Ўзбек ва қирғиз адабиёти орасида муштарак жиҳатлар кўп. Бу ҳол сўз санъатининг боши бўлган фольклор қиёсида айниқса яққол намоён бўлади. Шунинг учун ҳам гапни ўзбек ва қирғиз фольклоридаги уйғун ҳамда фарқли жиҳатлардан бошласак.
Сўз санъати уруғ-қабилалар, элатлар билан бир вақтда дунёга келади. Турли уруғ ва элатлар кейинчалик қайси халқ таркибига кирган бўлса, шу миллатнинг оғзаки ижодида ўша уруғ ё қабилага хос бўлган мақол, матал, латифа, алла, ўлан, эртак ва достонлар ҳам учрайди. Чунончи, қўнғирот уруғи ва узоқ вақт у билан бирга яшаб, аралашиб-қўшилишиб юрган яна бир неча уруғ-қабилалар ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, татар ва бошқа эллар этник таркибига киргани боис, бу миллатларнинг ҳаммасида “Алпомиш” достони бор. “Гўрўғли”, “Идигей” каби яна бир қанча достонларнинг озар, туркман, ўзбек ва бошқа халқлар фольклорида мавжудлигининг сабаби ҳам шу билан изоҳланади.
“Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларини Марказий Осиёда истиқомат қиладиган қирғиз оқинлари куйлашмаган, қирғизларнинг “Манас” эпоси ҳам яқин атрофдаги бошқа элларнинг эпик арсеналида мавжуд эмас. Сабаби, қирғиз уруғлари Марказий Осиёдаги бошқа халқлар таркибига кирмагани каби, бу минтақадаги ўзга туркий уруғлар ҳам қирғиз этногенезида иштирок этмаган (туркий оламнинг ҳар бир ареалида учрайдиган энг қадимги бир неча уруғлар бундан мустасно). Ҳар бир кўчманчи эл қадимда қаерда кўпроқ яшагани ва кейинги асрлардаги миграция жараёнлари бунга сабаб бўлган.
Тарихан кузатсак, ўзбек ва қирғиз халқлари орасидаги иқтисодий-хўжалик, маърифий-илмий ва бошқа соҳалардаги алоқалар асрлар оша кучайиб борганини кўрамиз. Чунки ўзбеклар билан қирғизлар бир ҳудудда ёнма-ён яшагани боис, бу икки халқ орасида мақбул “меҳнат тақсимоти” юзага келган – қирғизлар чорва, ўзбеклар эса деҳқончилик маҳсулотлари етиштирган ва турли тарзда уларни айирбошлаганлар. Бу эса ўзаро алоқаларнинг ривожланишига олиб келган, маданий, жумладан, адабий алоқалар ҳам йўлга қўйилган.
Албатта, бу кенг қамровли катта масала. Биз бу ўринда ўзбек-қирғиз адабий алоқалари ва унинг амалий кўриниши бўлган бадиий таржимачилик тарихи ҳақида мулоҳазалар билан чекланишга ҳаракат қиламиз.
Маданий-маърифий ва адабий алоқалар XIX асрдаёқ шиддат билан ривожлана бошлаган: Қўқон хони Муҳаммад Алихон 1825 йилларда ҳозирги Бишкек, Тўқмоқ, Қораболта шаҳарлари ўрнида ташқи душмандан муҳофазаланиш учун қалъалар қурдирган ва бу ўша ерларда яшайдиган қирғиз аҳолисининг турмуши учун катта янгилик бўлган. Бу уч шаҳар ана ўша қалъалар ўрнида қад ростлаган. Ўша даврлардан бошлаб қирғиз ёшлари учун кўплаб мактаблар очилган, қирғиз ёш уламолари мадрасаларда таълим олишган. Жумладан, энг таниқли манасчилардан бўлган Соғимбой Ўрозбеков ўзбек мулласи қўлида савод чиқарган. Бу ҳол унинг бадиий жиҳатдан баркамол ҳисобланган варианти матнида арабий-форсий калималарнинг кўп бўлишига олиб келган. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” тарихий романида Ўш, Андижон, Наманган мадрасаларида ўзбеклар билан бирга қирғиз талабалари ҳам бирга ўқишганини тасвирлаган.
