Анимацион фильмлар ёш томошабинлар орасида персонажларнинг қизиқарли тасвири, жўшқинлиги, ранг-баранг кўринишга эга эканлиги билан машҳурдир. Буюк режиссёр С.Эйзенштейннинг фикрича, анимация санъати (мультипликация) нинг энг муҳим вазифаларидан бири – инсон тушунчаси, дунёда содир бўлаётган жараёнлар, табиат ҳодисаларининг анимизм феномени воситасида жонланишидир. Бундай фильмларни яратиш ниҳоятда мураккаб жараённи қамраб олади. Машҳур кино назариётчиси И.Вайсфельд анимация санъати кинога қараганда, кўпроқ жиҳатларга эга эканлигини таъкидлайди. У томошабинга жисмоний ҳаракатнинг тасодифий жиҳатларини, аллегорик ва рамзий конструкциянинг муҳимлигини, мавҳум ва бирлаштирувчи фикрлар аҳамиятини англашга ёрдам беришини таъкидлайди.
Мультипликация санъати Ўзбекистонда ХХ асрнинг иккинчи ярмидан пайдо бўла бошлади. Кино ижодкорлар Ю.Петров ва Д.Салимов ўзбек мультипликациясининг дастлабки намояндалари ҳисобланди. “Саҳро осмонида” (1963), “Айлана” (1967), “Командирнинг қайтиши” (1968), “Тоғлар” (1972), “Бу қўрқинчли болалар автомашиналар пойгасида” (1974), “Шум бола” (1977) каби бадиий фильмлар режиссёри Д.Салимов безакчи рассом Ю.Петров билан ҳамкорлик мультипликацион фильм яратиш тажрибасини бошлаб беради. Ю.Петров мазкур санъат сирларини ўрганиш мақсадида 1936 йили Москвада ташкил этилган “Союзмультфильм” студиясидан анимацион фильм яратишга доир қарийб 200 саҳифали йўриқнома келтиради. Уларни ўзлаштириш натижасида 1965 йил қўғирчоқ технологиясида “6х6 квадратида” номли илк мультипликацион фильм яратадилар. Бу мультфильм кейинчалик қатор картиналарнинг яратилишига туртки бўлади.
Маълумки, мультфильмга мос адабий асар халқ оғзаки ижоди намуналари бўлган афсона, ривоят ва достонлар, эртаклар саралаб олинади. Ўзбек анимацион фильмлари асосан халқ эртаклари асосида пайдо бўлди. Жумладан, режиссёр ва рассом Мавзур Маҳмудовнинг буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Хамса” достони асосида “Баҳром ва Дилором” (1996), “Фарҳод ва Ширин” (2010), “Ҳайрат ул аброр” достони асосида “Шер ила дуррож” (2010) мультфильмлари яратилди.
Кейинчалик жаҳон адабий асарларига ҳам мурожаат этиш анъанаси бошланди. Истеъдодли режиссёр Қамара Камолова ўзбек мультипликацион санъатида жаҳон адабиёти намуналари асосида бир қатор фильмлар яратилишга муваффақ бўлди. Унинг “Қуёш ёғдуси” картинаси румин ёзувчиси Попеску ҳикояси асосида (сценарий муаллифи М.Ҳаким) яратилиб, унда-да ташқи безаклар ва декорациялардан кўра персонажнинг ҳаракатларига, ғоявийлигига, персонаж психологиясини очишга кўпроқ эътибор қаратилган. Фильм рассоми В.Гриднев декорацияни персонажлар характеридан келиб чиққан ҳолда ишлаган. Бу ҳақда киношунос М.Мирзамуҳамедова шундай ёзади: “Яроқсиз эскирган этик, синиқ патефон, қотиб қолган клей, ўйиб ташланган қоп-қоронғи ертўла ҳам оёғи синган раққосанинг кайфиятини ифодалайди”. Мультфильм бош қаҳрамони чиннидан ясалган раққоса бўлиб, у шу қадар жонлидек табиий ишланганки, рақслари томошабинга ҳақиқий раққоса ўйини каби таъсир этади ва эстетик завқ бағишлайди.
Режиссёр кейинчалик туркман халқ эртаги асосида “Кичкина деманг бизни” картинасини яратади. Қўғирчоқ технологиясида яратилган ушбу картинада мультипликация спецификасидан жуда ўринли фойдаланилади. Асарда сатирик персонажлар анча мувафаққиятли чиқиб, уларнинг ташқи кўринишини ҳақиқатдан ҳам муболаға дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам кадрда ижобий персонажлардан кўра салбий қаҳрамонлар таъсирчан ифодаланган.
Ўзбек мультипликацияси тараққиётида қўғирчоқ фильмлар билан бир қаторда чизма фильмлар ҳам яратилди. Улар орасида энг мувафаққиятли фильмлардан бири режиссёр Н.Тўлахўжаев ва рассом С.Алибековнинг америкалик фантаст ёзувчи Рэй Бредберининг ҳикояси асосида яратилган “Ёқимли ёмғир ёғади” (1984) фильмидир. Фильм мультипликацион усулда яратилган бўлса-да, мавзу жиҳатидан катта ёшдаги томошабинлар учун мўлжалланган. Асарда саноқли персонажлар иштирок этади. Фильмда келажак башорат қилиниб, ер юзида атом урушининг хавфи фалсафий кўринишда ҳикоя қилиб берилади. Ижодкорлар асар орқали инсон психологиясига чуқур кириб боришни кўзлайди ва мультфильм ғояси образлар ва тасвирий воситалар орқали ёритиб берилади.
Мазкур фильм Лейпциг халқаро кинофестивалида бош соврин “Олтин кабутар” ва Испаниянинг Бильбао шаҳрида ўтказилган кинофестивалда “Кумуш микельди” совринларига муносиб кўрилди. Фильм рассоми С.Алибеков бугунги кунда Москва шаҳрида ижодини давом эттириб келмоқда.
Ўтган асрнинг 70-йиллари иккинчи ярмида бу санъат даргоҳига М.Маҳмудовнинг кириб келиши ўзбек мультипликациясининг мавзуси, тасвирий ифода услуби ва технологияларида ўзига хос бурилиш содир этди. У ўзбек мультипликацион фильмларига “перекладка” технологиясини олиб кирди. Мазкур технологияда асосида фильм яратиш учун англиялик ёзувчи Оскар Уайльднинг “Бахтли шаҳзода” номли ҳикоясини танлайди. Фильм икки қисмдан иборат бўлиб, унда инсоний туйғулар, персонажларнинг ҳаяжони, ўй-кечинмалари кучли талқин этилади. Мазкур мультфильм рус тилида талқин этилган бўлса-да, асар қаҳрамони умуминсоний харакатерда ифодаланган. Раҳмдил Ҳайкал ҳақидаги ушбу фильми учун режиссёр М.Маҳмудов Ўзбекистон кино арбоблари уюшмасининг Грифон мукофотига (1993) муносиб кўрилди.
Кейинчалик М.Маҳмудов рассом М.Қорабоев билан Г.Х.Андерсеннинг “Булбул” (1999) эртагини экранлаштирди. Ижодкор мазкур эртак асосида сценарий ёзиб, унинг сюжетини ўзбек томошабинига мослаштиради. Эртакдаги Хитой императорининг саройида бўлиб ўтган воқеа фильмда Марказий Осиёда талқин этилади. Фильм сюжети подшоҳ саройида рўй бериб, персонажларнинг тасвирий кўриниши шарқ миниатюраси услубида тасвирланган. Рассом уларнинг либосларини сарой аёнларига хос кўринишда ёрқин колоритда ифода этган. Айниқса, фильм бош қаҳрамони ҳаққоний, жонли “булбул”нинг эмас, балки ясама, кўзни қамаштиргудек чиройли ўйинчоқ сохта “булбул” атрофида шоҳ ва унинг вазирлари маҳлиё бўлган вақтда кадрдаги тасвир ва ритм ўзаро мутаносибликда ёритиб берилган. Ушбу фильм 1999 йил Москвада ўтказилган болалар анимацион киноси Халқаро фестивалининг “Энг меҳрибон фильм” номинациясига сазовор бўлиб, бош соврин “Олтин балиқча” билан тақдирланди.
Жаҳон адабиёти намуналарини миллий мумтоз асарларимиз каби анимация экранда талқин этиш ўсиб келаётган ёш авлоднинг тафаккур доирасини кенгайишига ва дунёқарашини янада бойитишга хизмат қилади. Сўнгги йилларда ўзбек мультипликация санъатида миллий анимацион фильмлар яратиш тенденцияси бошланиб, асосан, халқ эртаклари ва болалар адабиётининг миллий намуналарини экранлаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Мультфильмлар ишлаб чиқарувчи хорижий йирик кинокомпанияларнинг ижодий тажрибасига эътибор қаратсак, уларнинг асосий муваффақият сири дунё болалар адабиётининг энг яхши намуналарига таянганлигидадир. Жаҳон адабиёти намуналари ва дунё халқлари эртакларидан унумли фойдаланиш миллий мультипликация соҳасини ҳар жиҳатдан ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб қолаверади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 6-сон