Жаҳонда кечаётган глобаллашув жараёнларига бугун ижобий ҳодиса сифатида қаралаётган бўлса-да, уларнинг миллий ва индивидуал онгнинг ўз “мен”ини эркин намоён этишига халақит берадиган воқелик эканини сезиш қийин эмас. Ҳаёт тарзини, маданий ранг-барангликни, тафаккурни ва қонунларни унификатсиялаш орқали умумсайёравий бошқаришни (айрим сиёсатчилар ва тадқиқотчилар умумсайёравий ҳукумат, давлат тузиш ғоясини илгари сурадилар) шакллантириш инсон ақлу идроки, онги, руҳи мудом истайдиган турфа хилликнинг, плюрализмнинг ҳам унификатсиялашишига олиб келиши мумкин.
Шунинг учун бугун илм аҳли глобаллашув жараёнларини қўллаб-қувватлаган ҳолда маданиятлар хилма-хиллигини, ҳар бир инсонга хос турлича фикрлашни, бетакрор изланишларга мойилликни, плюрализмни асраб қолиш муаммосига дуч келмоқда. Кейинги йилларда хитой стратегемаларига бўлган қизиқиш бу борадаги изланишлардан биридир.
Стратегемаларнинг айрим кўринишларини Қадимги Хитой мутафаккирлари Лао-тсзи, Конфутсий, Мен-тсзи асарларидаёқ учратамиз. Лао-тсзи қарашлари асосида шаклланган дао фалсафаси стратегемли фикрлашнинг ёрқин намунасидир. Унга кўра дао инсон умр бўйи излайдиган йўлдир. Шу нуқтаи назардан у жамиятни эмас – шахсни, жамоавийликни эмас – индивидуалликни, анъанавийликни эмас – бетакрорликни, конформизмни эмас – эгоизмни эъзозлайди. Ўзининг нимага қодирлигини билмаган шахс ҳаёт нима учун берилганини билмаган кишидир. Ўзини билиш мудом эгоизмдан бошланади, аммо у билан якунланмайди. Дао фалсафасидан бехабар киши унинг “Такаббур бўлинг!” даъватини бир томонлама тушунади, ваҳоланки, такаббурлик, эгоизм реал борлиқдаги зиддиятларнинг инъикосидир. “Майли, — дейди Лао-тсзи, — қарама-қаршиликлар бирлашсин. Майли, парадокслар учрашсин. Бетакрор бўлинг, чунки ҳаёт бетакрордир. Яшанг, аммо шундай яшангки, гўё сиз ўлгансиз. Кейин, сиз ўлганингизда, шундай ўлингки, сиз бошқа ҳаётга, олий ҳаётга, буюк ҳаётга киргандек бўлинг. Майли, парадокслар учрашсин, қўшилсин ва бирга жо бўлсин”. Фақат индивидуаллигини, эгоизмини англаган киши “ўлингки” деган сўз бошқалар ҳаётига, маҳдудотга, кенгроқ оламга қўшилиб, улар билан бир бўлиб яшашга чақирилган даъват эканини туяди. Лао-тсзи содда алфозда жамият билан бирга бўлинг дейиши ҳам мумкин эди, лекин у ақлнинг бетакрорлиги, қувлиги, шу тариқа ўзининг бошқачароқ фикрлашга мойиллигидан келиб чиққан.
Манбаларга кўра, Қадимги Хитойда стратегемаларга оид тўрт мингдан зиёд трактат битилган. Бу шунчаки қизиқиш натижаси эмас эди, албатта. Хитой тарихи кўрсатадики, ўлкада ўзаро низолар, урушлар, тож-тахт учун кураш, князликларнинг бир-бирини талаши бир кун ҳам тўхтамаган. “Ҳаёт — курашдир” деган машҳур иборани хитойликлар тарқатган бўлса ажаб эмас. Улар ушбу курашда ҳар доим куч, қурол эмас, балки қувлик, ҳийла, найранг, алдаш — стратегемалар билан ғолиб чиқиш мумкинлигини яхши билганлар.
Зўравонлик билан итоат эттирилган юрт, вилоят бир кунмас бир кун бош кўтаришини, ёвузлик, даҳшатга солиш ёки ўзига бўйсундириш мақсадида алдаш узоқ давом этиши мумкин эмаслигини англаб етганлар. Шу тариқа стратегемаларга баъзи ҳолларда ҳийла, найранг, алдаш йўллари билан зўравонликдан халос бўлиш, бошқа бир ҳолларда эса улар ёрдамида бошқаларни ўз мақсадига хизмат қилдириш, бўйсундириш усуллари сифатида қараш шаклланган.
“Стратегия” сўзи юнонча бўлиб, “стратос” — лашкар, қўшин, “аго” етаклайман, бошқараман, эргаштираман деган маъноларни англатади. Демак, стратегема қўшинни, лашкарни бошқаришга оид билимлар, ҳарбий илм соҳасидир. Аммо ушбу илк этимологик маъно ҳозир трансформатсияга учраган, яъни стратегемага инсон ақлу идроки, фаолияти билан боғлиқ барча соҳаларга тааллуқли воқелик сифатида қаралмоқда. Шунинг учун ҳам бизнес, иқтисод, савдо-сотиқ, спорт, ижтимоий бошқарув, таълим-тарбияга оид стратегемалар тўпламлари Хитойда ҳам, Европада ҳам юз минглаб нусхаларда чоп этилмоқда.
Хитой тилида нафақат “тсзи” сўзи, худди шунингдек, “ин” сўзи ҳам қувлик, ақллилик, ҳийла маъноларини беради. Агар ақл ақлдан ўзишга, ўз “мен”ини намоён қилишга интилмаганида, инсоннинг ҳур фикрлилик, эркинлик, плюрализм, ҳатто ижод қилиш ҳақида ўйлашига ҳожат қолмасди. “Ақл ақлни чархлайди” деган ибора тагида аслида ақл қувлигини қўллаб-қувватлаш ётади.
Ақллилик қувликдадир. Хитой тафаккурида улар диахрон ва синохрон воқеликлар сифатида қаралади. Ҳаётнинг зиддиятларга, нотекис, синергетик ривожланишга хослиги ақлни қувликка ундайди. Оддий ақл эса ҳаётни соф тарзда, яъни ташқи кўриниши қандай намоён бўлса шундай идрок этади. Шунинг учун у ҳаётий муаммоларни ҳам ташқи белгиларга, оқ ёки қора, яхши ёки ёмон каби қолиплар, тушунчалар билан ҳал қилишга интилади.
Аммо стратегемаларни, ақл қувлигини қўллаб-қувватлашни салбий маънодаги ҳийла, найранг, соҳирлик, кишиларни лақиллатиш усуллари деб тушунмаслик лозим. Биринчидан, ҳамма нарса муваққат, ўткинчидир. 26 аср олдин Будда “ҳаммаси ўткинчи, ҳаммаси ўтар” деганида дунёнинг, ҳаётнинг ўткинчи эканини назарда тутган. Ўткинчи нарсанинг эса алдаши турган гап. Иккинчидан, онг, ақл, фикрлаш субъектив воқеликлар сифатида объектив борлиқни тўла идрок этолмайди. Уларнинг ҳар қандай ғояси, талқини ва таърифлари чекланган, ҳатто хатодир. Демак, адашиш ёки алданиш инсоннинг табиий ҳолатидир. Аммо стратегемани инсоннинг ушбу табиий ҳолати эмас, балки маълум бир мақсадларга кам куч ва кам харажат сарфлаб, осон, енгил ва тез етишнинг самарали йўлларини топиш қизиқтиради. Шу нуқтаи назардан стратегема бошқаларнинг хаёлига келмаган, ақли етмаган оптимал усуллардан фойдаланиш илмидир.
Очиқ айтиш зарурки, стратегема ҳар доим ҳам ахлоқ-одоб нормаларига амал қилавермайди, гоҳо уларни менсимайди, топтайди. Ахлоқ кишилараро муносабатларни мустаҳкамлашга қанчалик хизмат қилмасин у қувликни, ҳийлани, найрангни махинатсия, бад, фусунгар хатти-ҳаракатлар сифатида қоралайди. Ахлоқ яхшилик билан ёмонлик ўртасида нозик ўтишлар борлигини тан олмайди, у хатти-ҳаракатларни яхши ёки ёмонга гуруҳлашга ўрганган. Қувлик, ҳийла, найранг ақл учун зарур эканлигини, инсон ҳаётининг бирор қирраси уларсиз ривожланмаганини ахлоқ хаёлига келтирмайди. Стратегемалар ахлоқнинг тор, бир қолипдаги ўлчовларини бузади; аслида ҳаёт ахлоқ талабларига эмас, балки ахлоқ ҳаёт талабларига қурилади. Стратегемалар ахлоқ-одобнинг барча нормаларини эмас, балки ҳаёт талабларига мос келмайдиган шафиқликни рад этади, шу тариқа у ахлоқнинг ҳаёт талабларига яқинлашишини тезлаштиради.
Стратегемалар кишилараро муносабатларга таянгани учун улар ушбу муносабатларни тараққиёт мақсадларига йўналтирувчи юридик қонунларга бўйсунади. Шу нуқтаи назардан улар юридик қонунлар рухсат этган, тўғрироғи, юридик қонунлар тақиқламаган усуллардан, имкониятлардан тўла фойдаланиш санъатидир. Агар стратегемалар қонунларга зид келса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузса, топтаса, улар салбий ҳодисалар, ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар сифатида қораланади. Стратегемалар ушбу омилларга мувофиқ Хитойда алоҳида фан («моулюесюе») сифати ўрганилади.
Инглиз тадқиқотчиси Роберт Гриннинг фикрига кўра, дунё рақобатга, ким ўздига, беаёв курашга қурилган. Айниқса, мансаб, тахт учун кураш қувлик санъатини намойиш қилиш учун бебаҳо имкондир. Агар ҳаёт тўғриликка, эзгуликка, ахлоққа қурилганида эди, инсоният идеал борлиқда, ҳузур-ҳаловатда, роҳат-фароғатда яшаётган бўларди. Минг ваҳки, тарих бундай ҳаёт, идеал жамият қурилганини билмайди, бундай етук борлиқни келгусида яратиш ҳам амримаҳолдир. Шунинг учун «барча кишилараро муносабатлар у ёки бу даражада алдашга таянади, ҳатто айтиш мумкинки, инсон ҳайвонлардан алдаши ва макр ишлата олиши билан фарқ қилади… Алдаш тсивилизатсия яратган санъатдир ва у ҳокимият ўйинларида ишлатиладиган ўта зарур қудратли қуролдир».
Немис тадқиқотчиси Харро Фон Зенгернинг ёзишича, қувлик, айёрлик хитойликларга, умуман, Шарққа хос хислат деган қараш Ғарбда қарор топган. «Шарқ — нозик нарса» («Восток дело тонкое») деган ибора тагида мазкур қараш ётади. Шунинг учун қувлик, айёрлик, найрангни Шарқ, Хитой ва Ғарб, Европа турлича баҳолашади. Масалан, хитой фалсафасида қувлик, айёрлик, ҳийла ақллилик кўриниши сифатида қабул қилинса, Ғарб уларни қоралайди, ҳатто махинатсия, тсинизм сифатида жазолайди. «Дао де тсзин» ва «Ўзгаришлар китоби»да қувлик яшаш, фикрлаш усули сифатида тан олинса, «Инжил»да уларни ишлатган ўлим жазосига тортилиши уқтирилади. Хитойда қувлик билан ақллилик яқин воқеликлар, Ғарбда эса улар ўт ва сув каби антипод нарсалар ҳисобланади. Бироқ, Х.Ф.Зенгернинг фикрига кўра, Ғарб қувликдан, ҳийла ишлатишдан кечган мутлақ мусаффо қутб эмас. «Қадимги замонлардан бери Ғарбда қувлик инстинктив қўлланилади, у вазиятларга мувофиқ зимдан ишлатилади, лекин хижолатомуз яширилади». «Инжил»даги «Илон каби оқил бўлинг» даъвати аслида илон каби ҳийлагар, айёр бўлинг демакдир. Роқийлик Ғарбда ҳам кенг тарқалган.
Дунё халқларининг оғзаки ижодида, томоша санъатида ўзини гўл, содда, ҳатто тентак кўрсатиб савол ва жавобларда, топқирликда ҳукмдорларни, амалдорларни кулги, масхара манбаига айлантирган, оддий кишилар тарафдори бўлган образларга дуч келамиз. Масалан, Насриддин Афанди, Алдар кўса, Бирбал ва сарой масхарабозлари, аскиячилар Шарқ халқлари фолклорида кенг тарқалган ана шундай образлардир. Ҳатто топишмоқ, бошқотирма, фразеологизм ва афоризмларда ҳам ақл қувлигининг таъсири мавжуддир. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қувлик, айёрлик, ҳийла, найранг, алдаш — стратегемалардан фойдаланиш барча халқларда, барча маданиятларда, инсоннинг барча ақлий фаолиятларида учрайди.
Хитойда стратегемалар 12, 36, 54, 68 ларга бўлинади, улар ичида кенг тарқалгани ва машҳури 36 стратегемалардир. Аслида эса, хитойликлар стратегемаларни кучи, қуввати бор пайтда ҳужумга, заиф, қувватсиз пайтда ҳимояга ўтишга ёрдам берадиган турларга классификатсия қиладилар. Шу билан бирга улар ушбу стратегемалар аралашиб келишини ҳам унутмайдилар, лекин хитойликлар учун энг муҳими стратегемалардан ўринли ва оқилона фойдаланишдир. Биз учун эса улар фикрлаш санъати ҳамдир, чунки осон, енгил, кам куч ва харажат сарфлаб мақсадга етиш усулларини тополган ақлгина ўз қувватидан ва имкониятларидан тўла фойдаланган ҳисобланади. Жангга, курашга, баҳсга очиқдан-очиқ, кўкрак кериб ташланган эмас, балки ўзини тарбия кўрган, демократик қадриятларни эъзозлайдиган қилиб кўрсатадиган, аммо ақл қувлигидан, топқирлигидан, ҳийладан моҳирона фойдаланадиган ақл ҳайрат ва ҳавас уйғотади. Ҳаёт тинч тараққий этаётганида, кўкрак кериб курашга отиладиганлар таажжуб уйғотади, холос.
Стратегемадан бехабарлик, уни менсимаслик баъзан кишининг бошига нохуш ҳолларни солиши ёки мақсадларига етишига тўсиқ бўлиши мумкин.
Мисол: эр. авв. 501 йили Конфутсий Лу вилоятининг ҳукмдори Дин Гу томонидан аввал ижтимоий вазифаларни ташкил этувчи, кейин эса суд ишларини юргизувчи лавозимларига тайинланади. Мутафаккир тарғиб этиб юрган ахлоқий ғояларини, эзгу мақсадларини реал воқеликка айлантириш имкони юзага келганидан шод эди; у саройга сидқидилдан хизмат қилади — бошқариш ишларида тартиб ўрнатади, аждодлар анъаналарига амал қилишни одатга айлантиради, кишиларнинг Осмонни ва Осмон ўғлини эъзозлашига, улар ўрнатган тартибларга бўйсунишига ва шу тариқа эл-юртда обрў топади. Конфутсийнинг ислоҳотлари ижобий самаралар беради ва унинг шуҳрати ён-атрофдаги вилоятларга тарқалади. Си вилояти ҳукмдори ташвишга ботади, агар Конфутсий ислоҳотларини давом эттирса унинг аҳолиси, фуқаролари Лу вилоятига ўтиб кетиши мумкин. Бу Си вилоятининг Лу ҳукмдори қўлига ўтишига олиб келади. Си ҳукмдори қандай бўлмасин Конфутсийни сарой хизматидан йироқлаштириш режасини тузади. У Дин Гуга ҳар қандай эркак ўю хаёлини ўғирлайдиган саксонта гўзал қизларни ва бир юз йигирмата безатилган тулпорларни совға қилиб юборади. Дин Гу дилжў қизларга ҳирс билан тикилади. Махсус топшириқлар билан жўнатилган қизлар Дин Гуни тинмай айш-ишратга, кўнгил очиш базмларига тортишади, натижада у давлатни бошқариш ишларини ташлаб қўяди. Конфутсийнинг даъватлари, илтижолари унга таъсир қилмайди; эзгу ҳаракатлари бееътибор қолаётганини кўрган мутафаккир саройдан кетишга мажбур бўлади.
Конфутсий эзгу мақсадларини реал воқеликка айлантириб Осмоностига хизмат қилиш имконидан айрилади, у умрининг охиригача шундай имкон қайта пайдо бўлмаганидан афсус чекиб юради. Унинг “Мени бирор вазифага таклиф этишмади, мен ейилмайдиган қовоқ бўлсам керак”, деган сўзлари афсус-надоматга тўла. Конфутсий Си ҳукмдори уюштирган ҳийлани сезмайди, айбни Дин Гу ва қизлардан излайди. Муваффақият қанча кўп, мартаба қанча юқори бўлса, уларга ҳасад қилувчилар ҳам шунча кўп топилишини у хаёлига келтирмайди. Х.Ф.Зенгер хулоса чиқаради: “Бу дунёда эзгу амалларнинг билимдони бўлиш етарли эмас; ҳеч бўлмаганда зарарли стратегемаларни кўра билиш ва уларнинг олдини олиш ҳам муҳимдир”.
“Лойқа сувда балиқ ушлаш”. Х.Ф.Зенгер китобида у 20 стратегема сифатида қайд этилади. Ўзбек тилидаги “кўзни шамғалат қилиш”, “устаси фаранг”, “тўрга тушириш”, “қармоққа илинтириш” каби иборалар унинг мазмунига яқиндир.
Балиқни қўл билан ушлаш қийин, шунинг учун одам қармоқ, тўр деган нарсаларни ўйлаб топган. Лойқаланган сувда балиқ ён-атрофини кўролмайди, ҳаво ололмайди, натижада, у ёруғликка, ҳаво олиш учун тепага интилади. Бу эса балиқчи учун айни муддаодир. Демак, стратегема чалғитиш, сохта информатсиялар тарқатиш, кўзни шамғалат қилиб тўрга тушириш усулидир.
Кўпчилик кимда куч, орқасида мадад, зарур имкониятлар бўлса у жангда ҳам, ҳаётда ҳам ғолиб яшайди, барча мақсадларига эришади деб ҳисоблайди. Аммо ҳарбий юришлар тарихи ва кундалик ҳаёт кўрсатадики, куч эмас — ақл, имкониятлар эмас, қувлик, ҳийла ишлата олган ютади. Қув ақл, ҳийла билан энг кучли рақибни мот этиш, энг мураккаб вазиятдан қутилиш мумкин. Халқ беҳуда “Чораси йўқ нарса йўқ”, демайди.
Мисол: Эр.авв. 480 йили даҳшатли флоти билан Ксеркс Юнонистон устига юриш қилади. Юнон флоти форсларга қарши туриши қийин эди. Фемистокл, юнон лашкарбошиси ҳийла ишлатади, яъни улкан Ксеркс флотини Саламин ороли ёнидаги тор бўғозга жалб қилади. Натижада, жанг пайтида форслар улкан флотини қайси томонга буришини билмай ўз кемаларини ўзлари ғарқ қиладилар. Заиф ва оз сонли қўшини билан Фемистокл форсларни тор-мор қилади ва Юнонистонни душмандан тозалайди. Саламин жанги эса ҳарбий юришлар тарихида энг шонли ва ибратли ғалаба ҳисобланади.
Яна бир мисол: эр.авв. ИИИ асрда Си вилоятининг ҳукмдори Тан Дан устига бостириб киради ва унинг кўп шаҳарларини ишғол этади. Тан Дан Сзимо шаҳрига чекинишга мажбур бўлади. Деярли қўшини ва шаҳарларидан айрилган Тан Дан ҳийла, яъни “сохта вазият” яратиб қўрқувга солиш усулидан фойдаланади. У Си ҳукмдорининг юришидан Осмон қаҳр-ғазабга келмоқда, у ўч олиш учун аждаҳоларини юбормоқчи деган сохта шов-шувларни, миш-мишларни тарқатади ва зимдан мингта буқа топишни буюради. Буқалар аждаҳолар кўринишида безатилади, уларнинг шохларига ўткир қиличлар боғланади ва кечаси қуйруғига ўт ёқиб душман томон ҳайдаб юборилади. Аждаҳо шаклида чопиб келаётган оловлардан Си лашкари даҳшатга тушади ва Осмон ўч олмоқда деган ўй билан тум-тарақай қоча бошлайди. Тан Дан саноқли аскарлари билан душманини енгади ва шаҳарларини қайтариб олади.
Чалғитувчи хабарлар тарқатиш стратегемасидан сиёсат, бизнес, савдо-сотиқ соҳаларида жуда кўп фойдаланишади. Арзимаган нарсани улкан ютуқлар даражасида мақташ, популистик ваъдалар бериш, реал ҳолатни, мавжуд муаммоларни кишилардан яшириш, аҳолини сиёсий жараёнларга аралашишдан чалғитиш кабилар ушбу стратегемага мисоллардир.
Одам зотига нафақат ҳамкорлик, эзгулик, қўллаб-қувватлаш, худди шунингдек, такаббурлик, зўравонлик, ҳасадгўйлик ҳам хос. Ушбу салбий хислатлар зарбасига аввало сирини яширолмайдиган, дилида бор гапларни ўйламай-нетмай тўкиб соладиган, барчани беқусур фаришта кўрадиган ақллар дуч келади. Аммо ҳақиқий соддалик, гўллик билан ўзини атайин содда, гўл кўрсатишни аралаштирмаслик керак. Аслида ҳам, қув ақл ўзини атайин содда, гўл кўрсатади. Балтазар Гратсиан ҳақ: “Ким ўзини бефаҳм кўрсатса, у бефаҳм эмас. Барча билан яхши муносабатлар ўрнатишнинг энг яхши усули ўзини ўта гўл кўрсатишга интилишдир”. Насриддин Афанди ва Алдар кўса ўзини содда, гўл, бефаҳм кўрсатиб рақибларини мот, мағлуб этадилар. Аслида гўллик, соддалик мақсадни макрона яшириш илмидир. Фақат қув ақлгина ушбу илмдан моҳирона фойдаланади.
Виктор Алимасов,
фалсафа фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).