XIX асрнинг иккинчи ярмига келиб қирғиз ёзма адабиёти ана шу негизда пайдо бўлди. Унинг дастлабки вакиллари мактаб-мадрасаларида ўзбек ва татар муллаларидан таълим олган ёшлар эди. Намангандаги Мулла Қирғиз мадрасасида мударрислик қилган қирғиз оқини Нурмўлданинг қуйидаги сатрлари бу икки эл ўртасидаги адабий-маданий алоқаларнинг нақадар теран илдизларга эга эканидан шаҳодат беради:
Ниёзали қўмизчи
Машқини хўп созлаган,
Амир Темур таърифин
Оҳангда эъзозлаган.
Бундан кўринадики, қирғиз талабалари Марказий Осиё халқлари тарихидан ҳам яхши бохабар бўлган. Жумладан, Амир Темур шахсияти, унинг салтанати борасида турли нақллар халқ оғзаки ижодида ҳам акс этган, чунки бу тарих уларнинг барчалари учун муштарак эди.
XIX аср охирларида ўзбек уламоси Шокир домланинг шогирдлари Алдаш мулла, Мулла Ниёз, Мулла Қилич, Тўғалоқ мулла, Нурмўлда, Ўсмонали Сидиқ ўғли, Белек Солтоноев, Исоқ Шайбеков, Абулқосим Жутакеев каби ўнлаб ёзма адабиёт вакиллари етишиб чиқди. Табиийки, ХХ асрга келиб қирғиз адабиёти эришган ютуқлар негизида уларнинг ижодий тажрибалари, ундан озиқланиш ётади.
Ўзбек-қирғиз сўз санъати ўртасидаги алоқалар кўлами биз тасаввур қилгандан кўра кенгроқ. Масалан, қирғиз адабиёти классиги Тўқтағул асарлари матнида ўзбекча сўз ва иборалар шу қадар кўп учрайдики, қирғиз ўқувчиси учун уларга изоҳлар берилади. Чунки Тўқтағул Фарғона водийси ва ҳозирги Жанубий Қирғизистонда яшаб ижод этган, ўзбек сўз санъатидан ҳам бохабар оқин эди.
ХХ асрнинг йигирманчи йилларига келиб эса, жуда кўп қирғиз талабалари Тошкентда билим олишган. Ҳатто, дастлабки қирғиз газетаси “Эркин тоо” ҳам 1924 йилда илк бор Тошкентда дунёга келди ва ўша йилнинг охиригача шу ерда чоп этилди. Ўнлаб ёш қирғиз қаламкашларининг тўнғич асарлари биринчи марта ана шу газетада босилиб чиққан. Шунинг учун ҳам аксар қирғиз шоирлари ўзбек халқи ва Ўзбекистон ҳақида меҳр билан қалам тебратганлар.
Қирғизнинг улуғ шоири Али Тўқамбоев шундай ёзади:
Сирдарё!
Сен ҳам дарё,
Мен ҳам дарё!
Дарёдил оқин Али Тўқамбоев қарийб бир аср муқаддам, 1920 йилларда Тошкентда таълим олган, унинг илк шеъри ҳам “Эркин тоо” саҳифаларида эълон қилинган.
Ардоқли шоиримиз Миртемирнинг “Қирғиз халқига” деган шеърида эса дарё мавзуси яна бошқача жило топган:
Чордеворлар ўрнида комбинатлар қуролган
Бахти ёрқин, бут халқсан;
Борсакелмас чўлларда комбайнлар суролган
Тупроғи ҳам қут халқсан;
Тарихнинг жиловини ўз измига буролган
Дарёлари сут халқсан…
Албатта, дўстлик ва биродарликдай фазилатлар чиройли гаплар билан эмас, амалий иш билан рўёбга чиқади. Биз эслаб ўтган Али Тўқамбоев бундан етмиш йилча муқаддам Алишер Навоий ҳақида илмий мақола ёзганини, “Лайли ва Мажнун” достонини қирғиз тилига таржима қилган мутаржимлар гуруҳига бош бўлганини адабиётшунос олимларимиз бот-бот эслаб туришади. Устод Миртемир эса, улкан “Манас” эпосининг биринчи қисмини зўр маҳорат билан ўзбекчага ўгирганини қирғиз дўстларимиз ҳам якдил эътироф этишади.
Ўзбек-қирғиз ва қирғиз-ўзбек таржимачилигига ҳам ўша йиллари асос солинган. Бизнинг назаримизда, бунга йўл очган омил ижтимоий-сиёсий асарларни ўгириш эҳтиёжи бўлган. Гап шундаки, 20-йилларда ҳукмрон мафкура доҳийларининг асарларини маҳаллий тилларга таржима қилиш шарт қилиб қўйилгани боис, айрим ижтимоий-сиёсий ва фалсафий асарлар русчадан ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва ҳоказо тилларга ўгирилади. Бироқ бу таржималарнинг сифати ҳаминқадар эди. Айрим ҳолларда мутаржимлар ҳатто гап нима ҳақида кетаётганини ҳам англамай ўгиришган. Бунинг устига, илгари бундай услуб бизда мавжуд бўлмагани боис, кўп термин ва атамалар ҳам тилларимизда йўқ эди. Оқибатда, ВКП (б) МКнинг қарори чиқади, унга кўра, бундай асарлар аввал русчадан ўзбек тилига, сўнг ўзбек тилидан бошқа тилларга ўгирилиши белгилаб қўйилади. Бир неча йиллар давом этган бу тажриба туфайли ўзбек тилидан қирғиз тилига илк таржималар майдонга келади. Албатта, улар бошқа йўналишдаги асарлар ўгирмаси эди, бадиий таржима эса 30-йилларда пайдо бўлади. Шуни ҳисобга олсак, бевосита ўзбек-қирғиз ва қирғиз-ўзбек бадиий таржима амалиёти юзага келганига ҳозир тўқсон йилдан ошди.
1934 йилда Илёс Муслим қирғиз носири Қосимали Боялиннинг “Ҳожар” қиссасини ўгириб, алоҳида китоб тарзида чоп эттиради. 1939 йилда эса “Гулистон” журналида Тўқтағулнинг бир неча шеъри Эргаш таржимасида босилиб чиқади.
“Ягона оила”, “халқлар дўстлиги” каби шиорлар остида иш кўрадиган шўролар мафкураси рус адабиёти намуналари билан бирга қардош халқлар асарларидан кўплаб таржима қилишни ҳам тақозо этар эди. Шунинг учун ўтган асрнинг ўрталаридан то тўқсонинчи йилларига қадар қирғиз адабиёти асарлари ҳам мутаржимлар ташаббуси, нашриётларга “юқори”дан бериладиган рўйхатлар асосида, шунингдек, адабиёт ва санъат ҳафталиклари олдидан кўплаб таржима қилинган ва босилиб чиққанки, уларнинг барчасини бу ўринда келтириш амримаҳол. Лекин қай сабабларга кўра бўлмасин, ўша даврда умуман таржима, жумладан, қирғиз тилидан таржима қилиш ҳам авж олган эди. Қирғиз сўз санъати намуналари юзга яқин китоб бўлиб, ўзбек ўқувчисига етиб борганини айтиш кифоя. Ҳали бу ҳисобга турли адабий журналлар, газеталар ва баёзларда чоп этилган таржималар кирмайди.
Айниқса, эллигинчи йиллардан бошлаб қирғиз тилидан таржима қилиш янгича куч олди. Бу даврда атоқли адиб Тўгўлбой Сидиқбековнинг “Замонамиз кишилари” (1953), “Тоғ болалари” (1954) ва “Тоғлар орасида” (1961) романлари Илёс Муслим, Қодир Аҳмадий каби мутаржимлар ўгирмасида чоп этилди. Шунингдек, Шукурбек Бейшеналиевнинг болалар учун ёзган “Балли” (1960) ва “Қичан” (1967) қиссалари ва “Кичик чавандоз” ҳикояси таржималари (1967), Муса Жонғозиевнинг “Ажойиб тоғлар” (шеърлар тўплами, 1963) ва “Мовий Иссиқкўлда” қиссаси (1975) каби ўнлаб асарлар босилиб чиқди.
1964 йилда қирғиз адабиёти классиги Тўқтағулнинг таваллудига юз йил тўлиши муносабати билан “Соғиниб келдим” шеърлар тўплами нашр этилган бўлса, 2014 йилда – оқиннинг 150 йиллик таваллуд тўйига атаб “Тўқтағул: қўшиққа эврилган, куйларга тўкилган умр” деб номланган янги таржима китоб (мутаржим З. Исомиддинов) дунё юзини кўрди. Шунингдек, атоқли қирғиз шоирлари ва носирларидан А. Тўқамбоевнинг “Дўстларимга” (1975), С. Эралиевнинг “Тоғлар фарзандиман” (1978), Т. Уметалиевнинг “Тўрғай навоси” (1969), С. Жусуевнинг “Довон” (1975), “Қанот билан Зарина” (2009), шеърлар тўпламлари, Ш. Абдирамановнинг “Танишларим” (1976), Т. Қосимбековнинг “Синган қилич” (1982) романи, М. Байжиевнинг “Менинг олтин балиқчам” (1980) асарлари катта-катта ададларда нашр этилган. Шунингдек, у ёки бу муносабат билан тузилган шеърий ва насрий тўпламларни кўрсатиб ўтиш лозим. Улар орасида ўнлаб қардош халқлар ёзувчи ва шоирларининг асарлари таржимаси тўпламларига киритилган қирғиз адабиёти намуналари ҳам, “Қизлар қаноти” сингари бошидан охиригача қирғиз шоирларининг илҳом намуналаридан иборат тўпламлар ҳам бор. Бу борада, болалар учун нашр этилган “Бир қалпоқ олтин” (1992), “Сеҳргар билан бола” (2014) сингари эртаклар таржимасини ҳам келтирсак, ўринли бўлади.
Бироқ шунча яхши таржималар орасида рус тили орқали ўгирилган асарлар ҳам борки, улар аввал бошиданоқ бадиий муваффақиятсизликка маҳкум эди. Чунки улар матнида рус тилига хос жумла тузилишлари, беўхшов сўз бирикмалари кўп. Барча хорижий тиллардан фақат русча орқали ўгириш шарт қилиб қўйилган у даврда ҳатто қирғиз, қозоқ, туркман, озар, татар, уйғур, тожик каби қардош эллар адабиётидан ҳам ана шу тарзда кириб келган асарлар кўп бўлди.
Қирғиз сўз санъати намуналарини ўзбек китобхонига танитишда ўтган асрнинг ўрталарида Илёс Муслим жонбозлик қилган бўлса, олтмишинчи йиллар охиридан бошлаб бу “эстафета таёқчаси” Турсунбой Адашбоев қўлига ўтди ва ушбу таниқли болалар шоири қирғиз адибларининг ўттиздан ортиқ китобини таржима қилиб, улар билан ўзбек ўқувчиларини ошно қилди.
Аммо қирғиз сўз санъатининг ўзбек хонадонларига кириб келишида икки улкан адабий воқелик – “Манас” эпоси ҳамда улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов асарларининг ўрни алоҳида. “Манас” эпоси “қисқартириб бириктирилган вариант” тарзида 1958 йилда илк бор уч жилд (тўрт китоб)да нашр этилган эди. Унинг I-бўлим биринчи қисми янада катта қисқартиришлар билан 1964 йилда устод Миртемир томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. Орадан ўттиз йил ўтиб, 1995 йилда – минг йиллиги нишонланаётган кунлари унинг иккинчи қисмини Султон Акбарий таржима қилди, болалар учун тайёрланган вариантини эса Турсунбой Адашбоев ўзбекчалаштирди. Яна шуни ҳам қайд қилиб ўтишимиз лозимки, ўтган аср эллигинчи йиллари охирида Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида чиққан “Қирғизистон ҳақиқати” газетаси ходимлари унинг баъзи қисмларини ўгириб, ушбу рўзнома саҳифаларида чоп эттиришган.
Миртемир домланинг таржимаси ўзбек адабиётида алоҳида ҳодиса бўлиб қолди, у ҳақда ҳатто илмий ишлар ҳам ёқланган. Миртемир таржимаси қирғиз адиблари, олимлари томонидан ҳам жуда илиқ кутиб олинган ва маъқулланган. Бу ўринда биргина Чингиз Айтматовнинг Миртемирга берган баҳосини эслаб ўтиш кифоя бўлса керак. “… улуғ қирғиз эпоси “Манас”ни Миртемир, ҳа, бошқа биров эмас, айнан Миртемир ўзбек тилига ағдарди, – деб ёзган эди Чингиз Айтматов. – Ўйлайманки, бу умуман манасшуносликда, хусусан Миртемир шеъриятида, унинг таржимонлик фаолиятида ҳам, амалга оширилган жуда йирик, жуда қутлуғ ишлардан биридир… Биз энди Миртемир таржимасида ўзбек “Манас”ини ўқиймиз. Мен уни ўқир эканман, ҳар сафар Миртемирнинг туркий тиллар бўйича нақадар бой билимга эга эканлигини кўриб, ҳайратга тушаман. Унга, чамаси, фақат ўзбек тилигина эмас, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ, туркман тиллари ҳам яхши таниш эди, таъбир жоиз бўлса, унинг шеърий таомилига ошно ва ўнғай эди. Шунинг учун ҳам унинг ўзбек тилига қилган таржимаси “Манас”нинг буюк, гениал асл нусхасига мос, жуда рангин чиққан…”
Қирғиз қаҳрамонлик достонларининг илмий-маърифий жиҳатларига бир оғиз тўхталиб ўтсак. Гап шундаки, бадиҳа айтиш (бир оннинг ўзида ҳам тўқиб, ҳам ўша лаҳзада ифода этиш; ижод ва ижро жараёнининг омухталиги) бу обидалар матнида ўта юксак бадиий санъатлар, истиоралар қўллашга имкон бермайди. Уларга халқона соддалик, табиийлик хос, туркий тилларнинг асл хусусияти – жумланинг феъл-кесим билан тугалланиши, мисраларнинг уч бўғинли клаузула билан якунланиши кабилар хос. Миртемир таржима матнида ҳам ана шундай жиҳатларни имкон борича сақлашга интилди, мисралар ўрнини алмаштириш, мураккаб перифразалар қўллашдан воз кечиб, жайдари сўз ва ифодаларни имкони борича ўзгартирмаслик пайида бўлди. Бу принцип туркий тиллардан шеърий таржиманинг асосий қонунияти бўлиб, Миртемир уни савқитабиий равишда ҳис этди ва бадиий исбот қилди. Бу таржима шу жиҳати билан ҳам айрича аҳамиятга эга. Миртемир “Манас” таржимасига киришишдан олдин бир неча бор Қирғизистонда бўлиб, эпос руҳига ўзини тайёрлагани, атоқли манасчилар билан учрашиб, уларнинг достон куйлашдаги ўзига хосликлари, айтим усуллари, ритмикасини ўргангани, манасшунос олимлар, қирғиз адиблари билан маслаҳатлашиш орқали асарнинг энг муҳим, асосий эпизодларини таржима учун танлаб олгани ушбу таржиманинг муваффақиятига омил бўлган.
