Леонид Мленин. Юрий Владимирович Андропов

2002 йилда Москва ”Центрполиграф” нашриётида босилган “КГБ. Давлат Хавфсизлиги органларининг раислари” китобидан бир боб

Бу КГБчиларнинг жиловини қаттиқ тут ва уларнинг ишларингга аралашишига йўл қўйма — Юрий Владимирович Андропов очилиб кетган камдан-кам ҳолларда бир нарсадан ғаши келса ўзига тобе одамга шундай деб насиҳат қилар эди.

Айни ана шу шоввоз чекистлар ўзларининг бўлғувси раисларини юрак хасталигига дучор қилишган. Бу воқеани унинг адаши ва КПСС Марказқўмида у билан бирга ишлаган Юрий Владимирович Бернов айтиб берган эди: “Мен Андроповнинг қабулхонасига киришим биланоқ алланечук нохуш бир ҳолни сездим. Хонани дори ҳиди тутиб кетган эди, кабинетдан врачлар чиқиб келди. Юрий Владимировичнинг юраги қаттиқ хуруж қилаётган экан. Унга бир нечта укол қилишди. Мен Андроповнинг кабинетига кирдим. У диванда ётар эди. Аҳволи жуда ночор эди”. Айни ўша пайтда зўр-базўр нафасини ростлаб олган Андропов ходимига юқоридаги бамаъни маслаҳатни берганди. Бошқа хотиржамроқ ҳолатда бўлганида у тилига бунчалик эрк бермаган бўлиши ҳам мумкин эди.

Кремлдаги олий рутбалик аъёнларнинг ҳаётини биз кўпинча нотўғри тасаввур қиламиз. КГБнинг раиси этиб тайинланганига қадар Юрий Владимирович Андропов КПСС Марказқўмининг котиби бўлган ва қардош социалистик партиялар билан муносабат масаласига жавоб берган. Москвада Прагадан келган олий мақомли меҳмон бор эди. Уни аэропортга кузатиш белгилаб қўйилган партиявий қоидаларга биноан Сиёсий бюро аъзоси ва Марказқўм котиби Андрей Павлович Кириленкога топширилган эди. Бироқ бу кишини ҳеч ким хушфеъл ва истараси иссиқ одам деб айта олмасди.

Кимдир ниманидир яхши англамай қолипти – у, ҳойнаҳой, КГБнинг тўққизинчи бошқармасида хизмат қилувчи соқчилар зобити бўлса керак. У махсус самолётнинг учиб кетадиган вақтини чалкаштириб юборибди. Кириленко аэропортга етиб боролмайман деб ўйлабди ва Юрий Берновнинг эслашига кўра, сиёсий жиҳатдан жуда муҳим тадбирни барбод қилгани учун Андроповга “дағал шакл”да дашном берипти. Эски майдондаги кабинетида ўтирган Андроповнинг ўзи ҳам ҳукумат аэропортидан самолётнинг аниқ учиб кетиш вақтини билолмай хуноб экан, дарғазаб Кириленко эса лаҳза сайин қўнғироқ қилиб, ғазабланиш даражасини бир бахядан кўтараверипти.

Андропов миллионлаб шўро одамлари учун келгусида мамлакатдаги олий ҳокимиятнинг раҳбари бўлиб танилади, унга ҳавас қиладиган, унинг изларини тавоф қиладиган бўлишади. Аммо биз ҳикоя қилаётган кезларда эса Андропов Кириленко учун шунчаки ўзига тобе оддий бир ходим эди. Хуллас, КПСС Марказқўмининг ўзидан юқори турган котиби билан бўлган ўша суҳбат туфайли Андропов юрак хуружини бошдан кечиришга мажбур бўлди.

Гавда тузилиши Наполеонникига ўхшаб кетадиган пакана Андрей Павлович нақадар дийдаси қаттиқ, оғзи шалоқ ва ўзига бино қўйган одам бўлганини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Бироқ Брежневнинг меҳри тушган Кириленко жон-жаҳди билан мамлакатда иккинчи одам ўрнини эгаллашга интилди. Бироқ миясидаги оғир хасталик уни шахс сифатида бутунлай емирилишига олиб келди.

Аммо арзимаган иш бўйича Сиёсий бюро аъзосининг ўшқиргани том маънода уни оёқдан йиқитган бўлса, афсонавий Юрий Владимирович Андропов юрак олдириб қўйган шўрпешона бир одам бўлган экан-да! Шу одам иродаси темир-метиндек мустаҳкам, атоқли ислоҳотчи ҳисобланадими? Бу эпизод Юрий Андроповни мустақил бўлмаган, бошқаларнинг фикрига қарам бўлган, ўзига унчалик ишончи комил бўлмаган бир одам сифатида таърифлашга имкон бермайдими? Бу одам ихтилофларни четлаб ўтадиган, амали ўзидан юқори бўлганларга гап қайтаришга ботина олмайдиган бир одамдек кўринмайдими?

Юрий Владимирович Андропов 1982 йилнинг ноябрь ойида КПСС Марказқўмининг Бош котиби бўлгандан кейин ишдан жўнатган биринчи одами Кириленко бўлди. Кириленко оғир касал эди ва табиийки, ишлай олмас эди. Аммо Брежнев ўз одатига кўра эски ошнасини хафа қилишни истамай, уни нафақага чиқариб юборишга унча шошилган эмасди. Андропов эса Кириленкодан ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзишни талаб қилди. Аммо Кириленко бунақа жиддий ҳужжатни ёзишга қурби етмаслигидан қўрққани учун, аризани унинг ўрнига Андроповнинг ўзи ёзиб қўяқолди. Кириленко қалтироқ қўллари билан уни кўчириб ёзди, холос.

Боцманга Қараб текислан

Юрий Владимирович Андропов 1914 йилнинг 15 июнида Ставрополь ўлкасида Нагутская бекатида темир йўл телеграфчиси оиласида таваллуд топган. Юрий беш ёшга кирганида отаси вафот этади. Онаси мусиқа муаллимаси бўлган. У ҳам анча эрта – 1927 йилда вафот этган. Турмуш машаққатларини енгиб ўтиш ёлғиз Юранинг зиммасига тушади. Андроповнинг онаси Евгения Карловнанинг фамилияси русча эмас эди. Унинг фамилияси Файнштейн бўлиб, бу унинг келиб чиқиши жиҳатидан яҳудий миллатига мансублиги тўғрисидаги миш-мишларга асос бўлади. Юрий Владимирович билан учрашганлар ҳатто унинг ташқи қиёфасида ҳам яҳудийларга хос белгилар бўлганини гапиришади. Эҳтимол, улар бу белгиларни кўришни жуда-жуда истаган бўлсалар керак.

Горбачёвнинг ёрдамчиси Валерий Иванович Болдиннинг ёзишича, Андроповнинг одамлар ўртасида катта обрўга эгалиги Михаил Сергеевичнинг ғашини келтирган. Бир куни у Болдинга алам билан деган экан:

– Андропов мамлакат учун қанақа хизмат қилиб қўйган экан? Нима деб ўйлайсан – диссидентларни турмалар ва жиннихоналарга ташлаган, кўпгина одамни мамлакатдан ҳайдаган, КГБнинг собиқ раисини биздаги ва хориждаги оммавий ахборот воситалари нима учун тириклай ямламай ютмади? Сабаби шуки, унинг ярми рус, ярми яҳудий, улар эса ўз одамларини бировга хафа қилдириб қўймайди.

Горбачёвнинг бутун жаҳон яҳудийларининг ҳамжиҳатлиги ҳақидаги тасаввури рус миллатчиларининг биринчи авлод вакилларига хос бўлган шубҳа-гумонларга ўхшаб кетади. Улар ҳатто Андроповнинг уруғ-аймоқларининг илдизларини синчиклаб ўрганиб келиш учун унинг ватанига махсус чопарлар юборишган эди.

Агар Андропов ўртоқларининг шубҳа-гумонларидан хабардор бўлганда ўзининг бутун хулқ-атвори билан уларнинг адашаётганини исбот қилмоқ учун ҳаракат қилар эди. Андропов КГБда “семитизм”га қарши фаол кураш олиб борган. Бу амалда яҳудийларнинг хорижга кетишини тақиқлаш, яҳудий тили, маданияти ва халқ ҳаётини ўрганишга ҳар томонлама тўсқинлик қилиш, “туб миллат”га мансуб бўлмаган одамларнинг юқори лавозимларни кўплаб эгаллаши устидан қаттиқ назорат ўрнатишга олиб келган. КГБнинг Бешинчи бошқармасида душманлик руҳидаги сионистик фаолиятга қарши кураш бўйича бўлим тузилган.

Юрий Владимирович мактабда Шимолий Осетияда – Моздок шаҳрида ўқиган. Бу шаҳар ҳозирги пайтда Кавказдаги воқеалар важидан тез-тез тилга олиб турилади. 1932 йилда Андропов Рибинскдаги сув транспорти техникумига ўқишга киради. У ўз аризасида шундай деб ёзган: “Мени ётоқ ва стипендия билан таъминлашингизни илтимос қиламан, чунки тирикчилик қилишга маблағим йўқ”.

Техникумда Андропов комсомол фаолига айланади – Осовиахим (Мудофаага, авиацион ва кимёвий қурилишга ёрдам бериш жамияти)нинг билетларини тарқатади.

Карело-Фин ССР Компартияси Марказқўмининг иккинчи котиби бўлиб ишлаб юрган кезларида – 1950 йилда у сиртдан КПСС Марказқўми қошидаги Олий партия мактабига имтиҳон топширади. Олий маълумот ҳақида дипломсиз у ўзини анча ноқулай ҳис қилган. Олий партия мактаби амалий фаолиятда анча катта мартабаларга эришган, лекин дурустроқ маълумоти бўлмаган, вақти ғоятда тиғиз ва очиғини айтганда, баъзан маълумот олишга чоғи ҳам келмайдиган ходимлар учун барпо этилган эди.

Кейинчалик унинг билимлари жуда чуқур ва кенг экани тўғрисида, инглиз тилини сув қилиб ичиб юборгани ҳақида ривоятлар тўқилади. Аммо бўлмаган, йўқ нарсани йўқ демоқ керак. У КГБнинг раиси бўлганидан кейин инглиз тилини ўрганишга ҳарчанд уринмасин, ёши ўтинқираб қолгани учунми ёки иш билан ҳаддан ташқари банд экани важиданми, бунинг иложи бўлмаган. Аммо хорижда ишлагани, китоблар ва маълумотларни кўп ўқигани, зиёли гуруҳлар билан тез-тез ҳамсуҳбат бўлиб тургани қай бир даражада унинг мунтазам маълумотга эга эмаслигини яшириб келган.

Андропов Моздокда телеграфчи ва киномеханикнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Техникумдан кейин Волга бўйлаб сузадиган кемаларда хизмат қилиш унга насиб этмади. Лекин кейинчалик у ўзини волгалик матрос деб аташни ёқтирган, бу билан у ўзининг келиб чиқиши ишчилар синфи билан боғлиқ эканига ишора қилмоқчи бўлган. Денгизчи бўлиш иштиёқи унда унчалик ҳам катта бўлмаган кўринади. Сув транспорти техникумини тугатгач, у ўша ерда комсомол қўмитасининг котиби бўлиб қолишни афзал кўрган. Ўзининг техникумдаги ўқиш йилларидан у биргина боцманни эслашни ёқтирарди. Бу боцман бутун команданинг жиловини жуда қаттиқ ушларди. У ўзига хос раҳбарнинг идеали эди.

Бериядан олинган орден

Ўша йили, яъни 1936 йилда уни В.Володарский заводига ВЛКСМ Марказқўми ихтиёридаги комсомол котиби қилиб ўтқазишади. Ўша кезларда у йигирма икки ёшида эди. Ўшандан кейин, агар элчи бўлиб ва КГБ раиси бўлиб ишлаганини ҳисобга олмаса, умрининг охиригача комсомол ва партия аппаратларида хизмат қилди. У ҳеч қачон на бирон реал ишлаб чиқариш корхонасига, на бирон минтақага раҳбарлик қилган. У саноатда, қишлоқ хўжалигида ва молия соҳасида на билимга, на тажрибага эга бўлган.

Бу жиҳатдан унинг амал пиллапояларидан кўтарилиши Шелепиннинг йўлини эслатади – у ҳам комсомолдан партияга, партиядан КГБга ўтган эди. Бундай ҳаёт йўлининг афзаллиги аён кўриниб турипти — бу йўлни ўтган одам амал сирларини жуда яхши билади. Бунинг нуқсони шунда эдики, мамлакат ҳақидаги ҳамма билим иккинчи манбалардан – кимларнингдир ҳикояларидан, маълумотномалардан, қўлида ишлайдиган ходимларнинг таҳлилий ахборотларидан олинарди. Марказқўм котиби ва КГБ раисининг столи устига ҳар куни келиб тушадиган минглаб саҳифа махфий ҳужжатлар бир қараганда, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида тугал маълумот берадигандай кўринарди. Лекин, аслида, бундай деб ўйлаш хомхаёл эди.

КГБнинг ички ёзишмалари ҳар қанча ошкора бўлмасин, асосий ақидалар шубҳа остига олиниши мумкин эмас эди. Афтидан шунинг учун бўлса керак, Андропов мамлакат мутлақо иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга эмас, асосан, тартибни қаттиқ жорий этишга, интизомни мустаҳкамлашга, коррупцияга қарши курашга муҳтож деб астойдил ишонарди.

Тозалаш йилларида комсомол йўли билан амал пиллапояларидан кўтарилиш анча тез содир бўлар эди, бунинг учун тозалаш тегирмонидан омон чиқишнинг ўзи кифоя эди. 1957 йилда уни Ярославль ВЛКСМ вилоят қўмитасининг котиби, яна бир йилдан кейин эса биринчи котиби қилиб сайлайдилар. 1944 йилнинг 14 июлида Бериянинг тавсияномаси асосида СССР Олий Совети Президиумининг “НКВДга қарашли Волгостройнинг инженер-техник, маъмурий-хўжалик ходимлари ва ишчиларини” “Волга дарёсидаги гидроузеллар қурилишида эришган катта ютуқлари ва муваффақиятлари учун” орден ҳамда медаллар билан мукофотлаш тўғрисида фармон чиқади. ГУЛАГ ходимларининг катта гуруҳига орденлар берилади, улар билан бирга Андропов ҳам Ярославль вилоят комсомол қўмитасининг собиқ котиби сифатида орден билан тақдирланади.

1940 йилда уни Петрозаводск шаҳрига ўтказишади ва Карело-Фин ССР комсомоли Марказқўмининг биринчи котиби қилиб сайлашади.

20- ва 30-йилларда бу республика Россия Федерацияси таркибига кирадиган Карелия автоном республикаси эди. Аммо Сталин Финляндияга қарши уруш бошлаганда унинг калласида узоққа мўлжалланган режалар пайдо бўлди. Агар бу режалар амалга ошганда ва Финляндия мағлубиятга учраб таслим бўлганида, унинг ҳудуди анча қисқариб кетарди ва аксинча, Карелиянинг ҳудуди анча кенгаярди. Шунинг учун тўйдан олдин ноғора деганларидек Карелия АССРга Карело-Фин республикаси деб ном бердилар ва унинг мақомини автоном республикадан иттифоқчи республика даражасига кўтардилар.

Янги республикага Финляндия компартиясини барпо этганлардан бири, Коминтерннинг кўп йиллик ходими Отто Вильгельмович Куусинен раҳбар этиб тайинланди. У кўп ўтмай Андроповга ҳомийлик қила бошлайди. Куусинен теран маълумотли, босиқ ва доно одам эди. Ва у билан мулоқотда бўлиш ёш комсомол котибига жуда кўп нарса беради.

1935 йилда Юрий Владимирович ўзи ўқиган техникумни битириб чиққан Нина Ивановна Енгаличевага уйланади. Улар икки фарзанд кўришади, бир қиз (1937 й.) ва ўғил (1940 й.).

Ўғли туғилгандан кейин кўп ўтмай Андропов ёлғиз, оиласиз Петрозаводскка кетади. Сўнг у Нина Ивановна билан ажралишади ва иккинчи марта уйланади ва янги оиласидан ҳам иккита фарзанд – ўғил ва қиз кўради.

Биринчи хотинидан кўрган фарзандларининг ҳаётига Андропов деярли қизиққан эмас. Ўтмиш ҳақидаги хотираларни у унча хушламас эди. Унинг ўзи ўтмиш йилларини деярлик хотирламас, бирорта одам унутиб юбормоқчи бўлган нарсасини эслатмоқчи бўлса аччиғи келарди.

1940 йилда у Петрозаводск дорилфунунига ўқишга киради, бироқ унинг ўқишига уруш халақит беради. Андроповни фронтга жўнатмайдилар – у фронт орқасида кўпроқ керак эди – тўрт йил мобайнида республика комсомолига раҳбарлик қилади. Унинг расмий таржимаи ҳолида “Карелияда партизан ҳаракатларида фаол иштирок этди” деб ёзиб қўйилган. Бу қатнашиш шундан иборат бўлганки, у ҳам худди Шелепин каби бошқаларни партизан отрядларига жўнатиб турган.

1944 йилда Андроповни партия ишига ўтказишади – у Петрозаводск шаҳар қўмитасининг иккинчи котиби бўлиб ишлай бошлайди – ўттиз яшар инсон учун ҳавас қилса арзигулик мансаб эди бу. Урушдан кейин эса у Карело-Фин ССР Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби бўлиб сайланади. Бу ерда 1949 йилда бошланган “Ленинград иши”нинг бир учи унга ҳам тегиб ўтади.

Асосий арбоблар – Марказий Комитет котиби Кузнецов ва ҳукумат бошлиғининг биринчи муовини Вознесенский қамоққа олингач, давлат хавфсизлиги министрлиги ленинградлик кадрларни бутун мамлакат бўйлаб қидира бошладилар. Ленинградда хизмат йўлини бошлаган партия ходимларини дабдабаю асъаса билан ишдан олишар, партиядан ўчиришар ва қамашарди. Бўрон Петрозаводскни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Лекин Петрозаводскда айнан нималар рўй бергани ҳақида биладиган одамлар ҳар хил фикрлар айтишади. Баъзиларнинг гапига қараганда, тозалашлар вақтида Андропов ўзини омон қолишини ўйлаб, партиядош ўртоқларини қоралаб, балчиққа булғаган. Бошқаларнинг гапига қараганда, Андроповнинг ўзи қаттиқ таъқиблар остида қолган ва уни яна ўша Куусиненнинг ўзи қатли омдан олиб қолган.

– Мендаги маълумотларга қараганда уни “Ленинград ишидан” Куусинен қутқариб қолган, – дейди Андроповнинг собиқ ёрдамчиси Игорь Синицин. – Куусинен унинг юқорига кўтарилишига ҳам ёрдам бериб турган, чунки Юрий Владимировичнинг истиқболли одам эканини кўрган ҳамда унда ўша пайтдаги раҳбарларнинг кўпчилигига хос бўлган кибру ҳаво, манманлик ва дағаллик йўқлигини жуда қадрлаган.

Генерал-лейтенант Вадим Кирпиченконинг ёзишича, Андропов кек сақламайдиган одам бўлган. Бир куни Андропов УГБга раис бўлиб турган вақтларида бир ходимнинг қандай ишлаб юрганини суриштиради. Бу ходим “Ленинград иши” авж паллага кўтарилган пайтларда Андроповнинг иши билан шуғулланган ва қамаш даражасига етказиб қўйган экан. Юрий Владимирович на фақат бу одамни жазолашга ҳаракат қилган, балки, аксинча, уни нафақага жўнатиб, ундан қутулиш йўлини ҳам тутмаган.

Кек сақламаслик ва бағри кенглик ижобий сифатлардир. Бироқ нима учун бунақа қабиҳ ишларни қилган, бегуноҳ одамни жиноятчига чиқариб қўйган ходимни давлат хавфсизлиги аппаратида сақлаб турмоқ керак эди? Агар чиндан-да шу воқеа бўлган бўлса, унда бундан чиқадики, Юрий Владимирович ўзининг Лубянкада ўтган салафларини чин юракдан қораламаган экан-да?

Андроповнинг Петрозаводскдан Москвага — Марказқўм аппаратига ўтиши ҳам Куусиненнинг ёрдамисиз содир бўлмаган. У бўлим қошидаги бўлимчада аввал инспектор, кейин мудир бўлди. Аммо Сталиннинг вафоти ва Эски майдондаги ўзгаришлар Андроповнинг партиявий амал пиллапояларидан кўтарилишини тўхтатди. Уни ташқи ишлар министрлигига ўтқазишади. Уни Данияга элчи қилиб жўнатишни кўзлашган эди, шу важдан у бир қанча вақт Ташқи ишлар министрлигининг Скандинавия бўлимида тажриба орттиради. Бу ишда унга Андрей Михайлович Александров-Агентов раҳбарлик қилади. Кейинчалик эса бу одам халқаро ишлар бўйича унинг ёрдамчиси бўлди.

Кейин Андроповни IV Оврўпа бўлимига ўтказишди – социалистик мамлакатларга тажрибали партия ходимларини дипломатик ишга юборишга қарор қилинган эди. Орадан кўп ўтмай у Будапештга элчихонага маслаҳатчи қилиб тайинланади. Бир йил ўтгач эса – 1954 йилда уни Венгрияга элчи қилиб тайинлашади.

Руминияга Давлат хавфсизлиги министрининг кадрлар бўйича собиқ муовини Алексей Алексеевич Епишев элчи бўлиб кетади. Польшага Марказқўмнинг собиқ котиби ва Москва шаҳар қўмитасининг собиқ биринчи котиби Георгий Михайлович Попов жўнатилади.

Ўзини тутолмайдиган, ўзбошимча Попов Польшада ўзини анархистлар тўдасининг комиссаридек тутади, у ҳар қандай арзиган ва арзимаган баҳона билан партия ва давлат раҳбари Болеслав Берутга дашномлар беради. У ҳатто поляк деҳқонлари ерни унинг кўнглидагидек ҳайдамагани ва экишни ҳам унга маъқул тарзда ўтказмаганлари учун ҳам Берутга қаттиқ танбеҳ беради, сиздақа одамни Москва вилоятида бўлса, лоақал райком котиблигига ҳам олмас эдим деб ҳақорат қилади.

Бунга чидаёлмаган Берут Хрушчевга қўнғироқ қилиб, агар мен ҳатто райком котиби бўлиб ишлашга ҳам лаёқатсиз бўлсам, унда мени ишдан озод қилиш масаласини қўйишга мажбурман, дейди. Хрушчев шоша-пиша уни юпатади ва Попов Польшада элчи бўлиб ишлаётганига бир йил тўлмасданоқ чақириб олинади. Кейин уни анча вақтгача бир лавозимдан иккинчи лавозимга ўтказиб юришади ва ниҳоят, Владимир шаҳрига, авиацион асбоблар заводига директор қилиб жўнатишади.

Андропов элчи сифатида феъл-атворига ва қизиққонлигига кўра ўзини анча бамаъни тутади. Лекин у ҳам Венгрияда ўзига хос бир ноиб эди, холос.

Элчихона атрофидаги Ўттиз танк

“Совет Иттифоқи ва Венгриядаги 1956 йилдаги таназзул” деб номланган каттагина ҳажмдаги ҳужжатлар тўплами олимлар ва архивчиларнинг жиддий меҳнатининг маҳсулидир. Бу тўплам ўша кезлардаги Венгриядаги фожеали воқеаларда совет элчиси қандай роль ўйнаганини ёритишга ёрдам беради.

Уч йил мобайнида элчилик қилиш Андроповга ўз савиясини ошириш борасида жуда кўп нарса берди. У ҳаётнинг Ярославль ва Петрозаводскда бўлганига қараганда бошқача бўлиши ҳам мумкинлигини кўрди. Будапешт ҳамиша Оврўпа шаҳри бўлиб келган. Ўз-ўзича олганда элчилик ҳаёти ҳатто ўша йилларда ҳам бир қадар бўлса-да, ҳузурбахш жиҳатларга эга эди. Яна шуниси борки, элчи эндигина қирққа кирган қирчиллама йигит эди.

Аммо Андропов шундай бир фурсатда элчи бўлиб келдики, Венгрияда саноатлаштириш жараёни тезлаштирилгани оқибатида иқтисодий вазият ёмонлаша бошлаган эди, деҳқонлар ҳам қишлоқни коллективлаштириш ғоясидан қаттиқ дарғазаб эдилар. Венгерлар уларнинг мамлакатида ХХ съезддан кейин лоақал Совет Иттифоқида бўлганидек тозариш жараёни юз бермаганидан норози эдилар, улар мамлакатда раҳбариятнинг ўзгаришини, биринчи навбатда, бир ўзи бутун мамлакатнинг якка хўжайини бўлиб олган, ҳокими мутлақ Матиас Ракошини олиб ташлашни талаб қилар эдилар, шунингдек, қатағон қилинганларнинг ҳаммасини оқлашни талаб қилардилар. Сталин томонидан хизмат сафарига юборилган давлат хавфсизлиги министрлигининг ходимлари ўз вақтида венгер дўстларига қонли тозалашларни амалга оширишда хўп ёрдам берган эдилар.

Элчи Андропов қатъий равишда Матиас Ракошини қўллаб-қувватлади ва авваллари қатли ом қилинган Янош Кадарнинг катта сиёсатга қайтишини шубҳа билан кузатиб борди. Янош Кадарнинг сиёсий бюро аъзолигига тикланишини Андропов “ўнгларга ва сафсатабоз унсурларга жиддий ён бериш” деб ҳисоблаганди.

Кадар урушдан кейин Компартия Бош котибининг муовини ва ички ишлар министри бўлган эди. Аввалига у сиёсий судлов жараёнларини уюштиришда иштирок этди, бироқ кейинчалик сохта айблов билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Кейинчалик уни оқлашади, лекин унда сиёсий ишончсизлик тамғаси сақланиб қолади. Москвада қамалгани учун аламзада Кадарнинг мухолифат томонига ўтиб кетишидан чўчир эдилар. Ҳужжатлар таҳлил қилинганда аён кўринадики, Будапештдаги элчихона жуда тор доирадаги одамлар билан мулоқотда бўлган. Улар догматик линияга тарафдор одамлар бўлишган. Ана шу одамлардан олинган маълумотлар асосида хулосалар чиқарилган ва улар Москвага етказиб турилган.

Венгрия раҳбарлари сиёсий бюро ва ҳукумат мажлисларининг мазмунини, мамлакат раҳбарлари ўртасида бўлаётган ғайрирасмий гап-сўзлар тафсилотини бирлари олиб, бирлари қўйиб оқизмай-томизмай Андроповга етказиб туришган. Улар имкониятдан фойдаланиб, ўзларининг сиёсий рақиблари устидан аямай мағзава ағдараверишган.

Агар Андропов Москвага жўнатиб турган хуфия мактубларни ўқиб кўрсангиз, шундай таассурот туғиладики, гўё Венгриянинг бирдан-бир муаммоси бўлган – аллақандай бир ҳовуч “ўнглар” мамлакатнинг тинч ҳаётига рахна солмоқда. Улар бир ёқли қилинса бас, шу билан сиёсий бюрода якдилликка эришилади-қўйилади. Кейин эса қўққисдан халқнинг бош кўтаргани маълум бўлади. Худди шунга ўхшаш бир нарса равшан эмас – нима учун хуфия ахборотларда доимий равишда Имре Надь деган ном учрайверади, нима учун унинг сиёсатга қайтишидан ҳамма хавотирда, у эса барибир, сиёсатга қайтмоқда? Элчихона бамисоли Наднинг қайтишидан қўрқиб, тахта бўлиб қотиб қолган. Фақат анча ўтгандан кейин маълум бўладики, у мамлакатдаги энг донгдор сиёсатчи экан ва одамлар уни ҳокимият тепасида кўришни исташади.

Имре Надь ўртамиёна сиймо эмас эди. 1916 йилда — Биринчи жаҳон уруши вақтида у русларга асир тушади, инқилобни муборакбод қилиб, большевикларга қўшилиб кетади. Фуқаролар урушидан кейин уни яширин иш олиб бориш учун Венгрияга жўнатишади. 1930 йилда у Москвага қайтади ва бу ерда 15 йил яшайди. У Коминтерннинг халқаро аграр институтида ва СССРнинг Марказий статистика бошқармасида ишлайди. Кейин у 1945 йилдан сўнг Будапештга қайтади, аввал министр бўлади, сўнг эса ҳукуматга раҳбарлик қилади. Аммо бир неча муддатдан сўнг уни “ўнг оғмачи” сифатида ҳамма лавозимлардан олиб ташлашади ва ўзини партиядан ўчиришади.

1989 йилнинг ёзида КГБ раиси Владимир Александрович Крючков Горбачёвга ўз идорасининг архивидан олинган бир даста ҳужжатларни топширади. Уларда айтилишича, Имре Надь урушдан аввалги йилларда НКВДнинг айғоқчиси бўлган экан. У 1933 йилда ёлланган экан ва ўзининг ватандошлари – Совет Иттифоқида бошпана топган можарлар тўғрисида маълумотлар бериб турар экан.

Бу, эҳтимол, ўшанда Наднинг ўзини қутқариб қолган омил бўлган эди. 1938 йилнинг мартида НКВДнинг Москва бошқармасидаги чекистлар уни ҳам қамоққа олишади. Бироқ у қамоқда атиги тўрт кун ўтиради, холос. Давлат хавфсизлиги Бош бошқармасининг 4-бўлими унинг ёнини олади ва Венгриянинг бўлажак бош министри қамоқдан озод қилинади.

Крючков бу ҳужжатларни архивдан нечук қидириб топди экан? Ҳужжатлар билан бирга Горбачёвга қўшиб юборилган мактубда бу тўғрида шундай ёзилган: “Имре Надни бениҳоя ҳалол ва принципиал, камтарин ва камсуқум, бегуноҳ қатли ом қилинган одам сифатида кўтариб, авлиё даражасига чиқариб қўйишмоқда. Наднинг номи теварагида кўтарилаётган шов-шувларда асосий урғу шунга бериляптики, гўё у “сталинизмга қарши изчил кураш олиб борган”, “демократия ва социализмни тубдан янгилаш тарафдори” бўлган эмиш. Венгрия матбуотида эълон қилинган бир қатор мақолаларда Совет Иттифоқи томонидан кўрсатилган босим натижасида Наднинг аксилинқилобчилик фаолиятда айбланганига, ўлимга ҳукм қилинганига ва қатл этилганига шама қилинмоқда.

Будапештда совет элчихонасида Андропов билан бирга хизмат қилган Крючков, афтидан, Имре Надни жон-жаҳди билан ёмон кўрган, ундан нафратланган бўлса керак. Шунинг учун у махсус хизматларнинг энг муқаддас қонунини бузиб, махфий ходимнинг номини фош қилиб ўтирипти. Крючков кўп ҳам ҳаяжонланаверадиган ёки эҳтиросга бериладиган одам бўлмаган. Аммо можарларга уларнинг миллий қаҳрамонининг авра-астарини кўрсатиб қўйишдан ўзини тийиб туролган эмас.

Бу ҳужжатларни олган можар тарихчилари қаттиқ ғазабланадилар. Улар буни қалбаки деб, ҳужжатлар сохталаштирилган деб ҳисоблайдилар. Лекин уларнинг ғазаби ножоиз – ҳужжатлар ҳақиқий бўлиши керак. Чунки Коминтерннинг ҳамма ходимларини душман ҳақида маълумот беришга мажбур қилишган. Агар сен халқ душманларини фош қилишга ёрдам бермасанг қанақа коммунист бўлдинг? Агар НКВДга ёрдам бермасанг, қанақа большевиксан?

ХIV съезд минбаридан туриб 1926 йилдаёқ Марказий назорат комиссияси ҳайъатининг аъзоси Сергей Иванович Гусев келгусида ўзининг ҳам бу қушхонанинг қурбони бўлажагини хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда шундай деган эди:

– Бир вақтлар Ленин бизни ҳар бир партия аъзоси чеканинг агенти бўлмоғи керак, яъни ҳамма нарсани кузатиб юриб, кўрган-билганини етказиб турмоғи керак деб ўргатган эди. Агар биз бирор нарсадан қисилиб, изтироб чекаётган бўлсак, бунинг боиси чақимчиликнинг кўпайиб кетгани эмас, аксинча, унинг етишмаётгани, камёблигидир.

Имре Наднинг ислоҳот ҳақидаги ғоялари иқтисодиётни қайта қуришнинг бутун бошли назарияси эди ва можарлар бу назарияни ҳаётда амалга оширишни истардилар. Венгрияда кенг кўламли мухолифат шаклланди ва бу мухолифат югославлар ўз иқтисодиёти ва сиёсатларини бошқача қуришаётганини, поляклар ҳам ўзларининг ички муаммоларини Москванинг кўрсатмасисиз ҳал қилабошлаганларини кўрди.

1956 йилнинг октябрида Имре Надни партияга тикладилар. У энди Польшадаги ҳодисалардан илҳомланарди – у ерда 1949 йили ўнг оғмачилик ва миллатчиликда айбланиб қамалган Владислав Гомулка оқланиб, партияга тикланган эди.

