Жасур Кенгбоев. Тирик товон (ҳикоя)

Тўқсонбосди маҳали эди. Тиловнинг байтал чопиб бўлса-да, пойга оламан, деб кариллаб юрган пайтлари.

Бўсағадаги ола пўстакнинг устида “хур-хур” ухлаб ётган мушук ёнига тушган чопоннинг шовурига уйғонди; кўзини эринибгина очди, чўзилиб керишди, олд оёғи билан юзини ювди.

– Пишт-ей! – деди хўжайин асабий. – Тур, йўқол, кўзимга кўринма…

Мушук мушук бўлиб, хўжайиндан дағал гап эшитди. Ҳуркиб турди-турди, хўжайинига олазарак қаради-ю, думини қисиб, чиқиб кетди.

Мушукнинг ҳеч қурса миёвламагани Тиловга ғалати туюлди. “Бекор қилдим-ов шуни. Худонинг жонзоти-да буям. Нима айби бор эди унинг?”.

Тиловга нима жин урди – ўзиям билмайди. Лекин дўхтирнинг сўнгги гаплари қулоғидан кетмаяпти. Энди нима қилади? Хотини ҳам бу ёқда тизиллаб йиғлагани-йиғлаган. Дардини эшитар қулоқ йўқ. Тилов у ёғидан ўтади, аврайди – бу ёғидан ўтади, овутади, фойдаси йўқ, илло, ўзининг ҳам кўнгли ғаш. Бу ғашлик тобора кучайиб борар, хотиннинг шишиб кетган кўзларига қараб, юраги ачишади; нима қилсин, куйгандан куйиб кетяпти. Хотини юкли бўлиб, кўйлагининг бурмаси кенгая бошлаган маҳали сувчечак тошди. Оғир тошди. Ундан сўнг боши хасталикдан чиқмади. Буям етмагандай, беморликдан зада хотини асабий бўлиб қолди-ю, тез-тез жанжал чиқа бошлади.

Дилсиёҳлик ортгандан ортиб бормоқда эди. Чироқ ёқса, ичи ёришмайди. У хонага ўтади – ўтиргани жой тополмайди, даҳлизга чиқади – туролмайди. Уйқусидаям ҳаловат йўқ. Дўхтирнинг гапларига ишонмай, хотинини синашта бошқасига кўрсатгани олиб борди ҳам. Уям ўша гапни айтди: юкли хотинга чечак чиқса, қорнидаги бола кўр бўлиб туғилиши мумкин экан… Аппаратга ҳам туширди, аломатлари бордай, дейишди… Билгич эл-халқ ҳам айтди, эшитгани бошини сарак-сарак қилди.

Уч кунки, иккиси ҳам ич-этини еб ётибди. Оғир – оғир, Тиловга оғир бўлди-да. Зурриёдини, унинг тақдирини ўйлаб бир эзилса, хотинининг ҳолига боқиб, икки куяди. Манави беозор мушукча ҳам кўзига офат, ажина бўлиб кўрин­япти.

Тилов даҳлизга чиқиб, эски бир тайпоқ хонтахта ёнига узалди. Ўнг қўлини бошига тираб ётди-ётди, бўлмади. Хаёли минг бир халта кўчага кириб чиқди.

Нега бундай бўлди, Тилов? Ахир икки ўғлинг соппа-соғ туғилган эди-ку?! Дуркун бўлиб катта бўляпти-ку? Уруғ-аймоғингда кўр йўқ эди-ку? Ё хотинингнинг наслида бормикин? Йўғ-а… Уйланаётганингда ота-онанг етти пуштини суриштирган эди. Яхши эслайсан буни. Аёлинг­нинг биттагина камчилиги чиққан, Жўлли соқов деган узоқроқ бир амакиси бор экан. Суриштирса, уям туғма соқов эмас экан: бўзбола пайти Оқсув қишлоғидан тунда ёлғиз келаётганда олдидан туйқус бир шарпа чиқиб, отни ҳуркитган, байтал ўзини қирга уриб, уни ташлаб қочган экан. Амакиси қўрқув сабаб бир муддат буткул тилдан қолган, кейинчалик сал-пал дудуқланиб, гапира бошлаган, энди тузалай деганда одамлар масхаралаб, устидан кулавергани туфайли уятдан яна гапиролмай, баттар тилдан қолган экан. Соқовлик насл сурмайди.

Унда нега бундай бўлди, Тилов? Боланг ногирон туғилса, бир умр ўзингни айбдор ҳис қилмайсанми? Хотининг-чи? Болангнинг ўзи-чи? Кўзи очиқ туғилса экан, тик боқиб, ҳақиқатни айтсанг… Ўзингнинг айбдор эмаслигингни тушунтирсанг. Ахир у…

Эсла, нимадир хатонг бор сенинг. Хотирингдан ўчгандир. Ё тақдирга тан бериб яшайсанми? Йўқ, ундай қилолмайсан. Ногирон бола кўзига қарашга юрагинг дов бермайди. Ахир ўзинг кўзи ожизликнинг нима азоб-уқубат эканини яхши биласан-ку…

Ана, хотининг ёстиқни жиққа ҳўл қилиб, нариги хонада ётибди, болаларинг ташқарида қийқириб ўйнаб юрибди. Ҳеч бўлмаса, ҳозир, ёлғиз пайтингда йиғлаб ол. Ўкириб йиғласанг ҳам майли, ҳеч ким эшитмайди барибир. Шумхабар ҳаммани карахт қилиб қўйган, сени тушунишади.

Тиловга алам қилди. Кўзи йилтиллади. Нимадир ичидан қуйилиб келди. Бўғзи ачишди. Киприклари оҳиста уланди.

Э, воҳ! Кўзи юмилиши билан неча кундан бери ўйлаб ўйига етолмаётган одамнинг хаёлида яқин ўтмиши – талабалик йилларидаги бир манзара чақиндай чақнаб кетди.

… Етаклашиб келаётган икки йигитни ҳамма қиёматлик дўст дерди. Қурбонжон оқибати бўйи­дан баланд Тиловдек ошнаси борлигидан терисига сиғмай юрарди. Нима қилсин, Қурбонжон – ногирон. Кўзи ожиз ҳисоб. Дунёни нинанинг тешигидан мўралаганчалик ҳам кўролмайди. Унинг кўзи – Тилов.

Тилов деганлари бамаъни йигит эди. Новча, буғдойранг, кўзлари қисиққина сертавозе бу йигитни мисоли Ҳотамтой дейсиз. Ҳар ерда ҳар кимга пою патак бўлиб кетаверади. Бировнинг дилини оғритмайди. Сочини калта кузаб, доим мовий бўйинбоғ тақиб юради. Елкасига каттагина сумкани осволганча тиним билмайди. Ўқиш, иш деб оёғи олти. Бутун курс уни яхши кўради. Одамшаванда-да Тиловбой. Елкаси йўқ айримлар: “Зарилга – зарил, Тиловга нима зарил буларни тақимига босиб юришнинг?” дея ға­йирлиги келар, Тилов эса бундай гапларга парво ҳам қилмасди. Ота-онасининг бақбақа тўраси бўлиб юрган у арзандалар дўстлик нималигини қаердан билсин, ахир.

Мана, ҳозир ҳам у Қурбонжонни етаклаганча дарсга кириб келиши билан курснинг юзи ёришиб кетгандай бўлди. Фақат бурун-қулоғигача тук босган фалсафа ўқитувчиси Махсумов домлагагина бу кечикиш хуш келмади. Қовоғини осиб, минғирлаганча ўтиришга изн берди.

Тилов Қурбонжонни ўрта қатордаги партасига ўтирғизиб, ўзи ёнига чўкди. Қурбонжон пайпаслаб сумкасидан брайл ёзувидаги китобини чиқариб, парта устига қўйган эди ҳамки, елкасига кимдир гурс этказиб урди. Қурбонжоннинг юраги қинидан чиқаёзди.

– Бугунги байраминг – Халқаро ногиронлар куни билан табриклайман, ошна! – деди қўл ташлаган шивирлаб.

Бу яна бир яқин дўсти Беҳзод эди. Уям ногирон, қисматдош. Бироқ иккиси ҳам илмталаб, беҳад қувноқ йигитлар. Шундай ҳазил-латифалари борки, эшитсангиз, этингиз жимирлаб, ҳайрон қоласиз. Ҳозиргина эшитганингиз табрикнинг оҳанги ўзгармайди ҳеч…

Қурбонжон ҳам бўш келмади:

– Сениям табриклайман, “Шаҳло”! – деди шивирлаб.

Улар илк бор танишуви чоғида бир-бирига: “Сизнинг ҳам кўзларингиз шаҳломи…” деганини кейинчалик эшитиб, курсдошлар роса кулган.

Ҳозир ҳам пиқ-пиқ кулги кўтарилгани бежиз эмас. Баъзан бу икковлон бир-бирининг оёғини атай босиб олиб, жўрттага қаттиқ чинқириб қолишарди. Тағин, кўнглига ҳазил ҳам сиғади буларнинг.

– Кўзинг кўрми? Нега оёғимни босасан? – дея бақирарди Қурбонжон ёлғондан.

– Ўзингнинг-чи? Ғилаймисан, мен босмадим-ку? – дерди “Шаҳло” ҳам пўписа қилиб.

Иккови кўзининг пахтаси чиқиб, тергаб, туртиб-суртиниши тингунча ҳамма кулгидан қорнини ушлаб қоларди. Уларнинг феъли-хўйи ҳаммага маълум, ҳеч ким ажабланмайди, қайтанга, завқ билан қўшилиб куларди. Бундай чоғларда, айниқса, Тилов яйраб кетарди. Қурбонжоннинг елкасига қоқиб, яша, жўра, яша, дерди кўзларини ишқалаб. Сўнг қўлтиғидан олиб, шошилинч аллақаерларга кетиб қолишарди. Эртасига дарс маҳали Қурбонжон оғзи тўлиб мақтарди.

– Жон дўстим бу – Тилов. Ҳар куни институтга қўлимдан тутиб олиб келиб, олиб кетади. Кеча ҳатто бозорга тушиб чиқишим керак, дегандим, обориб, уйимга ташлаб кетди. Шундай оқибатли дўстларимиздан айирмасин-да, ишқилиб, – дея шукрона келтириб қўярди.

Қурбонжоннинг мақтанганича бор. Тилов қаерга борса, уни етаклаб кетади. Кино, театр, бозор, ҳатто кези келганда, ўз қариндошларининг тўйигаям, маъракаларигаям ҳамроҳ қилади. Бунга Тиловнинг таниш-билишлариям кўникиб кетган, етакласа, бир бечора ногиронни етаклабди-да, савоб ҳам керак, дея ундан мамнун бўлишарди. Гоҳ Қурбонжон, гоҳида “Шаҳло” билан етаклашиб, чақчақлашиб юрган Тилов кўча-кўйда ҳам одамларнинг раҳмати, олқишини олар, бундан кўнглида ўзгача завқ ҳам туярди.

Ана шундай кунларнинг бирида Тиловга қўнғироқ бўлди. Қишлоқдош-синфдоши туғилган кун қилаётган экан. Тилов ўйлади-ўйлади, охири Қурбонжонникига йўл олди. Унинг истиҳоласини эшитиб ҳам ўтирмади, бирга бора қол, ўзимнинг қишлоқдош жўрам бўлади, сениям таништириб қўяман, бир яйраб келасан, дея қўярда-қўймай етакламоқчи бўлди. Қурбонжон оёқ тираб олди, нотаниш бўлса, мен нима қиламан у ерда, ошна, ортиқча гап-сўзга қоласан ўзинг, менинг туришим бу бўлса, деди. Тилов Қурбонжоннинг истиҳоласини тушуниб турган эса-да, ёлғиз боришга унамади. Ранжиганнамо тутди ўзини. Йўл-йўлакай, “Шаҳло”ни ҳам ҳамроҳ қилишни айтгач, Қурбонжон рози бўлишдан ўзга чора тополмади.

Туғилган кун соҳиби кўримсиз, афтидан, талаба зоти яшаши мумкин бўлган хароб ҳуж­ра эшигини очар экан, бир Тиловга, бир унинг ёнидаги ногирон йигитларга қаради, сўнг шошилинч ичкарига манзират қилди. Тилов ҳамроҳларини, кейин дастурхон атрофида ястаниб ўтирган мезбоннинг ўн чоғли дўстини бир-бир таништириб чиқди. Дастурхон одмигина тузалган бўлса-да, файзли эди.

Гурунг авжига чиққанда, Қурбонжонга, азбаройи даврага яқинлик ҳиссини уйғотиш учунми, ҳарқалай, жон кирди. Тилов ҳақида жуда оҳорли таърифлар берди. Мақтовга “Шаҳло” ҳам ора-сира қўшилиб турди. Ҳожатбарор, шинаванда дўстини киши билмас мақташди. Эшитганлар ҳали-ҳамон оқибат, дўстлик деган нарсалар борлигини айтиб, шивир-шивир қила бошлашди.

Бир маҳал Тиловнинг уяли телефони жиринглаб қолди. Тиловбой, тоғлик эмасми, худди отасининг “Боғи Эрами”да юргандай, бутун маҳаллани бошига кўтариб, гаплашди:

– Ало? Нурмат? Сенмисан? Ҳа, нима гап? Нега кўчада қоласан? Қаерда? Ҳа, йўлкирага пулинг қолмадими? Ие, узр, жўра, мендаям шу аҳвол, ҳемирим ҳам йўқ эди-я…

Кейин Тилов даврага бир кўз югуртирди-да, муҳим бир махфий гапни айтмоқчидай, туриб, нариги хонага чайқала-чайқала чиқди. Қўли билан телефон учини бекитиб, паст овозда шивирлади:

– Нурмат, жўра, манзилни айтаман, шу ерга келгин, бир иложини қиламиз. Пул чиқмаса, ана, ёнимда иккита ногирон курсдошим бор. Танийсан уларни. Шулардан биттасини етаклаб кетасан. Автобусга ҳам, метрога ҳам пул тўламайсан… Етакловчисиман дейсан, бўлди. Етак­ловчиларгаям “имтиёз” бор-да… Вой-бу, нега тирик товон бўларкансан? Ичингни оғритадими текин улов? Кела қол энди, ошна…

Тилов кўзлари сузилиб, телефоннинг қизил тугмасини босди. Хаёлан доим пулга зориқиб, қарз сўраб юрадиган бечораҳол Нурматни кўз олдига келтирди. “Хайрият, – дея ўйлади. – Яхшиям, шу инвалид курсдошларим бор. Уч йилдан бери ўқишгаям, ишгаям, бозоргаям текин бориб юрибман… Ҳам савоб, ҳам текин улов, дегандай…”.

Тилов бизга таниш базм дастурхонига қайтиб кирганида, Қурбонжон ҳалиям у ҳақида, одамгарчилиги тўғрисида мамнун бўлиб сўзлаб ўтирган эди…

…Мана, Тилов ўша оқшомдаги гапларни ҳозиргидай эслади. Икки ногирон ошнасининг мақтовлари мойдай ёқиб тушгани, мезбон жўраларига кўзини қисиб, қара, қандай савоб ишлар қилиб юрибман, дегани, мастлик экан, камига, ногирон йигитларнинг ҳар бир гапини қўл ишоралари билан кўрсатиб, калака қилгани, кўчада пулсиз қолиб, ижара уйига етолмай қолган Нурматга “жонли текин йўл чиптаси” – “Шаҳло”ни қўшиб юборгани – барча-барчасини тип-тиниқ хотирлади.

“Эҳ, нодон! – деди хўрлиги келиб. – Аслида мен, ўзим кўр бўлган эканман… Савобим бир танга, гуноҳим минг танга бўлган экан-ку. Худо жазомни бердими энди?

Қурбонжон! Беҳзод! Билган, сезган бўлсанг­лар, нега мен аблаҳнинг бетимга тупурмадинг­лар? Билмаган бўлсанглар, яхши, лекин нега мен бундай эдим? Энди, мана, ўзимнинг ҳам туғилажак боламнинг кўзи… йўқ, айтишга тилим бормаяпти. Э, воҳ, нега ахир? Сизларни яхши кўришим ҳақиқат эди. Лекин кўнглимнинг бир четида барибир устингиздан озгина кулгим келгани, сизларни етаклаб, одамлар кўзига яхши кўрингим, доим сизлардан фойдалангим келганини ҳеч кимга айтмаганман, айтолмаганман-ку?! Ие, нимасини айтай, жўралар! Ўтган умр ҳам отилган ўқдай гап экан, ҳеч нарсани ортга қайтариб бўлмас экан…

Елдим-югурдим. Бизнесмен танилдим. Қаранглар, бир умр бизнес қилибман. Ўйласам, сизларни ҳам бизнес қилибман-а… Ай, мен ўзимни одам санаб юрибман-а…

Тиловнинг елкаси силкиниб-силкиниб, юзини болишга қўйди.

… Ойи-куни яқинлашиб, инграб, хотини белги берди. Тиловнинг ўпкаси тўлиб, онасини қўшиб, тоғ-тош оралатиб, Морсаройга олиб борди.

Кўк халат кийиб, хонага кириб келган ўша – боланинг тақдирини айтган дўхтирдан ҳам, новча доядан ҳам кўзини олиб қочди…

Аёлини дўхтирларнинг қўлига топшириб, икки кўзи ерда, индамайгина чиқиб кетди. Туғуруқхона атрофида қуюқ дарахтзор тагидаги ўтирғичга чўкди. То тунга қадар жилмади. Кўнглидан ўтганини ёлғиз ўзи билди.

Бир маҳал тунги чироқ ёруғида шовқин солиб бир шарпа пайдо бўлди.

– Бўриеванинг эри сиз эмасми, ака? – дея сўради ҳамшира қиз.

Тилов жон ҳолатда ўрнидан туриб кетди.

– Менман!.. – деди қалтираб. – Нима бўлди? Тинчми?

– Тинч бўлганда-чи! Табриклаймиз! Ўғил-а! – деди жилмайиб. Унинг жилмайиши хирагина тунги чироқ ёғдусига қўшилиб, бутун борлиқни ёритиб юборгандай бўлди. Бироқ Тилов ҳамон жим турар, суюнчиталаб ҳамшира эса табассум билан, ортиқ гап айтолмай, ундан жавоб кутарди.

Бир туки ўзгармаган Тилов хомуш, гўё аза тутаётгандай, ҳамширанинг қўлига озроқ пул тутқазди. Сўнг оғир қадам босиб, туғуруқхонага қараб юриб кетди.

Йўлакда бояги икки шифокорни – пешонасидан реза-реза тер чиқиб турган доя ва дўхтирни учратди.

– Дўхтир, аёлимиз яхши қутулиб олдими? Чақалоқнинг… тўрт мучаси соғми? – деди зўрға бошини кўтариб.

Дўхтир жилмайди.

– Ука, – деди. – Ҳеч хавотир олманг! Она-бола соппа-соғлом! Баъзан дўхтир ҳам адашади… Аппаратни ҳам одам яратган…

Тиловнинг юраги дуккиллаб уриб кетди.

“Хайрият! – деди. – Ўзингга шукр, Худойим! Беадад шукр…”