Ўзбекистон халқ артисти Маъсума Қориеванинг ҳақиқий исми Саъдия Низомиддинова эди. У аслида татар қизи бўлиб, ўзбеклар ичида ўсиб-улғайди ва шу тариқа ўзбек қизига айланганди. Ўтган асрнинг бошларида рус, татар ва озарбайжон театр труппалари ўлкамизга гастролга келиб, турли томошалар намойиш этарди. 1916 йилда 15 ёшли Маъсума Бокудан Тошкентга гастролга келган театр труппаси аъзолари ижросида “Лайли ва Мажнун” спектаклини томоша қилишга муваффақ бўлади. Ҳатто театр труппаси раҳбари Сидқи Руҳиллодан илтимос қилиб, оммавий саҳналарда иштирок ҳам этади. Шу-шу қизча саҳнага махлиё бўладию, актриса бўлиш орзуси билан яшайди. Ўзбек аёлининг саҳнага чиқиши фавқулодда ҳодиса ҳисобланарди. Ана шу шароитда чўчимай, довюраклик билан саҳнага отилган хотин-қизлардан бири Маъсума Қориевадир.
Ўша йиллари тараққиёт йўлига тушган, ўзларини “жадид” деб номлаган ёшлардан бир нечтаси театр тузиш пайида бўладилар. Чор Россиясининг Тошкентдаги генерал-губернаторига совғалар тақдим этиб, “Лайли ва Мажнун” спектаклини қўйишга рухсат сўрайдилар. Айёр генерал- губернатор совғаларни мумкинлик билан қабул қилади-ю ҳал этишни бошидан соқит қилиб, Петербурдан рухсат олиб келишларига рухсат бергандай бўлди. Бундай узоқ сафарга бориб, бюрократ амалдорлар эшикларини қоқиб, олти ойдан сўнг, спектаклни фақат бир мартагина кўрсатишга ижозат олиб қайтадилар. Гарчи бир марта бўлса ҳам улар завқ-шавқ билан ишга киришадилар. Аммо шариат аёл кишининг саҳнага чиқишига монелик қиларди.
Маъсума Қориева тошбўронга тайёр турган ҳолда роль ижро этишга киришади. Бошқа аёл ролларини эркаклар ижро этишга мажбур бўлган эди. Спектакль шу қадар муваффақият билан чиққан эдики, бир марта ижро этиб кифояланишга ҳеч ким рози бўлолмасди. Ниҳоят, пьесани русчага таржима қилиб, яна амалдорлар эшигига югуришди. Хуллас, ҳар сафар спектакль қўйилмоқчи бўлар экан, албатта, шундай тўқнашувга дуч келишлари аниқ эди.
Маъсумахоним Маннон Уйғур раҳбарлигида Тошкентда ташкил этилган ўзбек театр труппасида қабул қилинади. Труппа актёрларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Сайфи Олимов М.Қориевани эслаб шундай дейди: “Дастлабки йилларда труппада аёллардан ёлғиз унинг ўзи ишлаган. Ташвиқот поездида шаҳарма-шаҳар кезган. У табиати билан санъат фидойиси эди. Шунинг учун ҳам ҳамиша одамлар ичида бўлар, халққа хизмат қилгиси келарди”.
Ўзбек театри труппаси раҳбари Маннон Уйғур Маъсумадаги талантни кўриб, унга ҳамиша ёрдамлашган ва деярли ҳамиша бош роллар ижросини ишониб топширган. Шу тариқа у Ғ.Зафарийнинг “Ҳалима”, Чўлпоннинг “Ёрқиной”, У.Ҳожибековнинг “Аршин мол олон”, Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, Ҳ.Жовиднинг “Шайх Санъон”, Хуршиднинг “Лайли ва Мажнун” пьесаларида Ҳалима , Ёрқиной, Гулчеҳра, Луиза , Хумор ва Лайли ролларини маҳорат билан ижро этиб, эл-юртга танила борди. У лирик ролларни қиёмига етказиб, томошабинларга тақдим этган.
