Ўзбекистон кинематографияси ўзининг бир асрлик тараққиёт босқичини бошдан кечирди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, дастлабки фототасвир 1908 йилда Худойберган Девонов томонидан суратга олинган. Шу боис, таваллудига 135 йил тўлган бу ижодкор Туркистоннинг биринчи кинооператори деб эътироф этилади.
У 1879 йил 3 августда Хивада, Хўжайлининг мулк нозири ва бошқарувчиси Нурмуҳаммад Девонов хонадонида дунёга келган. Яхши таълим олган Худойберган турк, форс, араб ва рус тилларида сўзлаша оларди. Қизиқишлари доираси шу даражада кенг – санъатнинг деярли барча турларидан хабардор эди. Шеъриятга қизиқар, ўзи ҳам шеър ва ғазаллар ёзиб турарди. Деярли барча миллий мусиқа асбобларини маҳорат билан чала оларди. У омилкор боғбон ҳам бўлиб, ўз боғида атиргулнинг қирқдан ортиқ навини ўстирган. Аслида, Худойберган Девоновнинг ютуғи ҳам мана шунда – айнан уқувли эканида эди. У қайси соҳага қизиқмасин, албатта янгиликка интиларди.
Худойберган Девонов тақдир тақозоси билан Хива яқинидаги Оқмачит шаҳарчасида яшовчи немис меннонитларидан бўлган Вильгельм Пеннер билан танишиб қолади. Фотография билан шуғулланган Пеннер хоразмлик йигитчага тасвирга олиш сирларини ўргатади. Шундай қилиб, Худойберган Девонов фотография ва кинематография соҳасига кириб келади ва бутун умр шу фаолият билан шуғулланади. Ўша давр ақидаларига кўра, жонли мавжудотни тасвирлаш тақиқланганига қарамай, у ўзбеклардан чиққан биринчи фотограф ҳамда кинематограф бўлди. Отаси ҳам ўғли танлаган соҳа қанчалик хатарли эканини билса-да, уни аҳдидан қайтариш бефойда эканини яхши англарди.
Ҳомийлик борасида унга Хива хонлиги вазири Ислом Хўжа яқиндан ёрдам беради. Бу маърифатпарвар инсон даврида хонликда Европа типидаги шифохона, биринчи пахта тозалаш заводи, почта, телеграф ва замонавий дорихоналар ишга туширилади. Ислом Хўжанинг шахсий маблағи асосида хонликдаги дастлабки дунёвий билимлар, хусусан, математика, физика, кимё ва бошқа ижтимоий фанлар ўқитиладиган замонавий мактаб қурилади. У ўзининг иш юритувчиси ва мирзаси Худойберган Девоновнинг фотография соҳасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Хива хонининг 1908 йили Санкт-Петербургга жўнатилган Ислом Хўжа бошчилигидаги делегацияси таркибида Худойберган Девоновнинг ҳам борлиги тасодиф эмас эди.
Худойберган Девонов Россия пойтахтида фотография ишлари қандай ташкил этилгани билан яқиндан танишиш ҳамда севимли ишининг нозик томонларини чуқурроқ ўрганиш мақсадида икки ойдан ошиқроқ вақт сафарда бўлади. У ерда кино олиш, намойиш қилиш бўйича таҳсил олиб, фото ва кино материаллар тўплайди, кинокамера сотиб олади… Ватанга қайтиши билан тасвирга олиш ишларини бошлаб юборади. Одамлар гавжум жойларда хориждан олиб келган кинотасвирларни намойиш этиб, ватандошларимизда бу янги санъат турига қизиқиш уйғотади.
Бир сўз билан айтганда, 1908 йил ўзбек киноси туғилишида муҳим давр бўлди. Худойберган Девонов мустақил тарзда 1910 йили Хива хони Асфандиёрхоннинг фойтунда келишини, тарихий обидалар, миноралар, масжид ва бошқа меъморий дурдоналарни кинотасмаларга муҳрлайди. Унинг дастлабки ишларидан “Ўлкамиз меъморий ёдгорликлари” (1913 й., 114 метрли кинотасма), “Туркистон манзаралари” (1916 й., 100 метрли кинотасма) кабилар ҳам ўша давр руҳини акс эттирувчи ноёб ёдгорликлардан саналади. Маҳоратли фотографнинг ижодий ишлари туфайли бошқа халқлар вакиллари ҳам тарихи бой Хоразм ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлади.
1920 йили Хоразм Халқ Совет Республикаси ташкил топгач, Худойберган Девонов молия вазири этиб тайинланади. Хизмат вазифаси тақозосига кўра, кўп бора Москвада бўлади ва янги-янги фильмлар олиб келади. “Совкино” акционерлик жамиятининг киномухбири сифатида фаолият кўрсатади. У суратга олган кўплаб киносюжетлар “Союзкиножурнал” намойишларидан ўрин олади.
1937 йили кўпгина зиёлилар сафида Худойберган Девонов ҳам қатағонга учрайди ва сиёсий маҳбус сифатида Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳридаги лагерга жўнатилади. Кексайганида хорлик кўрган Х. Девонов панжара ортида 1940 йили ҳаётдан кўз юмади. Шу тахлит Ўзбекистонда фото ва кинога асос солган ижодкор ҳаёти фожиали якун топади. 1958 йилда қатағон қилинган бошқа юртдошларимиз қаторида Худойберган Девонов номи ҳам оқланади.
Афсуски, Худойберган Девонов ижодий меросининг кўп қисми у ҳибсга олинганидан сўнг йўқотиб юборилган. Бизгача унинг айрим ишлари сақланиб қолган, холос. Меросининг бир қисми Красногорскдаги Давлат марказий архивида сақланса, қолган, каттагина қисми Урганчдаги Девоновлар хонадонига тегишли архивдан жой олган. Бу архив – аср бошидаги воқеалар тасвирланган фотосуратлар, негативларнинг шиша пластинкалари, кинотасмалар, фотоальбомлар, ёзишмалар ва энг ажойиби, мўъжиза туфайли сақланиб қолган бебаҳо ёдгорлик – Худойберган Девоновнинг ўзи ишлатган “Патэ фререз” кинокамерасидан иборат.
Кўплаб киношунослар, хусусан, Ханжара Абулқосимова, Жўра Тешабоев, Нигора Каримова, Ҳамидулла Акбаров кабиларнинг фикрига қараганда, Худойберган Девонов нафақат Ўзбекистонда, балки, бутун Марказий Осиёда фото ва кино тасвирга олишда етакчи ҳисобланади.
2013 йили Хиванинг Ичан-Қалъа қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилгач, Худойберган Девонов номидаги эски кинотеатр яна фаолият бошлади. Ушбу киномажмуанинг тантанали очилиш маросимида миллий кинематографиямизнинг дурдоналаридан саналган фильмлар намойиш этилди. Ушбу намойишнинг асосий қисмини Худойберган Девонов суратга олган қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар ҳамда тасвирга олиш жараёни Ичан-Қалъада кечган бошқа турли жанрдаги фильмлар ташкил этди.
2006-2007 йилларда Москва, Женева шаҳарларида бўлиб ўтган кўргазмаларда Худойберган Девонов суратга олган ишлар ҳам намойиш этилиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 2007 йилда Франция ва Бельгия сенатида “Ўзбек фотографияси антологияси” кўргазмаси ташкил этилиб, ундан Худойберган Девонов ишлари ҳам ўрин олди. Унинг ижод намуналари, ҳаётига оид қизиқарли тафсилотлар кўргазмага ташриф буюрган мухлисларни бефарқ қолдирмади. 2009 йилда Тошкент шаҳрида “Ўзбек фотосанъати асосчиси ва биринчи кинооператори Худойберган Девонов таваллудининг 130 йиллиги” муносабати билан алоҳида фотокўргазма ташкил этилди. Кўргазмада атоқли санъат намояндасининг бутун ҳаётига оид материаллар мухлислар эътиборига ҳавола қилинди. Айтиш жоизки, Худойберган Девонов фаолиятига бағишлаб кўплаб мақолалар, китоблар ёзилган, қатор ҳужжатли фильм суратга олинган. Унинг номи ҳақли равишда ўзбек фото ва кинематографияси тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Зотан, Худойберган Девонов ижодисиз нафақат Хоразм маданияти солномалари, айни чоғда Ўзбекистон санъати тарихи тўлиқ бўлмайди.
Элдор Йўлдошев, ЎзДСМИ тадқиқотчиси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон