Лев Гумилёв. Этнослар ва табиий муҳит

Биоценоз – табиий макон

Турли хавф-хатарлардан ўзини сақлаш туйғуси барча умуртқали ҳайвонларда учрайди. Бу туйғуга яна ўзидан кўпайиш ва авлод қолдириш инстинктлари (туғма ҳиссиёт) ҳам қўшилади. Ҳайвонлар ҳам, инсонлар ҳам кўпроқ жойларни эгаллаб, тарқалишга ва янги муҳитга мослашишга (адаптацияга) интиладилар. Одатда жониворлар ўз аждодлари яшаб ўтган муайян жойга – табиий муҳитга мослашади. Аммо бу мослашув муайян жойлар билан чегараланади. Айиқ (ўрмонда яшайди) саҳрога чиқиб кетмайди, қурбақа, сувилон баланд тоғларга кўтарилмайди, қуён дарёларга, сувга тушиб, балиқ овламайди.

Ер юзидаги турли ҳарорат, иқлим шароитлари жониворларнинг яшаш жойини янада чеклайди. Тропик иқлимдаги дарахтлар, ўсимликлар шимолий кенгликларда кўкармайди ва аксинча, шимол ўсимликлари жануб иқлимида ўсмайди. Баъзи қушлар совуқ тушганида бошқа, иссиқ ўлкаларга учиб кетади, уларнинг кўчиши ҳам маълум маршрутлар – йўллар билан чегараланган.

Фақат инсон бу қоидага бўйсунмайди. У бир турдаги жонивор бўлса ҳам, Ер юзининг ҳамма томонига тарқалаверади. Демак, инсонлар турли иқлим шароитларига (ижтимоий шароитларга ҳам – тарж.) энг кўп мослаша олади. Аммо бу ерда бир жиддий муаммо бор. Ўрмонлардаги мўътадил иқлимда яшовчи ибтидоий одам нима учун ўз жойларини тарк этиб, чўлларга ёки тропик чангалзорлар – жунглиларга бориб қолади? Ахир ҳар бир жонзотнинг биоценози – ўрганиб қолган макони, топиладиган озиқ-овқати бор. Гео-биоценоз табиат билан ҳайвонлар ва инсонларнинг тарихий, экологик, физиологик алоқадорликдаги мослашган макони, “ўзи билган жойи бор. Жонзотларни ўз уйидан кетишга нима мажбур қилар экан?”.

Гео-биоценоз – егулик топиш билан бир-бирига боғлиқ жонзотлар: инсон, ҳайвонлар ва ўсимликлардан иборат мураккаб тизимдир. Ўсимликлар ва ҳайвонлар инсон тириклигида озуқа бўлар экан, инсон ўлганида (тупроққа аралашиб) ўсимликлар учун озуқага айланади. (В.Шекспир бу қонуниятни билган, унинг “Ҳамлет” асарида шундай фикр бор: Инсон чувалчангни ўлдириб, балиқларга едиради. Балиқлар чувалчангни ейди. Балиқларни одамлар ейди. Одамлар ўлганида эса чувалчангларга ем бўлади. (Бу фикр Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр” асаридан олинган – тарж.)

Эволюция (тадрижий ривожланиш) ортга қайтмайдиган жараён. Ибтидоий одамлар турли табиий шароитларга аста-секин мослашиб, (ўсимликлар совуққа чидамли янги навга айланганидай), инсонлар ҳам барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, тобора кенгроқ жойларга тарқалиб, турлича табиий муҳитларда мустаҳкам ўрнашиб қолади. Аммо, инсон янги табиий муҳитда физиологик (тана тузилиши) жиҳатдан ўзгармайди, балки фақат хулқ стереотипи (одатлари) ўзгаради. Яъни, у янги этносга айланади! Нима учун шундай бўлади? Бу саволга жавоб бериш осон эмас. Биз бу жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун муаммони бир оз чеклаймиз.

Агар инсонларнинг турли иқлимларда хулқи ўзгариши биологик, аниқроғи, зоологик сабабларга боғлиқ бўлса, ҳайвонларнинг ҳам хулқи ўзгариши керак эди. Инсон бошқа табиий муҳитга тушганида онгли равишда ўз табиатини, хулқини ўзгартирган дея олмаймиз. Ижтимоий, сиёсий формациялар – давлат тузумлари ўзгариши ҳам инсон табиати, хулқини ўзгартиролмайди. Ф.Энгельс ёзишича, ҳайвон гўшти ва балиқ билан озиқланувчи ҳиндуларнинг бош мияси фақат ўсимликлар билан озиқланувчи Янги Мексика ҳиндулари бош миясидан каттароқ экан.

 

Географик табиий муҳит ижтимоий  тузумга таъсир кўрсатмайди

Табиий муҳит, иқлимлар ўзгариши ўша муҳитдаги барча ноз-неъматлардан озиқланувчи халқлар феъл-атворига таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Аммо, табиий, жуғрофий муҳит ижтимоий тузумга кучли таъсир кўрсатолмайди.

Шунга қарамай, ландшафт – инсонлар яшаётган жойнинг табиати этнослар ҳаётига, этник жараёнларга мажбурий таъсир кўрсатади. Италияда ўринлашган этнослар – этрусклар, лотинлар, галлар, греклар, сурёнийлар, араблар, лангобардлар, норманлар, шваблар, французлар аста-секин, икки-уч авлод алмашуви жараёнида италиялик халқларга қўшилиб, ўзига хос характерли, ранг-баранг хулқли этносларга айландилар. Бошқа жойларда ҳам этносларнинг шундай эволюцияси содир бўлди. Демак, биз этносларнинг шаклланишини ижтимоий тараққиёт ҳосиласи деб эмас, балки алоҳида ғаройиб ҳодиса – феномен сифатида ўрганишимиз зарур.

Тўғри, инсоният тараққиёти ҳайвонлар олами каби фақат табиий шароитлар таъсири остида эмас, балки техника тараққиёти ва ижтимоий институтлар – миллий урф-одатлар билан ҳам боғлиқдир. Аммо бу икки соҳа ўзаро боғлиқ ҳолда таъсир кўрсатади. С.Калесник ўз китобида одамлар яшаётган бир жойдаги жуғрофий шароитлардан фойдаланса-да, жуғрофий муҳитга таъсир кўрсатолмайди, деб таъкидлайди. Биз ўз тадқиқотларимизда мана шу тамойилни асос қилиб оламиз.

 

Инсон ва табиат курашуви

Инсон (ўз ақлий имкониятлари билан) ландшафтга, табиий муҳитга мослашибгина қолмай, табиатни ўз талаб ва эҳтиёжларига мувофиқ ҳолда ўзгартиришга интилади. Аммо инсонларнинг бу ижодий қобилияти ҳамиша ҳам яхшиликка олиб келавермайди. Шумерлар эрамиздан аввалги учинчи минг йилликда каналлар қазиб, Дажла ва Фрот дарёларининг сувини саёзлаштирдилар. Хитой ҳукмдорлари 4000 йил аввал Хуанхе дарёсига тўғон қура бошладилар. Шарқий Эрон ҳукмдорлари янги эра бошланишида қўриқ ерларни суғоришда коризлар қазиб, ерости булоқлари сувларидан фойдаландилар. Полинезияликлар ўз оролларига Америкадан ширин картошка (кумара) олиб келиб эка бошладилар. Европаликлар эса Америкадан картошка, помидор, тамаки ҳамда нашани олиб келдилар. Евроосиё даштларида палеолит даврида уддабурон овчилар мамонтларни қириб ташлади. Эскимослар Беринг денгизида сув сигирлари (стеллерлар)ни овлаб тугатдилар. Маорийлар янги Зеландияда мао қушини тамом қилдилар. Олд Осиёда араблар ва форслар арслонларни овлайвериб, деярли тугатдилар. Американи босиб олган мустамлакачи испанлар, голланд ва инглизлар бизонлар ва сайёҳ кабутарларни, Австралияни босиб олган мустамлакачилар кенгуруларнинг бир неча турини йўқотдилар. XIX аср ва ХХ асрларда ҳайвонларни овлаб, қириш шундай авжига чиқдики, зоологлар ва зоо-географлар бу ҳақда кўп ёзганлари учун, биз гапимизни мухтасар қиламиз. Инсонларнинг ҳайвонларга ваҳшиёна муносабати барча формацияларда (ижтимоий-сиёсий тузумларда) бўлгани сабабли, табиат ва инсон қарама-қаршилиги ижтимоий тараққиётга боғлиқ эмас, деб ўйлаймиз. Барча тузумларда (қулдорликда, феодализмда, капиталистик, социалистик тузумларда) одамлар табиатга зарар етказиб келдилар. Инсонлар ҳар гал табиатга ҳар хил ёндошсалар-да, умумий жараёнда табиатга ҳужумлар давом этаверди.

Аммо табиат инсонлардан ўзини ҳимоя қилади (гоҳо ўч ҳам олади). Нозиккина ёввойи ўт-майсалар тош йўллар ва асфальт йўлларни ёриб, нурга талпинади. Баъзи ҳайвонлар одамларнинг табиатга ҳужумидан фойдаланиб ҳам қоладилар. Прериялар (чўллар)да одамлар бизонларни, яклар ва қўтосларни қириб, шу биоценоз муҳитда қўйларни кўпайтирганларида, касал бизонлар ва буғуларни тутиб ейдиган очкўз бўрилар камайиб кетди. Касалларни йўқотувчи бўрилар камайгач, буғу ва қўйлар орасида касаллик эпидемияси бошланди, буғулар ва қўйлар касаллангач, уларни тутиб ейдиган койотлар – эчкиэмарлар кўпайди, энди бу жонзотлар қўйларнинг касалларини йўқотиб, тозалаб турдилар.

Америкадан картошка келтириб, экин майдонларини кенгайтириш Европада колорадо қўнғизларини кўпайтирди. Улар Америкадан Кордильера тоғларидан Атлантика океанини кесиб ўтиб, Европага ғолибона бостириб келди. Англия савдо кемалари Полинезия оролларига каламушларни ва чақувчи чивинларни олиб келди. Одамлар булардан қочиб доимо денгиз шамоли эсиб турган қумли соҳилларга кўча бошладидар. Одамларнинг Австралияга қуёнларни ва Мадейра оролига эчкиларни кўчириб келиши қандай фожиали оқибатларни келтириб чиқаргани ҳаммага маълум. Табиатнинг чекланиш даврлари ҳам инсониятнинг туб ижтимоий ўзгаришлари билан боғлиқ эмас. Инсоннинг табиатни бўйсундиришга уриниши ҳар доим салбий оқибатларга олиб келади, буни тараққиёт деб бўлмайди. Шундай экан, бу жараёнларда табиатнинг қисман вайрон қилинишини турли иқлимдаги этносларнинг энг тез ҳаракат қилувчи стереотиплари билан боғлаш мумкин. Биз энди ўз мавзуимизга яқин келдик.

 

Социум (ижтимоъ), полития ва этнос

Ҳар бир инсон муайян ижтимоий гуруҳ (оила, жамоа, жамият) аъзосидир. Барча замонларда қайсидир ўрда, қабила, уруғ-аймоқ, жамоа, гуруҳнинг аъзоси бўлмаган инсонни топиш қийин. Социал (ижтимоий), сиёсий ва этник жамоалар ўртасидаги муносабатларни нарсаларнинг узунлиги (ҳажми), оғирлиги ва ҳароратига ўхшатиш мумкин. Булар параллел равишда яшайди, аммо бир-бирига мувофиқ келмайди. Саркардалар, ислоҳотчилар, элчилар фаолияти географик сабабларга боғлиқ эмас. Аммо табиат ва инсон муаммосини этник жамоалар фаолияти билан ҳал этиш мумкин. Инсонларнинг табиатга муносабати ва ўзаро таъсири фақат ибтидоий замонларга эмас, балки ҳозиргача (ХХ асргача) бўлган ривожланиш босқичларида ҳам кузатилади.

Юқорида айтилган уч йўналишнинг ўзаро муносабатларини Англия ва Франциянинг ўтмишдаги воқеаларида кузатиш мумкин. Бунинг учун жуда кўп манбаларга ва библиография чангалзорларига мурожаат қилиш шарт эмас. Ижтимоий жиҳатдан иккала мамлакат бир неча формацияларни – давлат тузумларини бошдан кечирди. Ҳар иккала мамлакат Рим истилочиларига қадар уруғ-қабилачилик тузумини, Рим империяси даврида қулдорлик тузумини (гарчи Британия собиқ Франция, Галлиядан уч аср орқада қолган бўлса ҳам), ҳар иккаласи феодализм ва капитализм тузумини бошдан кечирди (бу гал Франция юз йил кейинроқ капитализмга ўтди). ХХ аср одамларига Ла-Манш бўғози билан айрилган бу икки миллат (инг­лизлар ва французлар) сиёсий жиҳатдан классик (мумтоз) этник-ҳудудий бирлик бўлиб кўринади. Гўё бошқача бўлиши мумкин эмасдек.

Жуғрофий ландшафт жиҳатидан бу ҳудуд уч минтақага бўлинади: Жанубий Франция – субтропик минтақада, Шимолий Франция ва Жанубий Англия ўрмонлар минтақасидир, Англиянинг шимоли Шотландия толзорлари ва Нортумберленд – суб-бориал зонада – иқлимда жойлашган. Ҳар бир иқлим ландшафти (ер тузилиши) одамларни табиий муҳитга мослаштиради. Шу асосда муайян этнослар шаклланади. Масалан, Рона дарёсининг қуйи оқими соҳилларида келтлар токзорлар ўстирадилар, узум ҳосилини оладилар. I-V асрларда бу ерга келган Рим колонист мустамлакачи жангчилари, V асрда бу жойларни босиб олган бургундлар, VII асрда келган араблар, ўн биринчи асрда келган каталонияликлар – ҳаммаси боғбончилик билан шуғуллана бошладилар. Мазкур ҳудудда собиқ турли қабила, уруғ-этнослар бир соҳада меҳнат қилиш, бирга яшаш оқибатида тиллари ва урф-одатлари, хулқлари бир-бирига яқинлашди. Бу ерда XII асрда аввалги каталонияликлар, провансаллар, линкурияликлар бир халқни – франкларни (французларни) ташкил қилдилар. Албигей урушидаги қирғин-барот бу халқни яна бўлиб юборди. Шу сабабли бу ҳудуд халқларидан жанубий французлар XIX асрга қадар провансал тилида сўзлашар эдилар, уларнинг кўпчилиги француз тилини ҳам биларди.

Норвегиялик балиқчиларнинг фарзандлари Нормандияни эгаллаб, икки авлод давомида француз деҳқонларига айландилар. Уларнинг фақат юз қиёфалари (антропологик тузилиши) маҳаллий французлардан фарқланар эди. Ўша норвегияликларнинг яна бир қисми Твид водийсида жанубий шотланд чўпонларига айландилар. Шимолий Шотландияда маҳаллий келтлар узоқ вақтлар давомида уруғ-қабилачилик тузумини сақлаб қолдилар. Шундай қилиб, сиёсат эмаc, балки асосан ландшафт табиий-муҳит чегаралари этносларни шакллантирди.

Франциянинг шимолий ярми, унинг қалби ўртасининг ландшафти конвергенция (урф-одат, тилларнинг яқинлашуви) йўли билан қадимги вақтларда – белжилар, аквитанлар ва кельтлар, милоднинг бошларида лотинлар ва германлар, илк ўрта асрларда франклар, бургундлар, алонлар, бриттлар, уйғониш даврида инглиз, итальян, испан ва голланд муҳожирларини яқинлаштириб, французларнинг шаклланишига ҳисса қўшдилар. Буларнинг барчаси француз деҳқонларига айландилар. Мана шундай деҳқонларниг ҳаётини этнографлар, тарихчилардан кўра Бальзак, Эмил Золя каби реалистик ёзувчилар ёрқин тасвирлаб берганлар.

Шундай экан, савол туғилади: нима учун ландшафтлари ва ижтимоий тузумлари ўхшаш бўлган бу икки ҳудуд (Англия ва Франция) бир давлат, бир мамлакат бўлиб бирлашмади? Бирлашув бу иккала ҳудуд халқлари учун фойдали эди-ку?

Ўрта асрларда қироллар буни яхши тушуниб, ҳар икки ҳудудни бир давлатга, бир мамлакатга бирлаштиришга уч марта ҳаракат қилган эдилар. 1066 йилда Франция қиролининг вассали (ноиби), Нормандия герцоги Гаюм Британиянинг Англо-Саксония қисмини эгаллаб олди. Гайо сулоласи ағдарилгач, бу ҳудуд бошқа француз феодали – Генрих Плантагенет қўлига ўтди. 1154 йилда Нормандия яна бир марта Англияни ўз давлатига қўшиб олди. Кейинроқ Англия, Нормандия, Пуату, Аквитания (Франция жануби, Сена дарёси атрофлари) ва Оверн вилоятларини бирлаштирган Генрих Плантагенет давлати вужудга келди. Плантагенетлар сулоласи кетгач, 1205 йилда Франция қироли Филипп Август Англия қиролидан Нормандия, Пуату, Турен ва Анжу вилоятларини тортиб олди. Англия қўл остида (Франция ерларидан) Бордо ва Байонна қолди. Бу вилоятларда Гасском баронлари планагенетларни қўллаб-қувватлар эдилар.

Англия ва Францияни яна бирлаштириш учун 1339 йилда юз йиллик уруш бошланди. Бу гал урушни Англия қироли бошлади. Узоқ йиллар давом этган уруш охирида Англия қироли Генрих Ланпастер тож кийиб, Франция тахтига ўтирди. Аммо у тахтда узоқ ўтирмади. Уни Жанна Д,Арк бошчилигидаги ғалаёнчилар Франциядан қувиб чиқардилар. Шундан сўнг иккала мамлакатни бирлаштириш ҳаракатларига чек қўйилди.

Табиий географик ва сиёсат соҳасидаги бу ўзгаришларнинг сабабларини излаш фойдасиз, лекин иқтисодий географияни ўрганиш бу масалаларга равшанлик кирита олади. Кўпчилик тарихчилар ҳозир шундай қилмоқдалар. Сиёсий бирлашмалар, давлатлар барқарорлик ва ривожланиш учун бир хил хўжалик маҳсулотларига эмас, балки ранг-баранг иқлимлардаги турли-туман маҳсулотларга эҳтиёж сезадилар. Иқтисодий жиҳатдан турлича ва хилма-хил маҳсулотлар етиштирувчи вилоятлар бир-бирини тўлдириб, давлатни кучайтиради. Шимолий Англиядан қўй юнги, Кентдан ва Нормандиядан буғдой, Оверндан вино, Турендан газламалар келиб турган вақтда Плантаганетлар давлати кучайган эди. Иқтисодий алоқалар турли этнос-миллатларни яқинлаштирди, подшоҳларни бойитди. Аммо шундай шароитда ҳам турли этнослар бирлашиб кетмади. Нима учун? Бу саволга жавоб бериш учун юқорида айтилган ҳудудларда яшовчиларнинг этник таркибини ўрганиб чиқиш зарур.

Рус тилидан Маҳкам Маҳмудов таржимаси

 

Ибн Халдун издоши

Атоқли тарихчи, географ, этнограф, турколог олим Лев Гумилёв 1912 йилда Николай Гумилёв ва Анна Ахматова оиласида туғилган. Лев Николаевич отаси шўролар душмани сифатида отиб ташланган вақтда 2 ёшда бўлган. Лева анча уринишлардан сўнг, 22 ёшида Ленинград университети тарих факультетига ўқишга киради. Уни “шубҳали” шахс, синфий душманнинг ўғли сифатида ҳибсга оладилар. Бир неча йил қамоқда ўтиргач, озодликка чиққанида университетда таҳсилни давом эттиролмай Шимолий муз океани кемаларида ёлланма ишчи бўлиб ишлай бошлайди. Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Берлингача боради. Урушдан сўнг университетда қисқа вақтда ўқишни тугатиб, аспирантурага киради. Тарих фанидан номзодлик диссертацияси ёқлаганидан сўнг яна қамоққа олинади. Лев Гумилёв 1956 йилда, кўпчилик миллатпарвар, тараққийпарварлар қаторида оқланиб, озодликка чиқарилди.

Лев Гумилёв 1961 йилда докторлик диссертациясини ёқлайди. Бу тадқиқоти ҳақида устози, атоқли олим М.Артамонов ўз фикрини билдириб: “Гумилёвга (турли географик, биологик, зоологик, тарихий-этнографик билимларни) синтез қилиш қобилиятини Худо берган”, деб ёзган эди.

Фан доктори бўлганидан сўнг Лев Гумилёв ер юзида турли этносларнинг пайдо бўлиш ва шаклланишида ландшафтлар – табиий муҳит ҳамда геоценоз ва зиоценоз “Ота макон”, ўрганилган иқлим шароитларининг аҳамияти ҳақида янада янги ва илмий-назарий тадқиқотларни кучайтирди. Сўнг бу ишларини тўплаб, иккинчи марта докторлик ҳимояси учун кафедра илмий кенгашига топширди. Лев Гумилёв “Инсон ва табиат” журнали мухбирининг “Иккинчи марта докторликни ёқлаш Сизга нима учун зарур бўлиб қолди?” – деган саволига бундай жавоб беради: “Янги тадқиқотларда айтилган илмий-назарий янгиликлар яна сиёсий назорат идораларининг эътиборини торта бошлади. Бу идоралар фақат кафедра ва университет илмий кенгашларида муҳокама қилинган ва тасдиқланган фикрларгагина айбнома қўёлмас эдилар. Шу сабабли, янги китобимни яна докторлик диссертацияси сифатида топширдим. Бу вақтга келиб, собиқ Иттифоқ ҳаётида, хусусан, унинг илмий-маданий ҳаётида сўз, ижод эркинлиги яна чеклана бошлаётган эди. Шундай шароитда ҳам Аттестация комиссияси Лев Гумилёвнинг иккинчи докторлик ишини қайтаради ва шундай ғаройиб хулоса беради: “Мазкур илмий тадқиқот докторлик диссертациясига нисбатан анча баландлиги сабабли, бу ишга докторлик даражасини бериш лозим топилмади”.

Мухбирнинг “Сизга бу масалалар билан шуғулланишда қайси олимлар устозлик қилган?” деган саволига Лев Гумилёвнинг жавоби бир қарашда нокамтарликдай кўринади. “Бу масалалар билан ҳеч ким шуғулланмагани сабабли бу соҳада устозларим йўқ эди. Бу фикрда жон бор, албатта. У жавобини давом эттириб, “Менинг олим бўлиб етишувимга ибн Халдун (ХIV аср), Жон Баттиста Вико, Отто Шпенглер, қисман А.Тойнба, В.Вернадский асарларининг таъсири катта бўлгани шубҳасиз”,– дейди.

Қуйида эътиборингизга Л.Гумилёвнинг 1988 йилда Россиянинг “Человек и природа” журналида чоп этилган мақоласини ҳавола қилмоқдамиз.

Таржимондан

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон