Гўзалхон Исоқова. Юнон иборалари француз тилида

Юнон адабиёти бошқа халқлар адабиётига суянмасдан, мустақил равишда пайдо бўлган адабиётдир. Ўз даврида юксак тараққий этган бу адабиёт милоддан аввалги III асрда Рим маданиятининг юзага келишида муҳим ўрин тутади. Юнон – рим маданияти Европа халқлари тараққиётининг энг қадимий манбаи ҳисобланади. Юнонлар адабиётида қаҳрамонлик, мардлик, ватанга муҳаббат, инсон қудратини улуғлаб, уларнинг акси бўлган пасткашлик, қўрқоқлик, сотқинлик каби иллатларни қоралаб тасвирлаганлар. Бу халқнинг қадимий адабиёти ҳозир ҳам ўз бадиий-ғоявий қийматини йўқотмаган.

Юнон ёзма адабиётининг энг қадимги намуналари тахминан милоддан аввалги IX–VIII асрларда яшаб ўтган Ҳомернинг “Одиссея” ва “Илиада” достонларидир. Ушбу достонларнинг мавзуси милоддан аввалги XIII-XII асрларда юнонлар ва трояликлар ўртасида бўлиб ўтган уруш ривоятлардан олинган. Мазкур достонлар ва бошқа юнон антик адабиёти намуналарида қўлланилган айрим иборалар француз тилида ҳамон фаол истеъмолда.

Масалан, Гомер достонларида қўлланилган баъзи жумлалар оғиздан-оғизга ўтиб, француз тилида фаол ибора қўлланилади. Масалан, “Ajax et Hector”, “Cheval de Troie” ифодалари унинг “Илиада” достонидан, “Qui se ressemble, s’assemble”, “Voyage d’Ulysse” жумлалари эса “Одиссея” достонидан олинган.

“Ajax et Hector” иборасининг қўлланилишига сабаб, достондаги бир воқеага асосланади. Шоҳ Приямнинг ўғли Гектор Троя қўшинлари орасида энг жасур жангчи бўлган. Телемоннинг ўғли Ажакс ҳам ўз қўшинлари орасида энг жасоратли ва шиддатли жангчилардан бўлган. Ажакс Гекторни ўрталарида кечган курашда мажбуран жанг қилганликда айблайди. Бу нотўғри ва Гекторга нисбатан ҳақорат эди. Шунга кўра, ушбу ибора ҳозирги француз тилида “ўринсиз ҳақорат, айблов” маъносида ишлатилади.

“Cheval de Troie” бирикмаси ҳам “Илиада”даги бир кўринишга ишора қилади. Юнонлар ичига жангчиларни яширса бўладиган бир улкан ёғоч от ясайдилар ва уни Троя яқинига жойлаштирадилар. Трояликлар уни чекинаётган юнонларнинг оддий бир туҳфаси деб ўйлашади. Руҳоний Лаоконнинг башоратига ҳам қарамасдан, ёғоч отни шаҳар ичига олиб киришади. Юнон жангчилари тунда отнинг ичидан чиқиб, шаҳар дарвозасини очиб юборишади, юнонлар шаҳарга бостириб кириб, уни вайрона қилишади. “Cheval de Troie”, яъни “Троя оти” ифодаси шундан келиб чиқиб, французлар тилида “ҳийла яширинган туҳфа” маъносини билдиради.

“Qui se ressemble, s’assemble” ибораси Гомернинг Одиссея достонидан олинган бўлиб, француз адибларининг асарларида ҳам, оғзаки нутқда ҳам кенг фойдаланилади. Бу ибора маънодорлиги сабабли дунёнинг кўплаб тилларида муқобили бор. Унинг ўзбек тилидаги муқобили “Ўхшатмаса учратмас” мақолидир.

“Voyage d’Ulysse”, яъни, “Улиснинг саёҳати” иборасини французлар “узоқ муддатли ва толиқтирадиган саёҳат” маъносида қўллашади. Бу ҳам Ҳомернинг достонидан келиб чиққан бўлиб, қаҳрамон Улис Троя жангидан қайтаётиб йигирма йил турли ғаройиб саргузаштларни бошидан кечиради.

Эрамиздан олдинги VII–VI асрларда яшаб ижод этган юнон файласуфи Гесиоднинг асарлари тилидан ҳам французлар унумли фойдаланишади. Масалан, “Boite de Pandore; Age d’or “ сўзлари шулар жумласидандир. “Boite de Pandore” – “Пандоранинг қутиси” бирикмаси поэмадаги бир ҳикоятга ишора қилади. Унда келтирилишича, Пандора маъбудлар султони Юпитернинг буйруғи билан яратилади. Темирчилар худоси уни тупроқ ва сувдан ясайди, бошқа маъбудлар унга жон ато этади, яна бири унга либос, бири гўзаллик, яна бири айёрлик, тилёғламалик каби хусусиятларни ҳадя қилишади. Юпитер Пандорага совға сифатида бир қутичани ерга юборади. Пандора қутича офатларга тўла эканлигини билмай, уни очади ва қутичадан бутун офатлар ер юзига сочилиб кетади. Шундан келиб чиқиб, мазкур ибора французлар тилида “бахтсизлик манбаси” маъносини билдиради.

“Age d’or”, яъни, “Олтин давр” Гесиоднинг башарият тарихи ҳақидаги таълимотидан олинган. Унга мувофиқ инсоният беш авлодга бўлинган: олтин, кумуш, мис даври, баҳодирлар ва темир даври. “Олтин давр”да инсонлар ғам-ташвишсиз, роҳат-фароғатда яшайдилар. Табиатни ўзи уларга ноз-неъматларни инъом этади. Улар ўзаро тотувликда яшайдилар. Ҳозирги кунда ҳам Гесиоднинг мазкур ибораси “бахтиёр ва ташвишсиз давр” маъносида кенг қўлланилади.

Қадимги юнон адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан яна бири эрамиздан олдинги VI асрда яшаб ижод этган масалчи Эзопдир. Унинг масалларидан олинган кўплаб ҳикматли сўзлар французлар нутқида тез-тез кузатилади. Эзоп қўллаган “Accoucher d’une souris” иборасини французлар қанча ҳаракат қилса ҳам кутилган натижага эришилмаган ҳолатни тасвирлаш учун қўллайдилар.

“Chant du cygne” жумласининг тарихи ҳам Эзоп ижоди билан боғлиқ. Унда айтилишича, оққуш ўлими олдидан куйлар экан. “Оққуш қўшиғи” деган сўз француз тилида “умр сўнггидаги асар ёки иш” маъносини анг­латади.

“Il ne faut pas juger les gens sur l’apparence” ибораси Эзопнинг “Le Leopard er le Renard” масалидан олинган. “Ташқи кўриниш алдаши мумкин” деган маънони англатувчи ушбу ибора французларда кўп қўлланилувчи мақолга айланган.

“Se parer des plumes du paon” жумласи масалдаги товус патлари билан безаниб олган кўк қарғага нисбатан айтилган. Бу кўчма маънода “ўзига тегишли бўлмаган нарса билан ўзини хурсанд қилмоқ” маъносини билдиради.

Эзопнинг яна бир масалида хасис одамнинг олтин тухум қўядиган товуқ ичидаги бор хазинани олиш учун уни ўлдиради. Ўлдиргач, унинг ҳам бошқа товуқлардан фарқланмаслигини кўради. “Tuer la poule aux oeufs d’or” иборасини французлар “фойданинг манбаини қуритмоқ” маъносида ишлатишади.

“Vendre la peau de l’ours” жумласи Эзопнинг ҳали ўлмаган айиқнинг терисини шилиб сотишни хаёл қилган кимса ҳақидаги масалига ишора қилади. Ибора ҳали бирор муваффақиятга эришмасдан туриб мақтаниш, яъни, “хомхаёл” маъносини беради.

Эзопнинг “Le Chient qui porte de la viande” масалида “Lacher sa proie pour l’ombre” ибораси қўлланилган. Кейинчалик Ла Фонтен масалида кенг тарқалган мазкур ибора “қулай фурсатни қўлдан чиқармоқ”, деган маънони ифодалайди.

Француз тилида милоддан аввалги V асрда яшаб ўтган антик давр­нинг машҳур табиби Гиппократ иборалари ҳам фаол истеъмолда. Масалан, “Ars longa, vita brevis” – “Ҳаёт қисқа, санъат абадий”; “Sublata causa, tollitur morbus(effectus)” – “Сабабини топсанг, шунда касаллик ҳам ўтиб кетади”, “Dissiples d’Hippocrate”, яъни, Гиппократ ўқувчилари  каби жумлалар французларда тиббиёт терминининг синоними сифатида қўлланилади. Ҳозирги кунда ҳам ёш шифокорлар Гиппократ қасамёдини қабул қиладилар. Буларнинг барчаси Гиппократнинг тиббиёт ривожидаги хизматларининг  беқиёслигидан даракдир.

Милоддан аввалги V–IV асрлар юнон адабиётининг Аттика даври деб номланади. Ушбу давр ижодкорларидан талайгина ҳикматли сўзлар бизгача етиб келган ва фаол қўлланилмоқда. Файласуф Суқрот, Платон, комедиянавис Аристофан ўша даврда яшаб ўтган намояндалардандир.

“Apprends а te connaitre” Суқротнинг севимли ибораларидан бири бўлган. “Ўзингни англа” деган маънони билдирувчи ушбу бирикма ўша даврларда қурилган Делф ибодатхонасининг пештахтасига ўйиб ёзилган. Ибора Плутархнинг “Етти доно базми” асарида, кейинчалик Ла Фонтен асарларда, шунингдек, халқ оғзаки нутқида кенг фойдаланилган.

Суқротнинг яна бир жумласи “Il faut manger pour vivre er non pas vivre pour manger” биргина француз тилида эмас, бошқа кўплаб халқлар тилида яшаб, мақолга айланиб кетган. Мазкур жумла ўзбекча: “Ейиш учун яшаш эмас, яшаш учун ейиш керак” – деганидир.

Милоддан аввалги 427–347 йилларда яшаб ўтган юнон файласуфи Платонга тегишли қатор иборалардан “Rйpublique de Platon” – “Платон Республикаси” сўзи Платоннинг “Республика” рисоласидан келиб чиққан. Унда идеал, бекаму кўст, утопик ва жамият аъзолари файласуфлар, соқчилар ва меҳнаткашлардан иборат бўлган давлат тасвирланади. Унда давлатни файласуфлар идора қилишлари, соқчилар уни қўриқлашлари, меҳнаткашлар эса фуқароларни боқишлари ҳақида сўз боради. Платон ўзининг утопик давлатида бутун эътиборини файласуфларга қаратади. Ушбу “хаёлий давлат” маъносини англатувчи ифодага кўплаб француз ёзувчилари ўз асарларида ишора қиладилар.

Платонга мансуб Post festum ифодаси француз тилида “кечикиш” маъносида қўлланилади.

Комедиянавис Аристофан “Etre au septiиme ciel” яъни, “Еттинчи осмонда бўлмоқ” – “жуда хурсанд бўлмоқ” маъносини билдирувчи иборасини “Булутлар” асарида қўллаган. Унда осмон кетма-кет ёпишиб турган еттита кристал гумбаздан иборат, еттинчи осмон эса энг олий, бахт-саодат осмони деб тушунтирилади.

“Pecher en eau trouble” жумласи эса Аристофаннинг “Суворийлар” асаридан олинган бўлиб, “алғов-далғов вазиятдан фойдаланиб қолмоқ” маъносини англатади. Аристофанга мансуб бу каби сўзлар кўплаб ёзувчиларнинг асарларида ва французларнинг оғзаки нутқида ишлатилади.

Юнон файласуфларидан яна бири милоддан аввалги 413–323 йилларда яшаб ижод этган Диоген номи билан боғлиқ “Lanterne de Diogиne”, “Tonneau de Diogиne” каби ибораларнинг ҳам ўзига хос тарихи бор.

“Lanterne de Diogиne”, яъни, “Диогеннинг фонари” жумласи файласуфнинг ҳаётидаги бир ҳолатга ишора қилади. Бир куни у кундузи фонар ёқиб кўчада пайдо бўлади. Ундан бунинг сабабини сўраганларида, бир одамни қидираётганлигини айтади. Шундан келиб чиқиб, ушбу ибора “эсини йўқотган”  деган маънода қўлланилади.

Манбаларда берилишича, Диоген ғалати ҳаёт кечирар, қулайликлардан нафратланар экан. Қишда ҳам, ёзда ҳам ялангоёқ юрар, учраган жойда тўнига ўраниб ухлар, бочка ичига кириб ўтирадиган одати бор экан. Бу бочка унга исрофгар одамларни, мунофиқ арбобларни, иккиюзламачи руҳонийларни фош қилиш учун минбар вазифасини бажарар экан. Шундан келиб чиқиб, “Tonneau de Diogиne” – “Диогеннинг бочкаси” жумласи “ҳаётдан узоқлашиш, одамлардан ажралиб қолиш” маъносида ишлатиладиган бўлган..

Эллинизм даври юнон адабиётининг машҳур вакилларидан бири Менандир милоддан аввалги 343–292 йилларда яшаб ижод этган. У юздан ортиқ комедиялар ёзиб қолдирган. Унинг “Monostique” асарида қўлланган “La nuit porte conseil” ибораси мақолга айланиб кетган ва кўплаб тилларда ўз муқобилига эга. Ўзбек тилида “Кечаси ўйла, эрталаб сўйла” тарзида янграйди.

“Eureka! Eureka!” – “Эврика! Эврика!”. Ушбу хитоб милоддан аввалги III асрда яшаб ижод этган юнон математиги Архимедга тегишли. Бир куни Нерон шоҳ ўзининг олтин тожини ясаган заргардан унга кумуш ҳам қўшиб юборган, деган гумонга бориб, Архимеддан буни аниқлаб беришини сўрайди. Олим буни ечимини топа олмай узоқ ўйланади ва ушбу топшириқ буюк кашфиётга сабаб бўлади. Кунларнинг бирида у ваннада чўмилаётиб, сувда гавдасининг оғирлиги йўқолишини сезиб қолади. У ваннадан шошилиб чиқиб, яланғочлигича “Eureka! Eureka!” деб қичқирганча югуриб кетади. У жисмнинг ҳажмини сувнинг ҳажми билан аниқлаш усулини топган эди. Ушбу ифода француз тилида “j’ai trouvу”, яъни, “топдим” деган маънони англатиб, кутилмаганда фикр келганида қўлланади.

Милоддан аввалги II асрда яшаб ўтган тарихчи Плутарх ижодига мансуб “Le Grand Pan est mort” ибораси француз тилида бирор буюк шахс вафот этганида ёки асрнинг тугашини ифодалаш учун қўлланилади.

“Les Sept Sages” Плутархнинг “Le festin de Sept Sages” номли рисоласидан олинган. Унда муаллиф исмлари мақолга айланиб кетган еттита доно давлат арбобларини тасвирлаган.

“Ventre affamй n’a point d’oreille” ибораси Плутархнинг “Vies parallelles” асарида қўлланган бўлиб, “оч одамнинг қулоғига гап кирмас”лигини анг­латади.

“Victoire а la Pyrrhus” – “Пирруснинг ғалабаси” жумласи Эпир қироли Пирруснинг Асколи жангида қадимги римликлар устидан қилган ғалабасига ишора қилади. Жангда ҳар икки томон катта талофатлар кўради ва қирол Пирруснинг ўзи ҳам жароҳатланади. Ғалаба билан уни қутлаганларида, у: “Агар римликларнинг кейинги мағлубияти бизга шунчага тушадиган бўлса, биз йўқ бўлиб кетамиз”, – деб жавоб берган экан. Шундан келиб чиқиб, французларда ушбу ибора “шубҳали ва қимматга тушган натижа” маъносини англатади.

“Festin de Lucullus” ибораси Плутархнинг “Лукулуснинг ҳаёти” асаридан олинган. Лукулус Рим қўшинининг генерали бўлган ва дабдабали базмлар уюштирган. Шундан келиб чиқиб, “Festin de Lucullus” ибораси “ҳашаматли базм” маъносида қўлланилади.

Ўша даврлардан қолган яна бир ифода “Faire d’une mouche un йlйphant” юнонистонлик Лукианга тегишли бўлиб, “Пашшадан фил ясамоқ”, яъни, бирор нарсани бўрттириб кўрсатмоқ маъносини англатади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, асрлар оша оғиздан-оғизга ўтиб келаётган юнон адабиётининг сермазмун жумлалари ибора сифатида ҳаётий вазиятлар, фалсафий фикрларни аниқ ва образли етказиб беришга, мураккаб тушунчаларнинг маъносини қисқа ва лўнда ифодалаб беришга хизмат қилмоқда.

Гўзалхон Исоқова,

Филология фанлари номзоди, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 7-сон