Махмур (?-1844)

Махмур тахаллуси билан қалам тебратган Махмуд Мулла Шермуҳаммад ўғли XIX аср биринчи ярми ўзбек мумтоз адабиётининг энг йирик намояндаларидан биридир. У XVIII асрнинг охирги чорагида Қўқон шаҳрида, зиёли оиласида дунёга келган. Отаси Мулла Шермуҳаммад — Акмал тахаллуси билан шеърлар ёзиб, XIX аср бошлари Қўқон адабий ҳаётида кўзга кўринарли ўрин тутган, ўзбек ва форс тилларида шеърларидан икки девон тартиб этган. Акмал Амир Умархон саройида тўпланган кўпсонли ижодкорлар жумласидан бўлиб, шеърият мухлислари ўртасида ном чиқарган ва шу боис Фазлий Намангоний тузган “Мажмуат уш-шуаро” тазкирасида бир неча бор ҳурмат билан тилга олинган, асарларидан намуналар келтирилган.

Махмур ёш чоғидан бошлаб отаси ташаббуси билан уюштирилган мушоираларда, адабий суҳбатларда иштирок этиш имконига эга бўлди. Махмурнинг Қўқондаги Мадрасаи Мирда чуқур таҳсил олганлиги, жумладан, форс тилини мукаммал эгаллаганлиги маълум, уни тугатгандан кейин, ўзи қайд этганидек, маълум муддат сарбозлик-сипоҳийлик қилган. Бу ҳақда Махмур ўз шеърларининг бирида анъанавий фахрия услубида “ҳам илму фанда, ҳам сипоҳлиқда моҳирам, жанг кунида ботир қаҳрамонам”, деб ғурурланади. Худди шу ўринда ўзининг “шеър илмидаги” маҳорати ҳақида сўз юритади. Бир намунада оиласи ва уч фарзанди борлиги тўғрисида сўз юритса, бир қатор шеърларида шахсий ҳаётидаги етишмовчиликдан шикоят қилади, моддий қийинчиликдан нола қилади, турмуш ташвишлари юзасидан фиғон чекади.

Шоир Қўқон хони Амир Умархон номига ёзилган шеърий аризасида ўзининг ниҳоятда оғир иқтисодий шароитини куюнч билан бундай тасвирлайди:

Кечалар ётгани на кўшим бор,
Кундузи ичгани на нўшим бор.

Бир ҳовуч на уйимда ғаллам бор,
Икки газ на бошимда саллам бор.

Бошимда газ десамки, саллам йўқ,
Салла десам уйимда ғаллам йўқ!

Махмур ҳаётда ботирсўз, довюрак, қўрқмас киши бўлган, табиатан мунофиқлик ва риёкорликни, айни замонда қатъий қораловчи, ҳийла-найранг ва қинғир ишларни ёқтирмайдиган, нозиқдил ва сержаҳл, ўз қадр-қимматини юқори тутувчи инсон бўлган. Шоир табиатидаги бу белгилар бир қатор замондошлари ва юқори лавозимдаги амалдорлар билан совуқ муносабатларни шакллантирганидек, ижодида шахсий йўналишдаги туркум ҳажвияларнинг яратилишига ҳам туртки бўлган.

Махмурнинг қанча умр кўргани маълум эмас. Аммо унинг вафоти санаси Қори Қундузий-Комийнинг тарихи орқали аниқ қайд этилган. У Махмурнинг ҳижрий 1279, мелодий 1844 йилда Қўқонда вафот этганлигини маълум қилади.

Асримизнинг эллигинчи йилларига қадар Махмурнинг ижодий фаолияти ва у қолдирган адабий мерос хусусида жуда чекланган маълумотларга эга эдик. Адабиётшунослик илмига унинг Фазлий тазкирасидан ўрин олган беш ғазали ҳамда Муқимийнинг ҳажвий тахмисига асос бўлган Ҳапалак қишлоғи ҳақидаги ғазалигина маълум эди. 1950 йилда мумтоз адабиётимизнинг етук билимдонлари Пўлатжон Қаюмов ва Асқарали Чархийлар саъй-ҳаракатлари туфайли Қўқонда Махмурнинг қарийб уч ярим минг мисрани ўз ичига олган ўзбек ва форсий тиллардаги шеърий тўплами топилди ҳамда адабиётшунос олим А. Қаюмовнинг қатор тадқиқотлари орқали илмий доирага тортилди, кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинди.

Махмурнинг ҳозирча илмга маълум асарларининг ҳаммаси, беистесно, ўз мазмун ва руҳига кўра ҳажвий ва танқидий йўналишдадир.

Мумтоз шеъриятимизнинг ғазал, маснавий, мухаммас ва қасида турларида яратилган бу асарлар ижтимоий ҳажвиётнинг Махмур ижодида янада юқори босқичга кўтарилганини исботловчи бадиий ҳужжатлардир. Шоир XIX аср биринчи ярмидаги мавжуд тузумнинг кўпдан-кўп иллатларини, ўша замонадаги ҳукмрон адолатсизлик, ижтимоий тенгсизлик, зўравонлик ва ҳуқуқсизликни аёвсиз фош этади. “Ҳожатлар чиқарувчи қози даргоҳига муножот” деб номланган мухаммасидаги қуйидаги мисралари мавжуд адолатсиз тузумга кучли қаҳр-ғазабни ифодалайди ва ўша тузумга айбномадек жаранглайди.

Қайси бир зулмунг этай теъдод, гардуни дун
Ким, сенинг бедоду жавринг ҳадди ғоятдин бурун!..
Жамъи доноларни қилдинг ҳолини зору забун,
Зоғни аъло қилиб, тўтини нодон айладинг!

Ўрни келганда айтиб ўтиш керакки, ўн бир банддан иборат бўлган бу мухаммаснинг олти банди форсча ёзилган. Аммо, бу бандларнинг ҳам бешинчи мисралари ҳамда умумий радиф ўзбекчадир.

Махмур ҳажвиёти ва танқидий шеърларининг деярли барчаси оддий бечора шахс тилидан ва нуқтаи назаридан мавжуд ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ва кундалик турмуш ташвишлари тўғрисидаги аччиқ ҳақиқат баёни тарзида яратилган ва худди шу боис халқчил руҳ эгаллаган. Меҳнаткаш омманинг, хусусан, деҳқон аҳлининг оч-яланғоч ҳаёти, ўлкани қуршаган вайронагарчилик ва харобазорга айланган қишлоқларнинг ачинарли манзараси Махмур ҳажвиётига замин бўлган. “Дар сифати қишлоқи Ҳапалакки, ба маҳдум Махмур тааллуқ ёфта” деб номланган асарида жуда жонли таъсирчан чизилган:

Турфа қишлоқи ғазаб кардахи, парравдалари,
Товуқи игначию ўрдагу ғози — капалак.

Бору йўқ уйларини банда баён гар қилсам:
Бир катак, икки капа, уч олачуқ, тўрт каталак.

Уй демак, балки, заминкандур, агар кирса киши,
Ҳар тараф бетига ургайлар анинг кўршапалак.

Халқини кўрсанг агар ўласию қоқу хароб,
Очликдин эгилиб қомати — мисли камалак.

Ажириғ томурини ўғурида майда туюб,
Қайнатиб кунда ичар, отуни қўюб сумалак.

Вайрона қишлоқлар ва уларда кун кўрувчи бечора деҳқон аҳли мавзуи Махмурнинг бошқа шеърларида ҳам, жумладан Қурама вилоятига бағишланган ҳажман каттагина мухаммасида шундай танқидий руҳца ҳаётий ишланган.

Махмур ҳажвияларининг қўпчилиги ўша замоннинг кўзга кўринган амалдорларининг кирдикорларини, алдамчи-хасисликларини, инсон сифатида тубан феъл-атворларини фош этишга бағишланган. Шоир уларни шахсан жуда яхши таниган, ифлос қилмишларидан тўла хабардор бўлган ва шу боис ўз ҳажв ўқларини улардаги етакчи нуқсонларга бехато урган. “Хожа Мир Асад ҳажви”да ўта муттаҳам шахснинг муғомбирликлари кулгили воқеа баёнида фош этилса, “Ҳажви Атойи порахўр айни савоби акбараст”, яъни “Атойи порахўрга ҳажв ёзиш улуғ бир савобдир” — мисраси билан бошланувчи асарида порахўрлик фош этилган.

“Қози Муҳаммад Ражаб авж сифатлари” деб номланган ҳажвияда шоир такаббурлик билан ўзини поқцомон ва билимдон тутувчи, аслида эса ахлоқан тубан ва батамом оми, нўноқ бўлган қозининг ижтимоий қиёфасини чизади:

Ажаб қозийи қоҳили, жоҳиле,
Бўлуб омийлик илмига комиле,

Анинг кўксини чок қилсанг ҳама.
Ғилу ғашини пок қилсанг ҳама.

Адамдур, “алиф” анда қўп излама,
Бу нархарни қози дебон сизлама!

Махмурнинг ижодий меросида айрим тарихий шахсларнинг табиати ва амалий-ижтимоий фаолиятларини аёвсиз фош этувчи ҳажвий жуфтликлар учрайди. Ҳар жуфтлик нишонга олинган шахсга маснавийда битилган салбий тавсифнома ва шу шахснинг ўз кирдикорларини ўзи фош этиш услубида ёзилган ғазалдан ташкил топган. Масалан, Махмурнинг ҳажвий қалами остида табиблик даъвосида бўлган Ҳаким Туробий аслида тамоман нодон ва фирибгар шахс эканлигини “ўзи бўйнига” олади, тан беради:

Биҳамдиллоҳ, табиби шаҳри Буқроти халойиқман,
Ажалдин ҳам бани одамни ўлдирмоққа фойиқман…

Табиби шаҳр номи ойда бир бемор ўлдурса,
Вале, ман кунда юз бемор ўлдирмоққа ҳозиқман.

Мани бадбахт то зарбулмасал бўлдум табиблиқда,
Жаҳон ворича акнун кўп ҳақоратларга лойиқман!

Бу намуналар Махмурнинг барча ҳажвий усуллардан, хусусан, ўз-ўзини фош этиш санъатидан самарали фойдаланганини равшан кўрсатади.

Махмур қолдирган адабий мерос ҳақида сўз борар экан, шоирнинг “Каримқул Меҳтарнинг сифатлари” ҳажвияси устида алоҳида тўхтаб ўтиш керак. Элликдан ортиқ байтдан ташкил топган бу маснавийнинг асосий қисми енгил юмор билан суғорилган ва ҳар бир ўқувчида илиқ табассум, кулгу ва завқли кайфият уйғотади. Махмур хон буйруғига биноан унинг амаддорларидан Каримқул Меҳтар томонидан ўзига ажратилган отни таърифлаш жараёнида юмористик тасвирнинг гўзал лавҳаларини яратади:

…Бир замон менга от деб бердинг,
Расми Рустамсифот деб бердинг.

Бир қаро эшаки фалакзодани,
Ҳам самовату ҳам самақзадани.

Ҳам харшу ҳам харобу ҳам бадном,
Икки минг айб ангадур мудом.

Сув ичса ҳам тамоғига тиқилар,
Пашша гар қўнса ёлига йиқилар…

Шоир от таърифида халқ оғзаки ижодининг лоф, аския турларидан ҳам кенг фойдаланиб, ўқувчиларга қувноқ завқ-шавқ бахш этувчи мисраларни битади.

Махмур ижодий фаолияти ўзбек адабиётида танқидий йўналишнинг, айниқса, ҳажвиётнинг тараққиётида навбатдаги юқори босқичи бўлди. Шоирнинг адабий мероси кейинги даврлар ҳажвгўйларига, хусусан, Муқимий ва Нодимларнинг ижодига самарали таъсир қилди.

ф.ф.д. А. Абдуғафуров