Мирзо Улуғни 15 асрдан бери Европа ва Америкада ҳам, Осиёда ҳам яхши билишади. 16 аср охири ва 17 асрнинг бошларида Европада астрономия фанининг жадал суръатлар билан ривожланиши европаликларнинг Самарқанд академиясига бўлган қизиқишини оширди. Шогирди Али Қушчининг Улуғбек асарларини Туркияда тарғиб этганлиги натижасида европаликлар унинг фан тараққиётига қўшган кашфиётларидан баҳраманд бўлдилар.
Ҳозирги кунда «Зижи жадиди Кўрагоний» асарининг 150 дан ортиқ нусхаси маълум. Бошқа маълумотларга кўра, асарнинг 120 га яқин форсий нусхаси ва 15 дан ортиқ арабий нусхаси ҳам мавжуд.
Мирзо Улуғбекни давлат ишлари билан машғул бўлишдан кўра кўпроқ илму фан билан шуғулланиш қизиқтирган. Унинг «Бир даражанинг синусини аниқлаш ҳақида рисола», «Рисолаи Улуғбек», «Тўрт улус тарихи», «Зижи жадиди Кўрагоний», «Кўрагонийнинг янги жадваллари» каби асарлари дунё олимлари томонидан ҳали ҳануз ўрганилади. Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» асари «Улуғбек зижи», «Зижи Кўрагоний» каби номлар билан ҳам аталади. «Зиж» сўзи форс тилидаги «зик» сўзидан олинган бўлиб, «жадвал» маъносини билдиради. Мазкур асар Улуғбекнинг қарийб 30 йиллик изланиши самараси бўлиб, у 1444 йилда ёзиб тугатилган. Асар форс тилида битилган, кейинчалик Ғиёсиддин Ал-Коший томонидан араб тилига таржима қилинган. «Зижи жадиди Кўрагоний» муқаддима ва тўрт мақоладан иборат.
Биринчи мақола сўзбоши ва 7 бобдан, иккинчи мақола 22, учинчи мақола 13, «Зиж»нинг сўнги – тўртинчи мақоласи эса тўлалигича илми нужумга бағишланган бобдан иборатдир.
1638 йили инглиз олими ва шарқшуноси, Оксфорд университети профессори Жон Гривс Истанбулга келади. У ўзи билан Англияга асарнинг бир нусхасини олиб кетади. 1643 йилдан бошлаб Жон Гривс «Зижи жадиди Кўрагоний» асарини илмий тадқиқ қилишни бошлади ва Улуғбекнинг юлдузлар каталогидан олинган 98 та юлдуз ҳолатини 1648 йили эълон қилди, аниқроғи, олимнинг мазкур иши Байнбридж томонидан нашр қилинди. Ўша йилнинг ўзида у «Зиж»нинг география қисмини алоҳида нашр этди. Кейинчалик эса у тўрт қисмдан иборат Улуғбек «Зиж»и биринчи китобининг лотинча таржимасини нашр қилди. 1652 йилда охирги иккита иш қайта чоп этилди.
Англиялик шарқшунос олим ва таржимон, Оксфорддаги Бодлеяни кутубхонасининг ходими Томас Хайд 1018 та юлдуз тадқиқ қилинган «Зижи жадиди Кўрагоний»нинг юлдузлар жадвалини лотин ва форс тилларида нашрга тайёрлади ҳамда «Улуғбек кузатишлари бўйича қўзғалмас юлдузларнинг (астрономик) кенглама ва узунламалари жадваллари» номи билан нашр эттирди. Томас Хайд Гривснинг «Зиж» борасида олиб борган илмий ишларидан бехабар бўлган, бу эса Улуғбек асарининг турли йўллар билан Европага кириб борганини кўрсатади.
Ж. Гривс ва Т. Хайд томонидан Улуғбек «Зиж»идаги жадвалларнинг нашр этилиши Европа астрономлари учун улкан воқеа бўлди, чунки астрономларнинг юқори аниқликдаги юлдузлар жадвалига эҳтиёжи катта эди. Ана шу эҳтиёж ва чанқоқликни босишда Улуғбекнинг «Зиж»идек ўз даврининг мукаммал асари муҳим рол ўйнади.
Мазкур асарнинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, китобда келтирилган расмларнинг иккитасида ватандошимиз Мирзо Улуғбекнинг сиймоси акс эттирилган. Расмларнинг бирида Улуғбек осмон худоси Урания раислик қилаётган мажлисда унинг ўнг қўл томонида ўтирибди. Суратда йирик астрономлардан грек Птолемей (эр. ав. тахминан 170 йили вафот этган), италиялик Жан Баптист Риччиоли (1598 – 1671), даниялик астроном Тихо Браге (1546 – 1601), поляк астрономи Ян Гевелий, немис шаҳзодаси Гасс (1532 – 1592) тасвирланган.
Иккинчи гравюрада Ураниянинг атрофини ўраб турган 10 нафар машҳур астроном ҳузурига Ян Гевелий ўзининг юлдузлар каталогини тақдим этиш учун ташриф буюрган ҳолат тасвирланган.
Мирзо Улуғбек ва у ташкил этган академиянинг Ғарбий Европада қанчалик машҳур бўлганини Ян Гевелийнинг «Астрономия даракчиси» асарида битилган гравюралардан ҳам билиш мумкин. 1711 йили Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали қайта нашр этилди. Мазкур жадвал юнон тилида ҳам чоп этилган.
Пётр И замонида Улуғбекнинг «Зиж»и Россияда ҳам чоп этилгани тарихий фактдир. Бу ишни ёш немис олими, Россия ташқи ишлар коллегияси аъзоси Г.Я.Кер амалга оширди. У Улуғбек «Зиж»ининг фақат сўзбошисини форс тилидан лотин тилига таржима қилиб, нашр этди. Бу ишга уни Париж обсерваториясидан Пётр И нинг таклифига кўра, Петербург Фанлар академиясига ишга келган астроном Жозеф Никола Делил ундаганди. Ж.Н.Делил Петербургга келишдан олдин Россия астрономиясини ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиққан эди. Мазкур дастурни амалга ошириш йўлида Шарқ астрономияси эришган ютуқларни яхши ўрганиш лозимлигини тўғри англаган олим, бу ишга Г.Я.Кер ва Петербургда яшаётган грузин шоҳи, форс тилини яхши эгаллаган Вахтанг ВИ ни ҳам таклиф этади. Вахтанг ВИ Россияга келгунига қадар ўз котиби М.Кавкасидзе билан биргаликда «Улуғбекнинг астрономик жадваллари»нинг форсчадан грузин тилига таржимасини бошлаган эди. Кейинчалик бу таржима Петербургда ниҳоясига етказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил май ойида чиқарган қарорига асосан, мамлакатимизда Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик тўйи 1994 йилда кенг нишонланди. Бу йил эса улуғ олим ва давлат арбоби, Соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли набираси Мирзо Улуғбек таваллудига 614 йил тўлди. Улуғбекнинг ҳаёти ва яратган асарларига бўлган қизиқиш ҳеч бир замонда сўнмаган. Унинг қаламига мансуб бўлган асарлардан бири — «Зижи жадиди Кўрагоний» асари тарихий аҳамиятга моликдир. Зеро, шеърият мулкининг султони ҳазрати Навоий ўзининг «Фарҳод ва Ширин» асарида ёзганидек:
Темурхон наслидин султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек.
Анинг абнойи жинси бўлди барбод,
Ки давр аҳли биридин айламас ёд.
Ва лек, ул илм сори топти чун даст,
Кўзи олинда бўлди осмон паст.
Расадким боғламиш – зеби жаҳондур,
Жаҳон ичра яна бир осмондур.
Билиб бу навъ илми осмоний,
Ки андин ёзди «Зичи Кўрагоний».
Қиёматга дегинча аҳли айём,
Ёзарлар онинг аҳкомидин аҳком.
“Маърифат” газетасидан