Замонанинг зайли билан камина хизмат юзасидан кўп йиллар қатор араб мамлакатларида араб тили таржимони бўлиб ишлашга тўғри келди. Араблар диёрида узоқ йиллар яшашнинг ўзи, фикримизча, ҳар қандай арабшунос учун ҳам бир олам қувончли ҳолдир. Чунончи, ўзинг тилини ўрганган диёр билан яқиндан танишиш, инсоният маданиятига, фанига улкан ҳисса қўшган бу қадимий халқнинг урф-одатлари, расм-русумлари, турмуш тарзи билан бевосита танишишнинг ўзи катта мактабдир. Ушбу сафарлар чоғида олинган хилма-хил ва бой таассуротлар узоқ йиллар хотирада қолади, албатта.
Лекин араблар диёридан қалбимда мустаҳкам ўрнашиб қолган бир ажиб туйғу умрбод хотирамдан чиқмаса керак. У ҳам бўлса, арабларнинг узоқ ўтмишда яшаб ўтган ўрта осиёлик буюк олимларга бўлган катта ҳурмат-эътибори, уларга нисбатан илиқ муносабатларидир. Мусо ал-Хоразмий, Маҳмуд аз-Замахшарий, Абу Райҳон ал-Беруний, бухоролик Имом ал-Бухорий, Абу Бакр Муҳаммад ан-Наршахий, Абу Али ибн Сино (араблар орасида у шайх ур-раис номи билан ҳам машҳур), термизлик Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий, Ҳаким ат-Термизий, Собир ат-Термизий, шунингдек Ас-Самарқандий, Аш-Шоший (ат-Тошкандий), Ал-Фарғоний, Ал-Марғийноний тахаллуси билан аталиб, кўҳна заминимизда таваллуд топган кўплаб олим ва мутафаккирларнинг араб мамлакатларида ғоятда машҳурлиги, уларнинг номи зўр ҳурмат-эътибор билан тилга олиниши ғоятда фахрлидир. Ушбу алломалар номидаги кўчалар, майдонлар, кутубхоналар, китоб дўконлари ва шифохоналарда бўлганимда буюк ватандошларимиз учун қалбим ғурур ва ифтихорга тўлганлигини сўз билан ижодалаш қийин.
Ўрта Осиё замини тарбиялаб етиштирган ушбу мутафаккирлар қўлёзмаларининг Қоҳира ва Бағдод, Дамашқ ва Байрут, Триполи ва Оммон қўлёзма хазиналарида кўз қорачиғидай авайлаб сақланиши, уларнинг ҳаёти ва бой ижодий меросига бағишланиб чоп қилинган хилма-хил йирик тадқиқотлар, илмий ишлар, рисолалар улар қаламига мансуб асарларнинг катта илмий ва амалий аҳамиятидан далолат беради. Зотан, улар яратган асарлар ўрта асрлар илм-фанининг барча соҳаларини қамраб олганлигини ҳам эслатиш ўринлидир. Юқорида зикр қилганимиз алломаларнинг деярли ҳаммаси замон тақозоси билан ўз асарларини араб тилида ёзганлиги ҳам ушбу жараёнда муайян аҳамият касб этган.
Диёримиздан чиқиб жаҳоншумул аҳамиятга эга асарлар яратган буюк алломалардан бири машҳур муҳаддис (ҳадис илми олими) Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийдир.
Унинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн ад-Даҳҳок ас-Сулламий (умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан ад-Дарийр тахаллуси билан ҳам аталган) ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий ҳисобида 210 (милодий 825) йилда Термизда унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топди. Ўрта осиёлик машҳур олим ва тарихчи Абу Саад Абдулкарим Ас-Самъонийнинг (1113—1167) «Ал-Ансоб» номли асарида қайд этилишича, Ат-Термизий Буғ (ҳозирги Шеробод ноҳияси) қишлоғида вафот этганлиги учун унинг номига ал-Буғий тахаллуси ҳам қўшилган.
Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олган. Чунончи, ёзма манбалар ва тарихий осору-атиқалардан маълумки, ўрта асрларда Хоразм, Бухоро, Самарқанд сингари Термиз ҳам Ўрта Осиёнинг илмфан ва маданияти ривожланган ўлкалардан бири бўлган. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қуввати, хотирасининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ажралиб турган Ат-Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган.
У ўз билимларини бойитиш мақсадида кейинчалик кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилган. Жумладан, узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Кўп йиллар давом этган сафарлари чоғида Ат-Термизий илм-фанининг турли соҳаларидан — илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимларидан таълим олади. Имом Исмоил ал-Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Саъийд, Исхоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон каби машҳур муҳаддислар унинг устозлари эди.
Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда Ат-Термизий ҳар бир қулай фурсатдан фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам, бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан ва учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган. Шу тариқа пайғамбар алайҳиссалом ҳақидаги ва унинг ўзлари айтган хилма-хил ва кўпдан-кўп ҳадисларни тўплаган ва уларни мунтазам равишда тартибга келтириб, катта муваффақиятга эришган.
Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган Ат-Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик ҳам қилган. Ҳадис илмидаги унинг шогирдларидан Макҳул ибн ал-Фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абу ибн Муҳаммад ан-Насафюн, Ал-Ҳайсам ибн Қулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий ва Абу-л-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубийларни кўрсатиш мумкин. Кўп йиллар хорижий мамлакатларда бўлганидан кейин Ат-Термизий ўз юртига йирик муҳаддис олим сифатида қайтади, ижодий иш ва шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлади. У 279 ҳижрий (милодий 892) йилда Термиздан унча узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади. Унинг қабри ҳозирги пайтда давлат томонидан муҳофаза этиладиган тарихий ёдгорлик бўлиб, зиёратгоҳ ҳисобланади.
Ат-Термизий бир қанча илмий асарлар яратган бўлиб, уларнинг аксар қисми бевосита ҳадисларга бағишланган. Шу хусусдан бу ўринда ҳадис илми ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтиш фойдадан холи бўлмас. Гап шундаки, VII асрнинг биринчи ярмида тирихий жиҳатдан қисқа муддатда юзага келган Қуръон ислом таълимотида катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга асосий манба бўлса-да, мусулмон дунёсининг ижтимоий, ҳуқуқий ва аҳлоқий томонларига оид жамики масалаларни ҳар томонлама тўкис қамраб ололмаган, албатта. Шу боисдан ҳам ислом дини чегараларининг кенгайиши ва унинг қонун-қоидаларига асосланган жамият ривожлангани сари турли-туман янги ғоявий фикр-мулоҳазалар ва кўрсатмаларга эҳтиёж тобора кучая борган. Шу сабабли барча жиҳатлардан намунали зот ҳисобланган пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари айтган ибратомуз панд-насиҳатлар, диний ва ахлоқий масалаларга қарашлари ва кўрсатмалари ҳамда пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти, фаолияти хусусида унинг қариндош-уруғлари, саҳобалари, яқин сафдошлари айтган ҳикоят ва ривоятлар — ҳадисларни тўплаш кенг кўламда авж олган. Шунга кўра, Ислом таълимотида ҳадислар Қуръондан кейин турадиган муҳим манбалар ҳисобланади.
Ҳадисларни тўплаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланган олимлар муҳаддислар деб аталган. Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб ҳадисларнинг тўғрилиги, уларнинг ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган. Чунончи, илк даврлардаёқ ноаниқ, чала-чулпа, ҳатто сохта ҳадислар ҳам эл орасида тарқай бошлаган. Шундай пайтларда улар қайта-қайта текширилиб, олимларнинг бетиним меҳнати натижасида асли ҳолига қайтарилиб, ёзма равишда қайд қилинган. Натижада исломшунос йирик уламолар орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олтита ҳадислар тўплами муаллифлари энг нуфузли ва ишончли муҳаддислар деб тан олинган. Мана шу тан олинган машҳур муҳаддислардан бири Имом ат-Термизийдир.
Ат-Термизийнинг қаламига мансуб илмий асарларнинг аксар қисми бизгача етиб келган. Шулардан «Ал-Жомиъ («Жамловчи»), «Аш-Шамоил ан-набавийа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»), «Ал-Илал фи-л-ҳадийс» («Ҳадислардаги оғишишлар»), «Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Ат-Тарих» («Тарих»), «Китоб аз-Зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ул-асмо ва-л-куна» («Исмлар ва лақаблар ҳақида китоб») ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Ат-Термизийнинг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, «Ал-Жомиъ» бўлиб, аввал эслатиб ўтганимиздек, у пайғамбар алайҳиссаломга доир олтита ишончли ҳадислар тўпламларидан биридир. Ушбу асар илмий адабиёт ва манбаларда «Ал-Жомиъ ал-кабир» («Катта тўплам»), «Ал-Жомиъ ус-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»), «Жомиъ ат-Термизий» («Термизий тўплами»), «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») каби номлар билан ҳам аталади.
