Нега Зарафшон, зар тарқатувчи? Суви зар рангда бўлганлиги учунми ёки йўлидаги гўшаларни обод қилгани, юртларни зарга кўмганлигиданми? Аслида униси ҳам, буниси ҳам рост. Зарафшон ўша Маччо тоғидан (5960 м.) бошланиб улкан узунлиги 24,7, майдони 40,8 яхоб, Зарафшон музлигининг тагидан чиқиб келади. Уни дастлаб Маччо дарёси деб аташган.
Атроф-теварагидан ўзига 15 тача музликларни қўшиб олувчи Зарафшон музлиги 24 км. давомида 5960 м.дан 2775 м.гача пасайиб келган – нақадар тик нишаб тушувчи музлик. Шунинг учун ҳам унинг улкан танаси водий бўйлаб суткасига 40-45 см. мудом пастга томон силжиб туради. Бу кўз илғамас ҳаракат нақадар суст кўринса-да, музликларнинг анча илдами ҳисобланади. Чунки Ўрта Осиё тоғ музликларининг ўртача суткалик ҳаракати 5-10 см. холос. Худди шу ҳаракат музликларнинг эришини таъминловчи дастлабки сабаблардан биридир. Бундан ташқари, музлик устини водийнинг ҳар иккала ён- бағридан уваланиб, емирилиб, қулаб, ювилиб, урилиб ҳамда шамол таъсирида учиб тушган майда чанг заррачаларидан тортиб, то улканлиги уйдек ҳарсангларгача эгаллаб олади. Уларни мореналар деб аташади. Мореналар музлик билан биргаликда, гўёки уни миниб олгандек қуйи томон ҳаракатлана бошлайди. Фасллар алмашган сари устма-уст ёққан қор ва янги қор устига қўнган янги мореналарни кўриш мумкин. Бу жараён шу тарзда давом этиб, мореналар музликнинг баданига тобора сингиб бораверади. Ниҳоят, эриш чегарасига етгач, сувга айлана бошлаётган муз биз ўйлагандек тарновдаги сумалак каби тиниқ эмас, балки ўша лойқа оқимга айланади. Зарафшон сувида Амударё ва Сирдарёга нисбатан фосфор миқдори 1,5-2 маротаба кўп учрайди. Бу, албатта, ҳар қандай унумдорлиги паст даланинг ҳам жонига оро киргизади, ҳосилдор қилади. Дарҳақиқат, дарё анча ёйилиб ва секинлашиб оқадиган Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Челак, Иштихон, Каттақўрғон тумани ҳудудларининг тупроғи теварак-атрофдагилардан фарқли ўлароқ, қора кулранг туслидир.
Гарчанд дарё суви ҳозир ўша биз назарда тутаётган ҳудудларни қамраб ололмаса ҳам, қадимда Зарафшон бугунгисидан бир неча ўн, балки юз бора серсувроқ бўлган, деган хулосани беради.
Зарафшоннинг делта қисмида тадқиқот олиб борган археологлар (академик А.Муҳаммаджонов раҳбарлигида) беш минг йил муқаддам у ўз сувини Амударёга қуйган, деган хулосага келдилар. Беш минг йил муқаддам эмас, беш юз йил муқаддам яшаб ўтган самарқандлик тарихчи олим Ҳофизу Обрў ҳам, Кўҳак суви сернам йиллари то Жайҳунга қадар етар эди, дея далолат беради. Баъзи бир қиёсий таққослашлар якуни ҳам қадимда Зарафшоннинг ниҳоятда муаззам дарё бўлганлиги тасдиғидир.
Дастлабки фаразга кўра, Зарафшоннинг асосий сув манбаи – музликлар ҳозиргисига нисбатан каттароқ бўлган. Буни Мастчоқдарё ўзани бўйлаб саёҳат қилган киши дарҳол илғаб олиши мумкин. Чунки музлик водийнинг ҳар икала ён бағрини ойнадек силлиқлаб “из” қолдирган, музлик ҳосилалари – мореналар ҳозирги музлик ётган 2775 м.дан бир неча ўн километр қуйида учрай бошлайди. Эрамизнинг бошларида яшаб, ижод қилган юнон олими Квинт Куртсий Руф шундай ёзади:” Сўғдиёнанинг катта қисмидан маҳаллий аҳоли “Политимет” деб атайдиган дарё оқиб ўтади. У аввал тор ўзандан оқади, сўнгра тор ғорга оқиб тушади ва ер остида кўздан ғойиб бўлади. Бироқ дарёнинг шариллаган товуши эшитилиб туради, ер усти доим зах”. Яна бир юнонистонлик олим Страбон ҳам Зарафшонни шундай таърифлайди.
Квинт Куртсий Руф тасвирлаётган манзара Зарафшоннинг юқори мансабига хос бўлиб, дарё оқиб кириб кетаётган ғор аслида муз ғоридир. Демак, дарё музликдан ажралиб чиққач, қуйироқда бўлиши эҳтимолга яқин. Бундай ҳолатлар кўп учрайди. Қалин мореналар эримасдан кўприк мисол дарё ўзанини қоплаб ётаверади. Бинобарин, икки минг йил муқаддам музлик чегараси биз тасаввур қилган ҳудуддан жуда ҳам қуйида ётган ва табиийки, шунга яраша кўп сув берган.
Сувнинг мўллигидан ва баҳор пайтлари ёйилиб оқишидан шунчалар кенг тўқай пайдо бўлганки, Самарқанд атрофида 10 минг қўшини бўлган Спитамен Александр Македонский аскарларига қақшатқич зарба бериб, дарё бўйидаги ўша чангалзорга кириб кўздан ғойиб бўлган.
Минг йил муқаддам яшаб ўтган тарихчи олим Наршахий Зарафшонни Рудизар, гоҳида Ҳаромком деб атаган ва Бойкандга оқиб боришини таъкидлаган. Бойканд эса тўқай ва каттакўлга туташади. Бу кўлни Баргин, Фарих, Қоракўл деб атайдилар, деб ёзади Наршакет.
Жайхоний (Х аср) эса бу кўлни Сомчан деб атайди. Бухоро сувининг ортиқчаси ўша жойга йиғилади. Унда сув жониворлари яшайди. Хуросоннинг ҳамма жойидан қуш ва балиқларнинг барчасини жамласа ҳам унга тенг кела олмайди. Демак, Улуғбек ҳам қиш фаслларида ов қилиш учун бекорга Қоракўлни танламаган, шунга асосланиб, атиги беш юз йил муқаддам ҳам Зарафшон жуда серсув бўлган экан, дейишимиз мумкин. Унда Зарафшон дарёсининг суви қачондан бошлаб камая бошлади? Агар яқин юз йилликлар ичида бу жараён юз бера бошлаган бўлса, нима учун икки минг йил муқаддам гуллаб-яшнаган Варахшадек шаҳристонлар эрамизнинг бошларига келиб ҳувиллаб қолди? Шундай муҳташам қасрлардан иборат кўркам шаҳарни ташлаб чиқишга одамларни сувсизлик, Зарафшон сувининг етиб бора олмай қолганлиги, ўзанини бирмунча тўғрига томон ўзгартириши ҳам сабабчи бўлди. Дарҳақиқат, Аму ёки Сирдарё каби Зарафшоннинг ҳам ўз оқимини тез-тез ўзгартириб, «тентираш» одати бор эди. Археологлар В.А.Шишкин, Н.А.Леонов, А.Муҳаммаджоновлар Зарафшоннинг қуйи оқимида кузатишлар олиб бориб, дарёнинг ўзани Ернинг исиш ва совиш даврларида нисбатан секин ёки тезроқ айланиши туфайли қутб ёки экватор томон силжиб туришини аниқладилар. Олимларнинг кузатишлари эрамизнинг бошларида янги исиш даври юз берганлигини, натижада музликлар кўпроқ эриб қисқариб борганлигини, жараён ҳамон давом этаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Иккинчидан эса, Зарафшон дарёсига қадимда Қашқадарё ўз сувини қуйган, яъни Қашқадарё Зарафшоннинг энг йирик ва охирги чап ирмоғи бўлган. Тарихий геологик даврларда, ҳатто Сангзор дарёси ҳам ўз сувини ўнг томондан Зарафшонга қуйганлиги тўғрисида полеогеографик маълумотлар мавжуд. Шундай бир ҳолатда Зарафшон, албатта, ҳозирги аҳволига қараганда, бемисл серсув дарё эди, дея оламиз. Дарё ўзанида сувнинг камая бориш даври ҳали Исо алайҳиссалом дунё юзини кўрмаган бир давр, яъни эрамиздан олдинги И-ИИ асрларга тўғри келади, десак янглишмаймиз, чунки ўлкамиздаги энг кўҳна гидротехник иншоотлардан бири Дарғом канали айнан Зарафшон сувининг бир қисмини водийнинг чап соҳилидаги янги очилган ерларни суғоришга олиб кетса, худди шу нуқтада кейинроқ пайдо бўлган Туятортар канали дарёнинг ўнг соҳили бўйлаб пайдо бўлган суғорма деҳқончилик учун сарф бўла бошлади. Ҳозирги вақтда Эски Анҳор канали орқали Қашқадарё воҳаси, Панжакент тумани (Тожикистон р.) ҳам бир қанча майдонларни Зарафшон суви билан суғоришади. Буларнинг барчаси дарё сувининг меъёрий жиҳатдан камайишига катта таъсир ўтказади.
Зарафшон водийсида тўрт миллиондан зиёдроқ аҳоли яшайди. Бу кўрсаткич дарё сувининг кескин ёмонлашувига билвосита ҳамда бевосита таъсир кўрсатмоқда. Билвосита сабаблар экин далаларидан, ёнлама сойлардан ифлосланган оқимларнинг дарё ўзанига қуйилиши, саноат корхоналарининг салбий таъсири ҳамда дарё қирғоғидаги айрим аҳоли пунктлари ёки рекреатсия майдонларининг мавжудлиги туфайли юз бермоқда.
Қадимдан нафақат Зарафшон водийсини, балки Қашқадарё ва Сангзор водийсини ҳам гуллаб-яшнатган бу қадимий дарё ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан салбий томонга ўзгариб бормоқда. Унинг бу хусусияти, айниқса, ўрта Зарафшоннинг қуйи, қуйи Зарафшон ҳудудларида одамлар саломатлиги билан боғлиқ турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Табиат ва инсон ўртасидаги зиддиятларнинг бир қисми Зарафшон дарёсига тўғри келаётганини тегишли ҳудуддаги мутасадди ташкилотлар ўйлаб кўрсалар, чакки бўлмас эди.
Асрор Низомов,
Гулнора Раҳимова,
“Марифат” газетасидан