Мовароуннаҳр тарихида араб алифбоси, гарчи бу ўлкаларда унгача амал қилган суғд, хатти куфий, сих ёзувлари умрини қисқартирган бўлса-да, асрлар оша авлодларимиз томонидан яратилган ганжиналарнинг бизгача етиб келишида асосий восита хизматини ўтади. Бу хат тарихини ўрганиш, турли даврларда алломалар ва тарихнависларнинг унга муносабати, унга асосланган хаттотлик санъатининг юксалгани бизнинг қадриятларимиз, тарихимизга ҳам дахлдор.
Араб алифбосининг дастлабки намуналари ҳақида бизгача жуда кам маълумот етиб келган. Айрим манбаларда унинг илк намунаси сифатида VII—VIII асрларда хатти маъқалий, кейинроқ эса куфий шакли тилга олинган. XVI асрда яшаган котиб ва адиблар Қози Аҳмад ҳамда Мир Имодиддин маълумотларига қараганда, куфий хати намунасининг асосчиси Муҳаммад Халиф ибн Абу Толиб бўлган. Лекин маълум давр ўтиши билан бу хатлар намунаси талабга жавоб беролмай қолган. Шу боис алифбога янги аломатлар киритилиб, аниқ талаффуз этилиши учун ҳарфларга устки ва остки нуқталар, танвин, замма, ташдид кабилар қўйилади ҳамда алифбо белгиларининг сони 28тага етказилади.
X асрда моҳир котиб ва олим Ибн Муқлаъ араб алифбосининг янги олти нави – сулс, тавқеъ, риқоъ, райҳоний, насх, муҳаққиқ каби турларини кашф этди. Айрим маълумотларга қараганда, араб алифбосидаги зарур аломатлар ҳам Ибн Муқлаъ томонидан киритилган. XIV асрда янги услуб — таълиқ ва насталиқ хатлари юзага келди. Насталиқ хатининг асосчиси Хожа Мир Али Табризий(1330—1404) эди. Бу хат шу қадар машҳур бўлиб кетганки, унинг намуналари ва хиллари ҳақида XIX асргача котиблар, адиблар томонидан махсус рисолалар битилган. Насталиқда фақат нодир асарларгина кўчирилиб қолмасдан, шоир ва адибларнинг шоҳ байтлари, диний оятлар, ахлоқий-эстетик фикрлар ҳам ёзиладиган бўлган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, айниқса, кейинги уч-тўрта йилда “Ўзбекистон Маданият ва санъат форуми” жамғармаси ташаббуси билан араб графикасининг турли хат намуналарида Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарлардаги архитектура ёдгорликлари пештоқлари, қабр тошлари ва осори-атиқаларида ёзиб қолдирилган, аммо бугунги кунгача кўпчилигининг ўқилиши мушкул бўлиб келган битиклар ўрганилиб, алоҳида мукаммал, рангли альбом тарзида нашр этилди. Қувонарли томони шундаки, мамлакатимиз, қадриятимиз тарихини бутун дунёга ёйиш мақсадида ушбу альбом бир неча чет тилларида ҳам чоп этилди. Хат ва хаттотлик тарихини ўрганишда ҳам мазкур кўркам нашр катта аҳамиятга эга.
Хаттотлик тарихи ва амалий ижросига оид Султон Али Машҳадийнинг “Хаттотлик ҳақида рисола”си (XVаср), Ҳиравийнинг “Рисолаи қавоиди хутут” (XVаср), Муҳаммад Бухорийнинг “Фавоид ул-хутут” (XVI аср), Мунис Хоразмийнинг “Саводи таълим” (XVIII—XIX асрлар) тазкира ва рисолалари ҳам хат ва хаттотлик тарихини ўрганишда қимматли манба сифатида хизмат қилади.