Ат-Термизийнинг машҳур таълифларидан яна бири «Аш-Шамоил ан-набавийа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») бўлиб, бу асар баъзи манбаларда «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи ва саллама» номи билан ҳам келтирилган. Асар пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у кишининг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар—муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин Ат-Термизий асарининг юқоридаги асарлардан афзаллиги ва фарқи шундаки, у ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, муайян тартибга келтирган ва яхлит бир китоб шаклида жамлаган.
«Аш-Шамоил ан-набавийа» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб этиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган, Шу билан бир қаторда ушбу асарнинг тили равон ва услуби ғоятда оддийлигини ҳам қайд қилиб ўтиш ўринлидир. Асарнинг форс ва турк тилларига таржима қилинганлиги ҳам унга бўлган қизиқишнинг катталигидан далолат.
«Аш-Шамоил ан-набавийа»нинг биринчи қисмида келтирилган ҳадислар пайғамбар алайҳиссаломнинг суврат (ташқи қиёфа)ларига бағишланган, буларга кўра, пайғамбаримиз новча ҳам, пакана ҳам эмас, балки ўрта бўйли, яғриндор, қўллари гўштдор (бўлали) ва доимо жун билан қопланган, кафтлари бўлиқ, қирғийбурун, пешоналари кенг, кўзлари катта-катта бир зот бўлган.
Асарнинг иккинчи қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар эса пайғамбар алайҳиссаломнинг ички дунёсию аҳлоқий фазилатларини баён қилади. Бу ҳадислар билан танишар эканмиз, Муҳаммад алайҳиссалом аҳлоқий жиҳатлардан намунавий, мукаммал бир зот эканлигини, муомалада унинг катталару-кичиклар, аёллару эркаклар, бойлару-камбағаллар билан ўзини бир хил муомалада тутишини, рўзғор ва оила юмушларида ўз хотинларига астойдил кўмаклашиб ёрдам берганини, агар бирор гуноҳ қилиб қўйган киши узр сўраса, унинг гуноҳини кечирганини, барча одамлар билан ўта латофатли муносабатда ва ширинсухан бўлганини, йўлида учраган барча кишиларга биринчи бўлиб салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашишини билиб оламиз. Бу ўринда пайғамбар алайҳиссаломга мансуб баъзи ҳадиси шарифларни келтирамиз:
— Ас-салом қабл ал-калом («Аввал салом бер, кейин сўзла»).
— От устидаги суворий пиёдага (аввал) салом беради, юриб кетаётган ўтирган кишига, озчилик кўпчиликка салом бериши керак.
— Агар овқатланаётган жамоа ёнига бир киши келиб салом берса, таомга таклиф қилинг, агар салом бермаса, таклиф қилманг.
«Аш-Шамоил ан-набавийа»нинг XVI асрга оид бир қўлёзмаси Тошкентда, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний Бошқармаси кутубхонасида сақланмоқда. 1980 йилда Тошкентда Диний бошқарма буюртмаси билан «Аш-Шамоил ан-набавийа»нинг ушбу қўлёзмаси офсет тариқасида нашр этилган бўлиб, ундаги қисқача сўзбоши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси ҳайъатининг собиқ раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган.
Буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад атТермизий бизга бой илмий мерос қолдирган. Афсуски, бу қимматбаҳо мерос жумҳуриятимизда жуда кам ўрганилган. Кенг жамоатчилик оммаси ҳам унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ғоятда оз маълумотга эга. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний Бошқармаси ташаббуси билан шу йил сентябр ойида Ат-Термизийнинг 1200 йиллик юбилейи ўтказилиши буюк муҳаддис олим илмий меросини ҳар томонлама тўлиқ ўрганишда сезиларли қадам бўлади, деб умид қиламиз.
Убайдулла Уватов, В. И. Ленин номли Тошкент Давлат дорилфунуни Шарқ факультетининг доценти, филология фанлари номзоди.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 10-сон