Ген — инсоният ҳақидаги кутубхона

Генларимиз биз қаердан келиб чиққанимизни билади?

Балки ишонмассиз, аммо истасангиз ўзингиз асли қаердан келиб чиққанингиз ҳақидаги саволга жавоб топишингиз мумкин. Бунинг учун ҳозир ИБМ корпорацияси ва АҚШ миллий география жамияти ҳамкорлигида ўтказилаётган синовларда иштирок этишингиз керак.

Олимлар тарихда биринчи марта инсониятнинг энг батафсил генетик портретини яратишга киришди. Сайёрамизнинг турли нуқталарида ташкил этилган махсус лабораториялар хоҳловчилардан генетик шаклни қабул қилиб, уларнинг ДНК тузилишини ўрганмоқда ва ген эгаси наслининг келиб чиқишини аниқламоқда. Мазкур тадқиқот айни пайтда 60 минг йил муқаддам Африка қитъасини тарк этган инсониятнинг кўчишлар тарихини аниқлаш имконини ҳам беради.
ДНК молекуласидаги оқсилларнинг жойлашув тартиби — ҳар бир инсонда ўзига хос бўлиб, бизнинг генетик кодимиз ҳисобланади. У ҳар бир тирик ҳужайрамизда мавжуд бўлади, унинг ёрдамида кўзларимиз, сочларимиз ранги, тана тузилишимиз ва характеримиз, касалликларимиз, ҳатто одатларимиз ҳам фарзандимизга “ўтади”. Шу тариқа, ДНК таркибидаги Й-хромосомалар ва аждодлардан деярли ҳеч қандай ўзгаришсиз кўчиб ўтаётган митохондриал ДНКлар орқали бутун инсоният тарихини кузатиш мумкин.
Ушбу Ер сайёрасининг генетик харитасини яратиш тажрибаларида юз минглаб инсонлар иштирок этмоқда. Дарҳақиқат, бу қадар катта миқёсда ўтказилаётган тадқиқот тарих, кимё, биология, анатомия, антропология, психология сингари фанларда ҳалигача очилмаган жуда кўплаб саволларга жавоб топиб бериши шубҳасиз.

Илк қадам

Энди ДНКни ўрганиш тарихига назар ташласак.
…50-йиллар бошида инглиз кимёгари Розалинд Франклин биринчи бор ДНК молекуласини рентген ёрдамида фотосуратга туширишга муваффақ бўлди. Бу суратлар кейинроқ доктор Морис Уилкинс, Жеймс Уотсон ва Френсис Крик ёрдамида тадқиқ қилинди. Узоқ ўрганишлардан кейин олимлар мазкур ғалати суратда қўш спирал, зинани эслатувчи параллел занжирлар тасвири борлигини исботладилар. 1962 йилда олимларнинг ҳар учаласи ҳам мазкур кашфиёт учун Нобел мукофотига сазовор бўлди. Сурат муаллифи Розалинд эса бунгача етиб бора олмади. У 1958 йилда — 38 ёшида нурланиш туфайли юзага келган ракдан вафот этганди.
…Инсоннинг генетик излари ҳақида биринчи бўлиб 80-йилларда гап-сўзлар пайдо бўлди. Ўшанда Буюк Британияда, кейинроқ собиқ СССРда ҳар бир одам учун ўзига хос бўлган ген-маркерлар мавжуд бўлиши аниқланган эди.
…1987 йилда ДНК тузилиши ёрдамида биринчи жиноятчи қўлга олинди. ДНК изи судда далил сифатида илк бор 1989 йилда ишлатилган.
…Генлар ёрдамида даволаш ҳам 80-йилларда бошланган. Аммо бу усулнинг “туғилган куни” 1990 йил 14 центябр ҳисобланади. Шу куни камдан-кам учрайдиган наслий касаллик билан хасталанган 4 ёшли қизча ген терапияси ёрдамида, ҳеч қандай дори-дармонсиз (!) даволанган эди.

“Нималарни ўйлаб топишмайди-я!”

ДНК аллақачон бизнесга айланиб бўлди. Ҳозирданоқ унинг орқасидан пул ишлаётганлар анча кўпайиб қолди. Мана, уларнинг баъзилари билан танишинг:
…Британиядаги ДеСигНАгифтс (номини “Дизайн, ДНК, совғалар” деб талқин қилиш мумкин) фирмаси одамларга ажойиб маҳсулот таклиф қилмоқда. Фирма буюртмага қараб мижоз ДНКси акс эттирилган жисмларни тайёрлаб беради. Масалан, сиз дўстингизнинг ДНК харитаси акс этган занжир, идиш, ойна, гиламча, ёритгич, кўйлак ва бошқа нарсалар ясатишингиз мумкин. Албатта, бунинг учун дўстингизнинг расмий розилиги талаб этилади. Қолаверса, бу жисмларда бутун ДНК кўриниши акс этмайди.
…Агар бу камлик қилса, ДНК харитангизни тўлалигича қоғозга туширишингиз ҳам мумкин. Фақат ҳозирча мазкур буюртма учун 20 миллион доллар атрофида пул сарфлаш керак бўлади. Аммо Гарвард университети олими Жорж Черч бу нархни камайтириш борасида аллақачон иш бошлаб юборган. Унинг таъкидлашича, яқин келажакда ДНК харитасини минг доллар эвазига исталган буюмга “чизиб бериш” имконияти пайдо бўлади.
…Олимларнинг тахминига қараганда, 2010 йилларга бориб ҳар ким ўз геномини сотиб олиши мумкин бўлади.

ДНК тадқиқотларининг ҳайратомуз натижалари

Сўнгги 25-30 йил давомида олиб борилган тўхтовсиз изланишлар, инсон ва айрим жонзотлар ДНК тузилиши таҳлиллари илм-фанга мутлақо кутилмаган натижаларни тақдим қилди.
…Инсон мияси ҳамон ривожланишда давом этмоқда! Бунга миядаги иккита ген масъул бўлиб, улар табиий танланиш жараёнини бошқариб туради. Натижаларни бир-икки миллион йилдан сўнг кўрса бўлади.
…Соч тўкилишининг олдини олиш мумкин. Олимлар туки тўкилган сичқоннинг сочларга жавоб берувчи генини қайтариб қўйишгач, унинг туклари яна қайтадан ўса бошлади. “Сочсиз” деб ном берилган ушбу ген, тадқиқотлардан маълум бўлишича, сичқонлар ва одамларда бир хил фаолият кўрсатади ва 50 ёшга кирганда эркакларнинг ярмида ишлашдан тўхтайди (тўғри, соч тўкилишининг бошланишида бошқа омиллар ҳам рол ўйнайди).
…Математика ва ўқиш қобилияти ҳам генларда мужассам. 6000 нафар эгизак текшириб кўрилгач, бу факт тасдиқланди.
…Британияда ҳар 25 отадан бири бировнинг боласини боқаётган экан. Эркакларни илмий асосда эмас, балки ўз талаби билан, масалан, суд жараёнлари, ажралишлар, даволаниш мақсадида текширган олимлар шундай хулосага келишди.
…Маст бўлиш учун кўпроқ сув ичадиганлар ҳам бунинг учун “бош оғриғи” деб ном берилган генга раҳмат айтиши керак.
…Инсон миясининг айнан шундай тузилганига сабаб шуки, бизда оқсиллар мия катталашган пайтдагина қайта ишланади. Асосан, чақалоқлик пайтимизда фаол кузатиладиган бу жараён учун масъул бўлган алоҳида генлар мавжуд экан.
…Малласоч аёллар оғриқни камроқ ҳис қиладилар. Чунки барча малласоч аёллардаги оғриққа жавоб берувчи генлар наслий эмас, балки мутатсия натижасида пайдо бўлиб қолган.

ДНК кўрсатаётган ажойиботлар

…Яқинда 15 ёшли бола уйидан чиқмай туриб ўз отасини топиб олгани ҳақидаги хабар катта шов-шувларга сабаб бўлди. У аноним донор ёрдамида ҳомиладор бўлган аёлнинг фарзанди эди. Онасидан отаси ҳақидаги тахминий маълумотлар (аёл “ота”нинг туғилган йили ва маълумотинигина билар эди)ни билиб олгач, ўз ДНК намунасини генеалогик дарахтни тиклаш (ДНК ёрдамида наслий шажарани аниқлаш) хизматига юборди. Бошқа идорадан эса бола худди ўша кун таваллуд топган эркаклар рўйхатини олди. Бола ДНКсидан олинган Й-хромосомалар ёрдамида эса отанинг тахминий фамилияси аниқланди… Қарабсизки, 10 кундан сўнг у ўз отасига қўнғироқ қилди. Хабарларда бу қўнғироққа кутилмаганда “ота”га айланган одам қандай муносабат билдиргани айтилмаган.
…ДНК анализи айрим ҳолларда бир-биридан айрилган оилаларга ҳам ёрдам бермоқда. 2004 йилда Индонезияда юз берган тсунамидан сўнг “81-бола” топилди. (Шифохонага олиб келинган болалар шартли равишда шундай аталган.) Ўшанда фарзандидан ажралган кўплаб ота-оналар бу бола меники, деб даъво қилишди. Охир-оқибат, боланинг ҳақиқий ота-онаси аслида ким эканлиги генетик экспертиза ёрдамида аниқланди.
…Бир ярим миллион нафар хитойлик бир одамнинг авлоди экан. Олимларнинг фикрича, бу одам Хитойнинг шимоли-шарқида Кинглар сулоласига асос солган император Нурачининг бобоси Жоканга экан. Мамлакат вилоятларидан бирида яшовчи минглаб хитойликларнинг Й-хромосомаларини тадқиқ қилиб, генетиклар уларнинг генида фамилия билан боғлиқ ўхшашлик борлигини аниқладилар. Ва уларнинг умумий аждоди тахминан 500 йил аввал — айнан Кинглар сулоласи юзага келган вақтда яшаганлиги маълум бўлди. Жоканганинг набираси бўлган императорнинг кўплаб хотин ва жориялари бўлганлиги, турмуш шароити эса жуда юксак даражада эканлиги сабабли, унинг ўнлаб фарзандлари «ўзидан кўпайиб кетган». Шу тариқа, бизнинг кунларимизгача уларнинг бир ярим миллион авлоди етиб келди.

Энг сўнгги янгиликлар

…ДНКни ажратиб олиш учун ўзингизнинг исталган “қисмингиз” (қон, сўлак, тер, соч, тери ва бошқалар) кифоя. Унинг ичида бир неча тирик ҳужайра бўлса етарли. Молекуляр-биологик анализ эса сиз инсоният ДНК кутубхонасининг қайси қисмини “кўтариб” юрганингизни аниқлаб беради.
…Бу кутубхона қандай тартиблаштирилган? Ҳар бир ҳужайрада ядро бўлиб, бу ядро ичида “хромосома” деб аталувчи 46 та молекула бўлади (отадан 23 та, онадан 23 та). Бу молекулалар ўз навбатида нуклеотидлардан таркиб топади. Инсоннинг битта ҳужайрасида 6 миллиардга яқин нуклеотид жуфтлари бўлиб, уларда насл ҳақидаги ахборот сақланувчи 30 минг ген мавжуд. Ҳар биримизнинг генларимиз ўз ҳажмига кўра бошқаларникидан фарқланади, шунингдек, уларнинг сони ҳам ҳар кимда ҳар хил — бир неча минг жуфтдан бир неча миллионгача. Бу генлар бизнинг ҳужайраларимизни бошқаради, қайси ҳужайра қандай аъзо бўлишини “айтиб туради”. Уларнинг бошқаруви остида айрим ҳужайралар мушакларга, суякларга, бошқалари эса мускулларга айланади. Шунингдек, ҳар бир ген муайян оқсилнинг тайёрланишида ўзига хос ретсепт ҳисобланади.
…Инсон хромосомасидаги нуклеотидларнинг фақат 2%игина генларни ташиб юради. Қолгани эса — ортиқча маҳсулот. Бироқ, кейинги тадқиқотлар натижаларига кўра, ана шу ортиқча маҳсулот организмнинг яшовчанлик даражасига таъсир қилар ҳамда жонли мавжудотлар ўртасидаги ўзаро фарқларни белгилаб берар экан.
…Агар бир инсондаги барча ҳужайралар (бор-йўғи 50 триллион атрофида) ичидан ДНКни ажратиб олиб, бир қатор қилиб тизиб чиқсак, бу занжир Ердан Ойгача 130 минг марта бориб келиши мумкин!
…ДНК “ипи” (генларни бир текис ушлаб турувчи занжир) сочимиз толасидан 2000 марта кичик.
…Инсон геноми, яъни яхлит ДНКдаги генлар илк бор тўлалигича 2003 йилда “таржима қилинган”. 800 миллион долларга тушган бу лойиҳа устида 10 мингдан зиёд олимлар 15 йил меҳнат қилишди.
…Сут эмизувчилар ўртасида иккинчи бўлиб каламушнинг геноми тўлиқ таржима қилинди. Кейин эса сичқон. Яқинда улар қаторига шимпанзе ҳам қўшилди.
…Генларга қараб шуни айтиш мумкинки, барча инсонлар бир-бирига 99,99% ўхшар экан.
…Яқинда олимларнинг халқаро гуруҳи Африка, Ғарбий Европа ва Узоқ Шарқда истиқомат қилувчи 300 000 инсонни текшириб, инсоният геномидаги асосий комбинатсиялар (мураккаб боғланишлар) харитасини тузиб чиқишди. Энди, бу харита ёрдамида докторлар жуда кўплаб касалликларга тез ва осон ташхис қўйиши мумкин.
Ана шунақа гаплар. Генетика фанидаги бу кашфиёт бутун илм-фанда улкан бурилиш ясади. У айниқса, биология ва медитсинада янги уфқлар очилишига сабаб бўлмоқда. Энг муҳими, инсоният геномини ўрганиш одамнинг нақадар мукаммал мўжизавий жонли мавжудот эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Ботиржон ҒОФУРОВ