Германиянинг етакчи клиникаси Ўзбекистонга ноёб телемедицина роботини топширди

23 март куни Тошкентда – Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказида замонавий масофавий тиббий хизматлар кўрсатиш станцияси тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ушбу станция Берлиндаги Charité клиникасида фаолият олиб бораётган масофавий тиббий хизматлар марказига уланади. Бу билан Тошкент ва Берлиндаги шифокорлар ўртасида тўғридан-тўғри маълумот алмашинуви имконияти яратилмоқда.

Германия элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу лойиҳа  Роберт Кох номидаги институт, Берлиндаги Charité клиникаси ҳамда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг илк босқичидир. Замонавий масофавий тиббий хизматлар кўрсатиш станциясини топшириш маросимида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Улуғбек Собиров,  Германия элчиси Гюнтер Оверфельд ҳамда РШТЁИМ ва Роберт Кох номидаги институтнинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Ушбу ташриф давомида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Charité университет клиникаси ўртасида телемедицина соҳасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

“Ўзбекистонга ташриф буюриш имконияти туғилганидан хурсандмиз. Клиникамиз раҳбарияти мамлакатингиз билан ҳамкорлик ўрнатилишига катта эътибор қаратади. Даставвал телемедицина соҳасида ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирганмиз.  Яъни Германиянинг 34 та тиббиёт муассасасини бирлаштирган телемедицина марказимиз энди халқаро даражага чиқади, бунда Ўзбекистон биринчи мамлакат сифатида танлаб олинди. Яъни давлатингиз биз технологияларимизни киритаётган биринчи мамлакат эканини ҳисобга олсак, бу ҳамкорлик ўзига хос тарихий аҳамиятга эгадир”, – деди Charité университет клиникаси директори ўринбосари Йохим Зайболд.

Таъкидлаш жоизки, Charité университети клиникаси Германиянинг энг яхши тиббиёт муассасалари рейтингида 1-ўринда туради, шунингдек, у Европадаги энг йирик ва етакчи тиббиёт мажмуаларидан бири ҳисобланади. У замонавий диагностика ва даволашни, амалиётчи шифокорлар ва илмий ходимларни ўқитишни амалга оширади. Ушбу тиббиёт муассасаси ўта мураккаб клиник ҳолатларни даволашда ажойиб тажрибага эга. Германиядаги тиббиёт ва физиология бўйича Нобель мукофоти лауреатларининг ярмидан кўпи айнан шу клиникада таҳсил олган ва ишлаган.

Ташриф давомида Charité университет клиникаси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ноёб телемедицина ускунасини топширди.

“Уни яратиш бўйича ишлар Charité клиникаси мутахассислари томонидан 2017 йилдан бери амалга оширилмоқда. Пандемия шароитида, инсон омилисиз, беморларни масофадан туриб ташхислаш имконини берувчи ушбу роботларни яратиш долзарблашди ва бу жараённи тезлаштириб юборди. Натижада, ноёб телемедицина роботлари орқали Германиянинг турли ҳудудларидаги 34 та тиббиёт муассасасини бирлаштира олдик, яъни мутахассислар онлайн тарзда тажриба алмашиш имконига эга бўлишди”, – дейди ушбу муассаса директори ўринбосари Йохим Зайболд.

Ҳозир Германияда ушбу технология ёрдамида транспортировка қилиб бўлмайдиган оғир беморларнинг  90 фоизининг ҳолати жойида таҳлил қилиниб, мутахассислар томонидан тўғри даво чоралари кўрилишига эришилди. Германияда бу лойиҳа ўзини тўлиқ оқлагач, уни халқаро даражага олиб чиқишга қарор қилинди ва биринчи мамлакат сифатида Ўзбекистон танлаб олинди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш масъуллари коронавирус пандемияси даврида германиялик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, 2020 йил август ойида коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун германиялик мутахассислар Ўзбекистонга келган эди. Роберт Кох институти институт етакчи экспертлари, шунингдек, Франкфурт-Майн ва Дюссельдорф университетлари клиникаларининг юқори малакали врачлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси вакилларидан ташкил топган нуфузли тиббий гуруҳ Самарқанд, Бухоро, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда бевосита иштирок этган.

Роберт Кох институтининг тажрибали мутахассисларидан иборат тиббий гуруҳ коронавирусга қарши кураш доирасида 2020 йил ноябрь ойида ҳам юртимизга  ташриф буюрган. Ташриф давомида германиялик шифокорлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда Самарқанд вилоятидаги ушбу соҳага ихтисослаштирилган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда иш олиб борган.

Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасига кўра, Роберт Кох институти билан далилларга асосланган тиббиёт негизида клиник протоколларни тайёрлаш бўйича ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Роберт Кох номидаги институт (Robert-Koch-Institut, RKI) юқумли касалликларга қарши кураш борасида нафақат Германия, балки дунёда эътироф этилган илмий муассасалардан бири саналади. 1891 йилда таъсис этилган институт 130 йиллик фаолияти мобайнида катта илмий ютуқларга эришган.

2020 йил август ойида Германия ҳукумати Ўзбекистонга коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида қўшимча 2 миллион евро ажратишини маълум қилган. 2020 йил 28 июль куни эса Германия Ўзбекистонга кислород баллонлари, тиббий ниқоблар, аравачалар ва комбинезонлардан иборат инсонпарварлик ёрдами юборган.

С.Салим