Қадимги Хитойда илк фалсафий мактабнинг юзага келиши Ли Эр — Лао-цзи ёки Устоз Лао (эрамиздан аввалги 579-499 йиллар) номи билан боғлиқдир. Ривоят қилишларича, Лао-цзи волидасининг қорнида 81 йил яшаган, шу боис у оқ соқол билан туғилган эмиш. Олча дарахти тагида туғилганидан унга Ли, қулоғи узун бўлганидан Эр деб исм қўйишган экан.
Манбаларга кўра, Лао-цзи архивнарус бўлиб ишлаган, аммо мавжуд тартибларни қабул қилолмай лавозимидан воз кечган. Лао-цзи фалсафий мушоҳадаларни севган; тез орада у Осмон ва Осмон ости сирларидан воқиф донишманд сифатида халққа танилади. Ёш Конфутсий сабоқ олиш учун унинг олдига борган. Қулдорлик тузуми ҳам, унинг ўрнига шаклланаётган феодал муносабатлар ҳам мутафаккирга ёқмаган. У эски тузумнинг “бу ахлоқ ва қоидалар кишиларда ишончни, садоқатни маҳв қилади, уларни ғалаёнларга етаклайди”, янги муносабатлар таянаётган “ қонунлар ва фармонлар эса ўғриларни ҳамда талончиларни кўпайтиради” деб билган.
Лао-цзининг беш минг битиклардан иборат “ Даодетсзин” (“Эзгу амаллар йўли ёхуд куч ва хатти- ҳаракатлар ҳақида китоб”) деб номланган асари сақланиб қолган. Ушбу асардаги фикрлар, ёндашишлар дао фалсафасининг асосидир.
Донишманд “дао” тушунчасини дунёнинг асоси, оламнинг яратилиш йўли, қонунияти деб таърифлайди. Дао – Осмон ва Ер негизи барча нарсаларни яратувчидир. Тўғри, “дао” тушунчаси ҳақида тавсифлар кўп, баъзан уни таълимот, назария, ҳатто дин деб ҳам аташади. Аммо, Лао-цзи уни Бутунга, Камолга етиш йўли деб қарайди. “Дао, — деб ёзади донишманд, — бирни бир, иккини икки, учни уч, бошқа барча нарсаларни яратади”. Бир — бўшлиқ, икки — ундан яралган ёруғлик ва қоронғулик, уч эса барча нарсалар ифодасидир. Демак, дао бирдан олдин бор эди.
Дао, Лао-цзи изоҳ — тавсифига кўра, эшитадиган, кўрадиган, сезадиган нарса эмас, у борлиқ яратилган ноборлиқдир. Сир шундаки, ноборлиқ (небûтиэ) мутлақ йўқлик эмас, йўқликдан борлиқнинг пайдо бўлиши ғайриҳаётийдир. Ноборлиқ биз кўролмайдиган, эшитолмайдиган, тутолмайдиган, аммо борлиқ яратилган илк субстантсиядир. Мутафаккир уни “бўшлиқ” деб ҳам атайди. Шу бўшлиқ бўлмаса, нарсаларнинг яратилиши ҳам, ҳаракатлар ҳам мумкин эмас. Бўшлиқ туфайли нарсалар мавжуддир.
“Буюк дао ҳамма жойда мавжуд: ўнгда ҳам,чапда ҳам… Унинг марҳаматидан барча мавжудот туғилади ва ривожланади… Барча нарсалар даога интилади, аммо дао нарсалар устидан ҳукмронлик қилмайди.”
Дао ҳеч нима қилмайди, бироқ у яратмаган нарса йўқ; у ҳеч кимга ҳукм бермайди, лекин ўз ҳолатида барқарордир. У бошқаларга ёрдам беради, аммо ҳеч ким билан курашмайди.
Даонинг барча нарсаларга дахлдорлиги уни ушбу нарсаларнинг яратилиши ва мавжудлигини таъминлайдиган қонунга айлантиради. Агар дао барча нарсаларга дахлдор экан, у ҳамма нарсаларда бордир; ҳамма нарсаларда бор нарса ҳамма нарсалардан устундир. Устунлик — ҳокимлик белгиси, чунки у истаса нарсаларни яратади, истаса яратмайди, ҳатто йўқ қилади. Даони бундай тотал воқеликка айлантириш ўта содда қарашдир, албатта.
