Муҳаммад Юсуф. Изҳори дил (видео)

ИЗҲОРИ ДИЛ

Кўҳна толбешикдан
Бошланган олам.
Сенга иддаолар
Қилмай севаман.
Бир куни синглим, деб,
Бир куни онам —
Ватан,
Кимлигингни
Билмай севаман!..

Тўзғийди тўнингдан
Тортган тўралар.
Кеча тузингни еб
Сотган тўралар.
Энди пушаймонда,
Туйник мўралар —
Мен сенинг
Ёнингдан
Жилмай севаман.

Менга еринг суюк,
Осмонинг суюк.
Боқсам, тенг
Тўрттала
Томонинг суюк.
Товонимга кирган
Тиконинг суюк —
Кафтдан
Зирапчанг ҳам
Юлмай севаман.

Чўксанг,
Тур, синглим деб,
Сочинг силайман.
Сўксанг,
Опам дейман,
Умринг тилайман.
Сендан ранжимайман,
Гина қилмайман —
Хоҳ хўмрай,
Хоҳ жилмай,
Бирдай севаман.

Ватан —
Юрагимнинг
Олампаноҳи,
Бу дунё
Букри бир
Жийдангнинг шохи!.
Кўзим ёши билан
Суғориб гоҳи
Кўксимда ўстирган
Гулдай севаман.

Бу ёруғ жаҳонда
Йўғу боримсан,
Тилимнинг остида
Новвот-заримсан.
Сен менинг ягона
Пайғамбаримсан,
Мен Билол,
Мен Ҳабаш —
Қулдай севаман!..

Муҳаммад Юсуф

TASIX да (mover.uz):