Маълумки, атропоморф, яъни одамларникига ўхшаш ҳаракатларни, ёки бирор тирик организмнинг баъзи функцияларини қисман ёки тўлиқ бажара оладиган машиналарни – роботлар деб атаймиз. Робот атамаси илк бор 1920 йилда чех ёзувчиси К.Чапекнинг «Р.В.Р.» пьесасида механик одамларга нисбатан ишлатилган. Машина ва тирик организм орасидаги алоқа ҳамда назорат ва бошқарувни ўрганувчи фан – кибернетикага эса 1948 йилда инглиз математиги Винер асос солган.
Бироқ 800 йил аввал кибернетика ва робототехниканинг илк пойдеворини қўйган, 50 дан зиёд турли хил автоматик сув механизмлари, насослар, соатлар, тилсимли қулфлар, тилсимли касса, термос, автоматик болалар ўйинчоқлари каби олтмишга яқин асбоб ва машиналар ясаган, шунингдек, бу ҳақда жуда нодир асар қолдирган Ал-Жазарий тўғрисида, афсуски, кўпчилик эшитмаган. Ҳолбуки, Ўрта Осиёдан кўчиб кетган салжуқийлардан бўлмиш Абул-Из ўрта асрлардаёқ робототехникага асос солиб улгурган эди.
Абул-Из арабми ёки турк?
Абул-Из 1153 йилда Жизра шаҳрида туғилган. Асл исми Исмоил, отасининг исми Раззоз, лақаби Абул-Из эди. Араб, форс, турк ва лотин тилларни мукаммал билган. Ғарбда Газарий номи билан машҳур бўлган. Баъзи ғарб шарқшунослари ва араб олимлари асарларини араб тилида ёзгани ва лақаби Жазарий бўлгани учун Жазира (Ироқдаги Фирот ва Дажла дарёлари оралиғида жойлашган вилоят) шаҳрида туғилган ва миллати араб бўлган деб тахмин қилишади. Лекин аслида у Кичик Осиёга Марказий Осиёдан кўчиб борган Салжуқий туркларига мансуб бўлиб, Жизра шаҳрида (Туркиянинг Диёрбакир вилоятида) туғилган. Умрининг охирида туғилган шаҳрига қайтиб келиб, 1233 йили шу ерда вафот этган. Жасади Жизрадаги Нуҳ жомеъ масжиди ҳовлисидаги қабристонга дафн қилинган. Ҳозирда, қабри зиёратгоҳга айлантирилган.
Султон ва Абул-Из
Ал-Жазарий 1174-1200 йилларда Салжуқий ҳукмдори Носириддин Маҳмуднинг Артук саройида бош муҳандис бўлиб хизмат қилган. Ҳукмдор Маҳмуд Абул-Изга автоматик сув қуядиган мослама ясашни буюрган. Ўшанда олим ҳукмдорга одам ва товус шаклидаги сув қуядиган роботлар ясаб берган. Ҳукмдор ҳам таҳорат олишда Абул-Изнинг роботлари хизматидан фойдалангани тарихларда қайд этилган.
Сарой ҳукмдори олимнинг ихтироларини жуда катта ҳайрат билан тақдирлаган ва бу ажойиб механизмлар унутилиб кетмаслиги учун тасвир ва изоҳлари билан бир китобга жам қилишни буюрган. Абул-Изнинг юксак истеъдодини кўрган ҳукмдор уни имтиҳон қилиш учун қуйидагича буюртма беради: «Менга занжирсиз, тўпсиз, шарчасиз шундай бир ускуна ясагинки, мен уни ҳам жангда, ҳам тинчлик пайтида ишлата олай. Айни пайтда у кўзга ва кўнгилга завқ берадиган бўлсин». Абул-Из китобида ушбу буюртмани бажарганини ва ҳукмдор ундан жуда мамнун бўлганини ёзади.
Энг машҳур асари
Олим энг машҳур асари «Ал-Жомиъ Байнал-Илм вал-Амалан-Нофиъ фи Синъатил-Хиял»ни (таржимаси: «Тасвирий санъатда илм ва техника бирлашуви») 1206 йилда ёзиб тамомлаган. Ушбу асар 1974 йилда Доналд Хилл томонидан «Al-Jazari’s Book of Knowledge of Ingenious Mechanical Devices» номи билан инглиз тилига таржима қилиниб, чоп этилган. Мазкур китобда 55 та қизиқарли ихтиро 15 хил механизм суратлари билан тушунтирилган. Асар 6 бўлимдан иборат. Биринчи бўлим сув соатлари ҳақида. Бинкам деб аталадиган қандилли сув соатларининг китобда 10 хил шакли берилган. Иккинчи бўлим мажлис ва йиғилишларда ичимлик қуйиб турувчи автоматик идишлар ва ўйинчоклар ҳақида. Учинчи бўлим қон олиш ва қон йиғиш ускуналари тўғрисида. Тўртинчи бўлим фаввора, ҳовузлар ва автоматик равишда ишлайдиган мусиқа асбоблари ҳақида. Бешинчи бўлим қудуқ ва оқава сувлардан сув чиқарадиган автоматик насослар тўғрисида. Олтинчи бўлим турли хил автоматик механизмли ускуналар, масалан, сарой хизматларида ишлатиладиган, таҳорат суви қуйиб турадиган мослама, тилсимли қулфлар каби асбоблар ҳақида баён этилган. Асарда автоматик тизимлар безагига ҳам ниҳоятда аҳамият берилган. Миниатюралардаги ёзувларнинг ўзига хос тилсими мавжуд. Китобнинг охирида бу тилсимнинг калити сифатида шарҳ келтирилган. Дунё бўйича асарнинг 16 нусхаси мавжуд бўлиб, улар Туркиядаги Тўпқопи саройи ҳамда Сулаймония кутубхонаси, Париж Миллий кутубхонаси, Бағдоддаги Жоҳис, Дублиндаги Честирбитли, Оксфорддаги Бодлеан кутубхоналари, Лейден университетида ва яна иккитаси парчалар ҳолида АҚШнинг турли музей ва кутубхоналарида сақланмоқда.
Ал-Жазарийдаги нодир истеъдод
Абул-Из нафақат олим, балки моҳир уста ва малакали муҳандис ҳам эди. Асарларида таъриф этилган барча автоматик тизимларни ўзи ясаб, амалиётга татбиқ қилган. Бу ҳақида: «Амалиётга жорий қилинмаган билим, тўғри билан янглиш орасида бўлади» деб таъкидлаганди у. Асаридаги барча ихтироларнинг суратларини ҳам ўзи чизган. Матнларни эса Юсуф бин Усмон оққа кўчирган. У бировларнинг ишидан нусха қўчиришни умуман ёқтирмаган. Доимо ўзининг топқирлик ва ихтирочилик қобилиятига таяниб иш тутган.
Ал-Жазарий асарида ихтироларини тасвир ва изоҳлар билан жуда аниқ ва мукаммал тушунтириб берган. Унинг бу қобилиятини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, ундан етти аср кейин яшаган ва 1920 йилларда Ғарб дунёсига Абул-Изни танитган Эрланген университети профессори немис кимёгари Видеман асардаги автоматик машиналардан бир нечтасини қийналмасдан мустақил ясашга муваффақ бўлган. Айни пайтда, Видеман мазкур асарни немис тилига таржима ҳам қилган.
Ғарбнинг таажжуб ва тақдири
Машҳур Нев Ссиентист журнали, 2007 йил 7 июл сонида Буюк Британиядаги Шеффилд Университети сунъий интеллект ва робототехника профессори Ноел Шаркининг «Қадимги Юнонистонда дастурланган роботлар» мақоласини чоп этди. Унда Ноел жумладан, шуларни ёзади: «Леонардо да Винчидан олдин ҳам кимлардир дастурланган роботлар билан шуғулланганми, дея изланишларимни ўрта аср Европасидан, ўрта аср шарқ дунёсига бурдим. У ерда мен янада илгарироқ давр, яъни 13-асрда Исмоил ибн Ал-Раззоз Ал-Жазарий томонидан ясалган дастурланган автоматик механизмларни топдим. У ҳақиқий дастурланган роботлар – автоматик чолғучилар ўрнатилган қайиқ ясаган экан. Бундай қайиқ кишига жуда завқ бериб, турли мажлисларда намойиш қилинган…» Ноел қадимги Юнонистон ва Хитойда баъзи автоматик мусиқий асбоблар ясалган бўлса-да, уларда дастурлаш усули ишлатилмаганини таъкидлайди ва «… Ниҳоят мусиқа қутиси механизмига асосланиб, ажойиб тарзда дастурланган «ичимлик қуядиган робот қайиқча»га келиб тўхтагани»ни ёзади. «Ал-Жазарий ясаган мазкур робот тузилиши унинг 1206 йилда қаламга олинган «Тҳе Боок оф Кновледге оф Ингениоус Мечаникал Девисес» (яъни «Ал-Жомиъ Байнал-Илм вал-Амалан-Нофиъ фи Синъатил-Хиял») асарида ёзиб қолдирилган». Профессор робот тузилишини батафсил тушунтиргач, 2006 йили ўзи роботнинг қандай ишлашини кўрсатиш учун моделини ҳам ясаганини айтиб ўтади. Натуре журнали эса Абул-Изни «ХII аср муҳандислигининг чўққисини забт эттан мусулмон олим» деб атаган ва 1974 йилги март сонининг уст муқовасига асардан олинган гидромеханик сув таъминлаш тизими тасвирланган миниатюрани босиб чиққан эди. «Фан ва утопия» журнали эса, 2002 йил январ сонида Абул-Из ҳақида «Роботлар ва автоматик тизимлар отаси Ал-Жазарий» сарлавҳали мақола чоп этди.
Фан тарихи олими Сартон Абул-Изнинг мазкур асари ҳақида қуйидаги фикрни билдирган: «Бу илмий асар ниҳоятда мукаммал ва тушунарли тарзда баён этилган бўлиб, муҳандислик йўналишида мусулмонлар эришган энг катта ютуқпардан бири дейиш мумкин». Доналд Хилл эса шундай дейди: «Ал-Жазарий ихтироларининг муҳандислик тарихидаги аҳамиятини тўлиқ ифодалашдан ожизман. Унинг асари турли машиналарни ясаш, йиғиш, безаш ҳамда ишлаб чиқиш учун зарур кўплаб кўрсатма ва инструкцияларга бойлиги билан ажралиб туради».
Тарих «Абул-Из»ларга бой
Механика муҳандислиги институти ходимлари Ладлоу ва Бахраниларнинг таъкидлашича, ўрта асрларда муҳандислик соҳаси бўйича шарқ оламида эришилган кўпгина ютуқлар яхши ўрганилмаган. Сабаби, ўша даврдаги муҳандис ва усталар асосан амалиёт билан шуғулланганлар, улар ичида ёзув ва сурат чизишни, адабиёт ва тилни яхши билганлар кам бўлган. Шунинг учун, гарчи мукаммал ихтиролар қилган бўлсалар-да, уларни ёзиб қолдиришмаган. Фақат шогирдларига ўргатиш билан кифояланганлар. У пайтдаги усталарнинг жуда моҳир бўлишганини ҳозирда музейларда сақланаётган экспонатлардан ҳам билиш қийин эмас. Иккинчидан, ихтироларини ёзиб қолдирган муҳандислар асарларининг бир қисми йўқолган ёки урушлар пайтида йўқ қилиб юборилган.
Ноел эса 11-асрда яшаган андалуслик муҳандис Ибн Халаф Ал-Муродийнинг илмий асари ва 9-асрда ёзилган «Ажойиб ускуналар китоби»дан бошқа на Византия, на Хитой ва на Ҳиндистонда ишлаш механизми дастурланганлигини тасдиқловчи батафсил тушунтириб ёзилган асар тополмаганини қайд этган.
Шу билан бирга, Ладлоу ва Баҳрани Европа ва Шимолий Америка кутубхоналарида сақланаётган муҳандисликка тегишли минглаб арабий қўлёзмалар мавжуддиги ва улар ҳали ҳам тўлиқ ўрганилмаганини, алоҳида таъкидлайдилар.
Содиқ Ҳамроҳ,
Аҳрор Сотиболдиев
Чапда Ал-Жазарийнинг қўлёзма китобидан олинган автоматик сув ҳайдовчи насос сурати, ўнгда унинг компютерда қайта ишланган тасвири келтирилган. Насос ҳар бирида поршени бўлган икки мис цилиндрдан ташкил топган. Икки поршен насос ўртасида тебранувчи ричагга бириктирилган валга уланган. Ричагда тишли ғилдирак айлантиришига мослашган кесиклар ҳосил қилинган. Ғилдирак ё сув оқимида айланувчи чархпалак ёки бирор ҳайвон томонидан айлантирилади. Икки цилиндр эса қувурларга очилиб ёпилувчи клапан орқали уланган. Клапанлар фақат бир томонга очиладиган тарзда ясалган.
Чапда Ал-Жазарийнинг қўлёзма китобидан олинган уч босқичли сув кўтарувчи мослама сурати, ўнгда унинг компютерда қайта ишланган тасвири келтирилган. Сув оқими кириш қувуридан ўтиб резервуарга (кичик ҳовуз) тушади. Резервуарнинг тешигидан пастга тушиб сув трубинасини айлантиради. Айланиш резервуар остидаги вертикал тишли ғилдирак орқали устунга бириккан горизонтал тишли ғилдиракка узатилади. Ва у ўз навбатида устун орқали тепа қисмдаги горизонтал тишли ғилдиракдан вертикал тишли ғилдиракка узатади. Бу ғилдирак арқонга кетма-кет қилиб боғланган идишчалар тизимини айлантиради. Идишчалар сувни резервуардан олиб юқоридаги чиқиш қувури бакига тўкади.
Чапда Ал-Жазарийнинг қўлёзма китобидан олинган фил соати эскизи, ўнг томонда компютерда қайта ишланган тасвири. Фил соати ўша давр соацозлигининг энг чиройли намунаси ҳисобланади. Асар кишига завқ бағишлайдиган тарзда, ниҳоятда дид билан ясалган. У нафақат кўнгилхушлик учун, балки астрономик ҳисоб-китоблар учун ҳам яроқли. Соатнинг баландлиги ўртача 1, 8 метр эни 1, 2 метр. Фил соати механизми уч қисмдан иборат: автоматик тизим, оқим регулятори, қайтувчи алоқали тизим. Автоматик тизим – ҳар 60 дақиқада жомга зарба бериш ва қуш сайраши орқали вақтни эълон қилиб турувчи тизим. Оқим регулятори сувда сузиб юрувчи элементда турли сув баландлиги сатҳларида ҳам белгиланган ўлчовда оқимни таъминловчи кичик тирқишдан иборат. Оқимнинг бундай ўлчови соатнинг бонг уриш вақтини аниқлаб беради. Тирқиш ўлчами тажриба асосида аниқланади. Қайтувчи алоқали тизим ёрдамида металл шарчалар омборчада бўлган муддат давомида соат ишлайверади. Механизм ҳаракати гравитация кучига (ернинг тортишиш кучи) таянади. Гравитация кучи таъсирида ичига сув кирган сузувчи элемент (таржаҳар) сув тубига оҳиста ва текис тушади. Бу эса ўз навбатида, унга боғланган ипни тортиб, механизмни ишга туширади. Яъни шарча илон оғзига тушгач, оғирлик кучи таъсирида бошини пастга эгади. Илон шкив шаклидаги қайтиш механизмига эга. Чарча илонни тарк этгач, қайтиб тикка ҳолатга кела туриб, боши билан бирга занжирни кўтаради. Занжир сузувчи элементга улангани сабабли уни кўтариб сувдан бўшатади. Натижада, сузувчи элемент яна сув сиртига чиқиб қолади. Цикл ана шундай давом этаверади.