Красноярск ўлкасидан чиққан рассом дейилиши биланоқ, тасвирий санъат шайдоларининг ҳаёлига Суриков келади. У асарларини мутлақ соф бўёқлар уйғунлигига, тасвирланаётган ҳодисанинг ҳаққонийлигига, қаҳрамонларининг руҳий кечинмаларига эътибор қаратган ҳолда яратади.
1848 йилнинг 24 январи, Красноярск… Тарих зарварақларига бу сана рассомчиликка енг шимариб кириб келган, сарафроз ижоди ила танилган Василий Иванович Суриковнинг таваллуд куни сифатида муҳрланди. Болалигидан тасвирий санъатга қизиқиши катта бўлган Василийнинг истеъдодини унинг уезд билим юртидаги ўқитувчиси Н.В.Гребнев сезади. Муаллим Василий зиммасига ўтмишдаги рассомларнинг ишларидан намуналар кўчириш вазифасини қўяди. Юлдузни бенарвон урадиган болакай ўзининг илк мураббийи ҳақида кейинчалик фаҳрланиб шундай дейди: “Гребнев менга рассомчилик сир-асрорларини ўргатиш жараёнида, эришган натижаларимни кўриб, қувончдан кўзига ёш олгудек бўларди”.
Тасвирий санъатга бўлган меҳр-муҳаббат уни Санкт-Петербургга етаклайди. Нева бўйидаги шаҳар Суриковнинг хотирасида 1869-1875 йиллар давомида Петербург Рассомлар Академиясида муаллими Чистяковдан таълим-тарбия олгани ҳамда мактабнинг энг яхши ўқувчиси дея эътироф этилгани билан абадий муҳрланиб қолади.
Ижодкор 1877 йилдан бошлаб Мос-квада яшай бошлайди ва ўз ижодини шу ерда давом эттиради. У Москвадаги ҳаётини шундай тасвирлайди: “Мен бу шаҳарга келишим биланоқ, худди бир юкдан халос этилгандек бўлдим. Лев Толстой таъкидлаганидек, эски андуҳлар кўтарилди… Шаҳардаги ҳайкаллар, майдонлар Сибирь таассуротларимни эсга олиб, бўёқларда акс эттириш имконини берди. Мен ҳайкалларга бамисоли тирик инсонларга қарагандек разм солардим ва ҳатто улардан сўрар эдим ҳам: “Cиз кўргансиз, эшитгансиз, демак гувоҳсизлар!”. Улар ўз хотираларини сўз билан ифода эта олмасдилар, холос… ”
1878 йили Суриков Елизавета Августовна Шарега уйланади. Кейинчалик улар икки нафар ширинтой қиз – Ольга ва Еленанинг ота-онаси бўлиш бахтига мушарраф бўлишади. Шу даврда мўйқалам соҳиби унга янада шуҳрат олиб келган бир қанча картиналарни яратади.
Суриков тарихий рассомчилик бўйича ниҳоятда кучли мутахассис эди. 1881 йилда ниҳоясига етказилган “Ўқчи аскарларни жазолаш тонги” сурати тезда санъат аҳли эътиборига тушади. Суратда Россия тарихида жиддий, туб бурилиш ясаган воқеалар, рус халқининг турли тоифаларига мансуб вакилларининг ўзига хослиги зўр завқу шавқ билан полотнога туширилган бўлиб, ижодкор ушбу суратнинг яратилиш тарихи ҳақида шундай деган: “ Мен бу расмни чизганимдан сўнг ҳар куни тушимда жазоланганларни кўрар эдим. Атрофдан қоннинг ҳиди келаётгандек бўларди. Тунлари алаҳсираб чиқардим. Кўзимни очишим билан ҳаммаси ортда қоларди – минг шукрки, ҳеч қандай даҳшат йўқ эди. Бу қўрқинчу ваҳималар асло мени тарк этмасди. Ваҳоланки, мен чизган суратда на қон, на қирғин акс эттирилган эди. Шундан сўнг бир куни Илья Ефимович Репин келиб суратга разм солди-да, шундай деди: “Нега бу ерда умуман жазоланаётган йўқ? Ҳеч бўлмаса улардан биронтасини дорга осиб қўймайсизми?..” Шундан сўнг мен унинг таклифини синаб кўрмоқчи бўлдим ва қўшимча равишда дорга осиб қўйилган ўқчи аскарни чизиб қўйдим. Шу дамда хонага энага кириб қолди-ю суратни кўриб гуп этиб йиқилди…”
“Березовадаги Меншиков” асари Суриковга нафақат шуҳрат, балки мўмайгина даромад ҳам келтирди. Шундан сўнг Василий Европанинг Германия, Франция, Италия, Австрия каби давлатларга саёҳатга чиқади.
Тақдир тақозоси билан 1888 йилда Суриковнинг меҳрибон турмуш ўртоғи оламдан ўтади. Тушкун кайфият ва руҳий изтироблар ичида қолган ижодкорнинг рассомчиликка бўлган ихлоси қайтади. Шундан сўнг, 1889 йили фарзандлари билан она шаҳри Красноярскка йўл олади. Болаликнинг шўхликлари ёдига тушадими, киндик қони тўкилган заминнинг қайноқ тафти таъсир қиладими, ҳарқалай, ижодкор яна санъатга қайтади. У ерда “Қорли шаҳарчани ишғол этиш” номли картинасини яратади Олқишларга сазовор бўлган бу асар 1900 йилда фаранглар пойтахти Париждаги кўргазмага қўйилиб, ўз муаллифини медаль билан тақдирлайди.
Ижодкор ўзининг сўнгги йирик асарларидан бири бўлган “Степан Разин” устида бир неча йил давомида ишлайди. Унинг бирдан бир мақсади исёнкор қаҳрамоннинг кучли руҳий ҳолатини ёритиб бериш эди.
Ижод аҳли машҳурликка қадам қўйдими, бас, танқидга ҳам бардош бериши керак. Танқидчилар Суриковни тасвирларидаги зичлик, изчилликнинг етишмаслигида айблашарди ҳатто, унинг асарларини “Кимхоб гилам” дея аташарди. Санъат асарини қандайдир гиламга қиёслаш тубанликдан ўзга нарса эмас. Начора, ҳар ёмоннинг ҳам бир яхшиси бор…
1910 йили Красноярскда Суриков ҳамда Л.А.Чернишев ҳиммати билан тасвирий мактаб бунёд этилади. Таълим даргоҳи учун ўқув қуролларини Суриковнинг ўзи Петербургдан юборар эди.
“Мен ғойиб бўляпман” – моҳир мўйқалам соҳиби Василий Иванович Суриковнинг ҳаёти шу сўзлар билан ўз поёнига етди. 1916 йил 19 мартда рассомнинг юраги уришдан тўхтади. Уни Москвадаги Вагандов қабристонига дафн этилган умр йўлдошининг ёнига тупроққа қўйдилар. Бунга қадар у қирқ йил давомида ўзининг буюк асарлари ила барчани ҳайратга солган эди. Ижодкорнинг “Бояр аёл Морозова”, “Ўқчи аскарларни жазолаш тонги”, “Суворовнинг Альп тоғларидан ўтиши” каби унинг яна бошқа бир қатор суратлари рус рассомлик санъатида алоҳида ўрнига эга.
1959 йили режиссёр Анатолий Рыбаков томонидан унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи филм олинди. Меркурийдаги картерлардан бири ҳам Суриков номи билан аталган.
Гулҳаё Абдуғаффорова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон