Парижлик даҳо (Клод Дебюсси)

Жаҳон мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирган француз композитори Клод Дебюсси ижодий анъанани янги босқичга олиб чиққан машҳур мусиқа намояндаларидан биридир. Унинг ижоди  ХIX-XX асрлар оралиғида дунё мусиқасида янги даврнинг бошланишига сабаб бўлиб, сўнгги романтизмдан импрессионизм оқимига ўтувчи кўприк вазифасини бажарган.

К. Дебюсси 1862 йилнинг 22 августида Париж яқинидаги Сен-Жермен-ан-Ле шаҳарчасида дунёга келди. Бўлажак бастакор мусиқа билан жуда эрта шуғуллана бошлади. Болалик чоғида фортепиано чалишни ўрганиб, 1872 йилда Париж консерваториясида мусиқий таълимини давом эттирди. 1880 йилда профессор Эрнест Гиро раҳбарлигида ижод билан жиддий шуғуллана бошлади.

Ўқиш йилларида Дебюсси жаҳон мусиқа тарихини ўрганар экан, классик ва романтик композиторлар ижоди ҳамда рус композиторлик мактаби анъаналари билан яқиндан танишди. Дастлабки асарларини шу анъаналарга таяниб яратди. Қолаверса, устозлари ундан академик мусиқанинг қонуниятларига тўлиқ амал қилишни талаб этишарди. Аммо у мустақил ҳолда  бошқа асарлар ёзишни истар, ўзи ёзган асарларидан кўнгли сира тўлмасди. Устозларига қаршилик билдиришга ботина олмаган Дебюсси ўзининг оригинал услуби ва мусиқий тилини излашда давом этади. Шу боис, Дебюсси ҳамда консерватория профессорлари орасида тез-тез ижодий масалаларда турли келишмовчиликлар юзага келиб турарди.

Ёш композитор консерваторияни битиргач, Италияга ижодий сафар қилади. У ерда Ҳайнриҳ Ҳайне асари асосида “Зулейма” симфоник қасидасини, Ботичелли асари асосида “Баҳор” сюитасини ёзди ва уларни Парижга жўнатди. Дебюссининг ижодини кузатиб, қалбида ҳадик пайдо бўлган академиклар унинг оҳангларида импрессионизм оқими борлигини башорат қилишди ва уни жиддий равишда огоҳлантиришди.

Унинг мазкур асарлари ҳақида ўша давр танқидчилари томонидан тақриз ёзилиб, шундай фикр билдирилади: “Шубҳасизки, Дебюсси ўз мусиқаларида жуда ғалати ва ноодатий чизгиларни излашга интилмоқда. Шу билан бирга, у мусиқий бўёқни ҳаддан ташқари чуқур ҳис этади. Бу эса унинг тасвир ҳамда шакл аниқлиги ва муҳимлигини унутишига олиб келяпти. У импрессионизмдан эҳтиёт бўлиб, ундан сақланиши жоиз”.

Ушбу тақриз 1886 йилда ёзилган бўлиб, ундаги “импрессионизм” сўзи айнан мусиқа санъатига қарата айтилган. Айтиш жоизки, бу даврга келиб, импрессионизм бадиий оқим сифатида тасвирий санъат соҳасида шаклланиб бўлган эди. Мусиқа санъатида эса импрессионизм ҳали мавжуд эмасди. Дебюсси эса ўз изланишлари билан бу янги услуб юзага келишининг энг бошида турган эди.  Дебюссининг ке­йинчалик ижодий ҳамфикрига айланган композитор Эрик Сатининг у ҳақида ёзган “Клод Дебюсси” мақоласида “Биз аллақачонлар Клод Моне, Сезанн, Тулуз-Лотрек сингари рассомлар ижодида кузатган тасвирий воситаларни нима учун мусиқада қўлламаганмиз? Ахир уларда чинакам ифодавийлик бор, нима учун бундай воситани мусиқага олиб кириб бўлмаслиги керак?”, дея унинг ижодий қарашларини қўллаб-қувватлаган эди.

