Шайбонийлар сулоласининг асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон ҳукмдор Абдулхайрхоннинг набираси Шоҳ Будоқхоннинг ўғли бўлиб, у 1451 йил туғилгандир. Болалигидан уни Муҳаммад Шоҳ Бахт (“Шоҳ бахти”) деб атар эдилар. Муҳаммад Шоҳ Бахтнинг отаси Шоҳ Будоқ Султон эрта вафот этган. Кўчманчи олий табақадагиларнинг ўзаро низолари қурбони бўлган Абдулхайрхон вафотидан сўнг (1469) унинг ҳокимиятига бирлашган қабилалар тарқаб кетди. Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмида ғалаёнли йиллар бошланди. Шайбонийхон ҳокимият учун кураш олиб борди ва бир маданий марказдан иккинчи бир маданий марказга ўтиш чоғида баъзи қалъаларга юриш қилди. Кейинчалик у Самарқандга, Темурийлар саройига таклиф этилди.
Темурийлар саройида Шайбонийхон “буюк хон”нинг набираси сифатида яхши кутиб олинди. Темурий ҳукмдорлар Шайбонийга умид билан Дашти Қипчоқда ўз сиёсатларини амалга оширувчи шахс сифатида қарар эдилар. Марказий Осиёнинг маданий марказларида маърифатли кишилар билан яқиндан танишув Муҳаммад Шайбонийга ижобий таъсир кўрсатди. Айниқса, Бухорода яшаган йиллари унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди, бу ерда Куръонни жуда яхши ўқувчи қорилардан бири Мавлоно Муҳаммад Хитойи унга дарс берган.
Шайбонийхон ўз даврининг маърифатли кишиси, жасур жангчи бўлиши билан бирга моҳир саркарда ҳам эди. Ўзининг шеърий солномаси — “Шайбонийнома”ни Шайбонийхонга бағишлаган Муҳаммад Солиҳ, уни ҳарбий маҳоратга эга киши сифатида таърифлайди.
Шайбонийхон Дашти Кипчоқда ўз давлатини тиклашга муваффақ бўлди.
Шайбонийхон 1510 йил Марв яқинидаги Маҳмуд қшплоғида Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлди. Жанг тугаганидан сўнг унинг жасади аскарлар жасадлари орасидан топилган. Шайбонийхоннинг ваҳшийларча таниб бўлмас ҳолга келтирилган бошсиз танаси Самарқанддаги Баланд Суфа деган ерга дафн этилди. Ҳозирда бошқа шайбонийлар ҳам дафн этилган Суфа Регистон майдонида жойлашган бўлиб, Тиллакори ва Шердор мадрасалари ўртасидаги бурчакдадир.
Тарқоқ қабилаларни тўплаш ва шаҳарлардаги эътиборли шахслардан ўзига иттифоқдошлар йиғишдан ўз фаолиятини бошлаган Муҳаммад Шайбонийхон қўлга киритилган қалъаларни мустаҳкамлаш ва уларда ўз ҳокимиятини янада кучайтиришга катта эътибор берди. У ҳарбий юришлар ва давлат ишлари орасидаги қисқа танаффусларда турли фанлар ва исломни ўрганиш, тарихий ва шеърий асарлар битиш билан шуғулланди. Шайбонийлар давлатига асос солган Муҳаммад Шайбоний ўз саройига кўплаб тарихчилар, шоирлар, олимларни жалб этди. Унинг саройида Камолиддин Биноий, Муҳаммад Солиҳ, Мулло Шоди, Фазлуллоҳ ибн Рузбеҳхон кабилар паноҳ топиб, ўз асарларини битдилар. Муҳаммад Шайбонийхоннинг Ҳиротни қўлга киритилгандан сўнг Камолиддин Беҳзод томонидан чизилган портрети бизнинг кунларгача сақланиб қолган. Расмнинг диққатга сазовор томони хон олдидаги ёзув қуроллари бўлиб, улар ҳукмдорнинг илм-маърифатга қизиққани ва ёзишни яхши кўрганлигини кўрсатади.
Шайбонийхон тарихни севган ва тарихий асарлар яратилишида иштирок этган. Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Шайбонийхон ўзбек (“турк”) тилида битилган ўзига хос манба — “Таворихи гузидайи нусратнома” асарининг ёзилишида бевосита иштирок этган. Бу манбада келтирилган аниқ далиллар билан тасдиқланади.
Ҳозирда “Таворихи гузидайи нусратнома” ҳамда Шайбонийхон фаолиятига оид бўлган бошқа тарихий асарларнинг бир манба асосида вужудга келганлиги ҳақидаги фараз исботланган деб айтиш мумкин (В. П. Юдин, Р. Г. Мукминова). Бу ҳол муаллифи номаълум “Таворихи гузидайи нусратнома”, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома”, Камолиддин Биноийнинг “Шайбонийнома”, Мулла Шодининг “Фатҳнома” асарларида баён этилган воқеаларнинг ўхшашлиги ва уларда келтирилган бир хил шеърлар, шу жумладан Муҳаммад Шайбонийга нисбат бериладиган шеърларнинг мавжудлиги билан ҳам тасдиқланади. “Таворихи гузидайи нусратнома” муаллифи номаълум асардир. Асарнинг сақланиб қолган ҳеч бир қўлёзмасида (Санкт-Петербург ва Лондондаги асосий қўлёзмалардан ташқари, яна қисқартирилган қўлёзма нусхалари ҳам мавжуд) муаллифнинг номи кўрсатилмаган. Санкт-Петербург қўлёзмаси матнида муаллифнинг номи кўрсатилиши лозим бўлган жой бўш қолдирилган. Шу нарса аниққи, “Таворихи гузидайи нусратнома”ни ёзишда Шайбонийхоннинг ўзи иштирок этган.
Давр талабига биноан Шайбонийхон туркий тилидан ташқари форс тилини яхши эгаллаган, шеъриятга қизиқиб, ўзи шеърлар ёзган. Хоннинг байтлари унинг атрофидаги муаллифларнинг асарларида келтирган. Ҳасанхожа Нисорий ўзининг “Музаккир ал-аҳбоб” асарида Шайбонийхоннинг байт ва ғазалларидан намуналар келтиради. Хон ҳақида ёзар экан у: “яхши шеърлари бор эди” деб таъкидлаб шундай деб қайд қилади: “…Ҳазрати шайх Нажмиддин Кубронинг… вафоти тарихини яхши айтган. Тарих:
“Онинг таърихидур шаҳи шуҳадо,
Яна бир алиф бирла бўлур адо”.
Муҳаммад Солиҳ Муҳаммад Шайбонийхоннинг шеърий асарларини юқори баҳолаб, уни юксак маълумотли киши деб таърифлайди. Темурийлар жамиятига яқин шоир сифатида тан олинишини истаган Шайбонийхон ўз шеърлари битилган қоғозларни одамлар гавжум бўлган ерлар, бозорларда осиб қўйишни буюрган.
Шайбонийхон Куръонни яхши билган ва диний уламолар билан суҳбат қуришни хуш кўрган. Ҳукмдорнинг сиёсий рақиби бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам унинг мусулмон дини борасида яхши билимга эга эканлигини кўрсатиб ўтади. Муҳаммад Шайбонийга ҳамроҳ ва маслакдош бўлган шахслар ичида шайхлар, саййидлар ва хожалардан чиққан билимдон кишилар эслатиб ўтилади. Уларнинг баъзилари хонга нисбатан “буюк муҳаббат ва садоқат”ларини кўрсатган бўлиб (Хондамир) кейинчалик ҳам ҳукмдорнинг яқинларидан бўлиб қолгандир. Уларнинг ичида Муҳаммад Солиҳ томонидан “олим киши” деб аталган Абдураҳим садр алоҳида имтиёзли ўрин эгаллаган эди.
Шайбонийхон исломдаги сунний йўналишга риоя қилар эди. Хон ўзини “имом аз-замон ва халиф ал-раҳмон” деб, суннизмни эса, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий томонидан давлат дини этиб тайинланган шиизмга қарама-қарши, Шайбонийлар давлатининг дини деб эълон қилди.
Муҳаммад Шайбоний кун тартибига турли масалалар қўйилган мунозаралар ўтказар эди. Уларда Мовароуннаҳрнинг йирик олимлари иштирок этиб, фикрларини билдирар эдилар. Самарқанд яқинидаги Конигилда ўтказилган шундай мажлисларнинг бирида урушлар ва ўзаро тортишувлар натижасида қаровсиз ерларга айланиб қолган мулк ерларидан фойдаланиш ҳақида қарор қабул этилган эди.
Шайбонийхон ҳукмронлиги даврида тарихий ва бадиий адабиётда ўзбек тилининг мавқеи кучайди.
Хоннинг буйруғи билан форс тилидаги ва мўғул ёзуви билан битилган асарлар турк тилига таржима қилинган.
т.ф.д. Р. Г. Мукминова