Амир Файзулла. Африка овози – Нельсон Мандела

Ўтган асрнинг иккинчи ярми бошида бутун Африка қитъасини (халқ ибораси билан айтганда, “Қора Африка”) ирқчиликка қарши кураш алангаси чулғаб олгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ирқчилик тузумининг маркази Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) бўлиб, оқ танли президент Ян Смит бошчилигидаги ирқчи жаллодлар узоқ вақтгача бу улкан қитъани аросатда сақлаб турди. Ҳиндистоннинг буюк раҳнамоси Маҳатма Ганди ҳам ватанидаги миллий озодлик курашини айнан шу қитъанинг Иоҳаннесбург, Претория, Дурбан сингари шаҳарларида бошлаган эди. 1907 йилнинг 1 январида бу икки буюк шахс Янги Деҳлида бўлиб ўтган халқаро анжуманда танишган, Гандининг Жанубий Африкада зўравонлик сиёсати ишлатилмаслиги ҳақидаги ғоясини қўллаб-қўлтиқловчи халқаро анжуман уюштирилган эди. Қисқа қилиб айтганда, Шимолий ва Жанубий Африканинг бепоён ва гўзал сарзамини Африка халқларини эмас, ўзидан ўзга халқларни қул деб тушунувчи бир гала халқаро мустамлакачиларни бойитиб ва тўйдириб келар эди. 1918 йил 18 июлда Мфезо деган жойда Нельсон Мандела оламга келганида бутун қитъа бамисоли аланга ичида яшарди. Отаси Нельсон Мфезо қишлоғининг оқсоқоли эди, аммо ирқчи ҳукумат билан чиқиша олмай, амалдан туширилади ва оиласи билан Цгунага кўчиб кетади, бироқ маҳаллий ҳокимиятнинг Махфий кенгашида ўз ўрнини сақлаб қолади. Айнан ана шу кичиккина сиёсий имтиёз миллий озодлик ҳаракатининг келажакдаги оламга машҳур раҳнамоси бўлиб етишувига сабаб бўлди. Асли исми Ролилала бўлган бу йигитча ўз мамлакатидаги қора танлиларга рухсат этилган Фортхелл дорилфунунида таҳсил олади, Англияда ўқийди ва малакали ҳуқуқшунос бўлиб етишади. Унинг ижтимоий ҳаётдаги бутун фаолияти сиёсий курашларга бой бўлди. У умрининг 27 йилини ирқчи тузумининг қамоқхоналарида ўтказди.

1990-йилларнинг боши. Мандела ниҳоят озод. Унинг учун курашчи йўлидан заррача енгил бўлмаган тинчлик ўрнатувчи йўли бошланади. Ирқчилик тузуми бекор қилингандан кейин, ЖАРдаги аҳвол кескинлашди. Ўттиз миллиондан ортиқ қора танли беш миллионлик оқ танли устига ташланишга тайёр турарди.

Мамлакатда истиқомат қилувчи турли қабилалар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ҳам яхши эмасди. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, агар Мандела бўлмаганида, ЖАР қонга ботган бўларди.

Таажжубланарлиси, бир умр оқ танлиларга қарши курашиб келган ва оқ танлилар хоҳиши билан узоқ йиллар қамоқда ўтириб чиққан одам озод бўлгач, ўша заҳоти миллий ва ирқий адоват ўйинини ўйнашга бўлган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини ола бошлади. У ҳар қандай одам билан гаплаша ва келиша олар эди, Мандела энг муросасиз рақибни ҳам дўстга айлантирадиган сўзларни топар эди.

1994 йил 2 майда Нельсон Мандела ирод қилган нутқ ЖАРда биринчи эркин сайлов бўлиб ўтганданоқ унинг учун ўзгача аҳамиятга молик бўлиб қолди, бу ғолибнинг нутқи эди, бироқ мағлубларнинг қонига ташна ғолибнинг эмас, балки мамлакатда тинчлик ва хотиржамликка, тери рангидан қатъи назар ҳаммани бирлаштиришга, демократия ва фаровонликка интилувчининг нутқи эди – бу Африка овози эди.

Нельсон Манделанинг истеъдоди серқирра бўлиб – у шоир ҳам, табиб ҳам, сиёсатчи ҳам, олим ҳам эди. Энг асосийси, у юксак инсонпарварлик хусусиятига эга чинакам инсон эди. Даставвал ҳокимият тепасига келганда (1994 йил 10 май) у ирқчиликнинг илдизига болта урадиган бир ишни қилади – оқ ва қора танлиларни тенг ҳуқуқли деб тан олиш сиёсатини амалга оширади. Сиёсий курашчи сифатида ўзига қарши томондан кўплаб ғанимлар “орттирган”ига қарамай, кейинчалик қора танли бўлмаганлар ҳам Нельсон Манделани ўз одамидек кўра бошладилар, бу эса унинг халқаро майдондаги обрўйини ҳаддан ташқари ошириб юборди. ЖАРнинг саккизинчи (ва биринчи қора танли) Президенти ўзининг беш йил давом этган давлат раҳбарлиги мобайнида юз йилда қилинмай келган ишларни бажарди, тиббий муолажалар, таълим олиш каби муҳим соҳалар бепул деб эълон­ қилинди, шунингдек, савдо-сотиқ, транспорт, коммунал хизматларда ҳам йилдан-йилга арзонлаштириб бориш режалари тузиб чиқилди ва амалга оширилди. Бундан ташқари 1994 йилда Ер тўғрисидаги, 1998 йилда Болаларга моддий ёрдам тўғрисидаги, ҳамда Ишчилар малакасини ошириш тўғрисидаги, 1995 йилда Меҳнатга муносабатлар тўғрисидаги, 1997 йилда Меҳнат тақсимоти тўғрисидаги, 1998 йилда Меҳнатда ирқчилик аломатига барҳам бериш тўғрисидаги қабул қилинган қатор Қонунлар мамлакат иқтисодиётининг жадал ривожланишига сабаб бўлади.

Нельсон Мандела халқаро майдондаги сиёсий воқеаларга ҳам бефарқ бўлмаган – зўравонликдан азият чекканлар фарёди қулоққа чалинган эл ё элат борки, бу жафокаш инсон беғараз ёрдам қўлини чўзар эди.

Нельсон Манделанинг ўз мамлакати ва халқаро майдонда кўрсатган жасоратлари тақдирланмай қолмади, у жами йигирма тўққизта олий даражадаги маҳаллий ва халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Бу мукофотлар чўққисини 1993 йилда берилган Нобель мукофоти безаб турибди.

Нельсон Мандела 2013 йил 5 декабрда 96 ёшида Иоҳаннесбург яқинидаги Хоутон Эстейт шаҳарчасида оила қучоғида оламдан кўз юмади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жанубий Африка республикаси Президенти Жейноб Зумага таниқли сиёсат арбоби, мамлакатнинг собиқ Президенти, тинчлик соҳасидаги Нобель мукофоти лауреати Нельсон Манделанинг вафот этгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Нельсон МАНДЕЛА

МЕН ЎЛИМДАН ҚЎРҚМАЙМАН!

(Суддаги нутқ)

1964 йил 20 апрель

Мен айбланувчиларнинг биринчисиман.

Мен санъат бакалаври дипломига эгаман; бир неча йил мобайнида Оливер Тамбо билан бирга Йоҳаннесбургда оқловчилик билан шуғулландим. Мен судланганман ва рухсатсиз мамлакатдан чиқиб кетганим ва 1961 йил май охирида иш ташлашлар ташкил этганим учун беш йиллик қамоқ жазосини ўтамоқдаман.

Энг аввало шуни айтмоқчиманки, суд очилиши вақтида Жанубий Африкадаги халқ кураши чет элликлар ёки коммунистлар таъсири остида олиб борилмоқда деган айблов билан айтилган гаплар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди.

Инсон ва йўлбошчи сифатида нимаики қилган бўлсам, фақат шахсий тажрибам ва ўзимнинг африкалик насабимга таяниб қилдим, бу насабим билан фахрланаман; бошқа ҳеч ким ҳеч қандай тарзда менга таъсир кўрсатмаган.

Ёшлигимда Транскейда менинг қабилам чоллари ўтмиш ҳақида ҳикоя қилганларини эшитган эдим. Бу ҳикоялар орасида ватанни ҳимоя қилиб аждодларимиз олиб борган урушлар ҳақидаги гаплар бўлар эди…

Ўшанда мен халқимга хизмат қиламан ва унинг озодлик учун курашига қўлимдан келганча ҳиссамни қўшаман, деб аҳд қилган эдим. Мана шу нарса менинг барча аъмолларимни белгилаб берди, бу – судда менга қарши қўйилган айбловлар учун баҳона бўлди…

…Мен ҳар доим ўзимни биринчи навбатда африкалик ватанпарвар деб билар эдим. Зеро 46 йил олдин мен Уматада туғилган эдим. Мени амаким – Тембуленднинг олий сардори қаноти остига олган эди. Ҳозирги олий сардор Сабати Далинебо сингари Транскейнинг бош диний пешвоси Кайзер Матанзима ҳам менинг қариндош-уруғларим ҳисобланишади.

Ҳозир мен синфсиз жамият тарафдори ҳисобланаман; бу иштиёқ қисман даҳо сиёсатдонлар китоб­ларини кўп мутолаа қилганим ва қисман илк африка жамиятининг тузилмаси ва ташкиллаштирилишидан ҳайратга тушганим боис юзага келган эди.

Ишлаб чиқаришнинг асосий воситаси бўлган ер ўша вақтда қабилага қарарди. Бойлар ва камбағаллар йўқ эди, эксплуатация йўқ эди.

Олдин айтиб ўтганимдек, даҳо сиёсатдонларнинг китоблари менга таъсир ўтказгани бор гап. Аммо бу кўплаб янги мустақил давлатлар раҳбарлари учун ҳам ҳаққонийдир. Маҳатма Ганди, Жавоҳарлаъл Неру, Кваме Нкрума ва Жамол Абдул Носир сингари кўплаб шахслар буни тан олганлар.

Халқимиз жаҳоннинг мутараққий мамлакатларига етиб олиши ва бизга мерос бўлиб қолган ақл бовар қилмас қашшоқликни бартараф этиш учун иштирокиюннинг қандайдир шакли зарурлигини барчамиз тан оламиз. Аммо бу биз марксчилармиз дегани эмас.

Нафсиламрини айтганда, менга келсак, сиёсий курашмизнинг ҳозирги босқичида коммунистик партия алоҳида роль ўйнаши кераклиги ҳақидаги масалани баҳсли деб ҳисоблайман.

Ҳозир ирқий камситилишни бартараф этиш ва Озодлик хартияси асосидаги демократик ҳуқуқлар учун кураш асосий вазифа ҳисобланади. Коммунистик партия бунга эришаётгани даражасидаги унинг ёрдамини олқишлайман. Мен буни улар ёрдамида барча ирқдаги халқлар курашимизга бош қўшишлари воситаларидан бири деб ҳисоблайман.

Илғор ғояли адабиётни ўқишдан ва шундай ғоядаги шахслар билан қилинган суҳбатлардан менда шундай таассурот пайдо бўлдики, коммунистлар Ғарбнинг парламент тизимини нодемократик ва тескаричилик деб ҳисоблайдилар. Мен эса, аксинча, шундай тизим тарафдориман.

…Америка Конгресси, ҳокимиятни тақсимлаш доктринаси, АҚШ одил суди тизимининг мустақиллиги каби менда ўшандай туйғу уйғотади.

Менинг қарашларим ҳам Ғарб, ҳам Шарқ таъсири остида шакл­ланган. Булар бари мени шундай фикрлашга олиб келдики, ўз сиёсий кредомни аниқлашда мен мутлақо беғараз ва холис бўлмоғим шарт эди.

Мен ўзимни иштирокиюндан бошқа ҳеч қанақанги ижтимоий тизим билан боғлай олмайман. Мен ҳам Ғарбдаги, ҳам Шарқдаги энг яхши нарсаларни олишда эркин бўлмоғим қарзу фарз эди…

…Жанубий Африка – Африка мамлакатлари ичида энг бойи ва дунёдаги энг бой мамлакатлардан бири бўлиши мумкин эди. Аммо бу фавқулоддаликлар ва ҳайратомуз ранг-барангликлар мамлакати. Оқ танлилар, эҳтимол, дунёдаги энг олий ҳаёт даражаси билан таъминланган, айни дамда африкаликлар камбағаллик ва қашшоқликда яшамоқда…

Бундай танқидга жавоб берароқ ҳукумат аксарият Жанубий Африкадаги африкаликлар қитъанинг бошқа мамлакатларидаги одамлардан кўра яхшироқ яшайди деб наҳ уради. Бу фикр ҳақиқатга қанчалик мос келишини билмайман ва бу мамлакатларда ҳаёт қиймати ҳисоб-китобларини олмай туриб, бундай қиёслаш мумкинлигига ишонгим келмайди.

Хўп, шундай ҳам дейлик, аммо бу африка халқига нисбатан барибир ноўрин бўлиб чиқади. Биз бошқа мамлакатлар халқларига нисбатан қашшоқроқ эканимиздан эмас, балки биз ўз мамлакатимизда оқ танлиларга нисбатан қашшоқроқ эканимиздан ва қонун бу номувофиқликни ўзгартиришга тўсқинлик қилаётганидан нолияпмиз.

Африкаликларнинг инсоний қадр-қимматини назар-писанд қилмаслик – бу оқ танлилар ҳукмронлигининг бевосита натижаси. Оқ танлиларнинг афзаллиги қора танлилар тўлақонлигига тўсқинлик қилмоқда. Оқ танлиларнинг афзаллигини сақлашга қаратилган қонунлар буни мустаҳкам қоидага айлантирган. Жанубий Африкадаги коранданинг иши мутлақо африкаликларнинг қисмати ҳисобланади.

Бирор нарсани бир жойдан бошқа жойга олиб бориш ёки тозалаш керак бўлганда, оқ танли одам бу ишни унинг учун бажарадиган африкаликни қидиради, бу африкалик уникида хизмат қиладими ё йўқми, бунга қараб ўтирмайди. Натижада оқ танли африкаликни бошқа насл мавжудоти деб қарайдиган бўлади.

Улар африкаликларни ўз оиласига эга одамлар ўрнида кўрмайдилар; улар африкаликларда худди оқ танлилар каби севишлари мумкин бўлган туйғуси бор деб, худди оқ танлилар каби ўз хотини, бола-чақалари билан бирга бўлишни хоҳлайдилар деб; оиласини боқиш, рўзғор тебратиш, болаларини кийинтириб, мактабга жўнатишни истайдилар деб билмайдилар.

Аммо қарол, боғбон ёки қишлоқ хўжалиги ишчиси бундай нарсаларни лоақал орзу қила оладими? Қонунчилигимиз ҳужжатларининг африкаликлар учун энг жирканч кўринишларидан бири – бу рухсатнома ҳақидаги қонунлардир, улар африкаликларни полиция назоратига ҳавола этади, полиция эса хоҳлаган вақтда ва хоҳлаган жойда жабрдийда ишини кўриб чиқиши мумкин.

Ўйлайманки, бу борада полиция билан кўнгилсизлик юзага келмаган лоақал битагина эркак африкалик топилмаса керак. Рухсатнома ҳақидаги қонун туфайли ҳар йили юзлаб ва минглаб африкалик қамоққа тиқилади. Аммо бундан-да беш баттари шундаки, рухсатнома ҳақидаги қонунлар эрлар билан хотинларни бир-биридан айиради, бу ҳамма жойда оилаларнинг тўзиб кетишига олиб келмоқда.

Қашшоқлик ва тўзиб кетган оилалар беоқибат қолмайди, албатта. Болалар қашшоқлар маскани – геттоларда саланглайдилар, чунки улар учун на мактаб, мактабга бориш учун на пул бор, бола мактабга бориши учун кўз-қулоқ бўладиган одам ҳам йўқ, чунки оила очликдан ўлмаслиги учун ота ҳам, она ҳам (агар улар “қўш ҳўкиз” бўлишса) ишлашга мажбур.

Бу ахлоқ даражасининг тушиб кетишига, жиноятчиликнинг даҳшатли ўсишига ва нафақат сиёсат соҳасида,балки бошқа соҳаларда ҳам зўравонлик авж олишига олиб келади. Геттода яшаш турган-битгани жаҳаннам. Бирор кун йўқки, қотиллик ёки бирон одамга тажовуз қилиш содир бўлмасин. Зўравонлик ишлари ҳозир фақат геттоларда эмас, балки оқ танлилар истиқомат қиладиган туманлрда ҳам тарқалмоқда.

Қоронғи тушгандан кейин одамлар бир ўзи кўчада юришга қўрқади. Эшик бузиб ўғрилик қилиш ва бировлар мулкини талон-тарож этишлар миқдори ортгандан-ортмоқда ва бундай жиноятлар ўлимга ҳукм этиш билан жазоланиш мумкин бўлишига қарамай, давом этмоқда. Ўлим жазоси билан бу мадда боғлаган чипқонни даволаб бўлмайди…

Африкаликлар уларга лоақал тирикчилик ўтиб туришига ярайдиган иш ҳақи тўлашларини истайдилар. Африкаликлар имконлари кўтарадиган ишни қилишни истайдилар, ҳукумат: қилсанг ҳам қиласан, қилмасанг ҳам қиласан, дейдиган ишни эмас.

Африкаликлар иш олиш мумкин бўлган жойда яшашни истайдилар, улар у ерда туғилмаганини рўкач қилиб, у тумандан-бу туманга тепиб ҳайдашларини эмас. африкаликлар ишлайдиган жойда ўз ерлари бўлишини истайдилар, улар ҳеч қанақасига меники дея олмайдиган жойда ижара туришни эмас…

Африкаликлар бутун аҳолининг тенг ҳуқуқли қисми бўлишни истайдилар, ўз геттоларида бир умр қолиб кетишни эмас. Эркак африкаликлар хотин-бола-чақалари билан улар ишлайдиган жойда яшашни истайдилар, табиийликка зид равишда эркаклар ётоқларида яшашга мажбур бўлишни эмас.

Африка аёллари ўз эрлари билан яшашни истайдилар, доимий беваликка маҳкум бўлишни эмас. Африкаликлар кечки соат ўн бирдан кейин кўчага чиқиш ҳуқуқига эга бўлишни истайдилар, уйларида кўмилиб ётишга мажбур бўлишни эмас.

Африкаликлар уларга ўз мамлакатлари бўйлаб кезишга ва улар хоҳлаган жойда иш қидиришга рухсат беришларини истайдилар, Меҳнат бюроси буюрган жойда эмас. африкаликлар рисоладагидек кун кечиришни ва жамиятда ўз мавқеларига эга бўлишни истайдилар.

Ҳаммадан ҳам биз тенг сиёсат ҳуқуқларни истаймиз, чунки бусиз бизнинг ҳуқуқсизлик қобилиятимиз пуф деса учиб кетгудек ҳолда қолиб кетаверади. Бу оқ танлилар учун ўта инқилобийча садо беришини тушунаман,чунки сайловчиларнинг кўпчилигини бу ҳолда африкаликлар ташкил этади. Айнан шунинг учун оқ танлилар демократиядан қўрқадилар.

Аммо бу қўрқув барча учун ирқий тенглик ва озодликни кафолатлашга имкон берувчи ягона ечим йўлини тўсиб қўймаслиги шарт.

Барчага сайлаш ҳуқуқи тақдим этиш ирқий ҳукмронликка олиб келади дейиш тўғри эмас.Тери ранггига асосланган сиёсий тақсимот мутлақо сунъий тусга эга, борди-ю, у йўқолса, бир ирқ устидан бошқасининг ҳукмронлиги ҳам ғойиб бўлади.

Африка миллий конгресси ирқчиликка қарши ярим асрдан бери курашиб келади. Ғалабага эришганда у шу сиёсатда содиқ қолади.

Мана, Африка миллий конгресси нима учун курашмоқда. Унинг кураши ҳақиқатан ҳам миллий тусга эга. Африка халқини бу курашга унинг жабр-ситамлари ва унинг тажрибаси туртки бермоқда, бу яшаш учун кураш турткисидир.

Бутун ҳаётимни мен африка халқи учун курашга бағишлаганман. Мен оқ танлиларнинг ҳукмронлигига қарши курашдим ва қора танлиларнинг ҳукмронлигига қарши курашдим. Менинг олий мақсадим – демократик, эркин жамият, унда барча одамлар ҳамжиҳатликда яшайдилар ва тенг имкониятлардан фойдаланадилар.

Мен олий мақсадим рўёбга чиққан вақтгача яшасам дейман. Борди-ю,зарурат туғилса,унинг учун ҳаётимни беришга тайёрман…

Амир Файзулла тайёрлади

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 3-сон