Буюк файласуфлар туркумидан: Карл Густав Юнг

Бадиий ижодни руҳий таҳлил нуқтаи назаридан ўрганишда ўарб фалсафасида катта мавқега эга бўлган руҳшунос олим, туб руҳшуносликнинг асосчиси Карл Густав Юнгнинг эстетик қарашлари диққатга сазовордир. Карл Юнг 1875 йилнинг 26 июлида Швейцарияда дунёга келади.1895 йилнинг апрел ойида Базел университетига кириб, аввалига тиббиёт, сўнг руҳшунослик бўйича таҳсил олади.

У 1900 йили Цюрихга кўчиб ўтади ва ўша даврнинг машҳур психиатр-шифокори Южин Блеернинг ассис­тенти бўлиб, руҳий касалликлар шифохонасида ишлай бошлайди.

К.Юнг 1907 йилда ақлий заифликнинг илк даврлари ҳақида илмий мақола чоп этиб, З.Фрейдга жўнатади ва шу йилнинг ўзида у билан учрашишга муваффақ бўлади. Бу учрашувдан бошланган дўстлик беш йил давом этади. 1913 йили икки руҳшунос ўртасида келишмовчилик рўй беради. Бунинг сабаби илмий изланишлардаги ўзаро зиддиятлар эди. Зеро, Фрейд руҳий нуқс ва касалликлар ҳирсий майлларнинг сиқилиши ташқи дунё объектларидан беморнинг ички дунёсига ўтказиб юборилишидан вужудга келади, деган фикрни илгари сурса, Юнг ташқи олам билан бўлган алоқа ҳирсий майллардан ташқари бошқа мотивларга ҳам боғлиқ, реалликдан узилишни, айниқса шизофрения (руҳий касалликнинг бир тури) касаллигини фақат ҳирсий майлга интилиш билан изоҳлаб бўлмайди, деб эътироз билдиради. Кейинчалик Юнг томонидан яна бошқа назарияларнинг ўртага ташланиши устоз ва шогирд ўртасидаги зиддиятни кучайтиради. Масалан, Фрейд невроз хасталиги илк болалик давридаёқ бошланади, бунга хаёлот ва майллар каби омиллар сабаб бўлади, деса, Юнг невроз сабабларини ҳозирги кундалик ҳаёт тарзининг ботинидан қидириш керак, бу хасталикда болалар хаёлоти, майллари – барчаси иккинчи даражали ҳолатдир, деган фикрни айтади.

Хуллас, устоз ва шогирд ўртасида бутунлай ажралиш юз берди ва у Юнг учун оғир кечади, шунингдек, кейинги олти йил давомида (1913 – 1918) унинг ўзи «ички руҳий чалкашлик» ёки «ижодий касаллик» деб атаган мураккаб даврни бошдан кечиради. Лекин, бир муддат ўтгач, у Шарқ мутафаккирларининг ўз-ўзини англаш тамойили ва тажрибасига таянган ҳолда таҳлилий руҳий терапия ва руҳ тузилмаси бобида янгиликлар яратади; йигирманчи йилларда Африкада ҳамда Шимолий Америкадаги Туэбло ҳиндулари воҳаларида узоқ илмий сафарларда бўлади ва у ерларда тсивилизатсиядан йироқ турмуш тарзидаги руҳий ҳолатларни ўрганади. Руҳий таҳлил уюшмасини ҳам, Сюрих университетини ҳам тарк этган Юнг «Руҳий типлар» деган китоб устида иш бошлайди ва ўттизинчи йилларга келиб, руҳшунослик оламидаги энг машҳур олимлардан бирига айланади.

К.Юнгнинг «Руҳий таҳлил ва адабиёт» деган мақоласида Фрейднинг невроз касаллигининг манбаи бўлмиш болаликдаги хаёлотлар ижодийликка бориб тақалиши ҳақидаги таълимотини рад қилмаса-да, К.Юнг бу қарашлар санъаткор аҳлининг бошқалардан ажралиб турувчи индивидуал хусусият эгалари эканликларини эътироф этади. Бироқ санъаткорнинг асосий томони унинг бошқалардан ажралиб туришида эмас, балки унда индивидуалликдан ўзга яна нимадир борлиги ва у объектив руҳий ҳодиса эканлигидир. Айнан ана шу объективлилик санъаткорнинг мақсади ва бадиий асарнинг асосий ғоясини аниқлаб беради. Юнг ўзининг «таҳлилий руҳшунослиги»ни яратишга бел боғлар экан, у Фрейд қўллаган тушунчалар ва атамалардан кўп ҳолларда воз кечиб, янги истилоҳларни илмий муомалага киритади.

