Манзара жанрининг мустақил тури – марина XVII асрда Голландияда юзага келиб, дунё тасвирий санъат оламида кўпдан-кўп мусаввирларни кашф этди. Денгиз манзараларини тасвирлашда Европада ўзига хос мактаблар шаклланган. Айниқса, XIX аср марина санъатининг гуллаб-яшнаган даври бўлди. Англияда мусаввир Уильям Тёрнер, Францияда Луи-Филипп Крепер, Россияда эса Иван Айвазовский денгиз манзараларини тасвирлашда мисли кўрилмаган натижаларга эришади.
Рус рангтасвирида марина, асосан, XIX асрга келиб ривож топгани маълум. Арцеулов, Грабовский, Гофман, Воробёв, Магдесян, Сахаров каби рус мариначилари айни шу даврда ижод қилган. Улар орасида Иван Айвазовский денгиз флоти манзараларини тасвирлашда фавқулодда улуғвор натижалар кўрсатган сиймолардан бири ҳисобланади. Табиат ва денгиз қудратини лол қоларли даражада жонли ифодалаш, ҳиссиётлар шиддатини ғоят нафислик билан етказиш маҳорати Айвазовскийга нафақат ўз доирасида, балки бутун дунё рассомлари орасида шуҳрат олиб келди.
Келиб чиқиши армани бўлган Иван Константинович Айвазовский (Ованнес Айвазян) 1817 йил 29 июль куни Қора денгиз бўйидаги Феодосия шаҳрида туғилган. Унинг болаликдаги қизиқишлари – Феодосия рейди манзаралари ҳамда кемаларни чизиш иштиёқи, шубҳасиз, бўлажак рассом истеъдодининг дебочаси бўлган.
Ёш рассомнинг бу машғулоти шаҳар архитектори Кох назарига тушиши унинг ижодий келажагини янада ойдинлаштиради. Петербург Рассомлик академиясида таҳсил олиб, франциялик машҳур мариначи Ф.Теннер раҳбарлигида табиат манзараларини тасвирлашни ўрганади. 1836 йилда илк асари – “Денгиз узра булутлар этюди” чизилганидаёқ шогирднинг устозидан ўзиб кетгани маълум бўлади.
Айвазовский 1840 йилда Италияга кетади. Айни шу йиллари унинг мустақил услуби шакллана бошлайди. У ўргатилган билимларга хилоф равишда натурадан эмас, тасаввурга таяниб расм чизишни бошлайди. “Эслаб қолиш қобилиятига эга бўлмаган инсон, жуда зўр чизмачи (нусха кўчирувчи), тирик фотографик мослама бўлиши мумкин, аммо ҳеч қачон ҳақиқий рассом бўла олмайди! Тирик, табиий кучларнинг ҳаракатини мўйқалам билан тутиб бўлмайди: момақалдироқ, шамолнинг шиддати, тўлқиннинг чайқалишини натурадан чизиш – ақлга сиғмайди. Шунинг учун рассом уларни эслаб қолиши керак ва ўз расмини ёруғ ва соя эффектлари билан безаши керак. Мен қирқ йил олдин ҳам шундай чизганман, ҳозир ҳам шундай чизмоқдаман. Ойлар давомида расм устида бош кўтармай ишлашни ва жим расм чизишни – мен эплай олмайман”. Рассомнинг ўз ишига бўлган қарашлари шундай бўлган.
Ниманинг ҳисобига Айвазовскийнинг денгизи бунчалар жонли, нафас оладиган ва шаффоф? Ҳар бир асарининг моҳияти нимада?
Айвазовский даҳосини ҳис этган киши унинг бу улкан маҳоратининг нозик томонларини тушуниб етишни истайди, албатта. Чунки, унинг денгиз мавзусидаги баталистик асарлари ҳам, соф мариналари ҳам моҳирона енгил қўл билан чизилганки, бунда рассомнинг тажрибасидан кўра тасаввурининг маҳсули кўпроқ эканлиги очиқ-аён кўриниб туради.
Айвазовскийнинг ҳар бир кўргазмаси муваффақият билан якунланган. Ўз даврида унинг истеъдодини бутун Европа эътироф этган. Унга замондош рассомлар ҳам ўз ҳайратларини яширмай, бир-бирига баён этади. Хусусан, Иван Крамской Павел Третьяковга шундай ёзади: “Айвазовский рангларни ҳосил қилиш сирига эга бўлса керак, шунинг учун ундаги ранглар сирли. Мен бундай очиқ ва тоза рангларни ҳатто бўёқчилик дўконларида ҳам кўрмаганман”. Рассом асарларида рангларнинг юпқа қатламларини устма-уст суртиш техникасидан (гризайль техникаси) фойдаланиб, шаффофликка эришган. У асосан мойбўёқ билан ишлашни афзал кўрган, лекин унинг тўлқинлари акварелда чизилгандек туюлади. Айнан шу техника билан тасвирда ранглар жуда шаффоф ва тўйинган кўринади. Бу мўйқалам тортиб, бўёқ бериш ҳисобига эмас, балки, ўзига хос теранлик ва нозиклик ҳисобига шундай бўлади. Айвазовскийнинг мазкур тасвирлаш техникаси коллекционерлар учун ниҳоятда қўл келади. Чунки, унинг кўпгина асарларида бўёқлар қатлами юпқа бўлгани учун ёрилиб кетавермайди.
Айвазовский асарни чизишда ишни доимо осмонни тасвирлашдан бошлаган, бунинг устига жуда тез битирган. Осмон муҳим қисм ҳисобланиб, денгизни осмоннинг ҳолатига мувофиқ, улкан тасаввур билан бир неча уринишдаёқ чизиши мумкин бўлган. Натура билан ишлашда эса у кўрганларини шунчаки эслаб қолишга интилган. Натурадан бир лаҳзалик хомаки нусха олиб, асосий ишни устахонада, тасаввур билан бажарган. У табиат кучларининг ҳаракати, денгизнинг нафас олиши, чақмоқнинг чақиши ва момақалдироқнинг ярқирашини натурадан тасвирлаш мумкин эмас, деб ҳисоблаган. Натуранинг вазифаси – рўй бераётган ҳодисаларни рассомнинг хотирасига сингдириш, деб билган.
Арман рассоми Мартирос Сарьяннинг таъбири билан айтганда, “Айвазовский қандай довулни тасвирламасин, ҳар доим холстнинг тепа қисмида чақмоқ, булутлар тўплами орасидан баъзида яққол, баъзида кўз илғамайдиган нозик нур таралиб туради. Айнан шу нурда Айвазовский тасвирлаган барча довулларнинг мазмун-моҳияти яширинган. Агар бу қуёш бўлса, у энг қора довулни ёритади, агар ой шуласи бўлса, ўзининг милтиллаши билан бутун расмни тўлдириб юборади”.
Ҳақиқатдан ҳам Айвазовский мариналарининг асосий қаҳрамонлари ёруғлик, ҳаво ва сувдир. У денгизни ҳаққоний тасвирлашга эмас, балки ҳиссиётларни етказишга интилади: қуёш шундай чарақлаши керакки, томошабин қўзларини қисиб олиши, шамолдан бужмайиши ва тўлқинни кўриб, гўё қўрққанидан ўзини орқага ташлаши керак.
Унинг “Қора денгиз флотининг 1849 йилдаги кўриниши”, “Дунёнинг яралиши”, “Тўққизинчи вал”, “Гурзуфда оқшом”, “Тунги денгиз тўфони”, “Денгиз қаҳри”, “Қора денгиз”, “Евпатория устида бўрон” каби асарларида ана шундай шиддатни кўриш мумкин. Бу асарларидаги шиддатли ранглар уйғунлиги, ёрқин, муросасиз бўёқлар томошабинни баъзан саросимага туширади. Уларда денгиз манзаралари, муаллифнинг ўз табиатига хос хаёлчанлик, ҳиссиётлилик ва илиқ ранглардан иборат муҳит, хаёлий-рамзий фикрлаш ва эркин импровизация барқ уриб туради.
Рассом ижодининг бир қисмини рус ҳарбий-денгиз флоти акс этган баталистик асарлар ташкил этади. “Наварин жанги”, “Синопс жанги”, “Чесмен жанги”, “Рус эскадраси Севастопол рейдида” каби асарлари бу йўналишдаги йирик ишларидан саналади.
Айвазовскийнинг мавзули картиналарида ҳам руҳ, ҳиссиёт, тасаввур етакчи бўлиб, асосан шарқона сюжетлар тасвирланади. Унинг бу турдаги асарларининг аксарияти арман ҳаёти ва табиати билан боғлиқ. “Арарат водийси”, “Арарат тоғларидаги Ноя жари”, “Арман халқининг чўқинтирилиши” каби асарлари шулар жумласидан.
Буюк мусаввир Иван Айвазовский1900 йилнинг 19 апрелида она шаҳри Феодосияда, “Турк кемасининг портлаши” асари устида ишлаётган вақтда оламни тарк этган.
Ундан олти мингга яқин асар келажак-авлодга мерос бўлиб қолди. Рассомнинг ижодий мероси, асарларида тасвирланган денгизларнинг жонлилиги, шамол ва тўлқинларнинг кучи, чақмоқлар шиддати ва абадий ой шуъласи ҳали-ҳамон санъат аҳлини ҳаяжонга солишда давом этмоқда.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 12-сон