Ўзбек профессионал мусиқа санъатининг дарғаларидан бири, фидойи ижодкор, атоқли композитор Мустафо Бафоев ижодига назар солар эканмиз, унинг композиторлик соҳасининг турли жанрларида нафақат баракали ижод қилаётганига, балки шу жанрларга миллий руҳни сингдириб келаётганига ҳам гувоҳ бўламиз. Устоздаги айнан мана шу жиҳат ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
1963 йили Бухоро давлат мусиқа билим юртининг биринчи курсига ўқишга кирганимда, Мустафо Бафоев тўртинчи курс талабаси эди. Шунга қарамай, нафақат талабаларнинг, балки ўқитувчиларнинг ҳам диққат-эътиборига тушганди. Хўш, бунинг боиси нимада эди? Гап шундаки, М.Бафоев ғижжакчи сифатида ўқув дастури бўйича берилган композиторлар асарларини мукаммал ижро этишга эришган, халқ мусиқа меросини ҳам яхши ўзлаштирган ва бу асарларнинг барчасини моҳирона ижро эта билган.
Бухоро вилоятининг Когон туманидаги “Ганчкаш” қишлоғида таваллуд топган М.Бафоев ёшлигидан мусиқага қизиққан. Буни кўрган амакиси “Сен, албатта, мусиқа соҳасида ўқишинг керак”, деб отасининг қаршилигига қарамай, 1960 йили Бухоро давлат мусиқа билим юртига олиб келган. Ўқитувчилар унинг иқтидорини синаб кўриб, ғижжак чолғуси бўйича Сами Воҳидов синфига қабул қилишган. 1964 йили билим юртини муваффақиятли битирган М.Бафоев Тошкент давлат консерваториясининг халқ чолғулари факультетига, ғижжак чолғуси бўйича доцент Беленкий синфига қабул қилинади. Дирижёрлик фанидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор Мардон Насимов синфида таҳсил ола бошлайди. Консерваторияда ўқиб юрган кезларида фортепиано фанидан ўзлаштираётган асарларини эшитган одам “бу йигит пианиночи бўлса керак”, деган фикрга борарди. Чунки у жуда мураккаб бўлган Машковскийнинг “Концерт” этюдини, Ф.Шопеннинг “Инқилоб этюд”и каби йирик ва мураккаб асарларни ижро этганида ҳавас қилганмиз. 1969 йили, битириш имтиҳонида бошқа асарлар қаторида, ўзининг “Скерцо” асарини ҳам давлат комиссияси эътиборига ҳавола этган. Асар ижроси тугаши биланоқ комиссия аъзолари ўрнидан туриб олқишлашади ва бир овоздан Мустафо Бафоевни композиторлик факултетига ўқишга қабул қилиш зарурлиги ҳақида баённома тузишади. Бироқ…. тақдир тақозоси билан бу иш шу йилнинг ўзида амалга ошмай қолади. 1972 йили (М.Бафоев Бухоро давлат педагогика институтининг ўқитувчиси, иккита фарзанднинг отаси бўлиб турган бир пайтда) устози, профессор М.Насимов М.Бафоевга қўнғироқ қилиб, “Консерватория раҳбарияти ўзгарди, Сиз, албатта, композиторлик факултетида ўқишингиз керак”, деб қайта-қайта тайинлайди.
Оиладагиларнинг ҳаммаси яна ўқишнинг кераги йўқ, деб турган бир пайтда турмуш ўртоғи: “Майли, борсинлар, чунки кўраяпман, бу кишининг шусиз ҳаловатлари бўлмайди”, дея розилик беради. Шундай қилиб, 1972 – 1977-йилларда М.Бафоев композиторлик факултетида, мутахассислик бўйича профессор Борис Гиенко, чолғулаштириш бўйича эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Алексей Козловский синфларида таълим олади. Ўқиш даврининг ўзидаёқ Бутуниттифоқ ёш композиторлар танловида ғолибликни қўлга киритади. Ўқишни битиришда давлат комиссияси эътиборига симфоник оркестр ва хор жамоалари ижроси учун яратган биринчи “Бухоронома” номли ораториясини ҳавола этиб, олқишларга сазовор бўлади. 1977 – 1979-йилларда ассиссентура-стажировкани ҳам муваффақият билан битиради. 1980 йили Абу Али ибн Синонинг 1000 йиллигига бағишлаб унинг еттита рубоийси асосида жўрсиз хор жамоаси ижроси учун “Етти лавҳа” асарини яратди ва ўзбек туркумли жўрсиз хор асарлари жанрига асос солди. 1980 йили Ўзтелерадио қошидаги халқ чолғулари оркестрида, кейин шу жамоанинг бадиий раҳбари ва бош дирижёри сифатида ишини давом эттирди.
М.Бафоев оркестрга раҳбарлик қила бошлагандан жамоада ижодий муҳит ўзгариб, ижодий ўсиш бошланади. Бунга 1988 йилнинг ноябрь ойида Консерваториянинг катта залидаги концерт мисол бўла олади. Ўша даврларда Ўзбек давлат филармонияси қошида Т.Жалилов номидаги халқ чолғулари оркестри фақат академик ижро йўналиши билан шуғулланар, яъни ҳам академик, ҳам халқ йўлида баравар ижро этишнинг иложи йўқ, деган фикр билан иш тутишарди. Мустафо Бафоев эса иккисини ҳам бараварига олиб бориш нафақат мумкин, балки керак, деган ақидага асосан иш тутган эди.
М.Бафоев аслида ғижжак чолғуси мутахассислиги бўйича таълим олган бўлса-да, унинг композиторлик фаолиятини хонандалик санъатисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Симфоник оркестр ва халқ чолғу оркестрлари фортепиано жўрлиги асосида кўплаб қўшиқлар, романслар, хор жамоаси ижроси учун жўрли ва жўрсиз асарлар яратгани бунинг яққол мисолидир. Композитор тарихий асарларга ҳам мурожаат қилиб, ўтмишдаги алломаларимиз ҳақида асарлар яратган. Ал-Хоразмийнинг юбилей тадбирида яккахон ва хор жамоаси ижроси учун “Аллома” номли жўрсиз поэма-кантатасини яратиб, ўзбек хор йўналишида поэма-кантата жанрига асос солди. 1986 йили буюк файласуф ва математик Умар Хайём ҳаёти ва ижодига бағишлаб “Умар Хайём” номли операсини яратди. Шундан кейин Ал-Фарғонийга бағишланган “Севгим самоси”, “Ибн Сино” ва “Борбад”, “Амир Темур”, “Хамса”, “Алишер Навоий” опералари ёзилди. Булардан ташқари, Муқимий номидаги мусиқий театрда бир қанча драмалари ижро этилган ва бугунги кунда ҳам ижро этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, М.Бафоев мамлакатимизда ҳали яратилмаган жанрларга қўл уриб, ижодкор сифатида ўзининг янги-янги қирраларини намоён қилаверади, янгилик яратишдан тўхтамайди. “Бухоройи шариф” телеопераси, “Нодирабегим” ва “Увайсий” телебалетлари, диний мавзудаги ”Ҳажнома” ораторияси бунинг яққол мисолидир. Маълумки, симфония деганда фақат симфоник оркестр ижросидаги йирик жанрдаги асар тушунилади. Европада машҳур композитор Л.В.Бетховен 9-симфониясининг якуний қисмида хонандалик санъатидан, яъни хор ижрочилигидан фойдаланган биринчи композитордир. Ўзбекистонда эса 1980 йили М.Бафоев буюк саркарда, шоҳ ва шоир Бобурнинг тўртта ғазали асосида “Ғазал” деб номланган биринчи симфониясини яратди. Яккахон, хор ва симфоник оркестр ижросига мўлжалланган бу асар мамлакатимиз мусиқа санъатида янгилик бўлди. Бундан ташқари, “Ҳолати Алишер Навоий” деб номланган 5-чи симфонияси яккахон ва хор ижросига мўлжалланган. Худди шундай, Увайсий ғазаллари билан “Мақом садолари” асарини яратганки, унинг оҳанги том маънода композиторнинг ижод маҳсулидир.
Мустафо Бафоев халқ мусиқа меросини яхши ўзлаштирган санъаткор. Қолаверса, ўзи чолғучи-созанда бўлгани билан овознинг ижро имкониятларини ҳар томонлама мукаммал ўзлаштиришга муваффақ бўлган. Овоз учун яратган асарларининг биринчи ижрочиси унинг ўзидир. Шу сабаб бўлса керак, Қашқар рубоби учун икки қисмдан иборат поэмаси Озарбайжон ва Арманистон олий таълим муассасаларининг тор чолғуси бўйича репертуаридан жой эгаллаган. Мустақиллигимиздан кейинги “Мустақиллик”, “Наврўз” байрам концертлари, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, Амир Темур ва Мирзо Улуғбек, Баҳоуддин Нақшбанд, Ал-Фарғоний каби алломаларимиз, озодлик куйчиси Чўлпонга бағишланган юбилей концертлари, мамлакатимизда бўлиб ўтган кўплаб катта концерт дастурларида асосан М.Бафоев қаламига мансуб асарлардан фойдаланилгани ҳаммага маълум. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” фестивалининг 1997, 1999 ва 2001 йиллардаги концерт дастурларида ҳам шу композитор қаламига мансуб асарлардан олинган эди. “Шаҳидлар хиёбони”нинг очилиш тадбирида Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова ижросидаги “Жигарим” асари ҳам М.Бафоев қаламига мансуб.
Бугун М.Бафоевни композитор сифатида нафақат республикамизда, балки кўплаб хорижий мамлакатларда ҳам яхши танишади ва унинг асарларини завқ билан ижро этишади. Шунинг учун ҳам ижодкор АҚШ композиторлар ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси этиб қабул қилинган. АҚШ, Япония каби мамлакатлардан унга буюртмалар беришади, муаллиф сифатида биринчи ижро пайтида мамлакатларига таклиф қилиб туришади.
Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг мусиқа муаллифи, Ўзбекистон халқ артисти, буюк композитор Мутал Бурҳонов “Мен ёш бўлганимда, албатта, композитор Мустафо Бафоевга шогирд тушар эдим”, дея эътироф этган. Бу бежиз эмас, албатта. М.Бафоев ижод билан бир қаторда педагоглик фаолиятини ҳам олиб бормоқда. У 2001 йилдан буён Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедрасида профессор лавозимида талабаларга сабоқ бериб келмоқда. Композиторнинг неваралари – устозодалар Муҳаммаджон ва Парвинахон Австрияда таълим олиб, халқаро конкурсларда ғолибликни қўлга киритган ватандошларимиздир. Ҳамон ижодда давом этаётган устоз композиторга узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва янги ижодий парвозлар тилаб қоламиз.
Жўра Шукуров,
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 10-сон