КИРИШ
Сувнинг музлатилган бўлаклари кристалларини суратга ола бошлаганимга ҳам ўн йилдан ошди.
Шунга қадар Сувдаги тўлқин тебранишлари ўлчови юзасидан тадқиқот ўтказганман. Муз кристалларини ўрганар эканман, ғаройиб ҳодисага дуч келдим: Сув турлича йўсинда ўз фикрини билдиришга қодир экан! Муз кристаллари расмларига боқиб, уларда ҳали биз ўрганишимиз зарур бўлган теран донишмандлик мужассамлигини англадим. Табиий сув қувурдагидан кўра кўпроқ ажойиб шаклли кристаллар ҳосил қила олиш хусусиятига эга бўлиб, ёқимли мусиқа таъсирида улар янада гўзал шаклга киради. Сув устида “раҳмат”, “аҳмоқсан” иборалари айтилса, бунда ҳам турлича шакллар пайдо бўлади. Кристаллар, яъни зараллар, қандай ҳаёт кечиришимиз зарурлиги хусусида ҳали бизга кўп сабоқлар беради.
1999 йил, июн ойида “Сув номалари” деб номланган, фотографиялар жамланган китобим нашр этилди. Гарчанд китоб ўз ҳисобимдан чоп этилган, катта китоб дўконларида сотишга мўлжалланмаган бўлса-да, одамларнинг дуо-илтижолари боис энг харидоргир асарга — бестселлерга айланди.
Китоб нашриёти бизнесида бунақаси бўлмаган. Китобимнинг талаш-талаш бўлаётганидан ҳайратда эдим. Айни пайтда асар тўғрисида ёру биродарларига мароқ билан сўзлаб, шинавандаларимни кўпайтираётган одамларга нисбатан эҳтиромим ортарди. Китобимдаги ғоялардан янада кўпроқ кишиларни баҳраманд этиш ниятида инглизча таржимасини ҳам уюштирдим. Инглизча нашр муваффақият қозонди, тез орада маърузалар ўқиб бериш учун мени Швейцария ва бошқа хорижий мамлакатларга таклиф қила бошлашди. Дарҳақиқат, муз кристаллари номалари битилган фотосуратлар орқали Сув сўзлаётган китоб айни тарихий ўзгаришлар даврида босилган эди. Китобнинг тинимсиз нашр этилиши одамлар тирик Сув номаларини чанқоқлик билан қабул қилганини кўрсатар, бу ишни кўнглимга солган Тангрига шукур қилардим.
Кўпчилик худо борлигига шубҳаланиб, иродаси билан келишмаслиги менга маълум. Бу китоб эса худо яратган унсур — Сувга бағишланган. Сувни яхшироқ тушунганингиз сайин худо борлигини инкор этишингиз қийинлашиб боради. Китобдаги кристаллар суратларини кўриб, уйғонган ҳиссиётларингиз тўғрисида фикрлашингизни истардим.
Япониянинг “Санмарк” нашриёти мазкур китобни ёзишни таклиф этгандаёқ миямга ғаройиб ғоялар ёпирилди, кимгадир ёрилишни хоҳладим. “Санмарк” президенти Нобутаки Уэкига ғояларимни маъқуллади, ходими Рюя Сайтоуни айни вақтда Швейцарияда ўқиётган маърузаларимни тинглаш учун жўнатди.
Китоб тугалланган ҳозирги кунда мени қониқиш туйғуси қамраб олди. Мазкур асар деярли ўн йилдан ортиқ вақт ўрганганим “тебраниш назария”си, шунингдек, инсоният табиати – феъл-атворини кузатиш асносидаги тадқиқотларим ҳамда коинот тўғрисидаги мулоҳазаларимнинг ўзига хос “минбари” бўлди.
Имкониятдан фойдаланиб, “Кокоро” корпорацияси президенти Синдзи Танигавага, “Санмарк” нашриёти бош муҳаррири Наоки Утикига, Тацуе Сайтога, шунингдек, ушбу китобни ёзишда ҳамсуҳбат бўлган кишиларга ташаккуримни билдираман.
Сув кристалларини суратга туширишим учун имконият яратиб берган “Нитирэй Айс” компаниясининг собиқ президенти Тецуе Тагутига, ушбу китобнинг инглизча нусхасини чиқариб, Сув билан муносабатимиз ҳақиқатини дунё бўйлаб тарқалишига ҳисса қўшган “Бейонд уордз паблишинг” нашриётига чуқур миннатдорчилигимни айтаман.
Китобнинг барча ўқувчиларига ташаккур. Ва энг муҳими, Сув ҳузуридаги эҳтиромимни изҳор этароқ, шундай дейман:
— Раҳмат сенга, Сув!
МУҚАДДИМА
Асарни ўқишга тутинар экансиз, Сиздан: “бахтлимисиз?” деб сўрамоқчиман.
Тўғри, ҳар бир инсон бахт тушунчасини ўзича талқин қилади. Қани, қалбингизга қулоқ солинг-чи, юракда хотиржамлик ҳукмронми? Эртанги кунга ишонч борми? Ҳар тонг уйқудан уйғонар экансиз, қандайдир қувончга йўғриласизми? Агар шуларни бахт деб бўлса, бахтиёрмисиз?
Имоним комил, бу саволга ғоят озчилик “ҳа”, деб жавоб беради, аксарият эса ҳаётдан нолийди. Нолиш сабаби нимада? Дунёда нималар рўй беряптики, алал-оқибат одамзод ўзини бахтиёр деёлмаса? Назаримда, барчамиз хаос – олатасир даврда яшаяпмиз. “Хаос” сўзи “Тар тибсизлик” маъносини англатиб, Борлиқ олам яратилмасдан аввал мавжуд бўлган, шаклланмаган материя аломатлари саналади. Умргузаронлик қиларканмиз, ўзни уқубатда, эзилган сезамиз. Газеталар, телевидение бизни бошдан-оёқ ахборотга кўмиб ташлайди, ҳар қадамда муаммоларга, тушунмовчиликларга рўбарў келамиз. Ташвишларнинг чеки-чегараси, ечими йўқдай туюлади.
Қаерга бормайлик, турмуш ташвишлари зилдай босади. Иқтисодий қарама-қаршиликлар, оилавий нохушликлар, миллатлараро нифоқлар, экологик фалокатлар, диний урушлар… ва ҳоказо жажжи сайёрамиз қаддини букиб қўйган. Хароб бўлган одамлар ва уларни эзувчилар, бойиётганлар ва қашшоқлашиб абгор бўлаётганлар, хорланганлар ва хорлаб, роҳатланаётган кишилар тўғрисидаги хабарлар дақиқалар ичида ер шарининг нариги бурчидан бизга етиб келади.
Хўш, бу азоб-уқубатларнинг сабабкори ким? Нима учун кун кечириш тобора оғирлашиб, дунё кўзимизга қоронғи кўриняпти? Олатасир шовқин-суронга бошимизгача ботдик, дунёвий муаммолар эса тобора чуқурлашмоқда. Биз, ерликлар учун умумий — нимадир бор, барчамиз боши берк кўчадан чиқиш истагидамиз. Аммо, қандай қилиб? Бу саволга жавоб шунчалар оддийки, илгари ўйлаб ҳам қўрмаганмиз.
Тартибсиз урхо-урнинг сабаби нимада? Барча уқубатларнинг илдизи қайда? Ахир, тириклик оламимиз уйғунлигига нифоқ солинмоқда-ку! Ҳа, бундан қочиб қутулолмаймиз. Гарчи, барча одам ягона биологик тур саналса-да, ирқимиз, миллатимиз ҳар хил, фикрлашимиз ҳам турлича. Бундан ташқари, одамларнинг аксарияти ўзи моҳиятига етмаган неки бор, барчасини қийинчилик билан англайди ёхуд инкор қилади. Алал-оқибат кулфат ва уқубатлар сели бетўхтов ёпирилади. Инсон инсонлигича қолар экан, кўпчилик тасдиқ этган ҳақиқатни инкор қилувчи кимдир ҳамиша топилади.
Муқаддимамизнинг “берди”сига энди яқинлашяпмиз. Ер сайёрасида яшовчи барча одамлар бирдек ҳазм қила оладиган, тасдиқлайдиган ҳақиқат борми ўзи?
Бор. Мен шундай қарорга келдим. Ҳар бир ерлик учун бирдай зарур, борлиги исбот талаб этилмайдиган унсур — Сув дунёвий ва шахсий муаммоларимизга ечим бера олади.
Инсон вужудининг ўртача 70 фоизини Сув ташкил этади. Она вужудида ҳомила эканмиз, 99 фоизимиз Сув бўларкан. Туғилганимизда, танамизнинг 90 фоизи Сув бўлади. Кексайиш мобайнида танамиз қуруқшаб, жисмимизда 70 фоиз Сув қоларкан. Кексайган сайин танадаги Сув миқдори камайиб, тахминан 50 фоизга тушади. Бошқача айтганда, умримиз мобайнида энг аввало Сув сифатида мавжуд бўламиз – яшаймиз.
Жисмоний нуқтаи назардан қараганда, инсон – сув демакдир. Бу ҳақиқатни тасдиқ этгач, мен дунёга мутлоқ ўзгача назар билан қарай бошладим.
Сув ҳақиқати инсониятга тааллуқли бўлгани боисидан ҳам бу тўғрида дунёдаги ҳар бир одам билмоғини истайман. Назаримда, инсон ўз ҳаёти мобайнида босиб ўтиши зарур бўлган йўлни кашф этдим: бахтиёр, соғлом турмуш кечириш учун танамизнинг 70 фоизини ташкил этувчи сувни тозалаш талаб этилади. Дарё суви ҳаракатлангани, оққани учун ҳам тоза бўлади. Сув бир жойда туриб қолса, ўлади. Худди шунинг учун ҳам сув ҳамиша ҳаракатда бўлиши зарур. Мазкур ҳақиқатга кўра, бемор танидаги сув – қон ҳам “юрмай” қолади. Қон юрмас экан, жисмда айниш жараёни бошланади. Агар қон бош мияда тўхтаб қолса, ҳаёт хавф остида бўлади.
Нима учун қон ҳаракати тўхтайди?– деган саволга руҳ сўник бўлганда, ҳиссиётлар тўнганда, дея жавоб бераман. Замонавий тадқиқотчилар онг ҳолати тана ҳолатига бевосита таъсир кўрсатишини исботлаган. Ўзингизни яхши сезиб, маза қилиб яшаркансиз, жисмингиз ҳам яйрайди. Умрингиз жанжалу афсус-надомат ила кечса, жисмингиз букилади.
Демак, руҳий ҳолат вужуд аро оқар экан, бу ҳолатнинг яхши ёки ёмонлигига қараб, вужуд ё яйрайди, ё эзилади.
ҲАРАКАТ, ЎЗГАРИШ, ОҚИШ – ҲАЁТ МОҲИЯТИДИР
* * *
Инсон шакл-шамойилини олмай туриб, биз сув эдик. “Инсон Биз уни нутфадан — бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилгувчи бўлиб қолганини кўрмадими?!” Қуръони Карим, 36-сура (Ёсин, 77-оят). Сув моҳиятини англаган сайин инсонлик моҳиятини била бошлаймиз. Нима учун айнан сувдан яратилдик деган саволга жавоб бериш билан эса — улуғ тилсим сир-синоатини ечамиз.
Хўш, сув ўзи нима? Ҳаёт бағишловчи қудратдир у. Танамиз 50 фоиз сув йўқотса, яшашга умид қолмайди. Қон ҳамда жисмдаги ички суюқликлар сувдан пайдо бўлади, сув дармон бахш этиб, танада айланиб туради. Жисмимиздаги оқаётган қон – сув туфайли фаол ҳаёт кечирамиз. Сув жисмимизга қувват ўтказувчилик вазифасини бажаради. Сувнинг қувват узатувчанлигини танамиз бўйлаб ҳаракатланаётган юк машинасига қиёслаш мумкин. Агар жисм кирланган, ифлос бўлса, “машина” ичидаги юк ҳам кирланади. Худди шу боис сув тоза бўлиши ғоят муҳим.
Айни пайтда замонавий тиббиёт ҳам сувга қувват узатувчи сифатида қараб, ундан айрим касалликларни тузатишда фойдаланмоқда. Сув қадрини ғоят баланд тутувчи тиббиёт соҳаларидан бири гомеопатия1 ҳисобланади.
Гомеопатия соҳасига ХIХ асрда Германияда Самуэл Ханеман (1791-1843) томонидан асос солинган эса-да, илдизлари тиббиёт отаси Гиппократга (эрамизгача бўлган 460-370 йиллар) бориб тақалади. Гомеопатик тиббиёт асосчилари “заҳарни заҳар кесади” қабилида иш тутганлар. Мисол учун, қўрғошин билан заҳарланган беморга қўрғошиннинг сувдаги эритмаси миқдорида ичириш даркор.
Ғоят оз миқдордаги бу эритмада қўрғошин моддаси деярли йўқ ҳисоби, аммо Сув ўзида шу модда хусусиятларини сақлаб қолади ва шу йўсин заҳарланган бемор учун дори-дармон вазифасини ўтайди.
Гомеопатия шундай қоидани илгари суради: қанча кўп эритсангиз, шунча кўп наф беради. Бундан жисмингизда заҳар концентрацияси қанчалар юқори бўлса, эритма коэффиценти шунча кўп бўлмоғи зарур, деган мантиқли жавоб келиб чиқади.
Бу фикрни шундай ифодаламоқ зарур. Касаллик асоратларидан халос бўлиш учун модданинг таъcири эмас, балки сувдаги шу моддадан нусха олиниб, сақланаётган ахборот асқотади. Заҳар чиқараётган симптомлар – касаллик аломатларини ҳам айнан Сув хотирасидаги ана шу ахборот ўчириб-ювиб ташлайди.
Ҳа, худди шундай – Сув ахборотдан нусха олиш ҳамда хотирада сақлаш қобилиятига эга. Хулоса қиладиган бўлсак, Улуғ Уммон Сувида ҳам унинг туб-тубларини макон тутганларнинг яратилиши жараёнлари тўғрисидаги хотира мавжуд. Музликларда эса сайёрамизнинг миллион-миллион йилларга оид тарихи мужассам. Сув Ер шари бўйлаб айланади, инсон жисмидан оқиб ўтиб, бутун дунё бўйлаб тарқалади. Сув хотирасида сақланаётган маълумотларни ўқий олганимизда эди, ададсиз миқёсдаги оламшумул тарих сирлари очиларди.
Сувни тушунмоқ – коинотни, табиат ғаройибот-ларини, ҳаёт моҳиятини англаб етмоқдир.
* * *
Сув тадқиқоти билан узоқ йиллар шуғулландим. Сув ахборотдан нусха олиш қобилиятига эгалигини тушунганлигим ҳаётимни ўзгартириб юборди. Мазкур кашфиётни Америкада очгач, Японияга қайтдим.
Ўшандан буён Сувнинг ахборотдан нусха олиб, ёдда сақлаш қобилияти беморлар саломатлигини тиклашда қўл келяпти, шу йўсин касалларга ёрдам беряпман. Яқин кунларга қадар тиббиёт ходимлари Сувда шифо бағишлаш хусусияти мавжудлигини хаёлларига ҳам келтиришмас эди. Мен эса, Сув ёдда сақлаш ва ахборотни узатиш қобилиятига эга, дея мутлоқ ишонч билан тасдиқ этаман. Аммо тиббиёт ҳамжамиятида бу ҳақиқат ғоят қаршиликка учради.
1988 йили француз олими Жак Бенвенист гомеопатиянинг асосий усуллари юзасидан тадқиқот ўтказди. У дорига шунчалик кўп сув қуйдики, клиник усуллар билан бу эритмада дори мавжудлигини аниқлаб бўлмасди. Олим мазкур эритмадан беморга берганда, худди ҳақиқий дори сингари таъсир қилганлигини кўриб, тонг қолди.
Йил ўтиб Ж. Бенвенист ўз тадқиқоти натижаларини “Нэйчер” илмий журнали (Англия)га юборди. Мақола, “мазкур тадқиқот натижалари шубҳали бўлиб, ҳеч қандай физик асосга эга эмас”, деган шарҳ билан босиб чиқарилди. Ўшандан буён Бенвенист гипотезаси унут бўлди, кўмилди. Ҳа, илмий ҳамжамиятнинг қолипларига тушмайдиган тадқиқотлар тақдири ана шундай йўқликка маҳкум.
Сувда ахборотни эслаб қолиш қобилияти борлигини физик қонуниятлар билан исботлаш мумкинми, деган саволга кўпдан буён жавоб қидирардим. Қандай қилсак, бу ҳақиқатни кўзимиз билан кўришимиз мумкин?
Қалбингиз жами янгиликлар учун очиқ ва ташна экан, улуғ кашфиётлар сари бошловчи энг майда нарсаларни ҳам сеза бошлайсиз. Шундай қилиб, тасодифан бир китобни очдим-у, ўзимни ҳайратга солган хабарга кўзим тушди: “Қор кристалларининг бирортаси бошқасига ўхшамайди”.
Тўғри, бу ҳақиқатни мактаб давридан билардим. Миллион йиллар мобайнида Ерга тушган қор кристалларининг ҳар бири ўз ғаройиб шаклига эга. Қалбим, онгим анча аввал билган бу маълумотни батамом ўзгача талқин билан қабул қилди. Юрагим бу ҳақиқат учун очиқ ва уни тасдиқ этади. Ўйланиб қолдим, бу ҳақиқат мени янги кашфиёт сари одимлашга ундади: Сувни музлатиб, унинг кристалларини бир-бирига таққосласам-чи? Янги, ҳали тадқиқ этилмаган оламга илк қадамни қўйдим. Сувни музлатиб, кристалларини расмга олишга аҳд қилдим.
