Келажак ёқилғиси: ерости бойликларидан сув ўтларигача

Бугун машина ҳайдовчиси кутилмаганда бензин тугаб қолишидан у қадар ҳам чўчимайди. Сабаби, ёқилғи қуйиш шахобчаларини топиш унчалик муаммо эмас. Шундай бўлса-да, ҳайдовчилар яқингинасида отини ўйнатиб кетаётган чавандозга бир жиҳатдан ҳавас қилиши табиий. Сабаби, жониворга бир ғарам ўт ёки ем бериш ҳам арзон, ҳам осон.

Тирик мавжудотга қуёш нури мадад бериши, техникага бундан миллион йиллар илгари пайдо бўлган нефт, газ ва углерод манбаларидан олинган қувват керак бўлишидан яхши хабарингиз бор. Вақт ўтиши билан ерости захираларидан олинадиган ёқилғи шу даражада оммалашиб кетдики, натижада, унинг қиймати глобал аҳамият касб эта бошлади. Лекин бу каби маҳсулотлар учун керакли хомашёнинг чекланган миқдорда экани ва энг асосийси, уларнинг экологияга салбий таъсирини ҳам инобатга олиш лозим. Шунинг учун узоқ йиллардан бери муқобил ёқилғи турларини яратиш устида бош қотириб келинади. Қуйида ана шу йўлда амалга оширилган ва оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритамиз.

Тарихга назарга ташласак

1826 йилдаёқ америкалик Семоюл Мори двигателга “жон бағишлаш” учун ўсимлик скипидари (ўткир ҳидли суюқ модда) ва спиртдан фойдаланганди. У 1853 йили буғ машиналари ва пароходлар табиий мойдан тайёрланган ёқилғи кўмагида ҳаракатлана олишини исботлади. Бундан ташқари, муҳандис Николаус Август Отто томонидан яратилган ва ҳанузгача истеъмолдан тушмаган биринчи тўрт тактли ҳамда турли кўринишдаги двигател дастлаб этил спиртида ишга туширилган.

ХИХ асрнинг 90-йилларида биринчи марта Рудолф Дизел томонидан яратилган ва кўмир алангасида ҳаракатга келадиган қурилма синови муваффақиятсиз якунланди. У амалиётга татбиқ этилган пайтда портлаб кетиб, кашфиётчининг ҳаётига зомин бўлишига оз қолди. Олим 1894 йилга келиб янада арзонроқ ва хавфсизроқ йўл, ерёнғоқ мойи билан ишга тушириладиган қурилмани омма эътиборига (бу сафар кўнгилдагидек) ҳавола этди.

Шундан сўнг катта саҳнага Генри Форд чиқди. У фермер бўлгани учун уй шароитида спирт тайёрлаш технологиясини яхши биларди. Шу боис 1896 йилда кашф қилган биринчи “квадритсикл”и спирт билан ўт олдирилганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Форднинг “спиртли” двигателларидан ХХ асрнинг 40-йилларигача кенг фойдаланилди. Шу пайтда Европада германиялик мутахассислар Готлиб Даймлер ва Карл Бентснинг бензин билан юрадиган машиналари аллақачон урфга кирганди.

Рақобатдан чўчимаган Генри Форд 1908 йилда биринчи оммавий автомобил русуми “Молел Т”ни сотувга чиқарди. Мазкур автоулов бензинда ҳам, этил спиртида ҳам, уларнинг аралашмасида ҳам бемалол юрарди. У ўз автомобилларининг келажагига шу даражада ишонгандики, ҳаттоки АҚШ ғарбида спирт ишлаб чиқарувчи завод қурдирди. ХХ асрнинг 20-йилларигача “Стандард Оил” компаниясининг 25 фоиз даромади мана шу этил спирти савдосидан келиб тушарди.

Нархлар курашига гувоҳ бўламиз

Ўша пайтларда спирт билан бензиннинг нархи деярли бир хил бўлган, аммо 1907 йилга келиб Техасда катта-катта нефт конларининг очилиши мувозанатнинг бузилишига олиб келди. Яъни, бир литр спиртнинг қиймати 7 тсент бўлиб турганда, шунча ҳажмдаги бензин 5 тсент дея баҳоланди. Қисқа вақт ичида спирт тадбиркорлари тарози палласини тенглаштирдилар. Чунки олимлар томонидан шакарқамиш қолдиқларидан истеъмол қилинмайдиган этанол яратиш мумкинлиги аниқланганди. Биринчи жаҳон уруши даврида нефт нархидаги беқарорлик спиртни ёқилғилар “қироли”га айлантирди. 1920 йилга келиб эса автомобилларни спирт-бензин аралашмаси билан юргизиш одатга айланди.

1937 йилдан бошлаб нефт ёқилғиси уч бараварга арзонлашиб, бозорда яққол етакчи мақомни олди. Шундан сўнг “қора олтин”нинг уч йиллик гегемонлиги бошланди. 1940 йилда спирт­га бўлган талаб уруш туфайли яна ошди. Нефт конларидан узилиб қолган қўшинлар ўз танклари учун соя ва рапс каби техник ўсимликлар мо­йини ишлатди. Қолаверса, АҚШ, Буюк Британия ва Шветсияда бензинни тежаш мақсадида спиртдан ҳам фойдаланилди. Тинчлик даврига келиб яна ҳаммаси ўз ўрнига тушди. Нефт маҳсулотлари пеш­қадамга айланиб, этанол ва биодизел унутилди.

Экологик жиҳатдан эса анча фойдали

Тарихдан бевосита ҳозирги замонга қайтадиган бўлсак, дастлаб Арканзас университети бир гуруҳ олимларининг фикрини келтириб ўтиш жоиз: “Биоёқилғи нефт, газ, кўмир каби чегараланган табиий захиралардан фарқ қилади. Уни чекланмаган миқдорда дейиш мумкин. Қолаверса, экологик жиҳатдан тоза. Сабаби, ўсимликдан олинган ёқилғи ёнганда, атмосферага зарарсиз миқдорда карбонат ангидрид чиқаради. Бугунги кунда дунё бўйича энг кенг тар­қалган биоёқилғи этанол ва унинг бензин билан турли нисбатлардаги аралашмалари, жумладан Е10, Е85 ҳисобланади”.

Илгари одамлар этанолни уй шароитида ҳам тайёрлашган. Бунинг учун тоза спирт турли бегона аралашмалардан тозаланиб, 96дан 99 даражагача келтириларди. Исталган ўсимлик, жумладан, жавдар, маккажўхори, лавлаги, картошка, гуруч, қамиш, ҳаттоки оддий ўтиндан ҳам этанол ишлаб чиқаришнинг имкони бор. Масалан, бир тонна жавдардан 375 литр, бир тонна маккажўхоридан 410 литр, бир тонна тариқдан 510 литр спирт сиқиб чиқарилади. Оддий завод бир йилда 150 млн. тоннагача шундай маҳсулотни истеъмолга тақдим этиш қувватига эга. Замонавий йирик корхоналар эса бу миқдорни миллиардлаб литрга (700 мингта автомобилга етади) етказа олади.

Шу ўринда мутахассислар бир маслаҳатни кўп бор такрорлашади. Уларнинг тавсиясига кўра, тоза этанол машинанинг одатий тузилишдаги бакига тўғридан-тўғри қуйилмайди. Сабаби, унда эритувчанлик ва оксидлаш хусусияти кучли. Шунинг учун, аввало, керакли деталларни зангламайдиган пўлат ёки пластикдан ясатиб олиш мақсадга мувофиқдир. Бу бироз қимматга тушса-да, чидамлилик бобида узоққа етиши билан бирга бензин, этанол ёки уларнинг аралашмасини ҳеч хавотирсиз қабул қила олади.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб компаниялари биоёғилғи билан ҳаракатланадиган 34 русумдаги енгил ва юк автомобилларини сотувга чиқарган. Улар умумий ном билан “Flexible-Fuel Vehicle” (FFV) дейилади. Айни пайтда АҚШ йўлларида шу турдаги 6 млн.дан ортиқ машинани кузатиш мумкин бор. Улар учун 36та штатда махсус ёқилғи қуйиш шахобчасида Е85 (85 фоиз этанол ва 15 фоиз бензин аралашмаси) сотилмоқда. Шу ўринда савол туғилиши мумкин. Бензин нимага керак? У совуқ ҳавода яхши ўт олиш учунгина қўшилади.

“Агар этанол миқдори 10 фоиз бўлса ҳам, атмосферага чиқариладиган парник газлари миқдори 20 фоизгача қисқаради. Қўшилма ёқилғининг заҳарлилик даражасини анча кесади. Ундан фойдаланиш зарарли тутун ажратадиган автомобиллар сонини 1000000тага қисқартириш билан тенгдир”, дейди германиялик экологлар.

Ўғит ҳам тайёр

Бу борада истиқболли маҳсулотлар сирасига биогаз ҳам киритилади. Уни хоҳлаган органик ўғитдан ажратиб олиш имкони мавжуд. Писта пўчоғи, хазон, гўнг, қуш ахлати, озиқ-овқат қолдиқлари ҳақида гап кетяпти. Биогаз ишлаб чиқариш технологияси ҳам оддий. Герметик реакторда кислородсиз муҳитда хомашё доимий қиздириш ва аралаштириш жараёнидан ўтказилади. Бунда анаэроб (эркин кислород бўлмаган шароитда яшай оладиган) бактериялар ёрдамга келади. Реактсия натижасида зарарли микрофлора ва нохуш ҳид йўқ қилинади. Натижада, нафақат ёқилғи, балки сифатли ўғит ҳам олинади.

Шу ўринда “Википедиа” манбасига мурожаат қиламиз: “Биогаз тарихи ХВИИ асрда яшаган белгиялик доктор Ян Баптист Гелмонт номи билан боғлиқ. Ўшанда у биомассадан ажралиб чиққан газ яхши ёнишини аниқлаган. Айнан Ян Баптист учувчи газга ўхшаш моддаларнинг тартибсиз ҳаракатига нисбатан “хаос” атамасини қўллаган биринчи мутахассис саналади. 1776 йилга келиб Алессандро Волта жонсиз мавжудотдан метан гази ажралиб чиқишини кашф қилган. ХИХ асрга келиб англиялик кимёгар Хемфри Деви метандан биогаз ажратиб олиш технологиясини топиб, 1859 йилда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида шундай маҳсулот ишлаб чиқарувчи қурилма яратган”.

Ҳозирда биогаздан кенг миқёсда фойдаланиш экологлар учун айни муддао бўлди. Чунки у атмосферага ажралиб чиқадиган метанни зарарсизлантириш хусусиятига эга. Хабарингиз бор, метан парник газларидан кейин табиатга, энг катта хавф соладиган модда ҳисобланади.

Биодизел қолиб кетмасин

«Яхши сифатли биодизел олиш учун реактор ускунаси, ёғ, метил спирти, реактсияни тезлаштириш учун ишқор ишлатилади. Аралашма 60 даражали ҳароратда қиздирилиб, бироз кутилса, ёқилғи тайёр бўлади. Ёғ метил мойларига парчаланиб, қурилма тубига глитсерин чўкиш ҳодисаси кузатилади», – деб ёзади «Мембране» манбаси.

Уни ишлаб чиқариш унчалик қийин эмас. Ҳозирги кунда биодизел учун энг яхши хомашё кунгабоқар ёки макка­жўхори эмас, балки рапс (техник экин тури) ҳисобланади. Бу ўсимлик экиб қўйилса бўлди, уни парвариш шарт эмас. Ўзи кутилгандек униб, катта ҳосил беради. Бир тонна рапсдан 500 литр мой олиш мумкин. Қолаверса, бундай ёқилғидан тарқаган тутун соляр мойи (солярка)дек зарарли эмас.

Шу ўринда бир қизиқарли маълумот. “Телеграф” нашрининг ёзишича, Ғарб­да айрим шоввоз ҳайдовчилар машинаси бакларига фаст-фуд ресторанларида текинга бериладиган, аммо тозаланмаган фритюр (қизитилган ёғ)ни қуйиб кетаверишар экан.

Начора, гуруч курмаксиз бўлмайди

Ёки бошқача қилиб ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, биодизелда ҳам ўзига яраша камчиликлар бор. Энг асосий муаммо унинг ёпишқоқлиги билан боғлиқ. У тўққиз даража совуқда қотиб қолиб, ёқилғи тизими бўйлаб тарқалмайди. Натижада, сунъий қиздириш ёки махсус қурилмада суюлтиришга тўғри келади. Шунингдек, биоёқилғи нархи ҳозирча оддий дизелникига нисбатан 30 фоиз қиммат юради.

Изланишлар давом этмоқда

– Илгари назарга илинмаган таклифлар бир баррел нефтнинг нархи 60 долларга кўтарилиб кетгани туфайли асосий ўринга чиқмоқда, – дейди АҚШ Миллий биоёқилғи қўмитаси директори Стив Хауэлл. – Энди одамлар хаёлига сиғдира олмайдиган ёқилғи манбалари ҳам кашф этилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда муқобил ёқилғи олишнинг ранг-баранг технологиялари ва усуллари яратилаётир. Яқинда Арканзас университетида товуқ ёғидан ёқилғи ажратиб олингани маълум қилинди. Яна учта йирик компания сув ўтларидан шу каби маҳсулот ишлаб чиқарувчи заводлар қуришни бошлади.

– Сув ўтлари шу даражада ҳосилдорки, бутун АҚШдаги автомобилларни улардан олинган биодизел билан таъминлаш учун 4 млн. гектар ҳавзада ўсган флора кифоядир, – дейди Стив Хауэлл.

Бу океан ортидаги экишга яроқли майдоннинг 2 фоизини ташкил этади. Мутахассислар сув ўтларини завод қувурларидан чиқариладиган чиқиндилар билан озиқлантириш тажрибасини ҳам синаб кўришди. Натижада, яшил хирмон ҳажми ошиб, экологик зарар камайди. Иркутск органик кимё институтида эса ёғоч саноати қолдиқлари, асосан, қипиқдан автомобил спирти ишлаб чиқариш йўли топилган.

– Беш тонна қипиқдан бир тонна этанол олиш мумкин. Қолаверса, бу усулда ишлаб чиқарилган этанол маккажўхори ва буғдойдан олинган шундай маҳсулотга нисбатан арзонга тушади, – дейди иркутсклик тадқиқотчилар.

Хуллас

Муқобил ёқилғи ва қувват манбаларини топиш йўлидаги изланишлар кўп томонлама фойдали эканлигини юқорида айтиб ўтдик. Сўнгги пайтларда экологик муаммолар, атроф-муҳитни асраш масаласи тобора долзарб маъно касб этаётгани учун бу каби тадқиқотларга эътибор кучайтирилмоқда. Демак, яқин келажакда зарарсиз ва ҳар томонлама талабга жавоб берадиган ёқилғи тури яратилса, ажабланишга ўрин йўқ.

Саиджон Махсумов,
«Маърифат» газетасидан олинди.