Ҳожи Абдураззоқ Юнус. Ислом ва мусиқа

Ўзбек халқининг беназир илми билан дунёга машҳур намояндалари ҳамма замонларда ҳам бўлган. Улуғларимиз сирасига, ҳеч иккиланмай, серқирра ижод соҳиби замондошимиз, уламою олимлар “тирик қомус” деб ном берган шайх Абдулғани Абдуллоҳни киритса бўлади. Устоз Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари идораси)да ўттиз йилдан ортиқ вақт турли лавозимларда меҳнат қилганлар. Мен у киши билан қарийб чорак асрдан ортиқ вақт бирга ишлаганман.

Абдулғани аканинг ёшлиги дин, миллий урф-одатлар ва қадриятларга қарши аёвсиз кураш авж олган даврга тўғри келди. Дин пешволарининг кўпчилиги омон қолмади: отилди, қатағон қилинди, сургунга жўнатилди, қамалди. Араб ҳарфидаги ҳар қандай адабиёт ёқилди, оқизилди, кўмиб ташланди. Охир-оқибат аҳвол шу даражага етдики, кийиниши миллий бўлса, европаликларга тақлид қилмаса ёки сўзлашганда диний иборалар ишлатса, жамият учун ёт киши саналди. Мен устоз билан бирга ишлаб жуда кўп нарсаларни ўргандим. Доимо биз ёшларга насиҳат қилиб шундай дер эдилар: “Ҳеч қачон бекор ўтириб, вақтингизни кетказманг. Китоб ўқинг. Билганларингизни такрорланг, ҳеч бўлмаса радио эшитинг. Раҳбарингиз ким бўлишидан қатъи назар унга итоат қилинг. У сизга ишониб топширган вазифани ўз вақтида адо этинг”.

Кунлардан бирида устоз Шайх Абдулғани Абдуллоҳдан исломда мусиқага муносабат ҳақида сўраганимда бундай деган эдилар:

“Кўпчилик уламолар мусиқани “мубоҳ” деб кўрсатадилар, яъни, уларнинг фикрича, мусиқа ҳалол ҳам, ҳаром ҳам эмас. Имом Ғаззолий айтадиларки: “Аллоҳ таоло бандаларига кўриш учун кўз берди, ҳид билиш учун бурун ато қилди, қўл берди, оёқ берди. Кўз ҳам, қулоқ ҳам дунёдаги неъматлардан фойдаланади, қулоқнинг роҳати эса, гўзал оҳангларни, яхши суҳбатларни эшитишдадир, қулоқнинг неъмати яхши нағмалар, яхши ашулалардир, шундай экан, нима учун биз мусиқани ҳаром деб ҳисоблаймиз?” (“Иҳёу улумиддин-дин” китоби, II жилд, 162-бет). Улуғ алломанинг ушбу сўзлари ҳам мусиқани ҳаромга чиқариш асоссиз эканини кўрсатиб турибди”.

Энди фикр қилиб кўрсам, устознинг бу жавоблари мусиқа ҳақидаги уламоларнинг узундан-узоқ баҳслари хулосаси, мутлақ кўпчилик уламонинг бу борада берган ҳукмлари қаймоғи экан. Аммо муҳтарам ўқувчиларни мавзу билан кенгроқ таништириш, мусиқанинг исломдаги ўрни ҳақида тўлиқроқ тасаввур бериш учун ушбу мақолада бу ҳақида атрофлича сўз юритишга жазм қилдик.

Қуръони каримда “мусиқа” маъносини билдирадиган, унинг ҳукмларини баён этадиган сўз ёки тушунча йўқ. Аммо баъзи бир оятлар борки, тафсир олимлари улардан мурод мусиқа эканини айтганлар ва ўзларининг мусиқа ҳақидаги қарашларига далил сифатида келтирганлар.

Ҳадиси шарифларда мусиқа ҳақида турли хил ривоятлар бор. Улардан бир қисми саҳиҳ, бир қисми заифдир. Саҳиҳ ҳадисларда пайғамбаримиз (с.а.в.) мусиқани диний жиҳатдан ёмон томони йўқлигини айтиб, унга рухсат берганлар, ҳатто ўзлари тинглаб, саҳобаларини ҳам унга ташвиқ этганлари ривоят этилган.

Мусулмон олимлар мусиқа ҳақида турли қарашларини илгари сурганлар. Уларнинг кўпчилиги ўз асарларида мусиқанинг умумий маънода ҳалоллигини таъкидлашган ва бу фикрларини далиллар билан исботлашган.

Қуръони каримдан:

“Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларгина равза (жаннат)да шодланурлар” (Рум сураси, 15-оят).

Муфассир олимлардан Яҳё ибн Касир, Авзоъий ва Вакиъ оятдаги “шодланурлар” сўзини “завқ ва қўшиқ” деб тафсир қилганлар (Имом Табарий тафсири). Олимлар оятнинг бу тафсиридан келиб чиқиб, мусиқанинг умумий маънода мубоҳ эканини таъкидлаганлар. Шунга ўхшаш ояти карима Ёсин сурасида ҳам келади: “Албатта, жаннат аҳли бу Кунда (роҳат ва фароғат) иш(лари) билан шоддирлар” (55-оят).

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муборак ҳадисларига мурожаат қиладиган бўлсак, уларнинг кўпчилигида мусиқа, куй, оҳангларнинг ҳалол эканлиги тасдиқланганлигини кўрамиз. Жумладан, ҳазрати Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий тузган ҳадислар тўпламининг иккинчи жилдидаги (Тошкент, 2008) “Никоҳ китоби” қисмининг 5162-ҳадисида шундай ривоят келтирилади. “Ҳишом ибн Урва ривоят қиладилар: “Ойша розияллоҳу анҳо бир келинни бир ансорий куёв ҳузурига кузатиб қўйдилар. Жаноб Расулуллоҳ: “Эй Ойша, мусиқа чалиб, ўйин-кулги билан кузатиб қўйдингизларми? Ансорлар мусиқа чалиб, ўйин-кулги қилишни хуш кўрадилар”, дедилар”.

Яна бир мисол. Имом Бухорийда, шунингдек, Имом Муслимда ҳам келган бир ҳадисда шундай нақл қилинади: “Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ Ойша онамизнинг уйларига келган эканлар, қарасалар, ҳазрати Ойшанинг ҳузурларида икки жория ашула айтиб ўтирган экан. Қўлларида соз ҳам бор. Абу Бакр Сиддиқ айтибдиларки: “Бу қанақаси бўлди, ҳазрати Расулуллоҳнинг уйларида бу хил шайтоннинг асбоби янграб турадими?” Шу пайт уйга Расулуллоҳ (с.а.в) кириб қолдилар. Ул зот айтдиларки: “Қўйинг, ашула айтаверсинлар, чунки бугун ҳайит – байрам!” Китобларда айтилишича, Абу Бакр Сиддиқ шундан кейин бирон жойда ҳам ашулани ҳаром деб айтмаган эканлар. Демак, ҳайит, байрам, шодиёна кунлари яхшиликка даъват қилувчи ашулалар айтилса, ҳеч қандай зарари йўқ экан. Шунинг учун ҳам азалдан ислом оламида мусиқа санъати тараққий этиб келган. Ҳадислар мусиқа санъатининг бир жойда тўхталиб қолмай, тараққий этишига ва уни соғломлаштиришга даъват этиб турган.

Саҳобаи киромлардан жуда кўплари мубоҳ қўшиқ тарафдори бўлишган. Бундай саҳобалар орасида ҳазрати Умар, Усмон, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Муғийра ибн Шўъба, Муовия, Ибн Осс, Усома ибн Зайд, Имрон ибн Хусойн, Билол ибн Рабоҳ, Ҳассон ибн Собит, Ҳамза ибн Абдулмутталиб, Нўъмон ибн Башир, Убайдуллоҳ ибн Амр, Ойша онамиз ва бошқалар (розияллоҳу анҳум) бор.

Тобеинлардан Саъйид ибн Мусайяб, Солим ибн Абдуллоҳ, Хорижа ибн Зайд, Қози Шурайх, Саъид ибн Жубайр, Омир Шаъбий, Ибн Аби Атиқ, Ато бин Абу Рабоҳ, Умар ибн Абдулазиз, Саъд ибн Иброҳим ва бошқалар мубоҳ қўшиқ ва мусиқани маъқуллашган.

Мазҳабимиз имомларидан Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг қўшиқ айтадиган қўшнилари борлиги, ҳар кеча мусиқа чалиб, қўшиқ айтиши ва у айтмай қўйганида хавотир бўлиб излаганлари ҳамда қамоқдалигини билиб қутқариб олганларини ҳаммамиз эшитганмиз. Агар мусиқа ва қўшиқ батамом таъқиқланган бўлганида Имом Абу Ҳанифа қўшнини қўшиқдан қайтарар эдилар.

“Тазкиратул ҳамдуния” китобида Абу Ҳанифа ва Саврийдан қўшиқ ҳақида сўралганида “Кабоирдан ҳам, ёмон сағоирдан ҳам эмас”, деганлари келтирилган.

Имом Абу Юсуфнинг Хорун ар-Рашид мажлисида қўшиқ эшитганлари маълум ва машҳур ҳақиқат.

Мусиқа жоизлиги ҳақида китоб ёзган уламолардан баъзилари:

  1. “Имом Ибн Қутайба – “Ар-Рухсату фис самоъ” – “Тинглашга рухсат”.
  2. Имом Ҳофиз Абу Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир ибн Али Мақдисий.
  3. Имом Камолуддин Жаъфар Адфувий – “Ал-Имтоъ би аҳкомус самоъ”.
  4. Шайх Абул Қосим Қушайрий.
  5. Шайх Тожуддин Физорий.
  6. Шайх Иззуддин ибн Абдуссалом.
  7. Имом Абул Футуҳ Аҳмад Ғаззолий – “Бавориқул илмоъ фий такфири ман юҳарриму мутлақас самоъ” – “Эшитиш мутлақо ҳаром деганларнинг кофирлиги ҳақида ярқираган чақмоқлар”.
  8. Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Шавқоний – “Ибтоли даъвал ижмоъи ала таҳрийми мутлақис самоъ” – “Қўшиқ эшитишнинг мутлақо ҳаром эканлигига ижмоъ борлиги даъвосини ботил қилиш”.
  9. Имом Ҳофиз Заҳабий – “Рисолатур рухсати фил ғинааи ват-тараб” – “Қўшиқ ва оҳангга рухсат рисоласи”.
  10. Ҳофиз Шайхул Ислом Абу Муҳаммад Атийя ибн Саъид Андалусий – “Китобу тажвизис самоъ” – “Эшитишнинг жоизлиги китоби”.
  11. Имом Ҳужжатул Имом Ғаззолий – “Иҳёу улумиддин”даги “Китобус самоъ” ва бошқалар.

Биз ҳам маданият эгалари бўлишни хоҳласак, мусиқани тараққий эттиришимиз лозим. Энг яхши маънавий озуқа берадиган мусиқаларни ривожлантирсак, ёмонларига йўл бермасак, кучли маданият соҳиблари бўламиз.

Яхши мусиқа, оҳанглар, куй ва ўйинлар халқларни бир-бирига яқинлаштиради. Агар биз мусиқани ҳаром десак, уни ҳаром деяётган баъзи одамларнинг гапларига қўшилсак, ўзимиз билмаган ҳолда маданиятимизга зарар келтирамиз. Мусиқа санъати бизнинг халқаро оламга чиқишимизга ҳам ёрдам беради.

Ислом динининг бевосита бир қисмини ташкил этувчи тасаввуф таълимотида ҳам мусиқага ҳамма вақт ҳалол деб қаралган, у инсоннинг Аллоҳга бўлган буюк муҳаббатининг ўзига хос бир ифодаси саналган. Чунки инсон ўз қалбидаги ишқи илоҳийни кўпинча куй, ашула воситасида ифодалаган. Ҳазрат Алишер Навоий ўзларининг “Насойим ул-муҳаббат” асарларида шайх Авҳадуддин Кирмоний ҳақида сўз юритиб айтадилар: “Алар дер эрмишларки, рубоб уни беҳишт эшигининг сариридир, агар андин қалбимизга хушнудлик етса, жиҳат будур”. Демак, мутасаввифлар мусиқанинг инсон маънавий камолотидаги аҳамиятини англаб етганлар.

Маълумки, Х-ХII асрларда Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан Фарғоний, Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Беруний сингари улуғ алломалар фақат аниқ фанлар: математика, астрономия, геометрия қаторида шунингдек, ижтимоий фанлардан фалсафа, ҳуқуқ, тилшунослик, адабиётшунослик соҳасида чуқур билимга эга бўлиб қолмай, қомусий олим бўлганлар, бинобарин, улар мусиқани ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан яхши билганлар, куйлар ижро этганлар, мусиқа санъати ҳақида рисолалар яратганлар. Форобийнинг таъкидлашича, айрим касалликларни мусиқа ёрдамида даволаш мумкин. Мусиқа маданиятимиз тарихидан ўчмас ўрин олган “Шашмақом”ларни эслайлик. Бир неча асрлик тарихга эга бўлган бу бебаҳо дурдоналарда халқимизнинг ҳаёти, унинг ички олами, дилига туғён солган улуғ таманнолари, буюк орзулари ўзининг бетакрор ифодасини топган. Айни чоғда уларда инсоннинг Аллоҳга бўлган улуғ муҳаббати ва садоқати жилоланади. Халқимизнинг мана шундай ниҳоятда бой маданий меросини, бутун жаҳонга машҳур бўлган ажойиб куйлари ва ашулаларини мубоҳлигига ижмоъ қилганлар.

Ҳожи Абдураззоқ Юнусов,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 11-сон