Буюк файласуфлар туркумидан: Эпикур

Кишини ҳеч қандай изтиробдан халос қилмайдиган файласуфнинг сўзлари қуруқдир. Вужуддан касалликни қуволмаган медитсинадан ҳеч қандай наф йўқ бўлганидек, қалбдан хасталикни қуволмаган фалсафадан ҳам ҳеч қандай фойда йўқ.
ЭПИКУР

Эпикурнинг нигоҳи бепоён Коинотга тикилган бўлса-да, унинг ақлу идроки мавжудлик сирларини, борлиқнинг шаклланиш ва ривожланиш қонуниятларини, инсон тафаккурининг қудратини билишга қаратилган эди.

Шу боис, у ҳар қандай ғайриҳаётий фикрларни, ғояларни рад этади. Унинг фикрига кўра, ҳеч нима йўқдан бор бўлмайди. Мабодо табоҳликка учраган, емирилган нарсалар мутлақ йўқ бўлганида улар бошқа нарсаларга айланмаган, ном-нишонсиз, беиз кетарди. Борлиқдаги мавжуд нарсалар шаклини ўзгартириб бошқа нарсаларга айланади, холос.

Донишвар Коинот, дунё, барча нарсаларнинг илк асоси, бошланғич нуқтаси атомдир деб билади. Демак, у Демокрит тарафдори, атомистик қарашларининг давомчисидир. Бироқ атомнинг ҳаракатлари, бўлиниши, кўринишлари ҳақидаги фикрларида у Демокритдан кескин фарқ қилади. Масалан, Демокрит назарида атомлар турли кўриниш, беадад, чексиз бўлиниш хусусиятига эга. Эпикурнинг фикрига кўра, атомлар сон-саноқсиз кўпдир. Улар бўлинишида чекланган ва мутлақ ҳеч нима даражасига етадиган тарзда парчаланмайди, охир натижада шундай бир қисм, парча қоладики, у охирги, бошқа бўлинмас бўлакдир. Акс ҳолда емириладиган, шаклини йўқотадиган барча нарсалар мутлақ беиз кетган, йўққа айланган, шу тариқа борлиқдан асар ҳам қолмасди. Демокрит атомларни ниҳоятда зич жойлашган, улар ўртасида бўшлиқ йўқ, Эпикур эса бўшлиқ атомлар ҳаракатланишининг шартидир деб ҳисоблайди. “Бўшлиқ бўлмаганида нарсалар ҳаракат қилолмасди. Коинот табиатан нарсалар ва бўшлиқдан иборат”. Аммо Эпикурнинг бу бўшлиғи, А.В.Лосев ибораси билан айтганда, “тантанавор, сокин ва чуқур бўшлиқ эди”, чунки маълум бир бўшлиқдагина нарсалар, атомлар ҳаракат қилиши, ўзгариши, ривожланиши мумкин.

Демокрит атомлари тепадан пастга тўғри чизиқли ҳаракат қилади. Эпикур тафсилида эса улар ўз оғирлигига мувофиқ тепадан пастга тўғри чизиқли, ушбу тўғри чизиқдан чеккага чиққан тарзда ва ён томонларга ҳаракат қилади. Атомлар ўз ҳолича тўқнашиб, бирлашади ва нарсалар ҳосил қилади. Коинот, борлиқ ҳам шу тарзда пайдо бўлган. Демак, нарсалар, махдудот мустақил ҳаракат қиладиган атомлардан, уларнинг ўзгаришларидан иборат. Улар Коинотда мутлақ йўқ бўлиб кетмайди, емирилган нарсалардаги атомлар бошқа кўринишга ўтади, холос. “Ҳеч нарса йўқдан пайдо бўлмайди; агар бор нарса мавжудликда йўқ бўлса, емирилган нарсалар аллақачон йўқ бўларди”. Бутун Коинотда ушбу материянинг сақланиш қонуни амал қилади. Коинот ўзи ўзи учун мавжуд, унда юз берадиган шаклланиш, емирилиш, ўзгаришлар унинг қисмларига тааллуқли, унинг ичидаги мавжуд нарсалар, атомлар орасида рўй беради. Коинотнинг ўзи эса ўзгармас, у қандай бўлса, шундайлигича мавжуддир. Кўриниб турибдики, донишвар фикрига кўра, Коинот, Борлиқ муаббаддир, уларнинг асосини ўз тузилиши ва кўринишига эга майда заррачалар — атомлар ташкил этади. Бироқ атомлар қандайдир илоҳий куч турткисига ёки кароматига мувофиқ эмас, балки шаклланиш ва емирилишдан иборат ички диалектик қонунларига монанд ҳаракат қилади. Ушбу ҳаракатлар нарсаларнинг шаклланиш ва емирилиш, воқеаларнинг рўй бериш жараёнларини гоҳо тасодифга айлантиради. Шу нуқтаи назардан Эпикурни синергетиканинг асосчиси дейиш мумкин.

Коинот, борлиқ, Эпикур тафсирида, сон-саноқсиз оламлардан иборат. Ушбу оламлар, сайёраларда ҳам Ердаги каби жонзотлар, одамлар яшаши мумкин. Шунинг учун улар, яъни “оламлар ўртасида кескин фарқлар мутлақо йўқ… одамлар саноқсиз тарзда айнан такрорланадилар. Барча оламларда биздагидек жонли мавжудотлар, ўсимликлар ва бошқа нарсалар бор”. Эпикур ва эпикурчилар Коинотнинг беададлигини тан олар экан, ундаги саноқсиз оламларда Ердагидек ҳаёт мавжуд, уларда ҳам одамлар биздек эрк, адолат, ҳақиқат ҳақида фикр юритади деган гипотезаларни илгари суради. Чамаси фантаст ёзувчилар ўзга сайёраликлар ҳақидаги ғояни эпикурчилардан олганга ўхшайди. Қандай бўлмасин, Эпикур ва эпикурчилар Коинотда онгли мавжудотлар сонсиз-саноқсиз деган назарни илгари суради.

Биз яшаётган дунё, тсивилизатсия атомларнинг турли ҳаракатлари натижасидир. Лукретсийнинг Эпикур тилидан хабар беришига кўра, ибтидода атомлар худди дўл каби тепадан пастга қуйилган, кейин улар бўшлиқда бир-бирлари билан тўқнашиб, бир-бирларига бирлашиб осмон, ер, денгиз, ой ва қуёшни пайдо қилган. Ушбу беш элементнинг уйғунлиги ва қулай табиий шароит ерда ҳаётни юзага келтирган. Одамлар илк тирик мавжудот сифатида ердан яралган. Улар аввал ёввойи тўда сифатида яшаган, на гапиришни, на уй-жой қуришни, на санъат ва техникани билган. Уларда оила ҳам бўлмаган, улар тасодифий, пала-партиш алоқалар билан ўзининг табиий эҳтиёжларини қондирган. Улар ов, балиқчилик билан шуғулланиб, ғорларда яшаган.

Кейинчалик улар чақмоқдан олов қилишни, лойдан кулбалар ясашни, теридан кийим тикишни, ҳайвонларни қўлга ўргатиб улардан фойдаланишни ўрганган. Деҳқончилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқнинг шаклланиш ва ривожланиши туфайли шаҳарлар, ҳуқуқ ва суд идоралари, кишиларнинг ўзаро келишиши, ҳозирги тил билан айтганда, ижтимоий шартнома асосида эса давлат пайдо бўлган. Санъат — ашула, рақс, мусиқа ва поэзия билан шуғулланиш инсон ҳаётининг таркибий қисмига айланган. Шу тариқа тсивилизатсия юзага келган. Сивилизатсия билан бирга кишиларда бойлик орттиришга интилиш авж олади, урушлар, дин кишилар ўртасидаги иттифоққа раҳна солади. Тарихий шарт-шароитлар кишиларни турли нарсаларни ихтиро этишга ундайди, “бир соҳада улар катта ютуқларга эришди, бошқа соҳаларда бу ютуқлар ҳали кам эди”. Демак, оламнинг пайдо бўлиши кўринмас, ўлмас ва бўлинмас сон-саноқсиз атомлар ҳаракатларининг комбинатсиялари, тсивилизатсия эса инсон ижтиҳодларининг натижасидир. Одам ўз ақлу идроки билан оламнинг шаклланишини, ўзгаришини англаши, тарихий ривожланиш жараёнларини бошқариши мумкин.

Демак, Эпикур таълимотига кўра, Коинот, олам ғайритабиий, илоҳий кучлар маҳсули эмас, борлиқ муаббаддир. Бироқ Донишвар ташқи куч — худонинг борлигини инкор этмайди, балки, аксинча, у худолар бор, бироқ худолар инсон ҳаётидан ташқарида мавжуд ўта нозик атомлардан яралган, деб билади…

Эпикур худоларнинг борлиги, масалан, уларнинг тушга киришидадир деб ҳисоблайди. Бироқ худо, унинг тасвирида олий бахт ва олий фароғатда яшайди, ўзи-ўзи учун мавжуд. Шу боис, худо кишиларнинг ҳаётига аралашмайди, улардан хурсанд ҳам, хафа ҳам бўлмайди. У барча нарсалар, мавжудотлар каби атомлардан ташкил топган, бироқ ушбу атомлар ерда йўқ ўта нозик оловдир. У муаббад ва бепоён кенгликда ўзи-ўзи билан банд ҳолда кезиб юради, тирик жонзотлар, одамлар каби ейди, ичади, ўзининг вужуди ва соғлиги ҳақида қайғуради.

Кўриниб турибдики, Эпикур ва унинг издошлари худоларнинг борлигини инкор этмайди, аммо уларнинг хатти-ҳаракатлари инсон ҳаётидан холи, соф роҳат-фароғатдан иборатдир. Ҳатто улар инсон тилида гаплашса-да, ерликлар ҳаётига аралашмайди, самовий ҳаракатларга мутлақо бефарқдир. Демак, худолар билан инсон ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик, алоқалар йўқ. Худолар кишиларнинг илтижоларига қулоқ ҳам тутмайди, уларни эшитмайди ҳам. “Агар худолар илтижоларни эшитса, — деб ёзади донишвар, — кишилар бир-бирига ёвузлик тилаганидан аллақачон қирилиб кетардилар”.

Бир томондан худонинг борлиги тан олиниши, иккинчи томондан уларнинг кишилар ҳаётига аралашмаслиги Эпикур фалсафасидаги деизм, зиддиятли томондир. Аммо ушбу зиддиятни А.В.Лосев, Эпикур қарашларининг “энг ҳақиқий мантиқий давомидир”, деб ёзади. Чунки Эпикурнинг худо борлигини қайд этишида беғараз “эстетик мулоқот”га эҳтиёж мавжуд. “Донишманд худолар олдида тиз чўкиш зарур” деганида Эпикур илоҳий кучларга мутеларча сиғинишни эмас, балки гўзал, соф, олий мавжудот билан, барча греклар каби, эстетик мулоқотда бўлиш истагидан келиб чиққан. “Донишманд поэмалар тўқимайди, у (ўз ҳаёти билан) поэмалар ижод қилади”, яъни донишманд ҳаётининг ўзи гўзал ва бетакрор асардир. Донишварнинг, худолар ҳақидаги қарашлари аслида ушбу эстетик эҳтиёж натижасидир. Худолар мавжудлигини эстетик эҳтиёж ҳисоблаш Эпикур ва унинг издошларини худони билиш мумкин деган хулосага олиб келади. Диоген Лауэртсийнинг хабар беришича Эпикур худоларни икки гуруҳга ажратиб, уларни “ақл билан билиш мумкин” деб ҳисоблаган. Тўғри, Эпикур ва эпикурчиларнинг, илоҳият ҳақидаги қарашлари турли саволлар уйғотади. Агар атомлар шаклланиш ва емирилиш хусусиятига эга бўлса, худоларнинг атомлардан иборатлиги уларнинг муаббадлиги ҳақидаги фикрини йўққа чиқармайдими? Мабодо худолар нозик, кўзга кўринмас атомлардан иборат бўлса, уларни ақл билан билиш қандай амалга оширилади? Худолар одамсифатлигининг тасдиғи нимада? Кишилар ҳаётидан ташқарида яшайдиган худолар фақат “эстетик мулоқот”, эстетик эҳтиёж манбаими?… Бизнинг ишончимиз комил, Эпикур ва эпикурчилар ушбу азалий саволларга қониқарли жавоб беришлари даргумон. Ҳатто уларнинг “Худоларнинг номлари саноқли, аммо уларнинг ўзи саноқсиздир” дегани, қурбонликлар келтириб диний байрамларда қатнашганлари ҳам юқоридаги саволларга жавоб бўлолмайди.

Эпикур ва эпикурчилар қадимги Гретсия худоларини шарафлаган, лекин файласуфларнинг бу эҳтироми инсоний ақл-идрок доирасида эди. Шунинг учун Андре Боннар уларнинг илоҳиётга муносабатларини ифодалаб ёзади: “Гап шундаки, биз худоларга сиғинишга эмас, балки инсоннинг ўзига ишонч билан қарашга даъват этишимиз даркор. Асосийси — худолардан қўрқмаслигимиз керак, чунки қўрқув бизни ожиз қилиб қўяди, ақлдан оздиради. Бизларга, кишиларга, инсон ақлу заковатига ишониш, тўғри, камтарона, аммо ишончлидир. Худолардан қўрқишдан халос бўлсак, коинот сирли ва ваҳимали кўринмайди”. Бироқ, Эпикур ва эпикурчилар атеизми мутлақ даҳрийлик, Плутарх айтганидек, “бутунлай худосизлик”, ўта шаккоклик эмас, унинг негизида халқ худоларига ва улар билан боғлиқ урф-одатларга ишонч, энг муҳими эса инсоннинг ақлу заковатига, билимига чуқур эътиқод мавжуд. Алҳақки, онгни чалғитувчи ғайриҳаётий ва ғайриинсоний таълимотлардан оддий, содда бўлса-да, аммо инсон ақлини ва имконини кенгайтирувчи бир фикр афзалдир.

Эпикур ва унинг шогирдлари ҳаётдан, мавжудликдан, мавжудотдан лаззат, завқ олиб яшашни таълимот даражасига кўтарди. Қизиқарли ҳол шундаки, “э, ич, мазза қил” шиорини ўз таълимотининг асосига айлантирган жайнизм ҳам Ҳиндистонда айнан ўша даврда пайдо бўлган. Эпикур таъкидига кўра, “вужуднинг лаззатланиши барча ҳаракатларнинг охир-натижасидир”. Инсон қўрқув, ғам, изтироблардан халос бўлиши, яъни бахтиёр яшаши зарур. Бахтиёрлик эса энг аввало лаззат, завқдадир. Бироқ лаззат, “суюқоёқлар истайдиган фаҳшда, баъзилар ўйлайдигандек ҳирсда эмас, у вужуднинг изтироблардан ва руҳнинг ваҳималардан холи бўлишидадир”. Донишвар лаззатланиш деганида шаҳватга, ҳирсга, нарсага берилиб инсонни маънавий, руҳий,охир-натижада эса жисмоний таназзулга олиб келувчи иллатларни, ахлоқсизликларни назарда тутмайди. Алҳақки, вужуд тотган лаззат орқали киши ўзини бахтиёр сезади; очнинг қорни тўйса кўнгли шод бўлади, кишандан озод қилинган қул ҳурликдан завқ олади, бетобликдан қутулган тана яйрайди, совуқ қотган киши пана топиб исинса, ором топади ва бошқалар. Ахир ушбу табиий эҳтиёжлардан завқ олмай, лаззатланмай бўладими? Кейинчалик Эпикур руҳий, маънавий лаззатланиш, “руҳнинг эҳтиросларсиз, ваҳималарсиз ва бидъатларсиз осуда ва равонликда бўлиши охир мақсадимиздир” деган хулосага келади. Демак, вужуд лаззати руҳ лаззатининг ибтидоси, бир кўринишидир, ҳамма нарса руҳнинг ҳурлиги ва ҳурликдан роҳатланиши билан ўлчанади. Бу аслида умр бўйи донишвар эъзозлаб келган шахс ҳурлиги, эрки ҳақидаги таълимотининг мантиқий давомидир.

Файласуф, табиат инсон учун энг зарур нарсаларни яратиб қўйган, улардан ортиғини истовчи киши “бемаъни фикрларга эргашиб ўз ҳаётини расво қилади”, деб ёзади. Кишидаги бор истаклар, унинг бемаъни фикрлари номақбул кайфиятидан келиб чиқади. Шунинг учун ақл-идрок киши ҳаётини булғовчи ушбу бад сифатларни жиловлашга қаратилмоғи зарур. Мол-мулк йиғиш, шуҳрат топиш, зўравонлик қилиш майлларидан воз кечган кишигина руҳий ҳурлик, ҳақиқий эрк нима эканлигини туяди. Ўз эҳтирос ва истакларини бошқарган аълам. Руҳи эркин, ҳур бошқаларга муте ёки нарсаларга мутедир. Ҳурликни бошқалар ҳам бермайди, нарсалар ҳам бермайди; эрк у энг заруридан лаззат олиб яшай олишдадир. Умуман, “Киши оқилона, қаноатли, мағрур ва адолатли яшаганида хушбахтдир”.

Тўғри, рақиблари Эпикур ва эпикурчиларни лаззатланишни ҳаёт тарзига айлантиришда, улуғлашда айблашади. Улар донишварнинг: “Ҳар қандай фароғатнинг боши ва охири — очликни қондиришдадир; ҳатто аъламлик ва бошқа бойликлар ҳам унга тааллуқлидир” деган фикрини далил сифатида келтиришади, бироқ улар донишварнинг камсуқумлик, ахлоқ,адолат билан боғлиқ қарашларини эътиборга олишмайди. Шу боис, “эпикуризм” атамасини салбий маънода ишлатишади. Дарвоқе, манбалар кўрсатадики, Эпикурнинг асосий овқати сув ва нон бўлган, ошқозони хасталигидан вино истеъмол қилмаган, жинсий алоқадан ўзини тийган. Ғарибона кулбасининг эшиги кечаю кундуз очиқ турган, чунки унда ўғирлашга лойиқ нарса бўлмаган, унинг ва шогирдларининг энг асосий бойлиги руҳий-маънавий ҳурлик эди. Ким ҳур яшади,унинг ҳаёти шарафга, тақлидга лойиқ; ким ҳур эмас, у бошқаларга ҳам ҳурликни раво кўрмайди…

Виктор АЛИМАСОВ,
фалсафа фанлари доктори