Отаназар Матёқубов. Яна “Хоразм танбур чизғилари” ҳақида

Ўзбекистон бебаҳо мусиқий қадриятлар диёри экани маълум ҳақиқат. Бу заминда жаҳон мусиқий тафаккурининг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган Форобий, Хоразмий ва Ибн Сино каби алломалар етишиб чиққан. Улар яратган мўътабар илмий мерос ҳанузгача ўз қадр-қимматини сақлаб келмоқда. Қадимгилар айтганидек, “Яхши назариёт — энг афзал амалиётдир”. Мўътабар илмий мерос эскирмаслигининг асосий сабаби ҳам шунда.

Шарқ маънавий хазинасининг энг нодир жавоҳирларидан бири, бугунги кунда ҳам яшаб келаётган жонли мусиқий меросимиз мақом санъати ана шу илмий-амалий салоҳиятнинг ёрқин намунасидир. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда илдиз отган “Бухоро Шашмақоми”, “Хоразм мақомлари”, “Фарғона-Тошкент мақом йўллари” ва ХХ аср ўрталарида давр талаблари билан қад кўтарган “Ўзбек Шашмақоми” эндиликда яхлит мақомот тизими тарзида ўз тараққиётини давом эттирмоқда. Бу ҳам ўқ илдизлари мозийга тақалган мумтоз мусиқий меросимиз ҳаётбахш қудратининг амалдаги намойиши.

Ўзбек мусиқий хазинасининг яқинда янгидан кашф этилган дурдоналаридан яна бири мусиқий истилоҳга “хоразмий танбур чизғилари” номи остида кириб келаётган нота ёзувидир. “Янгидан кашф этилган” дейишимизнинг боиси, ХIХ асрнинг сўнгги чорагида ихтиро этилган нота ёзуви ҳақидаги маълумотлар ХХ асрнинг бошларидаёқ Европага тарқалган. Ҳаттоки, В.А.Успенский, В.М.Беляев, Г.Фармер каби ўз даврининг йирик мусиқашунослари бу нота ёзувларидан натижа чиқаришга кўп уринган бўлсалар ҳам, афсуски, ўзимизда бу мўътабар манба асосий эътибордан четда қолиб кетди.

Бундай аянчли аҳволнинг асосий сабаби — шўро сиёсатининг миллий қадриятларга бўлган беписанд қарашлари эди, албатта. Бу нодир нота тизимини рус маданияти соясида вужудга келган иккинчи-учинчи даражали манба ўрнида кўриб, шунга яраша афсона ва ривоятлар тўқилиши ҳам бежиз эмас. Шулардан энг кенг ­тарқалгани: “танбур нота ёзувини гўё “демократ шоир” Комил Хоразмий (1825-1899) 1883 йилда Петербургга борганда рус созандаларининг қоғозга қараб чалганларини кўрганда ўзида ҳам шундай мусиқий ёзув яратиш ҳаваси уйғонган” деган тўқима. Ваҳоланки, хоразмий танбур чизғиларининг китоб шаклида ишланган нусхалари ундан уч-тўрт йил олдин пайдо бўлгани негадир инобатга олинмаган!

Тўғри, Комил Хоразмий ўз даврининг буюк мусиқашуноси бўлган, танбур чизғиларининг юзага келишида унинг хизматлари катта. Бунга шубҳа йўқ. Лекин масаланинг моҳияти ­бошқа томонда. Аслида, мазкур нота ёзувининг ўқ илдизлари Шарқ мусиқашунослик илмига бориб тақалади. Танбур чизғилари тизимини ишлаш ва унинг воситасида бутун бошли Хоразм “Олти ярим мақомини” хатга тушириш (бугунги ибора билан айтилганда ноталаштириш) устида Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг ўзи ва пешқадам мусиқашунослар Худойберган Муҳркан, Комил Хоразмийнинг ўғли Муҳаммад Расул Мирзо ҳамда шогирди Муҳаммад Ёқуб Харротдек мақом устозлари фаол қатнашган.

