Мир Муҳаммад ибн Саййид Бурхонуддин Ховандшоҳ ибн Камолуддин Маҳмуд ал-Балхий — Мирхонд ўрта аср тарих фанининг кўзга кўринган намояндаларидан биридир. Ота-боболари бухоролик бўлиб, фиқҳ илмида замонасининг етук олимлари сифатида машҳур бўлган. Улардан Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Маҳбубий (вафоти — тах. 1300) фиқҳ илмида пешқадам олим бўлганлиги учун “тож аш-шариъа” (шариат тожи) номи билан ном чиқарган ва Шарқнинг машҳур фиқҳ олими Саййид Бурхонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига “Виқоя ур-ривоят фи масоил ул-Ҳидоя” (“Ҳидоя масалаларини ҳимоя қилувчи ривоятлар”) номли шарҳ ёзган.
Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Маҳбубий (вафоти — 1346) “тож аш-шариъа соний” (иккинчи шариат тожи) номи билан танилган ва “Шарҳ ул-виқоя”, “Ан-ниҳоя мухтасар ул-виқоя” номли машҳур китоблар ёзиб қолдирган. Мирхонднинг отаси Саййид Бурхонуддин Ховандшоҳ ҳам ўз даврининг билимдон кишиларидан бўлиб, Темурийлар ҳукмронлиги даврида Балхга келиб қолган ва ўша ерда вафот этган.
Мирхонд 1433 йили Балҳда туғилган бўлса-да, умрининг деярли кўп қисмини Ҳиротда ўтказди. Унинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид маълумотлар жуда кам бўлишига қарамай, набираси Хондамир “Хулосат ул-ахбор” китобида бобоси ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Падарпаноҳ жаноб амир Хованд Муҳаммад йигитлик чоғларида турли илмларни таҳсил этиш ва нафис фазилатларни камолига етказиш йўлида тиришқоқлик ва зўр меҳнат қилди… Қисқа вақт ичида билимдонлиқца замон фозилларининг пешқадами бўлиб олди. У (кўпроқ) тарих илмини касб қилди ва жаҳон аҳволини ҳамда осор-атиқаларини таҳқиқ қилишга киришди. Олижаноб хотирани тез фурсат ичида бу фанни эгаллашдан фориғ қилди, аммо феълу атвори маишат аҳли билан қўшилишга йўл бермади, завқу шавққа берилмади… Дарс бериш ва амру маърифатга иштиёқ унинг равшан хотирида асло кўринмади. Аммо (бу ҳол)… орзу ва омонликнинг қиблагоҳи, яъни олижаноб Султон (Ҳусайн) ҳазратлари яқин дўсти (Амир Алишер Навоий)нинг ҳузурларига боргунича ва унинг ҳар турли навозиш, марҳамат, илтифот ҳамда мурувватларини топмагунларича давом этди”.
Хондамирнинг яна бир маълумотига қараганда, Навоий Мирхондга ўзининг “Ихлосия” хонақосидан бир ҳужра ажратиб берган ва ундан бир тарихий асар ёзиб беришни илтимос қилган. Мирхонд бу асарни қисқа вақт ичида ёзиб тамомлаган, сўнг умрининг охирида, тахминан бир йил Гозиргоҳда истиқомат қилган. 1497 йилнинг баҳорида оғир касалликка чалиниб, 1498 йилнинг 22 июнь куни оламдан ўтган.
Навоийнинг кўрсатмаси ва ҳомийлиги билан Мирхонд яратган асарнинг номи “Равзат ус-сафо фи сийрат ул-анбиё ва-л-мулук ва-л-хулафо” (“Пайғамбарлар, подшолар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи”) бўлиб, унда дунёнинг “яратилиши”дан то 1523 йилга қадар Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида бўлиб ўтган ижтимоий-сиёсий воқеалар кенг баён этилган. “Равзат ус-сафо” муқаддима, хотима ва жуғрофик қўшимчадан ташкил топган. Асар етти жилддан иборат: 1) Дунёнинг “яратилиши”дан то Сосоний Яздигард III (632—651) давригача ўтган тарихий воқеалар; 2) Муҳаммад пайғамбар ва биринчи тўрт халифа даврида бўлиб ўтган воқеалар; 3) Ўн икки имом тарихи; Умавия ва Аббосия халифалари; 4) Аббосийлар билан замондош бўлган сулолалар (асосан Эрон, Марказий Осиё ва Ҳиндистонда); 5) Мўғуллар, Чингизхон, унинг авлоди, Эрон ва баъзи қўшни мамлакатларда мўғуллар ҳамда улардан кейин Темур давригача мавжуд бўлган сулолалар; 6) Амир Темур ва унинг замонидан то Султон Абу Саъид ўлимигача (1469) бўлиб ўтган воқеалар; 7) Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг фарзандларининг тарихи (1523 йилгача).
Хондамирнинг таъкидлашича, ушбу асар бизга маълум бўлган ҳолда Мирхонд томонидан тугатилмаган. Унинг еттинчи жилдининг матни, шубҳасиз, Хондамирнинг қаламига мансуб. Бу фикрни тасдиқлайдиган қуйидаги маълумотларга эътибор бериш кифоя: Хондамир “Маъосир ул-мулук” ва “Хулосат ул-ахбор”нинг хотимасида Мирхондга тўхталиб, Темур тарихига оид қоғозга туширилган ҳар хил материалларга эга бўлмаганлиги учун, ўз асарини тугата олмаган ва агар фурсат топилса, (Хондамир) бобоси асарини тугатишга йўл топган; асарда баён этилган тарих то 1523 йилгача етказилган, ваҳоланки, Мирхонд 1498 йили вафот этган; еттинчи жилднинг матни Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр”ини III жилд 3 қисмининг иккинчи ярми билан деярли бир хил.
“Равзат ус-сафо”нинг “жўғрофик қўшимчаси” эса Мирхонд ва Хондамир томонидан амалга оширилган. Унда турли “ажойиботлар”, баъзи денгизлар, дарёлар, муҳим шаҳарларнинг қисқача таърифи баён этилган. Асар устида олиб борилган охирги таҳрир ҳам Хондамир томонидан бажарилган.
Асарнинг I—VI жилдлари бир-бирига боғлиқ бўлиб, мустақил аҳамиятга эга эмас. Унинг сўгати қисми, хусусан VII жилди оригинал бўлиб, XV асрнинг иккинчи ярми тарихини ўрганишда катта аҳамият касб этади.
“Равзат ус-сафо”нинг қўлёзма нусхалари кўпгина жаҳон кутубхоналарида сақланган бўлиб, асар матни Бомбей (1845, 1848, 1864), Теҳрон (1853—1857, 1954) ва Лакхнав (1874, 1883, 1891)да чоп қилинган. Асардан айрим парчалар рус, француз, инглиз ҳамда немис тилларида кўп бора нашр этилган. Асарнинг эски ўзбек тилига ўгирилган нусхалари ҳам мавжуд.
т.ф.н. Д. Юсупова