30-йилларга келиб, М.Қориева ўз талантини, санъаткорлик қудратини А.Файконинг “Портфелли киши” (Буви), Н.Погодиннинг “Менинг дўстим” (Ксения), М.Горькийнинг “Егор Булычев ва бошқалар” (Варвара) асарларида синаб кўришга жазм этади. Мазкур асарлардаги бир-биридан тубдан фарқ қилувчи учала образ унинг ижросида янада тиниқлашади ва сайқал топади. Халқимизнинг севимли санъаткори Сора Эшонтўраева ўша йилларни хотирлаб, шундай дейди: “Мен М.Қориевани устозим деб биламан, менинг саҳнага чиқишимда унинг жуда катта хизмати бор. Шунингдек, қатор образлар яратишимда ҳам ҳамиша унга суянардим. “Портфели киши спектаклида мен Гого ролини, Қориева эса менинг бувим ролини ижро этди!”.
Актриса “Гамлет” фожиасидаги шаҳзоданинг онаси – Гертруда образини яратиш учун кўп йиллар мобайнида тайёргарлик кўрди. Сўзларни қайта-қайта ёд олди, тинимсиз изланди. Оқибатда Шекспир трагедиясидаги ушбу Гертруда образи ишқда эҳтиросли, айни пайтда фарзанди Гамлетга ғамхўр ва меҳрибон аёл сифатида саҳнада намоён бўлади. Айниқса, асарнинг сўнгги кўринишларидаги Гертруданинг ўзини ўғли олдида гуноҳкор сезиши томошабинда бу образга нисбатан хайрихоҳлик тўйғусини уйғотади. Бу образни М.Қориевадан ташқари кўплаб актрисалар, хусусан, унинг шогирдлари ҳам ижро этдилар.
Мени театрга ишга қабул қилишган йиллари замон алғов-далғов эди. Ҳар куни кимнингдир яқин кишиси ҳибсга олингани ҳақида хабар топардик. Актёрларимиз бир-бирлари билан кўришганларида секингина: “Тинчликми?” деб сўраб қўйишарди. Жамоа аъзолари айниқса, Маннон Уйғурдан хавотирланар, у киши театрга кириб келиши билан ҳамма “Худога шукр” дегандай қувониб кетишарди. Чунки у кишининг сафдошлари аллақачон ҳибсга олинган эди. Биз машҳур ёзувчи, драматург, театрнинг директори Зиё Саиднинг қамалиши Маннон Уйғур тақдирига таъсир этади, деб ўйлардик. Оғанинг бўлаётган воқеалардан ич-ичидан қайғураётгани сезилиб турарди. Ҳар куни театрга кириб келиши билан биз – ёшлар Оға ҳузурига кирар эканмиз, сочларидаги оқларнинг кўпаётганини кўриб, юрагимиз эзиларди. Оғанинг бу қайғулардан бели букчайиб кетганди. Ҳатто бир куни саҳнага қўлтиқлаб олиб чиққанимиз эсимда.
Бир куни эндигина репетицияни бошламоқчи бўлиб турган эдик, Маъсума Қориева тўғри Оға ҳузурига келдию, ўзини унинг бағрига ташлади. Маълум бўлдики, у кишининг ҳам бошига ташвиш тушган. Унинг турмуш ўртоғи, ўша замоннинг маърифатпарварларидан бўлиб, катта идоралардан бирида раҳбарлик лавозимида ишларди. Масъума Қориева ўзини бироз тутгач, Босит Қориевни ҳам кечаси олиб кетишганини айтди. Маннон Уйғур бироз сукутдан кейин М.Қориеванинг елкасига қўл қўйиб, “дадил бўл” ишорасини қилдилар. Ҳа, ўша йиллари бирор нарса деб ҳамдардлик қилиш ҳам хавфли эди. Артист Муҳсин Ҳамидов бир ёзувчи қамалганида “нотўғри” деб юборгани учун бир неча кун сўроқ берганини ҳаммамиз билардик. Қамалган кишининг оиласи, бола-чақаси, ҳатто яқин таниш-билишларининг ҳам аҳволи танг эди. Айниқса, оила аъзолари кўп нарсадан четлатиларди. Ана шундай фожиа Маъсума Қориеванинг ҳам бошига тушди. Ижодкор учун ижоддан четлатилиш барчасидан ҳам мудҳишдир.
1939 йил Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий вафотига ўн йил тўлиши муносабати билан унинг “Бой ила хизматчи” пьесаси Комил Яшин таҳрири билан қайтадан саҳналаштириладиган бўлди. Асарни талқин этиш машҳур режиссёр Ятим Бобожоновга юклатилди. Пьесада роллар ниҳоятда кўп бўлиб, ҳар бири алоҳида сайқал билан тасвирланган. Актёрлар шундай пьесаларда образ яратишни орзу қиладилар. Айниқса, аёллар образи шу қадар кўп эдики, бундан театр жамоаси хотин-қизлари мамнун бўлган эдилар. Роль тақсимотида М.Қориеванинг номи чиқмади. Бунга фақат актриса эмас, балки ҳамма ҳайрон бўлди. Чунки у киши ижро этиши мумкин бўлган роллар кўп эди. Бунда театр раҳбарларининг, айниқса, Ятим Бобожоновнинг айби йўқ эканлиги маълум бўлса-да, Маъсума Қориевадан сабабини сўрашганида, у елкасини қисиб қўйди. Демак, актриса шубҳа остига олинган.
1939 йили Катта Фарғона каналига бутун санъат жамоалари қатори Миллий театр жамоаси ҳам отланди. Аммо борадиганлар рўйхатида М.Қориеванинг номи яна чиқмади. Демак, у кишини четлаштириш ҳақида буйруқ берилган. Сафардан қайтишимиз билан театр жамоасининг бир неча ёшлари у кишидан хабар олгани уйларига бордик. Маъсума опа ҳар сафаргидек эндигина ўша идора эшикларидан қайтган экан. Икки ўғиллари бизни кутиб олди. Маъсума опа эшикдан кириб, бизни бағирларига босди. Шу бир ой ичида инсоннинг бу қадар ўзгариб кетиши мумкинлигини Маъсума Қориева мисолида биринчи бор кўрган эдим.
Айтишларича, ҳали бирор марта эрлари билан учрашишга рухсат берилмаган. Ҳатто, хат олиш ҳам таъқиқланган. Уларга сиёсий маҳбус деб қаралар, “халқ душмани”га чиқаришган эди. Маъсума опанинг айтишларича, ўғилларига таъна тошлари отилавериб, улар мактабдан совий бошлабди. У киши ҳамма нарсага дош берса ҳам, болаларининг ҳақоратланишига чидай олмасди. Ота-она бу икки ўғилни жуда катта орзулар билан вояга етказишни ният қилишганди. Хуллас, болалар ҳам мактабга бормай қўйишди.
Шундай кунларнинг бирида театримизга Москвадан Николай Владимирович Ладиган келиб, бош режиссёр бўлди. Маннон Уйғур бош режиссёрлик лавозимидан навбатчи режиссёрликка ўтказилди.
40-йилларда “Отелло”ни саҳналаштириш театр жамоасининг катта орзуси эди. Маннон Уйғур Ғафур Ғулом билан бирга асар таржимасини тайёрлаб юрар эди. Н.В.Ладиган бадиий раҳбар бўлгандан сўнг, бу асарни саҳналаштиришни ўз қўлига олди.
Роль тақсимотида Маъсума Қориева яна ижрочиликдан четлатилганига қарамай, Маннон Уйғур Эмилия ролини унга беришни Ладигиндан илтимос қилди. Хуллас, жамоанинг қатъийлигими ё Маннон Уйғур ташаббуси биланми, бу ролга учинчи ижрочи сифатида Маъсума Қориева тасдиқланди. Иш бошланди. Аммо сафдошлар Тошхон Султонова, Зайнаб Садриевалар Эмилияни Маъсума Қориева ижро этишига имконият яратиб беришга интилишди, шу билан бироз бўлса-да руҳан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишди. Ладигин ҳам жамоанинг ташаббусига қаршилик қилолмади. Шундай қилиб, асосий репетицияда Маъсума Қориева қатнашди. Бу актрисага анча руҳ бағишлагандек бўлди.
Ижод қизиқ нарса. Роль ёқиб, унга берилиб қолсанг, бутун фикр-зикринг ўша билан банд бўлиб, шахсий қайғуларинг бироз бўлса ҳам чекинади. Маъсума Қориевада ҳам шундай бўлди. Ҳатто, у киши театрда ётиб қолар эди. Мен шу спектаклда ёрдамчи режиссёр бўлиб ишлаганимдан ва доим театрда бўлганим учун унинг ҳолидан хабар олиб турардим. Қачон қарамай, ўз хонасига кириб олиб, ўша роль билан шуғулланар эди.
Ниҳоят, “Отелло” саҳна юзини кўриб, катта довруқ қозонди. Отеллодан тортиб, бошқа ҳамма роллар шу қадар қиёмига етган эдики, бу ҳақда матбуотда ҳам Отелло, Дездемона ва Яго роллари қаторида Масъума Қориева ижро этган Эмилия роли алоҳида тилга олинди. Бу ҳол актрисанинг руҳига руҳ бағишлаб, уни анча тетиклаштирди. Худди шу кунларда уруш бошлангани ҳақида хабар тарқалгач, “Отелло” спектаклидан чиққан Маъсума Қориева алланималарни ўйлаб хаёлга толди. Эртасига маълум бўлдики, у икки ўғлини фронтга жўнатсам, отаси туфайли отилган таъна тошларидан қутилар, деб ўйлаган. Болалар ҳам онанинг шу таклифини кутиб тургандек урушга отланган. Икки ўғилни ҳарбий комиссарликка етаклаб олиб борган бу аёл яна бир калтакка дуч келди. Яъни, “халқ душмани”нинг ўғиллари фронтнинг фақат “штрафной” батальонига олиниши мумкин экан. Ўғиллар бунга ҳам рози эканликларини билдиришди.
Маъсума Қориеванинг эски ғамлари яна янгилангандек бўлди. Энди нафақат эрининг ташвишлари, балки икки ўғилнинг ташвиши билан ҳам сочлари оқара бошлади. Биз бир неча бор бориб, у кишини уйидан тополмасдик. Энди опанинг ўз уйига киришга ҳам унинг юраги бетламай қолган, хонадони ҳувиллаб қолган эди. Маъсума Қориева кўрпа-тўшагини олиб келиб, театрда истиқомат қиладиган бўлди. Театр жамоаси у бирон иш билан оввора бўлса, қайғулари камаяр, деган умидда касаба уюшмаси ишини унга топширишни мўлжаллади.
Партия ташкилотининг котиби Маъсума Қориеванинг раис бўлишига қаттиқ қаршилик кўрсатди. Аммо театр жамоаси ҳам оёқ тираб туриб олди. Бирлашган кўпчиликнинг кучи сезилди. Маъсума Қориева қийинчилик йилларида маҳаллий қўмита раиси бўлиб, жамоага онахонлик қилди. Артистлар турмуши жуда оғир бўлган бир пайтда уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга бел боғлади.
Маъсума Қориева қаерлардандир сўраб, илтимос қилиб бўлса ҳам, озиқ-овқат ундириб келиб, театрда ҳар куни бир маҳал иссиқ овқат ташкил қилгани эсимизда. Худди шу йилларда иқтисодни ниҳоят яхши тушунадиган, актёрларга ғамхўр Собир Азизов театрга директор эди. Улар биргалашиб жамоага кўп манфаатлар келтиришган. Хусусан, Қорасарой кўчасидаги катта боғ олинди. Озиқ-овқатлар бериладиган дўкон очилди.
Бир қизиқ воқеани айтиб берай. Ўша йиллари Америкадан келтирилган тухум уни бўлар эди. М.Қориева ўша ундан икки қопини қаердандир ундириб келди-да, кейин тухум унини мол гўштига алмаштирди. Гўштни эса тирик молга алмаштириб, актёрларга тарқатади. Маъсума Қориеванинг ғамхўрлигидан, тадбиркорлигидан йигирмата сигир театр ҳовлисига боғлаб қўйилганини ўзим кўрганман. Бунинг тақсимоти қандай бўлгани ҳам қизиқ. Оиласи катталар рўйхатга олиниб, ноҳақлик бўлмасин деб, чек ташлашга қарор қилишди. Ана шундай қилиб, йигирмага яқин актёримизнинг хонадонига сигир-бузоқ боғланган эди. Маъсума Қориева ўзлари истамаган ҳолда рўйхатга киритилган бўлсалар ҳам, у кишига чек чиққач, сигирни Азим ака деган кўп болали саҳна ишчисига бериб юборади.
Қорасарой кўчасидаги театр жамоаси учун ажратилган боғда биз – ёшлар деярли ҳар куни бориб ишлардик. Опа бизни меҳрибонлиги, яхши сўзлари билан меҳнатга рағбатлантирарди. Экилган картошка ҳосили ҳаммага баробар тақсимланарди. Кунлар совиб қолганига қарамай, М.Қориева ҳосил йиғиб олингунча боғда истиқомат қиладиган бўлди. Кунларнинг бирида борсак, ўртада олов ёниб турибдию опа оловга тикилганча хаёлга толган. Жамоадан кўпчилик ўзига тегишли картошкаларни олиб кетган, устига исм ёзиғлиқ бир неча халтада кимларнингдир картошкаси турар эди. Биз опанинг ёнига келиб ўтириб, ҳол-аҳвол сўраган бўлдик. У киши ҳамон узоққа назар ташлаб, алланимани ўйлаётгани сезилиб турарди. Бирдан ўринларидан туриб “Энди Москвага бормасам бўлмайди”, дедилар. Турмуш ўртоғи, ўғилларидан дом-дарак йўк эди.
Хуллас, Маъсума Қориева ҳақиқат қидириб, Москвага жўнаган эди. Минг афсуски, кўп ўтмай, ўзларининг ҳаётдан кўз юмганлиги ҳақида шум хабар етиб келди. Биз бунинг сабабини аввал шундай ўйладик, кишининг севинчдан ҳам юраги ёрилиши мумкин-ку! Йўқ, аксинча бўлган экан. Эрлари отилган, ўғилларининг иккаласи ҳам ҳалок бўлган экан. Бу даҳшатли қайғу ўзи ҳилвиллаб турган юракни тўхтатиб қўйган экан…
Шу тариқа меҳрибон она, ажойиб актрисадан айрилдик. Воқеадан хабар топишимиз билан театр директори Собир Азизов Москвага жўнади. Унинг Москвада бир неча кун қолиб кетиши бизни яна ташвишлантира бошлади. Маълум бўлишича, жасадни самолётга олмаган, поездда ноқулай бўлган. Натижада жасадни куйдиришга қарор қилинган. Шундай қилиб, ажойиб қалбли она, ўзбек халқининг катта актрисаси кул қилиниб, кичик бир идишда келтирилди. Биз мотам маросимини тўрт кишининг ҳалокатига бағишладик. Уларнинг бирортаси ҳам ўз ажали билан ўлмаган эди. Тўрт кишига бир қабр қилдириб, ўша идишдаги хокни қўйиб, қабр тепасига тўрталасининг исмини ёздирдик. Ҳамон уни “рамзий қабрлар” сифатида зиёрат қилиб турамиз.
Шундай саховатли қалб эгаси, ёшларнинг онахони ва устози, тажрибали актрисанинг 43 ёшида вафот этганини эсласам, кўзларимдан ёш қўйилиб, ўзимни қўярга жой тополмай қоламан. М.Қориева орамиздан кетган бўлса-да, унинг номи ҳамиша бархаёт. У бошлаб берган санъатни дастлаб Назира Алиева, Тошхон Султонова, Замира Ҳидоятова, Зайнаб Садриева, Холида Хўжаева ва Суйди Сотбодиевалар, кейинчалик Яйра Абдуллаева, Эркли Маликбоева, Ирода Алиева, Лола Бадалова, Риҳси Иброхимова, Гулчеҳра Жамилова, Ойдин Норбоева, Тўти Юсуповалар давом эттирдилар. Бугун парвоз қилаётган саҳна қалдирғочларини кўриб, улар учун йўл очиб берган илк қалдирғочлардан бири – Маъсума Қориева хотирасини ифтихор билан ёдга оламиз.
Зикир Муҳаммаджонов, Ўзбекистон Қаҳрамони
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 3-сон