1873 йил 13 февралда буюк опера хонандаси Фёдор Иванович Шаляпин дунёга келди.
Буюк рус танқидчиси В.Стасов Фёдор Шаляпин истеъдодига таҳсинлар ўқиб: “Самодан бошимизга улуғ бахт ёғилди. Янги буюк талант бунёдга келди!” деб хитоб қилганди. Дарҳақиқат, Шаляпин санъат осмонида ёрқин юлдуз бўлиб порлади. У рус санъатининг шуҳрат ва довруғини бутун оламга кўз-кўз қилди.
Шаляпин етук санъаткор бўлиб етишгунча жуда оғир, машаққатли йўлни босиб ўтган. Ҳаёт тўсиқлари, муҳтожлик ёш Фёдорни ниятидан қайтаролмайди, чунки у санъатни бутун қалби билан севар, усиз ҳаётини тасаввур этолмас эди. У ўз ёшлик йилларини “Ҳаётим саҳифалари” китобида шундай хотирлайди: “Мен биринчи бор театрга тушганимда ўн икки ёшда эдим. Бир куни бир дўстим мендан, театрга борасанми, деб сўраб қолди. Ортиқча билети борлигини айтди… Мен кўзимни саҳнадан узмасдим. Саҳнада ой шуъла сочарди. Болалари билан қочаётган Медея изтироб чекарди, гўзал Язон ўзини у ёқ-бу ёққа урарди. Оғзим очилиб анграйиб қолдим. Оғзимдан сўлакларим оқаётганини пайқадим. Жуда хижолат бўлдим… Парда кўтарилиши билан лабларим беихтиёр очилиб кетди. Театр мени сеҳрлаб, бутун эс-ҳушимни ўғирлади”.
Шаляпинни санъат сеҳри бутунлай ўзига мафтун этганди. Отасидан у театрга борсам майлими, деб сўраса: “Театрга бало борми, қоровул бўлиб ишлагин, Лайлак! Уста бўлишни истамадингми, қоровул бўлиб ишлаб, нонингни топиб ейсан”, деган дағдағали жавобни олади. Ўша пайтлари улар яшайдиган жойга опера театри жамоаси келган эди. Бу театр Шаляпинни ҳайратга солади. Чунки у тўққиз ёшиданоқ черков хорида куйлай бошлаган эди-да! “Опера мени ҳайратга солди, ёшликдан ашула айтаним учун мени ажаблантирган нарса одамларнинг ашуласи бўлди”, − дейди Фёдор. Шундан сўнг у кўча-кўйдами, уйдами гапиришса, оддий кундалик турмушдаги гапларни ҳам операга айлантириб жавоб қайтарарди. Энди уни театрда томошабин бўлиб ўтириш қаноатлантирмай қўйганди. Саҳна ортига ўтиб, ойни қандай ёритишларини, одамлари қаёққа ғойиб бўлишлари-ю, шаҳарни қандай қилиб тез қуришларини, кийим-кечаклару, томошадан сўнг бу ёрқин, гўзал ҳаётнинг қаёққа ғойиб бўлишини жуда-жуда билгиси келарди. Ниҳоят, орадан кўп ўтмай, спектаклда статист (саҳнада гапирмайдиган рол ижро этиш) бўлиб иштирок этдим, − дейди қувончи ичига сиғмай.
“Мен ўн еттига қадам қўйгандим, Панаев боғида оперетта қўйиларди. Ҳар куни ўша ерда ўралашиб юрардим. Бир куни қандайдир хорда куйловчи артист менга Семёнов-Самарский Уфа учун хорга одам йиғаяпти, илтимос қилиб кўр, деб қолди… Семёнов-Самарскийнинг олдига бордим. У мени илиқ кутиб олди-да, репертуардаги хор ижро этувчилар оладиган иш ҳақини тўлай олмайман, деганда, мен моянасиз ҳам ишлайман, дедим. Бу гапимга ҳамма хайрон қолди. Ниҳоят, мавсум “Палермолик ашулачи” опереттаси билан бошланди. Шаляпиннинг ҳаяжон ва қўрқувдан бутун вужуди титрар, у худди туш кўраётгандай ҳис этарди ўзини. Томошабин тинмай уни олқишлар, у энди саҳнада ўзини эркин тута бошлаган эди. Шундан сўнг, унга кичик-кичик роллар бера бошлашди. Сўнг унга “Галька” операсидаги дастурхончи партиясини ижро этишини таклиф этадилар. Шаляпин бу партиянинг катта ва масъулиятли эканлигини ҳис этиб, уни ижро этишга юраги дов бермайди, ниҳоят, рози бўлади. Спектакль бошлангунга қадар севинчдан ўзини қаерга қўйишини билмасди. Парда кўтарилиб, лампа нурлари пирпираб ўйнай бошлагач, ўзини бир оз йўқотиб қўяди. Саҳнада бир оз чайқалиб, гандираклаб ролни ижро эта бошлайди. Овозининг сеҳри томошабинларни ўзига ром этгач, гулдирос қарсаклар билан олқишлайдилар. У ижро этадиган образида креслодан туриб опера айтиши, сўнг яна жойига − креслога бориб ўтириши лозим эди. Шаляпин образга шу қадар берилиб кетганидан кресло жойидами-йўқлигига қарамай, шартта ўтиради-ю, бор бўйича йиқилиб тушади.
Ашула профессори Д.А.Усатовдан таълим олишимни менга маслаҳат бердилар, дейди у. Шаляпин: “Ашула айтишни ўргансам бўладими”, деб унга савол берганда, Усатов: “Ўрганишингиз шарт!”, дейди. Устози Усатов Шаляпинни ҳар томонлама, ҳатто юриш-туришда, кийинишда, овқатланиш маданияти билан ҳам уни тарбиялайди.
Бир куни бош режиссёр ундан Руслан ариясини биласанми, деб сўраб қолади. Ўша пайтлари ёш артистларга хос бўлган ўзбилармонлик касалига мубтало бўлган Шаляпин ўзига ишониб, бу ролни уч ҳафтада, керак бўлса, бир эмас, иккита Руслан ролини ўрганишим мумкин, дейди. Наридан-бери ижро этиладиган партияни ўрганиб, Рус баҳодирининг кийимларини кийиб, ясаниб олади, ичидан пахтали сирма кийиб, сариқ соқол ёпиштириб саҳнага чиқади. Биринчи нотаданоқ ёмон куйлаётганини ҳис этади. Буни сезади-ю, довдираб қолади. Эртаси куни газеталар, Шаляпин деган ёш бир артист Руслан партиясини расво қилди, деб ёзишди. Бу унга катта мактаб бўлади, кўзи очилиб, санъат ҳақида жиддий ўйлай бошлади. Ундаги ўзбилармонликдан асар ҳам қолмайди. Ўзи устида тинмай ишлай бошлайди.
Сўнгра Шаляпинга А.С. Даргомижскийнинг “Сув париси”даги тегирмончи ролини топширадилар. Режиссёр Кондратьев у дастлаб ўйнаган ролини Тифлис томошабинлари совуқ қарши олишганини айтиб, тегирмончи характери очиб берила олмаётганини таъкидлайди. У шунчаки енгилтак, эпчил бир деҳқон эмас, балки басавлат, жиддий-вазмин бир эркак эканлигини уқтиради. Шундан сўнг Фёдор образ руҳиятига кириб, тегирмончи партиясини қойилмақом қилиб ижро этади. Томошабинлар уни узоқ олқишлайдилар. Бироқ на спектакль режиссёри, на ҳамкасблари уни бу муваффақияти билан қутлайдилар.
Мавсум бошида “Рогнеда” операсидаги князь Владимир роли Шаляпинга топширилади. Унинг кўпроқ мусиқавий томонига – ритм билан ижро этишга Шаляпин катта эътибор беради.
Ўша даврнинг йирик театр танқидчиси С. Кругликов спектакль ҳақида шундай ёзган эди: “Солодовников театрида ажойиб бир артист пайдо бўлди. М. И. Глинканинг “Иван Сусанин”идаги Сусанин ролини янгича, ўзига хос услубда ижро этди, лекин афсуски, томошабинлар кам эди”.
Шаляпин театрда ижро этадиган ролларда киядиган либослар қандай бўлиши кераклигини ўрганиш учун рассомлардан кўпроқ таниш орттира борарди. У Москвага – Мамонтов раҳбарлигидаги театрга келгач, санъаткорга эркин ижод қилиш имкони берилади. Айрим режиссёрларнинг лирик лаҳзани бўрттириб кўрсатишга уринишлари операни жонсиз қилиб, заифлаштириб қўяр, буни Шаляпин яхши англарди. Дарҳақиқат, у опера санъатининг ислоҳотчиси бўлган, десак янглишмаймиз. Шаляпин эркин ижод қилиш имконига эга бўлгач, репертуаридаги Сусанин, Мефистофель ва бошқа ролларини янаям мукаммаллаштиришга киришади. “Операни чуқурроқ ўргана бошлаганимда операда менинг анъана талаб қиладиган на ариям, на дуэтим, на триом бор эди. Ўша вақтларда В. И. Ключевский каби ажойиб устозим, ўқитувчим йўқ эди. Унинг ёрдамида Борис Годунов ролини ўргандим. Рассомларнинг кўргазмаларидан, йўл-йўриқларидан Грозний характерини ва ўша даврни синчиклаб ўргандим”, дейди. Шаляпин энди алоҳида кўриниш, алоҳида фигура ва қиёфалар яратибгина қолмай, турли ҳолат-шароитлардаги бутун бошли роллар, яхлит шахслар образини ярата бошлади. Унинг бетакрор овози хилма-хил қалб туғёнларини изҳор этиш учун турли оҳангда, зўр маҳорат билан жарангларди. Роль ижро этаётгандаги хатти-ҳаракатларида, юришларида қандайдир бир нафосат, жозиба намоён эди. Буларнинг барчаси унинг ижросида жуда табиий, ҳаётий ҳамда ниҳоятда таъсирли чиқарди. Унинг ижросида ҳеч бир сохталик, ясамалик, сийқаси чиққан эски саҳна ёндашувлари кўзга ташланмасди. Петербургдан Москвадаги хусусий театрга келгач Шаляпин янаям ўсиб, камол топиб, санъат чўққилари сари дадил кўтарилиб бормоқда, деган овозлар бот-бот қулоққа чалина бошлади. Унда икки Шаляпин мужассам эди, биринчи Шаляпин роль ўйнаса, иккинчи Шаляпин ўзини назорат қилиб турарди.
Дарҳақиқат, Шаляпин чиройли, диопазони кенг, ниҳоятда ўзгарувчан ва бўёқларга бой овоз соҳиби эди. Юқори бас овозда куйловчи рус хонандаси бўлиш билан бирга, вокал санъатининг йирик намояндаси ҳисобланади. Шаляпин фақат мусиқа ва актёрлик фаолияти билан шуғулланибгина қолмай, опера режиссёри ҳам бўлган. У рассомлик ва ҳайкалтарошликдан ҳам яхшигина хабардор, адабиёт соҳасида ҳам қалам тебратиб, табиат инъом этган ақл-заковати ила кучли юморга бой шахсдир. У ҳаёти давомида вокал-саҳна ижоди қонуниятини ўрганишга ҳаракат қилган. Ҳар қандай ижтимоий ва мафкуравий муҳитда яшаб-ижод этган даврда ҳам буюк инсоний ғояларга содиқ қолган. Санъатни бор вужуди билан севиб, ҳаётини усиз тасаввур эта олмаган.
Назира Жўраева тайёрлади.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон