Машҳур француз рассоми, имрессионизм асосчиси ва графика устаси Эдуард Мане 1832 йил 23 январда Париж шаҳрида туғилиб вояга етди. Отаси Огюст Мане адлия вазирлигининг бош департаменти бошлиғи, онаси Эжени-Дезире Фурунье собиқ француз дипломатининг қизи эди. 1839 йилда Манени Аббат Пуалу номидаги пансионатга ўқишга беришади, аммо ўқишга иштиёқи бўлмаганлиги боис отаси уни Роллен коллежига ўтказади. Мане у ерда 1848 йилгача ўқийди, бироқ бу ердаги муҳит ҳам унинг ўқишга бўлган иштиёқини уйғотмайди.
Мане расм чизишга қизиқар эди. Ҳуқуқшунос бўлишини ич-ичидан истаган отаси унинг қизиқишларига қаттиқ қаршилик кўрсатарди. Амакиси Эдмон-Эдуард Фурунье боланинг санъатга бўлган муҳаббатини сезиб, унга махсус маърузаларга боришни маслаҳат берар ва харажатларини ўз ёнидан тўлар эди. Амакиси уни қўллаб-қувватлаб тургани учун Маненинг ҳаёти бутунлай ўзгара боради. Қизиғи шундаки, Мане бу машғулотларга қатнаб ҳам ўзи излаган нарсани тополмайди. Назарий билимларга қизиқиш сезмаган рассом зерикарли машғулотлардан кўра дўстларининг портретини чизишни маъқул кўради.
1848 йилда ўқишини тамомлагач, ёш Мане отаси билан ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш мақсадида денгиз билим юртига киришга аҳд қилади, аммо кириш имтиҳонларидан йиқилади. Бўлажак рассомга имтиҳонларни қайта топшириш учун рухсат берилади.
Мане саёҳат қилишни жони дилидан севар, шу сабаб у жуда кўп юртларни кезади. Бразилияга қилган саёҳати давомида кўплаб этюдлар ва хомаки расмларни чизади. Мане Бразилияда бўлиб ўтган Рио карнавали ҳамда маҳаллий аёллар унда катта таассурот қолдирганлиги ҳақида яқинларига кўплаб мактублар ёзади. 1849 йилда Парижга қайтгандан сўнг у яна имтиҳон топшириб кўради, аммо бу сафар ҳам омад кулиб боқмайди. Отаси Маненинг саёҳат давомида чизган суратларини кўриб, юқори баҳо беради ва унга Нафис санъатлар мактабига кириб ўқишни маслаҳат беради. Академик таълим дастурини ўзига эп билмаган рассом 1850 йилда машҳур Том Кутюр устахонасига ўқишга киради. 1847 йилда Том Кутюрнинг “Рим даврдаги инқироз” номли полотноси муаллифга катта шуҳрат келтиради. Ўша пайтдаги буржуа йўналишидаги ҳокимлик услуби охир оқибат Мане ва Кутюр ўртасидаги муносбатнинг бузилишига олиб келади.
Бироқ отасининг қистови билан Мане Кутюрдан кечирим сўрайди ва устахонага қайтиб боришга мажбур бўлади.
Доимий изланишда бўлган рассом натурачи аёл Викторина-Луиза Меранга бағишланган “Кўча қўшиқчиси” асарини яратади. Бу аёл турли йўллар билан қашшоқликдан қутулишга ҳаракат қилган эди. Кўп ўтмай, рассом ва натурачи аёл ўртасида нафақат ижодий, балки ундан-да яқинроқ муносабатлар юзага келади. Бу ҳақдаги миш-мишлар бутун Парижга тарқалиб кетади.
1873 йилда Эдуард Мане “Бир финжон пиво устида” деб номланган машҳур асарини чизади ва бу асар 15 йил давомида рассом шуҳратини таъминлайди. Аммо бу билан Мане ўзи истаган нуфузга барибир эришолмайди. 1874 йилда унинг “Операдаги бал-маскарад” сурати рад қилинади.
1879 йил сентябрь ойида Манени биринчи бор ревматизми хуружи безовта қилади. Кўп ўтмай, атаксей (ҳаракат қилиш тизимининг йўқолиши) билан кассалланганлиги аниқланади. Касаллик жуда тез авж олади. Бу эса унинг ижодига таъсир этмай қолмасди. Бу пайт турли хил натюрморт ва аквареллар пайдо бўла бошлаган пайт эди. 1881 йил декабрида рассом болаликдаги дўсти ҳамда мамлакат маданият вазири Антонен Прустнинг ташаббуси билан Фахрий легион ордени билан тақдирланади.
Мане хасталигига қарамай, 1882 йилда ўзининг “Фоли Бержер барида” номли асарини яратади. Бу асар салонларда зўр шавқ-завқ билан қабул қилинади. Шу йилларда Манени бир умр танқид қилган ва у билан курашиб келган рақиблар уни ўз ишининг устаси сифатида тан олишади. 1883 йил Маненинг чап оёғи кесиб ташланади ва 11 кун ўтгач, яъни 30 апрелда у дунёдан кўз юмади. Эдуард Мане ижодкор сифатида фақатгина 1890 йиллардан тан олина бошлайди.
Наргиза Мавлонова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон