Миллий кутубхоналар – муштарак хазина

Баъзи-баъзида қулоққа чалиниб қолувчи гаплар орасида илм манбаи бўлмиш китоб мутолааси билан боғлиқ сўзларни ҳам эшитамиз. Неча асрлар оша замонлар залворини аждоддан авлодга етказаётган, инсониятни буюк тамаддунларга етаклаётган ва унинг шон-шуҳратини ўзида абадул-абад муҳрлаб келаётган китобларга нисбатан одамзотнинг бундай суст муносабати, албатта, аксарият зиёли кишиларни ташвишлантирмай қўймайди.

Фан-техника, автоматика, информатика каби соҳаларнинг жадал тараққий этиши замирида китоб мутолаасига бўлган эҳтиёжнинг сусайишини айримлар табиий ҳол тарзида қабул қилишади, улар китоб инсонга ҳамиша ҳам тиргак бўлолмаслиги, у қачондир ўз ўрнини ўзидан мукаммалроқ воситага бўшатиб бериши лозимлигини ва ўша “ворис” мавжудлигини таъкидлаб толмайди. Яна айрим тоифадагилар эса китобдан воз кечишнинг иложи йўқлиги, маданият, тарих ва хаёлот оламига саёҳат қилишда ундан яхшироқ манбани топиб бўлмаслигига алоҳида урғу беради. Бизнингча ҳам китоб ҳеч қачон замон ва макон маслагига, зайлига бош эгмайди.

Қуйида азиз газетхонларни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги энг йирик ва қадимий кутубхоналар билан яқиндан таништиришга ҳаракат қиламиз.

“Урбатагирк” – арманларнинг биринчи босма китоби

Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида жойлашган Миллий кутубхона ўзининг кўҳна ва навқирон тарихий фаолиятига эгалиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Кутубхонага 1832 йил Ереван гимназия мактаби китоб ғазнаси баҳонасида асос солинган бўлиб, дастлабки йилларда китоб­лар ғоятда кам эди. 1843 йилда кутубхона ҳар томонлама кенгайтирилиб, унга машҳур арман ёзувчиси Хачатур Абовяннинг номи берилди. Ушбу зиё маскани йиллар давомида жадаллик билан турли соҳаларга тааллуқли илмий қўлланмалар, бадиий китоблар, мажмуалар, публитсистик асарлар, нодир қўлёзмалар билан бойиб борди.

Арманистон Миллий кутубхонаси айни пайтда фақатгина МДҲда эмас, бутун дунё­да энг бадавлат, энг йирик кутубхоналардан бири саналади. Ундаги улкан жавонларда турли босмахоналарда чоп этилган 6,5 млн.га яқин китоб сақланади. Бундан ташқари, электрон каталогига 417250 дона китоб матнлари киритилган. Арманистоннинг миллий бойлигига айланиб қолган, 1512 йилда Венетсия шаҳрида чоп этилган арман тилидаги биринчи босма китоб – “Урбатагирк”, 1695 йилда Амстердамда босилган Биринчи арман географик харитаси, 2172 та энг қадимги арман матбаачилиги, 1341 та энг қадимги рус матбаачилиги, 4149 та инглиз ва франтсуз матбаачилиги билан боғлиқ ёдгорликлар қайсидир маънода китобхонани ярим музейга айлантирган. Демакки, Миллий кутубхонага маҳаллий ўқувчилар билан бирга сайёҳлар ҳам ташриф буюриб туришади.

Кутубхона халқаро миқёсда китоб йиғиш лойиҳасини биринчилардан бўлиб ишлаб чиққан ва амалиётга қўллаган гўша ҳамдир. У айни кунда 33 та давлатнинг 133 та нашриётлари, китоб сотувчи ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Миллий кутубхона мутасадди вакиллари Тбилиси, Москва, Берлин, Тошкент, Бостон, Осло, Глазго сингари йирик шаҳарларда ўтказилган конферентсияларда қатнашиб, кутубхоналар истиқболига тегишли фикр-мулоҳазаларини, таклифларини баён этиб келади. Арманистон Миллий кутубхонасида 335 нафар ходим китобхонларнинг талабларини қондириш, керакли китобларни келтириб бериш, янги аъзоларни рўйхатга олиш, бинонинг диққатга сазовор объектларини қўриқлаш ва бошқа юмушларга сафарбар этилган.

Арман китобхонасининг нуфузи азалдан жуда юқори бўлган, ҳатто Москва шаҳрида истиқомат қилувчи олимлар излагани ўзларида топилмаганлиги туфайли кўплаб қимматли вақтларини айнан шу кутубхона ўқув залларида ўтказишга мажбур бўлган. 1990 йил кутубхонанинг номи ўзгартирилди ва энди у Х.Абовян номидаги эмас, Александр Мясникян номидаги Миллий кутубхона (www.нла.ам) деб юритиладиган бўлди.

МДҲнинг энг бой кутубхонаси

Белорус маркази Минск шаҳридаги кутубхонада шу қадар китоб кўпки, хаёлингизга келган асар номини айтсангиз, зум ўтмай келтириб беришади! 1921 йилда ташкил этилиб, 1922 йил 15 сентябрдан кенг китобхонлар оммасига зиё сочиш билан шуғуллана бошлаган Миллий кутубхонада бугун замонавий босмахоналарда чоп этилган 8 147 564 та китоб мавжуд бўлиб, улар сафи йилдан-йилга бойиб бормоқда.

Кутубхона биноси учун 112670 квадрат метр майдон ажратилган, иморат баландлиги 72 метрни ташкил этади. 2000 нафар ўқувчи учун мўлжалланган 20 та ўқув залида китобхонларга 499 нафар ходим малакали хизмат кўрсатади. Китобхона фақатгина ўқув залидан иборат эмас, у ерда электрон мутолаа хоналари, ошхона, махсус китоб дўкони, китобларни манзиллар бўйича излашга ихтисослашган интернет тизимига уланган компютер хонаси ва бошқа турдаги хизмат кўрсатиш аудиториялари мавжуд бўлиб, улар кўпинча талабалар билан гавжум бўлади.

Замона зайлига шиддат билан мослашиб бораётган Белорус Миллий кутубхонаси ўз сайтига эга (www.нлр.бй). Унда кутубхона тарихига, фидойи ходимлари фаолиятига, фаол ўқувчилар ҳаётига боғлиқ кўплаб маълумотлар киритилган. Кутубхонанинг даврга осонликча мослашишида тарихий шарт-шароитнинг ҳам муҳим ўрни бор. Ўтмишда у собиқ иттифоқ давлатлари олимлари томонидан кашф этилган информатика соҳасига доир ҳужжатлар, архив материаллари сақланадиган махфий объект бўлган. Эҳтимол шу сабабли ҳам унинг автоматлаштирилиши, электрон дунё­га қўшилиши осон кечгандир.

Кутубхона тарихий аҳамияти жиҳатидан ҳам кўплаб машҳур турдошларидан қолишмайди. Унинг китоб жавонларида ҳозирги кунда нақд 60 минг қўлёзма китоблар сақланмоқда, улар ичида юқори қиймат ва нуфузга эга, славянлар ва улардан келиб чиққан халқлар этнографиясига, маданиятига, маънавиятига тегишли асарлар жуда кўп. Ҳар бир миллий кутубхонада ўзи ишлаб чиқариши учун мўлжалланган нашриётлар фаолият юритади. Белорус Миллий кутубхонаси нашриётида ҳар йили ўнлаб янги-янги китоблар, илмий-методик қўлланмалар, шеърий, насрий, фалсафий асарлар босилади.

“Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”

Грузин халқида ажойиб бир анъана бор: қиз узатаётган оила фарзандининг сепига Шота Руставелининг (номи юқоридаги сарлавҳада битилган) ажойиб асари(1712 й.)ни қўшиб беришлари шарт. Эмишки, унда Грузиянинг қадим маданияти, тили, дину эътиқоди, қаҳрамонликлари ва камчиликлари бекаму кўст акс эттирилган. Ана шу китобнинг илк асл нусхаси Тбилиси шаҳрида И.Чавчавадзе номидаги Грузия миллий парламенти кутубхонаси(ГМПК)да сақланади. Кутубхона сайти: www.нплг.гов.ге. ГМПКга 1846 йилда асос солинган. Кутубхонанинг илк кўриниши қандай бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқлиги учун бугунги аҳволи ҳақида тўхталишни маъқул топдик.

Кутубхона аҳолига зиё тарқатишдан таш­қари давлат миқёсидаги ҳужжатларни ҳам сақлайди, унинг ҳужжатлар бўлимида икки юз мингга яқин нодир қўлёзмалар, осори-атиқалар мавжуд ва уларнинг ҳаммаси Грузиянинг миллий бойлигидир. Кутубхонада улуғ грузин ёзувчилари И.Чавчавадзе, Н.Николадзе, Е.Вейденбаума, Н.Гехтмана, Д.Чубинашвили, Р.Эристави, Д.Бакрадзе ва И.Гогебашвилининг барча асарлари бор, бундан ташқари, А.Пушкиннинг айрим қўлёзмалари, Ермакова ҳамда Роинишвилининг фотогалерияси, ИХ асрга тегишли “Иэрусалимский канонар”, ХИИИ асрга тааллуқли “Евангелия” асари қўлёзмалари, 1629 йил Римда чоп этилган “Грузинча-италянча луғат” китоби ҳам кутубхонанинг бебаҳо мулки ҳисобланади.

7,5 млн. та китобга эга кутубхонанинг 630 ўринга мўлжалланган 10 та ўқув зали доимо турли тоифадаги кишилар билан гавжум бўлади. Кутубхонага 12 минг 786 нафар киши аъзо бўлган, йўл-йўлакай “кириб-кетувчилар” бир йилда 400 000 нафарни ташкил этса, ҳар йили ўртача 955 980 та китоб варақланади. ГМПКда вақти-вақти билан халқаро конферентсиялар, долзарб мавзуларга бағишланган илмий анжуманлар ҳам уюштириб турилади. Ўтган йиллар давомида АҚШ, Германия, Россия, Литва давлатларидан келган мутахассислар ҳамкорлигида бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди ва улар ҳозирги кунда амалиётга татбиқ этилмоқда.

Зиё маскани мунтазам равишда шуғулланувчи юмуш бу – ўз ғазнасига янги чоп этилган китоблар, газета-журналлар, фотолар, аудио-видеокассеталар, хариталарни қўшишдан иборатдир. ГМПК ҳар йили 297 номдаги журналга обуна бўлади, уларнинг 155 таси рус тилида, 57 таси инглиз тилида, 50 таси грузин тилида, 22 таси франтсуз тилида ва 13 таси немис тилида. Бунга қўшимча равишда 60 та грузин тилидаги газеталарга ва 50 та русча наш­р­ларга обуна бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Грузияда кутубхонага аъзо бўлиш, хизматлардан фойдаланиш бепул, бу нарса қонун билан ҳимояланади!

Ўзбекнинг кечмиши кўчган нурхона…

1870 йилда ташкил топган Тошкент халқ кутубхонасида дастлабки йилларда 1200 номдаги 2200 жилдлик қўлёзма ва босма китобларгина бор эди. Аммо шунга қарамай, халқ кутубхонаси Марказий Осиё минтақасида ягона ва энг йирик тафаккур тарқатиш ўчоғи бўлиб келган.

Кутубхонанинг узоқ йиллик тарихи қатларида юзлаб сиймоларнинг меҳнати, машаққати зоҳир. Улар элма-эл кезиб, кези келганда уйма-уй кириб, маданиятимиз, маънавиятимизга дахлдор асарларни излашган, хорижий тилларда босилган қўлёзмаларни ўзбекчалаштирган. Кутубхонанинг рамзий тўридан жой олган асарлар ичида нафақат ота-боболаримизнинг нодир ижод маҳсуллари, балки ўзга миллат вакилларининг ҳам битиклари номи қайд этилгандир.

Энг қимматли ёдгорликлар сифатида айнан Усмонли турк даврида кўчирилиб, хон саройидаги кутубхонада сақланган “Усмон Қуръони” (яқиндан бошлаб пойтахтимиздаги Ҳастимом масжидида сақланмоқда), Н.И.Веселовскийнинг Самарқанд шаҳри ва Гўри Амир мақбарасига тааллуқли маълумотлар битилган меъморий ёдгорлиги, чоризм қўшинининг юртимизга бостириб кириб, ўлкани талон-тарож қилганлигидан гувоҳлик берувчи ҳужжатларни келтириб ўтиш мумкин.

1920 йилнинг май ойида Тошкент халқ кутубхонасига Давлат кутубхонаси мақоми берилди. Орадан тўрт йил ўтгач, 1924 йил 26 декабрда Туркистон давлат кутубхонаси Ўрта Осиё кутубхонаси номини олди. Яна кўп ўтмасдан, Ўзбек Давлат кутубхонаси деган атама остида фаолиятини давом эттира бошлади.

1948 йилнинг май ойида кутубхона тарихида унутилмас воқеа рўй берди, Иккинчи жаҳон уруши сабабли орқага сурилиб келган буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан муассаса номи яна бир бор ўзгартирилди: Алишер Навоий номидаги Ўзбек Давлат кутубхонаси! Бу ўша йиллардаги ўзбек халқи, миллати қўлга киритган энг катта ютуқ эди. 1930 йилдан деярли 1956 йилгача кутубхона учун шўро ҳукуматининг “ташқи олам”даги сиёсий ҳолати туфайли халқаро муносабатлар мавзуси “эшиклари” ёпилди ва табиийки, туркистонликлар фақат русча ва маҳаллий тилда чоп этилган китобларнигина қабул қилишга, китобхонларга тавсия этишга мажбур бўлди. 70-йилларда эса аҳолининг китоб ўқишга бўлган қизиқиши ошди ва кутубхонадан бошқа жойлардан ҳам китобларни топиб ўқиш мумкинлигини англаб етдилар. Шунинг учун тоталитар тузум маъмурлари кутубхонада халқаро муносабатларнинг қайта тикланишига монелик қилолмади ва Болгария, Германия, Венгрия, Полша, Руминия, Чехославакия (ҳозирги Чехия ва Словакия), кейинчалик АҚШ, Франтсия ва Япония сингари давлатлардаги жаҳонга танилган кутубхоналар билан “китоб алмаштириш” борасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Шукрки, халқимиз 1991 йил азалий орзуси – истиқлол сурурига етишди. Кўплаб нураган, қаттол тузум таъқибларидан вайрон ҳолатга келиб қолган маданий ёдгорликларимиз қатори Миллий кутубхонамизга ҳам айрича аҳамият қаратилди. Китоблар сони сезиларли даражада ортди. Бир вақтлар рус тилида бўлган, Шарқ аҳолиси учун мутлақо етти ёт маданият, коммунизм мафкураси сингдирилган асарлардан холи этилиб, ўрнига улуғ аждодларимизнинг атайин чанг остига ташланган жабрдийда асарлари муҳрланган китоблар келтирилиб, адолат тарозуси тикланди. Эндиликда китобхонлар бу ерда хоҳлаган муаллифнинг исталган китобини ўқишлари мумкин.

Кутубхонага ҳар йили китобхонларнинг ўртача қатнаши 500 000 атрофида, ўқиладиган китоблар тахминан 1 млн. 700 мингтани ташкил этмоқда. Дарвоқе, Миллий кутубхонанинг веб-сайти очилди: www.натлиб.уз. Унга муассасага тааллуқли кўплаб қимматли маълумотлар жойлаштирилган бўлиб, бош вазифаси қуйидагича белгилаб олинган: миллий ҳужжатларнинг энг тўлиқ тўпламини, шунингдек, инсоният билимларини, энг аввало, Ўзбекистонга ва унинг миллий манфаатларига тегишли бўлган илмий аҳамиятли материалларнинг универ­сал фондини тўплаш, сақлаш ва жамият фойдаланиши учун тақдим этиш. Кутубхонада асосан бешта фонд-бўлим мавжуд, улар – нота нашрлари, овозли ёзувлар фонди(230 минг), матбуот нашр­лари сақлаш фонди(7 млн.), депозитлар сақлаш бўлими(260 минг), хорижий тиллардаги адабиётлар сақланадиган фонд (350 минг), библиографик маълумот нашрлари фонди(35 минг)дан иборат. Қўшимча маълумот тарзида айтиш мумкинки, Миллий кутубхонамиз республикамизда чоп этиладиган 150 га яқин газета ва журналларга, 45 дона хорижий матбуотга обуна бўлган. Юқоридаги фондлар ҳар йили узлуксиз равишда материаллар билан бойиб бормоқда.

Ҳозирги кунда кутубхонанинг умумий хазинасида дунёнинг 75 тилидаги 10 млн.дан ортиқ нусха ҳужжатлар мавжуд бўлиб, уларнинг 3 млн.дан зиёдроғи маҳаллий матбуот нашрлари, 2 млн.га яқини эса техника адабиётлари ва илмий-техника ҳужжатларидир. Кутубхонанинг умумий фондига ҳар йили 15-20 минг нусха адабиётлар қўшилади. Сайёрамизнинг 24 давлатидаги (Малайзия, Россия, Латвия, Литва ва бошқалар) 30 дан кўпроқ ташкилот китоб алмашиш масаласида Миллий кутубхонамиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бундан ташқари, кутубхона ЮНЕСКО, ИФЛА, Евроосиё кутубхона Ассамблеяси, Электрон кутубхоналар ва янги ахборот технологияларидан фойдаланувчилар ҳамда ишлаб чиқарувчилар хал­қаро Ассотсиатсияси билан расмий ишлар юзасидан дўстона муносабатларни йўлга қўйган.

Абай бобонинг китобхонлари

Қозоғистонда иккита Миллий кутубхона бор экан: 2004 йил 23 апрелда президент Н.Назарбоэв ташаббуси билан очилган Қозоғистон Миллий академик кутубхонаси ва 1910 йилда асос солинган Қозоғистон Миллий кутубхонаси(ҚМК). Аммо биринчиси ҳали китоб заҳирасига эга эмас, шу боис иккинчи кутубхонани таърифлашни афзал билдик.

Қозоқ халқининг оташин миллатпарвар шоири Абай номи О.Жондасов, А.Пушкин номлари эсланганда нима учундир унутилди?! Акс ҳолда, ушбу кутубхона уларнинг номи билан эмас, айнан Абай бобонинг исми билан аталиши керак эмасмиди… Бу ҳам етмагандек, Миллий кутубхона 1981-1994 йиллар оралиғида Россия Федератив Республикасига вақтинча сотиб юборилганди. Лекин бу тарихий далил газетхонларда мустабид даврда қозоқлар китоб мутолаасига нисбатан совуққон кайфиятда бўлган, деган хулосани келтириб чиқармаслиги лозим. Улар шунга мажбур этилган, бу тоталитар тузумнинг миллатлар маънавиятини бўғишдаги “оддий услуби” эди, холос!

Кутубхонанинг умумий майдони 29 минг квадрат метр, 2 қаватли биноси жойлашган ҳудуд 20 минг квадрат метрни ташкил этади. Унга 16 ёшдан ошган фуқаролар аъзо бўлиши мумкин. Мабодо ҚМКга йўлингиз тушиб қолса, китоб ўқишдан ташқари барча турдаги хизматлар учун нақд пул тўлаш лозимлигини унутманг.

280 нафар илмий ходим даражасидаги аъзога эга кутубхона 5 752 400 босма, 25 000 қўлёзма китоблар соҳиби ҳамдир. Ушбу китоб хазинаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан мунтазам равишда алоқалар ўрнатиб келади. Илмий анжуманлар, конфернетсияларда ўзаро истиқболли режалар тузади, бунга албатта, бир минтақада, бир тарихий шароитда шаклланган халқлар эканлигимиз сабабчи омилдир. Айниқса, ҚМК “Олтин хазинаси”га киритилган нодир асарлар ичида Навоий бобомиз “Девон”ининг 1649 йилда қайта кўчирилган қўлёзмаси, Хожа Аҳмад Яссавий “Ҳикматлар”и битилган бешта қўлёзма китоблар биз учун ғоятда қадрли ёдгорликдир. ХИИ асрда қайта кўчирилган “Қуръони Карим” китоби, Низомийнинг 1488 йилда кўчирилган “Хамса”си, Фирдавсийнинг туркий тилга ўгирилган “Шоҳнома” асари қўлёзмалари борлиги аксарият ҳолларда китобхонлар қизиқишининг яна-да ортишига сабаб бўлади.

Ҳар икки кунда кутубхонани 2-2,5 минг киши зиёрат қилади, умумий аъзолари сони 671,1 минг нафар ўқувчини ташкил этади. Ушбу кутубхона ҳақида кўпроқ маълумот тўплашни истовчи ёки электрон каталогидан китоб танлаб мутолаа қилмоқчи бўлган юртдошларимиз учун ҚМК сайти: www.нлрк.кз.

Хулоса: МДҲ миллий кутубхоналарида интеграция

Мақола сўнгида айтиш мумкинки, МДҲдаги Миллий кутубхоналарда бугун ҳар томонлама интегратсиялашув давом этмоқда. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад, жамиятнинг маънавий бойлигини ошириш, ҳар бир миллат вакилини она юртига садоқатли, муносиб фарзанд сифатида тарбиялаш, жаҳон фан-техникаси ютуқлари билан аҳолини таништириш, ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, мавжуд муносабатларни мустаҳкамлаш, энг муҳими, кутубхоналардаги тарихий қўлёзмаларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан иборатдир. Шундай экан, ҳар бир китобхон миллий кутубхоналарнинг келажак авлод учун бекаму кўст етказилишига маълум маънода жавобгардир. Зеро, аждодлар роҳат-фароғат сувларини ичган илму зиё булоқларидан авлодлар ҳам фойдаланишлари шарт!

Зоҳиджон Холов,
“Маърифат” газетасидан олинди