1880 йилнинг охирида Дебюсси Эрнест Шоссон исмли мусиқа ихлосманди бўлган бадавлат инсон билан танишади. Эрнест Шоссоннинг ижодий муҳитида машҳур композиторлар Габриэль Форе, Исаак Альбенис, скрипкачи Эжен Изаи, хонанда Полина Виардо, ёзувчи Иван Тургенев, мусаввир Клод Моне сингари санъаткорлар меҳмон бўларди. Дебюсси мана шундай таниқли санъаткорлар билан ижодий мулоқотда бўлади. Айнан шу ерда шоир Стефан Малларме ҳамда ёзувчи Эдгар По билан танишиб, уларнинг ижоди билан яқиндан танишади.

1891 йилда Дебюсси ижодий камолотига, мусиқада ўз йўлини  топишига туртки берган инсонни учратади. Бу пианиночи ва композитор Эрик Сати эди. Бу ижодкорнинг мусиқий билим, янгича ва оригинал мушоҳадаларга эгалиги, одатдан ташқари импровизацияга мойиллиги Дебюсси эътиборини ўзига жалб этади. У яратган фортепиано ҳамда вокал асарлардаги  новаторлик сифатлари Дебюссини қизиқтириб қўяди.

Бу икки композитор орасидаги ўзига хос ижодий муносабат ХХ аср бошида юзага келган Франция мусиқа маданиятининг янги қиёфасини белгилаб берди. Негаки, Эрик Сати сингари мустақил ва эркин, ҳеч қандай академик оқимларга бўйсунмаган ижодкор билан танишув унга катта таъсир кўрсатиб, дурдона ижодий фикрларига қанот бағишлади. Бунга қадар Дебюсси атоқли немис композитори Вагнер ижодига кучли эътиқод  билан қараган бўлса, энди уни рад эта бошлайди.

Бундай ўзгаришнинг натижаси ўлароқ, шу давргача ёзган барча асарларини бир четга суриб, 1893 йилда янгича услубга асосланган “Пеллеас ва Мелисанда” номли операсини ёзди.

Орадан бир йил ўтиб, Дебюсси ўзининг машҳур “Фавннинг тушдан кейинги ҳордиғи” номли симфоник асарини ёзади. Шоир Стефан Малларменинг асари асосида  яратилган симфония унинг ижодидаги ҳақиқий шедевр­га айланди. Фавн – бу афсонавий-илоҳий жонзот. У ниҳоятда раҳмдил ва одамзотга эзгулик олиб келадиган мавжудот бўлиб, гўзал афсонавий фаришталар суҳбатига интилади. Дебюссининг ушбу сюжет асосида ёзган асари мусиқа санъатида импрессионизм оқимининг қарор топганидан дарак берди.

“Фавннинг тушдан кейинги ҳордиғи” асари балет санъатида ҳам импрессионизм тамойилларининг ривожланишига асос бўлди. Дебюссининг бу асарини саҳнага олиб чиқишда машҳур мусаввир Лев Бакст афсонавий қаҳрамон Фавн учун оригинал саҳнавий кийим ясайди. Балет раққослари ҳам классик принциплардан чекиниб, импрессионизм руҳини ифодалайдиган ижодий изланишлар олиб бордилар. Композитор “Камма”, “Ўйинчоқлар қутиси”,  “Ўйинлар” балетларини ёзиб, бу йўналишда ҳам ўзлигини намоён қила олди.

Ҳозирги даврга келиб, импрессионизм мусиқа санъатининг ажралмас йўналишларидан бирига айланиб улгурди. Клод Дебюсси, Эрик Сати, Морис Равель сингари композиторлар мусиқий импрессионизмнинг асосчилари ва илк намояндалари сифатида эътироф этилади. Албатта, ҳар қандай янги йўлни бошлаш ва унга тамал тоши қўйиш ҳаётда ҳам, ижод дунёсида ҳам осон бўлмаган. Дебюсси эса ўзининг юксак иқтидори боис бундай мураккаб ишни муваффақият билан уддалади ва санъат соҳасидаги тараққиётнинг янги босқичини очиб берди.

Ойдин Абдуллаева,

Ўзбекистон давлат консерваторияси “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедраси мудири

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 5-сон