Табиатан “исни писга қўймайман”, янги ғоя туғилдими қўл қовуштириб, кутишга тоқат йўқ. Шу заҳоти компаниямизнинг ёш тадқиқотчисидан, бу соҳада амалий ҳеч иш қилинмаган бўлса-да, тажрибани бошлашни илтимос қилдим. Ҳаракатларимиз самара берадими-йўқми, таваккалчилик билан иш бошладик. Менинг эса тахминларим тўғрилиги, тадқиқотлар бесамар кетмаслигига ишончим комил эди: шундай бўлишини билардим. Қунт, матонат бобида мақтанолмасам-да, бу сафар асло бўш келгим йўқ эди.
Биринчи қадам: ғоят нозик микроскопни ижарага олдим. Совутгичда музлатилган сувнинг кристалларини микроскопда кузатиб, суратга олиш ҳаракати беҳуда кетди. Муз кристаллари хона ҳароратида эриб қолаверди. Аммо мен бўш келмасдим. Ҳар оқшом ишдан сўнг ёш ёрдамчимни овқатланишга чақирар, ҳаракатимиз самара беришига ишонтириб, руҳлантириб қўярдим.
Икки ойлик уринишлар, хатолардан сўнг, ва ниҳоят, Сув бизга олти қиррали гўзал кристалл ҳадя этди. Ходим бу хушхабарни етказганда ҳаяжонга тушдим.
Эндиликда тажрибалар учун ичида эркин ҳаракатланиш имкони бўлган, 5 даража муқим совуқ ҳароратли каттагина музлатгичим бор. Бемалол суратга туширавераман.
Юрагингиз бирор ишнинг уддалаш мумкин, деса уддалайсиз. Нимагаки қўл урмайлик, ўз эрку ихтиёримиз билан рўёбга чиқади. Тафаккуримизда нимани тасаввур қилсак, у Оламимизнинг бир бўлагига айланади. Бу – менга Сув билдирган ҳақиқатлардан бири.
* * *
Суратга туширганим Сув кристаллари ғоят пурмаъно бўлиб, уларда теран донишмандлик мужассам эди. Зарралар 20-30 дақиқа яшар, ана шу лаҳзада коинот ҳақиқати шаклларга айланарди. Қисқа муддат ичида кўз ўнгимизда сеҳрли олам сари дарча очиларди.
Бир марталик тажрибамда 50 донага етар-етмас бир хил шаклли кристаллар вужудга келар, баъзан эса ҳеч қандай шакл ҳам, кристалл ҳам пайдо бўлмасди. Зарраларимиз таҳлили шуни кўрсатдики, ҳар хил сув турлича шаклли кристалл ҳосил қиларкан. Айримлари қор кристалларига ўхшар, баъзилари кўримсиз шакл ҳосил қилар, бир хил сув музлатилганда, мутлақо шаклга кирмаган эди.
Дастлаб турли ҳудудлардаги қувур сувининг музлатилган кристалларини солиштирдим.
Токио суви… даҳшат! Бирор дона ҳам тугал шаклли кристалл ҳосил қилолмаса-я. Табиий сувни хлор билан дезинфекция қилишгандан сўнг қувур тизимига оқизишади. Хлор табиий сув таркибини буткул пароканда қилиб ташлайди. Табиий сув, қай манбадан олинишидан қатъи назар, булоқданми, дарёданми, сойданми, музлатилганда, тугал шаклли кристаллар ҳосил қилади. Муз кристаллари устидаги тадқиқотларим муваффақиятли борарди. Бу лойиҳага ўзим каби жон-дили билан берилган ҳамкорларимдан бири ажойиб таклифни айтиб қолди: “Келинг, Сувга мусиқа орқали таъсир ўтказиб боқайлик”.
Мусиқий тебранишлар сувга маълум бир таъсир кўрсатишидан хабардор эдим. Ўзим ҳам ашаддий мусиқа ишқибози бўлиб, чинакам мусиқачилик санъатини эгаллаш болаликдаги орзум эди. Табиийки, ҳамкоримнинг ғаройиб тажриба ўтказиш таклифини маъқулладим. Тажрибани қандай шароитда ўтказамиз, қандай мусиқадан фойдаланамиз – ҳозирча номаълум. Тажриба вақтида кўп хатоларга йўл қўйгач, ахир бир тўхтамга келдим: иккита динамик оралиғидаги столга бир шиша сув қўйилади, тингловчи одатда мириқиб эшитадиган ўртача баландликда мусиқа янграб туради. Аввалги тажрибаларда қўлланилган сувдан фойдаланамиз.
Дастлаб, дорихонадан сотиб олинган дистилланган сувни синаб кўрдик. Натижалар ҳайратланарли эди. Бетховеннинг ёрқин, соф оҳангли пасторал симфонияси янграганда, гўзал, тугал шаклланган кристаллар пайдо бўлди. Тантанавор гўзаллик ибодати мужассам Моцартнинг қирқинчи симфониясини тинглаган Сув нафис, латиф шаклларга кирди. Шопен этюдлари янграгандан сўнг шаклланган Сув кристалларига боқиб, қирралар чиройидан завққа тўлдик.
Ҳар қандай мумтоз мусиқа Сувга ғоят кучли таъсир кўрсатар, қирралари аниқ, чиройли шаклли кристаллар вужудга келарди. Қулоқни қоқиб, қоматга келтирувчи шовқин-суронли рок мусиқаларини тинглаган сув шаклланмаган, узуқ-юлуқ кристаллар ҳосил қиларди.
Тажрибаларимиз шу билан тугамади. Хўш, бир варақ қоғозга “раҳмат”; “аҳмоқ” сўзларини ёзсак-да, гўё бу сўзлар шишадаги сувга аталгандай ҳолатда қоғозни шишага қаратиб қўйсак-чи?
Наҳот сув ёзувни “ўқиса”, моҳиятига етса ва шунга мувофиқ тузилишини ўзгартирса? Мусиқа таъсиридан сўнг сувнинг энг ақл бовар қилмас сеҳргарликларига ҳам ишонишга тайёр эдик. Ўзимизни баайни буюк кашфиёт арафасида турган тадқиқотчилар каби сезардик.
Тажриба натижалари янада ҳайратли эди. “Раҳмат” сўзи кўрсатилган сув олти бурчакли мафтункор кристаллчалар ясади. “Сен аҳмоқсан” сўзи таъсирида эса сув худди шовқин-суронли рок мусиқасини “тинглагандаги” каби узуқ-юлуқ, хунукдан-хунук кристаллчалар ҳосил қилди. Сувга илтимос (“Манави ишни бажариб қўяйлик”) оҳанги яхши, буйруқбозлик (“Ишни қилмайсанми!”) эса ёмон таъсир кўрсатди. Илтимос оҳангида тўғри, силлиқ, ўзига жалб этувчи кристаллчалар юзага келган бўлса, буйруқбозликда эса, умуман шакл йўқ эди.
Мазкур тажрибалардан шундай хулоса чиқариш мумкин:
Сўзда куч-қувват мужассам. Эзгу сўзлар тебраниши теграмиздаги оламга ижобий таъсир этса, салбий, оғриқли сўзлар бу оламни вайрон қилиш хусусиятига эга.
* * *
Сувни ўрганиш, қандайдир маънода, олам яратилиши қонунларини тадқиқ қилиш, дейиш мумкин. Сув бизга намойиш этаётган кристаллар эса ўзга ўлчамли оламлар сари дарвозадир. Музлатилган сув кристалларини расмга туширган сайин ўзимизни Коинотнинг энг муҳим қонуниятларини англаш сари поғонама-поғона кўтарилаётгандай ҳис этардик.
Битта кристалл расми, айниқса, хотирамга михланиб қолди. Бу мен шу пайтгача кўрган кристалларнинг энг нафиси ва чиройлиси бўлиб, Муҳаббат ва Эҳтиром сўзлари таъсирида вужудга келди. Сув муз шаклида ғарқ очилган атиргул кристаллини яратиб, ўз ижодидан ўзи завқланар, шодлик таратарди. Муздаги атиргул кристалли шу қадар мафтункор эдики, уни кўрганимдан сўнг ҳаётимда кескин бурилиш рўй берди. Сув, инсон қалби нақадар нозиклигини, Муҳаббат ва Эҳтиром сўзлари дунёга қанчалар кучли таъсир кўрсата олишини англашга ўргатди.
Японияда шундай нақл бор: қалбдан чиқувчи сўзлар КОТОДАМА деб аталувчи руҳга, яъни Сўз руҳига тааллуқли бўлиб, қалбдан сўзлаганимизда оламни ўзгартиришдай лаёқатга эга бўларканмиз. Сув фикрларимиз, ҳиссиётларимизга беқиёс таъсир кўрсата олишини биламиз. Руҳлантирувчи сўзларни қўллаганимизда, ишларимиз силлиқ кетади. Аммо шу пайтга қадар Сўз ҳаракати ҳосиласини кўз билан кўриш имкониятига эга эмас эдик.
СЎЗ – ҚАЛБНИНГ НАМОЁН БЎЛИШИДИР. Модомики шундай экан, сўз боис юзага келувчи қалб кечинмаларимиз Сувга кучли таъсир кўрсатади. Жисмимизнинг 70 фоизи Сувдан иборат, демак, бу кечинмалар жисмимизга ҳам тааллуқли саналади. Жисмонан бақувват инсонлар руҳан кучли эканлигининг сабаби ана шунда. Дарҳақиқат, соғлом руҳ соғлом танада ўзини яхши ҳис этади. Кўплаб беморларнинг соғайиб, оёққа туриб кетишлари учун узоқ йиллар парвариш қилдим. Дард, изтироб чекаётган инсонлар кўплигини кўрганим сайин, касаллик айнан бир шахсга тегишли эмас, балки инқирозга юз тутган жамият парокандалигининг далолати, дегим келади. Даққиюнусдан қолган, пароканда дунёмизни ўзгартирмагунимизча, яраланган қалбларга малҳам бўлишни ўрганмагунимизча, жисман хаста беморлар камаймайди.
Мажруҳ, абгор дунё нима ўзи? Абгор дунё – мажруҳ қалблар мажмуи бўлиб, бу харобот бутун Борлиққа ўз таъсирини кўрсата олади. Кўлга тушган бир дона томчи тобора кенгайиб, кўпайиб борувчи сонсиз ҳалқалар ҳосил қилгани сингари, биргина қалбнинг жирканчлиги, хароблиги бутун дунё бўйлаб тарқалиб, глобал миқёсда мудҳиш аҳвол туғдириши мумкин. Аммо Умид ҳамиша бор, яшайди. Нажот эса Муҳаббат ва Эҳтиромда мужассам. Ер изланмоқда. Мовий сайёрамиз гўзал бўлмоқни истайди ва бунинг учун имкон қидиряпти.
Инсон – сув, дегандим. Худди шу боис ҳам муз кристаллари расмларини кўраётган одам қалбида Сув ўзгаришлар ясаётганлигига имоним комил.
Ҳа, мен музнинг энг гўзал — Муҳаббат ва Эҳтиром сўзлари қудратидан яралган мафтункор кристаллини кашф этдим. Ажаб эмаски, дунёдаги динлар пойдевори ҳам Муҳаббат ва Эҳтиромдан иборат бўлса! Ҳар бир инсон ҳаётида Муҳаббат ва Эҳтиром устувор бўлса, қонунларга эҳтиёж қолмасди. Бу ёруғ оламда бизга Муҳаббат ва Эҳтиром йўлдош бўлмоғи, хизмат қилмоғи зарур.
Сув биз – одамларга қандай ҳаёт кечиришимиз кераклигини аниқ-равшан кўрсатмоқда. Ҳужайралардан бошланувчи Сув тарихи бутун Коинотни қамраб олади. Ҳаётимга Сув кириб келгандаги кўтаринкилик ва ҳаяжонни сиз, азиз ўқувчим ҳам ҳис этажаксиз.
Биринчи боб
БОРЛИҚ ОЛАМ НИМАДАН ЯРАТИЛГАН?
Инсон сувдан яратилгани, вужуди асосан сувдан иборатлигини англаганимизнинг ўзи Борлиқ олам сирларини очиш йўлидаги илк қадам саналади. Агар тегрангизни қуршаган оламга ана шу нуқтаи назардан қарасангиз, мавжуд нарсаларни батамом ўзгача кўз билан кўра бошлайсиз.
Қарангки, инсон ҳаётида содир бўладиган яхши-ёмон ҳодисалар, воқеалар Сувда ҳам акс этар экан. Ҳар бир инсон, шунингдек, одамлар бирлигидан ташкил топувчи жамият қудратли уммонни яратади. Ва ана шу уммонга ўз томчимизни қўшароқ биз ҳам жамиятни шакллантиришда иштирок этамиз.
Сув ўзида сақлаётган номаларни кўпроқ одам англаб етмоғини истардим. Худди шу сабаб муз кристаллари расмларини альбом шаклида чоп этишга қарор қилдим. Бу хатти-ҳаракатим бор-йўғи бир томчи эди, аммо у одамлар уммонига тушгач, тобора кўпайиб, кенгайиб, бутун бошли ҳалқа-ҳалқа тўлқинлар юзага келди. Алал-оқибат бу тўлқинлар ўзимнинг, ғоят кўпчиликнинг ҳаётига катта таъсир кўрсатди.
1999 йил. Сув оламига ғайритабиий саёҳатимнинг олтинчи йилида кристаллар расмларини эълон қилдим. Шу муддат ичида хонамда ўз қисматини кутаётган расмлар уюм-уюм бўлди.
Расмларни эълон қилиш учун тайёрларканман, кўз ўнгимда чинакамига улуғ ва ғаройиб тарих жонланди. Ҳар бир кристалл ана шу улуғвор тарих тўғрисида сўйларди.
Расмларни тезроқ одамларга етказиш иштиёқида бир неча нашриётлар билан ғояларимни ўртоқлашдим, аммо улардан ҳеч бири менга пешвоз чиқмади. Бу лоқайдлик қароримдан қайтаролмади, кристаллар расмларини ўзим кўпайтириб, тарқатаман, дея аҳд қилдим. Орадан кўп ўтмай чучварани хом санаганим маълум бўлди. Расмларни китоб ҳолига келтириб, муқовалаб, нашрга тайёрлаган чоғимда ҳам Японияда мавжуд қоидалар асосида иш юритувчи китоб савдоси тизими китобларимни дўконларда сотишга рухсат бермас экан.
Бу, дарҳақиқат, ёриб ўтиш душвор тўсиқ бўлса-да, негадир парвоим фалак эди. Китобларим тайёр бўлгач, уларни ўраб, аввалдан буюртма берган юздан зиёд дўсту биродарларимга юбордик. Дастлабки нусхаларни жўнатганимиздан сўнг, ажабтовур воқеалар содир бўлди. Китобимизни олган одамлар қўшимча буюртмалар бера бошлашди. Буюртмачилар ўз яқинларига, улар эса ўз таниш-билишларига китоб ҳақида сўзлаб беришар, мухлисларимиз тобора кўпайиб борарди. Айрим мухлислар беш, ўн донадан сотиб олишар, дўстларига тарқатишарди. Бу кўлга сачрагач, тобора кенгайиб, ҳалқа-ҳалқа тўлқинлар ҳосил қилувчи ягона томчи ҳодисасининг ўзи эди.
Энди кристаллар расмлари чоп этилган китобимни бутун дунёга овоза қилишни истардим. Таржима бюроларидан бирига китобдаги изоҳли матнларни инглиз тилига ўгириш тўғрисида буюртма бердим. Бахтимиз кулди, тез орада бутун дунё аҳли китобимиздан баҳраманд бўлди. Кейинчалик таржимонимга айланган Сидзуко Оувеханд китоб нусхаларидан Европа, Америкадаги биродарларимизга жўнатди. Сув кристаллари расмларини кўрган турли мамлакатларда яшовчи мухлислардан юртларига ташриф буюриб, суҳбатлар ўтказиш ҳақида таклифлар ола бошладим. Сўнгги йилларда Швейцария, Германия, Австралия, Нидерландия, Италия, Англия, АҚШ, Канада сингари кўплаб мамлакатларни кўриш бахтига муяссар бўлдим. Дунёдаги минг-минглаб одамлар менинг кристалларим билан танишдилар.
Бу воқеалар айни вақтида бўлган кўринади. Одамзод ўзи яшаётган муҳитдаги олатасир, бетартиб, остин-устун ҳаёт моҳиятини англаш йўлларини қидирарди. Расмлар альбоми шу ноаён муҳитга тушиб, ҳалқа-ҳалқа тўлқин пайдо қилган ва қилаётган томчига айланди.
Бу расмларни японлар билан бир қаторда дунёдаги турли мамлакатларда яшовчи одамлар кўрдилар. Ўқувчиларим ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилиб каминага мактублар йўллашди. Кўлга ташлаган тошчам, дарҳақиқат, кенгаювчи доиралар ҳосил қилар ва улар яна ўзимга қайтарди. Инсон онги ва сўзининг қуввати музда кристаллар ҳосил қилганлиги воқелиги минглаб инсонларни ларзага солганлигидан ҳайратда эдим. Сўз ҳамда фикр Сув, тупроқ сингари унсурларни ўзгартира олиш қудратига эгалигини аксарият дастлаб қабул қилолмаса-да, бу ҳақиқат эди. Оқин дарёлардан олинган сув кристаллари тириклик олами гўзалликлари тимсолини намоён этса, ифлосланган сув кристаллари хунуклиги, беўхшовлиги билан қалбимизнинг қўрқинчли, қаро чангалзорлари ҳақида ҳикоя қиларди гўё. Маърузалар чоғида аудиторияга кристаллар слайдларини намойиш қиламан. Тингловчилар бунга ҳар хил акс-садо беришади. Айрим одамлар лолу ҳайронликдан карахт қотишса, бошқалар кўзёшларини аста артишади. Бир томчи Сув одамзодга турлича таъсир кўрсатишига гувоҳ бўламан.
Энг биринчи маърузамни ўқиш учун мени Швейцарияга таклиф этган Мануэла Ким расмларни томоша қилганида пайдо бўлган ҳис-туйғуларини қуйидагича ифодалаган:
“Сув кристаллари мўъжизаларини ўз кўзимиз билан кўриш имконига эгамиз. Бу расмлар онгимизда ошиғич сакрашни юзага келтиради. Онгдаги бу уйғониш дақиқалар ичида рўй беради. Ўзимиз ўйлаган, ҳис этган рўёни лаҳзада кўзларимиз билан кўрамиз”.
Швейцариялик яна бир тингловчи шундай ёзади: “Бизнинг онгимиз, бизнинг сўзларимиз қуввати теграмиздаги оламни ўзгартира олиш хусусиятига эгалигини ана шу кристаллар исботлаб берди ва бу ҳақиқат тасдиғини кўзларимиз билан кўриб турибмиз. Расмлар – ушлаб бўлмас қувватни кўзга кўрсатиб қўйган биринчи ва ягона воситадир. Биз кўзимиз кўрмаган нарсага ишонмаймиз. Муз кристаллари эса кўринмас қувват таъсирини тасдиқлаб бердики, ишониш ё ишонмаслик тўғрисида энди гап бўлиши мумкин эмас. Мазкур усул ёрдамида ҳар биримиз тажриба ўтказиб, ўзимиз учун бу ҳақиқатни исботлаб олиш имконига эгамиз”.
Япон ўқувчиларимдан бири менга шундай деб ёзганди: “Сув – оддий бир унсур эмас, балки қудратли табиатнинг тирик кучидир. Сувнинг поклаш ва тириклик оламига ҳаёт бахш айлашдай сирли хусусияти тўғрисидаги расмлар мени такрор-такрор ўйлашга ундади. Қалб, ҳиссиётлар, тебраниш муз кристаллари шаклланишига таъсир этишини кўрдим ва бунинг оқибатида Қалб ва Сўз қудратини ҳис этдим. Бу – жуда ғаройиб, ҳайратомуз таассурот туғдиради”.
Маълум бўлишича, муз кристаллари инсон қалби билан доимий равишда мустаҳкам боғланган экан. Муз кристалларида Борлиқ Олам сирларини очувчи калит яширинганлиги боис кристаллар минг-минглаб инсонлар юрагига йўл топди. Борлиқ оламдаги мавжуд тартибот, инсониятнинг ундаги асл ўрнини билишда айнан ана шу калит асқотса, ажаб эмас.
Сув – қалбларимиз ойнаси. Унинг юзи турфа хил. Бу турфа юз сайёрамизда яшовчи жами одамларнинг онгини, ҳис-туйғуларини Сув ўзида инъикос эттириши натижаси ҳисобланади. Инсон қалбида яширин бор туйғуларни акс эттириш қобилияти Сувга нима беради? Мазкур саволга жавоб беришдан аввал борлиқ ҳаёт тебранишдан иборат ёки Тириклик Олами тебранма ҳаракатдан иборат эканлигини тасдиқлашингизни сўрардим.
Бутун борлиқ тебранма ҳаракат ҳолатида мавжуд бўлиб, ҳар бир нарса ўзига хос, ғаройиб частотага тебранма ҳаракат тезлиги даражасига эга. Ушбу китобда мен сизга ҳикоя қилаётган ҳодисалар айнан шу фактга асосланади. Сув устида узоқ йиллар олиб борган тадқиқотларим натижасида шундай тўхтамга келдим: тириклик олами тебранма ҳаракат эканлиги Коинотнинг энг асосий тамойилидир.
Мазкур тамойилни атиги уч сўз билан ифодалаш мумкин, аммо бу тўғрида умуман эшитмаган одамлар уни тушуниши ғоят қийин.
“Тириклик олами тебранма ҳаракатми? Ҳатто мана бу стол-стул ҳамми? Менинг вужудим ҳам-а? Наҳотки биз кўришимиз, ушлашимиз мумкин бўлган нимаики мавжуд — бари бор-йўғи тебраниш, ўзгаришдангина иборат бўлса?” деб ўйлаётгандирсиз? Қўлларингиз билан ушлаб кўраётганингиз ёғоч, тош, бетон сингари қаттиқ моддалар узлуксиз тебранма ҳаракатда эканига, дарҳақиқат, ишониш қийин. Ҳозирги замон квант механикаси эса, материя-жисм тебранма ҳаракатдир, демоқда. Истаган нарсани майдаласак, барча мавжудот кристаллар ва тўлқиндангина иборат ғаройиб оламга тушиб қоламиз.
Ўз жисмингизни микроскопик ҳажмда кичрайтирдим, деб тасаввур қилинг-да, вужуд аталмиш оламингиз сирларини очиш учун саёҳатга отланинг. Шунда сиз ҳар бир нарса атомлардан, ҳар бир атом эса атрофида айланаётган электронлардан иборат ядрога эгалигини кўрасиз. Ушбу электронлар миқдори, шакли ҳамда орбитасига кўра ҳар бир модда ўзига хос тебранма ҳаракатда бўлади. Шу тариқа, қандай жисм бўлмасин, қаттиқ эмаслигига, балки, сон-саноқсиз тўлқинлар қуршаган ядрогина мавжудлигига иқрор бўласиз.
Ҳамма нарса мангу ҳаракатда, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа ақл бовар қилмас тезликда тебранишда мавжуддир.
Буддавийларнинг Хання-сингё (“Юрак донишмандлиги сутраси”)да шундай дейилган: “Нимани кўриш мумкин бўлса, унинг шакли йўқ; нимани кўриш мумкин бўлмаса, у шаклга эгадир”. Бир неча асрлар муқаддам Будда айтиб кетган парадокс (ғайримантиқ)ни замонавий фан исботлади. Кўзларимиз жисмларни кўради, лекин тебранишларни кўролмайди. Дарвоқе, мана бунга ўхшаш воқеаларга дуч келганмисиз?
Уйда ким биландир эркин, дўстона оҳангда қизғин суҳбатлашяпсиз. Тўсатдан уйга бошқа одам кириб келди. У одам эшикни очиши баробар муҳит ўзгаради, хонани тўлдирган ҳарорат ўрнини зулмат ва совуқлик қоплайди. Ташриф буюрганга разм соласиз: тушкун чеҳрали, елкаси букчайган, ҳаётдан безган бир киши. Ғамзада юрак, ишнинг орқага кетиши, жондан тўйиш… Ўзингизга шу саволни бериб кўришингизни истардим: нима учун айнан эшик очилиши билан уйдаги кайфият ўзгарди?
Одамлар ҳам ўзидан тебранма энергетик тўлқинлар чиқаради, ҳар бир киши ўзига хос, ғаройиб тебраниш ҳаракати тезлигига эга. Қолаверса, ҳар биримизда ўзгалар тебранишини ушлаб қолишдай ғайритабиий сенсорик қобилият мавжуд.
Изтиробни бошдан кечираётган киши изтироб тебранишини ишлаб чиқариб, тарқатса, ҳаётсевар инсон ўзидан чиқаётган қувонч тебранишлари билан атрофни чарақлатади.
Ўзгаларни севувчи одам ўзидан муҳаббат тебранишларини таратади. Қалби мудҳишликка тўлган инсонлар эса қора, ёвуз тебраниш тўлқинларини чиқарадилар.
Ушбу қоида турли жисмларга, шунингдек, ҳудудларга ҳам хос ҳисобланади. Тез-тез бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб турадиган жойлар бор; баъзи ерларда савдо-сотиқ гуллаб-яшнайди, айрим маконлардан бахт уфуради. Ўз эгаларига фақат кулфат келтирувчи олмос тўғрисида эшитганингиз бордир.
Бундан ташқари, тебраниш қоидаси жисмоний нарсаларгагина эмас, дунёда рўй бераётган ҳодисалар ҳамда жараёнларга ҳам тааллуқли бўлиб, улар ҳам ўзларига хос тебранма тезликка эгадир. Атмосфера қувватидаги ўзгаришлар момагулдурак, чақмоқ ва довулларни юзага келтиради. Кучли қувватдан эса табиий офатларни содир этади. Аммо биз бу ҳодисаларни бахтсизлик деб қабул этмаслигимиз керак. Чақмоқ ва довул ғоят кучли ёвуз қувватларни пуфлаб йўқ қилиб ташлашини инобатга олсак, табиат донишмандлигига тан берамиз – қўямиз.
Яна бир мисол. Турли байрамларни, тантаналарни биргаликда нишонлаш учун тўпланган, ясанган, шодумон кишилар қўшиқ айтиб, рақс тушишар экан, эскириб туриб қолган ёвуз тебраниш тўлқинлари чекиниб, шодиёна тебранишлар вужудга келади.
Дунёда нимаики мавжуд бўлса, барчаси ўзига хос ҳаракат тезлигида тебранади. Бу ҳақиқатни тасдиқ этаркансиз, Коинотни англаш борасидаги билимингиз, тушунчангиз кенгаяди. Ана шу тушунча боис илгари мутлақ кўрмаган нарсангизни кўра бошлайсиз. Онгингиз бурчакларида сақланган бу билим, бу туйғулар ва кашфиётлар қалбингизга янги ҳаёт бағишлайди.
Барча мавжудот тебраниш ҳолатида бўлади, демак, барча мавжудот товуш чиқаради.
Бундан биз барча товушни эшитамиз, деган хулосага борманг. Айрим одамлар дарахтлар товушини тинглаб, ўсимликлар билан мулоқот қилишлари истисно бўла қолсин.
Инсон қулоғи 15 дан 20 000 герцгача бўлган тебранишларни эшита олади. Қулоқларимизнинг эшитиш даражаси чекланганлиги бир ҳисобда яхши, акс ҳолда кечалари ухлай олмас эдик. Табиат оламида неки мавжуд бўлса, ғоят чеварлик – нуктадонлик билан ўйлаб яратилган ва барчаси мутаносиб ҳолатда туради.
Модомики товуш туғилаётган экан, уни асосий тингловчиси ҳам мавжуд бўлмоғи керак-ку! ҲА, ТОВУШ СУВГА АТАЛГАН. УНИНГ БОШ ТИНГЛОВЧИСИ – СУВДИР.
Нима учун мусиқа муз кристалларининг шаклланишига ғоят кучли таъсир кўрсатиши, айтилган ёки ёзилган сўзларнинг қандайлигига кўра сув турлича кристаллар ҳосил қилиши тўғрисида фикрлашингизни сўрардим. Жавоб эса ўша-ўша: ҳамма гап тебранишда. Сув бу оламда мавжуд барча моддалар чиқараётган тебранишларнинг ғаройиб тезликларига шу қадар сезгирки, у, шак-шубҳасиз, борлиқ оламни ўзида акс эттиради.
Мусиқа ва сўзлар – тебранишдир, уларни ҳар қандай одам енгил тушуниб, талқин қила олади. Буддавийларнинг диний маросимларида ижро этилувчи яккахон санолар сингари товушлар ҳам шифобахш тебранишлар тезлигига эга бўлади. Аммо мана бу воқеликни, яъни ҚОҒОЗГА ЁЗИБ, СУВГА КЎРСАТИЛГАН СЎЗЛАР ТАЪСИРИДА ЗАРРАЛАР ҲОСИЛ БЎЛИШИНИ ҚАНДАЙ ИЗОҲЛАШ МУМКИН?
Дарҳақиқат, ёзилган сўзлар ҳам ғаройиб тебранма нурланишлар ҳосил қиладики, Сув буни ҳис этади. Оламда рўй бераётган жамики тебранишларни Сув ҳаққоний акс эттиради, бу тебранишларни шаклга солиб, инсон кўзига кўрсатиб қўяди. Қачонки Сувга ёзма сўз кўрсатилар экан, уни тебраниш сифатида қабул қилиб, ўзига хос нома сифатида намоён этади. (Ҳарфлар ҳам сўзларни ифодаловчи визуал — маълум бир шаклга эга код эканлигини тасаввур қилинг).
Аслан олганда Сўз нима ўзи? “Аввалда Сўз бўлган эди”, тасдиқлайди Инжил (Ин 1:1) Демак, “Сўз” Борлиқ Олам яратилмасидан аввал мавжуд бўлган экан-да. Назаримда, инсон “Сўз”дан яратилган, ўз навбатида инсон сўзларни табиатдан ўрганган.
Инсоният табиат билан бақамти, уйғун, келишиб яшаган ибтидоий замонларда кишилар ўзларини ҳимоя қилишлари зарурлиги боис табиатдан туғилаётган ҳар қандай тебраниш ва товушларга нисбатан ғоят сезгир бўлганлар. Бирор хавф-хатарга учрамай туриб, бунинг олдини олиш учун ҳам ана шундай сезгирлик инсонга ғоят зарур эди. Инсоннинг яшаш учун курашида шамол гувиллаши, ирмоқлар чулдираши, ўтлоқда олишаётган ҳайвонлар наъра тортиши сингари товушларни тушуна олиш ва буни овоз ёрдамида бошқаларга етказиш заруриятга айланган. Нутқнинг илк намуналари бир неча сўздан иборат оддий номалар тарзида вужудга келиб, маданият ривожи, тажриба тўпланиши боис луғат бойлигимиз кўпайиб борган.
Модомики шундай экан, одамлар сўзлашаётган тиллар нима учун ҳар хил? Тил – теграмизни ўраб турган табиат пайдо қилаётган тебранишлардан вужудга келишини эътироф этсак, хилма-хилликни тушуниш мумкин. Осиё оролларининг намчил иқлимлари ҳар хил тебранишлар ҳосил қилади. Мисол учун Японияда йилнинг тўрт фасли ғоят чиройли ифодаланган бўлиб, япон тилининг об-ҳаво билан боғлиқ бой сўзлар луғатида бу ҳол ўз аксини топган.
Қайси тилда ёзилган бўлишидан қатъи назар, Сувга “Раҳмат” сўзи кўрсатилганда, чиройли геометрик кристаллар ҳосил қилди. Қачонки Сувга “Сен аҳмоқсан” сўзига ўхшаш ҳақоратлар айтилганда, у узуқ-юлуқ, бадбашара кристалларга айланди.
Инжилга кўра, Бобил минораси қурилгунга қадар Бани Одам битта тилда сўзлашган экан. Бу эса, турли қитъаларда, ҳар хил иқлимий шароитлар мавжуд бўлишига қарамай, Табиатнинг асосий қонуниятлари ҳамма ер учун бирдай ягоналигини кўрсатиб турибди.
Сув музлар экан, кристалл ядросини ҳосил қилиш учун томчилар бир-бирига жипслашади. Бу ядро тобора кенгайиб, олти бурчакли шаклга кирганда, Сувнинг кристалли пайдо бўлади; агарда табиат қонунлари бузилганлиги ахбороти сувда мавжуд бўлса, нотугал, бешакл кристаллар вужудга келади.
“Эҳтиром” ва “Муҳаббат” сўзлари Табиат, Ҳаёт қонуниятлари пойдеворини ташкил этади. Худди шу сабаб Сув ўз табиий ҳолида, албатта, олти қиррали кристаллар шаклини яратади. “Сен аҳмоқсан”га ўхшаш ҳақорат сўзлар табиатда мавжуд эмас. Бундайин салбий сўзлар инсонлар яратган нотабиий унсурлар саналади. Хафа қилувчи, ҳақоратловчи, мазах сўзлар — “маданият”ли инсоният ижодининг маҳсулидир.
Демак, Табиатда фақат Муҳаббат ва Эҳтиром тебранишларигина пайдо бўларкан, холос. Табиатни кузатиш асносида ана шу мулоҳаза ҳақлигини тасдиқладик. Дов-дарахтлар, наботот – ўсимликлар уйғунликда яшашади, демак, бир-бирини ҳурмат қилишади. Бу ўзаро уйғунлик, эҳтиром ҳайвонот дунёсига ҳам хос. Ҳатто шерлар ҳам эрмак учун эмас, фақат оч қолгандагина ўз қурбонини тутиб ейди. Дарахтлар соясида қолган ўсимликлар шикоят қилмайди, ҳайвонлар эса очликни қондириш учунгина овга чиқади. Американинг Century Sciense and Technоlоgy” илмий журналининг 1989 йил, март-апрел сонларида олим Уоррен Ж. Хамерман мақоласи чоп этилди. Олим шундай ёзади: “Инсон танаси деб аталмиш органик жисм нотадаги ўрта “До” дан тахминан 42 октава баланд бўлган товушга тенг тебранма ҳаракат ишлаб чиқаради. Ўртача “До” тебраниш тезлигининг замонавий стандарти тахминан 262 герцга тенглигини инобатга олсак, инсон танасининг товуши тахминан 570 триллион герцгача етар экан. Герц — бир сониядаги тебраниш миқдорини кўрсатади, модомики шундай экан, Инсон бир сонияда 570 триллион тебранишни вужудга келтиради. Ушбу рақам ақл бовар қилмас ички имкониятимиз, қудратимиз мужассамлигидан далолат беради.
42 октавани тасаввур қилиш мушкул, лекин инсон танасининг тебраниш тезлиги фавқулодда маҳобатли, турфа хил ва беқиёс, тенги йўқдир. Инсон вужуди ўзида тебранишларга тўла Коинотни мужассам этади ҳамда самовий миқёсдаги симфонияларни яратади.
Иккинчи боб
ЎЗГА ОЛАМ ДАРВОЗАСИ
Илтимос, бу китобни бир четга суриб қўйинг-да, бир стаканга сув қуйиб, унга боқинг.
Стаканда нимани кўряпсиз?
Сиз ўтирган хона, дераза ортидаги манзара, тегрангизни ўраган, ҳис этаётганингиз муҳит – бари-бари ана шу сувга ёзилган.
Сув шунчалар ҳаётимизга сингиб кетганки, уни оддий Сув деб биламиз, у ҳақида ўйлаш кўнглимизнинг кўчасига келмайди. Чанқовимизни қондирадиган, поклайдиган, таомимизнинг асосини ташкил этадиган, қўйингки, умримизнинг ҳар лаҳзасига кириб борадиган Сув тўғрисида ким ҳам фикр юритибди, дейсиз. Аслини олганда, оддий Сувдан кўра сирлироқ унсурнинг ўзи йўқ.
Муз Сувда чўкмайди, сузади. Бу оддий ҳақиқат эса Сувнинг энг катта сир-синоатларидан бири. Ҳар қандай модда суюқдан қаттиқ ҳолатга ўтар экан, қалинлашиб, нисбатан оғирлашади. Сув томчилари музга айланиш жараёнида ғоят тартибли жойлашади, томчилар оралағида бўш майдон қолдирилади. Муз яна сувга айланаётганда, юз минг баравар тез ҳаракатланаётган томчилар бўш майдонларни тўлдиради. Сувнинг қаттиқ-муз шаклига нисбатан суюқ шакли жипс, оғир бўлиши сабаби ана шунда. Сув энг оғир ҳолатда минус 4 даражали бўлади. Фаол томчилар ана шу ҳароратда молекуляр тизимдаги бўшлиқларни тўлдириб туради.
Ҳарорат кўтарилган сайин, томчилар янада фаоллашиб, зичлик кичрайишига олиб келади. Худди шунинг учун ҳам қиш қанчалар қаҳратон бўлмасин, музлаган кўл ёки денгиз тубидаги сув ҳарорати доимий – 4 даражалигича туравергани боис сувости ҳайвонот, наботот олами омон сақланади.
Сув ўзини бошқа моддалар сингари тутиб, муз чўкиб кетса, нима бўлишини тасаввур қилинг. Сиз билан мен ҳам бўлмасдик, албатта. Кўл, денгиз, уммонлар тубигача музлаб, бари жонзотлар қирилиб кетарди.
Муз чўкмаганлиги учун, сув юзаси музласа-да, сувости оламида ҳаёт давом этаверади.
Сувда бошқа моддаларни эритиш, уларни ювиб тозалаш хусусияти ҳам бор. Қанчадан-қанча моддаларни эритган сувни асл пок ҳолига келтириш жуда мушкуллигини биласизми? Ярим ўтказгичли заводлар, кимёвий фабрикаларда тозаланган Сув олиш учун оби-ҳаётни не куйларга солишмайди, дейсиз, махсус тозалагич воситалар аралаштиришади. Бундай тозаланган Сув пластик контейнерларга қуйилгач, мавжуд аралашмалар тезда эрий бошлайди. Сувни буткул тоза ҳолатда сақлаш ҳаддан зиёд мушкул иш. Жўмракдан ичаётган сувингиз ҳам, дарё сувлари ҳам, бир қарашда тоза туюлса-да, минераллар ва бошқа кимёвий воситалар билан ифлосланган бўлади.
Сувнинг турли моддаларни эритиш хусусияти қандайдир маънода “тирикчилик шўрваси”ни яратадики, уммонлардаги мавжуд жонли организмлар ундан баҳраманд бўлиб, ҳаёт кечиради. Ерда жами тирик мавжудотнинг туғилиши ҳам айнан шу “шўрва” туфайлидир. Дарҳақиқат, Сув – яратаётган ва ҳаёт бахш этаётган кучдир. Тириклик кристалларини ундираётган ҳам, Ер юзига тарқатаётган ҳам – Сувдир.
Хаос – тартибсиз, ола-тасир, остин-устун муҳитни ҳам Сув яратди ва яна ўзи буни тартибга солди, натижада ҳаёт барқ урган сайёра вужудга келди. Қадимдан шундай нақл мавжуд: қаерда сув бўлса, ўша ерда ҳаёт бор. Японияда сув ер юзасига кўтарилган ҳудудлар муқаддас саналган; бу ерларда кучли тоза қувват мавжуд дейишиб, қадамжоларга айлантиришган. Муқаддас деб топилган, тоза қувват таратиб турувчи бошқа ҳудудлар ҳам ерости сувлари устида жойлашган.
Ғаройиб физик хусусиятларга эга Сув – тириклик оламининг онаси ва Ҳаёт қувватидир.
Сув сир-синоатларини англаш йўлидаги тажрибаларим натижаларини таҳлил қиларканман, Сув — илоҳий неъмат, боқий оламнинг Ердаги мўъжизаси эрур, деган хулосага келдим. Ер юзида Сув нима учун ғоят кўплиги хусусида ўйлаганмисиз? Бундан 4,6 миллиард йиллар муқаддам Ер энди шаклланаётган даврда Сув буғланиб, булутга айланган, кейин эса тинимсиз ёмғир бўлиб ёғиб, сайёрамиздаги уммонларни ҳосил қилган.
Лекин бу ҳодисалар аввали Қуёш вужудга келиши билан бошланган. Турли газ бўлаклари тўқнашиб, аралашиб, қизил шар ҳосил бўлгунича айланаверган. Чанг ва газлар бирлашиб, Ерни, Қуёш тизимидаги бошқа сайёраларни вужудга келтирган. Ўша замонларда Ер таркибида водород бўлган ёнаётган магмадан иборат шар эди.
Магма сўнганда эса қайта шаклланган атмосферага водород буғ бўлиб учган.
Бу назарияларни ҳамма олимлар ҳам тасдиқлайвермайдилар. Айова университети олими Луис Франкнинг тахминича, Сув очиқ самодан сайёрамизга муз бўлаклари кўринишида тушган экан.
Сунъий йўлдошлар фазода туширган расмлардаги қора доғларни кўриб профессор Франк тадқиқотни бошлайди ва алал-оқибат, бу қора доғлар Ерга ёғилаётган кометалар, деган хулосага келади.
Бу жажжи-кометалар сув ва муздан иборат шарлар экан. Юзлаб ва ундан ҳам кўп тонна оғирликдаги шарлар Ер атмосферасига бир сонияда 20 ҳаракат тезлиги (бир йилда ўн миллон)да ёғиларкан. Франк назариясига кўра, худди шу муз шарлари тўрт миллиард йил муқаддам Ерни бомбардимон қилиши натижасида денгизлар, океанлар пайдо бўлган. Мазкур жараён ҳозиргача давом этмоқда.
Ернинг тортиш кучи очиқ фазодаги муз кометаларни ўз атмосферасига тортади, қуёш ҳарорати эса уларни буғлаб, сўнг газга айлантиради. Улар атмосферага тушаркан, газ бўлаклари ҳаво билан аралашиб, Ер юзига ёмғир ёки қор шаклида ёғади.
Бундан бир неча йил муқаддам НАСА ҳамда Гавая университетининг доктор Франк назарияси ишончли эканлигига оид баёноти оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама этилди, аммо дунёга бу янгича қарашни аксарият олимлар инкор қилмоқдалар.
Франк назарияси қабул қилинган тақдирда ҳам жаҳон кутубхоналаридаги китобларни қайта ёзиб чиқишга тўғри келади. Бу эса сайёрадаги ҳаёт билан боғлиқ илмий назарияларга янги нафас бахш этган бўлур эди.
Сувсиз ҳаёт йўқлигини ҳамма тасдиқлайди. Барча тириклик манбаи сув очиқ фазодан юборилган бўлса, мантиқан барча тирик мавжудот, жумладан инсон ҳам сайёраники эмас, ўзга оламдан келган хилқат ҳисобланаркан-да.
Сув – Ердан эмас, фазодан деган назарияга суянсак, оби-ҳаётнинг ғаройиб хусусиятларини яхшироқ англай бошлаймиз.
Муз нима учун сузади? Нима учун Сув турли-туман моддаларни эритиш хоссасига эга?
Нима учун тортишиш қонунларига зид равишда сочиқ пастдаги сувни тепага қарата шимиб олади? Сув ўзга оламдан келган деб тахмин қиладиган бўлсак, Оби-ҳаёт билан боғлиқ тилсимлар анчайин тушунарли туюлади.
Сув-очиқ фазодан келган, деган назарияни ақлимиз қабул қилмаса-да, у тасаввурларимизни ҳаракатга келтиради. Фазоаро олис саёҳатини тугатган Сув энди сайёрамиз бўйлаб ҳаракатланмоқда.
Муз бўлаклари Ерга учиб тушади, булутларга айланади, охир-оқибат, Замин бағрига ёмғир, қор бўлиб ёғади. Бу сув тоғларни ювади, тупроққа сингиб, минералларга тўйингач, яна юзага сизиб чиқади. Қуёш дарёлар ва океанлар сувини буғга айлантириб, яна булут ҳосил бўлмоғи учун Сувни атмосфера қайтаради.
Сув ҳам, ушбу айланма жараёнда у ҳосил қиладиган минераллар ҳам шу зайл Ҳаётни юзага келиши учун имконият яратади. Атмосферадаги карбонат ангидрид гази океанларда эриб, ғаройиб экологик мутаносибликни вужудга келтиргач, фотосинтез жараёнига имконият пайдо бўлади.
Бундан 3,8 миллиард йил аввал айнан Уммонда ҳаётнинг илк нишоналари пайдо бўлган. Эволюция жараёнида илк ҳаёт нишоналари сув ўтларига айланди. Фотосинтез хусусиятига эга сув ўтлари дастлабки кислородни ишлаб чиқара бошлади. Қуёшнинг ултрабинафша нурлари билан ўзаро алоқага киришган кислород Озон қатлами деб аталган Ерни ҳимояловчи қобиқ ҳосил қилди.
Кейин эса, бундан 420 миллион йил аввал, кислород ҳамда Озон қатламига суянган ҳолда Ҳаёт сувдан қуруқлик сари илк қадамини қўйди.
Бизнинг одамсимон бобокалонларимиз атиги 20 миллион йил муқаддам Африкада туғилган, деган тахминлар бор. Ернинг тўрт миллиардлик ёши билан чоғиштирганда, илк инсонлар кеча туғилгандай туюлади. Бу ҳам бўлса, Кислород ва Озон қатламининг шарофати.
Ҳаётни, унинг эволюцион жараёнларини пайдо қилган куч эса, албатта Сувдир! Ҳаёт учун зарурий озуқа моддаларни эрита олиш, тоғу тошлардан дарё ва океанларга оқизиб келиш хусусиятига эга Сувгина шундай мўъжизакор.
Ҳаётнинг бу улуғ ҳикоятини тасодиф дейиш мумкинми, ўзимиздан сўрайлик. Замонамиздан жуда-жуда олис, ақл илғамас даврларда куртак отган, сайёрамизда ҳаётнинг туғилиши билан боғлиқ, миллиард йилларни қамраган ҳақиқат тагзаминида Улуғвор Олий Онгнинг яратувчилик қудрати мужассамлигига иқрор бўлайлик.
Цукуба университети профессори Кадзуо Мураками ДНК оксидидаги ренин деб номланган кодни кашф этиб, дунёга донг таратди. Профессорнинг бу код юзасидан дунёқараши қуйидагича: “ДНКни теранроқ тушунганимиз сайин, жажжи маконга Кимнингдир қандайдир улуғвор қудратли қўлигина ғоят пухта ўйланган, мукаммал ахборотни ёза олиши мумкинлигига тан бераверамиз”. “Кимнингдир”га аниқлик киритиш учун олим “Қандайдир улуғвор” иборасини қўллайди.
Дарҳақиқат, “Улуғвор недир” мавжудлиги инкор этилса, Сув ва Ҳаётнинг оламшумул бирлиги ҳикоятини тушунтириш мумкин эмас. Самовот улуғ ният билан битган Ҳаёт асари тарихи ҳозирда ҳам давом этмоқда.
Қадим Сув очиқ фазони тарк этиб, Ерга ёғила бошлаганда, ўзи билан қандай хабар келтирган экан? У ўзи билан ҳаётни барпо этиш зарурияти акс этган дастур келтирган, дея тахмин қилишимиз мумкин. Аслини олганда ҳаётнинг ўзи нималигини аниқроқ тасаввур қилаётирсиз, деган умиддаман.
Осмондан ёғилаётган Сув. Унинг тупроққа сингиб, сизот-ерости сувига айланмоғи учун ўнлаб, баъзан юзлаб йиллар керак. Цюрих Техника университети олими Жоан С. Дэйвис ўттиз йилдирки, Швейцариянинг дарё сувлари устида тадқиқот олиб боради. Олима сизот сувни “доно”, эндигина ерга ёғилган сувни эса “ёш” деб атайди.
Доно бўлиш учун Сув ерни ёриб кириб, унга сингийди, турли минераллар тўғрисида маълумот йиғиб бўлгач эса, замин юзига сизиб чиқади.
Университетда ўттиз йил ишлаб қўйган профессор Жоан бу даргоҳни тарк этди, ҳозир ўзи тадқиқотлар ўтказяпти. Швейцариядаги симпозиумлардан бирида бу олима билан ҳаммаърузачи сифатида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Унинг тадқиқот мавзуи – Сувни қайта ишлаш усулларига бағишланган. Ҳозирда мавжуд бўлган сувни узундан-узун қувурлар орқали етказиб бериш тизимида Сув жисмимизни соғломлаштириш хусусиятини йўқотади. Юқори босим остида, катта тезлик билан қувурлардан оққан Сувнинг таркиби бузилиб, минералларини йўқотади.
Жоан, имкон қадар кўпчиликни, шу жумладан камбағал кишиларни соғлик учун фойдали сув билан таъминлаш учун оддий, қулай йўллар топишга бор диққатини қаратди. Муз кристалларини ишлатиб кўриш олиманинг таклифларидан бири бўлиб, бунда Сувга унча катта бўлмаган муз парчалари солинади, минераллар сақланган бу сув билан суғорилган экинлар соғлом, тоза ҳосил беради. Бундан ташқари, Жоан Сув сифатини яхшилаш учун магнитдан фойдаланиш имконини тадқиқ қилди; Сувга айланма ҳаракат берувчи қувур жўмраклари лойиҳасини яратди. Эндиликда у қандай қилса, қувур тизимида сув табиий равишда оқиши мумкинлиги устида тадқиқот ўтказяпти.
Жоан ўз ишлари ҳақида шундай ҳикоя қилади:
“Кўпчиликдан муз кристаллари юзасидан ўтказган тадқиқотларингизга қизиқишларини эшитдим. Менимча, бу тадқиқотлар одамларга ғоят зарур маслаҳатлар беради. Сувга ҳурмат кўрсатиш — энг асосий маслаҳатдир. Сув энг нозик қувватлардан ҳам таъсирланишини одамлар билсинлар. Ҳозирги пайтда Сув амалий муҳофазага олинмаганлигини олимлар, расмий доиралар эшитиб қўйсинлар, дейман.
Тадқиқотларим натижаси соғлиқни сақлаш, тиббий ёрдам соҳасида асқотади. Айни вақтда Сувнинг физик хоссаларига қизиқиш унча катта эмас. Мисол учун, минерал Сув фойдали дейишади. Аммо бундай Сувда мавжуд минераллар артериянинг қотишига сабаб бўлиши мумкинлигини ҳамма ҳам билавермайди. Бундан ташқари, минерал Сувларда карбонат ангидрид тузлари кўп, кислоталик даражаси юқори бўлиб, соғликка нафи йўқ. Ҳар қандай шароитда ҳам кимёвий ишланган сувдан фойдаланмай, имкон етганча, табиий манбалар Сувини ишлатган маъқул. Сув озодликни истайди ва озод бўлиши зарур.
Муҳими, бизда Сувга эҳтиром билан муносабатда бўлиш истаги уйғонди. Ҳозирги тамаддунимизда Сувга нисбатан ҳурмат унутилганлигини тан олайлик. Қадим Грецияда Сувни чинакам эъзозлашарди. Аксарият грек афсоналари Сувни муҳофаза қилишга бағишланган. Кейинчалик бу афсоналар илмга зид, деган фан пайдо бўлди. Сув ўз асрорларини беркитди. У замонавий технологик заруратда тозалаш мумкин бўлган моддага айланди-қолди. Гоҳо, “Тозаланган сув зилол сув эмас”, деймиз. Махсус заводларда қайта ишланган Сув гўзал кристаллар яратувчи Сув эмас. Сув тозаланишга эмас, ҳурматга муҳтож.
Бу доно сўзлар Сувни узоқ йиллар кузатиш натижаси саналади. Шундай юксак даражали олима Сув кристаллари борасидаги тадқиқотларим билан қизиққанлигидан, унинг Сувга нисбатан ҳурматидан бошим осмонга етди.
Жоан каминага шундай маслаҳат берди:
– Муз кристаллари билан боғлиқ назариянгизнинг физик асосини топишга муваффақ бўлсангиз, бу тўғрида ишонч билан дунёга овоза қилинг. Швейцария сув хоссалари тадқиқотлари борасида дунё бўйича етакчи, деб эътироф этилганлигини унутманг.
Олиманинг маслаҳати менга умид бағишлади. Чунки худди ўша вақтда Швейцарияда Сувни ўрганиш бўйича марказ ташкил этиш тараддудида эдим.
Сув ахборотни ёзиб олади. Ер сайёрасини айланаётган вақтида эса бу ахборотни ёяди — тақсимлайди. Коинотдан юборилган Сув ҳаётий илмлар билан тўла ва ана шу илмга калит муз кристалларига яширинган.
Сув яратган ғоят гўзал кристалларга боқаман: ҳаётнинг ўзи жисмга айланиб бораётгандай туюлади. Сувга чиройли эзгу сўзлар кўрсатилганда шаклланган муз кристаллари ғоят гўзал. Сувнинг “муҳаббат” ва “эҳтиром” сўзларига жавоби аъло! Яхши сўзлар Сувга илҳом бағишлайди, ҳаётни бус-бутун намоён этиш учун жисмга айланади. Зарраларнинг шаклланиш жараёнини мушоҳада қилиш — ҳаёт яратиш жараёнига ўхшайди, деган тўхтамга келдим. Бунинг боиси шундаки, кристалларга кўзимиз тушганда Сув ҳар лаҳза ўз кўринишини ўзгартиради. Нигоҳ ўзига хос қувватга эга. Нигоҳингизда эзгу ниятлар мужассам бўлса, Сувга жасорат бағишлаб, руҳлантиради. Ёвуз ниятли нигоҳ жасоратдан жудо қилади.
Журналимиз муштарийси бўлган бир оилада ажойиб тажриба ўтказишган. Иккита шиша банкага гуруч солишиб, бир ой мобайнида биринчи банкага “раҳмат”, иккинчисига “сен аҳмоқсан” сўзларини айтиб туришган. Шу давр ичида гуручлар қандай ўзгаришини кузатишган. Ҳатто болалар ҳам мактабдан қайтгач, гуручга қарата “раҳмат”, “сен аҳмоқсан”, деб туришган.
Ой ўтгач, “раҳмат” сўзини тинглаган гуруч ўзидан ёқимли, ўткир ис таратиб, ачий бошлаган, ундан ундириб, янчилган шоли иси келарди.
Доимий равишда “сен аҳмоқсан” сўзини эшитган гуруч эса қорайиб, чириб кетган.
Ушбу тажриба тўғрисида китобимда ёзганимдан кейин Япониядаги юзлаб оилалар бундай тажрибани ўзлари ўтказдилар. Натижа бир хил эди. Яна бир оила эса тажриба шартини бироз ўзгартирган. Улар учта банкага гуруч солишган. Биринчи банкага “раҳмат”, иккинчисига “сен аҳмоқсан” сўзларини бир ой мобайнида айтиб туришган. Учинчи банкадаги гуручга эса умуман эътибор қилишмаган.
Хўш, нима бўлди деб ўйлайсиз? Эътиборсиз қолган гуруч “сен аҳмоқсан” сўзини “эшитган” гурунчдан ҳам аввалроқ қорайиб кетган. Ўзгалар ҳам бу тажрибани ўтказишганда натижа бир хил бўлган. Кўриниб турибдики, умуман эътиборсиз қолиш ҳақорат эшитишдан ҳам кўра ёмонроқ экан.
Кимгадир ижобий, салбий муносабатда бўлсак, шу йўсин, унга ўз қувватимизни ўтказамиз.
Одамга, жамики мавжудотга мутлақо эътибор қилмасак, айниқса кўп зарар етказар эканмиз.
Назаримда, бу тажриба бизга катта сабоқ бўлди. Демак, фарзандларимизга эътиборли бўлмоғимиз, суҳбатлашиб турмоғимиз зарур. Самимий, меҳрли сўзларни болага ҳомилалик пайтидаёқ ўргатиш керак бўлади. Бунинг учун эса аёлимизга меҳр бериб, унга фақат чиройли сўзлар айтиш билан туғилажак фарзанд тарбиясига пойдевор қўярканмиз. Ўсимликларга самимий боқиб, рағбатлантириб гапирсангиз, хушмуомала бўлсангиз, улар гуркираб, яшнаб кетади. Хонаки ҳайвонлар, ҳатто ҳашаротлар ҳам меҳрга, майин муомалага муҳтож.
Ушбу китоб шарофати билан кўпчилик Сувни эъзозлайди, Сувга самимият ила боқади. Натижада Сув янада кўпроқ гўзал кристаллар яратади, шу тариқа янада гўзалроқ олам бунёд этилишида қатнашамиз.
Худо – ўз яратувчилигидан баҳра олишига, шунингдек, бизларга ҳам бунёдкорлик қобилиятидан беришни исташига шубҳам йўқ. Кейин эса Парвардигор кўкдан меҳрга, эзгуликка тўла улуғвор нигоҳини ерга қаратиб, яратувчилик қобилиятимиздан эркин онгли фойдалана оляпмизми-йўқми, кузатиб туради.
Тириклик олами тўғрисидаги барча хотира Еримизга қайтди. Бу хотирани Ерга Сувнинг қалби олиб келган эди. Ана шу хотирадан ҳаёт уйғонди, Одам пайдо бўлди, алал-оқибат сизу биз туғилдик. Сизнинг онгингиз, билимингиз, эрку иродангиз, муҳаббатдан туғилган табассумингиз – барча-барчаси Сувга янги ҳаёт бахш этиб, ўзгача ғаройиб Борлиқ оламни яратиш сари бошлаб боради.
Учинчи боб
ҲАММА НАРСАНИ ОНГ ЯРАТАДИ
Сувнинг ғаройиб хусусиятларини ўрганишни бошлаганимдан буён бутун дунёдаги сув намуналарини кўриб, тажриба ўтказиш бахтига ноил бўлдим. Заминимиздаги ҳар қандай ҳудуд Суви ўзига хос ғаройиб, гўзал хусусиятларга эга.
Бундан ташқари, сайёрамиздаги Сув тобора ифлосланиб бораётганлигини ўз кўзим билан кўрдим. Бутунжаҳон савдо ташкилоти шундай баёнот беради: ХХ аср нефт учун уруш билан бошланган эди, ХХI аср Сув учун урушлар гувоҳи бўлади. Японияда ёппасига хлор ишлатилганлиги сабабли тугал, тўлиқ шаклли кристаллар ҳосил қилувчи бирорта ҳам водопровод суви йўқ. Хлор илк бор Лондонда ХХ аср бошларидагина ишлатилган бўлса, Японияда эса мана, 50 йилдирки, ҳамон ундан фойдаланишади. Крандаги сувдан фарқли равишда булоқ, дарё ирмоқлари, бошқа табиий манбалар суви гўзал кристаллар ҳосил қилишини юқорида айтган эдик. Ҳозир ер остидан кўтарилаётган Сувнинг кўп қисми бундан эллик йиллар илгари осмондан ёмғир, қор шаклида ёққан бўлиб, айни ўша пайтда Японияда индустриализация бошланган эди.
Ёмғир Сувининг ифлосланиши дунёвий миқёс олди. Япон шаҳарларидан бирида диоксин билан зарарланган водопровод сувини музлатиб, кристаллар ҳосил бўлишини суратга олмоқчи бўлдим. Таассуфки, зарарланган сувда умуман кристалл асари йўқ эди. Саноат чиқиндилари оқар сувларни ифлослантиряпти, бу сув зарарли моддаларни бутун дунё бўйлаб тарқатяпти.
Умид ҳамиша яшайди. Диоксин билан заҳарланган Сув эгалари — шаҳар аҳли ўз оби-ҳаётларини муҳофаза этишга дадил киришдилар. Энди бу Сув тобора тозариб, кристаллар ҳосил қилиши енгил кўчяпти.
Аслида ифлосланиш ўз онгимизда бошланган.
Данғиллама уй-жойларда, тўкин-сочин, шоҳона ҳаёт кечириш йўлида ҳар қандай ножўя ишга ҳам тайёрлик фикри билан яшадик, тўймас, худбин нафсимиз буюрганини қилдик. Нафс кўйида табиат қонунларини оёқости қилдик, атроф-муҳитни булғаб ташладик. Инсон нафси-бади, очкўзлиги вужудга келтирган экологик хатар етиб бормаган жой сайёрамизда қолмади, ҳисоб. Зарралар расмларининг шарофати билан бир ҳақиқат ойдинлашди: Сув – қалбларимиз ойнаси экан. Қалбларимиз аслида қандай бўлмоғи керагу ҳозир қандай кўринишда? Сув бу саволларга ҳам жавоб бера олади. Қаёққа кетмоқдамиз? Сайёрамизни қандай ҳимоя қиламиз? Оқил, эрк-ихтиёри қўлида бўлган, эзгулик ошён қурган қалбининг амри билан яшовчи Инсон улуғ ҳилқат эканлигини амалда тасдиқ этсаккина, бундай саволларни кўндаланг қўя оламиз. Сайёра кушандаси, зараркунанда деган кўз билан инсониятга қарашга нуқта қўядиган вақт ҳам келади. Ҳар бир инсон туғма ғаройиб қобилиятларга эгалигига етарли баҳо беролмаймиз. Дарҳақиқат, Инсон ғоят қудратлидир.
Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, табиатда 108 тадан 111 тагача кимёвий элементлар мавжуд (менимча, 108 та, буни кейинроқ тушунтираман). Ҳозирги замон одамининг танасида 90 та элемент борлиги тасдиқланган. Жами тирик мавжудотлардан фақат одамгина шунча кўп кимёвий элементга эга, аммо мен бунга шубҳаланаман. Ичимизда ҳали кашф этилмаган элементлар мавжуд. Бу элементлар Одамзоднинг ТЎКИСЛИК ва КОМИЛЛИК эволюцион жараёни мобайнида юзага қалқиб чиқса, ажаб эмас.
Юксак эволюцион тараққиётга эришган мавжудотларда элементлар миқдори кўп бўлади. Инсонга қиёслаганда ўсимликларда кимёвий элементлар миқдори анчагина кам экан. Бу қандай намоён бўлади? Элементлар камлиги ҳиссиёт лаёқатининг пастлигини англатади, деб тахмин қилиш мумкин. Кўпгина ҳайвонлар оғриқни ҳис этишади. Одамзод (шунингдек эволюцион тараққиётда унга яқин махлуқларгина) ғам, кучли эҳтирос сингари юксак туйғуларни ҳис этишга қодир.
Инсон танаси – жажжи коинот деб талқин этсак, жисмимизда барча кимёвий элементлар борлиги табиий туюлади. Буддавийлик эътиқодига кўра, инсон 108 та заминий ҳис-туйғу (саросима, яқинлик, садоқат, рашк, манманлик… ва ҳоказо) билан дунёга келар, шу туйғулар боис бир умр қийналиб яшаркан. 108 заминий ҳис-туйғунинг 108 кимёвий элемент билан мувофиқлиги бор, дейиш назаримда, мантиқан тўғри. Бу тахминни аниқлаш учун дадил қадам қўйдим. Тебранишларни аниқловчи ускунамни Японияда синовдан ўтказдим. Ускуна атрофдагиларнинг ажойиб тебранишларини ўлчаб, сўнг тебранишларни Сувга узатарди. Турли одамлар чиқараётган тебранишларни ўлчарканман, салбий тебранишлар ҳар хил элементлардан чиқаётган тебранишларга мувофиқ тушиши маълум бўлди.
Аччиқланишдан юзага келган тебранишлар симоб тебранишлари билан эквивалент экан. Ғазаб – қўрғошин тебранишлари, афсус-надомат — алюминий тебранишлари билан эквивалент тушади. Шубҳа — кадмий билан, изтироб — темир билан, руҳий зарба — руҳ билан эквивалент, яъни тенг миқдорли тебранишлар ҳосил қиларкан.
Кейинги йилларда алюминдан ишланган ошхона идиш-товоқларидан фойдаланиш алгеймер касалини авж олдириши тўғрисида гапирилмоқда. Бунинг сабаби — изтироб, ғам тебранишлари алюминий элементи билан эквивалентлигида бўлса, ажаб эмас. Кексаликнинг ғам, надомати алюминийга мойиллик уйғотиб, алгеймер (хотирани йўқотиш) касаллигини бошлайди.
Аввалги бобда номи тилга олинган Жоан Дейвис қизиқ бир воқеани сўзлаб берди.
… Физик олимлардан бири сайёралар жойлашувининг Сувга таъсири тўғрисида тажриба ўтказган. Қоғоз турли минералларга бой Сувни сайёраларнинг маълум бир жойлашувига кўра енгил ёки қийин шимаётганлигини кузатган. Сайёралар ҳаракатининг ўзгаришига вола, дейлик, Сатурн Ерга кучли астрологик таъсир кўрсатганда, қоғоз қўрғошинни енгил шимиб оларкан, мис, кумуш, темирни ғоят оз шимар ёки умуман шиммас экан.
Бундан Сатурн билан қўрғошин ўртасида яқин боғланиш мавжуд, деган хулоса чиқариш мумкин. Металлар инсон ҳиссиётлари ва кайфиятига мос тебранишлар ҳосил қилади, (қўрғошин — ғазабга мос тебранади). Мантиқий хулоса чиқарсак, Сатурн ғазаб туйғуси билан мустаҳкам боғланган.
Астрологлар таъкидлаган сайёралар ва инсон шахси ўртасидаги боғлиқлик, қандайдир маънода, металларга ҳам тааллуқли, дейиш тўғри бўлур эди.
Мен учун бу назария чуқур маънога эга. Зеро, 108 заминий ҳис-туйғу билан 108 кимёвий элементлар орасида ўзаро боғлиқлик тўғрисида ўз тасаввурларим бор. Қуёш тизимидаги сайёралар сони – 9 та. Бу рақамни 12 га кўпайтирсак, 108 ҳосил бўлади. Даврий системага таянган ҳолда, қачондир қайси сайёра қайси элемент билан мувофиқ келишини аниқлаб оламиз.
Мазкур китоб устида ишлардим. Қизиқарли телевизион кўрсатувни бериб қолишди. Кўрсатувда ҳикоя қилинишича, Ердаги жамики моддалар олис Коинотда портлаган юлдузлар чўғидан яратилган экан. Бошқотирма учун яна бир мавзу…
Умримиз мобайнида 108 хил заминий ҳис-туйғу ҳукмронлигида яшаймиз. Аммо қочиб қутулиб бўлмайдиган салбий ҳиссиётларни қандай бошқариш мумкин? Ҳаёт яхши кечишини истасак, салбий ҳиссиётларни енгиш зарур бўлади. Хўш, ғазаб, изтироб, ҳасад сингари салбий туйғулар онгимизни хиралаштириб ташлаган бўлса, нима қилмоқ керак? Ҳиссиётлардан буткул халос бўлиш мумкин эмас, бунинг кераги ҳам йўқлигини тушунмоқ зарур. Бирон-бир инсон салбий фикрлардан буткул озод бўлолмайди.
Ҳар биримизда илк инсон онгининг уйғониши билан боғланган олис ўтмишдаги бобокалонларимиз хотираси яшайди. Аждодларимиз хотирасининг салбий томонларини ҳам мерос билиб, умргузаронлик қилиш пешонамизга битилган.
Нима бўлганда ҳам, қалбимизни забт этган салбий фикр ва ҳиссиётлардан халос бўлолмаслигимизни тан олиш ғоят ёқимсиз иш. Қалбимизнинг бу оғир юкидан қандай озод бўламиз? Тебранишлар қонунига суянадиган бўлсак, бунинг жавоби жуда оддий. Бунинг учун салбий ҳиссиётларга зид бўлган эзгу туйғуларни пайдо қилиш зарур. Икки қарама-қарши тўлқин бир-бирини қоплаши натижасида салбий туйғу йўқолади.
Бундан анча йиллар муқаддам япон университетларида бир товушни иккинчиси билан ўчириладиган усул ишлаб чиқилган. Олимлар қулоқни батанг қилувчи шовқинни… ўчирувчи шовқин яратишди, бунинг натижасида осойишта майдон ҳосил бўлди (мисол учун, телефон ёнида). Кераксиз шовқин тўлқини узунлигини аниқлагач, тадқиқотчилар бунга аниқ қарама-қарши шовқинни яратишади ҳамда бу акс товушни баланд гапирувчи приёмниклар орқали эшиттиришади. Оқибатда кераксиз шовқин буткул йўқотилади. Автойўллардаги автомобиллар мотори шовқинини кесишда ҳам айнан шу усул қўл келяпти.
Бу усулни инсон ҳиссиётлари доирасида ҳам қўллаш мумкин. Ҳар бир салбий ҳиссиётнинг ижобийси ҳам борлиги ҳақ.
Икки қарама-қарши туйғу бир хил узунликдаги тўлқинлар чиқариши фактининг икки сабаби бор. Худди доктор Джекил ва мистер Хайдуга ўхшаб биз ҳам икки юзлимиз. Қизиққон кишилар бўлар-бўлмасга йиғлаб юборишини кузатганмисиз? Яхшилигини ҳамма эътироф этувчи инсон эса кутилмаганда жиноят содир қилиб қўяди. Севикли қизларига нисбатан мулойим, меҳрибон йигитлар қиз уни тарк этмоқчи бўлса, ғазабга миниб дўқ-пўписага ўтишади.
Ёмонликдан буткул халос бўлган одамнинг ўзи йўқ, шунингдек, ҳеч инсон ёвузлик тимсоли бўлиши мумкин эмас. Инсон — қарама-қарши ҳиссиётларга эгалик хусусияти борлиги учун инсон саналади.
Нафрат қалбингизни забт этса, унинг давосини эҳтиром ва завқ-шавқ туйғусидан изланг. Бу тўғрида билсангиз ҳам нафрат ўрнашган юракка эҳтиромни сиғдириш қийин кечади. Мадад излаб табибга югуринг. Франциянинг Лурд шаҳридаги мўъжизавий сув Биби Марямга эҳтиром туйғулари ила тўлиқлиги учун ҳам шифобахш хусусиятларга эга бўлса керак. Нафрат тўлқинларини чиқариб касал бўлганлар бу муқаддас сувни ичиб шифо топишлари ҳақиқат.
Гомеопатияга пойдевор бўлган қоида бу ерда ҳам амал қиляпти. Заҳарга шу қадар кўп Сув қўшилдики, энди физик усуллар билан заҳарни аниқлаб бўлмайди. Аммо илк заҳарли эритма шифо бўлишини қандай шарҳлайсиз? Модда эриб йўқолса-да, Сувда унга хос тебранишлар хотираси сақланиб қолади; шу боис заҳар дорига айланади.
Мантиқан олганда, дорилар тана учун у қадар фойдали эмас. Дорилар касаллик аломатларини енгиллатиши, оғриқни йўқотиши мумкин, аммо улар кучли заҳарга айланиши ҳам турган гап.
Оғриқ қолдирувчи дорилар кўпинча, оғриқ тебранишларига нисбатан қарама-қарши тебранишга эга бўлади. Лаборатория шароитида турли моддаларни аралаштириб, зарурий тебранишларни топиш мумкин. Бу моддани аввало сичқонда синаб зарурий натижага эришгач, сўнг одамга қўллашади.
Тана дорини қабул қилгач, оғриқ қолади. Доридаги аралашма моддалар тебраниши ҳам тўхтайди ва уларнинг ҳар бири асл ҳолатига қайтиб, ўзига хос тебранишлар чиқара бошлайди. Тебранишлар тасодифан бошқа ҳужайра таркибига зарар етказса, хатарли асоратдан қочиб қутулолмайди.
Дорилар касалликни даволаш учун ишлатилади, аммо моҳиятан у ёки бу дори қандай таъсир кўрсатишини тушунмаймиз. Агар дорига тебраниш нуқтаи назаридан қарасак, батамом ўзга манзара намоён бўлади. Мисол учун, жарроҳликда шикаст тебранишлари анча кучли тебраниш даражалари билан даволанади. Кимдир баланд бинодан қулаб, ерга зарб билан тушди, дейлик. Ерга урилган вақтда тана тебранишлари даражаси юз-юзлаб бараварга кўпайиб, хатарли ҳолатни юзага келтиради. Бундай вазиятда бемор тенг ёки кучлироқ тебранишлар воситасида даволанади – яъни жарроҳ скалпели ишга тушади. Кескир асбоблар ўз табиатига кўра анча юқори тебраниш даражаларига эга бўлади. Жарроҳ кескир асбоблар ёрдамида бемор танасини ёриб, унда меъёрий тебранишларни ҳосил қилади.
Инсон танасини даволовчи шифокор энг аввало файласуф бўлмоғи шарт, деган ишончдаман. Ўтмишда шомон ёки қабила коҳини шифокор вазифасини бажарган. У қабиладошларини табиат қонунларига бўйсуниб, табиатнинг даволовчи — шифобахш кучларидан фойдаланиб яшашга чорлаган.
Шифокорлар тананинг касал аъзоларинигина эмас, бемор — инсон онгини ҳам даволаганларида эди, вақт ўтиши билан шифокорларга ҳам, касалхоналарга ҳам ҳожат қолмасди. Одамлар оғриб қолсалар, яқинда яшовчи файласуф ҳузурига ошиқардилар. Файласуф йўл қўйган хатоларини кўрсатиб, тузатиш йўлларини айтар, одамлар эса Тўғри Ҳаёт кечиришга қарор қилиб, уйга қайтардилар.
Ишончим комилки, келажак шифокорлари ҳозиргидай “даволовчилар” эмас, “маслаҳатчилар” бўлишади. Кўплаб одамлар билан соғлиги чатоқлиги тўғрисида суҳбатлашганман. Суҳбатлардан шундай хулоса чиқардим: аксарият касалликларимиз салбий ҳиссиётларга берилиш оқибатидир. Агар сиз салбий ҳиссиётларни енга олсангиз, касалликларни ўзингиз даволашингиз турган гап. Чунки бу инсонга Табиат ато этган туғма қобилият ҳисобланади. Ижобий кайфият муҳимлигини унутманг!
Ижобий фикрлаш иммунитет — касалликка қарши курашиш қобилияти тизимини кучайтиради, соғайиш томон ҳаракат қилишга мадад беради. Ҳозирги тиббиёт ҳамжамияти ҳам ижобий фикрлаш усулини эътироф этмоқда. Шифокорлардан бири саратонга чалинган беморларни тоққа кўтарилиш билан даволайди. Инсонга Ҳаёт моҳиятини англатсангиз, бу унинг руҳига мадад бўлади ва иммун тизимини мустаҳкамлайди.
Айни пайтда “яхлит” тиббиётга қизиқиш кучайган. Яхлит тиббиёт касаллик белгиларинигина эмас, балки беморнинг мавжуд ҳаёт тарзини кўриб чиқади, руҳий ҳолати тўғрисида ғамхўрлик қилади. Яқинда шифокорларимиз Япония Яхлит тиббиёт жамиятини ташкил этдилар.
Кўз кўрсагина ишониладиган замон ўтди-кетди, энди биз инсон учун энг муҳими — қалб поклиги эканлиги тўғрисида ўйламоқдамиз. Биз тўғри йўлдамиз. Янги бошланган юз йилликда ғоят кўпчилик тўғри фикрлашни ўрганиб яшайди.
Инсон танаси асосан — Сув, Онг эса — Қалбдир, жондир.
Сувнинг танамиз бўйлаб равон оқишига ёрдам берувчи куч — ҳар қандай тиббиётдан устун туради. Бу куч — қалбимизни покиза тутишимиздир. Танангиз бўйлаб энг гўзал кристаллар ҳосил қилувчи сув оқаётганлигини тасаввур қилинг-а! Шундай бўлмоғини истанг ва бунга эришасиз.
Муҳаббатнинг шифобахш кучига ҳеч қандай дори тенг келолмайди. Бу ҳақиқатни тасдиқ этганимдан буён одамларга қарата, ИММУНИТЕТ — МУҲАББАТНИНГ ЎЗИДИР, дейишдан толмайман.
Дарҳақиқат, салбий кучларни енгувчи, жисмимизга ҳаётий қувват бағишловчи Муҳаббатдан устунроқ не бор?!
Дарвоқе, яқинда бу иборани ўзгартириш заруратини ҳис этдим. Иммунитетни Муҳаббатгина эмас, Муҳаббат ва Эҳтиром вужудга келтиради. Қуйидаги тажрибадан сўнг бунга иқрор бўлдим.
Микротўлқинли печда сувни иситгач, магнит майдони кристалларга қандай таъсир кўрсатишини аниқламоқчи бўлдим. Икки хил сув олдим. Дистилланган ва кран суви. Кран Сувига “Муҳаббат,” “Эҳтиром” сўзларини кўрсатдим. Дистилланган Сувдан шаклланган кристаллар дабдаласи чиққан, нотугал эди… “Муҳаббат”, — “Эҳтиром” сўзлари таъсир этган кран Суви тугал кристаллар яратди. Бошқача таърифласам, “Муҳаббат”, “Эҳтиром” сўзлари магнит майдонининг бузғунчилик таъсиридан Сувни ОМОН сақлашди.
“Муҳаббат”, “Эҳтиром” сўзларини кўрган Сув энг гўзал кристаллар яратади. “Муҳаббат” сўзи ўз-ўзидан ғаройиб кристаллар ҳосил қилишга қодир. “Муҳаббат” ва “Эҳтиром” бирлашиб, кристаллга теранлик, нафосат, бриллиантнинг ярқираши монанд шаффофлик бахш этади.
“Муҳаббат” ва “Эҳтиром” кристаллари “Муҳаббат”дан кўра “Эҳтиром” ҳосил қилган кристалларга кўпроқ ўхшайди. Демак, “Эҳтиром” тебранишлари кучлироқ бўлиб, кристаллар шаклланишига катта таъсир кўрсатар экан-да. Муҳаббат – ўзни сўзсиз фидо этиш билан боғлиқ фаол куч. Эҳтиром эса нисбатан суст куч; сизга нимадир берганларидан сўнг пайдо бўлгувчи туйғу; сизга Ҳаёт инъом этаётганликларини англайсиз ва уни шукроналик билан қабул қилиш учун қўлларингизни узатасиз.
Муҳаббат ва Эҳтиром фалсафанинг Ян ва Ин туркумига мувофиқ, дейиш мумкин.
Муҳаббат Қуёш бўлса, Эҳтиром — Ой. Муҳаббат — эркак бўлса, Эҳтиром — аёл.
Суст қувват Ин — Эҳтиром нима учун Яндан — муҳаббатдан кучлироқ экан? Бу саволларга жавоб излаганим сайин биз қандай ҳаёт кечиришимиз керак, деган қизиқ ғояга тўқнашдим.
Муҳаббат ва Эҳтиром ўртасидаги муносабат қандай? Бу саволга жавоб ахтараркан, биз яна Сувга юзланамиз. Сув молекуласи водороднинг икки атом ва кислороднинг бир атоми бирикмасидан иборат бўлиб, Н2О кимёвий формулага эга. Агар Муҳаббат ва Эҳтиром ҳам кислород ва водородга ўхшаб 1:2 пропорция билан боғланса эди, Эҳтиром Муҳаббатга қараганда икки баравар кўп бўларди.
Муҳаббатдан икки баравар кўпроқ Эҳтиром — бу барча интилиши зарур бўлган нисбатдир. Семинарлардан биридаги нутқимда айнан шу нисбатни эслатиб ўтдим. Икки ёш аёл семинардан сўнг ёнимга келиб шундай дейишди: “Мулоҳазаларингиздан ғоят таъсирландик. Сиз бу нисбатни эслатиш билан, одам гапирмоғи учун албатта битта оғиз, эшитмоғи учун иккита қулоқ берилган, кам гапириб, кўп эшитиш керак, демоқчисиз, тўғрими?”
– Мутлақо тўғри! — дея ҳайқирарканман айни шу лаҳзада бироз донороқ бўлганимни ҳис этдим.
Табиат оламига боқайлик: суст қувват катта кучга эга бўлади. Денгиз балиғи жуда кўп миқдорда икра-увилдириқ қўяди, лекин бу икранинг озгина қисмигина балиқчаларга айлана олади. Кўплаб икралар бошқа денгиз жонзотларига озуқа бўлади.
Одамлар қачонлардир Муҳаббатдан кўра кўпроқ Эҳтиромни қадрлаб яшаганмикин? Аксинча, деб ўйлайман.
Муҳаббатнинг улуғворлигини инкор этиб бўлмайди. Муҳаббатнинг кучи ва ҳукмронлиги ҳақида аксарият умумий тушунчага эга. Чунки биз Муҳаббат кучига асосий эътибор қаратилган маданият тарбиясини олганмиз. Аммо бу формуланинг иккинчи қисми деярли унутилган.
Инсоният ниманики кўз билан кўриб бўлмаса, ундан юз ўгирди, бутун эътиборини моддий оламга қаратди. Моддий оламдан кўпроқ нарса олиш мақсадида ўрмонларни ёппа кесиб юбордик, чўлларни ўзлаштирдик, шу зайл ўз маданиятимиз ҳукмронлигини таъминладик.
Инсоният жамиятининг мазкур ривожини, дарҳақиқат, оиламизга, юртимизга Муҳаббат меваси, деб қараш тўғри бўлур эди. Аммо шу зайл яшайверарканмиз, жанжалларнинг ниҳояси бўлмайди. ХХ аср тарихи курашлар ва урушлар тарихи эканлигининг бош сабаби ҳам Муҳаббатнинг оила, юрт сингари тор доирада қолиб кетганлигидир.
Ва ниҳоят, ақл-ҳушимиз орқали ёниб кетаётган йўлимизнинг боши берклиги, ҳеч қаёққа олиб бормаслигини кўрсак, ажаб эмас. Ҳаётнинг барча бойликларини эгаллаш учун ғоят кўп қурбонликлар бердик. Ўрмонлар кесиб битириляпти, тоза сув тугаб битди, ҳатто она-Ерни ҳам тилка-пора қилиб, бўлаклаб сотдик.
Дунёмизнинг бугунги эҳтиёжи — Эҳтиром. Энг биринчи қиладиган ишимиз борига шукур, қаноат қилиб яшаш бўлсин. Табиат олами ранг-баранг, ғоят бой сайёрада туғилганимиз учун шукур қилмоғимиз зарур. Ҳаётимизни ҳаёт қилаётган Сув қошида Эҳтиром бажо қилмоғимиз эса шарт. Кўкракни тўлдириб тоза ҳаводан нафас олиш имконияти борлиги учун шукрона айтишни биламизми?
Кўзингизни катта очинг; қалб нигоҳи билан тегрангизга боқинг, ҳа, бу олам борлигининг ўзиёқ ҳар нафасда Эҳтиром ила яшашга арзийди.
Эҳтиром тимсолига айлансангиз, танангиз бўйлаб оқаётган сув нақадар тоза бўлишини тасаввур этинг-а! Шундай қила олсангиз, гўзаллашиб, ёруғлик таратаётган кристаллга айланасиз.
Тўртинчи боб
АТИГИ БИР НАФАСДА ДУНЁ ЎЗГАРАДИ
Сизнингча, чинакамига тоза сувни қаердан топиш мумкин? Швейцария Алплариданми? Балки Шимолий қутбдандир? Ёки Жанубийсиданми? Тайёрловчилар дунёда энг яхши деб тасдиқлаётган бир шиша сув топиш қийин эмас. Аммо ҳақиқатан яхши сувни сотиб олиш мумкинми?
Сув — шунчаки оддий Н2О эмас. Майли, сиз энг табиий, сифатли Сув ичинг, агар қалбингиз пок бўлмаса, оби-ҳаёт ширин таъм бермайди.
Ижозатингиз билан сизга савол берай: қалбингиз покми?
Ишдаги келишмовчиликлар сизга оғирлик бермайдими? Оилавий жанжалларга қандайсиз? Онгингиз сокин эмасми? Дарҳақиқат шундай бўлса, энг оддий, жонга теккан таъмли Сув ичмоқдасиз. “Ҳаммаси онг орқали ўтади, демоқчимисиз?”, деган фикрга бордингиз. Лекин мен бошқа бир ҳақиқатни сизга етказмоқчиман: шукроналик билан ичилган Сув таркиби қалбда қора туйғулар билан шимирган Сувдан фарқ қилади.
Ҳиссиётлар ва сезгиларимиз ҳар нафасда бу оламга таъсир кўрсатиб туради. Бунёдкор сўзлар ва тимсолларни йўллаш билан гўзал олам яратишга ҳисса қўшасиз. Бузғунчи фикрлар чиқарсангиз, Коинотни вайрон қилувчилар сафида бўласиз. Бу ҳақиқатни тушунгач, энди атрофингиздагиларга ғазабнок сўзлар айтишдан тийиласиз, ўз хато ва камчиликларингиз учун бошқаларни айбламайсиз. Ҳа, дунёни бир нафасда ўзгартиришга қодирсиз. Қуйидагилардан қай бирини танлайсиз?
Муҳаббат ва Эҳтиромдан ёришган оламними? ЁКИ УҚУБАТ, НОШУКУРЛИК, НОТАВОНЛИКНИМИ? Айни вақтдаги кайфиятингиз — жавобни белгилайди.
Буддавийлик таълимотига кўра, оламда ҳамма нарса доимий ўзгаришда, ўзгарувчанликкина муқимдир.
“Тебранишлар” тилида буни шундай тушунмоқ керак: тебранаётган жисмнинг ҳолати ўткинчи, тебранишлари эса абадийдир.
Бу оламда неки мавжуд экан, айни ҳозирда яшайди, деган тушунчани англаш сизга умид бағишлайди, ҳаётингизни ёруғликка тўлдиради. Ўтмишдан хавотирингиз йўқ, келажак қандай бўлишини истасангиз, у шундай бўлади. Сизнинг қандайлигингиз айни шу лаҳзада бутун дунёга туша оладиган калит экан.
Инсон онги бу дунёга қанчалар таъсир кўрсата олишини синаш учун тажриба ўтказасиз. Фикрингиз кучи ёрдамида осмондаги булутни артиб ташланг.
Очиқ кун. Осмондаги жажжи булутни нишонга олинг. Бу ўйинда фикрлар муҳим, шу боис ҳам булут йўқолишига ИШОНИШ зарур, аммо ортиқча зўриқманг. Ҳаддан зиёд жамланиш ҳам тескари самара – натижа беради – қувватингиз қулфланиб, ишлолмай қоласиз.
Онгингиздан булутга йўналган, уни парчалаётган кўринмас қувват нурини тасаввур қилинг. Кўплаб лазер нурлари нақ булутни нишонга олганини хаёлан кўринг.
Кейин эса ўтган замон феълида “Булут йўқолди. Қувватим, раҳмат, буни уддаладинг”, денг. Бу кўрсатмаларни қадам-бақадам тўғри бажарсангиз, булут сийраклаша боради ва сониялар ичида йўқолади.
Инсон онги теграмизни қуршаб турган оламга катта таъсир ўтказа олишини бу тажриба кўрсатяпти. Булут газсимон ҳолатдаги Сувдан иборат, шу боис бу Сув бизнинг иродамизга бўйсунади. Онг моддий оламга таъсир ўтказа олади, деганлар адашади.
Назариячи физик олим Дэвид Бом шундай дейди: КОИНОТНИНГ ҲАР БИР БЎЛАГИ ЎЗИДА КОИНОТНИНГ БАРЧА БЎЛАКЛАРИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ САҚЛАЙДИ.
Бошқача айтганда, ҳар бир одамда, ҳатто унинг ҳар бир ҳужайрасида Коинот тўғрисида маълумот сақланади. Бу маълумотга Вақт категорияси ҳам киради. Айтайлик, сизнинг шу ерда, ҳозир мавжудлигингиз бугун, ўтмиш ва келажак маълумотлари жамланган Умумкоинот ахборот банкига уланган. Худди шу боис оламни бир нафасда ўзгартириш имкони шунчаки хаёлпарастлик эмас.
Келинг, ана шу “бир нафас” ҳақида ўйлаймиз. Табиий, илмий тасаввурларга суяниб буни қандай талқин этсак экан? Дэвид Бомнинг бир нафас тўғрисидаги фикри шундай: Ички Коинот қандайдир жиҳатдан, Вақтнинг ҳар лаҳзасини проекциялаб, Ҳозирни яратади.
Вақтнинг навбатдаги лаҳзаси — Коинотнинг бошқа бир томони акс этишидир ва ҳоказо. Ҳар лаҳзада биз ўзга оламни кўрамиз. Аммо бир лаҳзалик олам навбатдаги лаҳзалик оламга таъсир кўрсатади, шу боисдан ҳам узлуксиз олам билан бақамти туюламиз.
Ушбу назарияга кўра шундай деймиз: Олам ҳар нафасда ўзгариб туради ва ҳар лаҳза янгитдан яратилади. Онгимиз ҳам оламнинг узлуксиз яратилишига ўз ҳиссасини қўшади. Агар бу ҳақиқатни англасангиз, ҳаётингиз буткул ўзгаради.
Ҳозирги ҳикоямни тушуниш бироз қийинлиги учун яна кристалларимизга қайтамиз. Теграмиздаги олам ҳар нафасда ўзгариб туради, Сув эса бу ўзгаришни биринчи бўлиб ушлаб қолади.
Қачондир тебранишларни ўлчовчи асбоб ясаб, Сувни яхшироқ тушуниш учун ундан фойдалангандим. Ироқ Қувайтга бостириб кирган, биринчи уруш бошланганининг илк куни мен Токиодаги водопровод сувлари тебранишларини ўлчаётган эдим. Сувда симоб, қўрғошин, алюминий ва бошқа инсон учун зарарли моддалар тебраниш даражаси кескин кўтарилганлигини кўриб ҳайрон бўлдим. Бундай бўлишига асос йўқдай эди. Балки асбобим бузилгандир десам, у ҳам жойида. Ўлчов ишларини такрорлаганимда эса зарарли моддалар миқдори янада кўтарилгани маълум бўлди. Кейинги кун газеталарда Форс кўрфазида уруш бошланганлиги тўғрисида ўқиб, батамом боғланмайдиган ҳодисаларни боғладим. Урушнинг биринчи куни ташланган бомбалар миқдори Вьетнамдаги урушда ташланган жами бомбалар миқдори билан тенг экан!
Уруш ҳаракатларидан минглаб километр узоқдаги Японияда туриб, зарарли моддалар тебранишини уруш бошланган пайт билан бир вақтда ўлчашга муваффақ бўлдим. Наҳотки бу мумкин бўлса, деб сўрарсиз?
Форс кўрфази узра ташланган бомбаларнинг зарарли оқибатлари шу заҳотиёқ Японияга кўчиб қолиши мумкин эмас эди. Шундай бўлса-да, Ер шарининг бир томонига ташланган бомбанинг зарарли тебранишлари қандай қилибдирки, сайёранинг барча бурчакларига етиб улгурди. Бу тебранишлар Вақт ва Макон қонунларига бўйсунмаган ҳолда тарқалади. Назаримда, тебранишлар уч ўлчамли оламимизда ҳам эмас, бизга кўринмайдиган оламда ҳам эмас, қандайдир оралиқ ерда мавжуд. Ерда қандай ҳодиса рўй беришидан қатъи назар, Сув буни тутиб олади ва янги маълумотни бизга узатади.
Кўрфазда уруш бошланганда, ҳали муз кристалларини расмга туширишга киришмагандим, агар шундай қилганимдами, ғалати расмлар чиқиши тайин эди.
Тебранишлар моддий оламни лаҳзаларда ўзгартириб юборганлигига мисол келтираман. Мазкур ҳодисада Сув дуолар кучи билан тозаланган.
Марказий Япониянинг Фудзивара тўғонида будда мактаби руҳонийси Хоуки Като илтимосимизга биноан, бир неча марта ибодат оят-саноларини куйлаб берди. Руҳоний билан танишганимда, у менга Сувнинг икки хил расмини кўрсатди. Биринчи сурат ояти — санолар куйлангунга қадар, иккинчиси эса Сув ибодат саноларини эшитгандан сўнг туширилган. Иккинчи суратдаги кўл Суви анча тоза эди.
Будда таълимотига кўра, ибодат дуолари кучи “Сўз руҳи”дан таралади. Айнан “Сўз руҳи”дан чиқаётган қувват кўл сувини тозалаган, дейиш мантиқан тўғри бўларди. Бу тахминни текшириш учун ибодат дуолари қўшиғини эшитмаган ва эшитган Сув кристалларини расмга туширмоқчи бўлдим. Руҳоний бир соат мобайнида кўл қирғоғида тик туриб сано куйлади, мен эса уни видеога туширдим. Санолар тугагач, руҳоний билан суҳбатлашардик. Орадан 15 дақиқа ўтмай, гуруҳимиз аъзолари мени чақириб қолишди.
“Ишониш қийин! Кўз ўнгимизда Сув тозаланиб боряпти”, деди кимдир. Дарҳақиқат шундай эди. Сувга боқарканмиз, у тобора шаффофлашаётганлигини кўрардик. Ҳатто кўлнинг илгариги лойқа тубида сезилмаган барглар ҳам кўзга яққол ташланарди.
Кейин кристалларни суратга туширдик. Оят-санолар куйлагунга қадар олинган Сув кристаллари қинғир-қийшиқ, буришиқ бўлиб, қаттиқ азобни бошдан кечираётган инсон суратига ўхшарди. Ибодат маросими мобайнида Сув яратган кристаллар тугал, бағоят зўр эди! Каттароқ олти қиррали кристалл ичида кичикроқ олти қиррали кристаллар жойлашган бўлиб, иккисининг ҳам ёруғ гардишли нақши товланарди.
Ибодат саноларидан сўнг, албатта, шаффоф бўлмоқ учун Сувга вақт керак, бу ҳолат эса моддалардаги ўзгаришлар аста-секин рўй беришини кўрсатиб турибди. Ибодат тебранишлари зудлик билан яқиндаги нарсаларга, жумладан, Сувга етказилгани шубҳасиздир. Биз физикавий феноменни кузатдик. Бизники деб аталган олам теграсида бошқа олам ҳам борлигини тан олмагунча, бу феноменни тушунтириб бўлмайди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Тажрибамиздан бир неча кун кейин газеталарда бир фожиа ҳақида ёзишди. Кўлдан аёл кишининг жасади топилибди. Беихтиёр сувга ибодат санолари ўқилгунга қадар ҳосил бўлган кристалларни эсладим. Дарҳақиқат, улар ўлим билан олишаётган инсон юзига ғоят ўхшарди.
Балки бу аёл руҳи Сув кристаллари орқали бизга нимадир демоқчимикин? Оят-санолар унинг руҳига енгиллик берган бўлса, ажабмас. БИЗ ЯШАЁТГАН ОЛАМДАН ҲАМ ЎЗГА ОЛАМ МАВЖУД. ЎША ОЛАМДАН БИЗ ТОМОНГА ҚАРАЛСА, ҲОЗИР КЎРИНМАЁТГАН НЕЛАРДИР НАМОЁН БЎЛАДИ.
Англиялик олим доктор Руперт Шелдрейк биз кўра олмайдиган олам мавжудлиги ва у бизнинг оламимиз билан боғланганлигини инсониятга теран англатиш йўлидаги тадқиқотларни ўзининг асосий вазифаси деб ҳисоблайди. Кембридж университетида биохимия доктори илмий даражасини олишга эришгач, мазкур илм даргоҳида биология, биохимия ўқитувчиси бўлиб ишлади, Қироллик илмий жамиятининг аъзоси этиб сайланди.
Шелдрейк 20 йил мобайнида ёзган китоби (қаранг: Руперт Шелдрейк, “Фаришталар физикаси” — М.: Гелиос, 2003) да ўз назариясини баён этган. Бироқ “Нэйчер” илмий журнали китобни танқид қилиб, ёндириш керак, дейишгача бориб етди. Бундай нохушликларга қарамай, асар кўплаб одамларнинг қалбини уйғотди. Бу йўналишдаги тадқиқотлар давом этмоқда. Китоб нимаси билан ўзига жалб этади? Кўпинча, бирор ҳодиса икки марта рўй берса, яна қайта содир бўлади, дейишади. Бахтсиз ҳодисалар, жиноятлар кўпинча “ғам ҳам, шодлик ҳам қўшалоқ келади”, нақлига кўра рўй беради. Инсоният жамияти тарихини ўрганаркансиз, муҳим воқеалар маълум вақт оралиқларида, одатда, даврий равишда такрорланишига гувоҳ бўласиз. Воқеаларнинг ажабтовур такрорини қандай изоҳлаш мумкин? Доктор Шелдрейк бу саволга илмий усулларни қўллаган ҳолда жавоб топмоқчи бўлди.
Олимлар кўз билан кўриш мумкин бўлмаган ҳодисалар, ғайритабиий ҳудудларни ўрганишда редукционизм усулини қўллашади. Аммо Шелдрейк батамом бошқа йўл тутди.
Олимнинг назариясига биноан, бирор ҳодисанинг такрорланиши “морфоген майдон” ҳосил қилади. Бу майдон резонанси натижасида ҳодисанинг қайта рўй бериш эҳтимоли кучаяди. “Морфоген майдон”ни қувватга асосланган ахборот эмас, балки қурилажак уй лойиҳаси, деб айтиш мумкин. Бу резонанс назариясига бир мисол бўла олади. Доктор Шелдрейкнинг тахминича, ҳодисалар ҳам товушлар сингари резонанс чиқаради. Айни бир ҳодиса такрорланишини “морфоген резонанс” деган ибора билан номлайди. “Нейчер” журнали бу назарияни пучга чиқарган бўлса-да, “даргоҳи кенг” олимлар томонидан қизиқиш билан қаршилангани, жиддий муҳокамага туртки берди. Шубҳасиз, Шелдрейк илм йўлидаги илк қадамни фан очган сўқмоқлардан бошлаган. Аммо унинг назарияси ҳозирги замон анъанавий илм-фани қолипларига тушмаганлиги учун ҳам тўсиқларга учради.
Одамлар бундай мавзулар муҳокамаси пайтида кўпинча глицерин кристаллари воқеасини эслашади. Кашф этилганидан буён ўтган 40 йил мобайнида глицерин кристалл ҳосил қилмайди, деган ишонч бор эди. ХХI аср бошларида Венадан Лондонга “саёҳат қилаётган” глицерин тўсатдан кристаллана бошлади. Орадан кўп ўтмай, тамоман бошқа ҳудудда ҳам глицерин кристалланишга киришди. Глицериннинг кристалланиш ҳодисаси кенг ёйила бошлади. 17 даражадан паст ҳароратда глицерин кристалл ҳосил қилиши ҳозир илмий жиҳатдан исботланган.
Хўш, бундан қандай хулоса чиқариш мумкин?
Қачонки, кристаллар илк бор шаклланганда, морфоген майдон вужудга келган. Вақти-соати етиб, қолган глицеринлар ҳам шунга мувофиқ кристаллана бошлаган. Бошқа моддалар билан ҳам шундай воқеа рўй берган. Ҳар қандай тасодифларга қарамай, агар модда кристалл ҳосил қилган бўлса, бу одатдаги ҳолга айланади.
Шелдрейкнинг морфоген резонанс назарияси асослими-йўқми текшириб кўриш учун Англия телеканалларидан бири жамоатчилик кўз ўнгида тажриба ўтказди. Иккита сурат тайёрланди. Иккала сурат ҳам бетартиб нақшлардан иборатга ўхшар, аслида эса бирида шляпали аёл, иккинчисида эса мўйловли эркак сурати яширилган бўлиб, топиш маҳол эди.
Тажриба уч босқичда ўтди. Бу кўрсатув тўғри эфирга олиб берилди. Кўрсатув иштирокчиларидан суратларда нимани кўришаётганини айтиш сўралди. Кўрсатув мобайнида мўйловли эркак сурати ошкор қилинди. Тажрибадан кейин кўрсатувни кўрмаган бир гуруҳ иштирокчидан суратларда нима тасвирланганлигини айтишни сўрашди.
Тажриба иштирокчилари икки гуруҳ эди. 1-гуруҳ — тажрибани бевосита кўраётганлар. 2-гуруҳ кўрмаётганлар. Қарангки, 2-гуруҳ суратда мўйловли эркак акс эттирилганлигини 1-гуруҳга нисбатан 3 баравар кўп кўришган. Агар кимдир ниманидир билса, бошқаларга ҳам бу ҳақда маълум бўларкан-да. Айнан морфоген майдон боис, ушбу воқеада тўғри жавоб ҳайратли тарзда кўп бўлди.
Доктор Шелдрейкка кўра, ДНК — бир оилага хос тузилиш, феъл-атвор ўхшашлигининг ягона сабаби эмас; бунда морфоген резонанс ҳам маълум рол ўйнайди. Шунингдек, Шелдрейк назариясининг бунга оид яна бир неча талқинлари ҳам мавжуд.
Шелдрейк назариясига хос энг муҳим жиҳат шундаки, вақти-соати етиб, морфоген резонанс борлиқ макон ва замон бўйлаб таралади. Яъни, морфоген майдон шаклланган бўлса, зудлик билан ҳамма ерга таъсир ўтказа бошлайди ва бутун олам миқёсида лаҳзалик ўзгаришлар содир этади.
Шелдрейк назарияси тўғрисида илк бор эшитганимда, ўз тадқиқотларим билан морфоген майдон тебранишлари ўртасидаги боғланишдан ҳаяжонга тушдим.
Дастлабки икки ойлик муваффақиятсиз уринишлардан кейин, ниҳоят, Сув кристалларини расмга олишга муваффақ бўлдим. Илк кристаллар расмини олишим баробар бошқа тадқиқотчиларнинг ҳам йўли очилди. Бу ҳам бўлса, морфоген резонанс самараси. Доктор Шелдрейк тўғрисида Эити Ходзиронинг “Нима учун шундай бўлади?” бестселлер китобидан билганман. “Олти ғаройиб олим” ҳужжатли фильмида Шелдрейкни кўргач эса, унинг тадқиқотларига ғоят қизиқиб қолдим. Орадан тўрт йил ўтиб, Европа бўйлаб маърузалар ўқиб юрганимда доктор Шелдрейкни кўриб, танишиш имкони юзага келди. Унинг Лондондаги уйида бўлдим.
Доктор Шелдрейк сув кристаллари билан боғлиқ тадқиқотларимдан хабардор экан. “Ҳафтада, ҳеч бўлмаса битта ихлосмандингиздан хат оламан, улар сиз ҳақингизда ёзишади”, деди у. Бир-биримизга саволларимиз ғоят кўп эди. Доктор ўз мулоҳазаларини шундай баён қилади: “Мен тирик организмлар, уларнинг хусусиятларини ўрганаман, Сув олами билан эса таниш эмасман. Аммо келажакда иккимизнинг тадқиқотларимиз бир-бирига боғлиқ эканлиги аён бўлади, бунга ишончим комил”.
Мени кузатиш жараёнининг кузатилувчига таъсири масаласи кўпроқ қизиқтиради. Орқасидан кузатиб турганларини ҳис этувчи одамлар бор. Бу борада тадқиқот ўтказмоқчиман.
Мазкур тадқиқотнинг ҳужжатли асослари субъектив деб эътироф этилиш хавфи бор, шу боисдан ҳам тажрибалар учун балки Сувдан фойдаланармиз. Кристалларни расмга олишга ҳаракат қилиб кўраман. Сув турли шароитда қандай ўзгаришга учраркин? Сувга эътиборсизлик қилинганда, иқтидорли, оддий, ёмон одамлар унга тикилиб турганда, қандай жавоб бераркин, билмоқчиман.
Гуруч билан боғлиқ тажрибаларни доктор Шелдрейкка айтганимда, у одамнинг Сувга таъсирини кўрсатиш енгилроқ кечишини маълум қилди.
Ҳозирда олим телепатия ҳодисасини тадқиқ этмоқда. Итлар ўз эгалари уйга қайтаётганини сезадими-йўқми? Бунинг учун махсус видео-асбоб олган олим бу ҳодисани 200 ҳолатда исботлади.
Доктор Шелдрейк менга шундай нома ёзган эди:
“Кўзга кўринмас қувват ҳаракати борлиги учун ҳам ҳаёт бор, яшаяпмиз. Биз буни ҳамиша ёдда тутишимизни, теграмиздаги одамларга, ҳодисаларга эътиборли бўлишимизни истардим. Бу жуда муҳим. Гап шундаки, нимага қарасак, унга таъсир ўтказамиз. Буни ҳамма биладиганга ўхшайди, аммо ҳеч ким амалда қўлламайди. Ота-оналар ҳам фарзандларига имкон борича кўпроқ эътибор қаратсинлар. Бу ҳам айни юқоридаги фикр”.
Кимгадир диққатингни бериш Муҳаббат изҳорининг айни ўзидир. Доктор Шелдрейк онг жонли, жонсиз моддаларга таъсир кўрсатиши тўғрисидаги назариянинг асосчиларидан бўлганлиги учун ҳам мулоҳазаларини қадрлайман.
Сув ҳамда Шелдрейк таълимоти инсониятга бераётган билимларни таққосларкан, мавжуд олам сирларини очиш учун ташланаётган қадам эканлигини англаймиз. Оллоҳ биз — инсонларга ижод қилиш, яратиш лаёқатини инъом этди. Агар бу лаёқатни тўла ишга сола билсак, оламни лаҳзаларда ўзгартира оламиз.
Ўз юмушларига, изтиробларига ўралиб, мушкуллар ечимини тополмаётганларга Худонинг Ўзи берган бу имконият далда бўлмоғи керак. Сиз, ҳа, ҳа, айнан Сиз дунёни ўзгартира оласиз!
Оламда барча нарса ўзаро боғланган. Сиз ҳозир ниманидир қиляпсизми, айни лаҳзада шу ишни бошқа биров ҳам бажаряпти. Хўш, қандай морфоген майдон яратамиз? Изтироблар, ёмонликлар майдониними ёки Муҳаббат ва Эҳтиромга чулғанган оламними?
Сувнинг ёнида ўтирган кўйи унга Муҳаббат ва Эҳтиром номаларини йўлласангиз, ер шарининг олис нуқтасидаги қандайдир инсон бу муҳаббат, эҳтиромни туяди. Қаергадир боришингизга ҳожат йўқ. Кўз олдингизда мавжланган Сув дунёдаги уммонлар, денгизлар, дарёларда мавжуд жамики сувлар билан боғланган. Сиз тикилаётган Сув сайёранинг барча нуқталаридаги Сувларга резонанс беради ва Муҳаббатингиз номаси барча инсонлар қалбига етиб боради.
Сайёрамизни Муҳаббат ва Эҳтиромга буркай оламиз. Ва Еримиз бутун Борлиқни ўзгартира олувчи морфоген майдонга айланади. Кутиш ҳам, қайгадир бориш ҳам керакмас: шу ерда, ҳозир ғаройиботлар яратишни бошлайлик, азиз инсон.
Бешинчи боб
БУТУН ОЛАМНИ ТЎЛДИРГАН ТАБАССУМ
…Сув кристаллари тадқиқотининг келажаги қандай? Бу саволга жавоб беришдан аввал бу тадқиқот натижалари Фан томонидан эътироф этиладими, деб ўйлашимиз зарур. Хориждаги маърузаларимда кристаллар расмларини кўрсатарканман, мени саволларга кўмишади. Мусиқий ёзувлар ва жонли ижрони тинглаган Сув кристаллари ўртасидаги фарқ нимада, деганга ўхшаш саволлар беришади. Бундай саволларга жавоб бериш учун тадқиқотларни давом эттириш, турли шароитларда кўплаб тестлар ўтказиш жоиз.
Яна бир муҳим масала — тестларнинг такрорийлигидир. Кузатувчининг онги кристаллар шаклланишида муҳим аҳамиятга эгалиги исботини топган. Одатдагига кўра, элликта Сув намуналарини идишга қуярканмиз, Сувга бўлган муносабатгина эмас, тадқиқотчининг фикрлари ҳам кристаллар шаклланишига таъсир кўрсатиши маълум бўлди. Бундан ташқари, элликта Сув намуналари ҳолати вақтнинг ҳар бир сониясида ўзгариб туради. Қандай йўл тутмоқ керак? Илмий нуқтаи назардан барча шароитлар мутлақ бир хил деган ўлчовни тасдиқлаш мақсадида шарт-шароитлар – омилларни назорат қилиш ақлга сиғмайди. Лекин қаловини топса, қор ёнади, қабилида йўл тутдик. Тадқиқотчи фикрларини Сувга таъсир этмаслиги чорасини топсак-чи? “Раҳмат”, “Сен аҳмоқсан” сўзлари таъсирида Сув қандай кристаллар ҳосил қилиши ҳақида тадқиқотчининг фикри мавжуд. Ана шу фикр тадқиқотларимиз натижасига таъсир кўрсатмаслиги учун ҳаракат қилдик. Идишларни алифбе ҳарфлари тартибида белгилаб, натижа маълум бўлмагунча, қайси идишда қандай Сувлигини сир сақлаймиз.
Шу тариқа тадқиқотчиларнинг фикрлари таъсиротидан Сувни сақлашга умид боғлаймиз. Эллик дона идишда ҳосил бўлган кристаллар миқдори, шакли кўрсатилган жадвал тузамиз. Ҳар бир кристалл намуналари сифатига кўра — чиройли, олти қиррали, тугалланмаган ажратиб чиқилади. Чиройли кристаллар, олти қиррали кристаллар, тугалланмаган кристалларни солиштирамиз. Айни шу чиройли ёки олти қиррали намуналарнинг энг муҳим белгиларини ўзида мужассам этган кристаллни танлаб, суратга оламиз.
Кузатувчи-тадқиқотчининг фикрларигина эмас, сиҳат-саломатлиги ҳолати ҳам Сув кристалларини ўзгартириб юборади. Буни ҳам инобатга олган ҳолда бирваракай уч-тўртта тажрибали тадқиқотчи ҳар бир Сув намунасини ўрганади. Бу усуллардан мақсад пировард-натижани қўлга киритишдан, Коинот элчиларининг энг латифи бўлмиш Сув номаларининг мағзини чақишдан иборат. Зилзила содир бўлишини аввалдан айтиб беришда Сув кристаллари олдига тушадиган йўқ. Зеро, бошқа унсурларга қараганда, Сув ер силкинишини олдинроқ илғаб олишга қодир экан. Хаёлларга бериламан. Сизот Сув намуналаридан ҳар куни олиб, кристалларда содир бўлаётган ўзгариш жараёнларини вақтида аниқлаш мумкин. Бунинг учун зилзилага қадар ва ундан сўнг Сув ҳосил қилган кристаллар расмларини солиштириш кифоя. Зилзила рўй бергунга қадар ҳосил бўлган кристаллар расмларидаги маълумотларни қиёслаб, умумий ўхшаш жиҳатлари жамланади. Ана шу маълумотдан зилзилани башорат қилишда фойдаланса бўлади.
1923 йилдаги даҳшатли зилзилада бобомдан, бувимдан, холамдан айрилганман. Кобада рўй берган 1995 йилдаги зилзила вайронагарчиликлари кўлами эсхонамизни чиқариб юборган. Ҳа, бундай табиий офатлар юракларга қўрқинчли из солиб кетади. Зилзилани олдиндан айтиб беришда Сув кристаллари мададига суянилса, шубҳасиз, бутун инсоният учун хайрли бўлур эди. Келгусида эса Сув кристаллари башорати тўфон, сел, эпидемия ва ҳатто уруш офатлари олдини олишда инсониятга асқотса, ажаб эмас.
Сув кристаллари расмини олишни ҳар қандай киши ҳам, касбидан қатъи назар, уддалай билишини истайман. Айни пайтда шуни оммалаштириш устида ишламоқдаман. Имоним комилки, яқин келажакда бу орзу ҳам ушалади. Ҳозирда, одатдагисидан 20 баравар чидамли, самарали бўлган ўта иссиқлик ўтказувчи материалларни синаб кўряпмиз. Бу эса Сувни хона ҳароратида музлатиш имконини беради.
— 5 даражагача совутилган махсус хонада кристалларни расмга олишнинг ҳожати қолмайди. Олимлар, истаган одам Сув кристалларини тасвирга тушириши мумкин бўлган ана шу технология устида иш олиб боришяпти.
Инсоният яқин келажакда Сув кристалларидан фойдаланишга асосланган технологияни ўзлаштириб олади. Аммо, калтакнинг икки учи борлигини унутмаслик зарур. Сувда яширин қудратдан тўғри, эзгулик йўлида фойдаланиш инсониятга шараф, саодат келтиради, аксинча, сувни тор манфаатлар, ўзгаларга зарар етказиш қуроли қилиб олсалар-чи?
Вужудимиз асосан Сувдан иборатлиги учун ҳам Сувсиз яшаш мумкин эмас. Айни пайтда Сув бутун бошли инсоният тамаддунини ювиб кетишга, бемисл талафотлар етказишга қодирлигини унутмаслик шарт. Нима қилмоқ керак? Бу дунёнинг қиёфаси ҳар бир инсон қалбида нималар мавжудлигига боғлиқ экан…
Инсон қалби оламга бахт ҳам, изтироб ҳам бера олиш кучига эгаки, Сув кристаллари айнан шу қалб ҳолатларини инъикос эттиради. Ҳаётда тўғри йўлни қандай қилиб топиш мумкин? Муҳаббат ва Эҳтиромни кўнгилга жо айлаб! Муҳаббатга лиммо-лим юрак Эҳтиром ҳиссини уйғотади. Муҳаббат эҳтиром туйғусини тўғри йўлга бошлайди. Эҳтиром ва Муҳаббат бутун дунёни тўлдира олишини Сув кристаллари бизга намойиш этди.
Ҳар биримизнинг зиммамизда Сувни поклаш, озод ва бахтли оламимизни бунёд этиш вазифаси турибди.
Асрлар, минг-минг йиллар мобайнида инсоният Ерни инсофсизларча талон-тарож қилди, ҳар бир янги авлоддан Заминга ёмонлик мерос қолавердики, бу тарих Сувга жо бўлди. Энди эса Сув биз билан суҳбатга киришди. Биз зориққан, муҳтож бўлган илмни Сув ўз кристаллари орқали беряпти. Айнан бугун биз сайёрамиз тарихи солномасининг янги саҳифасини очмоғимиз зарур. Шу лаҳзада биз, сиз қандай йўналишда кетаётганимизни Сув сокин ва ғамхўрлик билан кузатмоқда. Сув ҳар биримизни кузатмоқда.
Ўқувчим, сиздан ягона ўтинчим: СУВ ИНСОНИЯТГА, шахсан сизга нима демоқчилигини эшитинг ҳамда қабул қилинг.
ХОТИМА
Сувнинг, Коинотнинг ғаройиб хусусиятларига оид кашфиётлар такомил топаверади.
Сув Коинотнинг олис-олис пучмоқларидан Ерга келишда давом этаётганини эшитиб, ҳайратга ботган эдим. Сув шу зайл мутассил келиб турса, Ер юзида эртами-кечми қуруқлик қолармикан, деган хаёлга ҳам бордим-у, яхши ният ҳамиша яхшилик ҳосилини беришини англаб, ёмон фикрларни ҳайдадим.
Қадим замонлардан буён Сув ҳаёт манбаи бўлиш билан бирга Бани Башар бошига вайронагарчиликлар, мусибатлар ҳам келтирган. Инсоният тадрижий тамаддуни тарихида ғоят катта Сув босишларга оид маълумотлар учрайди. Нуҳ пайғамбар замонидаги Тўфон, Атлантида ва Му қитъаларининг Сув қаърига кириб кетганлигини замонавий илм фан тасдиқламоқда. Нуҳ алайҳиссалом қавми шу даражада нафс қулига айланишган эканки, улар ўрмонларга қирон келтиришган, Ер юзида эса атиги уч дона дарахт қолган экан. Нуҳ алайҳиссалом ана шу шамшод дарахтларидан кема ясаб, унга эргашган одамларни, қушлару ҳайвонотни тўфондан қутқариб қолган экан.
Ҳаёт чархпалаги мангу айланаверади, тарих такрорланаверади. Модомики шундай экан, Коинотдан келаётган Сув сайёрани босмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Балки бу ҳодиса ўн минг йиллардан сўнг содир бўлар, биз эса ана шу фожианинг олдини олишга ҳозирдан киришмоғимиз зарур. Ҳали эрта, дейсизми? Айни пайтда Заминимизнинг турли ҳудудларида рўй бераётган сел, сув тошқинлари “Sоs!” сигналини босиш учун сабаб эмасми?
Ана шундай хавотирлар ичида эканман, тўсатдан хаёлимга кутилмаган фикр келди. Микроолам (одам) — макроолам (Коинот)нинг айни нусхаси, коинот эса улкан мандала (санскритда — айлана, чархпалак) демакдир. Бундай фикрлар оқимидан қуйидаги мантиқий хулоса келиб чиқади: Коинотда нимаики содир бўлса, бизнинг жисмимизда ҳам рўй беради.
Сув инсон вужуди бўйлаб мунтазам айланиб туради, ўз-ўзидан аёнки, бундай ҳодиса Коинотда ҳам доимий равишда содир бўлади. Катта миқёсдаги Сув бир йўналишга — Ерга тушадиган бўлса, Коинот миқёсидаги Сув айланишига путур етади. Ерга мутассил ёққан сув ғаройиб, узундан-узоқ саёҳатига нуқта қўяди. Алал-оқибат Коинотнинг олис-олис пучмоқларига қайтади.
Биз учун Сувнинг мутассил Ерга ёғиб туриши қандай аҳамиятга эга? Аслини олганда, Ер Коинотнинг муз бўлаги тушадиган ягона манзил эмас. Аммо муз тоғи қўниши мумкин бўлган биз билган ўзга сайёраларда Сувни тўплаш учун зарур шарт-шароит йўқ. Қуёш системасини инсон танасига таққослайдиган бўлсак, Ер бу “тана”да жигар вазифасини бажаради, дейишга журъат этаман.
Жигаримиз ҳар куни 200 литр сувни тозалаб, уни жисмимизнинг бошқа аъзоларига юборади.
Демак, Ер Қуёш системаси бўйлаб айланувчи Сувни тозалашдай улуғвор, ҳаётий муҳим вазифани бажарар экан. Шундай экан, Ерга келиб тушган Сувни тозалаш масъулияти кимнинг зиммасига юкланган? Сувни поклаш вазифаси бутун инсониятнинг, сизу бизнинг зиммамиздадир. Ўзимиз ҳам сувлигимиз учун бунга масъулмиз. Мовий сайёрада туғилган эканмиз, Ердаги Сувнинг тоза сақлаш масъулияти бизга юкланганлигини унутмаслигимиз шарт.
Сувнинг Коинот аро узоқ, ғаройиб сайёҳатини тасаввур этарканман, инсониятнинг келиб чиқиши, келажаги билан боғлиқ фикрлар хаёлимга оқади. Сувдан яратилганлигимизнинг ўзиёқ кўплаб тилсимларга калит бўлади.
Вужудимизнинг 70 фоизи сувдан иборат. Худди шу боис шахсимизнинг шаклланишида Сувда мавжуд маълумотлар муҳим ўрин тутади.
Автомобил фалокати туфайли оғир шикастланиб, қон қуйилган кишилар кўзига умрида бормаган жойлар, уларга алоқасиз ўтмиш ҳодисалари кўринганлиги тўғрисида кўп эшитганман. Қон қуйишгандан сўнг феъл-атвори ўзгариб кетган одамлар ҳам бор.
Эҳтимол, умримиз мобайнида рўй беражак воқеа-ҳодисалар жисмимизда турувчи Сувга ёзилар ва буни биз Қалб деб атармиз. Қалб ўзи нима?.. Руҳ бор бўлса, у асли нима? Имоним комил, бу саволларга инсоният илмга таяниб, Сув мадади билан жавоб оладиган кун яқин.
Қалб қандай вужудга келган? Эҳтимол, қалбни Коинотнинг олис буржларидан сайёрамизга Сув олиб келгандир.
Ўз-ўзидан, қалб қаерда сақланади, деган савол туғилади. Биз — Сувмиз, кун келиб бу сайёрада кечган ҳаётимиз ўтмишга айланади-да, Коинот бағрига отланамиз. Ердаги кунимиз якун топмасидан аввал заминнинг пок Сувига айлана олиш — ҳаётий вазифамиздир. Бу вазифани адо этиш учун биз Коинот қонуниятлари ила уйғун, тўғри ҳаёт кечиришимиз зарур. Айнан онгимиз Сувни тозалайди ва шу йўсин биз Сувнинг гўзаллик ва қудрат мужассам номаларини мавжуд тириклик оламига узата оламиз. Борлиқ Оламни Сувнинг энг гўзал кристаллари билан безай олсак, нақадар соз бўларди! Бунга қандай эришиш мумкин? Муҳаббат ва Эҳтиром ила…
Сув кристалларига яна бир боқинг: улар қанчалар чиройли-а?! Ер юзидаги жами одамзод Муҳаббат ва Эҳтиром туйғуларини ҳис эта олишсами, Мовий сайёрамиз ҳаёт чечаклари барқ уриб очилган Асли Аввалдаги гўзал дунёга қайтган бўларди. Сайёрадаги умримиз Коинот мангулиги қошида лаҳзаларга тенг. Жисм оламини тарк этиб, Коинот аро сафарга отланамиз. Бунинг қандай рўй беришини билмайман, аммо биз ҳар нафасда Коинот қонуниятларига суянмоғимиз шарт. Жисмни тарк этгач эса, Сув ёки булут (буғ) шаклида саёҳатни давом эттирамиз.
Қалбим жисмни тарк этиб, саёҳатга отланар чоғи, “Биз Коинотни кўрмак учун кетяпмиз! Навбатдаги бекат — Марс!”, дея баралла ҳайқирмоқни ният қилганман.
Русчадан Маҳфуза Усмонова таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон