Соҳибқирон Амир Темур ҳақида гап кетганда Яккабоғ тумани ҳудудидаги Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган ғор тез-тез тилга олинади. Унга халқ қасоскори Ҳошим ибн Ҳаким — Муқанна қадам қўйгани ҳақида маълумотлар учраса-да, халқ хотирасида “Амир Темур ғори” номи билан яшаб қолган. Қолаверса, ҳазрат Навоий “Саббаъи сайёр” достонида бу гўшани тилга олади, васфига ўн байтга яқин шоҳ сатрлар бағишлайди (бешинчи иқлим йўлидан келтирилган мусофир ҳикоясида).
Кўплаб тарихий манбаларда, жумладан, муаррих Муҳаммад Наршахий асарларида бу ғорнинг таърифи келтирилади.
Турли даврларда бу сирли маскан турли тоифа кишиларининг диққат-еътиборида бўлган, уни илмий мақсадларда ўрганиш учун экспедициялар ташкил этилган, табиат ишқибозлари унинг мўъжизаларини ўз кўзлари билан кўриш учун узоқ-узоқлардан ташриф буюришган, хотиралар тотли бир тарзда қалбларида яшаган, таассуротларини тўлиб-тошиб сўзлаб юрганлар.
Зеро, мазкур ғорда кўплаб синоатлар яширинган. Тарих ва табиат ҳамоҳанглигида пайдо бўлган мўъжиза шукуҳини қуйида рус тилидан таржима қилиб келтираётган парчани ўқиб, яна бир бор ҳис этиш мумкин:
“Шукроналар бўлсинки, тоғ манзараларини томоша қилиш, уларнинг ажойиботларидан баҳраманд бўлиш учун икки марта Тошқўрғон амлокига бордим. Сафаримнинг бирида мўъжизали Қалъаи шерон ҳақида эшитиб қолдим ва уни кўришни ихтиёр этдим. Маҳаллий аҳолидан ишончли кишиларни атрофимга тўплаб, Қалъаи шеронга йўл олдик. Менга йигирма уч киши ҳамроҳлик қилди. Бир кеча йўлда тунадик. Офтоб қисқичбақа буржида бўлишига қарамай, кун ботиши билан чодирда олов ёқилди ва унинг атрофида жипс ўтирдик. Ҳаво шундай совиб кетдики, тананинг оловга терс томонлари музлаб қолаёзди…
Тонг отиши билан йўлга тушдик ва чошгоҳга яқин манзилга етиб бордик. Икки чўққи орасидан кўриниб турган тоғ пойида йигирма танобча майдон кўзга ташланарди. Икки тоғ орасидан дарёча жўшиб оқарди, у Яккабоғдарёнинг боши ҳисобланади. Бу ерда ёввойи зардоли, гилос, олма, олча каби мевали дарахтлар чаппар уриб ётардики, уларнинг саноғига етиб бўлмасди. Тоғнинг бир тарафидаги дарахтлар энди гуллаган, бошқа ёқдагилари эса мева тугиб қолганди (зардоли довчаларини еса бўларди). Бир-бирига қарама-қарши турган тоғ қоялари шунчалик ялтирардики, уларга кимдир сайқал берганга ўхшарди.
Ўнг томондаги тоғнинг ўртасида тўртта кунда устига ўрнатилган дарвоза турарди. Дарвозанинг устига рандаланган тўртта ходадан мезана кўтарилган. Унинг бир ёғочи қулаб ётибди, учтаси ўз ўрнида турибди. Дарвоза ўз мезанаси билан ердан ўттиз-қирқ газ баландликда, тоғ чўққисидан эса қирқ-еллик газ пастда. Қуйида туриб, бу иморат нима учун, ким томонидан қурилган ва унга йўл қаердан бошланиши ҳақида қанча бош қотирмайлик, ҳеч нарса тушунмадик. Сафимизда икки-уч тошқўрғонлик кўп китоб кўрган (ўқиган) одамлар бор эди, улар ҳам бу иншоотнинг қачон пайдо бўлганини билишмади.
Тоғнинг яна бир мўъжизаси шу эдики, чап томондаги қоя бағрида юқори баландликдан сув отилиб тушарди. Тарвуздан каттароқ тешикдан кучли оқим билан чиққан сув ёйилиб-ёйилиб пастга тушар, ерга тушгунча муштдек пуфак ҳосил бўларди. Пуфаклар кейинги оқимда товуқ тухумидек кичраяр, ерга тушгач, тошлоққа сингиб, йўқ бўлиб кетарди. Унга яқинроқ бориб, манзарани мириқиб томоша қилдик, тушаётган майда томчилар шудрингга ўхшарди. Анча сув пастга тушиб, дарёга қўшилиб кетарди.
Бу жойдан ўтгач, кўз олдимизда саноғига етиб бўлмайдиган дарахтлардан иборат ёввойи чорбоғ ва каттагина ирмоқ пайдо бўлди. Шу жойда отлардан тушдик ва овқат тайёрлашга киришилди.
Тушлик ва дам олишдан кейин қарийб йигирма киши Қалъаи шеронни томоша қила бошладик. Биз эллик-юз қадамча кўтарилдик. Бу ерда катта дарвозанинг қолдиқлари ётарди, ундан ўтиб, ичкарига кирдик. Юз қадамча оралиқда юқориси ёпилган, отхонага ўхшаган иморат турарди. У тоғнинг ичкарисига қараб ўйиб ясалган. Иморатнинг кесими ўттиз газга тенг. Деворнинг иккала томонига тарашланган тош қалаб чиқилган… Иморатнинг баландлиги отлиқ қўлида қиличини кўтариб юрганда ҳам шипга етолмайдиган даражада эди.
Бинони томоша қилиб, бошқа эшикдан чиқиб қолдик ва қаршимизда шаҳарларда бўладиган катта дарвоза турарди. Аммо тавақаларнинг ўрни билиниб турса-да, ўзи жойида йўқ эди. Дарвозадан кирдик ва ўнг томонда тошдан тахланган зинага дуч келдик. Кимнидир кўтарилиб, қарашга таклиф қилдик. Юқорида тахт ва тошдан қилинган бир неча кенг супалар бор экан.
Ҳар эҳтимолга қарши ўзим билан икки-уч фонус, уч-тўрт темир машъала, икки коса зиғир ёғ ва икки-уч қадоқ шам олиб келган эдим.
Шу ердан ичкарига йўл олдик. Шипнинг баландлиги отхона даражасида. Бинонинг юқори кесими тахминан йигирма газга тенг. Юқори ёпиқ. Унинг томи ва айланаси баланд тоғлар, албатта. Деворининг ички қисми ислимий нақшлар ва қабариқ тасвирлар билан безатилган. Иккала деворда ҳам ўйилган катта-кичик токчалар бор. Токчаларнинг кўп қисми тош панжаралар билан ўралган. Турли жойларда тошдан ясалган катта шамдонлар турарди. Икки-уч жойда ёрғичоқлар ётарди. Қуйида яшаётганлар ва чўпонлар олиб кета олмаган ёрғичоқлар синдирилган.
Хуллас, машъалани ёқиб, ўзимиз билан нон, гўшт, сув ва бошқа егуликларни олиб, икки юз қадамча юрдик ва гумбази Бухоро заргарлик устахоналарига ўхшаб кетадиган, йўлаклари бор кенг жойга чиқиб қолдик. Ўртада ёқутдек товланувчи катта оқ мармар устун осилиб турар, одамлар унинг баъзи қисмларини синдириб олгандилар.”…
Бизнинг шарҳ: сафарнома 1893-98 йилларда Яккабоғ беги, Бухоро амирлигида катта мавқега эга бўлган олим ва адиб Мирза Салимбекка тегишли. Дастхат сифатида ўтган асрнинг 50-йилларида илмий экспедицияларнинг бирида қўлга киритилган араб имлосидаги бу манбани тарихчи олим Наим Норқулов форс тилидан русчага ўгиради ва йирик шарқшунос А. Арендс раҳбарлигида номзодлик иши сифатида ҳимоя қилади. Уч юз саҳифадан ортиқ салмоқли ҳажмга эга бўлган сафарнома Бухоро тарихига доир бошқа манбаларда кўп ҳам учрамайдиган маълумотлар борлиги билан қадрлидир. Инчунун, унда Амир Темур фаолияти билан боғлиқ ғор ҳақида ҳам қизиқ далиллар келтирилган. Агар тафсилотларнинг бундан бир аср олдин қоғозга туширилганини ҳисобга олсак, манзарани бугунги кун билан таққослаганда кўплаб хулосаларга асос бўлади.
Нафсиламбирини айтганда, лавҳада шавқ билан тасвирланган табиат кўринишлари бугунга келиб йиллар шамоли таъсирида анча хиралашган. Водийни тўлдириб ётган мевали дарахтлардан асар ҳам қолмаган. Ғорнинг кириш қисмидаги иморат таг-таги билан йўқ бўлиб кетган. Тош тахтлар, девордаги токчалар, уларни ўраб турган панжараларни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. “Бухоро заргарлик устахоналари”нинг гўзаллигини эслатган сталактит ва сталагмитлар қўпориб олиб кетилган, “ислимий нақш”ларнинг тақдири номаълум. Хуллас, қаровсиз муҳит, назоратсизлик ўз касрини қолдирган, даврининг салоҳиятини ва руҳиятини намоён қилиб турувчи ашёлар талон-торож қилинган, табиий гўзалликка зарар етган. Албатта, атроф-муҳит муҳофазаси борасида жиддий тадбирлар кўрилаётган, тарихий манзилларни асраб-авайлаш учун жон куйдирилаётган даврда бу ҳақда ҳам ўйлаб кўриш лозим бўлади.
Очиғи, гарчи биз эслатган ғор манбаларда қайд қилинган, кўплаб меҳмонларда ўчмас таассуротлар қолдирган бўлса-да, у миридан-сиригача ўрганилмаган. Тўғри, ўтган асрда унга кўплаб экспедициялар уюштирилган, маълумотлар халқаро каталогларга киритилган, бироқ бу жой соф миллий тарихий нуқтаи назардан тадқиқ қилинмоғи лозим. У ҳақдаги тасаввурлар эса шунчаки ишқибозларнинг ҳаяжонли ҳикоялари ёки қаламкашнинг таъриф-тавсифи даражасида қолиб кетмоқда, ҳақиқий мутахассисларнинг асосли хулосалари етишмаяпти.
Шундай таассуротларга суяниб дадил айтса бўладики, бу ер ости йўлагида қанчадан-қанча синоатлар яшириниб ётибди. Ғор ичида дарахт шохларини, ҳайвон суякларини кўплаб учратиш мумкин. Дарахт қолдиқларига қараб тахмин қилиш мумкинки, бир пайтлар сув сатҳи шу даражада баланд бўлган ва бу ковак жой сув билан лиқ тўлган, шунда ўрмон қолдиқлари оқиб, ичкарига кирган. Суяклар эса балки миллион йиллар олдин яшаган диназаврларга тегишлидир. Негаки, ғорга элтувчи йўлдаги қоятошда ҳақиқатан йирик ҳайвоннинг йигирма учта изи қотиб қолган…
Ғорни республикада энг узун — 616 метр деб таърифлашади. Агар ҳозирги тасаввурлар билан шу хулосага келинган бўлса, бу далил унчалик тўғри эмас. «Амир Темур ғори» телефилмида ғор энг тўрдаги кўлда тугайди, деган фикр қайта-қайта уқтирилади. Ҳолбуки, кўплаб гувоҳлар, жумладан, шу сатрлар муаллифи ҳам кўлдан ўтиб, яна 20-30 қадамлар ичкарилаган. Охирига тақалиб қолган жой юқорига қараб давом этади. Йўлни нарвон ёки арқонсиз давом эттириб бўлмайди. Чунки баландликка шунчаки чиқишнинг иложи йўқ, кўриниб турган йўлаклар анча баланд бўлиб, одамнинг сидирға бўйи етмайди. Шу манзара ғорнинг давоми борлигини тасдиқлаб турибди…
Бағрида кўп синоатларни сақлаб ётган маскан қачондир ўз сирларини ошкор қилади. Шунда бутун мамлакатимиз, ҳатто инсоният тарихига дахлдор янги маълумотлар топилса, ажаб эмас. Бу топилмалар болалик ва ўсмирлик йиллари керагидан кам баён этилган Соҳибқирон Амир Темур таржимаи ҳолини тўлдиришда ҳам асқотиши шубҳасиз.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).