Хуллас, хоразмий танбур чизғиларининг юзага келиши ва унинг воситасида бутун бошли мақом мажмуаларининг ёзиб олиниши оддий иш эмас, балки жуда мураккаб илмий ва ижодий жараён. Унинг асос ва ­тамойилларини идроклаш алоҳида илмий масала. Бизнинг мақсадимиз ана шу нота ёзувининг юзага келиши, унинг воситасида ёзилган мусиқий ва шеърий матнларнинг тарихий аҳамияти ва бугунги мусиқий тараққиёт нуқтаи назаридан фойдали томонлари тўғрисида фикр юритишдир.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, хоразмий танбур чизғилари ўз зотида жуда мукаммал ва беназир мусиқий ёзув. Унинг мусиқий мафкура тараққиётидаги аҳамияти бебаҳо. Бу изчил нота ёзувини маълум маънода Хоразмийнинг риёзиёт илми борасидаги алгоритм кашфиётига қиёслаш мумкин. Шарқ алломалари Форобий, Хоразмий ва Ибн Синолар ўз мусиқий-назарий қарашларини ифодалашда турли ёзувлардан фойдаланганлар. Лекин улар куй матнларини ифодаловчи нота белгилари эмасди. Балки товушқатор нағмаларнинг баланд-пастлигини англатувчи ишоралар сифатида хизмат қилган.

Куй жараёнини ифодалашга хизмат қилувчи мусиқий ёзувларнинг илк намунаси Сафиуддин Урмавий (1216-1294) томонидан жорий этилган уд созига мўлжалланган кўргазмали ёзув (табулатура) ҳисобланади. Темурийлар даврида Самарқанд ва Ҳиротда яшаган буюк мусиқийшунос Абдулқодир Мароғий (1354-1435) уд табулатураси воситасида мумтоз мусиқанинг ички тузилиш (таснифот) қоидаларини тушунтириш учун чолғу ва ашула куйларидан айрим намуналар келтирган.

Мароғий замонида муайян усул асосидаги мақом йўли деганда, эндиликда биз одат қилган барқарор мусиқий матн эмас, балки ана шу усул ва мақом (парда) асосида эркин ижод қилиш назарда тутилган. Шунинг учун Мароғий ёзувидаги куй ва ашулаларни, ҳозирги нота ёзувидагига ўхшатиб, суратини тасаввурга келтиришимиз шартли нарса. Чунки уларнинг жонли урф-одатлари, садоланиши биз учун мавҳум.

Танбур чизғилари эса, матнда куй ҳайъатининг сийғаси (ички шакли, судури)ни акс эттиришга қаратилган, яъни бу — бошқача нота тизими. Шу жиҳатдан, танбур чизғилари том маънода нота ёзуви бўлиб, у куй пардалари ва усул ҳаракатини ифодаловчи омил бўлиб хизмат қилади. Мусиқий ёки сўз матни деганда, одатда ушбу фаннинг қонун-қоидалари асосида тартиб этилган белгилар тизими назарда тутилади. Бизнинг шароитда — бу мусиқанинг парда, усул ва таснифот қоидалари асосида тартиб этилган белгилар тизими демакдир. Бошқача айтганда, сўз матнлари сарф ва наҳв илмларига таянса, мусиқий ёзувлар илми таълиф (композиция), илми ийқоъ ҳамда таълифот қонуниятларига таянади. Шундай қилиб, ҳар қандай изчил матн илмий асосда таркиб топади, деб тушунмоқ лозим.

Хоразмий танбур чизғилари устида ишлаган мақом устозлари айни чоғда мусиқашунослик илмларини ҳам пухта ўзлаштирган алломалар бўлган. Шунинг учун ҳам улар хатга туширган матнлар ҳар томонлама етук, ёзган нота тўпламлари фақатгина матн эмас, балки ўзига хос мусиқашунослик рисолалари ­(дастуриламал) вазифасини ҳам ­бажаради. У муштарак илмий-амалий билимлар манбаи ва шарқ мусиқий ­тафаккурида бурилиш ясаган ёзув ­тизимидир.

Бундан ташқари, танбур чизғиларида ёзилган мақом матнлари олдинлари нота ёзуви мисоллари билан далилланмай келаётган шарқона мусиқий назариялар, Форобий, Хоразмий ва Ибн Синолар таълимотлари моҳиятини тўла идроклашда тўсиқ бўлиб турган тугунлардан бири эди. Ўтмиш мусиқашуносларининг мақом (парда), усул ва таснифот (ички тузилиш, шаклланиш) қоидалари борасидаги таълимотлари бугунги жонли мусиқий амалиётдан ажралиб қолган назариялардек туюларди. Танбур чизғиларидаги мақом матнларини ўқишни ўрганганимиздан кейин, уларнинг илмий ва амалий жиҳатларини бир бутунликда тушуниб олиш имкониятига эга бўлдик. Эндиликда бу манбадан ҳар қандай созанда ёки тадқиқотчи ўз савиясига яраша билим олиши мумкин.

Шунга ўхшаган, лекин европача нота тизимига асосланган мақом ёзувлари танбур чизғиларидан ярим асрдан кейин пайдо бўлди. Бу соҳада ҳам ўзбек олимлари пешқадамлик қилдилар. 1922-1923 йилларда маърифатпарар олим ва давлат арбоби Абдурауф Фитрат кавшиши (саъй-ҳаракати) билан Бухорода классик мусиқа мажмуасининг “Асл Шашмақом” (яъни, маъмулий Савт ва Мўғулча қатламларидан ташқари) дейиладиган бир қисми В.А.Успенский томонидан ноталаштирилди ҳамда 1924 йилда Москвада чоп этилди. Бу ҳодиса катта қизиқишга сабаб бўлди. Зеро, Европа аҳли бундай манбани анчадан буён излаётган эди. Чунки тобора жадаллик билан боши берк кўчага кириб бораётган европа мусиқаси шарқона куйлардан, мақом тизимидан ўзига нажот излаётган эди. Лекин шўро сиёсати бу интилишларни ҳам чеклаб қўйди. 1930 йиллар ўрталарига келиб мақомшунослик борасидаги изланишлар аста-секин четга чиқарилиб, умуман мақом жанрига “ўтмиш қолдиғи” сифатида салбий кўз билан қараладиган бўлди.

Фақат Мустақиллик даврига келиб миллий қадриятлар, жумладан, “олтин мусиқий мерос”га бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Ана шундай тарзда ҳаётга қайтарилган маънавий бойликлар қаторидан хоразмий танбур чизғилари ҳам ўрин олди.

Тақдир тақозоси билан мусиқий ёзувлар битилган бир нодир қўлёзмага 2003 йили Президент Ислом Каримовнинг назари тушди. Миллий қадриятлар фидойиси бўлган Юртбошимиз кўрсатмаси билан бу ноёб нусха Ўзбекистон давлат консерваториясига топширилди. Ана шу қувончли хабардан илҳомланиб, мақомчи Рустам Болтаев, камина ҳамда шарқшунос Ҳамидулло Аминовдан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Гуруҳ олдида қўлёзма муаллифи, яратилган вақти ва бошқа рўйхатларга муносабатини аниқлаш, танбур чизғилари ёзувларининг асл моҳияти ва уларнинг илмий ва амалий асосларини идроклаш, мазкур нусхадаги матнларни тўлалигича замонавий нота ва ҳарф ёзувларига ўтказиш, уларнинг жонли ижроларини тиклаш ҳамда “СD” ёзувларини ҳозирлаш вазифаси турарди.

Дастлабки изланишларданоқ хоразмий танбур чизғилари кутилганидан ҳам зиёд аҳамиятга молик манба экани маълум бўлди. У, аввало, “Хоразм мақомлари” дейилувчи мусиқий воқеликнинг моҳиятини, унинг парда, усул ва таснифот асосларини белгилашда энг ишочли далил ва илмий ҳужжат экани аниқланди. Гап шундаки, биз “Хоразм мақомлари” деганда тегишли далил ва асосларсиз, бу диёр мумтоз мусиқасининг фақатгина бир навини тушуниб, иборани сал ноўрин маънода ишлатишни одат этдик. Ваҳоланки, сўнгги асрларда Хоразм мақомлари бир эмас, икки асосий навда ривожланиб келди ва бу танбур чизғиларида ўзининг тўла исботини топади.

Уларнинг бирини хослар даврасида ижро қилинадиган сарой мақомлари, иккинчисини маъмулий доираларда ижро этиладиган тоифаси ташкил этади. Мусиқий истилоҳда хос навни, Шашмақомга қиёсий равишда, “Олти ярим мақом” ёки “Танбур мақомлари” дейиш расм бўлган. Маъмулий нав азалий урф-одатларга кўра “Дутор мақомлари” деб келинган. Мумтоз мусиқанинг хос ва маъмулий тоифаларга бўлиниши табиий бир ҳолат. Бухоро муҳитида ҳам мумтоз мусиқа икки ­навга ажратилган ва уларнинг бири “Асл Шашмақом”, иккинчиси “шўъбачалар” ёки “термалар” деб юритилган.

Қўлёзма мазмунини текшириш натижасида, консерваторияда сақланаётган нусха Муҳаммад Комил Девоний (1887-1938) қаламига мансуб бўлиб, 1930-йиллар бошларида ёзилгани аниқланди. Комил Девоний оташқалб шоир, забардаст созанда, закий мусиқашунос, шунингдек наққошлик, ўймакорлик, ҳайкалтарошлик, заргарлик, қуролсозлик ва бошқа санъатларда ёрқин из қолдирган улкан истеъдод соҳиби. Шўро сиёсатига бўйин эгмай, иймон-эътиқодидан юз ўгирмагани учун умрининг иккинчи ярми азоб-уқубатда кечди ва қатағон фожиаси билан якунланди. Унинг қўлёзмалари, жумладан, танбур чизғиларининг нодир нусхалари пайхон этилиб, кимларнингдир қўлида қолиб кетишининг асосий сабаби ҳам шунда.

Бугунги кунда танбур чизғиларининг давлат ва шахсий кутубхоналарда сақланаётган йигирмага яқин қўлёзмаси маълум. Улар орасида Худойберган Муҳркан, Муҳаммад Расул Мирзо, Муҳаммад Ёқуб Харрот томонидан битилган антиқа ва қимматбаҳо рўйхатлар мавжуд. Лекин Комил Девоний тузган нусха салоҳияти мазмунан ва таркиботининг пухта ишлангани билан алоҳида ўринда туради. Бошқа кўп нусхалардан фарқли ўлароқ, у Танбур ва Дутор мақомлари туркумларини ўз ичига олади. Бошқа рўйхатлардан кўра, унда иккала мақом нави ҳам тўла шеърий матнлар билан берилган. Матнлар таркиботи масаласига келадиган бўлсак, улар шу қадар пухта, изчил ва мукаммал ишланганки, нодир нусхани амалдаги мусиқийшуносликнинг “катта китоби” ва мусиқий-хаттотлик санъатларининг дурдонаси дейиш мумкин. Унинг ички мазмунига йўл топа билган ҳар қандай созанда ёки тадқиқотчи ўзига ­тегишли билим ва руҳий озиқ олиши мумкин.

Девоний рўйхатининг энг муҳим фазилати — унинг илми таълиф (композиция), илми ийкоъ (усул ва вазн) ҳамда таснифот қонунларига мувофиқ ишлангани. Қўлёзмадан жой олган Танбур ва Дутор мақомларининг ҳар бир қисми, алоҳида мусиқий асар сифатида таснифоти изчил таркибий бўлакларга ажратилган. Яъни мусиқий матн бошдан охир хоналарга ­(бандларга, даврларга) тақсимланган. Хоналар эса ўз навбатида, бирламчи (шеърдаги сабаб, ватад, фосилалар каби) ва улардан таркиб топадиган мураккаброқ (шеърдаги мисраларга ўхшаш) куй жумлаларига бўлиб кўрсатилган. Усул ва шеърий матнлар ҳам худди шундай куй йўлига мувозий (параллел) равишда тақтийланган. Айнан шу жиҳатларига кўра, танбур чизғиларига битилган изчил матнлар, нафақат Хоразм Танбур ва Дутор мақомлари, балки бутун мақомотнинг илмий асосларини ўрганишда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Шарқ мусиқийшунослигининг сўнгги вакили Дарвиш Али Чангий XIX асрда Бухорода яратилган мусиқий рисолалар, моҳиятан мусиқий илмига дохилсиз шеърий баёзлардан бўлак нарса эмас, деган хурофий фикр ҳукм суриб келаётган эди. Танбур чизғилари ишончли далил сифатида буни тўла инкор этиб, масаланинг моҳияти ­бошқа томонда эканлиги кўрсатади.

Моҳият шундан иборатки, ўз вақтида Форобий, Хоразмий, Ибн Сино каби бобокалон алломалар асос ­солган мусиқий таълимот бизгача жонли мерос сифатида келган мақомлар мағзида вужуд топди. Танбур чизғилари эса бир вақтлар узилиб қолган ва зўравонлик билан амалиётдан четлаштирилган ана шу изчил таълимотнинг назарий асосларини амалда кўрсатиб беради. Демак, мўътабар урф-одатлар аслига қайта бошлади. Улар она замин равнақи ва маънавий истиқболи учун узоқ муддат хизмат қилажак.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 29-сонидан олинди.