Москванинг иродасига хилоф ўлароқ Гомулкани Польша Бирлашган ишчи партияси (ПОРП)нинг Марказий қўмитасига Биринчи котиб қилиб сайлашади. Қизиқ, Москваки Польшадаги бунақа ўзгаришларга рози бўлган бўлса, эҳтимол, Венгрияда ҳам худди шундай ишларнинг бўлишига розилик берар?

Польшадаги воқеалар Венгрия воқеаларига қараганда силлиқроқ ва юмшоқроқ эмас эди. Ишчилар аксилшўровий ва аксилсоциалистик шиорлар кўтариб, кўчаларга чиқишди. Маршал Конев Москвадан шўро ҳарбий қисмларини Варшавага жўнатиш ҳақида буйруқ олди. Аммо поляк генераллари ва, айниқса, ички қўшинлар қўмондонлари (у ерда шўро одамлари ёхуд тарафдорлари кам эди) совет аскарларини ўт очиб қарши олажакларини айтиб, огоҳлантирдилар.

Хрушчев аралашмаган маъқул эканини кўрди. Сталин қардош Польшага хизмат қилиб бериш учун 1949 йилда маршал Константин Константинович Рокоссовскийни Польшага жўнатган эди. Поляклар уни ПОРП Марказқўми Сиёсий бюросидан чиқаришади ва Мудофаа министри лавозимидан озод қилишади. У Москвага қайтар экан, ғоятда аламли сўзларни айтади:

– Мен ҳамиша Россияда поляк ҳисоблангандим, Польшада эса ҳамиша мени рус деб билишган.

Польша воқеаларини муҳокама қилиш учун Москвага венгерлар делегациясини таклиф қилишади, лекин бу ерда биринчи ўринга Венгр воқеалари чиқиб қолади. Будапештда отишмалар бошланади, намойишчилар Сталиннинг улкан ҳайкалини ағдариб ташлашади.

Элчи Андропов ҳамма муаммоларнинг бош сабаби – Венгер сиёсий бюросининг қатъиятсизлиги, унинг принципсизлиги, ҳамма нарсада ён беравериши деб ҳисоблашда давом этарди. Элчихона можар халқи қўллаб-қувватламаган арбобларни қўллаб-қувватларди. Ҳатто коммунистлар ҳам советча социализм эмас, венгерча социализм қуришни хоҳлашларини баралла айта бошлаганди.

Элчихона раҳбарият доирасида нималар бўлаётганини энг майда тафсилотларигача яхши биларди. Аммо мухолифат раҳбарлари нималар деяётгани тўғрисида элчихона ҳеч қандай ахборотга эга эмас эди. Шунинг учун ҳам, моҳиятан олганда, у бир томонлама ахборотлари билан Москвани чалғитди.

23 октябрдаги аввал тақиқланган, кейин ижозат берилган студентлар намойиши ҳокимиятга қарши оммавий чиқишга айланиб кетди.

Элчи Андропов Венгриядаги совет қўшинларининг алоҳида корпус командирига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, уни қўшинларни Будапештга олиб келишга даъват этди. Командир бунинг учун менга мудофаа министрининг буйруғи керак деб жавоб берди.

Андропов Москва билан боғланади. Бош штабнинг бошлиғи маршал Василий Данилович Соколовский корпус командирига халқаро ҳукуматлараро алоқа воситаси орқали буйруқ беради. Улар совет танклари кўриниши биланоқ ҳаммаси тамом бўлади деб ўйлашган эди. Ахир, 1953 йилнинг июнида Берлинда советларнинг аралашиши билан ҳамма ғалва барҳам топган эди-ку! Нега энди бу гал ҳам шундай бўлмасин?

Лекин венгерлар қаршилик кўрсата бошладилар. Улар совет солдатларига ўқ узишди, танклар устига ёнувчи суюқликлар солинган шишалар ирғитишди.

Совет қўшинлари шаҳарни тинчита олмади. Венгер армияси уларга ёрдамга келмади. Қаршилик кўрсатувчи курашчиларнинг сони тобора кўпайиб борарди. қаршилик кўрсатувчи жангчилар сони бир неча минг кишига етди. Қуролсиз намойишчиларни ўққа тутиш, уларга қарши танкларнинг тўпларидан ва пулемётларидан ўт очиш, уйларга қарата ўқ отиш аксилшўровий кайфиятларни янада кучайтирди. Ҳукуматнинг бошлиғи Имре Надь бўлди – бу гал энди халқ талаби билан шундай бўлди. У пойтахтдан совет қўшинларини олиб чиқиб кетишни илтимос қилди.

Москвада фикрлар бўлиниб кетди. Хрушчев, биз Коминтерн замонида яшаётганимиз йўқ, қардош компартияларга қўмондонлик қилиб бўлмайди, деди.

Хрушчев Польшада таваккал қилиб Гомулкага таянишга аҳд қилди. Москвага камроқ даражада бўйсунса ҳам гўрга, бунинг ўрнига мамлакатни қўлида ушлаб турипти-ку! Венгрияга нисбатан ҳам у Имре Надь ҳукуматини қўллаб-қувватлашга ва совет қўшинларини Будапештдан олиб чиқиб кетишга қарор қилди. Танклар шаҳарни тарк этди. Хрушчев социалистик мамлакатлар билан муносабатларда таназзул бошланганини тушунди, аввалги принципларни қайта кўриб чиқмаса бўлмай қолди.

Аммо қўшинлар Будапештдан чиқиб кетишлари биланоқ оломон пойтахт шаҳар партия қўмитасининг ходимларини тилка-пора қилиб ташлади. Венгрия давлат хавфсизлиги хизмати зобитларини оёқларидаги сариқ ботинкаларидан таниб олишди – хўжалик бўлими зобитларнинг ҳаммасини бир хил сариқ ботинкалар билан таъминлаган эди. Уларни дарахтларга бошини пастга қаратиб осишди. Бу Кремлдаги кайфиятни ўзгартириб юборди. Айни шу кунларда Яқин Шарқда уруш бошланган эди. Англия, Франция ҳамда Исроил яқиндагина Совет Иттифоқи билан дўстона муносабатлар ўрнатган Мисрга ҳужум қилишди. Мисрнинг мағлуб бўлиши муқаррар эди. Шундай шароитда Москва Венгрияда ҳам яна бир мағлубиятни бошидан кечиришни истамас эди. Бунинг устига АҚШ ва Ғарб Венгрияни ҳимоя қилмасликлари маълум бўлиб қолди.

Кремлда Венгрияга яна қўшин киритишга ва бу гал қатъий ҳаракат қилишга қарор қилинди. Министрлар Советининг раиси Николай Александрович Булганин биринчи бўлиб, модомики, ҳозирги ҳукумат ўзини “нотўғри” тутаётган экан, унинг ўрнига янги ҳукумат тузишни таклиф қилди. Раҳбар лавозимига номзодлар қидира бошладилар. Асосан, иккита номзод — Янош Кадар ва Ички ишлар министри Ференц Мюннихларнинг номзоди кўриб чиқилди. Икковларини ҳам совет қўшинлари жойлашган ҳудудга олиб келишди, сўнгра самолётда махфий равишда Москвага танишиш учун олиб келишди. Кадар кўпроқ маъқул бўлди ва бир неча муддат иккиланиб тургандан сўнг у ҳукуматга раҳбарлик қилишга рози бўлди. Будапештда эса элчи Андропов ғазаб билан Имре Надга Янош Кадар ҳамда Ференц Мюннихларнинг ғойиб бўлиб қолганига мутлақо дахлдор эмаслигини айтди. Улар совет қисмлари билан бирга қайтиб келишди ва операцияга раҳбарлик қилган маршал Коневнинг қароргоҳида жон сақладилар. Будапештга Кадарни совет бронетранспортерида олиб боришди.

Кейинчалик Югославиянинг раҳбари Иосип Броз Тито билан бўлган махфий суҳбатда Хрушчев шундай деди:

– Биз Венгрияда капитализмнинг қайта тикланишига йўл қўйиб қўя олмаймиз. Негаки, одамлар Сталин даврида бунақа гаплар йўқ эди, ҳозиргилар Сталинни қоралаб, ҳамма нарсани бой бериб ўтиришипти, деб гап қилишади.

Ўзаро ошкора гурунгларда Марказқўм ҳайъатида Хрушчев ва бошқалар Венгрия воқеалари Ғарбнинг иши, Ғарб жосусларининг кирдикори деб айтишган эмас. Улар ўзларига қарши халқ исён кўтарганини жуда яхши англашарди. Эндиликда улар суяниши мумкин бўлган ягона суянчиқ фақат Совет армиясию, Янош Кадар бошчилигидаги бир ҳовуч можарларгина эди, холос. Венгрияга бостириб кирган Совет Армияси олтмиш минг кишини ташкил қиларди. Венгрия армиясининг кўп қисмлари қаршилик кўрсатишгани йўқ, улар қаршилик кўрсатишнинг фойдаси йўқлигини билишарди. Аммо баъзи бир Венгр қисмлари жангга киришишни маъқул кўришди. Минглаб исёнчилар уларнинг сафига қўшилди. Уларнинг бир нечтагина танклари, арзимаган замбараклари бўлган. Улар ҳатто зенит тўпларидан битта совет самолётини уриб ҳам туширишган.

Совет элчихонаси бино атрофини ўттизта танк билан қуршаб олиб, ўзининг хавфсизлигини таъминлаган. Будапештда бошидан кечинган қўрқув туйғусини Андропов ва айниқса, одамларнинг айтишича, унинг хотини узоқ вақт унутолмай юришган.

1 ноябр куни премьер-министр Имре Надь Варшава шартномасидан чиқади ва Венгриянинг бетарафлигини эълон қилади. У радио орқали сўзлаб совет истилоси ҳақида баёнот беради.

– Бугун тонгда совет қўшинлари бизнинг пойтахтимизга ҳужум бошлашди. Уларнинг ниятлари аён кўриниб турипти – улар Венгриянинг қонуний демократик ҳукуматини ағдариб ташлашмоқчи. Бизнинг қўшинларимиз жанг қиляпти, ҳукумат ўз постида турипти.

Совет қўшинлари кенг кўламда артиллерия ва танкларни ишга солиб, қаршилик кўрсатаётган кучларни бирин-кетин маҳв этдилар. Венгрия воқеаларида совет қўшинларидан 60 киши ўлди ва 1251 киши ярадор бўлди, Венгрларнинг умумий талафоти эса ўлганлардан 2652 кишини, ярадорлардан эса 19226 кишини ташкил қилди.

Янош Кадарнинг ҳукумати намойиш қилиб чиққан шахтёрларни ўққа тутди. Ишчи кенгашлари фаолиятини тақиқлаб қўйди, уларнинг раҳбарларини ҳибсга олди, ёзувчилар ва журналистлар уюшмасини тарқатиб юборди. Ҳарбий-дала судлари ташкил қилинди, уларга сусткашлик қилмай ўлимга ҳукм қилиш ҳуқуқи берилди.

Мамлакат ичидан мадад топмаган Кадар борган сари қаттиққўлроқ бўла борди, бундан Москва беҳад хурсанд эди, ҳолбуки, шўровий ўртоқлар дастлаб унинг қатъиятини шубҳа остига олишганди.

Ағдарилган Имре Надь, унга содиқ қолган министрлар, уларнинг оила аъзолари Будапештдаги Югославия элчихонасидан бошпана топишди. Кадар уларнинг дахлсизлигига кафолат берди ва жавобгарликка тортмасликка ваъда қилди. Шундагина Имре Надь ва бошқалар Югославия элчихонасини тарк этишга рози бўлишди.

Уларнинг автобусига совет офицери чиқди – у гўёки уларнинг ҳаммасини уй-уйларига олиб бориб қўймоқчи эди. Автобусда иккита югослав дипломати ҳам бор эди. Бироқ кутилмаганда автобус совет комендатураси олдида тўхтади ва офицер югослав дипломатларини автобусдан тушиб кетишга мажбур қилди. Шундан кейин автобусни совет бронетранспортерлари қуршаб олади. Надни, унинг ҳамкасабаларини ва уларнинг оила аъзоларини Руминияга жўнатишади. У ерда улар аввалига Руминия давлат хавфсизлиги ходимларининг назоратида бўладилар, кейин эса уларни қамоққа ташлашади, 1957 йилнинг 17 апрелида эса уларни Венгрияга қайтариб юборишади. Янош Кадар сўзининг устидан чиқмайди.

Имре Надь, унинг мудофаа министри Пал Малетер ва яна бир неча киши ўлим жазосига ҳукм қилиндилар. Гап-сўзларга қараганда қатл пайтида Кадарнинг ўзи ҳозир бўлган эмиш, кейин у Хрушчевга қўнғироқ қилиб, ҳукм ижро этилганини маълум қилипти. Бу ишда шахсий масалалар аралашган ҳоллар ҳам бор эди: бир вақтлар Кадарни турмада жуда қаттиқ қийнашган. У ўзи чеккан азоб-уқубатларга Имре Надни айбдор деб ҳисоблаган.

Андроповнинг Венгрияда олган сабоғи оддий эди. У бир нарсага амин бўлди: агар коммунистик партия мафкуравий назоратни бўшаштиришга йўл қўйиб берса, цензура заифлашса, агар одамлар кўнглидаги қўрқув йўқолса, партия жуда осонлик билан мамлакат устидан ҳукмронлигини йўқотиб қўяди. Бошқа ҳеч нарса – на иқтисодий қийинчиликлар, на турли-туман қаланғи-қасанғилар, на душман жосуслари партиянинг ҳукмронлигига путур етказа олмайди. Энг муҳими – эрк бермаслик. Социалистик тузумларнинг мавжудлигини таъминлаб турувчи мантиқ шундаки, қаердаки жилов жиндай бўшаштирилса, ўша ерда ҳокимият емирила бошлайди.

Сабоқнинг аёвсиз жиҳати шунда эдики, Андропов ҳокимиятни йўқотиб қўйиш дардига чалинган экан. Жисмоний қийноққа олинган оломон давлат хавфсизлиги ходимларини кўпинча қандай бартараф қилганини кўрди. У бирон-бир шунга ўхшаган воқеа ўзининг бошига тушишини истамас эди. Венгрия воқеаларини Андроповнинг хотини жуда катта қийинчиликлар билан бошидан кечирган деб ҳисоблашади. Унинг аёли тез-тез дардга чалинадиган бўлиб қолди ва бора-бора Андропов нормал оилавий ҳаётдан маҳрум бўлди. Унинг ихтиёрида фақат ишгина овунчоқ бўлиб қолди.

Жарроҳ Просковья Николаевна Мощенцова СССР соғлиқни сақлаш министрлиги қошидаги Тўртинчи Бош бошқарма тизимида ўттиз йилдан ортиқ хизмат қилган экан. У “Кремль хастахонасининг сирлари” деган китобида тажрибаларидан ҳикоя қилар экан, Андроповнинг хотини тўғрисида ҳам ёзади: “У неча марталаб асаб хасталиклари бўлимида ётган ва ҳар гал унга кўплаб уколлар қилишни талаб қиларди… У ўзининг ҳар хил бетобликларини ўйлаб топар ва наркотикли дорилар берилишини талаб қиларди. Тинчлантирувчи уколларни писанд қилмасди, уларга қўл силтарди. Афтидан, у ёшлик йилларидан гиёҳвандликка ўрганиб қолганди. Ҳозир, менинг назаримда, бунга врачлар айбдор кўринади. Улар эрининг номини эшитишлари биланоқ дағ-дағ қалтираб, хотиннинг инжиқлик билан қилган илтимосларини дарров бажо келтиришга ҳаракат қилишган. Уни гиёҳванд моддаларга ўргатганлар ҳам врачларнинг ўзи бўлган”.

МарказҚЎм котиби тунги барларга Қатнамайди

1957 йилнинг баҳорида Андропов Москвага Венгрияда социализмни қутқариб қолган одамнинг шуҳрати билан қайтиб келди. Уни Марказқўмга ишга олишди. Марказқўмнинг яхлит халқаро бўлимини иккига бўлишган эди.

Коминтерннинг кекса ходими Борис Николаевич Пономаревга капиталистик мамлакатлар ва ривожланаётган мамлакатлардаги компартияларни қолдиришди. Социалистик мамлакатларнинг коммунистик ва ишчи партиялари билан алоқалар бўлимига Андроповни бошлиқ қилиб тайинлашди. Аввалига ҳамма ишлар ўнгидан келди. Андроповнинг ҳомийси Отто Вильгельмович Куусинен бу пайтга келиб, Москвага ўтган эди – 1957 йилда Марказқўмнинг Июнь пленумида у Марказқўмнинг котиби ва ҳайъат аъзоси қилиб сайланади. У Андроповга жуда ҳам меҳрибонлик билан қараган ва аппаратда мустаҳкам ўрнашиб олишига катта ёрдам берган. Янги ишга келган одам учун бунақа ҳомийлик жуда катта аҳамиятга эга эди. Андроповнинг муаммолари керагидан ҳам ортиқча эди. Югославия, Албания ва айниқса, Хитой билан муносабатлар тобора ёмонлашиб борарди. Андропов бу муносабатларнинг жиндай бўлса-да яхшиланишига эриша олди деб айтиш анча қийин. Лекин шуниси ҳам бор эдики, бунақа ҳал қилувчи муҳим масалаларда гапнинг индаллосини Никита Сергеевич Хрушчевнинг ўзи айтарди. У эса Америка Қўшма Штатлари билан муросаи мадора қилса қилардики, Хитой билан дурустроқ муомала қилишга бўйни ёр бермасди.

Янги лавозимда Андропов ҳамкасабалари билан ихтилофга киришмасликка ҳаракат қилди. У жуда кўп ишлар эди, ўзининг бўлими учун жуда бамаъни одамларни танлади – уларнинг баъзилари кейинчалик академик бўлди. Георгий Аркадьевич Арбатов ва Олег Тимофеевич Богомоловлар шулар жумласидандир. Унинг қўлида юксак маҳоратли журналист Александр Витентьевич Бовин ва атоқли хитойшунос Лев Петрович Делюсинлар ишлар эди. Теварагида бунақа юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган одамларнинг мавжудлиги беихтиёр Андроповнинг ўзининг ҳам ўз устида кўпроқ ишлашга ундар эди. Айни шу важдан Андропов шу кезларда эркин фикрлайдиган ва либерал сиёсатчи сифатида шуҳрат топди. Ўша пайтда у билан бирга ишлаган одамлар Андропов уларга том маънода руҳий эркинлик муҳитини яратиб берганини, ўқтин-ўқтин улар билан Марказқўм биносида тилга олиб бўлмайдиган мавзуларда гурунглашиб турганини мамнуният билан эслашади. Албатта, улар Юрий Владимировични баҳолашда муайян муболағага ҳам йўл қўйишган.

Академик Георгий Арбатовнинг ҳикоя қилишича, ходимлар Андроповнинг иш кабинетига келиб, костюмларини ечиб қўйишар, Юрий Владимирович ручкани қўлига олар ва шу тариқа ижодий иш бошланиб кетар экан. Андроповга ўхшаш закий ва қолипга сиғмайдиган воситачи орқали сиёсатга аралашиш ғоятда мароқли эди, деб ёзади Арбатов.

Юрий Владимирович, албатта, Марказқўм котибиятида ишлайдиган ҳамкасабаларидан ажралиб турарди, уларнинг кўпчилиги дағал, қаттиққўл ва чаласавод партия котиблари эди. Улар дўқ-пўписалар билан бақириб-чақириб иш юритишга ўрганиб қолган эдилар. Арбатовнинг фикрича, ўз маслаҳатчилари билан мулоқот Андроповга ўз савиясини оширишга, билимларини кенгайтиришга ёрдам берган. Бу мулоқотлар, айни чоғда, кундалик ҳаёт ҳақида маълумот берувчи, кутилмаган ва кўникилмаган фикрлар ҳамда баҳоларга ўргатувчи манба эди. У ҳатто ўзига маъқул бўлиши мумкин бўлмаган гапларни ҳам сабр-тоқат билан эшитарди. Лекин кўпинча у эшитган гапларини шарҳламас, индамай қолар, уларга муносабат билдирмас эди. Бу эса кўпни кўрган тажрибали мансабдорларга хос хусусиятдир.

Андропов ичмас ва чекмасди, ўзини босиқ тутарди, бақириб-чақирмасди, шеърлар машқ қилиб турар, ўрни келиб қолганда бирон беҳаё сўзни шеърга қўшиб юборишдан ҳам тоймасди, мусиқани яхши кўрар, дурустгина қўшиқ айтар, халқ қўшиқларини, казак қўшиқларини кўп биларди. Партия раҳбариятидаги ҳамкасабалари билан яна бир муштарак жиҳати бор эди – у ҳам хоккейни жуда яхши кўрар, “Динамо”нинг ашаддий ишқибози эди.

Унинг шеърлари ҳаваскорлик даражасидан кўтарилган эмас, лекин битта шеъри анча-мунча ғаройиб. Кунлардан бирида Бовин ва Арбатов қандайдир муносабат билан унга табрикнома юборишади. Унда ҳокимият одамни бузиши тўғрисида енгил-елпи хавотирлик ҳам билдирилган эди. Андропов бунга шеърий жавоб ёзган.

Бир бетамиз деганмиз бир кун

Стол бузар одамни бешак.

Кўп лақмалар буни такрорлар.

Кўпдан бери сезмайди мудом –

Асли аҳвол бунинг аксидир:

Столларни бузар одамлар…

Андропов раҳбар бўлган бўлим янги эди, шунинг учун у ноёб бир имкониятга эга бўлди – ўз бўлимига партия аппаратининг мактабини кўрмаган одамларни, яъни мияси айнимаган, масалаларга соғлом қарай оладиган ёшларни танлади. Одатда Марказқўм аппаратига бошқа ишлардан бўшаган ҳолда партия ишида кўп йиллар ишлаган одамларни, яъни собиқ райком, горком, обком котибларини олишарди. Улардан интеллектуал меҳнат соҳаларида фойдаланиш анча қийин кечарди.

Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Георгий Хусроевич Шахназаров ҳам Андроповнинг қўлида ишлаган эди. Унинг ёзишича, Андропов ҳарҳолда ўзига ёрдамчиларни партия мансабдорлари сафидан танлаб олган ва кейинчалик улар билан бирга КГБга ўтган Юрий Владимирович интеллектуаллар билан гурунглашиб туришни ёқтирарди, уларнинг билимларидан баҳраманд бўларди, ғояларидан фойдаланарди, лекин улар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетмасди, худди буржуа мутахассисларидай уларни ўзига кўп ҳам яқинлаштиравермасди. Ишда у партократларни афзал кўрарди, уларнинг итлардек вафодорлигига кўпроқ ишонарди. Маълум маънода Юрий Владимировичнинг ўзи қуюшқондан чиқиб кетавермайдиган бир инсон эди. Ўзининг врачи Иван Сергеевич Кломашовга у шундай деган экан:

– Иван Сергеевич, Лениннинг этагидан маҳкам тутинг, шунда замин узра бемалол одимлайсиз.

Хрушчев даврида, кейин эса, айниқса, Брежнев замонида нутқлар ва докладлар матнларини ёзиб берадиган олимлар юксак қадрлана бошладилар. Бу ишни партия аппаратидаги мансабдорларга зинҳор ишониб бўлмас эди, истеъдодли, салоҳиятли, қалами ўткир одамларни излай бошладилар. Андропов, албатта, қўлида шундай бақувват одамлар ишлаётгани билан ажралиб туришини тушунар эди. Унга бирор муҳим ҳужжат устида ишлаш топширилганда, Андропов унинг натижаси билан Хрушчевни огоҳ қилиб қўярди.

Чиндан ҳам бири биридан гўзал нутқлар ёзиб бериларди, лекин афсуслар бўлғайким, уларнинг реал ҳаётга таъсири деярли бўлмас эди. Нутқлар борган сари яхшироқ ва гўзалроқ бўлиб борар, ҳаётдаги ишлар эса борган сари ёмонроқ ва бемазароқ бўла берарди – ўша йиллардаги вазият ана шунақа эди. Меҳнатлар зое кетмади. 1962 йилнинг ноябрида Хрушчев ўзи олдинга сурган кадрларининг яна бир гуруҳини Марказқўмнинг котиби қилиб тайинлади. Уларнинг орасида Андропов ҳам бор эди. Аппаратда Андропов кутилмаган хавф-хатарларга чап беришни ўрганди ва аввалгига қараганда янада эҳтиёткорроқ бўлиб қолди.

Юқорида номи зикр қилинган, Андроповнинг бўлимида хизмат қилган Юрий Владимирович Бернов 1963 йилнинг августида Хрушчев Югославияга борганини эслайди. Ўзи билан бирга у Андроповни, Москва вилоят партия қўмитасининг котиби Егоричевни, Ленинград обкомининг котиби Толстиковни олиб кетган. Кечқурун Хрушчев билан Тито дам олишга кириб кетишганда, Югославияда иккинчи одам ҳисобланган Александр Ранкович совет делегациясини тунги барга таклиф қилади. Андропов қаттиқ толиққанини баҳона қилиб, тунги барга бормайди. Ҳойнаҳой, у чиндан ҳам толиққан бўлиши мумкин, лекин шу билан бирга, у ҳаддан ташқари эҳтиёткор эди, Марказқўм котиби тунги барларга бормаслиги кераклигини яхши биларди.

Врачлар Ҳукми

Георгий Шахназаров бир қизиқ нарсани пайқаган экан – Андропов гўё ўзининг бўйдорлигидан хижолат чекаётгандай кўринар, ҳеч қачон ўзига ишончи комил одамлар қилгани каби қаддини ғоз тутиб, кўкрагини чиқариб юрмас экан. Бироз елкасини чиқариб, букчайиброқ юрарди. Лекин бундай қилишига сабаб – табиатан тортинчоқ бўлгани эмас, балки партиявий доираларда камтарлигини намойиш қилиш расм бўлгани учун шундай қиларди. Бу унинг иккинчи табиатига айланиб кетганди.

Эски майдондаги мансабдор одамлар юрганда қадам товушлари эшитилмас эди. Улар ўзларининг бутун феълу атворлари ва қиёфалари билан “бошлиқларга эҳтиромим чексиз ва уларнинг ҳар қандай топшириқ ва кўрсатмаларини сидқидилдан бажаришга тайёрман” деб тургандай эдилар. Афтидан, Андропов ҳам бундан истисно эмас эди. Чунки бундай бўлмаса, унинг партиянинг амаллар силсиласи пиллапояларидан кўтарилиши қийин бўларди.

Шахназаров бир куни Юрий Владимирович билан гурунглашиб ўтиришганини эслайди. Тўсатдан Хрушчев билан бевосита боғланган телефон жиринглаб қолипти. Шахназаров ғаройиб бир манзаранинг гувоҳи бўлипти. Тийрак, ёрқин, суҳбати ширин одам бирданига унинг кўз ўнгида командирнинг ҳар қандай буйруғини бажаришга тайёр турган солдатга айланипти-қолипти. Унинг товушида мутелик ва итоаткорлик оҳанглари эшитилибди.

Брежнев Марказий Комитетга келгач, иккинчи котиблик лавозими Суслов билан Кириленко ўртасида талаш бўлган. Улар Бош котибнинг ёнидан жой олиш ҳуқуқи учун курашганлар ва бир-бирларидан ваколатларни тортиб олиш билан шуғулланганлар.

Андропов саросимага тушиб қолган – бир масалани Суслов билан муҳокама қилиб, ҳал қилиб чиққач, балога қолмаслик учун уни Кириленко билан ҳам муҳокама қилишга мажбур бўлган. Аммо Кириленко бутунлай тескари бир фикрни айтиши ҳам мумкин эди – унда уларнинг қай бирининг буйруғини бажаришни билмай, Андропов аро йўлда қоларди.

ГФРдаги собиқ элчи ва Марказқўмнинг халқаро ишлар бўйича собиқ котиби Валентин Михайлович Фалин шундай ёзади: “Раҳбариятнинг бошқа аъзолари ўртасида у ақл-заковати жиҳатидан кескин ажралиб турарди, лекин Андропов иккинчи-учинчи ролларда юрганида бу нарса унга кўп ҳам яхшилик келтирмаган”.

Ҳамкасабаларининг андишасиз мулоҳазалари ва сурбетларча қилиқлари уни ҳанг-манг қилиб қўяр, у хафа бўлар, ўз қобиғига биқиниб олишга мажбур бўларди. Шу сабабдан Сиёсий бюро таркибига сайлангандан кейин Андропов билан Сиёсий бюронинг бошқа аъзолари ўртасидаги муносабат, шунингдек, етакчи министрлар билан муносабат ҳам жуда мураккаб тусга эга бўлган эди.

КГБнинг раиси бўлганидан кейин ҳам у бу дунёнинг зўрлари ўртасида чапдастлик билан иш юритишга мажбур бўлди. Албатта, КГБнинг раиси шахсан Бош котибнинг номенклатурасида турадиган одам эди, у бошқа ҳеч кимнинг олдида ҳисоб бермасди. Аммо кўп масалаларни ҳал қилишда Андроповнинг Марказқўм котибларига қарамлиги бор эди. У Сиёсий бюронинг бошқа аъзоларини ҳам унутишга ўзига изн бермасди. Уни тезгина ямламай ютишлари ҳеч гап эмас эди.

Ҳаммадан ҳам мушкули Суслов ва Кириленко билан тил топишиш эди. Улар бир-бирлари билан чиқишмас ва икковлари ҳам Андроповни хушламас эдилар. Бири маъқуллаган нарсани иккинчиси ағдариб ташлашнинг пайидан бўларди. Суслов таътилга чиқибми ёхуд бетоб бўлибми котибият мажлисларини ўтказа олмай қолганида, уларни Кириленко ўтказарди ва баъзан ҳатто авваллари Суслов маъқуллаган қарорлар ёхуд ечимларни ҳам бекор қилиб юбораверар эди. Марказқўм котибиятининг мажлисида эса ҳамма асосий амалий масалалар, шу жумладан, кадрлар масаласи ҳам кўриб чиқилиб, улар юзасидан қарорлар қабул қилинарди. Кейинчалик Андропов ҳамкасабаларидан бирортаси билан мунозарага киришар экан, овозини кўтармасдан, лекин комил ишонч билан койишни ўрганиб олди:

– Мен ҳам давлатнинг энг кейинги одами эмасман.

Хрушчев олиб ташлангандан кейин Андропов фавқулодда мушкул аҳволга тушиб қолди. Бунинг устига-устак, ўша 1964 йилда унинг ҳомийси Отто Куусинен вафот этди. Андропов яккаланиб қолди. У тақдири нима бўлишини, янги раҳбарият уни суриб қўйиш-қўймаслигини билмасди.

Шелепиннинг бақувват гуруҳига у кирган эмасди. Ҳукуматнинг янги раҳбари Косигин билан-ку муносабатлари жуда совуқ эди. Мамлакатнинг бош мафкурачиси бўлиб олган ва жуда катта салмоққа эга бўлган Суслов ҳам Андроповни ёқтирмас эди.

Академик Александр Николаевич Яковлев шундай ҳикоя қилади:

– Мен Канадада элчи бўлиб турганимда ўн уч кишини жосусликда айблаб, мамлакатдан чиқариб юборишди. Ўшанда Андропов КГБнинг раиси эди. У Сиёсий бюрода мени ишдан олиб ташлашни талаб қилди. Менинг Марказқўмдан кетишимга дахлдор бўлган Суслов анча кескин оҳангда деди: “Ўртоқ Андропов, агар хотирам панд бермаётган бўлса, ўртоқ Яковлевни Канадага элчи қилиб КГБ тайинлаган эмас эди, шекилли”. Андропов тахта бўлиб қотиб қолди. У Сусловдан қўрқар эди. Андроповнинг мухлислари ҳисоблайдики, уларнинг шефи Брежнев ҳокимият тепасига келгандан кейин содир бўлаётган консерватив бурилишлардан қаттиқ хавотирга тушган. Лекин бунчалик бўлмаса керак. Мабодо у ташвиш чеккан бўлса, биринчи навбатда, ўзини ўйлаб, мени четга суриб қўйишмадимикин” деб ташвиш чеккан, умуман, унинг жавобини бериб юборишларидан қўрққан. У ҳар нима қилиб бўлса ҳам, Брежневга манзур бўлишга ҳаракат қилган. Георгий Арбатовнинг эслашича, агар бошлиқлар танқид қилса, Андроповнинг кайфияти жуда тушиб кетар, хатто у ўзини йўқотиб ҳам қўярди. У бошлиқлардан қўрқар эди. 1965 йилнинг январида Марказқўм ҳайъатида совет ташқи сиёсати муҳокама қилинади. Синфий ёндашишнинг етишмаслиги учун Андроповнинг роса пўстагини қоқишади. Уни, айниқса, Шелепин билан Косигин жуда қаттиқ танқид қилишади. Улар ташқи ишлар масаласида жуда қаттиқ позицияда туришарди. Андропов ёмонотлиққа чиқиб қолди. Бу кечинмалар унга жуда қимматга тушди. Уни “гипертоник хасталик, миокард инфаркти” деган ташхис билан Марказий клиникага ётқизишади. Врачлар Андроповни ногиронликка ўтказишни таклиф қилишади, бироқ бу сиёсий фаолиятни йиғиштириб қўйиш билан баробар эди.

Айни ўша кезларда Андроповни муолажа қилишга ёш врач Евгений Чазовни олиб келишади. Кейинчалик у академик даражасига кўтарилади ва СССР Соғлиқни сақлаш министрлиги қошидаги Тўртинчи бош бошқармага, яъни Кремль тиббиётига раҳбарлик қилади.

Чазов Андроповда на инфаркт, на гипертоник хасталик бор, деган тўхтамга келади. Оғир белгилар – буйракдаги хасталикнинг натижасидир. Чазов дориларни тўғри танлай билди ва бир неча кундан кейин кардиограмма жойига тушиб қолди.

Андропов бир неча ой касалхонада ётиб тузалиб чиқди ва 1967 йилнинг баҳорига келиб ўзини бутунлай соғлом ҳис қилди.

КГБга ишга тайинланиши унинг учун мутлақо кутилмаган бир иш бўлди деб ёзади ўша пайтда Брежневнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Александр Агентов. Андропов Брежневнинг кабинетидан батамом ҳанг-манг ҳолатда чиққан. Ўша чоғда Александр Агентов Бош котибнинг қабулхонасида экан. Андроповнинг аҳволини кўриб сўрапти:

– Хўш, қалай, Юрий Владимирович, табрикласак бўладими ёки?..

– Билмадим, – дебди Андропов. – Фақат шуни биламанки, мени тарих ғилдираги яна бир марта босиб ўтди.

Юрий Владимирович чиндан ҳам бу вазифада ишлашни хоҳлаган бўлиши ҳам мумкин. У йилларда Марказқўм котиблигидан КГБ раислигига ўтиш пастроқ рутбага тушиш деб ҳисобланган. Унинг ҳали хабари йўқ эди – бу мансаб уни мамлакатдаги энг дасти узун одамлардан бирига айлантиради ва вақт-соати келганда уни Бош котиб ўриндиғига ўтказади. Сиёсий бюро мажлисида Брежнев Андроповни КГБнинг раиси қилиб тайинлаш тўғрисида таклиф киритганда у зўр-базўр шундай деган экан:

– Шу ишни қўяқолсак қандай бўларкин? Бу масалаларга менинг тишим ўтмайди. Бу қийин ишни ўзлаштириш мен учун жуда оғир бўлади.

Ўз-ўзидан равшанки, ҳеч ким унинг гапини инобатга олмаган. Сиёсий бюронинг кўпчилик аъзолари билан Брежнев аввалдан келишиб олган эди. Қолган аъзолар “миқ” этиб гап қайтаришга журъат қила олмадилар – модомики, Бош котиб шундай деб ҳал қилгандан кейин шунақа бўлади-да!

Унинг садоқатли ёрдамчиси Владимир Александрович Крючковнинг сўзларига қараганда, Андропов КГБга раис бўлишини унга шу таклифни айтишган кундагина билган. Крючков шундай ҳисоблайдики, Брежнев Косигиннинг кўнглини олиш учун Андроповни Марказқўм аппаратидан четлаштирган.

Ҳукумат бошлиғи билан Андропов ўртасидаги муносабатлар ўта мураккаб эди. Улар алланечук бир-бирлари билан шахсан чиқишмас эди. Аммо энг муҳими шундаки, улар ўртасидаги ихтилоф аниқ сезилиб турадиган сиёсий заминга эга эди. Андроповнинг ёрдамчилари Косигин таклиф қилаётган ислоҳот суръатлари на фақат оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, балки ижтимоий-сиёсий тузумга ҳам путур етказади деб унинг қулоғига қуйишди ва у бу гапга ишонди. Бошқача қилиб айтганда, Андропов Косигиннинг ислоҳотларидан чўчиган, ҳолбуки, улар жуда ҳам меъёрдаги ўртамиёна ислоҳотлар эди. Шундоқ экан, қандай қилиб, Андропов 1982 йилда Бош котиб бўлгандан кейин жамиятимизда муҳим ислоҳотлар ўтказиш ниятида эди деган гапга ишонмоқ мумкин?

“Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” фильмида герман разведкасининг бошлиғи Шелленберг ролини фавқулодда зўр маҳорат билан ижро этган Олег Табаков кейинчалик гапириб берган эди. Фильмнинг кўригидан кейин Андропов уни бир чеккага олиб бориб шундай депти:

– Олег, ролни бунақа ижро этиш виждонсизликдир.

Бироқ Брежнев Андроповни КГБ раислиги мансабига қўяр экан, бу билан у Косигиннинг эмас, ўзининг кўнглини хуш этмоқчи эди. Леонид Ильич одамларни жуда яхши танир эди, у ўзига ким содиқ, ким содиқ эмаслигини яхши биларди.

У энг муҳим мансабга ўта садоқатли одамни қўйган эди. Бу томондан Брежневга то сўнгги кунларигача ҳеч қанақа хавф-хатар таҳдид солмаган. Лекин шунга қарамай, у ҳар эҳтимолга қарши Андроповнинг муовинлари қаторида иккита ўзига содиқ ва ишончли одамни сақлаб турган. Булар генерал Цвигун ва Циневлар бўлиб, Андроповнинг ҳар бир қадамини Брежневга етказиб туришган. Андроповнинг Косигинни ёқтирмаслиги эса Брежневга жуда-жуда маъқул эди.

КПСС Марказқўми Сиёсий бюросининг собиқ аъзоси Вадим Андреевич Медведевнинг ёзишича, Андропов Брежневга астойдил жону жаҳони билан хизмат қилган. У бирон одамнинг, шу жумладан, Косигиннинг ҳам бирон мустақил фикр айтишга уринишларига мутлақо йўл берган эмас.

КГБ раиси

1967 йилнинг 19 майида Андроповни Семичастнийнинг ўрнига КГБга раис қилиб тайинлашади. Бу лавозимда ўн беш йил ишлади – то 1982 йилгача КГБ раиси бўлди. Шу тарзда Андропов Лубянка хўжайинлари ичида бу мансабда энг кўп ишлаган одам сифатида рекорд қўйди. КГБдан кетганда ҳам кўтарилиб кетди, унгача бу фақат Берия билан Шелепингагина насиб этган эди. Бир ойдан кейин Марказқўм пленумида уни Сиёсий бюро аъзолигига номзод қилиб сайлашади. Лаврентий Павлович Берия ва Семен Денисович Игнатьевдан кейин Андропов ана шу юксак партиявий унвонга сазовор бўлган давлат хавфсизлиги раҳбарларининг биринчиси эди.

Бу Брежневнинг туҳфаси эди, Андропов хоҳламаган ишга тайинлангани учун тўланган бадал ҳақи ва айни чоғда келажак учун аввалдан берилган аванс ҳам эди. Лубянкада Андроповнинг ўзини тутиши бенуқсон бўлган эди. У Брежневнинг содиқ сафдоши эди, бирор лаҳза ҳам Леонид Ильичнинг партия ва давлат тузумига раҳбар бўлиши кераклигига шубҳа қилишга ўзига эрк бермагани эди. Хрушчевдан кейин ҳокимиятни гўё уч киши бўлишиб олишгандай кўринарди. Брежнев – партиянинг раҳбари, Косигин ҳукуматнинг бошлиғи, Олий Совет Подгорнийнинг қўлида. Тўғри, Брежнев мамлакатда жуда катта обрў-эътиборга эга бўлган Косигинни йўқотишга анча вақтгача журъат қилолмай юрди, лекин охир-пировардида уни ҳам ўзининг днепропетровсклик ошнаси Николай Александрович Тихонов билан алмаштирди. Брежнев ўзига садоқатли эмасдай кўринган ва давлатга раҳбарлик қилишга даъво қилиши мумкин бўлган ҳамма одамни аста-секин бир чеккага суриб қўйди. У Украина Компартияси Марказқўмининг биринчи котиби Петр Николаевич Шелестни, РСФСР ҳукуматининг бошлиғи Геннадий Иванович Вороновни ва Министрлар Совети раисининг биринчи муовини Дмитрий Степанович Полянскийни бартараф қилди. Баҳслар, мунозаралар вақтида Андропов ҳаммавақт Брежнев ёнинини олар ва бошқаларнинг ҳам унга садоқат билан иш юритишларини қаттиқ тергаб турарди.

Ўша кезларда Сиёсий бюро аъзоси бўлган ва Москва вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Виктор Васильевич Гришин шундай эслайди:

“Ҳаммаси ва ҳамма нарсага у шубҳа-гумон билан ишонқирамай қарар эди. Брежнев ёқтирмаган одамларга у ҳам жуда салбий муносабатда бўларди. Юрий Владимирович бу масалада яқин-яқинларда ўзи таъзим бажо келтириб юрган одамларни ҳам аяб ўтирмас, уларни ҳам бажону дил чўктириб юбораверарди. 1970 йил 25 декабрида у Марказқўмга шундай мактуб билан мурожаат қилган:

“Сўнгги пайтларда Н.С.Хрушчев номига хусусий одамлардан ва капиталистик мамлакатлардан катта миқдорда мактублар ва хат-хабарлар келиб турипти. Уларнинг кўп қисмини Янги йил ва Рождество байрами билан табриклаб юборилган откриткалар ташкил қилади. Уларнинг айримларида диний характерга эга бўлган иборалар мавжуд, уларда Хрушчев Инжил “қаҳрамонлари” билан қиёсланади.

Мактубларнинг муаллифлари Н.С.Хрушчевга “тинчлик курашчиси сифатида ва антисемитизм душмани сифатида” мурожаат қилишади ва унинг беморлиги муносабати билан ҳамдардлик билдиришади. Бунга ўхшаш хат-хабарлар ва мактублар бир томонлама характерга эга эканини ва хориждаги бузғунчи кучлар томонидан уюштирилаётган бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, Н.С.Хрушчев номига келаётган бундай хат-хабарлар миқдорини чеклаш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман…”

Бу мактубда алланечук ғайриинсоний ва қабиҳ бир руҳ бор. Андропов бу ўринда “душманлик фаолияти”дан асар ҳам йўқлигини жуда яхши тушунарди. Дунёнинг ҳар хил бурчакларида истиқомат қиладиган турли одамлар Хрушчевга мактублар йўллашар экан, нафақага жўнатилган кекса одамга бирон оғиз илиқ гап айтишга, шу билан унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилишарди. Бу хат-хабарлар соф инсоний туйғулар таъсирида ёзилган эди. Аммо Андропов собиқ доҳийга қаттиқ ботадиган бирон ғаламислик қилиш имконияти пайдо бўлганидан уни қўлдан чиқармади. Ҳолбуки, бир вақтлар Андропов ўз ҳамкасабаларидан бири билан холи гаплашганида ҳеч ким ва ҳеч нарса уни мажбур қилмаган бир шароитда Хрушчев тўғрисида завқ-шавқ билан шундай деганди:

– Бу одамни катта ҳарфлар билан ёзиш керак бўлган ҳақиқий коммунист деса арзийди.

Гришин Андропов тўғрисида шундай деб ёзади:

“Андропов гарчи писмиқ одам бўлса-да, ўзини камтар тутар ва ўртоқларига диққат-эътибор билан қарарди. Баъзан ҳаддан зиёд эҳтиёткор бўлиб кетар эди. Масалан, ишга кетаётган ёки ишдан қайтаётган пайтларда ҳар гал ҳар хил йўллардан юрган, машиналарини тез-тез алмаштириб турган. Унга мутакаббирлик ҳам бегона эмас эди – баъзан манманликка берилиб кетар, ўзига ҳаддан зиёд бино қўйиб юборар, димоғдорлик ҳолатлари ҳам сезиларди. Л.И.Брежнев билан жуда яқин эди. Хизматда ҳам, уйда ҳам истаган вақтда уни ҳузурига кира оларди. Ҳамма масалалар бўйича ахборотни ва таклифларни унга шахсан ўзи айтарди. Уларнинг айримларигина кейинчалик КПСС Марказқўмининг Сиёсий бюросида кўриларди”.

Олий рутбалик амалдорларнинг ҳаммаси иш кабинетларида хуфия равишда гап-сўзларни ёзиб оладиган аппаратлар борлигини ва телефондаги гап-сўзларни назорат қилинишини билар эдилар ва фаолиятларида буни инобатга олардилар. Шунинг учун улар ғоятда эҳтиёткор эдилар ва кабинетларида хатарли гапларни гаплашмас эдилар. Энг хавфлиси – Бош котиб ҳақида бирон ёмон гап айтиш эди. Бунинг оқибати ҳамиша ишдан ҳайдалишга олиб келарди.

“Барвиха” санаторийсида Сиёсий бюро аъзолари учун махсус бино қурилган эди. Бу ерда хизмат қилувчилар дам олишдаги Сиёсий бюро аъзоси тўғрисида билган, эшитган ва кўрган нарсаларининг ҳаммасини, унинг ўзини қандай тутишлари, кимлар билан учрашгани, кимга нималар деганини санаторийда ишлайдиган КГБ ходимига оқизмай-томизмай айтиб беришлари керак эди. Андропов қўлтиғида семиз папкаси билан деярли ҳар куни Брежневнинг ҳузурига келарди. Расмий қоғозлар Марказқўмга умумий бўлим орқали етиб келарди. Аммо энг муҳим материаллар тўғрисида Андропов Бош котибга шахсан гувоҳларсиз ахборот берарди.

Виктор Гришин ёзади:

“Ўйлайманки, бизнинг ҳар биримиз тўғримизда, Сиёсий бюронинг ҳар бир аъзоси ва аъзоликка номзод тўғрисида, шунингдек, марказда ва жойлардаги ҳамма раҳбарлар тўғрисида КГБда махсус папкалар бор эди. Тахмин қилиш мумкинки, Л.И.Брежневнинг Сиёсий бюро аъзолари даврасида айтган бир гапи шу ҳол билан боғлиқ эди:

– Сизнинг ҳар бирингиз тўғрисида қўлимда материаллар бор…

На фақат телефонларгина хуфия тингланарди. Техника ёрдамида КГБ партия ва ҳукумат раҳбариятининг ҳамма аъзолари уйларида ва чорбоғларида нималар тўғрисида гапиришларидан огоҳ бўлиб турарди. Бир куни шахсий суҳбатда Ю.В.Андропов шундай деган эди:

– Телефондаги сўзлашувларни ва тўғри гап-сўзларни менинг соҳамда ёш-ёш қизлар ўтириб эшитишади. Баъзан одамлар гапирадиган гапларни ёки уйларида кўрсатадиган нағмаларини эшитиб, қиз бечоралар қийналиб кетишади. Ахир, бу гап-сўзлар кечаю кундуз узлуксиз олиб борилади-да.

КГБ ходимларининг тасдиқлашига кўра, партия аппаратида ишлайдиган одамларнинг телефондаги гап-сўзларини хуфия тинглаш ва уларнинг гурунгларини ёзиб олиш КГБ ходимларига ман қилинган экан. Аммо бу тақиқларга чап бериш осон эди – партия аппарати ходимининг эмас, у гаплашаётган одамнинг телефондаги гапи тингланарди, тамом-вассалом.

Валентин Фалин бир куни унга Андропов қўнғироқ қилганини ва Марказий Қўмитанинг халқаро ахборот бўлимида хизмат қиладиган бир маслаҳатчини ишдан бўшатиш кераклигини айтипти. Негаки, КГБ унинг бир немис дипломати билан “шубҳали” мазмундаги суҳбатини ёзиб олган экан. Бир элчини Андропов хорижга юборилмайдиган қилиб қўйипти, чунки у аллақайси даврада “Ғарбда ақлли одам хор бўлмайди” деган экан. КГБ ходимлари бу гапни ёзиб олиб, Андроповга кўрсатишипти ва у шу заҳотиёқ муайян қарор қабул қилипти. Ҳаммани қўрқитиб олган Андроповнинг ўзи ҳам қўрқар эди.

Виктор Гришин ёзади:

“Юрий Владимировичнинг консерватизми унинг шахсий ҳаётида, феъл-атворида ҳам намоён бўлар эди. У жуда писмиқ эди, ичимдагини топ деб ўтираверарди, одамларга ишонмас эди, ҳар нарсадан чўчийверарди. Унинг шахсий ҳаёти ҳам бошқаларнинг кўзидан яширин кечарди, у хизматдош ўртоқлари билан шахсий мулоқотларда бўлишни истамасди. Мен уни дўстлар даврасида дастурхон тепасида атиги икки-уч марта кўрганман, холос. Бу – Янги йилни кутишда ёки Сиёсий бюро аъзоларидан бирортасининг туғилган кунида рўй берган эди. Ўшанда ҳам бу йиғинларга Андропов Л.И.Брежнев борсагина борарди”. Ю.В.Андропов бир хил тусда кийинарди, қишда ҳам, кузда ҳам бир хил узун қора рангдаги пальто устидан тушмас, тим қора ёхуд тўқ ҳаворанг костюм кияр, тўқ кулранг шляпани эса ҳатто иссиқ ёз кунлари ҳам ечмасди. Ҳокимиятнинг учта юқори табақасида – Сиёсий бюро аъзолари, аъзоликка номзодлар ва Марказқўм котиблари ўртасида ҳеч қанақа шахсий муносабатлар йўқ эди. Партия раҳбарлари ўртасида ҳам амалда ҳеч қандай шахсий муносабатлар йўқ эди. Улар бир-бирларини хушлашмас ва ўз-ўзидан аёнки, ҳеч кимга ишонишмас эди. Сталин Сиёсий бюро аъзоларининг ўзи иштирок этмайдиган йиғилишларини ёмон кўрарди. Бу борадаги ҳадик – Бош котибдан қўрқиш ўша замонлардан сақланиб қолган. Агар иш юзасидан бўлмаса, ҳеч ким ҳеч ким билан учрашмас эди.

Михаил Сергеевич Горбачёв Сиёсий бюро аъзоси бўлгандан кейин Андропов билан ёнма-ён дала боғига жойлашганини ёзади. Бир куни уни хотини Татьяна Филипповна билан бирга уйига тушликка таклиф қилипти. Андропов таклифни рад этипти ва буни шундай изоҳлапти:

– Агар мен сеникига борадиган бўлсам, эртагаёқ ҳаммаёқда дув-дув гап бўлиб кетади, ким, қачон, ким билан, нимани муҳокама қилишди? деб роса чайнашади. Мен сеникига етиб бормасимданоқ Леонид Ильичга етказишади…

Генерал Кирпиченко Андроповнинг ўта эҳтиёткор одам бўлганини ёзади. У ўз ваколати доирасидан чиқиб кетяпти деган таассурот туғилмасин учун Андропов зиммасига ортиқча масъулият олмас эди. Сал-пал муҳим бўлган ҳар қандай масала бўйича дарҳол Марказқўмга ахборот ёзарди…

1974 йилда Ленинград вилоят қўмитасининг биринчи котиби Григорий Васильевич Романов иккинчи қизини узатади. Тўй унинг дала ҳовлисида бўлиб ўтган. Лекин орадан кўп ўтмай, бутун мамлакат бўйлаб миш-мишлар тарқади: тўй бениҳоя катта дабдабалар билан ўтганмиш, ҳатто бебаҳо идиш-товоқлар Эрмитаждан олинган эмиш, бадмаст меҳмонлар бебаҳо сервисни чил-чил қилиб синдиришганмиш… Бу миш-мишларни баъзи бир ғарб радиостанциялари ёзиб олиб эшиттиришди. Буларнинг бари чет элда ўзига қарши уюштирилган фитнанинг оқибати эканига Романовнинг ишончи комил эди.

Партиявий-ташкилий ишлар бўлимининг собиқ ходими Валерий Легостаев Романовнинг Андроповга ёрдам сўраб мурожаат қилганини ёзади:

“Радиода амалга оширилган бу иш Ғарбдаги махсус хизматларнинг розилиги ва фатвоси билан қилинганини Андропов тасдиқлаган. Бундан кузатилган мақсад СССРнинг олий рутбали раҳбарияти таркибида Ленинград вилояти қўмитасининг биринчи котиби эгаллаб турган мавқега путур етказиш бўлган.

Г.В.Романов Ю.В.Андроповдан бу тўғрида КГБ номидан расмий баёнот беришни илтимос қилди. Бунга Андропов шундай жавоб берди:

“Улар бехосдан акса уриб юборса ҳам, биз уларга жавоб бераверамизми? Парво қилма, ишлайвер”.

Андропов Романовни ёқтирар эди. Юрий Владимирович Бош котиб бўлганидан кейин Романовни Москвага ўтказади. Аммо КГБнинг раиси сифатида у Сиёсий бюро аъзоларидан бирининг тақдирига кўмаклашишни истамади. Ахир, бошқаларда Андропов ўз гуруҳини тузяпти деган таассурот қолиши мумкин эди-да. Агар Брежневда шунақа гумон туғиладиган бўлса, Андроповга ҳам Шелепиннинг кетидан кетишга тўғри келарди. У столидан жудо бўларди.

Итни заҲарламоҚ лозим

Андропов КГБга тайинлангандан кейин бир неча кун ўтгач, Семён Кузьмич Цвигун унинг муовини бўлди, Георгий Карпович Цинев эса коллегия аъзоси бўлди. У айни чоғда Иккинчи бош бошқармага раҳбарлик ҳам қилар эди. Бунга қадар эса Цинев Учинчи бошқарма (ҳарбий контрразведка)га раҳбарлик қилар эди. Энди унга бошлиқ этиб Виталий Васильевич Федорчук тайинланди. Кадрлар бошқармасининг бошлиғи этиб эса Украина Компартия Днепропетровск вилоят бўлимида иккинчи котиб бўлиб ишлаган Виктор Михайлович Чебриков тайинланди. Моҳиятан олганда, Давлат хавфсизлиги қўмитасининг ҳамма раҳбариятини ўзгартиришди. Шу жумладан, Тўққизинчи бошқарма бошлиғи (Бош котибнинг шахсий соқчилари ва Сиёсий бюронинг қўриқчилари) ҳам янгиланди.

Тўққизинчи бошқарманинг бошлиғи тўғридан-тўғри Бош котибга бўйсунарди ва топшириқларни бевосита унинг ўзидан оларди. Агар у ўзи хоҳласа, қилаётган ишлари тўғрисида КГБ раисига ахборот берар, хоҳламаса – бермасди.

Андропов бошиданоқ комитетда ўз мавқеини тўғри қўя олди. КГБнинг эллик йиллиги муносабати билан 1967 йилнинг декабр ойида кўпни кўрган Семён Кузьмич Цвигун янги раиснинг уйига бир яшик коньяк жўнатди. Унинг хотини Татьяна Филипповна коньякни олиб келган одамга деди:

– Семён Кузьмичга айтиб қўйинг, – Юрий Владимировичда бу коньякдан фойдаланиш имконияти йўқ. Шундоқ бўлгандан кейин яшикни қайтариб олиб кетаверасиз…

Бу гап бутун комитетга тарқалади ва раисга бошқа совға-салом олиб келишмайди.

Вадим Кирпиченконинг ёзишича, Андропов билан бирга Марказий Комитетдан унинг бир гуруҳ ёрдамчилари ҳам комитетга ўтишади. Кейинчалик уларга генераллик унвонлари берилади. Бу гуруҳ шахсан унга жуда садоқатли эди ва раисга нисбатан бирон ғаламислик ёки нохайрихоҳлик пишиб келмаяптими деб қаттиқ кузатарди. У ходимлари билан гаплашаётганда бехосдан бирор бошлиқни қаттиқ койир эди-да, кейин унинг нима дейишини кутиб турарди. Ҳойнаҳой, у теварагида турган одамлар тўғрисида қўшимча ахборот олишга эҳтиёж сезган бўлса керак.

Янги раис ўз тобеинларига топқирлиги билан кўп манзур бўлди. Биринчи бош бошқармада хизмат қилган генерал Олег Данилович Калугин битта жиддий операцияни таърифлаб берган. КГБдагилар америкаликларнинг совет резидентининг хотинини ёлламоқчи бўлишаётгани тўғрисида хабар олишади. Бу аёлнинг жинсий иштиёқларида одатдагига хилоф ғаройиб жиҳатлар бор экан – у ўзига шерик қилиб итни танлаган экан.

Кенгашни Андроповнинг ўзи ўтказипти. КГБ раиси ғоятда дадил бир таклифни айтипти – у итни заҳарлаб ўлдиришни таклиф қилипти. Аммо бизнинг совет дорилари итнинг бақувват организмига таъсир кўрсата олмапти. Дорининг кучи шунга етиптики, ит фалаж бўлиб қолипти, холос. Буни кўриб, итнинг эгаси – бояги аёл қаттиқ қайғурипти.

Андроповнинг КГБга келиб қилган энг катта иши шу бўлдики, у бу муассасанинг кўламини жуда кенгайтирди. Хрушчев замонида ўтказилган штатлар қисқартирилиши туфайли етган зарарлар ўрнини қоплади, комитетда ишлайдиганлар сонини тиклади ва аппаратни янада кенгайтирди. Н.С.Хрушчевнинг чекистларга ва уларнинг муассасасига беписанд муносабати туфайли комитетнинг пинҳона ҳокимиятидан анча путур кетган эди. Андропов Комитетнинг ана шу ҳокимиятини қайта тиклади.

КГБ раисининг собиқ биринчи муовини Филипп Денисович Бобковнинг китобидан КГБнинг маҳаллий органлари нима билан машғул бўлганини билиб олиш мумкин. Масалан, бирор аёл дам олгани скамейкага ўтирди, дейлик. У ёнига хорижий турист келиб ўтирганидан бутунлай бехабар. Уни шу заҳотиёқ хорижлик одам билан мулоқотга киришган сифатида рўйхатга олиб қўйишади. Шунинг ўзи бу аёлни ишга олишда чекловлар қўймоқ, унинг хорижга чиқишини тақиқламоқ учун мутлақо кифоя эди.

Андроповгача КГБ Министрлар Совети қошидаги Давлат қўмитаси эди. Андропов келгандан кейин КГБни ҳукуматга тобеликдан бутунлай халос этишади ва у жўнгина СССР КГБси деб атала бошланади. Андропов ўз тобеинларининг моддий фаровонлиги тўғрисида ҳам кўп ғамхўрлик қилар эди ва улар ҳам бунинг эвазига бекаму кўст садоқат билан жавоб берар эдилар. Бироқ Комитетнинг обрўйи кўтарилганидан улар янада мамнун эдилар. Сталин даврида давлат хавфсизлиги қилган ярамас ишлар ҳақидаги гап-сўзлар орқада қолиб кетди. Органлар тарихида фақат инқилоб шунқори Феликс Эдмундович Дзержинскийнинг ёрқин образигина қолди ва КГБда хизмат қилиш ҳавас қиладиган ишга айланди. Юрий Владимирович кам нутқ сўзларди, сўзлаганда ҳам босиқлик билан шошмай, секин гапирарди. Унинг тобеинларининг мутлақ кўпчилиги ўз раисларини тириклигида бирон марта ҳам кўришган эмас. Раис уларнинг тасаввурида осмоннинг еттинчи қаватида ўтирадиган буюкларнинг буюги эди.

КГБда хизмат қилиш романтик иш бўлиб кўринарди. Бу ерда ишлаганлар ўзларининг фавқулодда одамлар эканига астойдил ишонишар, бошқаларнинг ақли етмайдиган яширин нарсаларга, катта сирларга дахлдорликлари важидан димоғлари шишиб юрарди. Ҳолбуки, қуйи ходимларга ҳеч қанақа ахборот берилмас, улар ҳеч нарсадан воқиф қилинмасди. Бошлиқлар қўллари остидаги ходимларнинг бевосита бажарадиган ишларидан ташқари бирон нарсадан хабардор бўлишларини истамас эдилар. Бунинг эвазига уларга катта маош тўланар, квартиралар берилар, тансиқ озиқ-овқат маҳсулотларига буюртма олинарди. КГБнинг поликлиникаси, госпиталлари, ательелари, дам олиш уйлари ва санаторийлари бор эди. Бу санаторийларда ходимлар деярли бепул дам олишарди.

Андропов даврида КГБда генералга хизмат қиладиган лавозимлар жуда ҳам кўпайиб кетди. Ҳарбий контрразведкада ҳамма бўлим бошлиқларининг лавозимларини генераллар ишлайдиган лавозимга айлантирдилар. Ҳатто уруш йилларида ҳам бунақаси бўлмаган эди. Андроповнинг тўртта муовини армия генерали бўлиб қолди. Бу саркардаларга бериладиган унвон, уруш йилларида кўпгина машҳур генераллар ҳам бу унвонга сазовор бўлган эмас. Лубянкада эса ардоқли юлдузларни орқа-олдиларига қарамай улашаверар эдилар.

Андроповнинг оператив техника бўйича Николай Павлович Емохонов деган муовини бўлар эди. У алоқа қўшинларида хизмат қилган, 1945 йилда Ғалаба парадида иштирок этган, фурсати билан 108 рақамли Илмий-тадқиқот институтига раҳбарлик қилган, техника фанлари доктори деган илмий даража учун диссертация ёқлаган, Ленин мукофоти ва Давлат мукофотларининг лауреати бўлган. Андропов уни 1968 йилда бошқарма бошлиғи қилиб ишга олган, кейин эса ўзига муовин қилиб олган ва армия генерали унвонини берган.

Андропов КГБнинг маҳаллий органлари тармоқларини кенгайтирди, мамлакат ҳаётининг ҳамма томонларини қамраб олмоқ учун марказий аппаратда янги бошқармалар ташкил қилган. Лекин у дарҳол ўзининг нуқтаи назаридан энг муҳим бўлган масалани – жамиятнинг маънавий ҳолати устидан назоратни ажратиб олган.

Венгрия тажрибаси унга социализм учун хавф мафкуравий занглаш туфайли юзага келишини доим эслатиб турган.

Андропов янги лавозимда ишлар экан, оддий фуқароларнинг назаридан панада қоладиган кўпгина янги муаммолар унинг нигоҳи қаршисида намоён бўлди. Фуқаролар бу муаммолардан фақат Горбачёв давридагина хабардор бўлишади ва уларни, хусусан, миллий муносабатлар соҳасидаги жуда жиддий проблемаларни яқинда пайдо бўлган янги муаммолар деб қабул қиладилар.

ГДР разведкасининг ўша пайтдаги бошлиғи генерал-полковник Маркус Вольф Андропов билан кўп марталаб учрашган эди. Бир гал у Москвага ёрдам сўраб учиб келди. У ўзининг агенти Гюнтер Гийомни озод қилиш ниятида эди. Шу одам туфайли Ғарбий Германия канцлери Вилли Брандт истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди. Буни амалга оширса бўларди, лекин бунинг учун Москва Исроилга кетаман деб оёқ тираб туриб олган физик Шаранскийнинг кетишига рухсат бермоғи керак эди. Аммо бунинг ўрнига Шаранскийни жосусликда айблаб, катта муддатга қамоққа ҳукм қилишган эди. Маркус Вольф Андроповни бу масалада фикридан қайтармоқчи бўлади, бироқ кўрадики, бутун Кремль нима учундир тиш-тирноғи билан Шаранскийга ёпишиб олган.

– Ўртоқ Вольф, – дейди унга Андропов, – агар биз шундоқ бир сигнал берсак, бу нималарга олиб келиши мумкинлигини наҳотки тушунмаётган бўлсангиз? Бу одам жосус, лекин бундан ҳам муҳими шундаки, бу одам – яҳудий. У яҳудийлар ҳимояси учун кураш олиб бормоқда. Агар биз яҳудийларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашадиган Шаранскийни озод қиладиган бўлсак, бошқа халқлар ҳам ундан ибрат олиб, шу йўлдан кетишлари мумкин. Навбатдагиси ким бўлади? Немисларми? Волга бўйими? Қрим татарларими? Қолмиқларми? Чеченларми? Агар биз ҳамма тўсиқларни олиб ташлаб, йўлни кенг очиб қўйсак, халқ ҳамма дардлари ва даъволарини дастурхон қилиб ёйиб ташлайди. Улар лава каби устимизга ёпирилади, унда биз бу лавани тўхтатиб қолишга ожизлик қилиб қоламиз.

Бешинчи бошҚарма: унинг авра-астарини кЎринг

Андропов Лубянкага келгандан кейин бир ой ўтар-ўтмас Марказқўмга мактуб йўллайди. Унда қўпорувчи кучларнинг яширин фаолияти анча маҳобат билан тасвирланган. Бу фаолият яширин аксилшўровий гуруҳлар тузишга миллатчилик тамойилларини аланга олдиришга, черков ходимлари ва мазҳабпарастларнинг реакцион фаолиятини жонлантиришга йўналтирилган. Мактубда “бизга ёт бўлган мафкуравий таъсир остида шўро фуқароларининг сиёсий жиҳатдан пишиб етмаган бир қисми ўртасида, айниқса, зиёлилар билан ёшлар орасида сиёсатга лоқайдлик ва нигилизм кайфиятлари шаклланаётгани ҳақида огоҳлантирилади. Бундан маълум ва машҳур аксилшўровий унсурларгина фойдаланиб қўя қолмайди, балки сиёсий лақмалар ва сафсатабозлар ҳам ўз мақсадлари йўлида фойдаланади. Бу ҳол бундай одамларни сиёсий жиҳатдан зарарли хатти-ҳаракатлар қилишга ундайди”. Андропов марказда ҳам, жойларда ҳам бутун кучини мафкуравий бузғунчиликлар билан курашга сафарбар қиладиган бўлинмалар тузишда давом этди.

1967 йилнинг июлида КГБнинг Бешинчи бошқармаси тузилди. Бошқарманинг биринчи бошлиғи КПСС Ставрополь ўлка қўмитасининг собиқ котиби тайинланди, аммо орадан бир йилдан ошиқроқ вақт ўтгач, унинг ўрнига кўп йиллик тажрибага эга бўлган чекист Филипп Денисович Бобков келди.

Георгий Арбатовнинг ёзишича, Андропов ўзининг ғоясидан жуда мамнун бўлган экан. У шундай депти: энди зиёлилар билан янги одамлар шуғулланишади. Улар бамаъни, ишнинг кўзини биладиган одамлар. Шунақа қилмасак, контрразведка уларга шунчаки жосус қилиб олса бўладиган одамлар сифатида қарамоқда. Шундай катта комитетда жосусларни ушлайдиган одамлар барибир, етишмас эди. Шунга қарамай, уларнинг кўпчилигини бу ишдан халос этдилар ва улар зўр иштиёқ билан зиёлиларнинг пўстагини қоқишга киришишди.

Бешинчи бошқарманинг иши тўғрисида менга 1967 йилдан Бобковнинг қўлида ишлаган подполковник Александр Николаевич Кичихин батафсил гапириб берган эди.

– Бешинчи бошқарма қанақа бўлимлардан ташкил топган?

– Ижодкор зиёлилар билан шуғулланадиган бўлим бор эди. Мен ўзим миллатлараро муносабатлар бўлимида ишлаган эдим. Талабалар ва уюшмаган ёшлар бўлими. Уюшмаган ёшларга панклар, хиппилар ва ўзимиздан чиққан дастлабки фашист ёшлар кирарди. Дин бўлими – энг катта бўлимлардан бири эди. Шахси маълум бўлмаган одамлар ва террористик ниятларни ўйлаб юрган одамлар билан шуғулланувчи бўлим. Бу одамлар, одатда, ишга киришишдан аввал газеталарнинг таҳририятларига дўқ-пўписаларга тўла мактублар йўллашади. Сионизм билан кураш бўлими ҳам бор эди. Бу бўлимга бошқарма бошлиғининг шахсан ўзи раҳбарлик қиларди. Солженицин, Сахаров каби энг кўзга кўринган диссидентлар билан шуғулланадиган бўлим ҳам бор эди. Кейинчалик у мустақил тизимга айланди. “Озодлик” радиостанциясига қарши, Халқ-Меҳнат Иттифоқи (НТС)га қарши кураш олиб борадиган бўлим ҳам мавжуд эди. Яна бир кичкина бўлимча бор эди – у социалистик мамлакатлардаги ҳамкасабаларимиз билан алоқалар масаласига масъул эди.

– Сизнинг қўлингизда қанча одам ишлар эди?

– Мен келганимда икки юзга яқин эди. Бу КГБ Марказий аппаратидаги энг кичкина бўлим эди. Бошқа бўлимларда минглаб одамлар ишлар эди. 1980 йилдаги Москва Олимпиадаси арафасида бошқармада ишлайдиганларнинг сони олти юз кишига етиб қолди. Ҳамма бўлимлар ҳам катталашди. Агар Олимпиадага қадар, масалан, спорт ва спортчилар билан кичкинагина бўлимча шуғулланган бўлса, Олимпиада вақтида бу йўналишга беш юз кишидан ортиқ ходим ташланди.

КГБ ва Олимпиада масаласи алоҳида мавзу. Олимпиадани ўтказмоқ учун КГБнинг Москва шаҳар бошқармаси марказий аппаратдан мадад учун икки минг одам келди. Булардан ташқари яна жойлардан тўққиз юз одам, Орлов алоқа билим юртидан яна тўрт юздан ортиқроқ курсант ва ўқитувчилар ёрдамга келди.

Олимпиададан кейин кўпгина зобитларга орденлар берилди. Пойтахт бошқармасининг бошлиғи Алидин Меҳнат Қизил Байроқ ордени ва СССР Давлат мукофоти лауреати нишонини олди.

– Бешинчи бошқармада кимлар ишларди? Улар КГБнинг Марказий аппаратида нимаси биландир ажралиб турармиди?

– Ҳа, албатта. Бошқа ҳамма бошқармалардан ажралиб турардик. Бизда “тилла ёшлар”, ҳар хил алоқаларга эга бўлган кимларнингдир ўғиллари йўқ эди.

– Сизларнинг бошқармангиз унчалик обрўли эмасмиди?

– Орқасида мададкорлари бор йигитлар, асосан, биринчи бошқармада, разведкада кўп эди, чунки бу иш тўппа-тўғри хорижга олиб борадиган энг ишончли йўл эди. Лекин биз ўз бошқармамизни бошқаларига қараганда энг муҳими деб ҳисоблаймиз.

– Нечук?

– Бешинчи бошқарма жамиятда нималар содир бўлаётганини бошқалардан кўра яхшироқ билар эди. Разведка хорижий ишлар билан шуғулланарди. Контрразведканинг ҳам асосий эътибори хорижликларга, хорижий жосусларга қаратилган эди. Фақат бизгина ҳамма қора ишни бажарар ва жамиятдаги жараёнларни ҳамда кайфиятни ўрганардик. Биз ҳаётни персонал машиналаримизнинг деразасидан қараб ёки хорижий газеталар саҳифаларини ўқиб ўрганмас эдик. Бизнинг ишончимиз комил эдики, жамиятдаги жараёнлар таҳлили мамлакат раҳбариятига жуда-жуда зарур, улар шунга қараб тўғри қарорлар қабул қилади, мамлакат ҳаётида нималарнидир тўғрилашади.

– Сиз бунга чиндан ҳам ишонармидингиз?

– Ҳар битта кенгашда бизнинг қулоғимизга шундай деб қуйишар эди. Ахир, комитетнинг ичида узлуксиз равишда ходимларни психиологик жиҳатдан тарбиялаш иши давом этарди. Юқоридан пастгача ва пастдан юқоригача. Яъни биз бир-биримизнинг мияларимизни тозалаш билан овора эдик. Бизнинг бошқармамизга Филипп Денисович Бобков бошчилик қиларди. У Бешинчи бошқармага ўн беш йил раҳбарлик қилган. Уни КГБ раисининг муовини этиб тайинлашгандан кейин ҳам, бизнинг бошқарма ишларига кўз-қулоқ бўлиб туришда давом этган. Ишга қабул қилинадиган ҳар бир янги одам билан Бобковнинг ўзи суҳбатлашар эди.

– Генерал Бобков ўзгача фикрлайдиганларга қарши кураш учун асосий масъул одам эди.

– Агар Бобков бўлмаганда, бу кураш ўттиз еттинчи йиллар усулида олиб борилган бўларди. КПСС Марказқўмидан келадиган ва оқизмай-томизмай бажарилиши керак бўлган кўрсатмаларни у бироз ўзига хос тарзда – ўзгача фикрловчиларни маҳв этиш эмас, қайта тарбиялашга йўналтирилган ҳолда қабул қиларди. Бобков менинг назаримда ўз соҳасини бекаму кўст биладиган юксак маҳоратли мутахассис. Бироқ у тузум ҳудудларидан ташқари чиқиб кетолмасди. Бу ҳудуд эса бир томондан бошлиқларнинг буйруқлари ва кўрсатмалари билан, иккинчи томондан, қуйидан келадиган ахборот билан белгиланар эди. Мен бошқармада ўн йил мобайнида қатағон қилинган халқлар билан шуғулланганман. Шунинг учун бир мисол келтирмоқчиман. Биз 1969 йилдан бошлаб КПСС Марказқўмига ахборотномалар ёзиб Волга бўйидаги немислар автономиясини тиклаш зарур эканини уқдириб келганмиз.

– Бобковнинг кетиши билан нима ўзгарди?

– Бобков раис муовини бўлиб кўтарилиб кетгандан кейин бошқармада таниш-билишчилик орқасида ишга ўрнашиб олган одамлар кўпайиб кетди. Улар фақат хорижга кетиш билан алоқадор ўринларни эгаллаб олган эдилар. Ижодкор зиёлилар билан иш олиб бориш бўйича тузилган бўлим ҳам табиийки, шунақа ўринлардан бири эди, чунки у ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар, артистлар, шунингдек, спортчилар билан ҳам биргаликда хорижга бориш имконини берарди. Бошқармага уддабурон йигитлар тўпланиб қолганди. Улар бирор “гуноҳ” қилиб қўйган рассомнинг альбомини, буклетларини олиб қўйиб, керакли одамларга улашиб чиқардилар. Ёшлар билан шуғулланадиган бўлим керакли болаларни университетларга жойлаб қўярди. Ҳар йили июль ойида бўлимда керакли одамлар болаларининг рўйхати тузиларди.

– Бошқарма ходимлари мамлакатдаги аҳволни тўғри тасаввур қилармиди?

– Бўлаётган воқеа ва ҳодисалар тўғрисида биз ҳаққоний ахборотга эга эдик. Аммо биз Марказқўм ва Министрлар Советига маълумотномалар ва ахборотномалар жўнатар эканмиз, уларни партия олиб бораётган сиёсатга мос шаклга келтирмоғимиз керак эди. Масалан, Қрим татарлари мамлакатнинг олий ҳокимияти олдига фаоллик билан талаблар қўйишарди, лекин биз экстремистик чиқишларга йўл қўймаслик тўғрисида топшириқ олгандик, яъни террористик актларга, транспорт ишини издан чиқаришга, иқтисодиётга зарар етказилишига, иш ташлашларга йўл қўймаслигимиз талаб қилинарди.

Бу ишларнинг ҳаммасини қилганмиз. Аммо биз яхши билар эдикки, Қрим татарларининг масаласи ечилмагунча уларнинг ҳаракати барҳам топмайди Марказқўмга маълумотномалар жўнатар эканмиз, биз, албатта, экстремистлар тўғрисида ёзар эдик, лекин айни чоғда масалани ҳал қилишнинг сиёсий йўлларини ҳам талаб қилар эдик. Эски майдонда бизнинг ёзганларимизни ўқир эдилар, лекин масалани ҳал қилмасдилар. Биз эса, албатта, оғзаки шаклда. Қамоққа олишлар тўғрисида кўрсатмалар олаверар эдик.

– Бироқ сизнинг фикрингизча, ўз соҳасини яхши биладиган, ҳаётдан ҳам чинакамига хабардор ходим мамлакатимиздаги зиёлилар йўл қўйган нуқсон ва камчиликлар билан қай тарзда кураш олиб борарди?

– Ўзингизни комитетнинг истаган ходими ўрнига қўйиб кўринг. Агар бошлиқлар хавфли деб ҳисоблайдиган нарсани сиз хавфли деб ҳисобламайдиган бўлсангиз оддийгина қилиб сизни даф қилишади. Кўпгина ходимлар бошлиқларнинг фикрига мослашиб оларди, улар эшитмоқчи бўлган гапларни айтиб маълумотномалар беришарди. Агар генерал фалон ёзувчи ёмон деб турса, мен қандай қилиб уни ёмон демаслигим мумкин?

– КГБ қайта қурилгандан кейин Бешинчи бошқарманинг фаолияти ҳақида эълон қилинган материаллар КГБ агентларининг бош суқмаган жойлари қолмаганини кўрсатади. Улар ҳамма уюшмалар таркибига, театрларга, кинога кириб борган эканлар. Бу ҳақиқатан ҳам шундай эдими?

– Бу муҳитдан чиққан баъзи бир одамлар биз билан ҳамкорлик қилишга рози бўлишарди ва комитетдан фойдаланиб, мамлакат раҳбариятининг қулоғига жуда муҳим масалаларни етказишга ва шу йўл билан ҳаётимизни бир даража бўлса-да яхшилашга ҳаракат қилишарди. Бошқа баъзи одамлар эса ҳаётда мавқеларини ўнглаб олишни ёки бирон-бир моддий неъматларга эришмоқни кўзлардилар. Биз уларнинг китобларини нашр эттиришга, хорижга сафар қилишларига, квартира олишларига, телефон қўйиб берилишига ёрдам қилардик.

– Сизлар ўз агентларингизга катта ҳақ тўлардингларми?

– Бизнинг бошқармамизда пул эвазига ишлайдиган агентлар йўқ ҳисобида эди. Биз билан ҳамкорлик қиладиган одамларнинг пулга муҳтожлиги йўқ эди. Ҳа, энди, ёлғон бўлмасин, аёл агентларимизга 8-март кунига гуллар тақдим этардик.

– Ҳақиқатда Бешинчи бошқарма нима билан шуғулланган? Бошқарма машҳур одамларнинг теварагини ўзининг айғоқчилари билан қуршаб олиб, шу тариқа зиёлиларнинг кайфиятини кузатиб борарди.

1970 йилнинг 7 сентябрида Андропов Марказқўмга қуйидаги мактубни йўллайди:

“Давлат хавфсизлиги Қўмитасига шоир А.Твардовскийнинг кайфияти тўғрисида материаллар келиб тушди. Бир хусусий суҳбатда у шундай деган: “Бугун Сталинни оқлашга ҳаракат қилаётган ҳар қандай одамга уят бўлиши керак, чунки бу одамлар нима қилаётганини қалбан ҳис қилмайди. Йўқ, улар нима қилишаётганини билишади, лекин олиймақом сиёсий мулоҳазалар билан ўзларини оқламоқчи бўладилар: сиёсий шароит шуни талаб қилар эмиш, давлат манфаатлари шуни тақоза этармиш… Бу борадаги ғайратлари шу даражада жўшиб кетадики, ўзлари ҳам ўзларининг алмаи-алжаи ёзганларига ишона бошлайди. Мана, кўрасиз – йилнинг охирига бориб, “Литературная газета”да “Новый мир” журнали тўғрисида шарҳ босилади ва унда журналнинг эндиликда нақадар мазмундор ва қизиқарли бўлиб қолгани ҳақида гап сотилади. Нима, бунақа гапларга ишонмайдиган одамлар топилади деб ўйлайсизми? Топилади. Обуна янада ошиб кетади. Бизда “оддий китобхон” деган иборани қўллашни яхши кўришади. Ана шу “оддий китобхон” матбуотда босилган гапга ишонади. У ўнта мақола ўқиб, бизда цензура йўқлиги тўғрисида ахборот олади ва, ўн биринчи мақолани ўқиб, бу гапга чиппа-чин ишонади…

Ахборот тарзида маълум қилиняпти.

Давлат хавфсизлиги қўмитасининг раиси: Б.Андропов”.

КГБ ҳужжатларида варақалар ва аксилшўровий ёзувлар ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда “ҳокимият обрўсини тўкадиган” адабиёт ва санъат асарлари ҳақида тўғридан-тўғри чақувлар ҳам мавжуд. Таганкадаги театр, Ленком театри спектакллари қораланарди – уларда мазмун тагдор экани, совет воқелигини “аллегрик” шаклларда масхара қилишга интилиш мавжудлиги айтиларди. Ҳатто айрим одамларнинг ахлоқий беқарорлиги ҳам кино ва театрларнинг баъзи бир ходимлари учун жуда ардоқли мавзу бўлиб қолгани КГБнинг ғашини келтирарди.

“Экранда ва саҳнада В.И.Ленин образининг ҳар хил бир-бирига зид тарзда талқин қилиниши ҳам жиддий эътирозлар туғдирмай қолмайди. “Бир сайёрада” деган фильмда Ленин ролини артист Смоктуновский ижро этади. Унда Ленин жуда ғаройиб тарзда намоён бўлади. Бу фильмда инқилобчи Ленин йўқ, аксинча, толиққан, ҳаётдан безган зиёли бор”.

“Биз моҳият эътибори билан “Новый мир” журналининг сиёсий жиҳатдан зарарли йўлига чидаб келмоқдамиз. Буни оқлайдиган ҳеч қандай асос йўқ. “Юность” журналининг танқид бўлими ҳеч ким томонидан ҳисобга олинаётгани йўқ ва ҳеч ким бундан зарур хулосалар чиқараётгани йўқ. Журнал сонма-сон шубҳали маҳсулотларни эълон қилишда давом этмоқда…”

Бунақа бадииятдан маҳрум баҳо беришлар КГБнинг асосий вазифасидан нақадар йироқ, тўғрими? Аммо КГБ ўзининг вазифасини айни шундай деб тушунар эди. Мамлакатда жосуслар кам эди, бир ҳовуч жосусни деб шунча кўп одам ишлайдиган улкан муассасани сақлаб туриш – бемаънилик эди. Ҳамма тушунар эдики, партия аппарати ва тузум учун асосий хавф сўз эркинлигида.

Андропов Марказқўмга “самиздат” (хусусий йўл билан китоб нашр этиш) тўғрисида ахборот беради: “Сўнгги йилларда ёшлар ва зиёлилар ўртасида мафкуравий жиҳатдан зарарли материаллар тарқалмоқда. Улар сиёсий, иқтисодий, фалсафий асарлардир. Шунингдек, адабий асарлар, партия ва ҳукумат идораларига, суд ва прокуратура органларига кўпчилик имзо чеккан мактублар, “шахсга сиғиниш қурбонлари”нинг хотираларидир.

Шундай бўлса, бунинг нимаси ёмон? Андропов бундай адабиётнинг тарқалиши “совет халқининг тарбиясига, айниқса, зиёлилар ва ёшларнинг тарбиясига катта зарар етказади” деб исботлашга уринади. Хўш, бунга қарши қандай чора кўрмоқ керак? “Самиздат” фаолиятига дахлдор шахсларнинг кўпчилиги жамоатчилик ёрдамида профилактикадан ўтказилди, бир қанча ашаддий муаллифлар ва совет давлати ҳамда ижтимоий тузумини қораловчи ҳужжатларни тарқатувчилар жиноий жавобгарликка тортилди.

1980 йилнинг 20 декабрида Андропов Марказқўмга Москва талабаларидан баъзи бирлари бастакор Жон Леннон хотирасига бағишланган митинг ўтказиш ниятида экани тўғрисида ахборот беради. Давлат хавфсизлиги қўмитаси томонидан “бу йиғиннинг ташаббускорларини топиш ва воқеалар ривожи устидан назорат ўрнатиш” бўйича чоралар кўрилмоқда.

Бешинчи бошқарманинг кўпгина ҳужжатлари эълон қилинган. Уларга қараб бошқарма ҳақиқатда нима билан шуғуллангани тўғрисида холисона ҳукм чиқариш мумкин. Масалан, унинг ҳисоботларидан бирида маълум қилинишича, Бешинчи бошқарма драматург Виктор Розов ва файласуф Юрий Карякин устидан материал йиққан, СССРнинг Олимпия делегацияси таркибига 16 та айғоқчини (эътибор беринг – айғоқчини! Соқчиларни эмас, яъни совет спортчиларини хавфсизлигини таъминлайдиган одамларни эмас, уларни хуфиёна кузатиб юрадиган одамларни) қўшиб қўйган, композитор Дмитрий Шостакович оиласидаги аҳвол ҳақида ахборот тайёрлаган ва Михаил Жванецкий ижодидаги ғоявий жиҳатдан ғўр ҳолатлар тўғрисида материаллар тўплаган, атоқли олим Сергей Сергеевич Аверинцов устидан иш қўзғаган, Святослав Николаевич Рерих СССРга келганида у билан мулоқотда бўлган совет фуқароларини текширувдан ўтказган.

Ёшгина спортчи қиз ГДР га мусобақага бориши керак экан, лекин КГБ унинг хорижга чиқишига йўл қўймапти, чунки бу қиз “бирон хорижлик одамга турмушга чиқмоқ ниятим бор” деган гапни айтиб юборган экан. Бешинчи бошқарма буни ҳам ўзининг муваффақиятлари қаторига қўшган экан.

Бояги ҳужжатда булардан ташқари Горький номидаги адабиёт институтига ўқишга кирадиган абитуриентлар ҳам текшириб турилгани айтилади. Абитуриентни обрўсизлантирадиган материаллар асосида бир неча киши кириш имтиҳонларига киритилмаган.

“Наш современник” журналида айғоқчилар воситасида муҳожир ёзувчи Лев Копилев тўғрисида унинг Ғарбдаги аксилшўровий марказлар билан алоқасини фош қилувчи материал эълон қилинганини ҳам бошқарма ўзининг ютуқлари қаторида санайди. Мазкур ҳисоботдан биз яна шуни билиб оламизки, Бешинчи бошқармадаги махсус бўлим муҳожиротдаги НТС ташкилоти билан шуғулланган.

– Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари ўртасида НТС нечоғлик жиддий рақиб ҳисобланган? – Мен буни Бешинчи бошқарманинг яна бир собиқ ходимидан сўрадим. У фамилиясини ошкор этмаслигимни илтимос қилди.

– Кўпгина ходимларимиз бошқарманинг хилват жойларида анча-мунча ошкора тарзда “агар КГБ НТСни ўз айғоқчилари билан тўлдириб турмаганида, бу ташкилот аллақачон тарқаб кетган бўларди” деб гапиришарди. Ҳолбуки, бирор айғоқчини НТСга сингдиришдан аввал уни керакли тарзда тайёрламоқ лозим, уни таниқли диссидентга айлантирмоқ керак. Унинг бирор аксилшўровий ҳунар кўрсатишига рухсат бермоқ керак, токи хорижда у чинакам диссидент сифатида обрў топсин. Бундан ташқари уларнинг ҳар қайсиси ўзи билан хорижга бирор арзийдиган ахборот билан бориши, хорижликларни қизиқтира оладиган бирон салмоқли ғояни ўртага ташламоғи талаб қилинарди. Бу ғоя эса, табиийки, бизнинг ижодимизнинг маҳсули бўларди. Шу тарзда биз ўзимиз НТСга кадрлар етиштириб бериб турардик ва уни интеллектуал жиҳатдан озиқлантирардик. Украин миллатчилари ташкилоти (ОУН) масаласида ҳам аҳвол худди шундай эди. Агар ОУН раҳбарларининг рўйхати кўздан кечирилса, уларнинг салкам ярми бизнинг айғоқчиларимиз бўлиб чиқади.

– Аммо НТСнинг мен билан суҳбатлашган раҳбарларининг ишончи комилки, айтайлик, НТСнинг яширин қисмида КГБ айғоқчилари бўлган эмас. У ердаги раҳбарларнинг ҳаммаси бир-бирларини ҳатто болалик чоғларидан бери танир эканлар.

– Рус муҳожирлари сафларига бизнинг айғоқчилар қанақа мураккаб йўллар билан сингдирилганини ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдилар. Одамлар урушдан олдинги йиллардаёқ жўнатилган эди, улар билан алоқа эса кўп йиллар ўтгандан кейингина тикланарди. Бу пайтга келганда у муҳожирлар даврасида аллақачон ўзларининг одамига айланиб кетган бўлар ва унинг муҳожирлар ишига садоқати ҳеч кимда шубҳа туғдирмасди.

– Ундай бўладиган бўлса, нима учун КГБ унча хатарли бўлмаган бир ташкилотга қарши курашда шунча кучу шунча маблағ сарфлади?

– НТС ёки ОУНга айғоқчилар юборар экан, қўмита амалда ўзига ўзи хизмат кўрсатар эди, тегишли бўлинмалар ўзларини ўзлари иш кўлами билан таъминлар эдилар. Шу тарзда Бешинчи бошқарманинг штати тобора кенгайиб борарди. Бунинг асосий сабаби шунда эдики, биз томонимиздан юборилган айғоқчилар ўша НТСга жон ато қилардилар, уни яққол сезилиб турадиган ташкилотга айлантирар эдилар. Бинобарин, унга қарши курашмоқ учун КГБнинг ишини кучайтириш талаб қилинарди. Тўғрисини айтганда, агар қўмита мутлақ ҳокимиятга эга бўлган йилларда НТСга қарши курашга жам бўлишиб, жиддий киришилганда, бир йилнинг ўзидаёқ НТСни бартараф қилмоқ мумкин эди. Аммо бу тизимни чалажон ҳолда ушлаб туриш қўмита учун мутлақо фойдасиз эди; бу ташкилотнинг икки пуллик зарари йўқ эди, комитет эса борган сари кенгайиб, семириб бормоқда эди.

Андроповнинг фикрича, душман хорижий туристлардан жосуслик ва мафкуравий қўпорувчилик ишларида фойдаланади. У совет фуқароларининг хорижга сафарини кенгайтиришга қарши эди ва муҳожирликка кетишларига ҳам эътироз билдирарди.

Брежневнинг куёви Юрий Михайлович Чурбанов шундай эслайди: Одамларнинг СССРдан чиқиб кетиши муҳокама қилинганда “Леонид Ильич анча кескин оҳангда айтган экан: “Кимгаки бизнинг мамлакатимизда яшаш маъқул эмас экан, майли, қаерда унга яхши бўлса, қўйворинг, бориб яшайверсин”. Леонид Ильич бунақа одамларнинг йўлига қандайдир тўсиқлар қўйишга қарши эди. Бу масалада Юрий Владимирович бошқача фикрда эди, шекилли”.

Ленин комсомоли номидаги театрнинг бош режиссёри Марк Анатольевич Захаров газетада босилган суҳбатида театр билан Парижга гастролга боришганини эслайди. Артистлар Париж кўчаларида беш кишидан бўлиб юришган экан, ҳар қайси бешликнинг ўз раҳбари бўлган экан. Қайтишларига тахминан бир ҳафтача қолганда, Захаровнинг ҳузурига артистларга бириктирилган КГБ ходими келипти. У меҳмонхонада гаплашишдан бош тортипти, душманларнинг махсус хизматлари гапимизни эшитиб олишлари мумкин деб чўчипти. Улар Булон ўрмонида анча вақт айланиб юришди. Чекист бош режиссёрга Францияда қолиши мумкин бўлган артистлар рўйхатини кўрсатди, лекин Захаров артистлардан биронтаси ҳам Францияда қолиш ниятида эмаслигини уқдирди. Охир-оқибат бош режиссёр ҳақ бўлиб чиқди.

Андропов ҳам ўз вақтида Семичастний қилганидек, рассом Иван Сергеевич Глазуновни беэътибор қолдирмади. Бироқ Глазунов масаласида Андропов қамчи билан эмас, ширин кулча ёрдамида ҳаракат қилишни таклиф қилди. Бу билан у Давлат хавфсизлик қўмитасининг ҳуқуқлари доирасидан бирмунча ташқарига чиққан эди.

Мана унинг КПСС Марказқўмига йўллаган мактуби:

“1957 йилдан бери Москвада И.С.Глазунов деган рассом ижод қилади. У ижодий жамоатчиликнинг ҳар хил табақаларида ўзини ҳар хил тарзда намоён қилди. Бир томондан унинг теварагида Глазуновни юксак иқтидорли деб ҳисобловчи шахслар тўпланган, иккинчи томондан эса уни мутлақо истеъдодсиз деб ҳисоблайдиган, тасвирий санъат соҳасида мешчанлик дидини тиклаётган одам деб ўйлайдиганлар йиғилган. Шу билан бирга, Ғарбдаги атоқли жамоат ва давлат арбоблари уни мунтазам равишда таклиф қилиб туришади ва унга ўзларининг портретларини ишлаш бўйича буюртмалар бериб туришади. Глазунов портретчи рассом сифатида анча катта шуҳратга эга. Финляндия президенти Кекконен, Швеция ва Лаос қироллари, Индира Ганди, Альенде, Корвалан ва бошқа кўпгина одамларнинг портретларини ишлаган. Бир қатор давлатларда унинг кўргазмалари бўлиб ўтди, бу кўргазмалар тўғрисида матбуотда ижобий фикрлар билдирилди. Совет муассасаларининг топшириғи билан у Вьетнам ва Чилига бориб келган. У ерда ишланган бир туркум сувратлар махсус кўргазмаларда намойиш қилинмоқда.

Глазуновнинг бундай аҳволи, яъни хорижда уни бажону дил қўллаб-қувватлашлари, совет рассомлари муҳитида эса чўчиброқ қабул қилиниши унинг санъаткор сифатида шаклланишида ва, айниқса, унинг дунёқарашини шакллантиришда муайян қийинчиликлар туғдиради.

Глазуновнинг сиёсий мавқеи унчалик аниқ эмас. Шубҳа йўқки, унинг ижодида ҳам муайян кемтикликлар бор. Кўпинча у ўзининг чиқишларида руспарастлик мавқеида туради, ўқтин-ўқтин эса ошкора антисемитлик кайфиятларига берилади. Унинг сиёсий қарашларининг аралаш-қуралашлиги нафақат кишини сергаклантиради, балки баъзан ундан нафратлантиради ҳам. Унинг жиззакилиги, ҳашаки такаббурлиги ҳам ижодий муҳитда нормал муносабатлар ўрнатишига ёрдам бермайди.

Аммо шуларни баҳона қилиб, Глазуновни ўзимиздан узоқлаштиришимиз кўп ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Уни Рассомлар уюшмаси томонидан ошкора тан олинмаслиги аҳволни янада мураккаблаштирмоқда. Глазуновдаги салбий сифатларни чуқурлаштирмоқда ва бундан бадтарроқ тарзда нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Яна шуни ҳам эътиборга олмоқ керакки, Ғарб вакиллари унинг ижодини реклама қилиш билан чекланиб қолмай, унга таъсир қилишга, хусусан, Совет Иттифоқини тарк этишга ҳам ундамоқда.

Юқорида зикр этилган фикрлар асосида бу рассом теварагида вужудга келган шароитни диққат билан синчиклаб кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ кўринади. Эҳтимол, уни бирон-бир салмоқлироқ жамоат ишига жалб қилган маъқулдир. Хусусан, уни Москвада рус мебели музейини очиш ишига жалб қилса ҳам бўлади. Бундай музей ташкил қилишни унинг ўзи ва теварагидаги ўртоқлари қатъият билан талаб қилишмоқда. Масалани кўриб чиқишни илтимос қиламиз”.

Жуда яхши эсимда – ўша кезларда РСФСР Ёзувчилар уюшмасининг Комсомол проспектидаги ҳашаматли иморатида Бешинчи бошқармада хизмат қиладиган полковник одамларни йиғиб, зиёлиларнинг айрим вакиллари Ғарбга сотилгани тўғрисида гапириб берган эди. Ёзувчилар полковникдан миннатдор бўлишди ва уни ўзаро алоқага киришиб, ҳамкорлик қилиб туришга чақирдилар. Улар хато қилмайдиган, тўғри ёзувчилар эди.

Давлат хавфсизлиги қўмитасининг ҳаддан зиёд семириб кетган идораси мамлакатда ҳаммаси бўлиб нечта диссидентга қарши кураш олиб борган? Андроповнинг диссидентлар ҳақидаги маълумотларидан бири эълон қилинган. 1976 йилда 851 та сиёсий маҳбус бўлган, улардан 261 киши аксилшўровий тарғибот учун ўтирган. Мамлакатда 68 минг киши профилактория қозонидан ўтказилган, яъни КГБга чақирилиб, янаги гал энди терговчи чақиражагини айтиб огоҳлантирилган. КГБ раисининг маълум қилишича. 1800 та аксилшўровий гуруҳ ва ташкилотларнинг вужудга келишининг олди олинган. Буни айғоқчилар орқали амалга оширилган. Бундан чиқадики, шахсан Андроповнинг ўзи ҳам мамлакатда юз минглаб одамлар совет ҳокимиятига қарши ҳаракат қилишга тайёр деган фикрдан келиб чиқиб иш юритган.

Диссидентларни Жиноий мажмуанинг икки моддаси бўйича қамашган. 70-модда анча қаттиқроқ бўлиб, у Хрушчев даврида қабул қилинган “аксилшўровий ташвиқот ва тарғибот” деб аталарди. Унда жуда шафқатсиз жазолар назарда тутилган эди. Бу модда бўйича олти ойдан бошлаб, етти йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин эди. Айбланувчи бунга қўшимча равишда яна икки йилдан беш йилгача сургун жазосини ҳам олиши мумкин эди. Агар раҳмдилроқ судья рўпара келиб қолса, у шунчаки жўн, оддий сургун билан қаноатланиб қўяқолиши ҳам мумкин эди.

1966 йилда – Брежнев даврида Мажмуага 190-модда қўшилди. У бироз юмшоқроқ бўлиб, “Совет давлат тизими ва ижтимоий тузумини атайин қораловчи ёлғон-яшиқ гапларни тарқатиш” деб аталади. Унда кўзланган жазо уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 100 сўмгача жаримадан иборат эди. Бу модда бўйича истаган одамни жазога тортиш мумкин эди.

70- ва 190-моддалар бўйича айбланувчиларни чекистлар экспертизадан ўтказиши учун В.П.Сербский номидаги психиатрия институтига жўнатар эдилар. Агар врачлар КГБ вакилларининг фикрларига қўшилишса, айбланувчиларни мажбурий даволанишга юборар эдилар. КГБ учун бирор одамни совет ҳокимиятининг душмани деб эълон қилиш фойдалироқ эди. Алоҳида архивнинг собиқ бошлиғи Анатолий Прокопенко “Труд” газетасидаги суҳбатида шундай дейди:

“1967 йилда Марказқўм номига ёзилган мактубларида КГБ раиси Андропов, Бош прокурор Руденко, ички ишлар министри Шчелоков мамлакатда содир этилган ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатларни шундай таърифлаб-тасвирлашганки, буни ўқиб, Сиёсий бюро аъзолари ҳанг-манг бўлиб қолишган. Табиийки, бу ишларни қилганларнинг ҳаммаси руҳий хаста одамлар деб таърифланган.

Мактуб муаллифларининг назарида улар келтирган бир мисол совет ҳокимиятига қарши мислсиз дағдаға билан чиқишнинг намунаси бўлади. Бу – Қизил майдонда ўзини қўлбола бомба ёрдамида портлатиб юбормоқчи бўлган Красенков деган одам; бу – мавзолейга кириб олиб, Ленин ётган саркофагни иккига ажратиб ташлашига сал қолган бир одам; бу – “ҳақиқат излаш” дардига чалиниб, ақлдан озган, КГБ иморати олдидаги майдонда ўзини ўзи ёқиб юборган. Хуллас, жиннихоналар етишмаяпти, жиннихоналар ГУЛАГи орадан кўп ўтмай яна бешта хастахонага кенгайди.

1978 йилда олий партия раҳбарияти Министрлар Совети раиси Косигин бошчилигидаги комиссияга совет жамиятининг руҳий аҳволини ўрганиб чиқиш вазифасини топширди. Комиссия “сўнгги йилларда руҳий хасталарнинг сони ортиб бормоқда” деган хулосага келади. Хулоса: одатдаги 80 та психиатрия хастахоналаридан ташқари яна 8 та махсус хастахоналар қурмоқ зарур.

Сиёсий жиннишунослик фақат 1988 йилга келибгина хотима топди. Бу пайтда Ички ишлар вазирлиги ихтиёридан Соғлиқни сақлаш министрлиги тасарруфига турма қабилидаги 16 та жиннихона ўтказилди, 5 таси бўлса бутунлай тугатилди. 800 минг кишига яқин бемор зудлик билан руҳий хасталар рўйхатидан ўчирилди…

КГБнинг таклифи билан Свердловск шаҳридаги подшо оиласи отиб ташланган уй бутунлай бузиб ташланди.

1975 йилнинг июлида КГБ Марказқўмга махфий мактуб юборади: “Ғарбдаги аксилшўровий доиралар томонидан ўқтин-ўқтин подшо Романовлар оиласи теварагида турли-туман тарғибот тадбирлари ўтказилиб турилади. Шу муносабат билан Свердловск шаҳридаги собиқ савдогар Ипатьевнинг хос уйи тез-тез тилга олинади. Ипатьевнинг уйи ҳамон шаҳар марказида турипти… Шаҳарни режали қайта қуриш тартибида Ипатьевнинг уйини бузиб ташлаш масаласини кўриб чиқиш Свердловск вилоят партия қўмитасига топширилса, мақсадга мувофиқ иш бўлур эди”.

Сиёсий бюро Андроповнинг таклифига рози бўлди ва Свердловск обкомининг биринчи котиби Борис Николаевич Ельцин Ипатьев уйини бузиб ташлаш ҳақида кўрсатма олди.

“Бу сизга покиза ҚЎллар билан Қилинадиган иш эмас”

Шундай миш-мишлар юради: агар КГБнинг раҳбари Андропов эмас, бошқа одам бўлганида мамлакатда яна Сталинникидан қолишмайдиган даражадаги қатли омлар бўлиши муқаррар эди. Бу, албатта, бўлмаган гап. Сиёсий бюронинг айрим аъзолари бор эдики, улар бирор воқеа бўлиб қолса, ҳуда-беҳудага янада қаттиқроқ чора кўришни талаб қилаверар эдилар. Аммо репрессияларнинг кўлами ва қизғинлиги бош котибнинг феъл-атвори билан белгиланар эди. Брежнев эса ортиқча қаттиққўл бўлишни истамайди. Адиб Константин Михайлович Симоновга Брежнев шундай деган экан:

– Мен ҳаёт эканман… – Шундай дегач, у гапини тўғрилаб олипти. – Мен шу кабинетнинг эгаси эканман, қон тўкилмайди.

Андроповнинг ўрнида уникичалик нозик ақл-заковатга эга бўлмаган одам КГБга раис бўлиб қолганида бутун жамиятни бу қадар кенг кўламдаги мафкуравий назорат остига ола билмас эди.

Комитетдан ўлгудай қўрқишарди. Бу, албатта, бир вақтлардагидек ўлим қўрқуви эмасди, лекин, барибир, қўрқув эди. Ҳатто партиянинг ҳукмронлиги ҳам бу қадар қўрқинчли эмас эди. У комитетга қараганда очиқроқ эди, партияга нималарнидир тушунтиришга уннаб кўрса бўларди. Яширин ҳокимият билан эса баҳсга киришиш мумкин эмас эди. Одамни жиноятчига чиқариб қўйишарди, бироқ буни яширин ҳокимият қиларди. Ўзингни оқлай десанг, эътироз билдирай десанг, бирор нарсани айтиб ўзингнинг ҳақлигингни исбот қилай десанг, кимга ва қаерга айтишингни билолмай хуноб бўлардинг. КГБ ҳеч қачон ҳеч нарсани тан олмасди.

Виктор Гришин ўз хотираларида шундай ёзади:

“Давлат хавфсизлиги комитетига келиши билан Ю.В.Андропов бу идорада Н.С.Хрушчев томонидан амалга оширилган демократлаштириш ва ошкоралик бўйича ҳамма тадбирларни бекор қилди. Қўмитада Сталин даврида нима мавжуд бўлган бўлса. шунинг ҳаммасини қайта тиклади (албатта, оммавий репрессиялардан ташқари). У ҳамма шаҳарлар ва қишлоқларда давлат хавфсизлиги бошқармаларини қайта тиклашга эришди. Давлат хавфсизлиги ходимларини илмий-тадқиқот институтларига, мудофаа аҳамиятига эга бўлган ёхуд бирон-бир муҳимроқ қимматга эга бўлган корхона ва муассасаларга жойлаштирадиган бўлди. Давлат хавфсизлиги органлари темир йўл, денгиз ва ҳаво транспортида яна қайта тикланди.

Одамларнинг ёзишмалари, турли идораларнинг почтаси яна текширувдан ўтказила бошлади. Корхоналарда, муассасаларда, ҳатто одамларнинг яшаш жойларида, “фаоллар”, “даракчилар” тизими қайта тикланди. Оддий халқ уларни чақимчилар деб атар эди. Яна телефондаги гап-сўзларни хуфия тинглаш бошланди. Улар маҳаллий бўладими, халқаро бўладими – бунинг аҳамияти йўқ эди.

Андропов бир қарашда ўз қўлида ишлаб кетган Александр Евгеньевич Бобинга ёмон муносабатда эмас эди. Бироқ КГБ унинг мактубини қўлга туширади. Бобин унда “бутун умрим ва истеъдодимни ҳеч нарсага арзимайдиган одамларга (яъни биринчи навбатда бош котибга) хизмат қилиб ўтказишга мажбур бўляпман” деб шикоят қилган экан. Юрий Владимирович шоша-пиша мактубни Брежневга кўрсатади. Бобинни Марказқўмдан ҳайдашади. Андропов эса собиқ ходимига қасамлар ичиб, бу ишга унинг дахли йўқлигини исбот қилмоқчи бўлган.

Бунақа ишлар фақат бир марта бўлган эмас. Мен бир одамни биламан. Уни сабабини мутлақо тушунтирмаган ҳолда Брежневнинг ҳузурида ишдан олишади ва бу билан ҳам кифояланмай, умуман, севимли иши билан шуғулланишни тақиқлаб қўйишади. Бу унинг учун даҳшатли зарба эди. У бу ишда КГБнинг қўли бор деб гумон қилади. У Андроповни шахсан танир эди, шунинг учун нимага бундай бўлганининг сабабларини сўраб, унга хат ёзади.

Уни контрразведка Бош бошқармасининг бошлиғи, раис муовини ҳузурига чақиради, ғоятда хушмуомалалик билан манзират қилади, қўлларини қисиб кўришади ва тантанавор оҳангда шундай дейди:

– Юрий Владимирович сизга айтиб қўйишимни топширди – Комитетнинг сизга ҳеч қандай даъвоси бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ ва умид қиламизки, бундан кейин ҳам бўлмайди.

Андроповнинг вафотидан кейин маълум бўладики, бу ишнинг сабабчиси КГБ бўлган: Черненконинг ёрдамчиси у одамнинг делосини топиб олади – КГБ томонидан очилган бу дело ҳаддан ташқари семириб, қаппайиб кетган экан. Чекистлар унинг одамларга гапирган гапларини ёзиб олишган экан. У чуқур алам билан “Афғонистонга қўшин олиб кирилиши – жиноят, Брежнев қариб, мияси айниб қолипти” деган экан. Андропов бу гапларнинг магнитофондаги ёзувни шахсан ўзи эшитиб кўрипти (у бу ишни тез-тез қилиб турар экан) ва уни ишдан ҳайдаш тўғрисида кўрсатма берипти. Кейин эса ўзларининг бу ишга дахллари йўқлигини кўрсатиш учун роса ўйин кўрсатишган экан”.

Бироқ шунақа ишларни қила туриб Андропов тарихда “эркинлик кушандаси” деган ном билан қолишни истамаган.

– Бир куни Марказий Комитетдан бир гуруҳ артистлар ва режиссёрларни орденлар билан мукофотлаш тўғрисида тақдимнома келди. – деб эслайди унинг ёрдамчиси Игорь Синицин, – Рўйхатда Юрий Петрович Любимов ҳам бор эди. Андропов унинг фамилиясининг тўғрисига “йўқ” деб ёзиб қўйипти. Мен ҳайрон бўлиб дедим: “Юрий Владимирович. Ахир, рўйхатдан Любимовни айни сиз ўчириб ташлаганингиз дарҳол маълум бўлади-ку?” У шу заҳотиёқ “йўқ” деганни ўчириб, ўрнига “розиман” деб ёзиб қўйди”.

1973 йил апрел пленумида Брежнев маъруза матнидан чекиниб, шундай деганди:

– КГБ Юрий Владимирович раҳбарлигида Сиёсий бюрога ташқи сиёсат борасида жуда катта ёрдам бермоқда. Одатда, КГБ тўғрисида ўйлаганларида, бу ташкилот фақат одамларни ёқасидан олиб қамашни билади, холос, деб ҳисоблашарди. Жуда катта хато бу. КГБ – бу, биринчи навбатда, жуда катта ва жуда хатарли хорижий ишдир. Бу ишда қобилият керак, тоқат ва бардош талаб қилинади, ҳамма ҳам сотмасдан, хиёнат қилмасдан, ҳар хил неъматларга учмасдан ишлай олмайди. Бу сизга… покиза қўллар билан қилинадиган иш эмас. Бу ишда жуда катта матонат ва садоқат керак.

Шу пленумда Андроповни Брежнев Сиёсий бюро таркибига киритади. Олтмиш йиллигида – 1974 йилда уни Социалистик Меҳнат Қаҳрамонининг Олтин медали билан мукофотлайди.

Андропов ўзининг бошқа баъзи бир салафлари каби бир кун ҳам армия хизматини ўтамаган эди. 1973 йилнинг декабрида унга бирйўла генерал-полковник унвонини берадилар, уч йилдан кейин эса у армия генерали унвонини олади. Министрлик лавозимида ишлаётгани учун у саккиз юз сўм маош олар эди, унвони ва кўп йиллик хизматлари учун бу маошига яна тўрт юз сўм қўшиб оладиган бўлган. Лекин очиғини айтганда, бошқа Сиёсий бюро аъзолари каби унинг бирон нарсага пул харжлашга эҳтиёжи йўқ эди.

1973 йилда Сиёсий бюро ишлари бўйича унинг янги ёрдамчиси пайдо бўлди. Игорь Елисеевич Синицин собиқ разведка ходимининг ўғли эди, лекин ўзи ҳарбийдан батамом узоқ одам эди.

– Юрий Владимирович ўша пайтларда жуда бақувват одамдай таассурот қолдирар эди, – деб гапириб берган эди менга Игорь Синицин. – У ҳар куни қирқ минут гимнастика билан шуғулланарди. Машинада юрганида лимузиннинг бир бурчига кириб, ғужанак бўлиб олмасди, балки дераза олдидаги ўриндиққа ўтирарди. Тўғри, ўша пайтдаёқ унинг ёзув столи устида икки хил шарбат ва буйраги хаста одамлар ичадиган Трусковец минерал суви турарди. Ёрдамчилари унинг буйраги анча қийнаб туришини билишарди, лекин Андропов дард чекишини сира ошкор қилмасди.

Унинг иш графиги жуда тиғиз эди. У эрталаб соат тўққизда ишга келар ва кечқурун тўққизда ишдан кетарди. Кундузи у бир соат дам оларди, кейин тушлик қиларди, сўнгра иш кабинетига қайтарди. Иш кабинетини шошилинч қоғозлар ҳақида Брежневга маълумот бериш учунгина, шунингдек, Ясеневодаги разведка биносига бориб келмоқ ёки касалхонага бориб муолажа олиб келмоқ учунгина тарк этар эди. Шанба кунлари соат ўн бирдан кечқурун олтигача ишлар, ҳатто якшанба кунлари ҳам кундузи келиб, бир неча соат…

Унинг ўзига эрк бериб, машғул бўладиган бирдан-бир нарсаси – ҳар кунги кечки пиёда сайрлар эди – унинг шахсий врачи ҳар куни ўн минг қадам юриб туришни тавсия этган эди. Таътилга чиққанида эса икки ҳафтани Қримда, икки ҳафтани Минералние Водида ўтказарди.

– Унинг аҳволи 1979 йилнинг охирларига бориб бирдан жуда ёмонлашиб кетди. Афғонистон сафаридан кейин шундай бўлди шекилли, – деб давом эттиради Синицин. – Унинг ташқи қиёфасида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берди – сочи тез тўкилиб кетди, териси сап-сариқ тус олди. Қўли ҳам анча заифлашиб қолди – уни ҳатто қаттиқроқ қисишга ҳам чўчирди одам. Бундан икки йилча муқаддам эса унда аллақандай ўзгариш содир бўлган эди. Синициннинг сўзларига қараганда, дастлабки йиллар Юрий Владимирович мамлакатда, иқтисодиёт соҳасида, банк тизимида амалга ошириш керак бўлган ўзгаришлар тўғрисида ғоятда қизиқарли ғояларни айтиб турарди, кейин бирдан буларнинг бари тақа-тақ тўхтади. Ўзининг ғояларини Андропов 18 саҳифали мактубда баён этди ва уни 1976 йилнинг 8 январ куни Брежневга жўнатди.

“Қимматли Леонид Ильич!

Шахсан мен ўзим томонимдан тайёрланган мазкур ҳужжат фақат сизнинг ўқишингиз учун мўлжалланган. Агар Сиз унда иш учун фойдали бўлган бирор жиҳат топа олсангиз, бошим осмонга етарди. Агар бунақа нарса топилмаса, бу мактубни ҳам ёзилмаган ва юборилмаган деб ҳисоблай қолинг”.

Хўш, Андропов қандай ишларни амалга оширишни таклиф қилган эди. Большевистик партиявийлик, қатъий уюшқоқлик, темир интизомни асосий қурол қилиб олмоқ керак. Партия ишига мутахассисларни эмас, балки профессионал сиёсий раҳбарларни қўймоқ лозим. “Тадбиркор одамлар” деб аталмиш арбоблар эса ҳар қандай гапни қоғозга рақамлар чизишдан бошлайди, деб ёзади Андропов. Табиий савол туғилади: агар шундай бўладиган бўлса, бунақа раҳбар америкалик менежердан нимаси билан фарқ қилади. Бу менежер иш деганда даставвал ҳисоб-китобни, пулни тушунади, одамлар эса унинг учун иккинчи даражали масала. Бизнинг шароитимизда бунақа “тадбиркор одамлар”ни корчалонлар дейишади…

Юрий Владимировичнинг ҳамма ғоялари, сирасини айтганда, шулардан иборат эди.

– Сиёсий бюронинг ҳар бир мажлисига мен унга музокараларда қатнашганда қийналиб қолмасин деб, кун тартибининг ҳар бир моддаси учун материал тайёрлаб берар эдим, – дейди Синицин. – Мен унга ҳар бир масала бўйича нима ўйлашимни ихчамгина қилиб ёзиб берардим. Тахминан 1977 йилларга келганда менинг эътиборимни бир нарса ўзига тортди – назаримда у менинг ёзиб берганларимни ўқимай қўйганга ўхшаб кўринди – авваллари менинг саҳифаларим унинг қайдлари ва ҳар хил белгиларига тўлиб кетган бўларди, энди бўлса қандай берган бўлсам, шундайлигича – топ-тоза ҳолда қайтариладиган бўлиб қолди. Мен нега бундайлигини сўрадим. У жавоб берди: “Мен ҳаммасини ўқийман. Лекин сен буларни нима учун менга ёзиб беряпсан? Мени Сиёсий бюродан ҳайдаб чиқаришларини истайсанми?” У бирон-бир янгироқ фикр айтишдан қўрқиб қолганди.

Андропов Брежневдан жуда қўрқар эди, лекин юрагининг туб-тубида ҳокимият бошлиғи бўлиш орзусини ардоқларди, албатта.

Оғир хасталик КГБ раисини ҳаётнинг ҳамма лаззатларидан, инсоний қувончлардан маҳрум этган эди, унинг ихтиёрида фақат меҳнат қилиш-у, ҳокимиятдан лаззатланиш туйғуси қолган эди, холос.

Унинг олтмиш йиллигига Лубянкадаги иморатга жуда катта миқдорда совға-саломлар ёғилиб кетди. Уларнинг ичида, жумладан, Чехословакия раҳбари Густав Гусак юборган ғоятда ноёб чех биллури ҳам бор эди. Ҳамма совға-саломларни КГБ коллегиясининг биносига тўплашди. Юрий Владимирович уларни кўриб баҳолади.

У ўзининг хўжалик ишлари бўйича муовини, илгари КПСС Марказқўмида маъмурий органлар бўлимида сектор мудири бўлиб ишлаган Ардалион Николаевич Малигинга ўгирилиб шундай деди:

– Бу совға-саломлар менга эмас, менинг амалимга. Буларнинг ҳаммасини махсус буфетга жўнат. – Яъни буларнинг ҳаммасини дачасига ёхуд квартирасига ташиб кетгани йўқ, балки жуда оқилона иш қилди. Бошқа хўжалик ишларида, маиший масалаларда ҳам у ана шундай камсуқумлик билан иш тутар эди.

АфҒонистонга бостириб кириш

Кўп йиллар мобайнида КПСС Марказқўмининг халқаро бўлимида хизмат қилган Анатолий Сергеевич Черняевнинг ёзишича, 1967 йилнинг охирида Брежнев Прагага боради-ю, кўп ўтмай қайтади. Қайтиб келгач, у ёрдамчиларига шундай деган экан: “Биринчи котиб Новотний Президиум аъзоларидан шикоят қилди, улар эса мени хилватга тортиб, ҳатто ярим кечада ҳам гаплашишга уринишарди ва биринчи котибни қоралаб, ундан зорланишди. Уларнинг ҳар қайсиси мени ўз томонига тортади. Мени ўзининг иттифоқчисига айлантиришга ҳаракат қилади. Менга нима кераги бор бунинг? Мен “самолётни тайёрланглар, эртага учиб кетамиз. Уларнинг ички ғийбатларига аралашув етмай турганди менга! Ғалваларини ўзлари ҳал қилишсин”, дедим. Тўққиз ойдан кейин эса Брежнев Чехословакияга қўшин киритди. Хўш, нима рўй берди?

Черняевнинг фикрига кўра, бунда Прагадан келаётган ахборот ҳал қилувчи роль ўйнаган. Устма-уст келаётган материаллар жуда кенг кўламда шундай таассурот туғдирганки, натижада Чехословакияда социализмга хиёнат пишиб келаётир деб ўйлаш мумкин эди.

Андропов учун “Прага баҳори”, яъни чехлар ва словакларнинг “башарий социализм” қуришга интилиши Венгер ҳодисаларининг такрори эди. қаттиққўллик билан жуда тез ҳаракат қилмоқ лозим эди.

Андропов, – деб ёзади Александров-Агентов, — жуда қаттиқ амаллар ва жазо тадбирларининг ташаббускори бўлган эди. Чехословакияда Андропов шиддат билан ҳаракат қилиб, ҳаммани ҳанг-манг қилиб қўймоқчи эди. У чехларни қўрқиб кетади деб ўйлаган эди. Аммо у адашди: қўшин олиб кирилиши ҳеч нарсани ҳал қилмади.

Бир-икки ҳолни назардан соқит қилинса, халқ қуролли қаршилик кўрсатмади, лекин истеълочи қўшинлар билан ҳамкорлик қилишни ҳам истамади. Александр Дубчек билан ва “Прага баҳори” нинг бошқа раҳбарлари билан музокара бошлашга тўғри келди.

Даманск оролидаги ҳодисалар вақтида 1969 йилнинг март ойида Андроповнинг ҳузурида кенгаш бўлган эди. Нима қилмоқ керак? Қандай муносабатда бўлмоқ лозим? Хитойларга қақшатқич зарба бериш тарафдорлари қизишиб нутқлар сўзладилар. Андропов бунга қарши эди. Брежнев уни қўллаб қувватлади. Ҳар қалай Хитой билан уруш бўлмади ва ихтилоф аста-аста босилиб қолди. Эгаллаб турган мансабининг ўзи Андроповга шунқор бўлмоқни, атрофини қуршаб олган дунёга, албатта, ёмон ниятли куч сифатида қарашни тақазо қиларди. КГБнинг хизмат юзасидан фойдаланадиган ҳужжатларида Америка Қўшма Штатлари тўғридан-тўғри “асосий душман” деб номланарди.

Брежневнинг саломатлиги жойида бўлганида унинг вазиятни юмшатишга, Ғарб билан муносабатларни нормаллаштиришга интилиши тарозининг посонгисини бир маромда тутиб туришга имкон берарди. Брежнев оғир дардга чалиниб ётиб қолганидан кейин бошқарув жилови унинг қўлидан тушиб қолди ва ташқи сиёсат билан ички сиёсатни КГБ раиси Андропов, ҳарбий министр Дмитрий Федорович Устинов ва ташқи ишлар министри Андрей Андреевич Громико биргаликда белгилай бошлашди. Улар ҳатто сиёсий бюро мажлисларида ҳам ёнма-ён ўтиришарди. Андропов Устинов билан Громиконинг ўртасидан жой оларди.

Ҳарчанд ғалати кўринмасин, уч кишининг бошқаруви Брежневнинг якка ўзи бошқарганидан кўра ёмонроқ эди. Ўзига ишонган раҳбар ён беришлар ва музокаралардан чўчимайди. Бунда эса уч кишининг ҳар қайсиси ўзининг матонати ва қатъиятини намойиш қилишга ҳаракат қиларди. Улар мамлакатни ташқи дунё билан анча-мунча кескин ихтилоф лабига олиб бориб қўйишди. Андропов, айниқса, Устинов билан яқин бўлиб қолди, уни сенсирай бошлади, унга “Миша” деб мурожаат қиладиган бўлиб қолди. КГБ раиси империалистик кучларнинг агрессив ниятлари ҳақидаги ахборотлари билан бюджетнинг каттагина қисмини ҳарбий саноатга олиб беришда Устиновга ёрдам берарди. Андропов Бош котиблик лавозимига ўтгандан кейин Ғарб билан муносабатларимиз шу қадар ёмонлашдики, янги уруш хавфи тўғрисида гап-сўзлар бошланди. Андропов, Устинов ва уларга қўшилиб олган Громико афғон можароларининг бошланишига аралашиб қолишди.

1978 йилнинг апрелида ҳарбий тўнтариш ясаб, давлат тепасига келган янги афғон раҳбарлари советлардан нусха кўчириб, мамлакатда социализм қурмоқчи эдилар. Аммо Кобулга элдан бурун етиб борган маслаҳатчиларимиз у ерда афғонлар ҳаётининг ғоятда мураккаблиги, муаммолар чалкашиб кетганини кўрдилар. Москвадаги совет раҳбарларининг бу мамлакат ҳаётидаги тасаввури ғоятда ибтидоий ва тахминий экани маълум бўлиб қолди. Ҳукмрон партия иккита оқимга бўлиниб кетган эди. Буларнинг бири “Халқ”, иккинчиси “Парчом” (“Байроқ”) деб аталарди. Ҳар иккала оқимлар ёки қанотларнинг раҳбарлари бир-бирларини ўлгудай ёмон кўрар ва ҳокимиятни ўзаро бўлишиб ола билмас эдилар. Бу душманлик, асосан, икки раҳбар – Нур Муҳаммад Тараққий (“Халқ”) билан Бабрак Кармал (“Парчом”) ўртасидаги шахсий рақобат натижасида туғилган эди. Тараққий мамлакатнинг яккаю ягона хўжайини бўлмоқни истар эди, Бабрак Кармал эса иккинчи одам ролини ўйнашга рози эмас эди. Яна шуниси ҳам борки, амалда иккинчи одам ўрнини Ҳафизулла Амин эгаллаб олганди. Хафизулла Аминни Муҳаммад Тараққий қўллаб-қувватларди. Орадан кўп ўтмай, Бабрак Кармал Чехословакияга элчи этиб тайинланди. У билан бирга бошқа мамлакатларга “Парчом” фракциясининг яна бешта вакили элчи сифатида жўнаб кетди, шу жумладан, мамлакатнинг бўлғувси президенти Нажибулла Теҳронга элчи қилиб тайинланган эди. Қобулдан жўнаб кетиш олдидан Бабрак ўз тарафдорларини йиғиб, шундай деган экан:

– Мен ҳали қайтиб келаман. Қайтганда ҳам қизил байроқ билан қайтаман.

“Парчом”чилар яна яширин ҳолатга ўтишга қарор қилдилар. Амалда бу эса тунги кенгашда гап “Парчом”нинг ҳокимиятни босиб олиши тўғрисида кетмоқда эди. Халқчилар тунги кенгашдан ва унда гапирилган гаплардан хабар топишади. Кўпгина “Парчом”чиларни юксак мансаблардан олиб ташлашади, қамоққа олишади. Армиядан ҳам командирлик қилаётган “Парчом”чиларнинг деярли ҳаммасини қувиб юборишади. Аммо “Парчом”чилар билан КГБ вакиллари иш олиб борарди. Афғонистондаги маслаҳатчилар ўртасида ҳам якдиллик йўқ эди. Партиявий ва ҳарбий маслаҳатчилар амалда ҳокимият тепасида турган “Халқ” фракцияси билан иш олиб бориш керак деб ҳисоблар эдилар. КГБ вакилларининг эса “Парчом” вакилларидан умидлари катта эди. Улар КГБ вакиллари билан бажону дил мулоқотга киришар ва уларни бошқариш жуда осондек кўринар эди.

КГБнинг ташқи разведка резидентурасининг вакиллари айни ана шу “Парчом”чилар билан алоқа ўрнатишган эди. “Парчом”нинг вакиллари эса жон-жаҳдлари билан Москванинг кўзига яхши кўринишга уринишарди. КГБ ходимлари икки фракция ўртасидаги ихтилоф замирида ўзлари учун зўр имкон борлигини кўрди. Халқчиларнинг кучлари унчалик кўп бўлмаса ҳам, ўзларини анча мустақил тутишарди; “Парчом”чилар эса ҳамма нарсада Москвага бўйсунишга тайёр эдилар. Шундай бўлгандан кейин бу сиёсий ўйинда “Парчом”чиларга ва уларнинг раҳбари Бабрак Кармалга ён босган яхши-да. Бабрак Кармал Чехословакияга жўнаб кетгандан кейин Тараққий билан Амин ўртасидаги низо кучая бошлади. Дастлаб улар бир ёқадан бош чиқарар эдилар. Амин ўзини Тараққийнинг садоқатли ёрдамчиси ва шогирди қабилида тутар эди. У кенгашлар ва машваратларда сўзга чиққанида ҳамиша Тараққийнинг номидан гапираётгандек кўринарди.

Амалий ишларда Тараққий жуда ҳам ночор эди. Амин, аксинча, жуда зўр ташкилотчи чиқиб қолди. Жисмонан бақувват, қатъиятли, ўжар ва қаттиққўл Амин жуда кўп меҳнат қилишга қодир, иродаси мустаҳкам одам эди. Тараққий Аминни “севимли ва донгдор ўртоқ” деб атар ҳамда бажону дил кўп ишларни унинг қўлига бериб қўйган эди. Тараққий меҳнат қилишни ёқтирмас ва хоҳламас эди. Тараққийни тирик илоҳдай кўкларга кўтариб мақташар ва бу унга ёқарди. Тараққий подшолик қилар, Амин эса мамлакатни бошқарарди. Ва у аста-секин уни давлатни, армияни ҳамда партияни бошқариш ишидан бутунлай суриб четга чиқариб қўйди. Кобулдаги совет вакилларининг кўпчилигига мамлактда ҳокимият Аминнинг қўлига ўтиб бораётгани мутлақо табиийдек кўринарди, негаки, Тараққий давлатни бошқаришга қодир эмас эди-да!

– Мен Қобулда бўлган кезларимда Тараққий билан Амин жуда иноқ эдилар, уларнинг орасига ҳатто қил сиғмасди, – дейди Кобулда партиявий шўро маслаҳатчиларнинг биринчи гуруҳига раҳбарлик қилган Валерий Харазов. – Улар ҳокимиятни қўлга олишди, мамлакатга раҳбарлик қилишди. “Парчом”чиларнинг эса устларидан мағзавалар ағдаришди. Шу ишлар асносида Амин аравани ёлғиз ўзи тортди. Юк жуда оғир эди. У партиявий ишлар билан шуғулланди, армия билан, кадрлар билан шуғулланди. Кейин эса ғалвалар, ихтилофлар бошланди. Даставвал бу можаролар бизнинг Иттифоқимиздаги катта идораларда бошланди. Биз Тараққий билан Аминни бир-бирига қайраб солдик.

– Аминнинг Совет Иттифоқига муносабати ёмон эканини, Қўшма Штатларга кўпроқ мойил эканини юрагингиз сезганмиди? – деб сўрадим мен Харазовдан. – Негаки, кейинчалик Аминни ўлдирганларида ва ўрнига Бабрак Кармални қўйганларида бу важ энг асосий сабаб сифатида кўрсатилади.

– Амин ҳамиша Совет Иттифоқига нисбатан ўзининг самимий туйғулари тўғрисида гапирар эди. Амин ЦРУнинг айғоқчиси экани тўғрисидаги миш-мишлар биз Қобулда эканимизда ҳам юрарди. Бундай миш-мишларга асос бўлган нарса шу эдики, Амин Қўшма Штатларда бир неча муддат таҳсил олган эди ва у ердаги афғон талабалари уюшмасига раҳбарлик қилган эди. Бироқ на ўшанда, на ҳозир – Амин гумдон қилингандан сўнг йигирма йил ўтиб кетгандан кейин ҳам унинг ЦРУ айғоқчиси бўлганини тасдиқловчи биронта ҳужжат ёки далил-исбот топилгани йўқ.

Аминни ва унинг икки ўғлини ўлдиришгандан кейин унинг беваси қизалоқлари ва кенжа ўғлини олиб Совет Иттифоқига кетди. Ҳолбуки, ўшанда унга истаган мамлакатига жўнаб кетишга имкон берилган эди. У шундай деди: “Менинг эрим Совет Иттифоқининг дўсти эди, мен фақат Совет Иттифоқига кетаман”.

Афғон раҳбарларининг ўртасидаги ихтилоф сиёсий ихтилоф эмас эди, улар бор-йўғи шахсий низолар эди, холос. Улар “сен эмас, мен ўзим зўр” маъносидаги мутакаббирликлар кураши эди. Бундан бизнинг ҳар хил идораларда хизмат қиладиган маслаҳатчиларимиз фойдаланишди. Муассасалар ҳам ўзаро рақобатлашишар эди.

– Ўша пайтларда русларга муносабат жуда яхши эди, – деб эслайди Валерий Харазов, – “Шўровий” дегани дўст дегани билан баробар эди. Нотаниш одамлар тўғридан-тўғри кўчада бизларни учратиб қолса, уйига меҳмонга таклиф қилар эдилар. Аммо буларнинг ҳаммаси биз Афғонистонга қўшинларимизни олиб киргунга қадар бўлган эди. Қўшинлар олиб кирилгандан кейин афғонларнинг русларга муносабати тубдан ўзгарди.

– Бироқ янги тартиблардан норозилик кўп ўтмаёқ намоён бўла бошлаган эди. Бунга жавобан янги ҳокимиятга душманларни ёхуд душман бўлиши мумкин бўлганларни оммавий қамашлар бошланиб кетди. Жуда кўп бегуноҳ одамларни ҳеч қандай асоссиз қамайверишди. Одатда кечқурун қамоққа олишар, кечаси сўроқ қилишар, эрталаб эса отиб ташлар эдилар. Қатли омлар Ҳафизулла Амин бошчилигида амалга оширилганди. Бунда шўро тажрибасидан фойдаланиш афғон анъаналарига қўшилиб кетганди – ўз салафлари ва рақиблари йўқ қилинарди. Агар фарқи бўлса, шунда бўлганки, Афғонистонда айтарлик мафкуравий кураш бўлмаган, мухолифларни тўғридан-тўғри маҳв этаверганлар.

КПСС Марказқўми халқаро бўлимининг раҳбарларидан бири лол қолган Харазовга шундай деган экан:

– Хўш, нима демоқчи бўласан? Буни Шарқ дейдилар. Бу ерда анъана шунақа. Ҳокимият тепасига янги раҳбарият келганда, даставвал ўз ватандошларини маҳв этишдан бошлайди.

Москвада бу анъаналарга хотиржам муносабатларда бўлдилар. Бу Тараққийнинг ҳалокатига қадар давом этди. Тараққийни Брежневнинг ўзи оддий бир инсоний тарзда яхши кўрарди. Тараққий дастлабки вақтларда оптимистик кайфиятда эди.

Инқилоб осонлик билан амалга оширилди. Ёш зобитлар саройни қўлга киритдилар, ҳукумат раҳбари Довуд ва унинг яқинларини маҳв этдилар. Тамом, шу билан ҳокимият уларнинг қўлига ўтди. Буларнинг барчаси Тараққийга илҳом бағишлар эди. Бундан кейин ҳам ишларнинг яхши бўлишига, ҳеч қандай мушкулотлар пайдо бўлмаслигига Тараққийнинг ишончи комил эди. Ахир, Афғонистонга Совет Иттифоқининг ўзи ёрдам бераётгандан кейин, бундай бўлиши табиий-да! Аммо охир-оқибат ҳаммаси бутунлай бошқача бўлиб чиқди.

Социалистик ўзгаришларни жорий қилишга мамлакат қаршилик кўрсата бошлади. Афғонлар марксист бўлишга кўп ҳам ошиқишмади. Жуда тез фурсатда қуролли қаршилик кўрсатиш бошланди. 1979 йилнинг мартида Афғонистоннинг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Ҳиротда ҳокимиятга қарши исён кўтарилди. Ҳирот шаҳрининг ҳарбий гарнизони исёнчиларга қўшилиб кетди, можаролар ичида бизнинг ҳарбий маслаҳатчиларимиздан бири ўлдирилди.

Тараққий Москвадан уни қабул қилишларини илтимос қилди. У Москвага учиб келиб, Афғонистонга қўшин киритишларини сўраб, совет раҳбариятига узоқ ялиниб-ёлборди. Ўшанда Тараққийнинг илтимоси рад қилинган эди. Буни кўриб Амин фаолроқ ҳаракат қила бошлади. У Тараққий ҳокимиятни қўлида сақлаб қолишга қодир эмас деб ҳисобларди.

Аввалига Афғонистонда мудофаа министри йўқ эди, бу соҳага Аминнинг ўзи кўз-қулоқ бўлиб турарди, лекин унинг минглаб кишилари бор эди. Сўнгра савр инқилобининг фаол иштирокчиси Ватанжарни мудофаа министри қилиб тайинлашди. Афғон армияси Бош сиёсий бошқармасининг бошлиғига маслаҳатчилик қилган генерал Василий Заплатин собиқ батальон командирининг бу амални эплашга чоғи келмади деб ҳисоблайди. Лекин Тараққий уни жуда яхши кўрарди, Ватанжар Аминга қарши бирлашган “тўртлар гуруҳи”га кирар эди.

Ватанжардан ташқари (кейинчалик, у ички ишлар министри этиб тайинланади) бу гуруҳга давлат хавфсизлиги раҳбари Сарварий, алоқа министри Гулабзой ва чегара ишлари министри Маздурёр кирган эди.

Генерал Заплатин ва бизнинг бошқа маслаҳатчиларимизнинг фикрича, “тўртлар гуруҳи”га кирганлар ҳали она сути оғзидан кетмаган ёш-ёш йигитлар эди. Улар ҳокимиятни қўлларига олишлари билан ҳамма иш битди, энди бемалол дам олиб маишат қилаверса ҳам бўлади деб ҳисоблаганлар.

– Бундай кайфият туфайли эса ишга катта зарар етган эди, – дейди генерал Заплатин. – Улар маишатга берилади. Тараққий уларнинг ўйнаб-кулишларига йўл қўйиб беради, ичкиликбозликлар ва кайф-сафоларини кечиради. Амин эса ишлайди ва уларни ҳам ишлашга мажбур қилади. Улар Аминнинг устидан Тараққийга шикоят қилишади, унинг устига ҳар хил гуноҳларни юклашади. Уларнинг ўзаро низолари ана шундан бошланган эди.

Давлат хавфсизлиги министри Сарварийнинг ортида эса КГБнинг ваколатхонаси турарди. У КГБнинг одами эди. Полковник Александр Кузнецов кўп йиллар мобайнида Афғонистонда ҳарбий таржимон бўлиб ишлаган. Савр инқилоби чоғида ҳам у Афғонистонда бўлган. У шундай эслайди:

– Амин оғзига ичкилик олмайдиган одам бўлмаган, албатта. Аммо у ҳарбий замонларда ичиш, маишат қилиш, хотинбозлик қилиш мумкин эмас, деб ҳисоблаган. Бизнинг органларимиз-чи? Улар қандай ишлайди? Кимлар биландир ичишади, мириқиб овқатланади, кейин зиёфат жараёнида ундан бирон-бир муҳим нарсани сўраб билиб олади.

Бироқ Амин билан бу тарзда ишлаб бўлмасди, лекин “Тўртлар” билан шундай ишласа бўларди. Улар ҳаш-паш дегунча КГБ ходимларининг энг яқин дўстларига айландилар.

“Тўртлар гуруҳи”нинг ахбороти КГБ каналлари орқали Москвага келарди. Уларни баҳолаш совет раҳбарларининг Афғонистондаги содир бўлаётган воқеаларга муносабатини белгилар эди. “Тўртлар” Тараққий билан Аминнинг ораларини бузишга, Аминни ҳокимиятдан четлаштиришга интилдилар, лекин Амин анча-мунча муғамбирроқ чиқди.

Кейин Амин Тараққийни ағдариб ташлагандан сўнг, “тўртлар”ни ҳам бартараф қилиш ҳаракатига тушиб қолади. Улар ёрдам сўраб совет элчихонасига мурожаат қилишади. Ўша кезларда Қобулдаги резидентура ходими бўлган ташқи разведка полковниги Александр Морозов менга КГБ бу “тўртлар”ни қандай машаққатлар ва саргузаштлар билан Совет Иттифоқига олиб кетганини айтиб берганди. КГБ ваколатхонаси билан Қобулдаги ҳарбий маслаҳатчилар ўртасидаги зиддият авж нуқтасига кўтарилди.

– Сиз КГБ ваколатхонаси билан ораларингдаги ихтилофни қай бир даражада бартараф қилишга уриниб кўрганмисиз? – деб сўрадим мен генерал Заплатиндан. – Ахир, сиз принципиал масалаларда нуқтаи назарларингиз бир-бирига тўғри келмаслигини кўргансиз-ку?

– Бу тўғрида ўртамизда гап-сўзлар бўлган, – деб жавоб берди Заплатин. – КГБ ваколатхонасига Борис Семенович Иванов бошчилик қилганда ўзаро алоқаларимиз анча енгил кўчган эди. У соғлом фикрлайдиган одам. У билан гаплашса бўлар эди. Ундан олдинги бошлиқ билан гаплашиш эса жуда қийин эди. Негаки, мен уни камдан-кам ҳолларда ҳушёр кўрардим.

Генерал Заплатиннинг қаттиқ ғашига теккан нарса шу эдики, давлат хавфсизлиги ваколатхонасининг раҳбарлари куппа-кундуз куни, авжи иш вақтида ҳаммомга кириб ялпайиб ўтириб олишарди-да, бурунларидан чиққунча ичиб, маишат қилишарди.

– КГБ вакилларининг мантиқини қандай тушунмоқ керак? – деб сўрадим мен генерал Заплатиндан. Улар Аминни гапга кирмайдиган одам деб ҳисоблаб, унинг ўрнига Қобулда ўзимизнинг одамимизни ўтқазиб қўйсак, олам гулистон бўлади, ҳамма ишлар юришиб кетади деб ўйлашганми? Шундоқми?

– Уларнинг ишонганлари Бабрак Кармал эди, – деб ҳисоблайди генерал Заплатин. – Уни ҳокимият тепасига келтириш зарур эканига уларнинг ишончи комил эди. Шундоқ бўлгач, албатта, Аминни даф этмоқ керак бўлади. Бабрак, – деб ўйларди улар, – Тараққий билан тил топиша олади. Бабрак нимаси билан уларга манзур бўлиб қолган эди? У осонлик билан бошқариш мумкин бўлган одам. Кези келганда Амин совет вакилларининг фикрига қўшилмаслиги ҳам мумкин, ўзи билганича сиёсат юритавермоқдан ҳам тоймайди. Лекин у Бабракка ўхшаган пиёниста эмас эди. Лоақал биргина шу сабаб учун ҳам уни ҳокимиятга яқинлаштириб бўлмас эди.

Ҳарбий маслаҳатчилар билан КГБ ваколатхонасининг аппарати ўртасидаги зиддиятлар афғон можаролари бошлангандан тамом бўлгунча сақланиб қолган. Қобулда кўп йиллар хизмат қилган генерал Александр Алховский шундай эслайди.

– Бизнинг қўшинларимиз олиб кирилгандан кейин жуда қаттиқ бир қоидани жорий қилишди. Афғонистондан Москвага жўнатиладиган ахборот бир неча ташкилотлар ўртасида келишилган ахборот бўлмоғи керак эди. Унга элчи, КГБ вакили ва мудофаа министрлиги оператив гуруҳининг раҳбари имзо чекар эди. КГБ ваколатхонаси эса кейин, барибир, ўз телеграммасини жўнатар ва у кўпинча келишилган ахборотга тўғри келмас эди. Бизнинг хизмат сафаримиз охирлаб қолганда, хайрлашгани КГБ ваколатхонасига кирдик. “Ҳамкорликда ишлаганимиз учун сизларга ташаккур” дедик. Шунда улардан бири “Э-э, сизларнинг йўлингизга қанча ғовлар қўйганимиздан хабарларинг йўқ-да!” деди”.

Бизнинг ҳарбий маслаҳатчиларимиз ҳикоя қилишича, яширин ҳолатга кўчган “тўртлар гуруҳи” ҳатто совет чекистлари ёрдамида Аминга қарши исён кўтармоқчи ҳам бўлишган.

Заплатиннинг эслашича, 1979 йилнинг 14 октябрида 5-пиёда дивизияда тўсатдан исён бошланган ва Заплатин бу исённи бостирмоқ учун танкчилар бригадасини оёққа турғазган.

Исён бостирилгандан кейин Заплатин амалга оширилган операция тўғрисида гапириб бермоқ учун элчихонага борган. Элчининг қабулхонасида элчихона ходимларидан бири ўтирар ва том маънода йиғлар эди. Ҳайрон бўлиб, “Тинчликми? Нима бўлди?” деб сўраганимизда Пузанов “исён ўнгидан келмагани учун чекист ҳўнг-ҳўнг кўз ёши тўкиб ўтирипти” деган эди. Афғонистондаги маслаҳатчилар жамоаси ана шунақа “дўстона” тарзда ҳамжиҳатлик билан иш юритган эди.

Кобулдаги махсус операция

1979 йилнинг кузида Тараққий Кубага борган эди. Қайтишда у Москвада тўхтаб ўтди. У билан Леонид Ильич суҳбатлашди, Амин тўғрисида ёмонлаб гапирди, бу одамдан қутулмоқ керак, деди. Тараққий рози бўлди. Бироқ буни қандай қилиб амалга ошириш мумкин?

КГБ раиси Андропов Тараққийга тасалли берди: “Хафа бўлманг. Сиз Кобулга қайтиб борганингизда, Амин ортиқ у ерда бўлмайди”. Аммо бу режа амалга ошмади. Умумий ҳисобда Аминни ўлдиришга беш марта уриниб кўришган. Фақат энг сўнгги уринишгина натижа берган. Икки марта уни отиб ўлдирмоқчи бўлишган, икки марта заҳарлашга уриниб кўришган.

Генерал Ляховский бу ишларнинг баъзи тафсилотларини менга айтиб берган эди. “Зенит” отрядига мансуб иккита совет снайпери президент ишга қатнайдиган йўлда пистирма қуриб, Аминни пойлаб туришган. Аммо уларнинг иши ўнгидан келмаган, негаки президент тушган машиналар тўпи жуда катта тезлик билан ўтиб кетган. Заҳарлашга уринишдан ҳам ҳеч нарса чиқмаган.

Бир стакан заҳар солинган кока-колани Аминнинг ўрнига жияни Асатулла Амин ичиб юборган ва заҳар унга қаттиқ таъсир қилган. Уни бағоят оғир аҳволда дарҳол Москвага олиб кетишган. Асадулла Амин контрразведканинг бошлиғи эди. Москвада унинг ҳаётини сақлаб қолишади, бироқ касалхонадан тузалиб чиқиши билан уни “Лефортово”даги турмага ташлайдилар, негаки, энди давлат тепасига Бабрак Кармал келиб улгурган эди. Уни Аминга қарши кўрсатма беришга мажбур қилмоқ учун анча қийнашган. У метин иродали одам эканини намойиш этиб, ҳеч нарса демаган. Уни Афғонистонга жўнатишган, у ерда эса уни қатл этишган.

Тараққий Кобулга қайтиб, самолётдан чиққанида Аминни кўрди. Аввалги гапларга кўра Амин аллақачон гумдон қилинмоғи керак эди. Уни соғ-омон, бешикаст юрганини кўриб, Тараққий ҳанг-манг бўлиб қолади. Аммо бир-бирини кўришга кўзи йўқ бу икки душман бир-бирлари билан гўё ҳеч нарса бўлмагандек оғиз-бурун ўпишиб кўришади.

Аминни яна бир марта ўлдиришга уриниб кўришади – бу гал уни афғонларнинг қўли билан ўлдиришга ҳаракат қилишади.

14 сентябр куни совет элчиси Пузанов Тараққийнинг ҳузурига келади ва у ерга Аминни ҳам таклиф қилади. Унинг келишга оёғи тортмайди. У нималардандир гумонсираган ва унинг гумонлари асоссиз эмасди. Бироқ шундай бўлса-да, совет элчисининг гапини қайтаришга тили бормади. Тараққийнинг саройида уни ўққа тутишади. Лекин у омон қолади ва қочиб кетади.

Ўша куни бутун оқшом ва тун давомида Тараққий билан Амин ўртасида кураш кетади. Тараққий Аминни йўқ қилиш тўғрисида армияга буйруқ беради. Аммо Кобул гарнизони қўшинларининг асосий қисми Амин томонида қолади. Бизнинг маслаҳатчиларимиз ҳам ҳарбий қисмлар казармаларини тарк этмаслиги учун анча-мунча ҳаракат қилишади. Иккита “Ми-24” вертолёти зарур бўлиб қолса мудофаа министрлигини ракеталар билан ўққа тутиш учун осмонга кўтарилади. Амин мудофаа министрлиги биносига ўрнашиб олган эди. Бизнинг маслаҳатчиларимиз бир амаллаб, вертолётларни қайтиб ерга қўндиришга муваффақ бўлишади, чунки бино ичида совет офицерлари ҳам жуда кўп эди.

Москвада воқеалар бунақа тус олишини кутишмаган эди ва жуда имиллаб, иккиланиб қарорлар қабул қилишарди. Тараққийни қўриқлаш учун спецназ отрядини жўнатмоқчи бўлишади, лекин охирги дақиқада буйруқни бекор қилишади.

“Зенит” отряди Амин қароргоҳини ҳужум билан эгаллаб, унга жойлашиб олиш тўғрисида буйруқни кутиб шай турарди, бироқ буйруқдан ҳадеганда дарак бўлавермади.

Эртаси куни Тараққий қамоққа олинади. 16 сентябр куни мудофаа министрлиги биносида Инқилобий Кенгашнинг машварати, кейин эса Афғонистон Халқ Демократик партияси Марказқўмининг пленуми бўлади. Тараққий Инқилобий Кенгаш раислиги ва партиянинг Бош котиби лавозимидан бўшатилди. Иккала лавозим ҳам Аминнинг қўлига ўтди. Ишни у, биринчи навбатда, ўз душманларини йўқотишдан бошлади – бир неча минг кишини отиб ташлади.

Ҳолбуки, КГБ ваколатхонаси Москвага юборган ахборотида Тараққий жуда бақувват ва Аминни маҳв этишнинг ҳеч қандай қийинчилиги йўқ деб маълумот берган эди. Ҳаммаси аксинча бўлиб чиқди. Энди эса КГБ ваколатхонаси ҳар қандай қилиб бўлса-да, Аминни маҳв этмоққа мажбур эди.

Тараққийни бўғиб ўлдиришганда Аминнинг ўзини ҳам тақдири ҳал бўлган эди. Брежнев буни шахсий ҳақорат сифатида қабул қилди. У Тараққийнинг хавфсизлигига кафолат берган эди, уни эса ўлдириб ўтиришибди.

– Бошқа мамлакатларда нима дейишади? – деди Брежнев ташвиш билан. – Агар ёрдам берамиз деб ишонтирганлари, ҳимоя қиламиз деб берган ваъдалари қуруқ сўз бўлиб чиқса, Брежневга ишониб бўлмас экан-да, дейишмайдими!?

Леонид Ильич Кобулдаги махсус операцияга ижозат берди.

КГБдагилар дарҳол Амин Америка разведкасининг одами деган фаразни тўқиб чиқаришди. Андропов Бабрак Кармални Москвага етказиб келишни буюрди. Бизнинг махсус бўлинмамизни Афғонистонга жўнатиш бошланди. Махсус операция бўлишидан на ҳарбий маслаҳатчиларимиз, на элчи огоҳ қилинди.

10 декабр куни Заплатинга Москвадан қўнғироқ қилишди.

“Қизингиз сиз билан вақтинча учрашишни илтимос қиляпти, зудлик билан қайтинг”. У шу заҳотиёқ Москвага учиб кетди. Ўз-ўзидан аёнки, унинг қизи ҳеч кимга ҳеч нарса деб мурожаат қилган эмасди. Заплатиннинг Кобулдан четлаштирилганига сабаб шу бўлган эдики, у Амин билан ҳамкорлик қилиш керак деб ҳисоблар эди. Москвада эса бошқача қарор қабул қилинган эди.

– Ҳарбийлар ваколатхонаси билан КГБ ваколатхонаси тенг хуқуққа эгадай кўринар эди. Аммо биз ўзимизнинг ҳақлигимизга Москвани инонтира олмадик, КГБ ходимлари эса бунинг уддасидан чиқишди. Уларнинг таъсир кучи зўрроқмиди?

– Албатта, – деб жавоб берди Заплатин. – Мамлакатдаги сиёсий вазиятни баҳолаш уларнинг вазифасига киради. Охирги суҳбатимизда Мудофаа министри менга айни ана шу гапни уқдиришга ҳаракат қилди.

Эрталаб Заплатинни министрнинг ҳузурига чақиришди. Аммо у Кремлга отланаётган эди. У шинелини кийиб бўлганди. “Кейинроқ келинг” деди у Заплатинга қараб. Министрни кутиб ўтирар экан, у икки соат мобайнида Бош штаб бошлиғи Огарков билан суҳбатлашиб ўтирди. Николай Васильевич мамлакатни қутқариб қолмоқ учун Афғонистонга қўшин киритиш фурсати етиб келмадимикин, деб сўради. Замятин қатъий равишда бундай қилиб бўлмайди, акс ҳолда, биз бегона бир фуқаролар урушининг қозонига тушиб қоламиз, деди.

Сиёсий бюронинг мажлисидан кейин Устинов қайтиб келди ва ҳузурига яна Огарков, Заплатин ҳамда Бош сиёсий бошқарманинг бошлиғи генерал Епишевни чақирди.

Огарков министрга деди:

– Ўртоқ Заплатин ҳамон ўз фикрида турипти.

– Нечук? – деб ҳайрон бўлди Устинов. – Сиз бекорга ўз фикрингизни ҳимоя қилмоқдасиз. Сиз КГБ ваколатхонаси Афғонистондаги аҳвол ҳақида юборган ахборотини ўқиб кўринг.

Яширин ахборотда афғон армияси хароб бўлгани, Амин эса ҳалокат ёқасида тургани айтилган эди. Заплатин Кобулда бу телеграммага имзо чекишдан бош тортган эди.

Заплатин уни ўқиб чиқиб, яна қатъий оҳангда деди:

– Ўртоқ министр, бу гап ҳақиқатга тўғри келмайди. КГБга бунақа маълумотни ким берганини мен яхши биламан.

Устинов деди:

– Сен у ердаги аҳволни бамисоли бир йўловчи янглиғ ўрганасан. Улар эса ҳар бир сўзлари учун бошлари билан жавоб беради.

– Биламан, – деб бош ирғади Заплатин. – Агар соғ калла бўлганида ҳаммаси тўғри бўларди, лекин фикр маст калладан чиқса, унда…

Генерал министр мени ҳозир кабинетидан ҳайдаб чиқарса керак, деб ўйлади. Устинов Заплатинга, Епишевга, Огарковга бир-бир қаради-да, алланечук хаёлчан оҳангда деди:

– Лекин энди кеч бўлди-да…

Айни ўша куни Сиёсий бюро мажлисида Афғонистонга қўшин киритиш масаласи узил-кесил ҳал бўлган эди.

Фалиннинг сўзларига қараганда Устинов Афғонистон масаласини бир неча ойда бартараф қилишга ваъда берган.

– Афғонистонда бизга қарши тура оладиган ҳарбий куч йўқ.

Армия генерали Махмут Ахметович Гареев Сиёсий бюро мажлисида Бош штаб бошлиғи Огарковнинг совет қўшинларини Афғонистонга киритишга қарши гапирганини эслайди. Огарков бу иш Совет Иттифоқи учун жуда ёмон ҳарбий-сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтган.

Андропов маршалнинг гапини бўлган:

– Бизда сиёсат билан шуғулланадиган одамлар бор. Сиз ишнинг ҳарбий томонини ўйламоғингиз керак. Сиз ҳукумат томонидан зиммангизга юклатилаётган муҳим топшириқни яхшироқ бажариш устида бош қотиринг.

Сиёсий бюронинг 1979 йил 6 декабридаги мажлисида қабул қилинган қарорда Андропов ва Бош штаб бошлиғи Огарковларнинг “Амин қароргоҳини ҳимоя қилмоқ учун” Бош штаб ихтиёридаги Бош разведка бошқармасининг 500 кишилик “махсус отрядини жўнатиш тўғрисидаги таклифига рози бўлинсин. Бу отряд унинг қуролли кучларга мансублигини ошкор қилмайдиган кийимларда бўлмоғи керак”.

– Бу батальон кейинчалик Аминнинг саройини ҳужум билан олди. Аминнинг ўзини, унинг оила аъзоларини, уларга қўшиб бир совет врачини ва саройда бўлган одамларнинг ҳаммасини ўлдирди.

Аввал режалаштирилганига кўра, совет қўшинларини Афғонистонга олиб киришни ўзи илтимос қилгани тўғрисида Ҳафизулла Амин баёнот бермоғи даркор эди, шундан кейин уни бартараф қилишлари керак эди. Тарғибот нуқтаи назаридан шундай қилинса, яхшироқ бўлар эди. Ҳатто Амин телевидение орқали чиқиш қилди деб эълон ҳам қилишди. Бу вақтда Бабрак Кармал КГБнинг Тўққизинчи бошқармасининг офицерлари ҳимоясида ўзига навбат келишини кутиб турарди.

Аммо КГБ шошқалоқлик қилди. Президент саройидаги ошпазлар орқали Аминга заҳар солинган овқат бердилар. Шу важдан у телевидениедан чиқишга улгуролмай қолди. У ҳушини йўқотмасдан аввал совет элчисидан врачлар жўнатишни илтимос қилди – Амин ўзининг врачларига ишонмас эди. КГБ элчига билдирмай, Кобулда махсус операция ўтказаётганидан хабари ҳам йўқ эди. Совет врачлари президентнинг ҳаётини асраб қолишди, лекин бир неча соатдан кейин бизнинг спецназчилар1 президентни барибир, отиб ташлашди. Улар отишмалар ичида совет врачларидан бирини ҳам отиб ўлдирдилар.

КГБнинг спецназ десантчилари билан биргаликда Аминнинг саройини ҳужум билан босиб олишади. Ҳужум вақтида афғонлардан жуда кўп одам ўлди. Улар жон таслим қилаётган вақтларида ўзларини энг яқин дўстлари ўлдираётганига сира-сира ишона олмас эдилар. Энг сўнгги дақиқаларга қадар президент Амин ҳам бунга ишонмаган эди. Уни ҳам бошқалар қатори отиб ташлашди. Унга қўшиб ўғилларини ҳам ўлдиришди. Полковник Кузнецов менга айтиб берганди:

– Ўша кеча мен алоқа бўлимида эдим. КГБ вакили генерал Иванов ҳам шу ерда эди. У Аминнинг оламдан ўтгани ҳақида маълумот олиши билан “тамом, ғалаба – бизники!” деган маънода хурсанд бўлиб, мени қучоқлаб ўпди.

1979 йилнинг 31 декабр куни Кирпиченко ва КГБнинг яширин разведкасининг бошлиғи Юрий Иванович Дроздов Андроповга операциянинг муваффақиятли якунлангани тўғрисида маълумот бердилар. Андропов уларни мукофотларга тақдим этишга ваъда қилди.

Андропов Афғонистонда ўз муассасасининг тузоғига ўзи илиниб қолди – муаммони ҳал қилишнинг ғоятда осонлиги уларни маҳлиё қилган эди – Аминни йўқотасан, Кобулга ўз одаминг Бабрак Кармални етказасан, уни ҳокимият тепасига қўясан. Тамом-вассалом! Махфий операциялар ўзларининг жўнлиги, арзонлиги ва хуфиялиги билан ғоятда одамни ўзига маҳлиё қилади. Тўғри, кейинчалик ҳамма нарса мутлақо бошқача экани аён бўлади, лекин бу … ҳар қалай, кейинчалик бўлади-да!

Совет қўшинлари Афғонистонга олиб кирилганда Брежнев узил-кесил бетоб бўлиб қолганди ва номигагина давлат бошлиғи бўлиб турарди. Агар Брежнев ҳар жиҳатдан ишга яроқли бўлиб турганида, эҳтимол, у Андропов, Устинов ва Громиколарга мамлакатни афғон можаролари ботқоғига тушириб қўйишларига йўл бермаган бўларди.

Валентин Фалиннинг эслашича, “ҳамма ишлар Бош котибга билинтирмай, ими-жимида қилинган эди. Бошқача қилиб айтганда, Бош котиб вазиятни соғлом баҳолай олиш салоҳиятидан маҳрум бўлиб қолганди”. Фалиннинг сўзларига қараганда, Леонид Ильич “ташқи сиёсат борасидаги ўзининг севимли ихтироси таназзулга юз тутганидан қаттиқ изтиробга тушган, лекин бирор нарсани ўзгартириш ортиқ қўлидан келмас эди. Ҳатто ўзи хоҳлаганда ҳам, бунга ожизлик қиларди”.

Андропов Бош котиб лавозимига ўтгандан сўнг атеистик ишларни кенгроқ авж олдиришга кўрсатма берди, чунки бостириб кириш натижасида ислом дини арбобларининг роли ошиб кетганди.

1983 йилнинг январида КПСС Марказқўми “Мусулмон руҳонийларининг реакцион қисмини мафкуравий яккалаб қўйиш тадбирлари ҳақида” қарор қабул қилади. Лекин бу қарор энди ёрдам беролмас эди. Совет қўшинларини Афғонистонга киритган одамлар ўз қўллари билан мусулмон халқларини Совет Иттифоқидан бездирдилар, диний туйғуларнинг қайта тикланишига ҳамда давлат мустақиллигига интилишларнинг кучайишига бевосита ёрдам бердилар.

Сусловнинг Ўлими

Ўша даврдаги воқеаларнинг баъзи бир иштирокчилари Андропов ўзининг ҳокимият тепасига келишини тезлаштиришга уринган деб ҳисоблашади. Юрий Владимировичнинг ўзи жиддий касал эди ва Леонид Ильич ўз ўрнини унга табиий бўшатиб берадиган кунга етиб бора олмайман деб қўрқар эди.

Бу фараз тарафдорларининг фикрига кўра, Андропов Брежневнинг ўзининг ҳам, теварагидагиларнинг ҳам обрўсини тўкишга уринган. Шунинг учун Юрий Владимирович давлат бошлиғининг хонадони коррупцияга ўралашиб қолгани тўғрисидаги миш-мишларнинг кенг тарқалишига йўл қўйиб қўйган. Бу миш-мишлар эса Бош котибнинг қизи Галина Леонидовна Брежнева теварагида кўп айланар эди. Унинг ишқий саргузаштлари ва баъзи бир шубҳали шахслар билан яқин муносабатлари ўша пайтларда бутун мамлакат бўйлаб кенг муҳокама қилинар эди. Эндиликда яхши маълумки, аслида ҳеч қанақа “Галина Брежнева иши” деган нарса бўлган эмас. Бироқ у ҳақиқатан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг назарлари доирасига тушиб қолган баъзи бир одамлар билан таниш бўлган. Сиёсий бюронинг собиқ аъзоси, академик Александр Яковлев менга шундай деган эди.

– Брежнев Андроповдан бироз қўрқиб юрарди. Унинг бундай ҳайиқиб туриши жўяли ҳам эди. Андропов унга қарши иғво тўрларини тўқишдан ҳам тоймасди. Менга маълумки, Брежнев бир неча марта Сусловга уни тийиб қўйишни топширган.

– Қанақа иғво тўрларини кўзда тутяпсиз?

– Андропов қўрқоқроқ одам эди. У Брежневни оиласи орқали чақиб олишга ҳаракат қилди. Бош котибнинг оиласини ёмонотлиқ қиладиган миш-мишларни мамлакат бўйлаб тарқалишига йўл очиб берди. Бу – Брежневнинг обрўйига путур етказган эди.

– Андропов Брежнев оиласининг қинғир ишлари ҳақидаги ахборотнинг КГБдан чиқиб тарқалиб кетишига онгли равишда йўл қўйган ва шу йўл билан Леонид Ильичнинг обрўйига путур етказмоқчи бўлган дейиш мумкинми?

– Андропов ҳаддан ташқари эҳтиёткор одам эди, – деб жавоб беради РСФСР КГБсининг собиқ раиси Виктор Иваненко. – У олий рутбали раҳбариятга қарши биронта ҳам хатарли ишга ҳеч қачон қўл урмас эди. Бу унинг табиатига тўғри келмасди. У ўз қўли остидаги баъзи бир ҳовлиққан ходимларни улар партиядаги баъзи бир мансабдорлар билан фаолроқ шуғулланишга даъват этганларида попукларини пасайтириб қўяр эди.

Гапнинг индаллосини айтганда, Андропов Брежневнинг ҳузурида қалтираб турар эди. Бир куни Андропов Брежнев билан гаплашаётиб, Бош котибга бириктириб қўйилган ҳамширанинг эри тўғрисида гап очиб қолади, унинг эри анча-мунча лақма эканини, бўлар-бўлмас гапларни кўп гапиришини айтади, эҳтимол, ҳамширани алмаштириш мақсадга мувофиқдир, дея ўз мулоҳазасини билдиради. Брежнев билан ҳамшира ўртасида хизмат доирасидан ташқари чиқадиган муносабатлар пайдо бўлган эди.

Брежнев Андроповга қаҳр билан жавоб берди:

– Биласанми, Юрий, бу менинг муаммом, бошқа ҳеч қачон унга тил тегизма.

Бу суҳбатнинг ошкор бўлиб, одамлар ўртасига тарқалганига бирдан-бир сабаб шуки, Андропов у тўғрида СССР Соғлиқни сақлаш министрлиги қошидаги Тўртинчи Бош бошқарманинг бошлиғи академик Чазовга гапириб берган эди. Бош котиб билан нозик масалалар тўғрисида нима учун бемалол гаплаша олмаслигини шу билан изоҳлаган эди.

Брежнев ҳокимият тепасида турган сўнгги йилларда Андроповнинг Леонид Ильичга муносабати анча-мунча мураккаб бўлган эди.

Бир куни Сиёсий бюро мажлисини олиб бораётганда оғир беморликни бошидан кечираётган Брежнев ҳуши учиб, муҳокама тизгинини қўлдан чиқариб қўяди. Сиёсий бюро мажлисидан кейин Андропов бу пайтда Москвага ишга кўчирилган Горбачёвга шундай дейди:

– Биласанми, Михаил, Леонид Ильични ҳатто шу аҳволда ҳам қўллаб-қувватламоқ учун ҳамма ишни қилмоқ керак. Бу – мамлакатда, давлатда барқарорлик масаласи, қолаверса, халқаро барқарорлик масаласи ҳамдир.

Андропов тугал равишда Брежневнинг қўллаб-қувватлашига боғлиқ эди, – деб ёзади академик Чазов. У тушунарди – унинг асосий камчиликларидан бири Марказқўм котибларидан ажралиб қолгани эди. Бу доирада Кириленко ёки Черненкодан фарқ қилар, унинг етарли суянчиғи йўқ эди. У эса бу одамларнинг дасти ғоятда узун эканини жуда яхши тушунар эди. У ҳали ўзининг фурсати етиб келмаганини англар, шунинг учун ҳам Бош котиблик лавозимида мункиллаб, тўкилиб қолган, аммо Андропов учун қулай бўлган Брежневни сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан тиришиб ётарди.

Андропов ёш партия котибларини ўз томонига оғдириш учун жамики имкониятларни қидириб топишдан эринмасди. Шунинг учун ҳамма имкониятларни ишга солиб ўзига шахсан таниш бўлган Михаил Сергеевич Горбачёвни Ставрополдан Москвага ўтказилишига ва КПСС Марказқўмининг котиби этиб тайинланишига эришди.

Айни чоғда Андропов вақтнинг ҳалокатли тарзда тез ўтаётганини тушунарди – унинг касали жуда оғир, у узоқ кутиб туришга ярамайди. Юрий Владимирович Брежневдан кейин бўладиган воқеаларга тайёргарлик кўриб борганди. Холисанлилло олганда у Брежнев теварагидаги ўзи билан рақобатлашиши мумкин бўлган айрим даъвогарларнинг обрўсига путур етишидан манфаатдор эди.

Андропов академик Чазов билан яқин муносабатлар ўрнатди. Чазов Брежневнинг ва қолган Сиёсий бюро аъзоларининг саломатлиги қай аҳволда эканини ҳаммадан кўра яхшироқ билар эди.

У ўқтин-ўқтин Чазов билан учрашиб турарди. Бу учрашувлар ё Андроповнинг уйида ёки КГБнинг хуфия уйиида содир бўларди. Хуфия манзили Сатира театридан унча узоқ бўлмаган жойдаги эски уйлардан бирида эди. “Гап, асосан, Брежневнинг саломатлиги тўғрисида борган эди, — деб эслайди Чазов. – Биз унинг хасталиги муносабати билан муолажа учун нималар қилаётганимиз, ҳокимиятнинг олий табақалари ўртасидаги аҳвол тўғрисида гаплашдик. Ақлли ва олисни кўра оладиган сиёсатчи, таҳлилий тафаккурга мойил Андропов худди шахматчи каби у ёки бу сиёсий арбобларнинг хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатлари қандай бўлиши мумкинлигини аввалдан чамалаб кўрарди”.

Юрий Владимирович КГБдан имкон қадар тезроқ КПСС Марказқўмига қайтишни орзу қиларди, чунки бу ерда унинг учун Бош котиблик лавозимига йўл очиларди. Андроповни Черненко билан ўрталарида аланга олиб бораётган рақобат ташвишга соларди. Брежнев заифлашиб боргани сари Черненко унинг пинжига суқилиброқ киришга ҳаракат қиларди. Марказқўмнинг умумий бўлимига раҳбарлик қилган Константин Устинович партия аппаратининг ҳамма ишини назорат остида тутарди. У бўлаётган ишлардан Брежневни огоҳ қилиб туриш билан чекланмас, балки Бош котибнинг ишлари жуда тиғиз ва кўп деган таассурот туғдиришга ҳам уринарди. Брежнев сўнгги йилларда Черненкога шу қадар ишониб кетгандики, у олиб келган қоғозларнинг ҳаммасига маъносини дурустроқ уқмасдан ҳам имзо чекиб юбораверарди.

Тўғри, ўттиз беш йил мобайнида Марказқўм котиби бўлиб келган Михаил Андреевич Суслов 1982 йил 25 январда вафот этгандан кейин вазият ўзгарди.

Суслов Марказқўмда котиб бўлиб ўтирар экан, Андроповга юқорига йўл берк эди. Суслов Андроповни ёқтирмасди. Чекистларнинг каттасини Сиёсий Бюронинг бошқа аъзолари ҳам ёқтиришмасди. Фақат мудофаа министри Дмитрий Федорович Устиновгина бундан мустасно эди. КГБнинг раиси ҳеч кимнинг амал пиллапояларидан кўтарилишига ёрдам бермас, лекин жуда осонлик билан бир зумда бу йўлни қирқиб қўйишга қурби етарди.

Энди эса КПСС Марказқўмининг асосий биносидаги биринчи йўлакнинг бешинчи қаватидаги иккинчи рақамли кабинетда ўрин бўшаб қолди. Бу қаватда фақат иккита кабинет – Бош котибнинг кабинети-ю, партиядаги иккинчи одамнинг кабинети бор эди, холос. Уни ким эгаллашини ҳамма интиқлик билан кутарди. Турли-туман номзодлар кўп эди. Брежнев сира кутилмаганда Андроповни танлади.

Бош котибнинг ёрдамчиси Андрей Александров-Агентов шундай эслайди:

“1982 йилнинг бошланишида Суслов қўққисдан бетоб бўлиб қолганидан кейин бир-икки кун ўтгач, Леонид Ильич мени Марказқўм биносидаги қабулхонасининг хилватроқ бурчагига тортди-да, овозини пасайтириб деди:

– Менга Чазов қўнғироқ қилди. Сусловнинг куни битиб қолган кўринади. Мен унинг ўрнига Марказқўмга Андроповни ўтказишни ўйлаб турибман. Ахир, Юрканинг Черненкодан зўрроқ экани ҳақиқат-ку! Салоҳиятли, ижодий фикрлайдиган одам…”

Қизиқ, нима учун Брежнев ёрдамчисини хилватга тортдийкин? Гапларини бегона одамлар эшитишини хоҳламадимикин? Унинг гапларини ҳам махфий эшитиб оладиганлар бор деб ўйладимикин? Бундай қилишга кимнинг ҳадди сиғарди?

1991-йилдан кейин Сиёсий бюронинг энг махфий ҳужжатларини кўриб чиқишга ижозат олган генерал-полковник Дмитрий Волкогонов буни Черненко қилган деб таъкидлайди. Унинг кабинетида махсус аппаратлар бор экан. Уларнинг ёрдамида эски майдондаги энг юқори рутбалик амалдорларнинг, шу жумладан, Марказқўмнинг асосий биносидаги бешинчи қаватдаги кабинетларда бўладиган гап-сўзларни ҳам эшитиш мумкин эди.

Брежнев нима учундир узил-кесил қарор қабул қилишни орқага ташлар, Андропов эса бу ишда Черненконинг найранги бор деб ҳисоблаб, изтироб чекарди.

Ҳатто Чазов ҳам Андроповдан иш нимага чўзилаётганини сўраб-суриштирди.

– Нима, Марказқўмдагиларнинг менга кўзлари учиб турипти деб ўйлайсизми? – деб жавоб берди Андропов маъюсланиб. – Кириленко бир куни менга шундай деган эди: “Агар сен Марказқўмга ўтадиган бўлсанг, ҳойнаҳой, ҳаммамизни ҳар томонга тирқиратиб юборсанг керак-а!”

Кириленко ҳақ бўлиб чиқди. Андропов Бош котиб бўлгандан кейин эски аламларини унута олмай, биринчи навбатда, Сиёсий бюро аъзоси Андрей Платонович Кириленкони нафақага жўнатди. Тўғри, бу вақтга келганда Кириленко анча оғир хаста эди. Бундай деса, Андроповнинг ўзининг соғлиғи ҳам Кириленконикидан аъло эмас эди.

КГБ Москва бошқармасининг собиқ бошлиғи генерал Виктор Алядин шундай эслайди: Улар Андропов билан баъзан-баъзан Брежневнинг саломатлиги ёмон экани тўғрисида гаплашиб туришар экан.

– Леонид Ильич қариб қолди, бор кучи билан ишлай олмаяпти. Аллақачон ўзини раҳбарлик ишидан озод қилиш масаласини қўйган. Лекин унинг ўрнини боса оладиган одам топилмаяпти, – дебди бир куни Андропов.

– Бу вазифани ўзингиз зиммангизга олақолсангиз бўлмайдими, Юрий Владимирович? Партия ва давлат ишларида жуда катта тажрибага эгасиз, – деб жавоб берган Алядин.

– Шунақа-я, лекин мен саноат соҳасини жуда бўш биламан-да, – депти Юрий Владимирович.

– Менимча, ҳозир Марказқўмда саноат ишлари билан шуғулланаётган одамлар уни сиздан яхши билолмаса керак, – дея эътироз билдирган Алядин.

Шунда Андропов генералга Брежнев билан болгарлар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни айтиб берипти. Тодор Живков маслаҳатлашгани келган экан.

– Мен Болгария компартияси Сиёсий бюросининг икки аъзосини алмаштирсам дейман. Улар жуда қариб қолишди, меҳнат қилиш қобилиятлари ҳам сусайиб қолган. Бунга сиз қандай қарайсиз, Леонид Ильич? – дебди Живков.

– Менга қолса, бундай қилмас эдим, – деб жавоб берипти Брежнев очиқчасига. – Улар сизга халақит беришяптими? Сиёсий бюрога ёшроқлардан аъзо қилсак, уларнинг турган-битгани ортиқча ташвиш. Улар вазиятни чалкаштиришдан бошқага ярамайди. Сизга шу керакми?

– Ўзингиз кўриб турибсиз, бизнинг сиёсий бюромиздаги вазиятни ўзгартиришга ҳам хоҳиш йўқ, – деб суҳбатга хотима ясапти Брежнев.

1982 йилнинг бошида Алядин Андроповнинг хасталигини, Марказий клиника хастахонасида ётганини эшитипти. Уни кўргани бормоқчи бўлган экан, соқчилар Андроповнинг ўзини ёмон ҳис этаётганини айтишипти. Бир неча кундан кейин Андропов ишга чиққан ва Алядинни ҳузурига чақирган.

Генерал шундай эслайди: “Биз учрашдик, қучоқлашиб, ўпишиб кўришдик. У менга Афғонистонга бориб келганини, у ерда энг пешқадам раҳбарлар билан учрашганини айтиб берди. У ерда ҳам учрашганда ўпишиб кўришиш одати бор экан. Шу йўл билан Андропов чечак юқтириб келипти. Уни Москвага жуда оғир аҳволда олиб келишипти. Бир неча кун у ҳушсиз ётипти. Андроповнинг шакл-шамойилини кўрган одам қўрқиб кетарди. Унинг шашти жуда паст, юзи сўлиб бир бурда бўлиб қолган, аввалги ғайратидан ном-нишон қолмаганди. Марказқўмга ўтиш ҳақдаги таклиф Андроповда қарама-қарши туйғулар уйғотди. КГБга кўникиб қолганди, реал ҳокимиятдан маҳрум бўлишдан қўрқарди, негаки, партияда расман иккинчи котиб деган лавозим йўқ эди. Брежнев эса унинг ваколатлар доираси қанақа бўлишини аниқроқ айтгани йўқ, у чиндан ҳам Андропов Сусловнинг ўрнини босади деб ўйлаганмиди ёки унга яна битта шунчаки Марказқўм котиби керакмиди – буни ҳам айтгани йўқ.

Андропов Алядинни ўзига яқин олиб деди:

– Виктор Иванович, менга Марказқўм котиби лавозимига ўтишни таклиф қилишяпти. У ернинг йўлакларида у ёқдан-бу ёққа қоғоз кўтариб, югуриб юришимдан нима маъно бор? Бу ерда кўпроқ фойда келтираман-ку!

“Бу гап мен учун мутлақо кутилмаган бир гап бўлди, – деб эслайди генерал Алядин. – Вақт-соати келиб бизда бошқа бирон одам раҳбар бўлади деб тасаввур ҳам қила олмас эдим. Юрий Владимировичнинг ҳасратига шерик бўлдим-у, лекин унга бу таклифни қабул қилмасликни маслаҳат бердим.

Мени ваҳима босди. Демак, Брежнев билан Андроповнинг орасига совуқчилик тушипти-да! Афтидан, Бош котиб уни ўзининг вориси деб ҳисобламас экан-да! Марказқўмда иккинчи котиб лавозими бўш эди, лекин Андроповга бор-йўғи оддий котиб вазифасини таклиф қилишган эдилар, холос…”

Брежнев ва Шчербицкий

Тахминан шу вақтларда Брежнев билан Украина компартияси Марказқўмининг Биринчи котиби Владимир Васильевич Шчербицкий ўртасида махфий суҳбат бўлиб ўтади. Шуни таъкидламоқ керакки, Брежнев Владимир Васильевични Москвага таклиф қилгани йўқ, балки кутилмаганда ўзи Киевга етиб борди.

Генерал Алядин эслайди: “1982 йил май ойининг бошида Леонид Ильич ғоятда махфий равишда бир неча соатга Киевга борди. Бу воқеа кутилмаганда қўққисдан рўй берди. Буни мен Внуково аэропортида оператив хизмат кўрсатувчи бошқарма бўлинмасининг бошлиғидан эшитдим. Ўз-ўзидан аёнки, мен бу тўғрида дарҳол Андроповга хабар қилдим”.

Юрий Владимирович бунақа сафарнинг замирида нима ётишини тушунгани сабабли, қаттиқ ташвишга тушиб қолди.

Владимир Васильевич Шчербицкий Брежнев яхши кўрадиган кадрлар сирасига кирарди. Шчербицкий Днепропетровск шаҳрида туғилган бўлиб у ерда аста-аста партиявий амаллар зинасидан кўтарила-кўтарила кўп йиллар давомида ишлаган эди. Владимир Васильевич 1957 йилда Украина Компартияси Марказқўмининг котиби бўлди, 1961 йилда эса республика Министрлар Советининг раиси бўлди. Аммо Украина Компартияси Марказқўмининг Биринчи котиби бўлган Петр Ефимович Шелест унинг тагига сув қуйди. Шелест Хрушчевнинг арзандаларидан эди. Шчербицкийнинг амалини анча пасайтириб, туғилиб ўсган шаҳри Днепропетровскка қайтариб юборишди. Брежнев биринчи котиб бўлиб сайлангандан кейин ҳамма нарса ўзгариб кетди. У Шчербицкийни бадарға жойидан топиб қайтариб олиб келди ва бир йилдан сўнг – 1965 йилнинг кузида у яна Украина ҳукуматининг бошлиғи бўлди. Брежнев дабдурустданоқ уни Президиум (Сиёсий бюро) аъзоси қилди. Ҳолбуки, ишлаб турган мансаби уни бунақа унвонларга эга бўлишини тақозо қилмас эди.

1972 йилда Брежнев ғоятда устомонлик билан Шелестни биринчи котиблик вазифасидан олиб ташлади. Бу операцияда Андропов ҳам иштирок этган эди.

Бундан бир йилча аввал, одатда, Москвани сира тарк этмайдиган, кабинетидан чиқмай ишлайверадиган Андропов Украинага борган эди. Бу сафардан кўзланган мақсад – расман республика КГБсининг кенгашида иштирок этиш, аслида эса Шелестнинг қўйнига қўл солиб кўриш эди. Улар шаҳардан ташқарида учрашишди ва ғайрирасмий шароитда узоқ суҳбатлашишди.

“Андропов партия съезди олдидан менинг фикрларимни билгани ва қандай мавқеда эканимни аниқлашга келгани яққол сезилиб турарди, – деб ёзади кундалигида Шелест.– Мен ўз мулоҳазаларимни очиқ айтдим. Шу жумладан, марказнинг раҳбарлик услубидаги камчиликлар тўғрисида ҳам гапирдим. Брежнев тўғрисида шак-шубҳасиз уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур эканини айтдим. Лекин шу билан баробар Сиёсий бюрони фақат гап сотадиган “бозор”га айлантириб юбориш ҳам мумкин эмаслигини гапирдим. Бошланган ишларни охирига етказиб қўйиш керак. Эҳтимол, менинг гапларим кескинроқ бўлгандир, лекин улар ҳақиқат эди. Андропов билан суҳбат мен учун оқибатсиз ўтиб кетмаслигини сезиб турардим”.

Шелест адашмади. Андропов унинг заиф жойларини билиб олган эди. Петр Ефимович киевлик сиёсатчилар ўртасида Украинани, украин тилини ҳаммадан ортиқроқ яхши кўрарди, десак хато бўлмас. 1965 йилнинг ёзида ҳамма олий ўқув юртларига уч ойлик муддат ичида таълимни украин тилида олиб боришга ўтиш тўғрисида кўрсатма берилган эди.

Москвада бунақа гапларни ёқтирмай, ғашлик билан қабул қилишар, унинг замирида миллатчилик ва сепаратизм кайфиятлари бор деб ҳисоблашар эдилар. Шчербицкий эса, унинг ўзи айтганидек, “Богдан Хмельницкий мавқеи”да турарди, яъни ҳамма ишларимизни тўла-тўкис Москвага қараб юритарди.

Анатолий Черняев Сиёсий бюрода Андроповнинг мактуби муҳокама қилинганини эслайди. Бу мактубда “руслаштиришга қарши турган ва мустақиллик талаб қилган украин миллатчилари” ҳақидаги ҳужжат тўғрисида гап борарди.

Брежнев норози оҳангда шундай деган:

– Мен Петр Ефимович билан телефон орқали деярли ҳар куни алоқа қилиб тураман. Колбаса тўғрисида, буғдой, мелиорация ҳақида гаплашамиз. Ҳозир бизнинг столимиз устида ётган ҳужжат эса унга ва Украина Компартияси Марказқўмига олти йилдан бери маълум экан. Лекин ҳеч ким Киевда менга бу тўғрида гапиргани йўқ, лом-мим деб оғиз очмаган. Бу масалада Петр Ефимович ҳеч қанақа ишкалликни кўрмаган экан-да!

Брежнев дўсти Шчербицкийни Украинага раҳбар қилиб қўйди. Шчербицкий икки марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамонининг “Ўроқ ва Болға” олтин медалини олди ва ҳарбий саноат комплексида ишлайдиганлар учун махсус белгиланган Ленин мукофоти билан (яширин рўйхат бўйича) тақдирланди. Бунда мудофаа министри Устинов ташаббус кўрсатди. Унинг билан ҳам Шчербицкий ўртасида дўстона алоқалар мавжуд эди. Сиёсий бюронинг собиқ аъзоси Вадим Медведевнинг гапларига қараганда Шчербицкий билан Бош котиб ўртасида “бағоят қалин муносабатлар мавжуд эди, улар бир-бирларига ишонар эдилар. Шчербицкийнинг қўллаб-қувватлаши билан Брежнев кўпгина нозик масалаларни ҳал қиларди”.

Брежневнинг вориси ҳақидаги гаплар кўпдан бери айланиб юрарди. Унинг ўзи ҳам баъзан бунга шама қилиб қўяр, баъзан эса очиқчасига тўппа-тўғри айтаверарди.

Ҳатто шундай гап ҳам юрадики, бир куни Брежнев кўнгли тўлиб кетиб, Шчербицкийга деган экан:

– Мендан кейин, Володя, сен бош котиб бўласан.

Новча, қадди-қомати келишган Шчербицкий жуда ёқимли таассурот қолдирарди. Мамлакат бўйича олганда ҳам у катта обрўга эга эди.

СССР Министрлар Советининг раиси Алексей Николаевич Косигин оғир дардга чалиниб, ётиб қолганида, Брежнев Шчербицкийга ҳукуматга бош бўлишни таклиф қилган эди.

Брежнев билан Шчербицкий Кишиневга боришган. Леонид Ильичнинг кайфияти жуда паст бўлган, у Министрлар Советига ким раис бўлишини ўйлаб, ўйининг тагига етолмаган. Ниҳоят, кечаси вақт алламаҳал бўлиб қолганда у пижамада Шчербицкийнинг хонасига кирган.

– Володя, Косигиннинг ўрнига сен бўлишинг керак. Бошқа одам йўқ…

Шчербицкий таклифни рад қилган. Ҳарҳолда кейинчалик ёрдамчиларига шундай деб айтиб берган. Нима учун у иттифоқ ҳукуматига бош бўлишни хоҳламади. Афтидан, у Министрлар Совети раисининг ўрнини хатарли деб ҳисоблаган бўлса керак. Бу мансаб ҳар томондан танқид учун очиқ, иқтисодиётдаги оғир аҳвол учун айбни партия аппарати осонгина ҳукуматнинг устига ағдариб қўяқолади.

Ундай бўлса, Брежнев билан Шчербицкий 1982 йил майида Киевдаги махфий учрашувларида нимани муҳокама қилишган?

Эҳтимол, Леонид Ильич Андроповни Марказқўмнинг котиби қилиш нияти борлиги тўғрисида гапириб берган-у, лекин Андропов унинг вориси бўлмаслигини айтиб, киевлик дўстини хотиржам қилгандир?

Бу суҳбат Шчербицкий учун ёқимли, лекин хатарли суҳбат эди. Агар у Бош котибнинг вориси ким бўлади деган масалани муҳокама қилишда ўзининг манфаатдорлигини жиндай намойиш қилиб қўйса, шу заҳотиёқ Брежневнинг ундан кўнгли қолиши мумкин эди. Хуллас, Брежнев узоқ вақт иккиланиб юрди. Андропов Марказқўмга ўтиш учун кураш олиб борди ва охир-пировардида, ўз мақсадига эришди.

Суслов 1982 йилнинг январида вафот этди, Андроповни эса Марказқўм котиблигига 24 майда сайладилар.

Мамлакат ва жаҳон янги котиб ўзи билан нима олиб келаркин, қанақа янги ғояларни олдинга сураркин, дея фол боқишга тушди. Лекин камдан-кам одам КПСС Марказий Комитетидаги кабинетни оғир дардга чалинган дардман эгаллаганидан воқиф эди. Аслида, Андропов умрини яшаб бўлган, фурсати ўтган эди.

Генерал Вадим Кирпиченко унинг чекистлар кўз ўнгида сўниб борганини эслайди: У сайр қилишни ёқтирмас, кабинетдан ташқарига чиқмайдиган хонанишин одамга айланиб қолган эди. Сўнгги пайтларда – ҳали КГБда ишлаб юрган кезларидаёқ Андропов ишларни кўрар экан, аввалги иштиёқи сезилмасди. У ўқишга ҳам қийналиб қолган эди, биров ўқиб беришини илтимос қиларди.

КГБда ишлаган йиллари унга фойда келтирмади. Валентин Фалиннинг ёзишича, “биқиқ, салбий ҳаволарга тўлиқ муҳитда Андроповнинг ўзи ҳам жуда кескин ўзгариб кетди”. Унинг гапларида ҳаққонийлик камайиб кетди, ҳар нарсага шубҳа билан қараш, ҳар нарсадан ҳадиксираш кучайди, ҳамма нарса тегиб кетадиган бўлиб қолди, кекчилиги зўрайди.

Брежневга шама қилиб, Андроповнинг ҳаддан ташқари хаста эканини, мамлакатни бошқара оладиган ҳолда эмаслигини айтишди.

Леонид Ильич партия ва давлатнинг олий рутбали раҳбарларининг саломатлиги учун масъул бўлган академик Чазовга телефон қилди.

– Евгений, нима учун Андроповнинг саломатлиги тўғрисида менга ҳеч нарса демадинг? Менга унинг аҳволи ниҳоятда оғирлигини ва куни битиб қолганини айтишди. Мен уни уйимга меҳмонга келганда кўргандим – ҳеч нарса ичмайди, деярли ҳеч қайси овқатга қўл ҳам тегизмади. “Нега ҳеч нарса емаяпсан?” десам, фақат тузсиз овқат ейман, дейди.

Чазов дипломатларга хос муғамбирлик билан жавоб берди: ҳа, Андропов ҳақиқатан ҳам анча оғир касал, аммо даволаш унинг аҳволини барқарорлаштиришга бемалол имкон беради. Ҳозир Юрий Владимирович бемалол ишга яроқли.

– Тўғри, у кўп ишлаяпти, – деб унинг гапини маъқуллади Брежнев. – Лекин унинг бетоблиги ҳақидаги гап-сўзлар жуда кўпайиб кетяпти. Биз бу гапларга индамай қараб туролмаймиз. Андроповнинг куни битганлиги ҳақида миш-мишлар юрипти. Унинг имкониятлари ва келажаги тўғрисида бизга аниқ гап айтишинг керак.

Брежневнинг сўзлари ёмон бир нарсадан дарак берарди. Сиёсий бюро аъзолари ичида соғлом одам кам эди, аммо уларнинг саломатликлари қай аҳволда экани ҳамма учун сир эди. Агар бирор одамнинг хасталиги ҳақида гап-сўзлар кўпайиб кетса, у одам хизматни тарк этиб, дам олишга ўтишни ўйламоғи керак эди.

Орадан кўп ўтмай Андроповнинг ўзи ҳам Чазовга қўнғироқ қилиб қолди. У анча ташвишда эди, академикдан ёрдам беришини илтимос қилди.

– Мен Брежнев билан учрашдим. У ўзимни қандай ҳис қилаётганим тўғрисида, саломатлигим қай аҳволда, ундан нима ёрдам кераклиги ҳақида анчагина сўраб-суриштирди. Афтидан, кимдир хасталигимни рўкач қилиб, ўзини менга ғамхўрдай кўрсатмоқчи, мени жуда оғир хаста кўрсатиб, ногиронга чиқариб қўймоқчи шекилли. Мен сиздан илтимос қиламан – Брежневни хотиржам қилиб қўйсангиз, менинг келажагим масаласидаги шубҳа-гумонлари ва безовталиги барҳам топса…

Балки Бош котиб аллақачон ўзи учун қандайдир хулосалар чиқариб бўлгандир. Марказқўмнинг кадрлар бўйича собиқ котиби Иван Васильевич Капитонов уни 1982 йил октябр ойининг ўрталарида Леонид Ильич ҳузурига чақирганини ҳикоя қилади.

– Манави ўриндиқни кўряпсанми? – деб сўрапти Брежнев ўзининг ўриндиғига ишора қилиб. – Бир ойдан кейин бу ўриндиқда Шчербицкий ўтиради. Ҳамма кадрлар масаласини шуни ҳисобга олиб ҳал қил.

Бу гап-сўзлар Сиёсий бюрони сергаклантириб қўйди: Москвалик аппаратчилар Украинадан чиққанлардан анча ҳадиксирар эди. Алексей Илларионович Кириченко ўзини анча бемаза тутгани эсларида эди. Уни Хрушчев Киевдан олиб келиб, КПСС Марказқўмининг иккинчи котиби қилиб қўйганди, аммо ишни эплай олмаётганини кўриб, уни тезгина жўнатиб юбора қолганди. Украина Компартияси Марказқўмининг яна бир собиқ котиби Николай Викторович Подгорний эди. У ҳаддан ташқари ўзига бино қўйган ва ақл бовар қилмайдиган даражада бетакаллуф, беандиша одам эди. У ҳам ўзидан ёмон хотира қолдирган эди, негаки, ҳатто сиёсий бюро аъзолари билан ҳам таҳқирли шаклларда гаплашаверар эди.

Шчербицкий унга қараганда беқиёс даражада андишали одам эди, бу кайфиятлардан воқиф эди ва уларни ҳисобга олишга интилар, ҳамиша ёрдамчиларидан сўраб турарди:

– Хўш, бу масалада Москов боёнлари нима деб ўйлашмоқда?

Сиёсий бюронинг собиқ аъзоси Гришин ҳам Шчербицкийни Брежневнинг жуда яқин одами деб ҳисоблар ва Брежнев миш-мишларга қараганда Марказқўмнинг яқинда бўладиган Пленумида Шчербицкийни КПСС Марказқўмининг Бош котиблигига тавсия қилиб, ўзи эса партия Марказқўмининг раиси лавозимига ўтмоқчи деб ўйлаган. Л.И.Брежнев бу ниятларини амалга оширишга улгурмади. Белгиланган пленумга чамаси икки ҳафталар вақт қолганида у қўққисдан вафот этди.

Эҳтимол, буларнинг ҳаммаси шунчаки бир тахминдир, холос.

Брежнев ўзининг ишдан бўшаб, дам олишга кетиши тўғрисида анча олдин оғиз очган эди. 1979 йилнинг апрелида Брежнев хос соқчиларининг бошлиғи Александр Рябенкога тўсатдан айтган экан:

– Дам олишга кетгим келяпти…

Рябенко Бош котиб таътилга чиқишни хоҳлаб қолипти деб ўйлабди. Кейинчалик маълум бўлишича, Брежнев истеъфо ҳақида гапирган экан. Черненко Сиёсий бюро мажлисини чақирган, Брежнев нафақага чиқиш фурсати етиб келди, деган. Ҳамма бунга қарши бўлган, якдиллик билан Бош котибга ишлаши учун шароит яратиб бериш кераклиги, кўпроқ дам олишига имкон бериш тўғрисида гапирган. Брежнев ўз мансабида қолишга рози бўлган.

Аммо Леонид Ильичнинг кайфияти тез-тез ўзгариб турган, шекилли.

КПСС Марказқўмининг собиқ котиби Валентин Фалиннинг ёзишича, Черненко билан суҳбатларидан бирида Брежнев унга шундай деган экан:

– Костя, мендан ишларни қабул қилишга тайёргарлик кўравер.

“Ажаб эмаски, – деб илова қилади Фалин, – айни шу сўзларини айни шу вақтнинг ўзида унинг оғзидан яна бошқа бирор одам эшитган бўлиши мумкин. Ҳамма қасрларда шунақа ўйинлар бўлиб туради. Аммо Черненко Брежневга ўта садоқати билан ажралиб турарди. Черненко унда бирон ғаразли ният бор деб гумон қилиш учун заррача ҳам баҳонага йўл қўймаганди. Унда қуввати кетиб мункиллаб қолган Бош котиб тахтининг оёқларини арралаш хоҳиши бўлган эмас”.

Брежнев Андроповни Марказқўмдан олиб, иккинчи котиб қилиб қўйганида ворис бўлмоқ учун Юрий Владимировичнинг имкониятлари ҳамманикидан ортиқроқ экани аён бўлди. Бироқ у бундай шамалар ва ваъдалар Черненкога ҳам, Шчербицкийга ҳам айтилганидан хабардор эди, бу эса уни янада кўпроқ асабийлашишга мажбур қилар эди.

Аслида эса Леонид Ильичнинг кетиш нияти йўқ эди. Ҳар қандай нормал одам каби ўзининг ўлими яқинлиги тўғрисида ҳам ўйламас эди. Шунинг учун ворислик ҳақидаги бу гап-сўзларни ҳеч ким жиддий қабул қилгани йўқ. Бундан ташқари теварагидагилар учун ҳам Брежневнинг ўз мансабида имкони борича узоқроқ қолиши фойдали эди.

Брежнев ҳали ҳаётлигида 1982 йил январида В.И.Лениннинг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тантанали мажлисда Андроповнинг сўзлаган нутқи ҳаммада яхши таассурот қолдирди. Унинг нутқида бошқаларникига қараганда баландпарвоз гаплар камроқ эди. Уларда бир қанча кутилмаган иборалар бор эди. Масалан, “Биз ўзимиз яшаётган жамиятни керагича билмаймиз”. Анатолий Черняев кундалигида шундай ёзади: “Сийқа гапларни гапирди, лекин кўлам билан гапирди. Танаффус чоғида фойеда ҳар хил гап-сўзлар қулоққа чалинди. “Навбатдаги бош котиб бўлса, не ажаб?” Андроповга одатдагидан қаттиқроқ ва узоқроқ қарсаклар чалинди. Юрий Владимирович қўрқиб кетди”.

Сиёсий бюро мажлисларида Черненко Брежневнинг ёнида ўтирарди, Андропов эса бир киши оралатиб, яъни Министрлар Советининг раиси Тихонов билан ёнма-ён ўтирар эди. Андропов ҳатто Брежневга шикоят қилиб, Черненко мени сиқиб қўймоқда, котибият ва сиёсий бюро мажлисларини олиб боради, – деган эмиш. Брежнев мажлисларни Андропов олиб бориши тўғрисида кўрсатма берипти. Бу ўринда ўзига хос маккорлик бор эди.

Брежнев ҳамиша иккинчи котибнинг кучайиб кетишидан хавотир оларди, негаки, котибият мажлисларини олиб борувчи ва КПСС Марказқўмининг бинафшаранг муҳрига эгалик қилувчи одам партиянинг иккинчи одами ҳисобланарди. У марказий аппарат ходимлари учун ва маҳаллий котиблар учун жуда муҳим сиймога айланарди. Бу сиймо уларни ишга тайинлар ва ишдан олар, хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига ва ўқишга жўнатар, яъни “маҳаллий князларни” “боқув”га қўярди. Иккинчи одамнинг рўйхушлигига боғлиқ бўлган партия қўмиталарининг котиблари ўзларининг унга бўлган садоқатларини намойиш қилишга ҳаракат қилишарди.

РаҚамли Қулфи бор чамадонча

Академик Чазов 1982 йилнинг 10 ноябрида унга Брежневнинг соқчиси қўнғироқ қилганини эслайди.

– Евгений Иванович, Леонид Ильични реанимацияга ётқизмаса бўлмайди. Чазов етиб келиб, Брежнев бир неча соат аввал узилиб бўлганини кўрди. Чазов ўйланиб қолган бўлса, тиббиёт масалаларини ўйлаган эмасди. Унинг олдида ғоятда мураккаб вазифа турарди: Бош котибнинг оламдан ўтганини биринчи бўлиб бу дунё зўрларининг қайси бирига хабар қилмоқ керак?

“Мен тахминан билардим, – деб эслайди Чазов, – ҳамма телефонлардаги гап-сўзлар хуфия эшитилади ва мен айтган ҳар қандай гап бир неча минутдан кейин ё Федорчук, ёки Шчелоковнинг қулоғига етиб боради. Мен жуда яхши билардим – бунақа воқеалар рўй берганида, албатта Андроповни огоҳ қилиш керак. У давлат ва партиядаги иккинчи одам сифатида воқеалар оқимини бошқаришни ўз қўлига олиши керак эди”.

Чазовнинг қарори сиёсий қарор эди – кимки Брежневнинг дала ҳовлисига биринчи бўлиб етиб борса, ўша ворис бўларди.

Вақт ҳам жуда эрта эди – Андропов Марказқўмга етиб боргани йўқ эди. Чазов қабулхонадаги навбатчига қўнғироқ қилиб дарҳол Андроповни Брежневнинг дала ҳовлиси билан боғлашни буюрди. Андропов қўнғироқ қилганида, Чазов ҳеч қандай изоҳ бериб ўтирмай, дарҳол етиб келишни илтимос қилди. Андропов биронта ҳам савол бермади, лекин нима воқеа рўй берганини дарров англади. Етиб боргандан кейин у саросимага тушиб довдираб қолди. “Нима учундир хижолат чека бошлади, – деб эслайди Чазов, – сўнгра бирдан Черненкони дала ҳовлига таклиф қилишимизни илтимос қила бошлади. Бунга Брежневнинг хотини “Черненко эримни қайтариб берармиди? Бу ерга келмай қўяқолсин”, деди. Мен билар эдим – Бош котибнинг хотини Черненкони эрини тинчлантирувчи дорилар билан таъминлаб турган одамлардан бири деб ҳисобларди, бундай дориларни истеъмол қилишни эса врачлар унга тақиқлаб қўйишганди.

Андропов Чазовнинг ҳамроҳлигида Брежнев билан видолашиш учун хобхонага киради. “Андропов Брежневнинг жасадини кўриб сесканиб тушди ва ранги оқариб кетди, – деб ёзади Чазов. – Бу дақиқада у нимани ўйлаётганини англаб олиш мен учун жуда қийин эди. Қанақа мавқе тутмайлик, ҳаммамиз ҳам бир куни ўлишимизни ўйладимикин (бунинг устига ўзи оғир хаста бўлса)? Ёки ҳадемай унинг доимий орзуси вожиб бўлишини – партия ва давлатнинг бошлиғи бўлиб қолишини ўйладимикин? У бирдан отланиб қолди, Виктория Петровнанинг кўнглини кўтарадиган бир-икки гап айтди, мадад беришларини, ёрдамларини аямаслигини гапирдию тезгина хайрлашди-да, жўнаб кетди.

“Гласность” газетасининг муҳаррири Изюнов Брежнев оиласига яқин бўлган одамларнинг гапларига таяниб, ёзадики, Виктория Петровнанинг ўзи гўё Андроповнинг Брежнев хобхонасида сақлайдиган қора чамадончани олиб кетган эмиш. Чамадончада нима бор эди? Виктория Петровнанинг ўзи у чамадонни олиб кўрмаган экан, лекин у бир куни Брежневнинг кулиб, “бу чамадоннинг ичида ҳамма сиёсий бюро аъзоларининг устидан тўпланган айбномалар бор деганини эслаган. Брежневнинг куёви Юрий Чурбанов ҳам буни тасдиқлаган. Андропов Брежневнинг портфелини ҳам олиб кетган. Унинг рақамли қулфи бўлиб, портфелни ҳамиша Брежневнинг соқчиси кўтариб юрар экан.

Леонид Ильичнинг ихтиёрига ҳақиқатан ҳам Андроповнинг ўзидан олинган ёки КГБ нинг янги раиси Федорчукдан олинган материаллар мавжуд бўлган бўлиши мумкин. Бу материаллар Бош котибнинг теварагидаги одамларнинг обрўсига путур етказмайдиган материаллар ҳам бўлиши мумкин. Лекин уларни ўзи билан кўтариб, нима учун дала ҳовлисига олиб келиши зарур эди? Бу портфелда у “махфий” деган муҳр босилган қоғозларни кечқурун бир қур варақлаб кўргани шунчаки дала ҳовлисига олиб келган бўлиши ҳам мумкин-ку.

Худди шунга ўхшаш материалларни Сиёсий бюронинг бошқа аъзолари ҳам олишган, лекин улар бу қоғозларни Марказқўмдаги кабинетларидан ташқарига олиб чиқишга журъат эта олмаганлар.

Андропов бу қоғозларни олиб кетган бўлса, буни Бош котибнинг архивидан бир қисмини қўлга киритаман деган умидда қилмаган бўлса керак, балки КГБда хизмат қилган ўн беш йили давомида шаклланган ички туйғусининг даъвати билан қилган бўлиши ҳам мумкин. Бу туйғуга кўра махфий қоғозлар ҳамиша пўлат сандиқда сақланмоғи даркор. Андропов, Громико, Устинов ва Тихоновлар бир хилват хонада ўтиришиб, Бош котиб Андропов бўлмоғи керак деган тўхтамга келишди. У олтмиш саккиз ёшда эди – бизнинг мамлакатимизда бу ёш анча жиддий ёш ҳисобланади. Бу ёшга кириб, ғайратини сақлаб қолганлар, янги иш бошлашга имкон берадиган ҳаракатчанликка эга бўлганлар кам топилади.

Андроповнинг Бош котиб этиб тайинланиши халқ ўртасида кўпгина ҳазил-мазахлар туғдирди. КПСС Марказий Қўмитаси номини КПСС Фавқулодда Қўмитаси деб ўзгартиришни, Кремлни Андрополь деб аташни таклиф қилишди. Яна бир ҳангома: Андроповнинг аграр программасига кўра, ҳамма нарсани баҳорни кутмай ўтқазиш, кузни кутмай, ўриб олиш керак экан.

Ёзувчи Юрий Маркович Нагибин кундалигида Андроповнинг Бош котиб этиб тайинланишини шундай қайд қилган:

“Россия адабиётига дахлдор одамларнинг ҳаммаси бениҳоя муштоқлик билан кутган улуғ тадбир, ниҳоят, амалга ошди. Бироқ нима учундир кутиб толиққан қалбларда нурланиш содир бўлмади. Турмушимизнинг бу янги ҳалқаси негадир жозибадан маҳрум. У ҳатто одатдаги рўёга ўхшаган умидларни ҳам бахш этмади. Одатда совет кишилари янги раҳбарларнинг келишига ишониброқ қарагувчи эдилар. Аммо бу гал шу одатга хилоф ўлароқ, бирон оғиз ҳам яхши гаплар қулоққа чалинмади. Ҳамма фақат сиқувнинг кучайишини, нарх-навонинг ошишини, қашшоқликни, репрессияларни кутяпти, холос. Ҳеч ким қияликка тушиб кетаётган поездни яна изига солиб юбориш мумкинлигига ишонмайди. Янги раҳбарнинг ҳадиксираб қилган ҳаракатлари совуқдан-совуқ, кўлами эса катта одам эмас экан. У қадимги тариқатга амал қилар экан – фақат зўрликка таяниш керак деб ҳисоблар экан. Бу эса ҳалокатли йўлдир”.

Сталинча маъдан

Агар Андропов узоқроқ умр кўрганида нималарни амалга оширган бўларди ва мамлакат қай йўлдан кетарди, деган баҳслар ҳозиргача тўхтамайди. Андроповнинг кўпгина ихлосмандлари аминки, у давлатни вайрон этмаган ҳолда ҳамма зарур ислоҳотларни ўтказар эди. Эҳтимол, уларнинг кўз ўнгиларида навқирон, кучга тўлган, ҳаракатчан, тўлақонли меҳнат қилишга қодир бўлган Андропов турар. 1982 йилда мамлакатга шундай одам бош бўлдики, агар у Сиёсий бюронинг аъзоси бўлмаганда, УНИ АЛЛАҚАЧОН НОГИРОНЛИККА ЧИҚАРАР ЭДИЛАР. Лекин унинг беморлигини ҳаммадан сир тутиб, яшириб келишарди. Бу дардлар уни деярли ҳаммавақт касалхонага ётишга мажбур қилар, у ерда эса уни азобли йўллар билан муолажа қилишарди.

Архивлардан “Ю.В.Андроповнинг саломатлиги тўғрисида СССР Соғлиқни сақлаш министрлиги қошидаги 4-Бош бошқарманинг ахбороти” топилган. У ерда айтилишича, Андропов 1965-1966 йилларда “майда уяли” инфаркт миокардини ўтказган, буйрагининг усти сурункасига хаста бўлганидан азоб чекади. Ўқтин-ўқтин гипертоник хасталиклар, пневмония хуруж қилиб туради, сурункали колит, артрит бор, буларнинг устига, маргипал-аритмия ва белбоғдай ўраб олган тошма касалларига ҳам чалинган”. Юрий Владимирович аллақачон нафақага кетиши керак эди, бироқ совет жамиятида ҳеч ким бу ишни қилмасди, негаки, сен ҳокимият тепасида экансан – одамсан, ҳокимиятдан кетганингдан кейин ҳеч ким эмассан.

Жисмоний дардлар унинг руҳига таъсир қилди. 1982 йилда биз телевизор экранларида ўз вазифасини зўрға, бир амаллаб бажараётган ҳаддан ташқари толиққан одамни кўрдик.

1983 йилда Сиёсий бюро, “Сиёсий бюро аъзоларининг, Сиёсий бюро аъзолигига номзодларнинг ва КПСС Марказқўми котибларининг иш режимлари” деган масалани уч марта кўриб чиққан.

Бир мажлисда Черненко шундай деган:

– Иш вақтини соат 9 дан 17 гача чеклаб қўйиш, 65 ёшдан ошган ўртоқларга эса узоқроқ муддатли таътил бериш ва ҳафтада бир кун уй шароитида ишлашларига имкон бериш тўғрисида қабул қилган қароримиз бажарилмаяпти.

Андропов бундай дейди:

– Сиёсий бюро аъзоларининг ёшлари масаласига ҳар хил қараш мумкин. Бунда партиямиз орттирган сиёсий тажрибанинг қаймоғи йиғилган. Шунинг учун одамларни ҳовлиқиш билан, тузукроқ ўйлаб кўрмай алмаштириш ҳаммавақт ҳам ишга фойда келтиравермайди. Агар иш мароми ҳаддан ташқари зўрайиб кетса, бунда биз ютишдан кўра кўпроқ ютқазишимиз ҳам мумкин. Сиёсий бюронинг ҳар бир аъзоси ҳафтада бир кун уй шароитида ишлаш имконига эга бўлиши керак. Дам олиш кунлари дам олмоқ керак.

Партия назорати қўмитасининг раиси Арвид Янович Пельше Бош котиб ҳақида қайғуришини намойиш қилди.

– Энг муҳими шуки, Юрий Владимирович, сен ўзинг бу тартибга қаттиқ риоя қилмоғинг, ўзингни эҳтиёт қилишинг, саломатлигингга тузукроқ қарашинг керак. – Андропов ўтирган ўрнидан зўрға тура оларди, юрганида эса иккита соқчиси икки томондан суяб олиб юришарди. У атиги бир неча ойгина ишлади, кейин касалхонага тушиб қолди, касалхонадан эса қайтиб чиқмади.

– Мен Марказқўмда бешинчи қаватда кетиб бораётган эдим, – деб ҳикоя қилади Горбачёвнинг собиқ ёрдамчиси, журналист Валерий Болдин. – Қаршимдан Андропов чиқиб қолди. Мен салом бердим. У менга ўгирилиб қаради. Унинг юзи мутлақо туссиз эди. У ўзини жуда ҳам ёмон ҳис қилмоқда эди. Менимча, у ҳатто менинг нима деганимни ҳам тушунмади. Унинг узоққа бормаслиги аён кўриниб турарди.

Молия министрлигининг фахрийси, 90-йилларда Россияда молия министри бўлган Владимир Георгиевич Пансков газетада босилган суҳбатида 1982 йилда бўлиб ўтган бир махфий воқеа ҳақида ҳикоя қилади:

“1982 йилнинг октябрида Брежнев қанд, нон ва нон маҳсулотларининг нархини ошириш тўғрисидаги Марказқўм ва Министрлар Советининг қарорига имзо чекди. Қарорни 1-декабрдан кучга киритмоқчи бўлишди. (Байрамларда, айниқса, 7 ноябр арафасида бунақа ишларни қилишга йўл қўйилмасди.) Қарорда маоши кам одамлар кўрадиган зарарни тўла қоплаш ҳам назарда тутилган эди. Нарх-навони кўтаришдан мақсад – фуқароларни тежамкорликка ўргатиш эди”. Бу тадбирдан ҳукумат раиси Николай Тихонов, молия министри Василий Гарбузов, бўлғувси бош министр Валентин Павлов ва у пайтларда Молия министрлигида бюджет бошқармасининг бошлиғи бўлган Владимир Пансковлар хабардор эди. Ҳатто Марказқўмнинг иккинчи котиби Андроповнинг ҳам бу гапдан хабари йўқ эди. Брежнев қарорга имзо чекди-ю, 10 ноябрда вафот этди. Андроповни Бош котиб қилиб сайладилар. Табиийки, унга дарҳол қарор ҳақида маълумот берилди. У бирдан ўшқириб берди:

– Нима деяпсизлар? Янги одам келиб, ишни ноннинг нархини кўтаришдан бошлайдими?

Аллақачон қабул қилинган қарор бекор қилинди”.

Андропов мамлакат раҳбари бўлганидан кейин Москва шаҳар партия қўмитасининг собиқ раҳбари, кейин Данияга элчи қилиб жўнатилган Николай Григорьевич Егоричев унга шахсий мактуб йўллади.

“Юрий Владимирович, Ғарбда Сизнинг шахсиятингизга катта қизиқиш билан қарамоқдалар. Сиз мамлакатга қандай раҳбарлик қилаётганингизни ҳамма кўриб турипти. Бироқ Ғарбда бир одат бор – бу ерда нафақат сиёсатга, балки шахсий сифатларга ҳам катта эътибор беришади. Мен яхши бир журналистни жўнатишим мумкин. У социал-демократ, имонли-инсофли одам. У дала ҳовлингиздами ёхуд уй шароитидами (фақат хизматда эмас), сизнинг сувратларингизни олади ва бу сувратлар бутун дунёда босилади. Дунё сизни инсон сифатида таниб олади”.

Андропов авваллари сира қилмаган ишини қилди – у шифрланган телеграмма билан жавоб берди: “Бу таклифинг учун сендан ғоятда миннатдорман, Николай. Лекин ундан ҳозир фойдалана олмайман. Эҳтимол, кейинроқ мумкин бўлар…”.

Кейинроқ мумкин бўлишининг иложи бўлмади.

Андропов Дания элчихонасига Финландиядан резидент жўнатди. У ғоятда ишончли одам эди. У келиб, ўзининг хизмат юзасидан келганини айтди. Элчихонада бир кун юрди, икки кун юрди, уч кун юрди. Ниҳоят, Егоричев ундан тўппа-тўғри сўраб қўя қолди.

– Сен нима мақсадда келгансан?

У кулиб юборди.

– Агар мен бирор ножўя нарса ёзмоқчи бўлсам, сизга нима мақсадда келганимни айтармидим.

Юрий Владимирович атрофига одамлар тўплай бошлади, ишончли одамларни йиғиб олгач, йўлини узил-кесил белгилаб олмоқчи эди. Бироқ улгураолмади.

Жисмоний ожизлик ва доимий равишда дард чекиш ислоҳотчилик фаолияти учун қулайлик яратиб берадиган нарсалар эмас. Бунинг устига, Андроповда ҳаётни қайта қуришнинг тайёр дастури, аввалдан ўйлаб юрилган, кўнгилда пишитилган режалар йўқ эди. Янги дастурни ишлаб чиқмоқ учун эса ҳар нима бўлганда ҳам на унинг вақти бор эди, на кучи етарди. Ва, умуман, Андропов мамлакатга нимани ҳам таклиф қилаоларди? Унинг тартиб ва интизом ҳақидаги тасаввурлари бекорчи хўжаларни ва ишдан қочиб юрадиганларни аниқлаш учун иш вақтида магазинларда, ҳаммомларда, кинотеатрларда ўтказилган текширувларда ифодаланган эди. Бу эса анойиликдан ўзга нарса эмас эди.

Грузия Компартияси Марказқўмининг биринчи котиби Эдуард Амвросиевич Шеварднадзега Андропов тартиб ўрнатиш борасида Сталиндан ўрганса арзийди, деган экан.

Георгий Шахназаров бир марта Андроповга ҳарбий харажатларнинг ғоятда кўплигини, мамлакатга оғир келаётганини айтган экан, у шундай деб жавоб берипти.

– Гапинг тўғри, бизга қийин.

Аммо социалистик тузумнинг имкониятлари беқиёс даражада кўп. Биз ҳали унинг юздан бирини ҳам кашф этиб улгурганимиз йўқ. Бизда ҳали бемазагарчиликлар, тартибсизликлар, ичкиликбозликлар, ўғирлик кўп. Мана шуларнинг ҳаммасини чинакамига бартараф қилиш керак. Мен сени ишонтириб айтмоғим керакки, агар бу ишга киришсак эплаймиз, кучимиз етади.

Ҳолбуки, ҳалокатли аҳвол юзага келганди. Андропов Бош котиб этиб сайланган вақтда мамлакатда баъзи вилоятларда айрим озиқ-овқат маҳсулотларига талонлар жорий қилинган эди. Ҳатто ўша пайтда РСФСР Министрлар Советига раҳбарлик қилган Виталий Иванович Воротниковнинг эътироф этишича, мамлакатдаги улкан халқ хўжалигини эски усуллар билан юритишнинг мутлақо имкони қолмаган эди. Госплан, Госснаб, Молия министрлиги иқтисодиёт механизмининг мурватларини айлантиришга ожизлик қилиб қолишганди. Ислоҳотлар ҳаёт заруриятига айланиб қолганди.

Бироқ таассуфлар бўлғай! У ўзини мутахассис деб ҳисоблаган бирдан-бир соҳа иқтисодиёт соҳаси эди. Бунга унинг бир қадар алоқаси ҳам бор эди. Шуни ҳам айтмоқ керакки, буни унинг ўзи ҳам яширмас эди, – деб ёзади Крючков Андропов тўғрисида.

Михаил Горбачёвнинг сўзларига қараганда мамлакатдаги аҳволни бошқалардан кўра яхшироқ билган ва бунинг жамиятга қандай таҳдиди борлигини аниқ тасаввур қилган. Бироқ бошқа кўпгина одамларга ўхшаб, у ҳам кадрлар малакаси тузукроқ йўлга қўйилса, мустаҳкам интизом ўрнатилса. ҳамма нарса изга тушиб кетади деб ўйлайди. У мафкуравий характердаги ҳодисаларга жуда кескин муносабатни оқлар эди. Аммо иқтисоддаги ривожланишга халақит бераётган сабаблар муҳокама қилинса, нима учун ислоҳотлар қанот ёзмай тўхтаб қолаётгани тўғрисида … кетса, бунақа масалаларга лоқайдлик қиларди. У радикал ўзгаришлардан ва мустақил қарорлар қабул қилишдан чўчир эди, янги одамлардан ҳадиксираб турарди. Умуман, унинг теварак-атрофидаги одамлар билан муносабати анча оғир кечган бўлиши керак. Аслида у ўзини психоаналитикка кўрсатиб муолажа олса, ёмон бўлмас эди, лекин ким унга психотерапевтнинг сеансларини олинг деб таклиф қилишга журъат этарди? Беш-олтита бош котибни кўрган, уларнинг қўлида ишлаган Анатолий Сергеевич Черняев Андроповга баҳо беришда унчалик ҳам завқ-шавққа берилмайди.

“Ҳеч қачон унга нисбатан завқ-шавқ ҳис этмаган, на унинг истеъдодига ишонар, на маданиятлилиги ва зиёлилигига тан берарди. Лекин билими зўр эди, ҳамкасабаларига қараганда илми анча юқори эди, албатта”. У пинҳона равишда диссидентлар ҳаракатини ўз ноғорасига ўйнатиб келган, – деб ҳисоблайди Черняев. Бундан кўзланган мақсад – “партия ва мафкурага ва, айниқса, юқорига кўтарилишига ёрдам бериши мумкин бўлган кимсаларга” садоқатини намойиш қилиш бўлган. Унинг муассасаси доимий равишда антисоветизм олдига суяк ташлаб турган. Андропов Сахаровни эзиб ташлаш кампаниясига раҳбарлик қилган, Солженицинга ва яна бошқа кўпгина одамларга қарши тарғибот ва ташвиқот ишларига бошчилик қилган. Ёзувчиларни таъқиб қилиб, пойлаб, кузатиб юрадиган бутун бошли бир тизим барпо этилган эди. Бу тизимнинг қўли жуда узун эди. Шу билан бирга пул олиб ишлайдиган сон-саноқсиз чақимчилар армияси ҳам мавжуд эди. “Сексот” деб аталган бу чақимчилар ҳамма соҳаларда ҳам кўп миқдорда топиларди. Афғонистон можаросини бошимизга ёғдирган одам ҳам биринчи навбатда Андропов бўлганди. У империализмнинг қора ниятлари ҳақидаги разведка маълумотларини мунтазам етказиб турган ва шу билан мамлакатнинг тинкани қуритувчи қуролланиш пойгаси ботқоғига тобора чўкиб боришига сабабчи бўлган.

“Ўн беш йиллар мобайнида қабиҳ ишлар қилиб мамлакатга жуда катта зарар етказган одамга мен чин қалбимдан ихлос қўя олмас эдим, – деб ёзади Черняев. – У ҳатто ҳокимият тепасига чиққандан кейин халқни бахтиёр ва фаровон қилиш ниятини юрагида сақлаб юрган бўлса-да, уни астойдил ҳурмат қилолмайман. Интизом учун курашни ва газеталарда танқидий руҳнинг кучайганини айтмаса, у пичоққа илинадиган бирон каттароқ иш қилгани ёки бирон салмоқли ғояни ўртага ташлагани йўқ. Андроповни ислоҳотчи деб ҳисоблашнинг ўзи бемаънилик бўлади. У ташкилий-маъмурий чоралар ёрдамида тузумни бироз тузатмоқчи бўлган, холос. Бу беҳуда бир иш эди. Сирасини айтганда, ҳамма Андроповнинг Россияни қутқарувчи халоскор бўлишини истар эди”.

Академик Яковлев Андропов тўғрисида янада кескинроқ ёзади:

“Юрий Андропов жуда айёр, маккор ва тажрибаси катта одам бўлган. Бирон тайинли жойда ўқиган эмас. Руҳий-ахлоқий репрессиялар ташкилотчиси, сургунлар ва мамлакатдан чиқариб юбориш билан, қамоқлар ва жиннихоналар билан зиёлиларга доимий босим кўрсатиб келган. Жамият тараққиётини у устқурмани тартибга келтириш, кирланган қисмини тозалаб ярқиратиб қўйишдан иборат деб тасаввур қилган, чунки жамиятдаги аксилсанитария аҳволи ҳар қандай чегарадан чиқиб кетган эди.

Бундай мавқе мамлакат раҳбариятининг кўпчилигига маъқул эди, чунки уларга омон сақланиб қолиш учун имконият берар эди. Бу – амалдорлар томонидан эзилган ва таҳқирланган, лекин кўнгилчанлигини йўқотмаган меҳнаткашларнинг қалбларида умидворлик туйғуларини тўлқинлантириб юборди. Умуман, Андропов халқнинг ҳурмат-эътиборини қозонди. Брежневдан кейин бунинг ажабланадиган жойи йўқ эди…”

Марказқўмнинг кадрлар бўйича собиқ котиби Иван Капитонов нафақага чиққандан сўнг бор-йўғи битта ёки иккита интервью берган, холос. Шулардан бири “Правда” газетасида босилган. Унда шундай гаплар бор:

“Сталинча маъдан жарангини мен Андроповнинг овозидагина сезганман, холос. У ички сиёсат бобида гапирганда – ишлаб чиқаришда жамоатчилик тартибларида интизом ўрнатиш учун кескин кураш бошланганда шундай бўлганди, шунингдек, ташқи сиёсат бобидаги гапларида ҳам маъдан жаранги эшитилган ҳоллар бўлган. Лоақал Жанубий Кореянинг “Боинг”и ҳалокатга учраганда, дунёда советларга қарши қий-чув кўтарилганда бизнинг раҳбариятимиз берган баёнотини бир эсланг”.

Андропов доимо АҚШ ва НАТО томонидан бизга қўққисдан ҳужум қилиб қолиниши мумкинлиги ҳақида гапирар эди.

1981 йилнинг май ойидаёқ КГБ қўшинлари ва органлари ходимлари раҳбарларининг Бутуниттифоқ кенгашида сўзлаган нутқида Андропов шундай деган эди: бизнинг разведкамизнинг асосий вазифаси – душманнинг ҳарбий тайёргарликларини кўздан қочирмаслик, унинг ядровий ҳужумга тайёргарлигини беэътибор қолдирмасликдир. КГБда ҳаддан ташқари катта маблағ талаб қиладиган бир тизим ишлаб чиқилди. Бу тизим душманнинг ракета-ядровий ҳужумининг олдини олмоғи керак эди. Айни чоғда, бу билан чекланмай, НАТО штабларининг фаоллигини назорат қилиш ва ҳатто улар қанча дори-дармонлар ғамлаб қўяётгани, касалхоналар ва госпиталлар учун қанча қон заҳиралари борлигини аниқлаш вазифасини ҳам ўз ичига олар эди.

Андропов Америка президенти Рональд Рейган сиймосида ихтилоф даражасини тўғридан-тўғри тўқнашувга олиб боришга тайёр турган одамни англарди ва ўзи, моҳиятан, урушга тайёргарлик кўрарди.

Рейган икки томонлама муносабатларни яхшилаш йўлларини муҳокама қилмоқ учун Андропов билан шахсан учрашиш йўлларини излаётган бир пайтда Андропов Америка президентининг самимийлигига ишонмади. Бу Андропов учун характерли ҳамма нарсадан гумонсираш, ҳамма нарсани шубҳа остига олиш одати бўлиб, у кўп йиллик тажриба туфайли шаклланган хислат эди, деб ёзади Александров-Агентов. Юрий Владимирович Рейган чин дилдан, ҳақиқатан ҳам аллақандай ижобий қадамлар қўйишга интилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрни ҳатто хаёлига ҳам келтира олмас эди. Бу билан у мамлакатимиз билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида жиддий тўқнашувлар бошланишига йўл қўйишига сал қолди.

1983 йилнинг августида Андропов Қримдаги дала ҳовлисида ўзининг сўнгги хорижлик меҳмонини – Жанубий Яманнинг раҳбари Али Носир Муҳаммадни қабул қилди.

“Суҳбатдан кейин тушлик бўлди. Тушлик тамом бўлганида, – деб эслайди халқаро бўлим мудирининг муовини Карен Брутенц, – Юрий Владимирович ўрнидан туриб, меҳмонлар билан хайрлашмоқ учун эшик томон юрди. Аммо қўлини узатиши билан тўсатдан ранги докадек оқариб кетди. Ранги оппоқ бўрга ўхшаб қолган Андропов гандираклаб кетди. Агар соқчиларидан бири унинг қўлтиғидан тутиб турмаганда ва дарҳол уни стулга ўтқазмаганда, Андроповнинг йиқилиб тушиши муқаррар эди. Бошқа соқчи унинг бошини силай бошлади. Буларнинг бари бир дақиқадан ортиқ давом этгани йўқ, кейин Юрий Владимирович ўрнидан турди ва гўё ҳеч нарса бўлмагандек, меҳмонлар билан хайрлашди…”

Қримда Андропов ўзини анча тетик ҳис қилди ва тоққа сайр қилди, у ерда шамоллаб қолди. Сурункали оғир хасталик унинг организмини иммунитетдан маҳрум қилиб қўйган эди. Ҳатто оддий тумов ҳам унинг учун ҳалокатли бўлиши мумкин эди-да, абсцесс пайдо бўлди ва кучайиб кетди. Уни операция қилишди, лекин йирингли жараённи тўхтатишнинг иложи бўлмади.

Унинг хотини ҳам хаста эди. У ҳар куни телефонга хотинини улаб беришни илтимос қилар, ҳатто унга бағишлаб шеърлар ёзарди.

Ноябр ойига Марказқўмнинг пленуми белгиланган эди, энг сўнгги дақиқага қадар пленумда сўзга чиқиш умидида бўлди. У касалхонада ётганида ҳузурига Марказқўм ва Министрлар Советининг раҳбарларини чақириб турди, у ишлашга уринар, лекин ҳамманинг кўз ўнгида сўниб борарди. Борган сари камгап бўлиб борар, ўз қобиғига биқиниб олиб, ҳар нарсани кўнглига оладиган бўлиб қолди. Андропов Марказқўмнинг янги котиби Николай Иванович Рижковга қўққисдан қўнғироқ қилиб, агар уни нафақага жўнатишса, моддий жиҳатдан қандай таъминлашларини сўраган. Рижков ҳатто нима дейишини билмай ҳанг-манг бўлиб қолган.

Афтидан, – деб ёзади Чазов, – Андроповнинг миясига бир фикр ўрнашиб қолган бўлса керак – сафдошларим мени элдан бурун ҳисобдан чиқариб ташлашмадимикин дея хавотир олган-у, уларнинг садоқатини текшириб кўрмоқчи бўлган. Аммо партия аппаратида Бош котибни нафақага жўнатиш фикри бирорта ҳам ходимнинг хаёлига келиши мумкин эмасди – у дахлсиз шахс сифатида қолишда давом этмоқда эди. Ҳолбуки, унинг саломатлиги ночор эканини инобатга олиб, нафақага чиқарилса, бу ғоятда табиий бир иш бўларди.

Сиёсий бюронинг собиқ аъзоси Егор Кузмич Лигачев менга шундай деган эди:

– Мен у билан вафоти арафасида учрашган эдим. Ўшанда мени Марказқўм котиби лавозимига тайинлаш тўғрисида гап кетганди. Юрий Владимирович, умуман, жуда ҳам мардона одам бўлган. Кабинетига киришинг билан уни кўрибоқ дард чекаётган одам эканини ҳис қиласан. У эса ишдан гапиради, сен билан гурунглашади, музокаралар олиб боради, мажлисга раислик қилади… Ўшанда у мени ўз ҳузурига – касалхонага чақиртирган эди. Шу учрашувдан кейин мен жуда қаттиқ хавотир олиб ташвишланиб юрдим, чунки мен уни таниёлмай қолган эдим.

– Мен палатага кириб қарасам, – деб давом этади Лигачев, – аллақандай одам ўтирипти. Устида пижама, ич кўйлак, уйда кийиб юрадиган яна алланима бало. Бу ерда эса томчи дори, каравот турипти. Мен бу одам Юрий Владимирович бўлмаса керак, бошқа бирон одам бўлса керак, Андроповнинг ҳузурига мени энди олиб киришади деб ўйладим. Кейин шу одам Андропов эканини англадим. У эса ҳойнаҳой. менинг бунақа тараддудланиб қолганимни ҳаяжонимга йўйган бўлса керак. Ўтирдим, у менга гапирди: “Қани, гапириб бер – қалай юрибсан? Нима ишлар қиляпсан? Қандай муаммолар бор?”

Гапни чўзиб ўтириш мумкин эмаслигини мен тушунар эдим. Негаки, қаршимдаги одам – бемор. Ишим юзасидан қисқагина ахборот бердим. Кейин яна ўн-ўн беш дақиқа гаплашиб ўтирдик, чой ичдик. У деди:

– Егор Кузьмич, сизни кўтаришга қарор қилдик.

Мен миннатдорчилик билдириб жўнаб кетдим. Бу воқеа декабрда бўлган эди, февралда эса у ҳаётдан кўз юмди.

Юрий Владимирович буйрак ўрнини босадиган аппаратсиз яшолмай қолган эди. Диализнинг, яъни қон тозалашнинг ҳар бир сеанси бир неча соат давом этар эди. Бу кишини ҳолдан тойдирадиган жуда оғир жараён эди. Аста-секин унинг буйраги, жигари ва ўпкаси ишдан чиқди. Овқатни ҳам сунъий равишда едира бошладилар.

Соқчилар уни худди ёш боладек парвариш қилишга мажбур бўлишди. Уни қўлда кўтариб юришарди. Унинг фақат битта кўзи кўрадиган бўлиб қолганди. У китоб ўқиганда ёки иш юзасидан келган қоғозлар билан танишганда, навбатчилик қилиб ўтирган соқчи саҳифаларни варақлаб, очиб бериб турарди.

“Мен Андроповга қараб эзилиб кетардим, – деб ёзади академик Чазов, – у махсус каравотда, қаттиқ ботмайдиган тўшакда ётарди. Бемор деярли ҳаракат қилмас. Нигоҳи сўник, юзи сап-сариқ, заҳил рангда эди. Унинг буйраги ишламай қўйган эди. У теварагида бўлаётган нарсаларни тобора камроқ пайқаб борар, кўпинча ҳушсиз ётарди”. Унинг буйраги ёмон ишларди, кейин иккала буйраги ҳам бутунлай ишламай қўйди”.

1984 йилнинг январида Москва меҳнаткашлари КПСС Марказқўмининг Бош котиби, СССР Олий Совети Президиумининг Раиси Юрий Владимирович Андроповни Олий Совет депутатлигига номзод қилиб кўрсатишди.

9 февралда у вафот этди.

14 февралда уни Қизил Майдонда дафн этдилар. Мотам маросимида КПСС Марказий Комитетининг янги сайланган Бош котиби Константин Устинович Черненко нутқ сўзлади.

Озод Шарафиддинов таржимаси.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 12-сон