Карл Густав Юнг ижодкорнинг ижод жараёнидаги руҳий ҳолатларини ўрганиб, уларни уч томонлама: ижодкор шахсини, ижод жараёнини ҳамда шу жараён маҳсули бўлмиш санъат асарини алоҳида таҳлилдан ўтказди. Бунда Юнг асосан ижодкор, асар ва ижод жараёнини икки турга, интроверт ва экстраверт турларига ажратиб кўрсатиш орқали руҳий таҳлил эстетикасига янгиликлар киритди.

Интроверт ижод жараёнида бадиий асар ўз ижодий мақсади йўлида муаллифдан озуқа сифатида фойдаланади. Бундай жараёнда вужудга келадиган асарлар ўз қудрати билан муаллифни жиловлаб олади ва унинг қўлини шундай бошқарадики, ҳар қандай истеъдод эгаси ҳам бунда лол қолади. Асар муаллифнинг онгига ўзи билан бирга ўз шакл, услуб ва қонуниятларини олиб киради; ижодкор киритмоқчи бўлган нарсалар инкор қилиниб, у олиб ташламоқчи ва четлаб ўтмоқчи бўлган деталларни ўзига тортиб олади. Бундай фавқулодда бадиий ҳодиса билан курашиб, уни енгишга улгурмаган муаллиф асарнинг етовида юришга мажбур бўлади; агар ихтиёр ўз қўлида бўлганда эди, ижодкор ҳеч қачон асар талаб қилган ўзгаришларга йўл қўймасди. Бироқ ижодкор айни пайтда буларнинг ҳаммасини ўз табиатидан чиқаётганлигини, ўзи – ўз табиати гапираётганини ҳам тан олмасдан иложи йўқ. Ижодкор ўзидан кўра кўпроқ санъат асари кучлироқлигини, асарнинг унга тегишли бўлмаган ва у бошқа­ришга кучи етмаган қудратга эга эканлигини ҳис қилади, ўз фаолияти жараёнида фақат бегона импулсга эргашаётганини сезиб туради. Шу сабабли, у ижод жараёни билан уйғунлашиб кетмайди, асарга бўйсунаётганини, ўзи ундан алоҳида эканини англайди.

Санъатда бундай ҳодисалар жуда кўп, чунончи, Анна Каренинанинг ўлимини истамаган, лекин асар талаби билан уни ўлдиришга мажбур бўлган Лев Толстойнинг изтироблари, Кумушбибини «ўлдириб» қўйганидан йиғлаб, кўзлари шишиб кетган Абдулла Қодирийнинг руҳий ҳолатларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бундай ҳолатни баъзан илмий ижодда ҳам учратса бўлади.

Баъзан ижодий эҳтирос шу даражада инсонни қамраб олиб, ўзига бўйсундирадики, ундай ижод жараёни ҳатто санъаткор соғлиғига зид равишда давом этади. Буюк Алишер Навоийнинг ижодий жасорати ва матонати бунга мисол бўла олади. Ижодга бўлган чанқоқлик уни хасталантириб, ўлимга олиб келди. Чўлпоннинг замона қалтислигини кўра-била туриб, миллий озодлик, истиқлол ҳақида шеърлар ёзгани ҳам шундан бўлса керак.

Лекин, таъкидлаш керакки, интроверт ижодкорнинг экстра­­вертга айланиш ҳодисаси ҳам учраб туради, ижодкорнинг аввал ёзган асари кейин­ги асарларидан фарқ қилиши мумкин.

Экстраверт бадиий ижод жараёнида туғилган санъат асарлари замон билан ҳамнафас, ўша замоннинг аниқ ва равон тушунтириладиган долзарб муаммоларини акс эттиради. У оддий халқ томонидан яхши қабул қилинади, оммага тушунарли бўлади. Бироқ бундай асарлар вақт ўтиши билан жонли асарлик хусусиятини йўқотиб, тарихга айланади. Интроверт жараёнга тегишли асарлар эса кўп ҳолларда оммага тушунарсиз бўлади. Чунки уларда нафақат замон, балки бутун борлиқ ва коинот муаммолари ифода топади; инсон қалби замиридаги қоронғу йўлаклар ёритилади. Уни идрок этган киши бундай ифода қошида қай даражададир довдираб қолади. Бунга мисол қилиб Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» асарини ёки Франтс Кафканинг «Қаср» романини келтириш мумкин.

Юнг «Руҳшунослик ва бадиий ижод» мақоласида руҳшуносликни инсон руҳий ҳолатидаги жараёнлар борасидаги илм деб баҳолаб, уни адабиётшунослик билан боғлайди. Зеро унинг фикрича, ҳар қандай санъат асарининг ибтидоси – руҳдандир. Албатта, ижодкорнинг шахсий руҳияти унинг асаридаги кўп нарсани аниқлаштириши мумкин, аммо асарнинг ўзини тушунтириб беролмайди. Агар бунинг имкони бўлганда асар оддий симптомга айланиб, ижодкор ва унинг асарига ҳеч қандай обрў ва машҳурлик келтирмаган бўларди. Айнан мана шу масалалар ижод жараёни ҳамда ижодкор шахси борасидаги руҳшунос ва эстетик олимлар ўртасида баҳсли мунозарани келтириб чиқаради.

К.Юнг агар руҳшунослик бадиий ижод ва бадиий асарни боғловчи сабабларни аниқ очиб бера олганда эди, унда санъатшунослик мустақиллигини йўқотар ва руҳшуносликнинг бир бўлими сифатида ўрганилар эди, деган фикрни билдиради. Санъатшунослик ҳамда руҳшунослик доимий равишда бир-бирига боғлиқ бўлади ва бири иккинчисининг тамойилини рад қила олмайди. Руҳшунослик тамойили – берилган психологик материал­­ни сабабийликдан келиб чиқувчи қандайдир ҳолат сифатида олиб қарайди. Санъатшунослик тамойилига кўра эса, гап асар ҳақидами ёки ижодкор ҳақидами, қатъи назар, ундаги руҳийлик бевосита мавжудлик сифатида ўрганилади. Иккала тамойил ҳам ўзининг нисбийлигига қарамасдан ўз кучида қолади, улар алоҳида мавқе ва қимматга эга.

Юнг ҳар бир ижодкорда икки ҳолат – ўзида қисман шахсий-инсоний, қисман эса ношахсий инсоний жараённи мужассам этади, деган қарашни илгари суради. Зеро инсон сифатида у соғлом ёки касал бўлиши ва шу боис, индивидуал руҳшунослик унинг шахси борасида изланишлар ва хулосалар чиқариши мумкин. Ижодкор сифатида эса у фақатгина ўзининг яратган асари орқалигина тушунилиши мумкин.

Демак, ижодкорни биз фақат ижод жараёнидагина ижодкор дея олишимиз мумкин бўлади. Қолган вақтларда эса у оддий инсон каби иллат ва фазилатлардан холи бўлмаган шахсдир. У ҳолда ижодкор оддий одамлардан нимаси билан фарқ қилади? Ижодкорларнинг бошқалардан ажралиб туришини Юнг уларнинг энергияси билан изоҳлайди. Ҳар бир инсон одамлар билан мулоқот қилар экан, у ўзининг салбий муносабатларини ва иллатларини беркитишга ҳаракат қилади, аниқроғи, бунга куч топа олади. Бироқ ижодкор барча қувватини ижод жараёнидаги эҳтиросга берилиб, асарга бахшида қилиб юборади. Шу тариқа у ўзининг иллатларини, одамлар билан бўлган муносабатда беркитишга куч топа олмайди. Буни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Сиз ўзингизни ўраб турган жамият­ олдида, одамлар орасида қусурларингиз ошкор бўлишига йўл қўймайсиз. Ўки ҳақиқатни очиқ-ойдин айтишга бўлган интилиш ҳиссини ақл билан чеклайсиз. Ақл эса ўз йўлида чеклов учун сизнинг қувватингиздан фойдаланади. Ижодкорлар эса бундай имкониятга эга бўла олмайдилар. Зеро улар, ҳаттоки ўз имкониятларига ҳам етарли даражада ҳукмронлик қила олмайдилар. Ижод жараёни ижодкордан ижодий эҳтирос орқали ҳамма нарсани, ҳаттоки ундаги ихтиёрни ҳам олиб қўяди.

Юнгнинг бу мулоҳазалари ижодкорларнинг оддий одамларга ўхшамаган жиҳатларини очиб беришга хизмат қилди.

Феруза Обиджонова,
ЎзМУ ахлоқшунослик ва эстетика кафедраси ўқитувчиси
“Маърифат” газетасидан олинди