Дилором Алимова. Ўзликни англаш машаққатлари (2005)

ХХ аср бошларида Туркистонда жадидчилик номи билан машҳур бўлган «ижтимоий-маънавий юксалиш»ни ҳақли суратда буюк француз инқилобини тайёрлаган ХVIII аср Европасидаги маърифатпарварлик ҳаракатига тенглаштириш мумкин. Қолаверса, ХХ аср тонги Туркистонда шунчаки маънавий уйғониш даври бўлибгина қолмай, балки зиёлиларнинг мамлакат ва халқ аҳволини сиёсий жиҳатдан чуқур идрок этиши, жамиятни муайян дастур ва низомга асосланган ҳолда ислоҳ қилиш, алалоқибат миллий озодликка эришиш ғоясининг юзага келиш замони сифатида тарихга кирди.

Туркистон миллий тараққийпарварларининг назарий қарашларида икки муҳим хусусиятни кузатиш мумкин. Биринчиси — миллатнинг буюк тарихини англаш, иккинчиси — Шарқ ва Ғарб мутафаккирлари илмий меросини чуқур идрок этиш. Туркистон маърифатпарварлари тараққиётнинг асоси Ғарб ва Шарқ маданиятининг ўзаро уйғунлашувида деб билган. Ҳар икки тамаддун ютуқларидан амалий фойдаланиш заруратини таъкидлаган. Жадидлар, айниқса, ватан тарихи соҳасида теран билимга эга бўлган. Шу асосда ўз халқини ҳақли равишда дунё цивилизацияси ютуқларига дахлдор ҳисоблаб, анъанавий миллий тажрибага таяниб, давлатни ривожлантириш назариясини ишлаб чиқди. Ўз қарашларини мафкуравий ва методологик жиҳатдан асослади. Туркистон жадидчилиги етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий «Тарих ва жуғрофия» мақоласида бу борада: «…тараққий надур? Муни билмоқ учун тарих ўқумоқ керак.., дину дунёдан бохабар бўлмоқни хоҳлайдурган ҳар ким учун тарих ўқумоқ керак. Чунки ҳар нимарса ва унинг асли ва насли тарихдан билинур» — деб ёзган. (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Тарих ва жуғрофия) («Оина», 1914, 502-505 бетлар).
Тараққийпарварларнинг нуқтаи назарига кўра, тарихни ўрганиш, биринчи навбатда, миллат ривожидаги тараққиёт ва таназзул сабабларини идрок этиш учун зарур эди. Уларнинг фикрича, миллий масала барча этник гуруҳларни бирлаштириш доирасида ҳал қилиниши керак. Эҳтимол, бу бир қадар содда қарашдек кўринар, лекин жадидларнинг миллий ўзликни англаши этник тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ эди. Этник жиҳатдан ўзини ўзи англашни улар «миллат», «мусулмонлар», «туркистонликлар», «туронликлар» каби тушунчалар орқали ифодалаган. Жадидлар миллат деганда аввало Туркистонда, Бухоро ва Хива хонликларида яшовчи туркий ва форсий тилли аҳолини тушунган. Бу борада жадидчилик тарихи бўйича америкалик мутахассис Адиб Холид ҳам Туркистон халқини ягона ном билан таърифлаш учун «мусулмон» сўзидан кўра мувофиқроқ ном бўлмаганини таъкидлайди. Унинг ёзишича, рус амалдорлари ҳам маҳаллий аҳолини шу ном билан атаган. Лекин бу сўз фақат диний мансубликни эмас, балки этник хусусиятни, яъни Туркистоннинг туркий ҳамда форсий тилли аҳолисини англатган. Бинобарин, жадидлар мусулмонларнинг ўзаро бирлашуви ҳақида гапирганларида, диний бирлашувдан кўра кўпроқ этник бирлашувни назарда тутган. Бу Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Баёни ҳақиқат» мақоласидан ҳам аён бўлади. У бундай ёзади: «… биз — Туркистон мусулмонларига лозимки, аввало, қадим ва жадид низосини қўйиб, ўзаро иттифоқ истасак. Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда ўз бошларига Россиянинг бир парчаси ҳисобланатурган Туркистон ҳукуматини таъсис этсак, ўзимизнинг мажлис-машваратимиз (парламентимиз. — Д.А.) бўлсин, десак Туркистон мусулмонлари шариат ва одатларига, ўз закун ва динларига мувофиқ тириклик қилсинлар. Туркистон яҳудий, насроний ва мусулмонлари учун ҳаммаларининг манфаатларини эътиборга олатурган қонунлар тузулсин. Агарда, биз Туркистон мусулмонлари хоҳласакки, дин ва миллатимизни… иттифоқ этиб, бугундан ислоҳотга, иттифоққа қадам қўйсалар… зиёли ва тараққийпарварларимиз, бой ва уламомиз бирлашиб, дин ва миллат, ватан ривожи учун хизмат этсак…»
Шу билан бирга, «мусулмон» сўзи «христиан» каби диний мансублик маъносида ҳам ишлатилади. Бинобарин, бу ўринда жадидлар «мусулмон» истилоҳини диний мазмунда эмас, айнан этник маънода қўллаган. Мустамлакачиликка қарши курашда тараққийпарвар кучларнинг жипслашуви уларнинг этник жиҳатдан бирлашувини ҳам тақозо этган.
Бу ҳол фақат Ўрта Осиё мусулмонларигагина тааллуқли эмас эди. Татар жадидчилигини тадқиқ этган Д.Исҳоқовнинг ёзишича, «татарларнинг этник жиҳатдан ўзлигини англаши ХIХ асрнинг ўрталарига тўғри келади. Бу давргача улар «мусулмонлик» қобиғига «ўралган ва диний мазмундаги «мусулмон» тушунчаси уларда ниҳоятда мустаҳкам асосга эга бўлган».
Жадидларнинг мустамлакачиликка қарши кураши этник масалаларда ҳам намоён бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ўша давр зиёлилари ўртасида машҳур бўлган «Сарт сўзи мажҳулдир» мақоласи бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Аҳоли ўртасида ўтказилган сўров натижалари таҳлилидан бошланиб, замонавий адабиётларни танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиш билан якунланган ушбу мақола чинакам илмий тадқиқот савиясида экани билан ажралиб туради. Савол туғилади: Маҳмудхўжа Беҳбудий нега бу мавзуга мурожаат қилди?
Маълумки, бу даврда ҳукмрон доиралар томонидан маҳаллий аҳолини «сарт» деб аташ кенг тарқалган эди. Туркистон аҳли ўзаро муомала-муносабатда бу сўзни мутлақо қўлламаган ва ушбу иборани ўзларига этник ном тарзида қабул қилмаган. Шу боис ҳам Беҳбудий «сарт» сўзи қўлланишига қатъий равишда қарши бўлган. Бу сўзнинг ишлатилиши ноўрин эканини исботлаш учун жиддий тадқиқотлар зарурлигини ўз даврида англаган ва шу боис асарларида халқ тарихига, одамларнинг хотираларига мурожаат қилган. Қолаверса, у «Таржимон» муҳаррири Исмоил Гаспринскийнинг мазкур масала бўйича ўз газетасида ва «Туркестанский курьер»да мақола эълон қилиш билан бошлаган ташаббусини давом эттирди. Дарҳақиқат, ўша даврда ушбу муаммо Туркистон учун шунчаки ўткинчи масала эмас эди. Аҳмад Заки Валидий ҳам иштирок этган бу мунозаралар «Оина» журнали саҳифаларида ёритилган. Ўзининг муҳим илмий-амалий аҳамиятига эга бўлган мақоласини журналнинг уч сонида эълон қилар экан, Беҳбудий олимлар, ёшлар, барча зиёлиларни, охир-оқибат бу борада узил-кесил бир тўхтамга келиш учун баҳсни давом эттиришга чақиради. У биринчи навбатда, туркистонликларнинг ўзларини қандай ном билан атагани ва қўшни мамлакатлар аҳолисининг бу масалага муносабатини ойдинлаштиради. Муаллифнинг ёзишича, Туркистоннинг ғарбида яшовчи туркманлар туркистонликларни тожиклар, туркий тилда гаплашадиган Балх, Бадахшон ва Чаҳор аҳолиси эса ўзбеклар деб юритади. Афғонистоннинг тожик ва ўзбек тилларида гаплашадиган аҳолиси туркистонликларни ўзбеклар ва тожиклар сифатида тилга олади. Шунинг баробарида, ушбу минтақаларда яшовчи бирор киши «сарт» сўзи қандай маъно англатишини билмайди. Кавказ, Эрон, Ҳиндистон халқларида ҳам «сарт» сўзи маълум эмас, улар Туркистон аҳолисини ўзбеклар ва тожиклар деб билади. Фақат қозоқлар ва татарларнинг муайян қисмигина туркистонликларни «сартлар» деб атайди. Маълум бўлишича, улар қозоқ бўлмаганларнинг барчасини «сарт» дейди. Беҳбудийнинг: «На учун сарт дерсан?» — деган саволига улар: «Бизнинг чўлимиз сиртида ўтиргани учун сарт дермиз. Сирдарёни бир замонлар Яксарт деганлар. Дарёнинг аржоғида ўтирганларни биз «сарт» деганмиз», — деб жавоб беради. Лекин Беҳбудийнинг сўзларига қараганда, Туркистоннинг барчага маълум 92 уруғ ва қабилалари орасида «сарт» деган уруғ учрамайди. Муаллиф бу жиҳатдан Самарқанд шаҳри ва вилоятини батафсил текширади ва қуйидаги хулосага келади: «Самарқанд вилоятинда тотор, манғит, мўғул, қанғли, найман, қозоқ, дўрмон, қирқ, ўзбек, сарой, олчин, баҳрин, юз, турк, барлос номли қишлоқлар кўп. Хулоса, турк-ўзбекларнинг ҳар бир уруғи номи билан аталувчи қишлоқлар ниҳоятда кўпдур. Аммо мажҳул «сарт» исми берилган бир-да қишлоқ йўқ… Самарқанд синжоқининг шарқий, жанубий ва ғарбий қисминдаги халқи аксари туркий сўйлайдурлар ва улар халқини «тожик» атайдур. Ҳеч важ ила ва бу биргина улус у шаҳар халқини «сарт» демас». Фақат Самарқанднинг ғарбий қисмида, Чашмон волостида тожикларнинг 24 уруғи яшайдиган «қайирма қозоқ» деган кичкина қишлоқ бўлиб, у ердаги қозоқларнинг бир қисми шаҳар аҳолисини «сарт» деб атайди.
Адиб Холиднинг жадидлар аҳолининг келиб чиқишини аниқлашда рус шарқшунослари, этнографлари ва чиновникларидан қолишмаган изланишлар олиб боргани ҳақидаги фикри тўғри, албатта. Лекин унинг «маҳаллий аҳоли ўзининг келиб чиқишини қандай изоҳлашига ҳеч ким алоҳида эътибор қаратмаган» деган хулосасига қўшилиб бўлмайди. Беҳбудийнинг аҳоли орасида ўтказган сўровлари бунинг далилидир. Қолаверса, шарқшунослар ва этнографлар ҳам бевосита манбаларни ўрганиш асносида аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиб, тадқиқотлар олиб боришга ҳаракат қилган. Жумладан, М.В.Наливкин, Н.А.Маев, А.Шишова, Н.П.Остроумов, Н.Г.Малицкий ва бошқаларнинг тадқиқотлари ушбу фикрни тасдиқлайди. Уларнинг хулосаларидан мустамлака ҳокимияти аҳолини классификациялашда қай даражада фойдалангани эса бошқа масала.
Беҳбудийнинг мақоласидан анча аввал Туркистон матбуотида «сарт» атамаси борасида Шерали Лапин ва В.В.Бартольд ўртасида тортишувлар бўлган. Фикримизча, Беҳбудий мазкур мунозарадан хабардор бўлмаган. Акс ҳолда, у ўз фикрларини исботлашда Ш.Лапиннинг фикрларига таянган бўлар эди. Маҳаллий аҳоли вакили бўлган Ш.Лапин 90-йилларнинг охиридаёқ «сарт номли халқ ва сарт тили мавжуд эмас»лиги, бу ном ўзбек ва тожикларга камситувчи лақаб сифатида берилганини таъкидлаган эди. Ўз навбатида, бундай қарашга қарши бўлган В.В.Бартольд тарихга мурожаат этгани ҳолда Н.П.Остроумов қарашларини қўллаб-қувватлаб, мазкур атамани этнографик луғатдан олиб ташлашга ҳеч қандай асос йўқ деб ёзган. Бунга жавоб тарзида Ш.Лапин ўзининг «Туркестанские ведомости» газетасида чоп этган мақоласида яна бир бор «сарт» атамаси ҳеч қандай этник аҳамият касб этмаслиги ва аксинча, камситувчи «лақаб» эканини такрорлаб ўтади.
Фикримизча, юқоридаги иккала талқин замирида ҳам ҳақиқат мавжуд. Тарихий манбаларга асосланган В.В.Бартольд мазкур атама узоқ тарихий илдизга эга деб таъкидлаганида ҳақ эди. Кейинчалик, чор мустамлакаси даврида «сарт» атамаси бутунлай бошқа маъно касб этганини ҳисобга оладиган бўлсак, Ш.Лапиннинг қарашларини ҳам тушуниш мумкин. Шуни унутмаслик керакки, Ш.Лапин демократик кайфиятдаги зиёлилардан бўлиб, чор ҳукуматининг ўлкадаги мустамлака сиёсатига танқидий нуқтаи назар билан қарар эди. Беҳбудийнинг мақоласидан икки йил аввал «Туркестанские ведомости» газетасида қўқонлик Муҳаммад Амин Муҳаммаджонов хати чоп этилди. Бу хатда «Маълум бўлсинки, «сарт» атамаси ҳеч қандай миллатнинг номи эмасдир, бу ном бизга руслар томонидан берилган ва ҳеч қандай асосга эга эмасдир» — каби фикрлар келтирилган ҳолда, мазкур номни «турк» атамасига алмаштириш таклиф этилган эди.
Беҳбудийнинг кенг кўламдаги этнографик тадқиқотлари — ўтказган барча сўровлари ва суҳбатлари ҳам «сарт» сўзининг фақат руслар, қозоқлар ва татарларнинг кичик бир қисми томонидан қўлланилгани ҳақидаги хулосага олиб келган. У ёзадики; «Роқими ҳуруф 20 санадан зиёда бир муддат Самарқанд атрофиндаги қишлоқлар халқини маржаъи бўлган дор ул-қазо ва баъзан вазъи хирож ишларинда машғул бўлуб, ҳар нав халқ ила сўйлашганмен. Ҳар вақт тотор ва қозоқ уруғига мансуб кишилардан шаҳар халқини «сарт» аталганини мушоҳада этдим. Бу икки уруғ ила руслардан бошқа на Туркистон, Эрон ва на Кавказ, на араб ва на ҳиндий ва хитойларнинг Туркистон халқини ва ё тожикларни «сарт» атаганини эшитмадим». Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистоннинг турли бурчакларида 60дан 100 ёшгача бўлган кекса кишилар билан суҳбатлар ўтказади ва кўплаб уруғлар билан боғлиқ этник номларни таҳлил қилиб, ўз мақоласида келтиради. Лекин унинг ёзишича, кекса кишиларнинг бирортаси «сарт» сўзини билмас, эшитмаган ҳам эди.
«Сарт» сўзига ўзбек, тожик ва бошқа халқларнинг ўзлари қандай муносабатда бўлганига қизиққан Беҳбудий уларнинг ўзлари бу номни ҳақорат деб билгани ҳақидаги хулосага келган. «Агар матбуотдан бехабар туркистонлик ўзбек, тожик ё арабга «сарт!» деб хитоб қилинса, ўзларига ор деб биладилар. Албатта, бир кишини ота-онаси берган исми бўлиб ва они мансуб қабила ва уруғи бўлиб туруб, они бошқа бир исм ила чақириб ва номаълум ва ё маълум қабила исмини тақилса, онинг хушланмасиға… ҳаққи бўлса керак», деб ёзади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий нафақат омма орасидаги қарашларни, балки бу мавзуга тааллуқли қатор мақолаларни синчиклаб ўрганган. Жумладан, у «Оина» журналининг 1914 йил 25-сонида Н.П.Остроумовнинг «Сартлар. Этнографик маълумотлар», Ҳ.Вамберининг «Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат», Лагофетнинг «Бухоро хонлиги», Гайернинг «Туркистон саёҳатномаси» асарлари тадқиқи ва таҳлилига бағишланган мақоласининг давомини эълон қилади. Беҳбудий Н.П.Остроумовнинг китобига танқидий муносабат билдириб, унда бир-бирига қарама-қарши бўлган зиддиятли фикрлар борлигини, муаллиф сартлар ўзи ким эканини аниқлаб кўрсата олмаганини таъкидлайди. Аллома ўзбек ва тожикларнинг «сарт» деб аталишига шубҳа билан қараган Гайернинг мулоҳазаларини қўллаб-қувватлайди.
Кейинчалик «сарт» атамасининг одамлар тилидан тушиб, унут бўлиб кетгани ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақ бўлгани исботидир. Табиийки, бу борада бошқача қарашлар ҳам бўлган. Жумладан, «Садои Фарғона» газетасининг 1914 йил 30-сонида «Сарт сўзи маълумдир» сарлавҳали мақола эълон қилинади. Мақола муаллифи Абдуллабек ривоят ва афсоналарга асосланиб, «сарт» сўзи «масжидлик ва мадрасалик», «озода ва маданий» маъноларини берувчи сўз экани ва бу ном билан фахрланиш лозимлигини далиллашга уринади. Ўз навбатида «Оина» журналида бунга жавобан «Сарт сўзи маълум бўлмади» деган мақола чиққан. Имзосиз эълон қилинганига қарамай, ифода усули ва юқори савиясига кўра, мақола муаллифи айнан Беҳбудий экани сезилиб туради. Нима бўлганда ҳам, қуйидаги ажойиб фикр Беҳбудийдан бошқа бирор кишига тегишли бўлмаса керак: илмий жиҳатдан жиддий далил-исботларсиз бирор нарсани қатъий таъкидлаш мумкин эмас ва «номаълум бир ривоят ила улуғ масала тарихини ҳал этмоқликни эса тарих ҳақинда жиноят санайдурлар».
«Сарт» атамаси қадимги даврларга оид манбаларда ҳам учрайди. Биз унга ҳатто ХV асрда яшаган Алишер Навоий асарларида ҳам дуч келамиз. Аммо бу ўринда сўз ХХ аср бошлари ҳақида боряпти. Мустамлакачилар томонидан кенг қўлланган бу сўз «қарамлик», «тобъелик» маъносини англатиб, аҳолида нафрат туйғусини уйғотган. Туркистон Россия томонидан босиб олинганидан кейин бу сўз аҳолининг рус қисми ёки унинг маъмурияти учун белгиланган жойларга маҳаллий аҳолининг боришини тақиқловчи эълонларда ҳам тез-тез кўриниб турган. Қолаверса, бу даврда «сарт» сўзи билан бир қаторда, таниқли этнограф Миклухо Маклай томонидан муомалага киритилган, маҳаллий аҳоли учун ҳақоратли бўлган «туземец» сўзи ҳам қўлланган. Бу сўз луғавий маъносига кўра, «бегона тупроқда яшовчи» деган маънони билдирса-да, мустамлака маъмурияти уни камситиш маъносида қўллаган.
Адиб Холид ҳақли равишда таъкидлаганидек, ХIХ асрда «сарт» атамаси этноним эмас, балки этник келиб чиқиши ва тилидан қатъий назар Ўрта Осиёнинг айрим вилоятлари ўтроқ аҳолисига нисбатан ишлатилган термин бўлган.
Ўрта Осиё тараққийпарварларининг туркий халқлар бирлашувига оид ғояси янги бўлмай у ўлка чегараларидан ташқарига ҳам ёйилган эди. Бизнингча, бунда Россия, жумладан татар жадидчилигининг таъсири кучли эди. Ўз навбатида, Туркистондаги миллий ҳаракатга Шарқда юз берган ижтимоий-сиёсий жараёнлар — Эрондаги конституциявий ҳаракат (1905-1911), Ҳиндистондаги мустамлакачиликка қарши чиқишлар (1905-1908), Туркия инқилоби каби ҳодисалар муайян таъсир кўрсатган. Лекин туркистонлик жадидлар бу ғояларни механик равишда қабул қилмаган. Балки миллий турмуш тарзимизга мувофиқ айрим ижобий томонларинигина ўзлаштирган. Ўз навбатида, айтиш керакки, улар ҳеч қачон умумтуркий ёки умумисломий давлат қуришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўймаган. Жадидлар томонидан илгари сурилган бирлашиш шиори маънавий-ахлоқий характерга эга бўлиб, чор мустабид ҳокимиятига қарши йўналтирилган ва мустамлакачиликка қарши кураш мазмунида бўлган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 30-сонидан олинди.