Ўлмас Расулов. “Cўзи росту, аммо…”

Назаримда, санъатнинг шарафли, аммо мураккаб йўлларида дадил юришнинг бирдан-бир чораси устозлар этагидан маҳкам ушлаш, суяниш ва доимо улардан ибрат олишдир. Шу ўринда машҳур ҳофиз Расулқори Мамадалиев ҳаётидан бир ибратли воқеага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Қўқон урфий ижрочилигининг энг етук вакилларидан бири сифатида Расулқори Мамадалиевнинг хонандаликда қўл урмаган усулини топиш қийин. У мақом ва мақом йўлидаги ашулаларни, яллаю лапарларни, лирик ашула ва қўшиқларни бир зайлда маҳорат билан ижро эта оларди. Ҳофизнинг ишқи ўша даврда энди пайдо бўлган Маъруфхўжа Баҳодиров басталаган “На қилдим” ашуласига тушадию, тинчини йўқотади. Бироқ ижро этишга журъати етмайди. ўазалдаги бир сўзнинг    маъносини билмас экан-да. Бу сўз маъносини қишлоғидаги, ҳатто қўшни қишлоқлардаги зиёлилардан  сўрайди, суриштиради. Бироқ жўяли жавоб ололмайди. Ахийри, ўша пайтларда (70-йиллар) Қўқондаги Муқимий музейида ишлаб юрган аруз билимдони, ғазалнавис шоир Чархий домланинг ҳузурига бориб, устозга ўз мақсадини айтади.

— “На қилдим санго ман ёрим, жамолингдин жудо қилдинг, Бошимда гарду ғамни чун чароғи осиё қилдинг” байти билан бошланувчи ашулани роса айтгим бору айтолмаяпманда, домла, — дейди ҳофиз.

Шоир сабабини сўраганида ғазалдаги “чароғи осиё” сўзига тушунмаётганини айтади.

— “Чароғи осиё” тегирмоннинг чироғи дегани, — жавоб беради Чархий. — Унга кўп чанг, ғубор қўнади, оқибатда нури хиралашиб боради. Гард, чангнинг кўплигидан менинг бошим ҳам тегирмон чироғига айланиб қолди, яъни мен сенга нима қилдимки, мени жамолингдан жудо қилдинг,     бошимда гарду ғамни чароғи осиё қилдинг, демоқда устоз Ҳувайдо. Буни тўла тушунтиришимизга бир кун ҳам камлик қилади, ҳофиз. ўазални кўп ўқинг, ашуласини кўп айтинг. Шунда       бир-биридан гўзал таъсирчан маъноларни, иштибоҳларни топасиз, иншооллоҳ.

Шу мулоқотдан сўнг “На қилдим” ашуласи ҳофиз ижро дастурларининг кўркига айланади. Расулқори Мамадалиев кўзи ожиз бўлса-да, “йиқилмаган” эди ўшанда.

Бу ибратли мулоқотни бекорга келтирмадик. Зеро, ғазал куй ипига терилган дур бўлса, куй ғазал риштасини безаб турувчи марварид. Ҳар икки риштага тизилган дуру марваридлар мўътабар. Ўз талқинида оҳанг ва сўз моҳиятини тўла-тўкис етказа олмайдиган хонанда эса ҳали баркамолликдан йироқда, кўп изланиши лозим. Ачинарли томони шундаки, ҳозир унвонларга сазовор ижрочиларда ҳам сўзни бузиб айтиш ҳоллари учраб туради. Сўз, оҳанг уйғунлигини етарлича ҳис қилишга интилишни истамаган хонандаларнинг бефарқлиги оқибатида “Муножот”, “Соқийномаи савти калон”, “Сўлим” каби кўплаб нодир ашулаларнинг ижроси саёзлашиб боряпти. Боз устига уларни “замонавийлик” ниқоби остида қайта ишлаётганлар ҳам урчиб кетяпти.

Яқинда анчайин машҳур бир хонанда ижросида Алишер Навоий ғазали билан айтиладиган ашулани эшитиб қолдим. Ўйноқироқ куйга солинган. Шунинг ўзиёқ ғазал салоҳиятига бир мунча путур етказгандай, назаримда. Устига устак ғазал матнининг шинавандага етиб боришига маълум даражада монелик қилувчи баъзи иллатларни ҳам сезгандай бўлдим. ўазал қўш қофияли. У шундай мисралар билан бошланади:

Меҳр кўп кўргуздум, аммо меҳрибоне топмадим,
Жон басе қилдим фидо оромижоне топмадим.

Дарвоқе, бу ғазалга ХХ асрнинг 70-йилларида  машҳур созанда, бетакрор бастакор Саиджон Калонов томонидан ноёб куй басталанганки, у ҳар қандай мақом оҳанглари билан беллаша олади. Халқ ҳофизлари Ортиқхўжа Имомхўжаев, Муроджон Аҳмедов, Маҳмуджон Йўлдошев каби ўнлаб хонандалар томонидан қойилмақом ижро этилган бу ашула. Аслида, бундай нодир асарларга ҳурмат-эътибор билан ёндошсак яхшироқ бўларди.

Қўш қофияли бу ғазалнинг илк қофияси “меҳрибоне”, “оромижоне”, “дилистоне”, “достоне” тарзида бўлиб, иккинчи қофия ўзгаришсиз “топмадим” тарзида келган. Хонанда эса бу сўзларни “меҳрибони”, “оромижони”, “делистони” деб ижро этди. ўазал неча байтдан иборат бўлса, у шунча хато қилди — “йиқилди”. Бу ҳолат, биринчидан, хонанданинг ғазал шаклларидан, айниқса, аруз илмидан бехабарлигини англатади. Иккинчидан, ижро маданиятининг асосий омилларидан бири бўлмиш талаффуз қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Ҳатто шеърий матнни яхши билгани ҳолда маъносига тушунмай ёки эътибор бермай куйлайверадиган хонанда, Имом ўаззолий таъбири билан айтганда, “Сўзи росту, аммо ўзи ёлғончи одамлар тоифасидандур”. Демак, бу тоифадаги санъаткорлар ўз фаолияти давомида кўп бор “йиқилиши” эҳтимолдан холи эмас.

Профессионал хонанданинг ўз овозига мос нарсаларни топиб айтишида ҳам катта ҳикмат бор. Маълумки, ҳар овознинг ўз ранги, шираси, туси, кўлами бор. Бундан ташқари, ҳис-туйғулар бир-бирига яқин, ҳатто ўхшаш бўлса-да, уларнинг инсон қалбида кечиш жараёни хилма-хил бўлиб қолаверади. Бу жараённинг ёш билан, тафаккур, ақл билан, ирода билан боғлиқ жиҳатлари бор. Шунинг учун бўлса керак, кўп ҳолларда бир ижрочи бир хил ашула ёки куйни икки марта ўзгаришсиз ижро этолмайди. Балки шунинг учун ҳам ижрочилар, айниқса, хонандалар орасида “овозимга мослаб олдим”, “ижро мактабим шунақа” деган гапларни кўп эшитамиз. Аслий ижродаги мусиқий безакларни ўз ижросида аниқ акс эттиролмаган ижрочида мактаб, услуб нима қилсин?! Мен ўз ижро услуби, мактабига эга бўлган жуда кўп санъаткорлар билан  суҳбатлашганман. Ижролари ҳақида сўз борганда,    ҳаммамиз муҳтарам устоз академик Юнус Ражабий, Тўхтасин Жалилов мактабининг талабаларимиз, дейишарди ғурур билан. Бу мактаб талабаларининг бирортаси “йиқилганини” эслолмайман. Чунки у ижро ва илм даргоҳининг тамал тоши, устунлари миллий мусиқамизнинг энг нодир қатлами бўлмиш мақом шаклига  келтирилган оҳанглардан барпо қилинган эди-да…

Санъатшунос олим Отаназар Матёқубовнинг таъкидлашича, мақомлар нафақат ўзбек мусиқаси, балки боши берк кўчага кириб бораётган ўарб мусиқасига ҳам тўғри йўналиш бера оладиган салоҳиятга эгадир.

Хўш, биз нима қиляпмиз?

Шарқ мусиқасини суиистеъмол қиляпмиз. ўарб оҳанг­лари томон югуриб кетяпмиз. Бунақада, албатта, қоқиламиз, “йиқиламиз”.

Ёшларнинг ижросига назар солайлик. Аксар овозлар бир-бирига ўхшайди. Мен ёшларнинг жуда кўпчилигининг овозида бугуннинг машҳур икки қўшиқчисининг овози оҳангини сезгандай бўламан. Қўшиқлар, уларнинг ижроси шунчалар бир-бирига ўхшашки, қиёфасини кўрмагунингизча кимлигини билолмайсиз. Албатта, тақлид хонандалик санъатига илк бор қадам қўяётган ёшлар учун табиий ҳол. Аммо радио-телевидениеда тақлидга асосланган бундай ижроларни камайтирса бўлади-ку. Поп-мюзик йўналишида (аксарият ёшларнинг ижроси шу йўналишда) ўз кучини сарфлаётган қўшиқчиларнинг саъй-ҳаракати билан ўзбек фольклор мусиқасининг шакли, баъзи ҳолларда мусиқий, шеърий матнлари ўзгариб бор­япти. Бу аҳволда, яъни халқ оғзаки ижодиётига тегишли куй-қўшиқлар шу зайлда ўзбошимчалик билан ижро қилинаверса, биз келажакда ёшларга халқ оғзаки ижодиёти намуналари деб нимани кўрсатамиз, ҳайронман. Бу “йиқилганимиз”дан далолат эмасми?

Афсуски, бундай нохуш холатни мумтоз мусиқанинг нодир намуналари ижросида ҳам учратамиз. Масалан, “Қоши ёсинму дейин…”, “Кўча боғи-2” ашулаларини юзлаб хонандалар ижро этишган. Бироқ уларнинг деярли бирортасида Ўзбекистон халқ ҳофизи Орифхон Ҳотамов ижросидаги вазминлик, равонлик, дард, Ўзбекистон халқ артисти, академик Юнус Ражабий ижросидаги изтиробни топа олмайсиз. Шунинг учун ҳам ижронинг мураккаб йўлларида сирғаниб, “йиқилиб” юрамиз.

Менингча, “йиқилмаслик”нинг асосий омили асл ижроларга суяниш, уларни ардоқлаш, улардан унумли фойдаланиш ҳамда янги-янги қирраларни излашдан тўхтамаслик. “Билдим”, демаслик….

Ўлмас Расулов, Ўзбекистон халқ артисти, доцент

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 43-сон