“Ҳаётни севасанми? Севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт аталмиш мато яралади”, – деган эди донишмандлардан бири. Театр ва кино санъатининг етук намояндаси, Арманистон халқ артисти, давлат мукофоти совриндори Армен Жигарханян ҳам ҳаёти саҳифаларига бўлиқ мазмун битиб, бетакрор роллари билан томошабинлар қалбидан қўним топди. У суратга тушган “Омад ҳамиша ҳам келавермайди”, “Ит емас, отга ҳам бермас”, “Салом, бу мен” каби фильмлар ҳанузгача экрандан тушмаслигининг сабаби шунда.
Армен Жигарханян 1935 йил 3 октябрда Ереван шаҳрида туғилган. Онаси театрнинг ашаддий ихлосманди бўлгани боис фарзандлари билан драма ва опера спектаклларини мунтазам томоша қиларди. Оилавий муҳит сабаб Армен болалигиданоқ театр ва кинога қизиқди, мактабни тугатгач, ҳужжатларини театр институтига топширди. Бироқ талабалик бахти насиб қилмади. Тушкунликка берилмаган Армен пойтахтдаги киностудияда оператор ёрдамчиси сифатида фаолият бошлайди. Орадан икки йил ўтиб, Ереван бадиий санъат институтига ўқишга киради ва бир вақтнинг ўзида театр саҳналарида катта-кичик роллар ўйнаб, актёрлик маҳоратини тоб-лаб боради.
Жигарханяннинг ўйчан қиёфаси, туғма истеъдоди театр саҳнасидаёқ мухлислар эътирофига сабаб бўлди. Айниқса, унинг “Орзулар трамвайи” (Т.Уильямс асари) спектаклидаги ижросини кўриш учун ҳар сафар театрга гуррос-гуррос томошабин келарди. Кинода эса бу жараён янада қизғин тус олди.
“Салом, бу мен” фильми туфайли киномухлислар фавқулодда қобилият эгаси Армен Жигарханян билан танишди. Ўша пайтда бу фильм актёр ижодий бисотидаги олтинчи картина эди. Ўзи шу вақтгача ўйнаган ролларини саёз ва ўртамиёна деб ҳисоблар, бу ижролар “Салом, бу мен” фильмига қадар тадорик бўлганини доим таъкидларди.
Армен Жигарханяннинг фавқулодда муваффақият қозонган яна бир ижроси “Учбурчак” фильмидаги темирчи образи ҳисобланади. Табиийки, аввалги фильмида ўйнаган олим ролидан кейин ўзига хос характерга эга мўйсафид темирчи образини гавдалантириш актёрдан жиддий изланишни талаб қиларди. Фильм катта экранларга чиққач, актёр суратга олиш майдонларидан бўшамай қолди, кўплаб режиссёрлардан кетма-кет таклифлар кела бошлади.
Армен Жигарханяннинг дубляждаги фаолияти ҳам таҳсинга сазовор. Кўпгина мультфильм қаҳрамонлари Жигарханян овози орқали болаларга завқ улашади. Жумладан, “Бир ит бор эди” мультфильмидаги “Ҳозир куйлаб юбораман” ибораси кўплаб ихлосмандларнинг ёдида қолган. “Хазиналар ороли”даги Мокус амаки, “Тошбақа Нинза” мультсериалининг қаҳрамонлари ҳам севимли актёр овози билан “гапирди” ва буларнинг барчаси дубляж санъати хазинасидан мустаҳкам ўрин олди.
“Бир қолипдаги образлар ҳукмидан қочиш керак”, – деб кўп такрорларган актёр умри мобайнида 348 дан ортиқ фильмда роль ижро этиб, энг кўп суратга тушувчи актёр мақомига эга бўлди. Комедия, саргузашт, драма, мусиқий фильмларда яратган қаҳрамонлари унинг серқирра ижодкор эканидан далолат берарди.
Армен Жигарханян ижодий фаолият билан чекланиб қолмай, 1991 йилдан Давлат кинематография институтида бўлажак актёрларга сабоқ бера бошлади. 1996 йилда эса кичик театрлар ичида ўзига хос нуфузга эга “Д” театрини ташкил этади. Армен Жигарханян кинематография институтида сабоқ бераётган курс “Д” театрининг дастлабки жамоаси сифатида ижодий фаолият бошлайди. Актёрнинг ўзи ҳам театр саҳнасида бир-биридан қизиқарли роллар ижро этади. Бу ўринда Х.Пинтернинг “Уйга қайтиш” ва С.Беккетнинг “Крэппнинг сўнгги тасмаси” спектаклларини эслаш ўринли. Актёр “Крэппнинг сўнгги тасмаси” спектаклидаги образининг таъсирчан ва ишонарлилигини таъминлаш мақсадида бир ярим соат сунъий тишини олиб қўйиб ўйнайди. Армен Жигарханян ҳозиргача мазкур театрнинг бадиий раҳбари сифатида фаолият юритмоқда.
Кино ва театр санъатидаги ижодий фаолияти давомида актёр жуда кўп мухлисларга эга бўлди. Унинг мухлисларидан бири Техас штати яқинидан етти хонали уй совға қилди. Актёрнинг ижоди сермаҳсуллигини назарда тутиб, ҳамкасбларидан бири Валентин Гафт: “Ер юзидаги арманларнинг сони Армен Жигарханян суратга тушган фильмлардан камроқ бўлса керак”, дея ҳазиллашганди.
Армен Жигарханян бир неча йил аввал театрдан кетишини маълум қилди. Лекин кўп ўтмай қарорини ўзгартириб, яна қадрдон саҳнасига қайтди ва бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади: “Актёрлик фаолияти, бу – эҳтирос ила яшаш демакдир”.
Бир сўз билан айтганда, арман санъатининг ёрқин намояндаси Армен Жигарханян саҳна ва экранда яратган бетакрор образлари билан миллий доирадан чиқиб, умуминсониятга дахлдор ижодкорга айланди.
Феруза Файзиева тайёрлади.
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 9-сон