Фақат кимхоб кийган эмасдир гўзал.
У илмни жон ичидаги гавҳар деб атайди:
Ақл билган ҳама гавҳарлар аро,
Илмдан яхши кимё йўқдир асло.
Носир Хисравнинг фикрича, киши дилига таскин бергувчи, уни бу дунёда шоду хуррам қилгувчи ҳам илм:
Агар хуррамлик истарсен, сўроқла илм ила ҳикмат,
Ўшанда илму донишдин олурсан мевайи ҳожат.
Унинг “илм” тушунчаси фақат диний илмлар билан чегараланиб қолмай, балки бутун дунёвий билимларни ўз ичига олади. Унинг фикрича: “Кишилар орасида ақллилари ақлий лаззатга интилади. Шундагина у умумий лаззатга эришади. Бу лаззат манбаи тоғлиқ оламдир… Фақат одам илм ўрганишдан лаззат топади, бу ҳис ҳайвонларда йўқ, илмнинг ҳар бир поғонаси яна юқорироқ поғонага олиб келади, демак, билимнинг чегараси йўқ”, — деб ёзади Носир Хисрав “Зод ул-мусофирин” (“Сафар қилувчилар йўл анжоми”) деган китобида[1].
Носир Хисрав маънавий бисотида ижтимоий ҳаёт, давлат тузилиши, амалдору ҳокимлар фаолияти, уларнинг фуқароларга муносабати ҳақида ҳам қимматли фикру мулоҳазалар кўзга ташланади. Ўтмишда фаолият кўрсатган талай файласуф ва мутафаккирлар сингари у ҳам маърифатли, адолатпарвар шоҳу ҳокимлар тарафдори эди. Табиатан адолат ва инсоф тарафдори бўлган донишманд шоир “Саодатнома” маснавийсида меҳнат аҳлини, хусусан деҳқонларни самимий муҳаббат билан шарафлайди. Улар мадҳида оташин мисралар яратади.
Мутафаккир шоир деҳқон касбига, унинг бунёдкорона меҳнатига юксак баҳо беради. Зероки, улар туфайли олам обод. Уларнинг машаққатли меҳнати шарофати ила халқ ризқу рўзи ҳамиша муҳайёдур. Носир Хисрав нигоҳида улар жаннатдан жой олишга сазовордирлар. Чунки улар ҳаётнинг сақловчилари ва яратувчилари ҳисобланади:
Жаҳоннинг шодлигин боиси деҳқон,
Унинг бирла экинзор, боғу бўстон.
Бу ишдин яхши, оламда не бордур,
Одам наслига бу иш ёдгордур…
Жафокаш, паҳлавон меҳнат чекодур,
Тўкиб тер, барчанинг ризқин экодур.
Деҳқонлардан кейинги ўринда касб-ҳунар эгалари туради. Улуғ шоир бу тоифа аҳлини хушбахт одамлар ҳисоблайди. Ҳунар, касб эгаси ҳам худди деҳқон сингари яратувчи-сониълар сирасига мансубдир. Халқ эҳтиёжи улар санъати, ижодий меҳнати-ла таъминланади:
Косибдан шоду ҳуррам йўқ жаҳонда,
Ҳунардин яхши дур ҳам йўқ жаҳонда…
Арзир унинг бўлса боши осмонда,
Улсиз яшай олмас шоҳ ҳам жаҳонда[2].
Шоир орзусича, фозил ҳукмдор фуқаро-раиятни доимо ўз муҳофазасига олади. Мамлакатни адлу инсофла бошқаради. Ҳар қандай тадбирни вазирлар муҳокамасига, “кенкош” — машварат мажлисида кўриб, маъқуллангандан кейингина фармон сифатида эълон қилади. Ҳукмдорларнинг бундай адолатли бошқаруви туфайли мамлакат обод, унинг халқи эса фаровон яшайди, бир-бирига меҳрибонлик билан муносабатда бўлади. Юртда ҳашар уюштириш воситасида боғ-роғлар яратади. Жамоа аҳли шароб истеъмол қилмайди. Бундай давлатда виждон эркинлиги барқарор ҳукм суради. Диний фарзлар ихтиёрий бажарилади. Юрт фуқаролари ислом динига эътиқодли ва Муҳаммад Мустафонинг пайғамбарлигига иқрордурлар. Айтилганлар билан бир қаторда, донишманд шоир “Мулук ва умаро мазаммати тўғрисида”, “Ёмон нафс ва риёкорлар ҳақида” сарлавҳали шеърларида ноинсоф, адолатсиз, мағрурланган, раият, илм-фан, меҳнат аҳлига ёмон муомала-муносабат қилувчи, порахўр, бемаърифат, жоҳил, зулму жабрдан ҳузур қилувчи ҳоким ва амалдорлар фаолиятини қаттиқ қоралайди. Шоир таъбирича, бундай инсонлардан ит шарафлироқдир. Ўша жоҳиллар ўз жисмоний кайфу роҳатлари учун қашшоқ камбағалларни хонавайрон қилишдан уялмайдилар. Бундай муфтхўр ва хасис мулозимлар қарғишга учрагани учун ҳам уларнинг мол-бойликлари баракасиз, ҳаром.
Улуғ шоирнинг талаи панду насиҳатларида одамларни ранжитмаслик, уларга озор бермаслик ибратли мулоҳазалар ўртага ташланади. Бироқ ҳукм аҳли рафторининг қуюшқондан чиқиши шоирни беҳад ғазаблантиради. Шундан бўлса керак, унинг ўзи ҳам ошкора танқидга ўтади ва зулму ситамкорларнинг амалий фаолиятини бўрининг тажовузкорлигига ўхшатади.
Аллома шоирнинг кўпчилик асарларида одамлар юксак одамийлик сифат ва фазилатларига даъват этилади. У инсонлараро ўзаро ҳурмат, самимият қарор топиши тарафдори эди.
Дарвоқе, аҳиллик, адлу амният, меҳру оқибат, ўзаро итгифоқ устувор бўлган юртда зулмат чекинади, инсон шарафи юксак улуғланади, ўзаро низолар йўқолади, инсон инсоннинг жонига қасд қилмайди. Ана шундай улуғ инсонсеварлик ғоялари туфайли Носир Хисрав бизга замондошдир.
Эй, мардум зодаи, бо мардуми бош,
Чи бошад дев будан, одамй бош!
Яъни:
Эй, инсон авлоди сен, инсонийлик билан бўл,
Нимадур дев бўлиш, одамий бўл!
Носир Хисравнинг илм-фанни, инсонни, меҳнатни, касб-ҳунарни улуғловчи, адолатсизликнинг ҳар қандай кўринишини қораловчи мероси сўнгги авлодлар маънавий юксалиши учун муҳим озуқа бўлди, у халқнинг севимли шоир ва мутафаккирига айланиб кетди.
Носир Хисрав ижоди Марказий Осиёдан чиққан донишманд, мутафаккирлар ижодининг ниҳоятда ранг-баранг, умуминсоний бўёқларга бой эканлигини яна бир бор исботлайди.
фалс. ф.д. М. Болтаев
[1] Шоислом Шомуҳамедовнинг “Форс-тожик адабиёти классиклари” китобидан олинди. Т., 1963, 71—72-бетлар.
[2] Ўша китобдан 80—81-бетлар.