Беназир овози билан мухлислари қалбини ром этган ҳофиз Отажон Худойшукуров ҳаёт бўлганида бугун у дўстлари, мухлислари даврасида қутлуғ олтмиш беш ёшини қаршилаётган, янги-янги қўшиқлари билан дилларга завқ-шавқ улашаётган бўларди…
Ҳар гал, ҳофиз қўшиқларини тинглар эканман, ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бўлиб ўтган бир воқеа ёдимга тушади.
Ўшанда ёшлар газетаси (ҳозирги “Туркистон”)да чарчоқ нималигини билмай елиб-югуриб ишлаб юрган кезларим эди. Бир гал мени газетага қорақалпоғистонлик ёшлар ҳаётидан мақола ёзиб келиш учун олис Тўрткўл туманига жўнатишди. Икки-уч кун қишлоқма-қишлоқ юриб, ён дафтаримга кўп нарсаларни ёзиб олдим. Ёшуллилар, ёшлар билан суҳбатлашдим. Ишим битди. Аммо Тошкентга қайтадиган куни осмоннинг тоғораси тешилиб, тинимсиз икки кун тегирмоннинг новидан тушаётгандай шовқин солиб ёмғир ёғди. Дўл экин-тикинни янчиб-пайҳонлаб ташлади. Кўчаларни сув босди. Уйларнинг томидан ўтаётган чакка ҳаммасидан ўтиб тушди.
Вақт имиллаб ўтади. Шундай бўлса-да, кийим-бошим шалаббо бўлишига қарамай, ҳосил далаларида табиий офат билан курашаётган, сел йўлини тўсаётган одамларнинг олдига бориб, улар билан ҳам мулоқотда бўлдим. Ниҳоят, ёмғир тиниб, уфқнинг бир четидан қуёш мўралади. Эртасига эрталаб “Ан-24” самолётида Тўрткўл аэропортидан Тошкентга учдик.
Самолётда ҳофиз Отажон Худойшукуровни кўриб қолдим. Икки юзи қип-қизил, енги калта қизғиш кўйлак кийиб олган. Ёнида созандалари. Хуш кайфиятда кулишиб, чақчақлашиб келишяпти. Бир вақт стюардесса қиз кутилмаганда: “Ҳурматли йўловчилар, яна ўн минутдан кейин самолётимиз Бухоро аэропортига келиб қўнади”, деб қолди.
Бироз саросима билан қўндик. Шу ернинг ўзида ҳофизни мухлислар ўраб олишди. Отажон уларнинг саволларига жавоб қайтарар экан, кўринишидан бироз дағал, қўрс таассурот қолдирадиган бу йигитнинг майин одоби, ўзини тутиши, самимий муомаласи эътиборимни тортди. Йўловчи аёллардан бири: “Кузда ёлғиз ўғлимни уйлантираман, тўйга айтсак келасизми?”, деган эди, ҳофиз: “Худо ризқимизни қўшган бўлса, албатта, келамиз, опажон”, деб жавоб берди.
Ҳаво яна айниб, самолётнинг учиши чўзилиб кетди. Бошқа рейслар ҳам кечиктирилди. Бундай пайтда кўнгилга ҳеч нарса сиғмайди, аэропортдаги бир ўриндиққа камида беш-олти киши тўғри келади. Кутиш залидаги биргина телефонга яқинлашиб бўлмайди. Бугунгидек қўл телефонлари гужонда дейсиз у пайтлари. Ҳамманинг асаби таранг.
Мен ҳам асабийлашаман, таҳририятга эртароқ етиб бориб, ёзув столига ўтиришим, материални эртагача тайёрлашим керак. Нима қилишни билмай, уёқ-буёққа юраётган эдим, Отажон… қўлига торини олиб, қўшиқ бошлаб юборди. Шогирдлари унга жўр бўлишди.
Ҳали-ҳануз шу дилбар концертни эслаб юраман. Ўшанда мен Отажон ижросидаги қўшиқларни у билан деярли ёнма-ён ўтириб тингладим, ўзига хос ижро маҳоратини кўрдим, қўшиқ сўзларини бузмай, аниқ-равшан ифодалашидан мамнун бўлдим. Ва яна — самолёт учмай, ҳамманинг пешонаси тиришиб турган пайт эди. Санъаткорлар Тошкентдаги муҳим бир тадбирга кеч қолишдан хавотирда эдилар. Шундай бўлса-да, Отажон мухлисларнинг раъйини қайтармади. “Э, ўзимнинг ашулам чиқиб турибди-ку”, деса бўларди. Йўқ, у бундай демади. Бамисоли шу бугун, шу ерда концерт бериши режалаштирилгандай, яхши кайфиятда қўшиқ бошлади.
Албатта, биринчи тасаввур ҳамиша ҳам тўғри бўлавермайди. Ўшанда номи элда машҳур бу ҳофизнинг ижро маҳорати билан бирга ажиб бир самимияти, мухлисларига ҳурматидан кўнглимда ёруғлик пайдо бўлган эди. Комилжон Отаниёзовдай улуғ санъаткордан “Сиздан кейин саҳнада ким қолади?”, деб сўраганларида, у киши хоразмча лутф билан айнан шу йигитчанинг номини тилга олгани бежиз эмаслигини ҳам тушундим. Бу — жуда катта ишонч, саҳна ҳаёти ниҳоясига етаётган, касаллик хуружи тобора вужудини исканжага олаётган кекса ҳофизнинг илинж-умиди эди чоғи. Кейинчалик бошқалардан ҳам шундай фикрларни эшитдим. Ҳофиз билан узоқ йиллар ёнма-ён туриб куйлашган, дўст-қадрдон бўлишган кишиларнинг хотиралари менинг ўшанда, Бухоро аэропортида, ёмғир шивалаб, эзиб ёғаётган бир пайтда туғилган тасаввурим янглиш эмаслигини тасдиқлади. Ҳофиз ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқишим ортиб, кичик бир рисола устида ишлай бошладим. Шу сабаб ёзилган ва ёзилмаган кўплаб хотираларни яна бир бор назардан ўтказдим, тингладим, бу бетакрор санъаткорни яқиндан билган кишиларнинг суҳбатида бўлдим.
“…Мен Отажон Худойшукуровга учинчи дарё деб нисбат берган эдим, — дейди Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон. — У шу номдаги шеъримни эшитишни яхши кўрарди. Бирор бир издиҳомда, учрашувларда кўришсак, шу шеъримни ўқиб беришимни сўрарди.
Отажоннинг қўшиқлари! Юксак парда, гоҳ нола, гоҳ ўтинч, гоҳ ундов, чорлов, инсон овози юксак имкониятларининг инъикоси. Ҳофиз овози иймон жарчисидай бизни кўп нарсалардан огоҳ этади, руҳий оламимизни поклашга чақиради. Қудратли овоз асл шеърий матн билан уйғун бўлса, халқнинг, миллатнинг ғурури кўринади унда.
Хоразм мусиқа санъати мойбўёқда ёзилган улкан полотно десак, унинг бош қаҳрамонлари Ҳожихон, Комилжон, Отажон…”.
Отажон ҳақида фикр юритганда, бу бетакрор овоз соҳибининг хотираси учун кўп хайрли ишларни амалга ошираётган таниқли мусиқашунос олимимиз Отаназар Матёқубовнинг хизматларини ҳам алоҳида эътироф этишимиз зарур. Унинг хотираларида Отажон бор бўй-басти билан намоён бўлади:
“Машҳур санъаткор Жулиана Павароттининг вафоти жаҳон опера санъатида катта жудолик сифатида эътироф этилди. Ноёб овози ва ижро маҳорати туфайли Паваротти жаҳоннинг энг машҳур ва ардоқли шахсларидан бирига айланди.
Операнинг ватани Италия. Гарчанд Франция, Германия, Россия ва бошқа жойларда ҳам опера дурдоналари яратилган бўлса-да, Италия операси ўз соҳасида ҳанузгача пешқадамликни сақлаб келмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бунинг сабаблари равон куйлашга мойил бўлган италян тилидан бошланади ва опера замиридаги кўркам овоз санъати билан камолга етади. Италия операсининг ижро услуби мусиқий ислоҳда “bel canto”, яъни “гўзал куйлаш” дейилади. Куйчанлик, равонлик унинг устувор тамойили. Операнинг сўнмас жозибаси ҳам шу куйчанликда.
Олимларнинг кузатишича, “bel canto”нинг ўқ илдизлари Ислом дунёсида вояга етган овоз санъатига бориб тақалади. Одатга кўра, Қуръони Карим ёқимли ва гўзал овозда тиловат этилишига ислом маданиятида катта эътибор берилади. “Ҳофиз” деган тушунчанинг дастлабки маъноси Қуръон сураларини тўла ёд олган гўзал овоз соҳибларини англатади. Бу тушунчанинг иккинчи дунёвий маъноси гўзал овозда чиройли оҳанглар таратувчи санъаткорларга тааллуқли. Яқин тарихда ўтган ва ижролари оҳанрабо тасмаларига зарб этилган Ҳожи Абдулазиз, Мулла Тўйчи, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров ва бошқа кўплаб ҳофизларнинг мероси фикримизнинг далили бўла олади.
Бундан 30 йил муқаддам устоз Турғун Алиматов қизиқ бир нарсани тушунтириб берган эдилар. Бир куни гапдан гап чиқиб, ўзларига таъсир ўтказган санъаткорлар хусусида сўзлаб, Ҳожи Абдулазиз ижролари ва Тўхтасин Жалилов бастакорлигига хос бўлган ажиб сир-синоатни қайд этдилар. Кейин худди шундай фазилат Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқов ҳамнафаслигидаги ижроларда ҳам мавжудлигини айтдилар: “Маъмуржон ака ижросида бир авж парда бор. У ҳам фақат айрим ҳолларда, илҳом келганда чиқиб қолади. Ажойиб ҳофиз билан бир жойда бўлиб қолсам, шу пардани пойлаб ўтирардим. Ногаҳонда шу сайқал товуш чиқиб қолса, икки-уч кун унинг таъсирида юрардим. Парданинг ширасини, таъсирини сўз билан ифодалаб бўлмайди. У бир илоҳий сир-асрор ва фақат айрим санъаткорларга насиб бўладиган нарса”.
Овозга бундай юқори баҳо берилишининг сабаби инсон ҳиссиётига хос бир сифат билан боғлиқ. Гап шундаки, мухлис — тингловчи севимли санъаткори ижро этадиган куй ёки ашулага берилиб, уни ичидан ўтказиб, гўё ўзи ҳам қўшилиб ижро этгандай бўлади. Мусиқа санъатининг мўъжизакор қудратларидан бири шунда. Айнан шу туйғу туфайли шинаванда у ёки бу санъаткорнинг мухлисига айланади.
Бизнинг авлод мухлисларига кўп хизмати сингган санъаткорлардан бири, марҳум Отажон Худойшукуровнинг овози, сози, санъати ва ҳиммати тўғрисида кўп сўзлар айтилган. Мухлис ва шогирдлари томонидан нота тўпламлари, эсдалик ва хотира китоблари нашр этилмоқда. Уларда жуда кўп қалб сўзлари ҳамда қимматли кузатувлар баён этилган. Ана шундай оташин фикрлардан бири бугунги куннинг пешқадам опера хонандаси Муяссар Раззоқова томонидан билдирилган. Хонанда Отажон Худойшукуровни “ўзбек Павароттиси” деб эътироф этади. Жуда ўринли ва пурмаъно ўхшатиш…
— Отажон Худойшукуров қўшиқларини болалигимдан суяман, — деб ҳикоя қилади тўрткўллик таниқли журналист Ширин Раззоқова. — Бу дилбар, Аму сувларидай ўйноқи, Хоразм лазгисидай шўх наволар кўплар қатори менинг ҳам қалбимни ром этган. Унинг “Сувора”лари, “Сенингдек”, ”Нигоримга” ”Ўйлайман”, ”Жайхун шамоллари”, ”Сўйла гўзал” қўшиқлари мухбир сифатидаги сафарларимиз чоғи юракларни сел қилиб, манзилга етганимизни ҳам билмай қолар эдик.
Талабалик йилларимизда ”Табассум қил” қўшиғи ёшлар орасида роса машҳур булиб кетганди. Ёшлар шаҳарчасидаги ётоҳхоналарда бу қўшиқ кунора жаранглаб турарди. Шу йиллари Отажон оғанинг “Ширин” қўшиғи ҳам талабалар орасида урф бўлди. Қўшиқни эшитиб, кўнглим тоғдай кўтарилар, ундаги қалбга яқин сатрларни эшитиб қувонардим. Боз устига ҳамхона қизлар ”ҳамюртингиз сизга атаб қўшиқ куйлаяпти” деб, мени қувонтиришарди…”.
— Бир гал иш юзасидан йўлим Нукусга тушиб, автобус бекатида турсам, одамлар орасида энди поезддан тушган, оқ сариқдан келган, эгнидаги узун палтоси ўзига жуда ярашиб турган, уёқ-буёққа аланглаб, ниманидир сўрашга истиҳола қилаётган қирқ ёшлар чамасидаги истараси иссиқ бир одам диққатимни тортди, — деб хотирлайди шоира Гулчеҳра Раҳимова. — “Опа, Тўрткўлга борадиган автобус бекатини тополмай турибман”, деди у дабдурустдан менга юзланиб. Нотаниш йўловчига бекатни кўрсатиб юборар эканман, ундан Тўрткўлга кимникига келаётганини сўрадим. У кўзлари маъюс тортиб: “Отажон ҳофиз бетоб бўлиб қолибдилар. У кишини зиёрат қилгани келаяпман. Қашқадарёданман. Бу томонларга биринчи бор келишим. Ҳофиз билан таниш эмасмиз, аммо санъати шайдосиман. Қўлларини олсам, деб йўлга чиқдим”, — деди…
Шундай одам, дилбар овоз соҳиби дунёдан ўтди. Осмонда чақмоқдек чақнаб, довулдек сурон солиб ўтди-кетди. Унинг умри садоқатли шогирдлари овозида, мухлислари қалбида ҳамиша сақланиб қолади…”.
Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлганидек, қадим қорақалпоқ тупроғида, хусусан, Элликқалъада ҳам буюк ўзгаришлар юз берди. Собиқ тузумнинг калтабин сиёсати туфайли Оролбўйида юз берган экологик ҳалокат оқибатлари нечоғли жиддий бўлмасин, қорақалпоқ ҳалқи давлатимиз раҳбарининг алоҳида меҳри, эътибори, ҳукуматимиз белгилаётган чора-тадбирлардан руҳланиб, жамият ҳаётини ислоҳ қилиш, янги ёш авлодни тарбиялаш, буюк келажагимизнинг мустаҳкам иқтисодий-маънавий асосларини яратиш йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилмоқдалар. Қорақалпоғистонлик ёшлар илм-фан, бадиий ижодкорлик, амалий ва тасвирий санъат соҳаларида жиддий ютуқларни қўлга киритишаётгани айниқса қувонарли. Кейинги йилларда биргина Элликқалъа туманидан бир қатор ёш ижодкорлар етишиб чиқди. Бу ерда Отажон Худойшукуров хотирасига бағишлаб ўтказилаётган анъанавий танлов миллий маданиятимиз ва санъатимиз дарёсини янги жўшқин ирмоқлар билан тўлдирмоқда. Бу ерга келиб, қадим қалъалар қошида хаёл сурмаган, олис мозийнинг нафасини ҳис этмаган ижодкорларни топиш қийин. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов, халқ шоирлари Жуманиёз Жабборов, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Тўлан Низом, Маҳмуд Тоир, шоирлар Эркин Самандар, Тошпўлат Аҳмад, Ошиқ Эркин, Азим Суюн, Матназар Абдулҳаким, Мирпўлат Мирзо, Комил Аваз, Турсун Али, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова, Салим Ашур, Рустам Мусурмон ва яна бошқа кўплаб ижодкорлар мовий Ақчакўл бўйида, Аёзқалъада илҳом билан ҳароратли сатрлар битишган. Андижонлик шоир Шукур Қурбоннинг Элликқалъага саёҳати натижасида “Элликқалъа дафтари” номли тўплам юзага келди. Ақчакўл — донишманд Оролнинг кичик бир қатраси, қирғоғига яхши ниятга келган ҳар бир инсонга бағрини очади, дилини мунаввар туйғулар билан ёритади…
Шу сатрларни қоғозга тушираётганимда, радиодан Отажоннинг овози янграб қолди.
Умр қисқа, манзил узоқ,
Йиллар биздан кетар йироқ.
Мангу қўшиқ каби гувлаб,
Эсар Жайхун шамоллари.
Беихтиёр ҳофизнинг бошқа, дил-дилимизга сингиб кетган қўшиқларини эслайман. Улар гўё Отажон учун айнан ёзилгандай, Отажоннинг дардларини, кўнгил изҳорларини ошкор қилаётгандай туюлади: “Сочларингга тушса ҳамки оқ, пешонангни босса ҳам ажин, кирганда ҳам гавдамга титроқ, эшигингдан ўтарман бир кун…” ёки: “Умр — йўл, қайрилиш кўп, учрашиш, айрилиш кўп. Унутиш, айтилиш кўп, лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан, сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг…” (Омон Матжон шеърлари).
Ҳа, умр чиндан ҳам йўл, бизлар эса — йўловчи. Бир қарасанг, бу йўлнинг адоғи йўқдай — отда чопсанг ҳам, қуш бўлиб учсанг ҳам охири кўринмайди. Бир қарасанг, йўлга отланишингга арзимайдиган масофа — Махтумқули бобомиз айтганидек, “чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас”. Боз устига, айрилишу қайрилишлари, ногаҳоний зарбалари, ўйдим-чуқурлари кўп. Гоҳ ёлғизлик азобидан эзиласан, йўлингдан адашасан, гоҳ хуш-нохуш кимсаларга дуч келасан, ойлаб, йиллаб сафардошлик қиласан. Бошқа йўл йўқ, чора ҳам йўқ.
Умр йўли ким учун узун, ким учун қисқа. Бу йўлда ҳамма бир томонга қараб юради, бир манзил сари интилади, ортга қайтиб бўлмайди. Умр асли бир савдо. Ғавғоли савдо. Шу савдо битгунича йўловчилик қиламиз.
Отажон ҳофиз ўзининг унча узун ва унча текис бўлмаган умр йўлини одоб, ҳиммат ва ғурур билан босиб ўтди. Начора, у ҳам бу фоний дунё йўлларидаги бир йўловчи эди-да. Таскин шуки, унинг эзгу амаллари, чақмоқдек умри, гўзал қўшиқлари умр йўлларида ҳали давом этаётган йўлчи мухлислари, эл-юрти хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади. Биз унинг “Сувора”ларини ҳали кўп соғинамиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 40-сонидан олинди.