Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. Нақшбандия тариқати назариётчиси

Султон Ҳусайн Бойқаро ва Мир Алишер Навоий саъй-ҳаракати билан темурийлар пойтахти — Ҳирот шаҳри Шарқ дунёсида фан ва маданият маркази, Шарқ Ренессансининг буюк рамзига айланди.
Улум ва фунун, айниқса, тасаввуф ва ирфоннинг машҳур вакилларини у ерда учратиш мумкин эди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Саъдуддин Кошғарий нақшбандийликнинг йирик намояндалари сифатида ушбу тариқатнинг усул ва қоидаларини назарий томондан ривожлантириб, амалиётда татбиқ этиб келардилар, адабиёт соҳасида уларни ҳаёт билан боғлашга ҳаракат қилардилар.
Хожа Убайдулло Аҳрор маданият шундай гуллаган бир даврда яшади. У оз муддат Самарқандда таълим олганидан кейин, 24 яшарлигида билим, маърифат излаб Ҳирот шаҳрига борди ва ўша замоннинг буюк илмий, ирфоний шахсиятлари билан ошно бўлди, айниқса, атоқли ориф ва шоир — табризлик Саййид Қосим Анвор (вафоти 1433 йил) уни самимият билан кутиб олиб, истеъдод ва шахсиятининг ўсишига катта ёрдам берди. Хожа Аҳрорнинг ўзи бу ҳақда қуйидагича маълумот беради:
“Ҳиротда бўлган чоғларимда Ҳазрат Саййид Қосим Табризий ҳузурларига бориб турардик. Ул зот ошининг ярми ейилган ўз косаларини менга узатиб, бундай буюрар эдилар: “Эй шайхзодаи туркистоний, ҳамчунонки ин нохушон қубоби мо шудаанд, зуд бошадки дунёйи ту қубоби ту шавад”. (“Эй туркистонлик шайхзода, ушбу ёқимсизлар бизни ўраб олганларидек, тезликда дунё ва давлатинг сени ҳам ўраб олди” — А.Ж.) Саййид бу сўзларни айтган чоғларида дунёдан менинг ҳеч қандай насибам йўқ эди”.
Боши биринчи бетда.
Албатта, ушбу сўзлардан Саййид Қосим Анворнинг мақсади яқин орада Хожа катта бойлик — мулку молга эга бўлишини башорат қилиш эди.
Хожа Аҳрор шайх Саъдуддин Кошғарий вафотидан кейин унинг ўрнида нақшбандийлик маснадида ўтирди ва беш йилдан кўпроқ Ҳирот шаҳрида истиқомат қилгач, сўнг ўз ватани Туркистонга қайтиб, Тошкентда экинчилик билан шуғуллана бошлади. Кўп ўтмай унинг мулку давлати кўпайиб, энг нуфузли мулк эгаларидан бирига айланади. “Рашаҳот айн ул-ҳаёт” китоби муаллифи Али ибн Ҳусайн Воиз Кошифий Хожанинг яқинларидан бири тилидан ёзишича, ўша вақтда унинг мазраалари (экинзорлари) 1300дан ошган экан. Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр”да унинг катта мулк эгаси эканлигига ишора қилади:

Мулки жаҳон мазраи деҳқони ул,
Балки жаҳон мулки нигоҳбони ул.

Абдураҳмон Жомий унинг кўп экинзорлари бор, улардан олинадиган ҳосил жаннат йўлининг озуқасидир, яъни хайру эҳсон йўлларига сарфланади, деб таъкидлайди.
Темурийлар сулоласи Хожа Аҳрорга нисбатан чуқур ҳурмат ва эътибор қаратиб, уни эъзозлаб келганлар, айниқса, Абу Саид мирзо ва унинг авлодлари томонидан Хожага кўрсатилган иззат-эҳтиром ниҳоятда зиёда бўлган. Бунинг сабабларидан бири шунда деб биладиларки, ривоятларга биноан, Хожа Абу Саид мирзо яқин ораларда подшоҳлик мартабасига кўтарилади, деб башорат изҳор қилган экан.
Мирзо чексиз эҳтиромининг бир мисолини шунда кўриш мумкинки, Хожа шоҳ илтимосига биноан Марв шаҳрига сафар қилганда, шоҳ жуда кўп босиб ўтиб, унинг истиқболига чиққан экан. Абдураҳмон Жомий бундай эътиқод ва ихлосдан илҳомланиб ўзининг “Силсилат уз-заҳаб” номли асарида қуйидагидек фикр билдиради:

Тофт аз илтимоси шоҳи жаҳон,
Аз Самарқанд сўйи Марв инон.

Қарнҳо даври осмон гардад,
То чу у ахтарий аён гардад.

Таржимаси: “Шоҳ илтимосига кўра, Хожа Аҳрор Самарқанддан Марв шаҳрига сафар қилди, подшоҳ азамат ва ҳашамати билан кўп чақиримларни босиб ўтиб, уни кутиб олди… Шунинг каби яна бир порлоқ юлдуз чиқиши учун чархи фалак кўп асрлар айланиши керак”.
Хожа Аҳрор Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий билан яқин ва дўстона муносабатда бўлган. Навоий “Ҳайрат ул-аброр”да уни “муршиди офоқ”, яъни оламнинг маънавий раҳбари бўлгани учун шоҳлар ҳам ўзларини унинг қули деб билганлар; унинг мурид ва мухлислари, дарҳақиқат, подшоҳлик даражасида турадилар, дейди. Шоир “коинот борича унинг дабдабаси савлат тўкиб турсин”, деб уни мақтайди.
Жомий “Туҳфат ул-аҳрор” китобини Хожага тақдим этиб, унинг номи билан безайди, нақшбандия тариқатини осмонларга кўтариб, қуйидаги фикрни билдиради: “Унинг фақирлик дабдабаси жаҳонга тантана солди. У, фақр мазмуни эркинликдан иборат эканлигига тушунганлиги туфайли, эркин зотларнинг пешвоси ҳисобланади”.
Адолатли хоқон Заҳириддин Муҳаммад Бобур унга кўнгил қўйган мухлислардан бири сифатида Хожанинг “Волидия” рисоласини ўзбек тилига назмда таржима қилади. У “Бобурнома”да ёзишича, қаттиқ касалликка учраганда машҳур “Қасидаи Бурда” муаллифи муҳаддис ва шоир Шарафуддин Абу Абдуллоҳ Бўсирийни (1213—1295) эслайди. Бўсирий пайғамбарга атаб ёзган машҳур қасидасини тугатгандан кейин ихлос ва ақида кучи билан фалаж касаллигидан шифо топган экан. Бобур шундай бир ният билан Хожа Аҳрорнинг “Волидия” рисоласини туркий назмга кирита бошлайди ва таржима охирига етмай туриб касалликдан шифо топади.
Бобур “Волидия” рисоласининг бошланғич қисмида Хожа Аҳрорни шундай танитади:

Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳдин,
Эшит ул сирри худоогоҳдин,
Хожалар хожаси ул Хожа Убайд,
Ходиму чокари Шиблийу Жунайд.
Ҳолату мартабаси зоҳирдур,
Васфу таърифида тил қосирдур.

Бобур Хожа Аҳрорнинг “Волидия” рисоласини таржима қилгандан кейин ундан бир нусхани нақшбандия тариқатининг йирик вакили ва машҳур тарғиботчиси, олиймақом сўфий Маҳдуми Аъзам лақаби билан шуҳрат қозонган Саййид Аҳмад ибн Жалолуддинга ўзининг бир қанча рубоийлари билан юборади.
Махдуми Аъзам рисола таржимасига катта баҳо беради, ундан ва Бобурнинг шеърларидан илҳомланиб, жавобан “Рисолаи Бобурия” номли бир асар ёзиб, камоли самимият билан Бобур мирзога тақдим этади.
Ушбу рисолада нақшбандия тариқатига хос бўлган бир қанча усуллар ва тасаввуфий тушунчалар, зикри жалилий ва зикри хафий каби истилоҳлар изоҳлаб ўтилган. Уни ушбу тариқатга хос бўлган айрим тушунчаларнинг қисқача шарҳи деса бўлади.
Махдуми Аъзам рисола муқаддимасида бундай деб ёзади: “Ушбу нусхаи шариф ёзилишига сабаб шу эдики, Ҳақ даргоҳига қабул бўлган дарвишларга нисбатан ихлос ва иродат кўргазиб, улар томонидан севилган подшоҳ ҳазратлариким, жон ичинда ўрин тутганликлари учун уларнинг исмларини тилга олиш одобдан эмас; йирик дин арбоби ва илм ул-яқин йўлчиси эрканлигини тушунган Хожа Убайдулло Аҳрор уларга Худо нури орқали назар қилган экан, бунинг натижаси сифатида у кишида (яъни Бобурда) талаб дарди топилиб, оромсизлик ва қарорсизликка сабаб бўлган экан. Мазкур дардни бартараф этиш ушбу тоифадан бошқага муяссар эмас. Шунинг учун Ҳазратнинг “Волидия” рисоласини назмда таржима қилиб, ўз рубоийлари билан бизга юборган эканлар. Шунга кўра, камина бир нусха ёзишга уриндим. Худо хоҳласа, умид борким, муборак хотирларига таскин бериб, ушбу саодат сармояси бўлмиш талаб дардининг кўпайишига сабаб бўлғай”.
Шундай қилиб, “Бобурия” рисоласи Хожа Аҳрорнинг “Волидия” рисоласига жавобан ёзилган асар бўлиб, йирик шоир ва буюк салтанат соҳиби Бобур билан нақшбандия тариқатининг улуғ вакили олиймақом сўфий Махдуми Аъзам ўртасидаги олтин кўприк сифатида юзага келади.
Хожа Аҳрорнинг анфоси қудсияси баракоти билан Бобур ирфоний туйғулар таъсири остида манманликни оёқости қилади, иқтидорли подшоҳ мақомидан сўфиёна камтарлик билан фақирлик мартабасига қадам қўяди. Бу руҳий ўзгариш мўъжизавий бир тарзда юз берди. У “Волидия” рисоласи таржимаси асносида оғир касалликдан фориғ бўлади. Бундай ўзгаришдан илҳом олган Махдуми Аъзам ушбу ихлос ва иродатни қадрлаш мақсадида “Рисолаи Бобурия” каби нафис бир асарни ёзишни лозим топди.
Бу мисоллар темурийлар, айниқса, бобурийлар томонидан ўз даврининг атоқли тариқат вакили, сиёсат билимдони, тасаввуф ва ирфон амалдори бўлмиш Хожа Аҳрорга нисбатан ишонч ва ихлос намуналари эди.
Хожа Аҳрор ўзидан қолдирган сермазмун асарлар, жумладан, “Калимоти қудсия”, “Фиқароти аҳрория”, “Малфузот” ва “Рисолаи волидия”да нақшбандия тариқатига доир усул ва таълимотни кенг қамровли ёритиб бериб, айрим масалаларга ижодий ёндашади ва нақшбандийликка чуқурроқ фалсафий тус беришга ҳаракат қилади, яъни ваҳдат ул-вужуд ва ваҳдат уш-шуҳуд қарашлари ўртасида турган нақшбандийлик таълимотини кўпроқ ваҳдат ул-вужуд (торроқ маънода пантеизм) томонига йўналтиради. У машҳур араб файласуф сўфийси Ибн ул-Арабий назариясидан таъсирланган ҳолда, ваҳдат ғояларини илгари суради ва ўзининг айрим асарларида уларни сўфиёна услубда акс эттиради. Масалан, у “Фиқароти аҳрория”да бу ҳақда ўз фикру мулоҳазаларини қуйидагича талқин этади: “Имоннинг ҳақиқати эҳсондур, яъни инсон унга ишониб эътиқод қилган нарсани, унинг учун зоҳирий ҳавос билан (яъни, сезги органлари орқали) сезиладиган нарсалардек ишонарли бўлсин — ибодатда Худони кўрадигандек бўлиб, унга сиғиниш эҳсон, демакдир. Бутунлай ушбу мақомга эришгандан сўнг, Худодан бошқа нарсалар муҳаббат пардаси, ҳақиқат нури орқали ўртадан кўтарилиб, инсон (солик) ҳақиқий Яратувчидан бошқа нарсани унутиш шарафига нойил бўлгандан кейин Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч нарса қолмай, унинг (банданинг) назарида фақат бир зот қолади. Шу орада шоҳидлик ва машҳудлик (шоҳид — кўрувчи, яъни банда, машҳуд — кўринувчи, яъни Тангри) сифатлари ўртадан кўтарилиб, “лаяърифуллоҳа иллаллоҳ” (Оллоҳни Оллоҳдан бошқа таний олмайди) маъноси аён бўлади. …Қалам инжо расиду сарбиш каст” (“бу ерга келиб қаламнинг учи синди”).
Кўриниб турибдики, шоҳидлик ва машҳудлик сифатлари орадан кўтарилгандан кейин ҳар иккала томон бир бўлиб, ораларида фосила қолмайди, яъни бирлашади. Бу эса ваҳдат масаласининг ёрқин ифодасидир. Лекин Хожа Аҳрор давр шароити доирасидан чиқа олмай, масалани аниқ ва барча учун тушунарли қилиб ёрита олмайди, бу ерга келиб қаламнинг учи синди, яъни ортиқча ёзиш мумкин эмас, деб сўзини тугатади.
Ваҳдат тушунчаси нима?
Ваҳдат фалсафий-ирфоний тушунча бўлиб, луғавий жиҳатдан бирлик маъносини англатади. Аммо тасаввуф таълимотида илоҳий ҳақиқатни англашга тегишли бўлиб, фалсафий ва ирфоний моҳиятни ифодаловчи истилоҳдан иборатдир.
Ваҳдат ул-вужуд тасаввуфда тўлқин, ҳубоб(кўпик), ўрама(сув гирдоби), жала ва томчиларнинг ҳаммасини фақатгина “сув” деб билиш каби, барча мавжудотни Яратувчи вужуди билан бир деб фараз қилишдир.
Афлотун қарашларида, ҳинд тасаввуфий таълимотида ҳам инсон руҳи билан Яратувчи орасида қандайдир бир аслдошлик ғояси мавжуд бўлган. Бир қанча тадқиқотчилар Шарқ тасаввуфи исломий манбалардан ташқари мазкур таълимотлардан ҳам таъсирланган, деб фикр билдирадилар.
Хожа Аҳрор ва бошқа мутасаввифлар назарида ваҳдат масаласи Қуръони каримнинг 15-сурасидаги (29-оят) ва 38-сурасидаги (39-оят): “Фанафахту фиҳи мин руҳи”, яъни одамни яратгандан сўнг “Ўз руҳимдан унга дам солдим(киритдим)” ибораларини муфассирлар (ўз даргоҳимдаги руҳлардан киритдим) деб тафсир қилсалар, тасаввуф аҳли ушбу оятларнинг зоҳирий маъносига кўра Яратувчи ўз руҳидан тўғридан-тўғри инсон вужудига киритган, деб ишонадилар. Шу сабабли улар инсон билан Яратувчи орасида бир навъ синхият (аслдошлик) мавжудлиги ҳақида сўз юритадилар, инсон руҳи илоҳий манбадан келгани учун тан қафаси ичра ўзини асир сезади ва аслига қайтиш учун талпинади. Бунинг ёрқин мисолини Жалолиддин Румий маснавийсининг бошланғич қисмида, Навоий, Жомий, Ироқий, Аттор, Фузулий, Ҳофиз, Бедил ва бошқа шоирларнинг шеърларида кўриш мумкин.
Тасаввуф бўйича ваҳдат ғоясига биринчи бўлиб фалсафий тус берган андалусиялик мутасаввиф Муҳиддин Ибн ул-Арабий (вафоти 1240 йил) эди. Ундан кейин ушбу фалсафий ғоя кенг кўламда ривожланиб, барча тариқатларга ўз таъсирини ўтказди. Жумладан, Хожа Муҳаммад Порсо, Хожа Убайдулло Аҳрор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ундан қаттиқ таъсирланиб, унинг турли томонларини ўз асарларида акс эттириб, айримлари ушбу мавзуга бағишлаб асарлар ёздилар ва таржима қилдилар.
Ушбу ғоянинг кенг қамровли талқинини Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”ида ва Навоийнинг “Лисон ут-тайр”ида яққол кўриш мумкин. Масалан, “Лисон ут-тайр”да ўттиз қуш Ҳудҳуд раҳбарлигида Семурғни қидириб, чексиз йўл босиб, азобу уқубатлар чеккандан кейин ўз мақсадларига эришадилар, лекин кўрсалар — улар излаб келган ўша Семурғ, дарҳақиқат, уларнинг ўзлари экан.

Ким қилиб сиймурғ ўттиз қуш ҳавас,
Ўзларин кўрдилар сиймурғу бас.
Мунда зоҳир бўлди сирри “ман араф”
Ким, кўрубтур гавҳар, ўлмоқлиғ садаф.

Навоий иккинчи байтда ваҳдатга тегишли чуқур бир ирфоний муаммони ёритиб, “ман арафа нафсаҳу фақод арафа роббаҳу” (ҳар ким ўзини таниганда, Яратувчисини танийди) деган машҳур ҳадисни изоҳламоқчи бўлиб, бирданига гавҳарни ўз ичига олиб келган садаф қай тарзда гавҳарга айланиб қолганига ишора қилади.
Мутакаллимлар (аҳли калом) ва тасаввуф аҳли орасида ваҳдат масаласи бўйича катта фарқ бор. Аҳли калом Яратувчининг борлиги, бирлиги, исмлари ва сифатлари ҳамда бошқа ушбу мавзуга тегишли масалаларни ақлий ва мантиқий далиллар орқали ўрганади, аммо тасаввуф аҳли ҳақиқатга илм билан эмас, балки ишроқ, яъни қалб нури орқали эришиш мумкин, дейди.
Ваҳдатчилар сониъ ва маснуъ (Яратувчи ва мавжудот) бирлигига ишониб, Худонинг вужуди, яъни зоти барча мавжудотда (борлиқда) ҳаракатда — мавжуд, дейдилар. Улар бир универсал, яъни бир умумий ҳақиқатни, бир ҳақиқий ва воқеъий борлиқни бутун коинотда яйраган деб тушунадилар. Аммо мутакаллимлар Худо зотининг бирлиги ва ягоналигига ишониб, бутун борлиқда Худонинг зоти эмас, балки феъли (амали) жорийдир, дейдилар.
Ғарб олимлари ваҳдат ул-вужудни (барча худолик) ва ваҳдат уш-шуҳудни (барча худоликда) деб изоҳлаганлар.
Тариқат арбобларидан биринчи бўлиб ваҳдат ул-вужуд ва ваҳдат уш-шуҳуд назарияларини ёритиб берган нақшбандия тариқатининг давомчиси бўлмиш мужаддидия тариқатининг асосчиси Имоми Раббоний ва Мужаддиди алфи Соний (иккимингйилликда шариат усулларининг тикловчиси) лақаблари билан шуҳрат қозонган шайх Аҳмад Сарҳиндий эди. У ҳиндистонлик олим мавлоно Абдулҳайга ёзган мактубида Хожа Аҳрорнинг ваҳдат назарияси ҳомийси эканлигини талқин этиб, ваҳдат ул-вужуд билан ваҳдат уш-шуҳуд орасидаги фарқни аниқлаб беради: “Нақшбандия жазба мақомига етишгандан кейин Хожаи Нақшбанд ва Хожаи Аҳрор тариқалари бир-биридан ажралади. Илму маорифлар ҳам бир-биридан ажралган бўладилар”.
Имоми Раббоний ўзининг 13-мактубида “ҳама ўст” (ҳамма унинг ўзидир) деган ваҳдат ул-вужуд шиори ўрнида, “ҳама азуст” (ҳамма нарса ундандир) деган ваҳдат уш-шуҳуд шиорини илгари суриб, унинг ислом шариати усуллари билан кўпроқ мутобиқ эканлигини кўрсатиб беради. Шундай қилиб, у Хожа Аҳрор ваҳдат масаласини кўп илгари сурганига ишора қилиб, ўз фикрига биноан, унинг сабабларини айтиб ўтади.
Хожа Аҳрор Ҳирот шаҳрида беш йилдан кўпроқ ҳаёт кечирди ва унинг таълимоти Афғонистонда яшаб, ижод этган шоирлар асарларида ўзидан чуқур таъсир қолдирди. Биз Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва Бобур мирзо шеърларини келтирдик. Афғонистонда муқаддим шоирлардан ташқари, ҳозирги замон шоир-адиб ва олимлари унга нисбатан чуқур ҳурмат, эътиқод билдирадилар. Мисол тарзида биз — афғонистонлик ўзбеклар буюк олим ва зуллисонайн шоири алҳож устод Қорий Муҳаммад Азим Азимий Жўзжоний девонидан бир неча байт мазмунини намуна қилиб келтирамиз.
Устод Азимий 52 байтли қасидасини “Нақшбандия Мужаддидия олий силсиласига” деб атаган. Шоир ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломдан бошлаб 31 ислом раҳбари ва машҳур шайхларнинг исмларини тилга олиб, ўз қасидасининг 12 байтини нақшбандия тариқатининг машҳур намояндаси — Убайдуллоҳ Сўфижон халифага бағишлайди, уни Хожа Аҳрорнинг отдоши (адаши, ҳамноми) деб чуқур ҳурмат билдиради ва Хожа Аҳрорни дин шоҳи, саховат булути, хайр ва эҳсон кони, бахшиш ва ато уммони, деб мақтайди.
Устод Азимий нақшбандия тариқатига бағишланган 26 байтли бошқа бир қасидасида ушбу тариқат пешволари жумласидан Хожа Аҳрорни улуғлаб, эркин ва озод инсонларнинг сарвари бўлгани учун унинг лақаби Хожаи Аҳрор бўлди, дейди.
Хожа Носируддин Убайдуллоҳ Аҳрорнинг ўзидан қолдирган катта маънавий мероси фақат Ўзбекистон ва Ўрта Осиёда эмас, балки Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа ислом мамлакатларида ҳам барча тасаввуф ва маънавият мухлислари қалбидан ўрин олиб, файзу барака манбаи бўлиб келган. Унинг номи чуқур эҳтиром ва эъзозга эга бўлган ҳолда Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари орасида маънавий кўприк бўлиб хизмат қилаверади.

Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний,
Тошкент ислом университети ислом ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 47-сонидан олинди.