Квант механикасидан ҳам улкан қадам

Инсоният ХХ асрга келиб квант механикаси туфайли мисли кўрилмаган равнақларга эришди. ХХI аср эса илғор давлатлар томонидан нанотехнология учун миллиардлаб сармояларни аямай, шиддат билан изланишлар қилиш ва улкан ютуқларни қўлга киритиш билан бошланди. Ушбу йўналишдаги мақсадлар амалга ошса, инсониятнинг минг йиллар давомидаги барча орзулари рўёбга чиқишига ҳеч қандай шубҳа қолмайди.

«Global Industry Analysis» компаниясининг мутахассислари нанотехнология оламида Япония, АҚШ ва Евроиттифоқ мамлакатлари пешқадам, деган ахборот тарқатди. Сабаби, айнан шу мамлакатлар нанотехнологиянинг ривожига энг кўп миқдордаги инвестициялар киритишни режалаштирган. Хусусан, нанотехнология соҳасидаги изланишлар ҳамда ишлаб чиқариш учун 2006-2010 йиллар давомида Япония ҳукумати 6 миллиарддан кўпроқ, АҚШ 5,6 миллиард ҳамда Евроиттифоқ мамлакатлари 4,5 миллиард доллар сармоя сарф­ламоқчи. Россия эса нанотехнологияни 2011 йилгача ривожлантириш учун 8 миллиард доллар ажратишни мўл­жал­лаётгани ҳақида хабарлар бор. Нега қатор давлатлар нанотехнология учун миллиард­лаб сармояларини сарф қи­лишни режалаштиряпти? Умуман олганда, бу маблағлар етарлими?! Ҳозирги пайтда нанотехнология ҳақида эшитмаган одам кам бўлса керак. Лекин бундан 4 йилча муқаддам қатор олий ва ўрта махсус таълим муассасалари муаллимларига нанотехнология соҳасига оид маърузалар қилганимда уларда бу борадаги тушунчанинг камлиги мени ажаблантирган эди. Шу сабаб, мамлакатимизда “Нанотехнология” журналини чоп этиш, унда мазкур соҳадаги ютуқлар ҳақида батафсил маълумот бериб бориш зарур, деган фикрдаман.

Мавзуга қайтадиган бўлсак, фан тарихчиси Ричард Букер фикрича, нанотехнология тарихини ёритиш икки сабабга кўра жуда ҳам мураккаб. Биринчидан, бу тушунчанинг ўзи ноаниқ, мисол учун, нанотехнология тушунчаси кўпинча одатдаги технология атамаси доирасига сиғмайди. Иккинчидан, инсоният қадим замонлардан бери ўзи билмаган ҳолда нанотехнология билан тажриба қилишга уринган. “Нанотехнологияга кириш” китобининг муаллифи Чарлз Пул ушбу фикрга бир мисол келтиради: Британия музейида қадимги Рим усталари ясаган “Ликурга Кубоги” (кубокда буюк спартанлар қонунининг яратувчиси ҳаётидан лавҳалар тасвирланган) сақланади. У шишага қўшилган олтин ҳамда кумушнинг микрос­копик заррачаларини ўзида мужассамлаштирган. Кубок турлича ёритилганда, ранги тўқ-қизилдан тоза зарингача ўзгаради. Худди шундай технологиялар Ўрта асрда Европа черковлари витраж (сурат соладиган рангли ойна)ларини тайёрлашда ҳам қўлланилган. Грек файласуф олими Демокрит нанотехнологиянинг “отаси” деган қарашлар ҳам бор. У модданинг энг кичик заррачасини таърифлаш учун эрамиздан 400 йиллар муқаддам илк бор грекча “атом” (“бўлинмайдиган”) сўзини ишлатган. 1661 йили ирландиялик кимёгар Роберт Бойл ўз мақоласида Аристотелнинг Ердаги ҳамма нарса тўрт элементдан – сув, тупроқ, олов ва ҳаводан таркиб топган деган қараши (ўша давр алкимё, кимё ва физиканинг фалсафий асоси)ни танқид қилади. Бойл барча нарсалар “корпускулалардан” – ўта кичик қисм­лардан ташкил топган, уларнинг турлича бирикуви ҳар хил модда ва буюмларни ҳосил қилади, деган қарашни илгари сурган. Кейинчалик Демокрит ва Бойл ғоялари илм аҳли томонидан тан олинади. Балки, ҳозирги замон нанотехнологиясидаги ўктамлик илк бор америкалик ихтирочи Жорж Истмен 1883 йили фотоплёнка тайёрлаганида рўй бергандир…

Қуйидаги воқеалар ҳам нанотехнология оламида муҳим ўринга эга:

– 1905 йили Швейтсария физиги Алберт Эйнштейн шакар молекуласининг ўлчами тахминан 1 нанометр эканлигини асослаб берган ўз мақоласини эълон қилади;

– 1931 йил. Немис физиклари Макс Кнолл ва Эрнст Руска биринчи маротаба нанооламни ўрганиш имконини берган электрон микроскопни ихтиро қилишди;

– 1968 йил. Американинг «Белл» компанияси илмий бўлими ходимлари Алфред Чо ва Жон Артур юзани ишлашда нанотехнологиянинг назарий асосларини яратишди;

– 1974 йил. Аслида атом ва молекулаларнинг 10 даражаси 9 ўлчамга эга. “Нано” қўшимчаси 10 даражаси 9 ни билдиради, шу тариқа “нанотехнология” атамаси пайдо бўлди. Япон физиги Норио Танигучи эса “нанотехнология” сўзини илмий ибора сифатида фанга киритди ва бир микрондан кичик бўлган механизмларни шундай номлашни таклиф этди;

– 1981 йил. Германиялик физиклар Герд Бинниг ва Генрих Рорер алоҳида атомларни кўрсата оладиган микроскоп ясашди;

– 1985 йил. Америкалик физиклар Роберт Керл, Херолд Крото ва Ричард Смейли диаметри бир нанометр бўлган буюмларни аниқ ўлчай оладиган технология яратишди;

– 1986 йил. Нанотехнология кенг жамоатчиликка маълум бўлди. Америкалик футуролог Эрик Дрекслернинг китоби босмадан чиқди ва унда нанотехнология яқин келажакда жадал ривожланиши ҳақида башорат қилинганди;

– 1989 йил. IBM компа­ниясининг ходими Доналд Эйглер ўз фирмаси номини ксенон атомлари билан платина пластинкаси устига терди. Чизма илмий ва бошқа журналларда намойиш этилгач, илм аҳли ларзага келди;

– 1993 йил. АҚШда Фейман мукофоти берила бошланди;

– 1998 йил. Голланд физиги Сеэз Деккер нанотехнология асосида транзистор ясади;

– 1999 йил. Америкалик физиклар Жеймс Тур ва Марк Рид алоҳида молекула моле­куляр тизим сифатида ҳаракатланиши мумкинлигини аниқлади;

– 2000 йил. АҚШ ҳукумати Нанотехнология соҳасида миллий ташаббус (Натионал Нанотечнологй Инитиативе)ни маъқуллади. Нанотехнологик изланишлар давлат томонидан молиялаштирилди. Давлат бюджетидан 500 миллион доллар ажратилди;

– 2001 йил. Марк Ратнернинг “Нанотехнология: янги катта ғояга кириш” китобида нанотехнология инсон ҳаётининг бир қисмига айнан 2001 йили айланганлиги, ўша йили икки муҳим воқеа: обрўли илмий «Сcиэнcе» журнали нанотехнологияни – “Йил янгилиги», машҳур «Форбес» бизнес-журнали эса “Янги кўп аҳдли ғоя” деб атаганлиги таъкидланди. Ҳозирги пайтда нанотехнологияга нисбатан даврий равишда “янги саноат револютсияси” иборасининг қўлланиши одат тусига кириб боряпти, деган фикр-хулосаларини илгари сурди.

Айни кунда нанотехнология қуйидаги йўналишларга бўлиб қўлланилади:

1. Анъанавий кимёвий усуллар ёрдами билан (“нанокўламдаги технология” деб аталувчи) наноматериаллар яратиш (наноўлчамли элементлари мавжуд бўлган буюмлар).

2. Оқсил, ДНК ва бошқа органик молекулалардан фойдаланиб, фаол нанотузилишларни яратишга интилиш.

3. Элементлари бир нечта атомдан таркиб топган элек­трон чизмаларни ясаш.

4. “Молекуляр саноат” деб номланувчи наномеханик ёндашиш доирасида наноўлчамли қурилмалар, жумладан, наномашиналар (яъни, ўлчами молекуладай бўлган механизм ва роботлар) яратиш; атом ва молекулаларни бевосита бошқариш ва улардан исталган нарсани ясаш.

Агар тўртинчи масала ҳал бўлганида эди, ўз-ўзидан қолган учтасининг ҳам ечими топиларди. Нанотехнология деганида олдин фақат ушбу тўртинчи масала тушуниларди. Бу қараш, умуман олганда, нанотехнология тушунчасини аниқ ёритиб беради. Лекин молиявий масалалардаги чигаллик ва муаммолар туфайли юқоридаги биринчи учта йўналиш ҳам нанотехнология бўйича изланиш деб эътироф этила бошланди. Бу, албатта, изланиш ишларида бирмунча қулайликлар ва имкониятларни очиб берди. Шу билан бирга, нанотехнология тушунчасини бироз чалкаштириб ҳам юборди. Дастлабки учта йўналишни ривожлантириш мақсади ҳам аввало тўртинчи масалани ҳал қилишга қаратилгандир.

Ричард Фейман 1959 йил 25 декабрда ўтказилган Америка физиклар жамиятининг йиллик мажлисидаги маърузасида инсоният олдидаги кўплаб муаммолар одамлар алоҳида атомларни бошқаришни ўрганганидан сўнг ечимини топади, деб башорат қилган. Таъкидлаш жоизки, Фейманга 1965 йили квант электродинамикаси соҳасида бажарган ишлари учун Нобел мукофоти берилган, квант электродинамикаси эса ҳозирда нанофан соҳаларидан бирига айланган. Бироқ фақат 1981-83 йилларга келибгина Швейтсариянинг ИБМ компа­нияси физиклари Генрих Рорер ва Герд Бинниг алоҳида атомларни кўрсатадиган, уларни ўрнидан кўчириб, бир жойдан бошқа жойга ўтказа оладиган, яъни сканерлайдиган тунел микроскопни яратишди. Орадан беш йил ўтгач, 1986 йили улар нанотехнология соҳасидаги ушбу мислсиз ютуқлари учун Нобел мукофоти билан тақдирландилар. 1989 йили ИБМнинг яна бир олими Доналд Эйглер платина плас­тинкаси устига инерт ксенон газининг 35 атомларини ўзи истагандек жойлаштириб, ўз компаниясининг логотипини (эмблемасини) чизди.

Жаҳон бўйлаб илмий журналларда тарқалган ушбу фотосурат инсониятни лол қолдирди. Инсоният тарихида атом кетидан атомни жойлаштириб, ўта кичик тузилмани яратиш натижасида нанотехнология асри бошланган эди. Лекин нанотехнологиянинг имкониятлари фақат шулар билангина чекланмади, унга нисбатан бўлаётган қизиқишлар кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу қизиқиш Эрик Дрекслернинг 1986 йили “Яратиш машиналари” илмий-оммабоп китоби босмадан чиққандан сўнг жуда ҳам кучайиб кетди. Э.Дрекслер технологик жараённи иккига бўлиб кўради. Биринчиси, унда кашф қилинган технология бўлиб, миллиардлаб атомларнинг ялпи кўчиш жараёни рўй беради. Буни Э.Дрекслер “балк” деб атайди. Унинг таърифига кўра, Герд Бинниг ва Генрих Рорернинг 1981 йилги кашфиётигача инсоният фақат ибтидоий инсон кашф қилган балк технология йўлидан юриб тараққий этиб келган. Ричард Фейман таклиф этган технологик жараённи эса Э.Дрекслер янги технология деб белгилаб, уни япон физиги берган ибора билан “нанотехнология” деб номлайди. Қачонлардир у молекуляр технология номи билан аталган. Демак, адабиётлардаги молекуляр технология ва нанотехнология атамалари бир технологиянинг икки хил номланиши холос.

1991 йили Эрик Дрекслер нанотехнология соҳаси бўйича биринчи бўлиб илмий даража олишга мушарраф бўлди. 1992 йили у “Нанотузилмалар: молекуляр машиналар, ишлаб чиқариш ва ҳисоблашлар” номли илмий монографиясини чоп эттирди. Бу нанотехнология соҳасида ҳозирча тўла ва чуқур мазмунли китоб ҳисобланиши билан аҳамиятли. Нанотехнология ва анъанавий технологиялар ўртасида жиддий фарқ бор. Биринчидан, ҳозирда бизда мавжуд асбоблар нанодаражада ишлай олиш имконида мукаммал эмас – атомар аниқлигида фақат баъзи буюмларнигина ишлаб чиқариш мумкин. Иккинчидан, нанодаражада бўлинганида одатий физика қонунлари ўзгаради: квант таъсирлар ва молекулалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик сезила бошлайди, шу билан бир қаторда, оғирлик ва ишқаланиш кучлари унча катта бўлмай қолади. Наноўлчамли объектларни лойиҳалаш ва қуришдаги қийинчиликлар қисман шу билан ҳам боғлиқдир.

Нанотехнологиядаги биринчи йўналиш анъанавий кимё­вий ва микроэлектрон технологияларнинг мантиқий давомидир. Аввал бу йўналиш нанотехнологияга мутлақо оид эмас, деб қаралар эди. Нанотизимларни органик моддалар асосида яратиш тирик организмлардан нусха кўчириш мумкинлиги нуқтаи назаридан эътиборга лойиқдир, лекин шу билан бир қаторда у “қурилиш материалларининг” маълум бир синфинигина қўллаш имконияти билан чекланган. Вужудга келиши лозим бўлган тирик организм учун қанча аминокислота, ДНК, РНК, оқсил, ҳужайра ва ҳ.к.лар кераклиги ҳақидаги маълумотлар ДНКда жамланган бўлади. Ҳозирги даврда биологлар жонли олам бунёд бўлиши учун, авваламбор, аминокислоталар вужудга келиши керак, деган хулосага келишди. Шу билан бирга, энг олдин ДНК ва ундаги дас­тур ҳам бўлиши лозим, кейин шарт-шароит, геологик давр ва бошқаларга қараб, у ёки бу кўринишдаги эволютсион жараён кечади. Аввало, айнан шу йўл нанотехнология тараққиётида илдамлик билан босиб ўтилиши керак. Юқоридаги икки йўналиш қисқа вақт ичида амалиётда қўлланиши мумкинлиги билан олимлар эътиборини кўпроқ тортди, кейинчалик эришилган ютуқлар имкониятларини асосан наномеханик йўналишда қўллаш режалаштирилмоқда. Нанотехнологиянинг тараққиёти босқичма-бос­қич бўлиши шарт эмаслиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Наномеханик тузилмаларни ҳозирнинг ўзида яратиш мумкин ва ушбу йўналишда Э.Декслер, қатор олиму инженерлар ва ташкилотлар катта шижоат билан иш олиб боришмоқда.

Наномеханик йўналиш замирида зарур иш-ҳаракатларни бажара оладиган наноўлчамлардаги сунъий қурилмаларни яратиш ётади. Шундай давр келадики, саноатда молекулаларни йиғиш даражаси нанороботларни – ўлчамлари юз нанометр атрофида бўлган ва маълум дастур асосида атомлар устида барча бошқарувларни бажара оладиган қурилмаларни (йиғиш ва бузиш) яратиш имконини беради, деб ёзади Дрекслер. У алоҳида атомлар ёки оддий молекулалардан турли-туман буюмларни яратадиган нанороботларни «ассемблерлар» деб номлайди. Агар бундай йиғиш ишлари алоҳида нанороботлар томонидан эмас, балки бир бутун тизим орқали бажарилаётган бўлса, у ҳолда, нанофабрика ҳақида сўз боради.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам атомлар ёки уларнинг блоклари билан ишлаш учун наноманипуляторлардан фойдаланилади. Нанороботнинг ҳар манипулятори (бошқарув дастаги) ўта кичик ўлчамларда бўлганлиги сабабли, бир секундда миллион операцияларни бажариши мумкин. Катта суръатда параллел ишлаётган(нанофабрикада ёки кўплаб алоҳида ассемблерлардаги) миллионлаб наноманипуляторлар ёрдамида ҳар қандай материал, объектни амалда беҳисоб миқдорда жуда ҳам тез ва арзон ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Нанофабрикалар ёки ассемблерлар хомашё сифатида амалда ҳар қандай модда: тупроқ, кимёвий ва кундалик чиқиндиларни ишлатиши мумкин. Асосийси, хом ашёда ишлаб чиқариш мўлжалланган барча унсурларнинг етарлича мавжуд бўлишидир. Қисқаси, уларга кўрсатиб қўйсангиз бўлгани, истаган буюмингизни дастур орқали берилган топшириқ асосида ўзига керагича дастёрларни ҳам ясаб олган ҳолда тез ишлаб беради…

Ўлчамлари бактериялардек, манипулятор, двигател ва компютерлар билан таъминланган бундай нанороботлар инсон буйруғига биноан ҳар қандай вазифани амалда бажариши мумкин.

Нанотиббиёт инсон танасининг барча ҳужайраларидаги ҳар қандай муаммоларни: артерияларни склероз тошмалардан тозалаш, инфектсияларни ёки рак ҳужайраларини йўқ қилиш, ҳатто организмнинг барча ҳужайраларини генетик даражада қайтадан дастурлаб чиқиш имкониятларига эга бўлади.

Наномашиналар яратиш йўлида биринчи қадамлар ҳозирнинг ўзида қўйиляпти. Бугун компютер дастурлари асосида ўн минглаб атомларни ўзида жамлаган наноқурилмалар лойиҳалаштириляпти. Жаҳоннинг энг илғор нанотехнологларидан бири Р.Фрайтас томонидан тиббиётга оид бир нечта наноқурилмаларнинг асосий лойиҳалари ишлаб чиқилган, улар респиратсит (эритротситнинг сунъий ўриндоши), микробивор (лейкотситнинг ўрнини босувчи) ва хромаллютсит (ҳужайрадаги хромосомаларни алмаштириш учун нанороботлар) яратишга қаратилган.

Крис Феникс оддий нанофабриканинг лойиҳасини ишлаб чиққан. 2007 йили Форесигҳт Унcонференcеда Роберт Фрайтас ва Ралф Меркл нанообъектларнинг механосинтези учун тўққиз молекуляр асбобларнинг йиғиндисини намойиш этишди. Бу нанофабрикалар ва молекуляр ишлаб чиқариш йўли томон қўйилган улкан қадам бўлди.

Охирги бир неча йилларда наномеханика истиқболини кўрсатувчи қатор муҳим натижалар қўлга киритилди. Масалан, 2005 йили энеграяни алоҳида фотонлар сифатида олувчи ва ясси сирт бўйлаб ҳаракатлананувчи “наноавтомобилнинг” бир нечта молекуладан иборат бўлган шасседаги ғилдираги яратилди. Нанороботлар двигателлари учун бир неча хил прототиплар, АТФ-синтезлар асосида ишлаб чиқилган.

2007 йили Берклидаги Лауренс лабораториясида битта нанотрубка ёрдамида радиоприёмник яратилгани ҳақида ахборот тарқалди, бу эса ўз навбатида, нанороботлар радиоалоқалар орқали бир-бири ва бошқарувчи компютер билан сигнал алмашиши мумкинлигини намойиш этди. 2008 йили Осака университети олимлари нанотехнология мисолида кремний атомларини қалай атомлари билан алмаштира оладиган “атом” перосини яратишга эришгани ҳақида Пинк Тентаcле журнали хабар тарқатди. Изланувчилар ярим соат мобайнида 2 га 2 нанометр ўлчамли юзада “атом” пероси ёрдамида кремнийнинг кимёвий белгиси “Си”ни, қалайнинг алоҳида атомларини ётқизиб ёзишга эришишган. Ушбу нанотехнологик иш хона ҳаво ҳароратида бажарилган. Олимларнинг фикрича, бундан-да майдароқ ёзувга эришиш мумкин эмас. “Атом” пероси илгари кашф қилинган сканерлайдиган атом-куч микроскопи зондининг яримўтказгич сиртига яқинлаштирилганида кремний атомларини қалай атомларига алмаштириш таъсирига асослангандир…

АҚШнинг нанотехнология бўйича миллий ташаббус ташкилоти (ННИ) башоратига асосан 2020 йилларда молекуляр нанотизмлар яратилади. АҚШдаги нанотехнологиялар марказининг ҳисоб-китобларига кўра эса мазкур мақсад йўлида кучлар жамланиб йўналтирилса, молекуляр саноат (наноассемблерлар ёки нанофабрикалар) 2015 йилдаёқ барпо қилиниши мумкин. Яқин келажакда нанофабрикалар етакчи ўринга эга бўлиши кутилмоқда. Суперкомпютерлар нанороботлар билан биргаликда инсон мияси тузилишини ва унинг ишлаш механизмини тушуниши, бу орқали инсон онгидан кучли бўлган сунъий онгни яратиш имконини беради. Инсониятнинг барча хизматларини қилиш, уларнинг моддий тўкин-сочинлигини таъминлашни машиналарга топшириш мумкин бўлади. Одамлар ўз носоғлом орган ва тўқималарини соғломларига алмаштириб, янгилаш имкониятига эга бўлинади. Ихтиёрига қараб, инсон ташқи қиёфасини ҳам таниб бўлмас даражада ўзгартириши мумкин. Катта тезликларда ҳаракатланадиган космик кемаларни ва фазода улкан турар жойларни бунёд этиш инсониятни самога тезлик билан йўл олиш, юлдузлар ва бошқа энергия манбалари атрофини бетиним ўзлаштира бошлашига туртки бўлади.

Бироқ нанотехнологиялар тараққиёти мисли кўрилмаган хавфни ҳам ўзида мужассам этган. Энг хавфлиси, бу “кўкимтир шиллиқлик”нинг пайдо бўлишидир, яъни бетиним кўпайиб борувчи нанороботлар (репликаторлар) мақсадли равишда сайёрамиздаги одамлар, жониворлар, ўсимликлар, бутун органик ҳаётни йўқ қилишидадир. Бундай ҳолат нанороботлар ҳарбий қурол сифатида ишлатилганда рўй бериши мумкин. Шунинг учун ҳам нанотехнологиянинг ривожини молиялаштириш кўпроқ ҳарбий ташкилотларни қизиқтирмоқда. Бу каби танг фожиавий аҳвол юзага келмаслиги айниқса, қуролланиш соҳасида мазкур ютуқлар қўлланишининг олдини олиш мақсадида жамоатчилик назорати лозим бўлади. Дрекслер таклиф этган ҳимоя тамойилларидан бирига кўра, мабодо қўлланилаётган қуроллар назоратдан чиқса, уларнинг ўзлари мустақил равишда вазиятни аниқлаб, ҳосил бўлган қуролни қириб ташлаши орқали хавфни йўқ қилишга эришишдир. Лекин бу каби фаол қалқонларни ҳосил қилишнинг ўзи ҳам молекуляр технологияга талаб туғдиради.

Бугунга келиб, нанотехнология тараққиёти хавф туғдирадиган йўналишда кетмаслигини назорат қилиш бўйича усуллар, лойиҳалар ҳам таклиф этилган. Дастурлар ичидаги энг мукаммалларидан бири Э.Дрекслер иштирокидаги Нанорех компанияси томонидан яратилган Наноэнгинеэр дастуридир.

Яна айтиш жоиз, айни пайтда квант олами қонунларига бўйсуниши билан ҳаммани ҳайратга солаётган макрообъектлар ҳам олимларни жуда қизиқтираяпти. Бунга мисол Бозе-Эйнштейн конденсатидир. Унда миллионлаб атомлардан ташкил топган ушоқдек кичик булут бир бутун атомдек ҳаракатланади. Шу пайтгача инсониятга материянинг тўрт кўриниш – газ, суюқ, қаттиқ ва плазма ҳолатда бўлиши маълум эди. Бозе-Эйнштейн конденсати бўйича тажрибалардан материянинг бешинчи кўриниши ҳам мавжуд эканлиги аниқланди.

Бу феномен ҳақида Алберт Эйнштейн ҳинд физиги Шатендранат Бозенинг ҳисоб-китобларини таҳлил қилиб, 1924 йили илм аҳлига маълум қилган эди. Конденсат кўп ўринларда, масалан, квант компютерлар элементи сифатида ишлатилиши эҳтимоли борлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга. 2005 йили Америка олимлари Рой Глаубер ва Жон Холлнинг Бозе-Эйнштейн конденсати хусусиятлари, аниқроғи, ла­зер спектроскопияси билан боғлиқ ҳодисалар устида олиб борган изланишлари учун Нобел мукофоти би­лан тақдирланганлиги конденсатни ўрганиш аҳамияти катта экани­дан далолат. Бозе-Эйнштейн конденсати кашфиётчиларидан бири, 2001 йилги Нобел мукофо­ти совриндори Волфганг Кеттерле конденсатдан бўлакчаларни «бурдалаб» олиш мумкинлигини кўрсатиб ўтганди. Бу – атом лазерини қуриш, яъни ёруғликни нурлантирувчи лазерни эмас, моддани нурлантирувчи лазерларни ясашга эришиш мумкин дегани. Бундай лазерлар билан нанометр аниқликдаги ўта ки­чик тузилмаларни ясаш имкони туғилади. Бу кашфиёт нанотехнология оламида сезиларли силжишларга олиб келди. Алоҳида атомларни бошқариш учун атом лазерлари ҳозирги пайтдаги энг аниқ воситадир. Қолаверса, бу кашфиёт нанотехнология тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.

Мансурхон Тоиров,
физика-математика фанлари доктори, профессор
“Маърифат” газетасидан олинди.