Комил Хоразмий XIX асрда яшаб ижод этган маърифатпаврар шоир, санъаткор, хаттот, давлат арбоби, ўз даври илғор маданиятининг машҳур вакилларидан биридир. Комил — шоирнинг адабий тахаллуси бўлиб, унинг асл номи Паҳлавон Ниёз Муҳаммаддир. Паҳлавон Ниёз Муҳаммад 1825 йилда Хивада мударрис Абдулла Охун оиласида туғилди. У дастлабки сабоқларни маҳалла масжиди қошидаги мактабдан, сўнг ўз отасидан олди. Абдулла Охун ўғлига араб, форс тилларини ўргатди ва адабиётга ҳавас уйғотди. Комил маҳалла мактабини тамомлагач, Хива шаҳридаги мадрасалардан бирида таҳсил кўради. У мумтоз адабиёт вакилларининг ижодини зўр ҳавас билан ўрганади. Навоийни ўзига устоз билиб, унга тақлидан шеърлар ёза бошлайди ва тез орада машҳур шоир бўлиб етишди. У мусиқа ва хаттотлик санъатини ҳам мадрасада ўқиб юрган даврида ўрганган эди.
Комилдаги истеъдодни кўрган Хива ҳукмдори Саид Муҳаммад (1856—1865) уни саройга тортади ва у хон саройида хаттот, Муҳаммад Раҳим II — Феруз (1865—1910) даврида эса мирзабоши ва девонбегилик лавозимларида хизмат қилади.
Комил ўз асарларида анъанавий ишқ-муҳаббат, май-муҳбуб, маърифатпарварлик, тинч-тотув яшаш ғояларини тарғиб қилади. Аммо шоир ижодида маърифатпарварлик ғоялари етакчи ўринни эгаллади. Бунга шоирнинг “Камол”, “Дар баёни таърифи ва тавсифи Тошканд”, “Тилло соат” каби асарлари яққол мисол бўлади. Комил 1891 йил сентябр ойида Петербургга бораётиб Тошкентда тўхтаб “Туркистон вилоятининг газети” таҳририятининг илтимоси билан “Тошкент” деб номланган қасида ёзади. Унинг бу қасидаси ўзбек адабиётида янги ижтимоий тараққиётни акс эттирган йирик шеърий асардир.
Петербург, Масков, Тошкент каби шаҳарларни томоша қилиш, халқ аҳволи билан танишиш шоир қалбидаги ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтирди. Ватан тақдири ва унинг келажаги шоирга тинчлик бермади. Шунинг учун ҳам шоир ўз шеърларидан бирида:
Не суд очилса гул, ўлса баҳор ғурбат аро,
Менгаки бўлмаса ёру диёр ғурбат аро,
Очилмади чаманистон ҳавомидин кўнглум,
Кўзимга гул эрур андоқки, хор ғурбат аро.
Чиқай Ватан садафидин дема гуҳар янглиғ,
Гарчи бўлса сенга эътибор, ғурбат аро, —
деб ўз элида, диёрида туриб ўзини ғурбатда ҳис қилади.
Комил биринчи бўлиб ўзбек нота ёзувини ихтиро қилди. Ферузнинг фармони билан “Танбур чизиқлари” деб аталувчи Хоразм нотасини яратди ва “Рост” мақомининг бош қисмини нотага туширди. Комилнинг “Рост” мақомига боғланган “Мураббаи Комил”, “Пешрави Феруз” сингари куйлари нотага ёзилгани ҳолда ҳозиргача сақланмоқда ва хонанда, созандалар томонидан куйланмоқда.
Шоирнинг бу ишини ўғли Муҳаммадрасул Мирзо давом эттириб, Хоразм мақом куйлари учун нота асосида мусиқа яратди. Таниқли композитор Матниёз Юсупов эса беш томлик Хоразм мақомлари китобини нашрдан чиқарди ва кенг ўқувчилар оммасига тақдим қилди.
Комилнинг маданий-адабий мероси хилма-хил ва бойдир. Уларнинг кўпчилигини анъанавий севги-муҳаббат мавзуси ташкил қилади. Бу мавзуда кўп асарлар ёзилган бўлса ҳам, шоир унга ўзининг янги шеъру достонлари билан муносиб улуш қўшди. Хусусан шоирнинг:
Йиғлатур ошуқларинг лаъли лабинг хандаси,
Тубию шамшод эрур сарв қаддинг бандаси,
Ҳусну жамол авжининг меҳри дурахшандаси,
Кўрса меҳр оразинг, бўлғуси шармандаси,
Сўйла манго эй санам, кимни севар ёрисан?
каби оташин сатрлари кишини беихтиёр мафтун этади, уни ўйлашга, фикрлашга ундайди. Мисол учун: “Йиғлатур ошуқларинг лаъли лабинг хандаси”. Ажаб, нима учун ошиқни маъшуқанинг лабини хандаси йиғлатади? Чунки ошиқ севгилисининг васлига етолмайди. У ҳижрон азобида ўртанади. Маъшуқа эса унинг бу аҳволини лабда ханда билан томоша қилиб туради. Маъшуқа жафо қилса ҳам ошиқ ундан нари кетаолмайди. Негаки маъшуқа бениҳоя гўзал. Унинг қоматига тубию шамшод банда, гулгун юзидан қуёш шарманда. Қаранг, шоир бир неча мисрага қанча маънони жо қилган. Навоий, Мунис, Огаҳий каби шоирларнинг ижоди Комил учун адабий мактаб бўлди. У ўз салафлари ижодини чуқур ўрганди. Уларнинг асарларида куйланган инсонпарварлик, адолатпарварлик ғояларидан ижодий фойдаланди. Шунинг учун шоир ижодида халқчиллик ғояси алоҳида ўрин эгаллади. Бу ғоя Комил асарларининг мағз-мағзига сингиб кетган.
Комил яшаган даврда Хива хонлиги Рус чоризмининг вассали бўлиб, халқ турмуши ниҳоятда аянчли аҳволда эди. Зулм ва зўрликларни ўз кўзи билан кўрган шоир меҳнаткаш халқ ҳаётига ачинди, уни енгиллаштириш чораларини излади. Аммо тополмади. Шунинг учун у хон ва унинг амаддорларини инсоф ва адолатга, меҳр-шафқатга даъват этди:
…Гар олтнн қаср эса жоҳинг, улус ҳолига раҳм этгил,
Сендек неча шаҳаншоҳни ўткарди бу айвон…
Комил ўзбек мумтоз адабиётининг энг яхши анъаналарини давом эттирди, ижодий ривожлантирди. Шунинг учун унинг кўпгина асарларида ҳукмрон табақаларнинг жоҳиллиги, мунофиқлиги, шафқатсизлиги фош этилган. Бунга шоирнинг “Тамаъ”, “Рўза”, “Мулло-имом” каби шеърлари ёрқин мисол бўлади.
Комил форс тилини ҳам яхши биларди. Хива хонлигидаги адолатсизлик, жабр-зулмни турмуш иллатларини фош қилишда форс тилвдан ҳам унумли фойдланди. Шоирнинг “Алғиёс”, “Зи бедоди гардун”, “Дод аз дасти чархи дун” матлаъи билан бошланадиган ғазаллари исёнкорлик руҳи билан йўғрилган. Комил одамларни эзгуликка даъват этади. Ёмонлик қилишдан, қабоҳатдан нари юришга чақиради. “Ким кимга чоҳ қазиса ўзи шу чоҳга йиқилади” деган фикрни илгари суради:
Бировни ёқса киши ёнгай ўзи ҳам ул ўтда,
Ки шамъ ўртади парвоналарни топди гудоз.
Комил моҳир хаттот эди. У кўпгина бадиий асарларни ва девонларни чиройли қилиб кўчирди. Кўплаб хаттотлар етиштириб чиқарди. Устод Муҳаммад Паноҳ, Худойберган Муҳрикон, Шариф Тарро девон, Матёқуб Харрот девонлар шулар жумласидандир. Комил Хоразмий ва унинг шогирдлари томонидан кўчирилган девонлар жаҳоннинг бир қанча мамлакатлари кутубхоналари фондларида кўз қорачиғидек сақланмоқда.
Комил Хоразмий хаттот бўлиш билан бирга моҳир таржимон ҳам эди. У XVIII асрда яшаб ўтган Бархўрдор бин Маҳмуд туркман Мумтознинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарини таржима қилган. Асар насрий йўлда ёзилган бўлиб, кичик-кичик ҳикоя ва латифаларни ўз ичига олган.
Фахриддин Али Сафийнинг “Латоиф ат-тавойиб” (“Турли тоифаларнинг латифалари”) асарини таржимаси ҳам Комил Хоразмий қаламига мансубдир. Китобдан Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа машҳур кишилар ҳақидаги ҳикоя ва латифалар ўрин олган.
Комил Хоразмий бу асарларни таржима қилиш билан бирга уларга айрим ўзгаришлар ҳам киритган, баъзи ҳикояларни қайта ишлаган, китобнинг услубини ўз давридаги китобхонларнинг дид ва савиясига мослаштирган.
Бир сўз билан айтганда Комил Хоразмий ўзбек мумтоз адабиётининг энг яхши анъаналарини давом эттирди ва илғор адабиёт ривожига катта ҳисса қўшди.
Ф. Қобулов
Мақолалар
Комил Хоразмий шеъриятидан
Бегали Қосимов, Шариф Юсупов. Комил Хоразмий (1825-1897)
Ўзбек зиёлилари: Комил Хоразмий (1825-1899)
Анбара Отамуродова, Оллоназар Абдураҳимов. Комил Хоразмий Матниёз девонбеги эмас (2011)
Отаназар Матёқубов. Яна “Хоразм танбур чизғилари” ҳақида
Китоблар