Дао фалсафасида илк субстантсия бор, лекин худо йўқ; унда художўйлар бор, аммо догма йўқ. Даодаги художўйлик ҳаётнинг, борлиқнинг Бутунлигига ишонишдадир. Оламни ҳам, одамни ҳам ҳеч ким яратмаган; агар уларни кимдир яратган бўлса, яратиш боиси мавжуд. Боиси бор нарса ўткинчидир, у йўқ бўлишга маҳкум. Фақат Мавжудлик, Бутун ва уларга тааллуқли нарсаларгина барқарордир, абадийдир. “Агар сиз,- деб ёзади Лао –тсзи,- ичингизда Бутунни, муаббадни туйган ва у билан бевосита алоқага киришган бўлсангиз, демак, сиз дао йўлидасиз”.
Дао материализмни ҳам , идеализмни ҳам инкор қилади. Улар ақл ўйинлари, алдовларидир. Дунё, ҳаёт, инсон бир Бутун, улар ҳеч қачон материализмга ва идеализмга ажралмайди. Дунё Бутун орқали мавжуд, ҳаёт Бутун орқали барқарор, инсон Бутун орқали боқийдир. Бутунда мавжудлик инсоннинг ягона ҳолатидир.
“Изм”ларга берилиш Бутунга эмас, қисмга, бўлакка ишониш, кенг ва ранг-баранг Бутунни қисм даражасига туширишдир. Қисм, бўлак ҳеч қачон Бутунни ўзида жо этолмаган, у чекланган. Чекланганлик ақлу идрокни адаштиради, чалғитади.
Материализм ҳамма нарсани ўткинчи деб билади, у учун абадий нарса йўқ – ҳамма нарса туғилади, ўсади, ўлади. Шунинг учун у жоннинг лаззатланиб ҳузур- ҳаловатда яшашининг тарафдоридир. Идеализм руҳни, жаннатни шарафлайди, мавжуд дунёни дин, ғоя учун фидо этишга чақиради. Ушбу истакларида материалистлар идеалист, идеалистлар материалистдир. Дунёнинг бундай бўлиниши аслида эго таъсиридадир. Қандайдир “изм”ларга бўлинган дунё кишиларнинг қалбини ҳам иккига бўлади. Қалби бўлакланган кишилар ҳатто ўзи билан ҳам муросада яшолмайди. Улар эго таъсирида ўзига рақиблар қидиради, бировларни динпа-раст¬ларга, бировларни даҳрийларга, бировларни яхшиларга, бировларни ёмонларга ажратиб жамиятнинг, инсоннинг бутунлигига раҳна солади. Жаҳонда содир бўлаётган инқирозлар, низолар маънавиятдаги бўшлиқ оқи¬батидандир.
Олти минг йилдан бери одам “мен биламан” деб келади. Во дариғ, бирорта ҳам одам билим ёки билиш нималигини исботлай олган эмас. Чунки, Нобел мукофотининг лауреати, машҳур файласуф Б.Рассел инсоннинг билиш жараёнларини ўрганишга бағишланган 550 бетлик китобининг охирида “инсон билимларининг барчаси ишончсиз, ноаниқ ва чеклангандир” деган ҳайратли хулоса чиқаради. Ишончсиз, чекланган “билдим” деб айтишга ҳақли эмас. Шунинг учун дао билимни, жумладан, фалсафани ҳам, инсон такаббурлигининг кўринишидир деб ҳисоблайди.
Фалсафа ҳаққу ҳақи¬қатни, борлиқ ва йўқликни сўзлар, таърифлар, рамзлар орқали ифодалаш усулидир. Буларни ҳар ким ҳар хил тушунади, талқин қилади. Булар ичида ҳам уй¬ғунлик, Бутун йўқ. Бироқ дао борлиқни билиш мумкинлигини рад этмайди; билиш шахсий тажрибадан иборат. Бошқаларнинг тажрибалари, улар асосида битилган китоб¬лар, тўқилган ўгитлар эмас, балки шахсий ҳаётий тажриба, кузатув донишманд қилади кишини. Бошқалар тажрибасига таянишда хавф кўп, чунки улар кишининг фикрини, мақсадини олдиндан шакллантириб, бир қолипга солиб қўяди. Бу эса ранг-баранг ҳаёт, беадад Бутун хусусиятига зиддир. Шунинг учун ҳам дао шахсий тажриба, кузатиш тарафдори. Билим ўзлаштирилади, шахсий кузатиш тажриба маҳсули. Ўзлаштирилган билим бошқа ўзлаштирилган билимлар таъсирида ўзгаради, шахсий тажрибадан олинган билим умрбоқийдир. Ўзлаштирилган билимлар кишини тайёр назарияларга, ғояларга боғлаб қўяди, шахсий тажриба бевосита кузатиш натижасидир. Ўзлаштирилган билимларга турғунлик, шахсий кузатувга мудом изланиш хос. Билим кишиларни биладиган ва билмайдиганларга, унвонли ва унвонсизларга, маълумотли ва маълумотсизларга ажратади, шахсий тажрибада фақат изланувчи мавжуд. Шри Бхагаван Раджниш дейди:”Агар Лао- тсзи бирор нарса деса мен унга ишонаман, аммо Конфутсий деса унинг сўзлари шубҳа уйғотади. Мабодо Суқрот бирор нарса деса мен унга ишонаман, лекин Аристотел деса мен уни қоралайман. Лао-цзи ва Суқрот чин юракдан, ичдан, Конфутсий ва Аристотел эса ўзлаштирганларини дейди. Лао-цзи ва Суқрот учун шахсий тажриба, кузатув ҳаққу ҳақиқат, Конфутсий ва Аристотел учун ўзлаштирилганлари ҳақиқатдир”. Шунинг учун дао ақлни, рационални рад этади. Ақл ўйлаб топган ифодалар,принтсиплар, нормалар сунъийдир. Сунъий тушунчаларни кишилар истаганча, сонсиз – саноқсиз ихтиро қилишлари мумкин. Ҳаёт мудом табиий, ақл эса ҳамма нарсани ўзи ихтиро қилган, сунъий таърифлар, тушунчалар билан ўлчайди. Натижада, ақл ранг-баранг ҳаётни тайёр таърифлар ва тушунчалар қолипига солиб, туйғуларни ҳам сийқалаштиради.
Бундан ташқари, тайёр нарсаларни идрок этиш, ўзлаштириш меҳнат талаб қилмайди, янгини англаш мудом изтироб, гоҳо адашишдир. Тайёр таърифларни ёдлашда киши ўзини мутахассис, ҳатто аълам сезади, янги нарса олдида у ожиздир. Чунки, янги-янгича талқинни, янгича идрокни, олдинги тасаввурлардан тез-тез воз кечишни тақозо этади. Эски — муқимлик , турғунлик, осойишталик, янги – безовталик, изтироб, қўрқув. Аммо ҳаёт чексиз, бетўхтов изланишдир. Шунинг учун дао: “ Гўдакдек янгини билишга интилиб яшанг!” деб даъват этади. Демак, дао билимга, фалсафага эмас, балки тайёр, қотган таърифлар ва тушунчаларга қарши.
Ҳаёт парадоксларга тўла; тўғрироғи, ҳаётнинг ўзи парадоксдир. Айнан парадокслар ҳаётни ранг баранг , қизиқарли, жозибали қилади. Бир хилликда жозиба йўқ, у кишида қизиқиш, завқ, фахр уйғотмайди. Ҳаётнинг ҳар бир они завққа тўла. Ҳатто ўлимда ҳам завқ бор. “Ҳаёт — ўлим, ўлим — ҳаёт. Киши ушбу парадокс орасидагина завқ топади, Мавжудликнинг ҳар бир они завққа тўлалигидан фахр¬ланиб яшайди”.
Парадокслар қарама –қаршиликлар, тасодифлар натижасидир. Табиатдаги, Бутундаги қарама-қаршиликлар билан одам ўйлаб топган қарама-қаршиликлар ўртасида фарқ бор. Биринчисидаги қарама-қаршиликлар — табиий, иккинчиси сунъийдир. Кун ва тун табиий қарама-қаршилик, объектив ва субъектив — сунъий қарама-қаршилик. Табиий қарама-қаршиликлар Мавжудлик, Бутун асоси, улар ўртасидаги мураккаблик , гармония азалийдир; сунъий қарама-қаршиликлар эса ақл, хаёл маҳсули, улар муваққатдир. Табиий қарама-қаршиликлардан воз кечиб, уларни ўзгартириб бўлмайди, акс ҳолда Мавжудлик, Бутун ҳам йўқ бўлади; сунъий қарама-қаршиликлардан воз кечиш мумкин, уларни рад этсангиз ҳам Мавжудлик, Бутун ўзгармайди.
Дао сунъий қарама-қаршиликларга қарши. Айнан улар боис, инсон ҳаёти мураккабдан, гармо¬ниядан узоқ. Зиддият, рақобат излаш унинг ҳаёт тарзига айланган. Ушбу қарама-қаршиликлар низоларга, урушларга, қирғинбаротларга олиб келади. Ижтимоий-тарихий тажриба кўрсатадиган, деярли барча урушлар сунъий зиддиятлар сабаблидир. Табиий қарама-қаршиликларни уруш келтириб чиқарганини инсоният билмайди.
Инсоният онги, ҳаёт тарзи ва борлиғига сингиб кетган сунъий қарама-қаршиликларни бартараф этиш мумкинми? Айнан ушбу қарама-қаршиликлар бизни онгли мавжудотга айлантирган эмасми? Улардан воз кечиш тафаккуримизни ғариблаштирмайдими? Бу саволларга қониқарли жавоб бериш мушкул; ҳар қандай жавоб ўзини ўзи рад этувчи далилга эга. Лекин дао фалсафаси сунъий қарама-қаршиликлардан Бутунга интилиш, Бутунда яшаш орқали халос бўлиш мумкин деб ҳисоблайди. Бунинг учун эса одам эго — манманлик, такаббурликдан халос бўлиши вожибдир.
Тириклик ҳилқат (вужуд), хирад (ақл) ва “мен” даражаларидан иборат. Эго мана шу уч даражаларда ўз ҳукмронлигини ўрнатишга интилади. Биринчи даражада у танани чиройли, бақувват кўрсатиб, кишини зоҳирий белгиларга маҳлиё яшашга ундайди. Инсон олам ҳақида тасаввурларининг 95 фоизини кўзи ор¬қали олади. Айнан шунинг учун эго зоҳирий кўринишни жозибали қилишга интилади. Иккинчи даражада эго ақлни кўкларга кўтаради. Натижада у бошқа туйғуларни менсимайди, инсоннинг ички руҳий оламини сийқалаштиради. Учинчи даражада эго “мен”ни улуғлайди, ҳамма нарсани «мен» билан боғлайди, “мен”ни ҳатто Мавжудлик, Бутун устидан ҳам юқори қўйиб, уни табиатнинг душманига айлантиради. Эго мана шу даражалардан қувилганида одам сунъий қарама-қаршиликларни енгиб дао йўлига ўтади, яъни ўзининг Бутунга дахлдорлигини, Бутун билан ҳамвужуд эканлигини туйиб яшайди.
Ижтимоий борлиқда дао нофаоллик тарафдоридир. Дао нофаоллиги ҳаётга мутлақ бефарқлик, зоҳидлик эмас, у руҳни, қалбни толдирувчи ва чалғитувчи югур- югурлардан холи, борлиқни осуда, тинч, диққат билан англашдир. «Нофаол, ҳаракатсиз ақл гўзалдир, чунки у шу ҳолатида ҳақу ҳақиқатни топади». Фаоллик — иллюзия, у киши атрофида Бутунни англашга ҳалақит берадиган тўлқинлар яратади. Югур-югурлар билан Бутунни англаб бўлмайди, чунки руҳ бошқа нарса ғамидадир.
Хўш, киши югур-югурлардан халос бўла оладими? Йўқ, югур-югурлар кишининг қисматидир. Ким югурмаса, чопмаса, у ҳаётдан орқада қолиб кетади; ҳаёт орқасидан эмас, ўзи билан ҳамқадам чопадиганни шарафлайди. Тўғри, дао югур-югурларни эмас, ҳаётга муносабатларни ўзгартирмоқчи. У айниқса, эгонинг Бутун устидан ҳукмронлик қилишига қарши. Ахир кимлар дунёни забт этишга интилмаган? Хўш, қани улар? Улардан нима қолди? О, умр қанчалик қисқадан қисқа! Кишидан фақат ном қолади. Ё яхши ном, ё ёмон ном. Яхши ном қолдирган ҳам Бутун ҳукмида, ёмон от қолдирган ҳам… Алалоқибат ҳамма нарса Бутунга бориб тақалади, ҳамма нарса устидан Бутун ҳукмрон. Аммо эго даъвати билан яшаган Бутунни эмас, “мен”ни танийди, яхши ном қолдирган эса Бутунни янада барқарорлаштиради. Шунинг учун дао ҳаётни Бутун кўриш , Бутун деб билиш фалсафасидир.
Бутунни, Мавжудликни англаш шу онни англашдан бошланади. Шу ондан завқ ололмаган Мавжудликдан завқ ололмайди; шу ондан ҳикмат тополмаган Бутундан ҳикмат тополмайди. Ўтмиш ҳам, келажак ҳам шу ондадир. Ҳаёт билан ҳамқадам яшаш сири ҳам шу ондан завқланиб яшашдадир. Ҳар ким ўзига инъом этилган умрни яшайди, ҳеч ким биров ҳисобига умрини узайтиролмайди. Демак, ҳеч ким бошқа учун яшаш имконига эмас, ҳар ким ўз умрига ёки шу онига ҳукмдордир. Шунинг учун кишининг умридан ё завқланиб, ёки қаҳрланиб яшаши ўз ихтиёридадир. Мавжуд ҳар бир онни одам завққа, мағзга тўлдириб яшай оладими, мана бор сир нимада.
Дао мустақил фикрлаш фалсафасидир. Умр ҳикмати мудом янги фикр излаб яшашдадир. Ана шунда инсон ақлу заковати илоҳий қудратини, Бутунга дахлдорлигини намоён этади.
Дао фалсафаси бирор таълимотни шакллантиришни ваъда қилмайди. Чунки, ҳаёт таълимотлардан кенг. У ҳаёт каби ранг-баранг, ҳаёт каби мавжланиб, тўлиб-тошиб, ҳар бир ондан завқланиб яшаш тарафдоридир. Яшашга ўргатиш эса таълимот бўлмаса-да, фалсафадир.
Дао бирор идеалга етишни ҳам ваъда қилмайди. У ҳаёт каби табиий, руҳ каби озод, қалб каби сертуйғу, ақл каби чопқир яшаш усулидир.
Дао ҳеч нимани баҳоламайди, ҳеч нима устидан ҳукм чиқармайди. У “ҳукм қилманг, сизнинг устингиздан ҳам ҳукм чиқарувчилар топилади” деган қоидага амал қилади. Ҳукмда субъективлик, чекланганлик, адашиш кучли, ким ҳукм чиқарса, у эго амридадир. Эго эса мудом “мен”ни ўйлайди.
Дао диалектик мушоҳадалар фалсафасидир. У ҳаётни бутун борлиғича тадқиқ этади ва борлиқдаги қарама-қаршиликлардан маъно излайди. Ҳатто ушбу қарама-қаршиликларга таяниш дао фалсафасидаги ягона билиш усулидир.
Б.Ш.Раджниш ривоят келтиради: Бир йигит ўзига етук, идеал жуфти ҳалол топишга аҳд қилибди. Барча мамлакатларда, халқлар, миллатлар, ичида бўлиб ке¬йин юртига қайтиб келибди. — Хўш, етук, идеал аёл учратдингми? –деб сўрашибди танишлари. — Ҳа, учратдим, — дебди у. — Қани, нега уйланмадинг, — деб сўраганларида, йигит жавобан: — У ҳам етук, идеал эр қидираётган экан, — деган экан.
Ҳа, дао фалсафасича етук, идеал бўлиш бир ёқламалик бўлар¬ди, албатта. Догмага айланмайдиган фикр, қараш йўқ. Аммо даода догма йўқ, унда мудом изланиш бор. Мустақил фикрлашга ўрганиш ва ўргатиш ҳам маърифатга муштоқ қалб учун сабоқдир.
Виктор АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари доктори