Темурийлар даврига келиб адабиёт ва бошқа санъатлар қатори котибликка ҳам эътибор кучаяди. Бу даврда Хожа Мир Али Табризийдан ташқари Машҳадий, Мавлоно Симий Нишопурий каби хаттотлар котиблик мактабларининг асосчилари сифатида таниладилар.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг ходими Абдуқодир Муродов мазкур илм даргоҳидаги нодир китобларни таъмирлаш ишларини олиб бориши билан бирга жуда моҳир котиб ҳам эди. Бу кишининг қўли билан битилган насх, настаълиқ, куфий, хатти шикаста каби араб алифбоси намуналаридаги ёзувлар бугун ҳам институтнинг қўлёзмалар хазинасини безаб келмоқда. Домланинг “Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан” рисоласида (“Фан”, 1971) хат ва хаттотликка оид қимматли маълумотлар бор. Рисолада муаллиф котибликни мактабларга ажратади. Бу, биринчидан, ўқувчини мазкур мактабларнинг етук вакиллари, иш йўналишлари, санъати ва тарихи билан таништиришга кўмаклашса, иккинчидан, бу мактабларнинг фаолияти, тарихий аҳамияти ҳақида тўғри тасаввур ҳосил этишга имкон беради. Бундан ташқари, рисолада Ҳирот, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Фарғона ва Тошкент котиблик мактабларининг 350 нафарга яқин вакили ҳақида қисқа, айримлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Хаттотлик санъати ривожланган сари давр адиблари ва санъат аҳли ҳам бу соҳага катта эътибор қарата бошлайди. Биз қуйида ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Алишер Навоийнинг хаттотлик санъатига муносабати ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Алишер Навоий хаттотлик санъатига бағишлаган алоҳида асар яратмаган. Аммо буюк адибнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, “Мажолис ул-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат” асарларида ва “Хамса” достонларининг айрим ўринларида унинг хаттотлик санъати борасидаги қарашлари баён этилган.
Алишер Навоий, аввало, котиблик санъатини пухта эгаллаган, хатда янгиликлар кашф этган, хат ва хаттотликка оид рисолалар битиб, бу соҳада мактаб яратган хаттотларни тилга олади. У Султон Али Машҳадий(1432—1520)га юқори баҳо бериб, шундай ёзади: “Бу кун Хуросонда ва оламнинг аксар билодида насх таълиқ хатида қиблатул-куттобдир ва китобот мулкининг қаламрави як қалами анга мусалламдур”.
Дарҳақиқат, Султон Али ҳақида фикр билдирган Ғиёсиддин Хондамир, Зайниддин Восифий, Давлатшоҳ Самарқандий, Қози Аҳмад каби адиб ва тарихчилар ҳам уни “котиблар қибласи”, деб таърифлаганлар, яратган китобат нусхаларининг беқиёслигини, ҳеч ким настаълиқ услубида унинг даражасига етолмаганини қайд этганлар. Буюк хаттот Султон Али яратган нафис қўлёзмалар бизгача етиб келган. Улар бугунги кунда жаҳон кутубхоналари хазиналарида сақланмоқда.
Султон Али айни пайтда шоир ва олим бўлган. Унинг хаттотлик санъатига бағишлаган рисоласида бу санъатнинг турлари, сир ва йўллари атрофлича таҳлил этилган. Cултон Алининг фикрича, “Хат тозалиги руҳ тозалигидир”.
Навоий таърифлаган котиблардан яна бири Мавлоно Шер Алидир. Унинг истеъдодига баҳо бериб: “Ўз замонида насх таълиқ хатин андоқ битидиким, ҳеч киши тақлид қилолмади, балки мушкилки ҳаргиз ҳам тақлид қилса бўлғай”, дейди Навоий ва бу билан улуғ хаттотнинг китобат санъатида нодир истеъдод эгаси эканлигини таъкидлайди. Навоийнинг Шер Алига бундай баҳо бериши бежиз эмас. Ўша даврда янгиликка интиладиган, ўз йўлини топган котиблар қатори, тақлидчи котиблар ҳам бўлган. Масалан, Навоий астрободлик котиб Ҳасан Хисравшоҳ ҳақида “насх таълиқ хатин ҳам Мавлоно Жаъфар таъриқин тақлид қилиб ширин битир эрди”, дейди.
Мавлоно Симий ҳақида сўз юритаркан, Навоий унинг нишопурлик экани, шеър, муаммо, иншо қатори хаттотлик билан ҳам шуғуллангани, бу борада шуҳрат қозонганини таъкидлайди. Симийнинг шеър ёзиб, ўзи китобат қилганини айтади. XVI аср котиби ва адиби Қози Аҳмаднинг мусиқага бағишланган рисоласида Симий ҳақида анча маълумотлар бор. Рисола муаллифининг ёзишича, Симий хаттотлик ҳақида асар ҳам битган. У араб алифбосининг етти турини мукаммал билган ва китобларни юксак дид билан безаган. Ўша даврда ёш котиблар Симийга шогирд тушишни бахт деб билганлар.
Алишер Навоий ҳар бир хаттот фаолияти, шахсияти, ахлоқи, унинг жамиятдаги мавқеи ҳақида имкон борича пухта маълумот беради. Масалан, Сойилий ҳақида аввал “анингдек сариъулқалам котиб ўз замонида йўқдур”, деб хушхатлигини айтса, кейинги жумлада “ҳар кунда беш юз байт осонлик билан битир”, деб хаттотнинг тезкорлигини таъкидлайди. Мавлоно Номийнинг нома хатини битишга моҳирлигини айтса, Шайхзода Пуроний ҳақида “оз муддатда хутутни андоқ битидиким, ул фан устодлари ўттиз йилда андоқ битмайдилар”, дейди ва Биноий, Юсуф Шоҳ, Вайсий ва Хожа Абдулло Садрнинг котиблик маҳоратининг ўзига хос хусусиятларини таърифлайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Навоий даврида, шунингдек, ундан аввал ва кейин ҳам котибларнинг кўпчилиги фақат хат билан шуғулланмасдан, китоб безаш, иморатлар пештоқига турли хат намуналарини битиш билан ҳам машғул бўлганлар. Иморатлардаги ёзувлар муаллифлари хаттотликка оид рисолаларда қайд қилинган. Масалан, Қози Аҳмад ўз рисоласида турли даврда қурилган йигирмадан ортиқ иморатдаги ёзувларнинг хаттотларини эслаб ўтади. Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Мавлоно Фасеҳ Румий ва Мавлоно Абдулваҳҳобни иморат котиблари сифатида тилга олади.
Фасеҳ Румий ўз даври донишмандларидан бўлган. У Низомий Ганжавийнинг “Маҳзан ул-асрор”ига яхшигина жавоб айтган, айни пайтда Жўги Мирзо боғларининг бинолари ва қасрларидаги барча ёзувларни у битган. Мавлоно Абдуваҳҳоб эса, Имод қўрғонидаги хатларнинг муаллифи. Навоий ва бошқа адибларнинг бундай маълумотлари, шубҳасиз, маданий ёдгорликлар тарихини тиклашга ҳам ёрдам беради.
Навоий хаттотларга баҳо берар экан, уларнинг ахлоқий хусусиятларига ҳам тўхталиб ўтади. Бу борада унинг Абдураҳмон Жомий асарлари котиби Султон Али Қоинийга берган баҳоси диққатга сазовордир. Чиройли китобат қила олиши боис, Жомийнинг кўпгина асарлари Қоинийга топширилган. Навоийнинг ёзишича, “бир кун анга китобат буюрилиб эрди, музд таъин қилурда муболағани ул ерга еткурдиким, ҳар бир байтим бир тангага арзир, деб. Бир маънидан йироқ ҳам эмас. Ул сўзларки ул битир, ортиқроққа ҳам арзир”. Кўриниб турибдики, Навоий устози Жомий асарларининг ҳар сатрини юксак баҳолаш билан бирга, ўз санъатини пулга чаққан котиб шахсини танқид қилади.
Ўша замонда машҳур адибларнинг асарларини, умуман қўлёзмаларни китоб шаклига келтириб, хаттотлик орқали оммага етказиш каттагина маблағни талаб этган. Шу боис котибликни тирикчилик учун касб қилиб олганлар бўлган. Навоий Мавлоно Мажнуний исмли балхлик бир котиб ҳақида бундай ёзади: “Фақир кишидур, китобатқина қила олурки, важҳи маош ҳосил қилғай”. Улуғ шоир паст савиядаги котиблар ҳақида ҳам фикр билдирган бўлса-да, бу тоифадаги хаттотлар номини бирма-бир санаб ўтмайди, балки уларнинг ишидан мисоллар келтириб мулоҳазаларини билдиради.
Хуллас, хат ва хаттотлик маънавиятимиз тарихида алоҳида мавқега эга қадриятимиз сифатида беҳисоб асарларнинг бизгача етиб келишига асос бўлган. Алишер Навоийнинг хаттотлик санъатига оид қарашлари, бир томондан, хат ва хаттотлик санъати тарихини ўрганишга ёрдам берса, иккинчидан, буюк шоирнинг шарқ фозиллари фаолиятига адабий-эстетик муносабатини намоён этади.
Ҳасан Қудратуллаев,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 13-сонидан олинди.