Асарнинг иккинчи қисмини ўгиришни Миртемир айнан Султон Акбарийга тайинлаган. Боиси, камтарин, номи бугун унча ҳам эсланмайдиган Султон Акбарий сўз бойлиги, таржима таомили борасида Миртемирнинг издоши, таъбир жоиз бўлса – жўровози эди. Унинг таржимаси, гарчи қисқартишлар ҳаддан ташқари кўп бўлса-да, руҳан Миртемир таржимасининг узвий давоми бўлди.
Ўзбек ва қирғиз тилларидан баравар баҳраманд бўлган Турсунбой Адашбоев таржимаси ҳақида ҳам шу гапларни айтиш лозим. “Манас” эпосининг 1000 йиллик тантанасида туркий давлатлар раҳбарларининг саммитида Қирғизистон Президенти қўлидан “Манас” катта олтин медалини тантанали равишда қабул қилиб олган дунёдаги беш адибдан бири айнан Турсунбой Адашбоев бўлган эди.
“Манас” эпоси кейинги ўн йилликда Ўшдаги айрим қаламкашлар томонидан ҳам таржима қилиниб, китоб ҳолида босилиб чиққани маълум. Аммо шунга қарамай, 2017 йилда “Манас”нинг янги таржимаси Тошкентда катта китоб ҳолида нашр этилди.
Хўш, “Манас” эпосининг ушбу янги таржимасига қандай эҳтиёж бор эди? Бунга жавобан шуни айтиш керакки, ҳозиргача “Манас”нинг ёзиб олинган вариантлари сони олтмишдан ошди. Уларни ўзаро қиёсласангиз (нашр этилган нусхалар орасида ҳам), улкан эпик воқелик тасвири ва талқинида анча-мунча фарқлар борлигини кўрасиз, оқибатда, ҳатто энг билимдон ўқувчи ҳам унинг асл “ўриш-арқоғи”ни иккинчи даражали, асарга кейин қўшилган эпизодлардан ажратолмай қолади. Шуни ҳисобга олиб, Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон Қаҳрамони, профессор Бексултан Жакиев “Манас”нинг “қисқартирилган” эмас, “қисилган” вариантини тайёрлади. Бу хрестоматик нусха илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилиб, мактаблар ва олий ўқув юртлари учун ўқув қўлланмаси сифатида катта ададда чоп этилди. Бу дегани, асар сюжетининг барча муҳим хоссалари қисқартирилмаган, балки “суви сиқилган” ҳолда берилган. “Манас” эпосининг ушбу мақола муаллифи қаламига мансуб 18 минг мисралик янги таржимаси ана шу якуний нусхага асосланади.
Чингиз Айтматов асарлари эса бизда олтмишинчи йиллардан бери таржима қилиниб келади. Унинг барча бадиий ижод намуналари, публицистикаси, эссе ва драматик асарлари ярим асрдан ортиқ давр мобайнида ўзбекчалаштириб келинди. Бунда Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев, Турсунбой Адашбоев, Ёқубжон Хўжамбердиев, Абдурайим Отаметов сингари мутаржимларнинг хизмати катта. Улуғ ёзувчининг бир қанча асарлари эса такрор-такрор таржима қилингани айниқса аҳамиятли. Яна шуни ҳам қайд қилиш жоизки, Чингиз Айтматов ижодининг хусусиятлари ёритилган тадқиқотлар, адиб билан учрашувлар, суҳбат ва интервьюлар, Чингиз Айтматовнинг шахсияти ва асарлари ҳақида Ўзбекистоннинг ўзида чиққан мақолаларнинг рўйхати катта бир китоб бўлгулик. Шунинг учун бу ўринда уларни санаб кўрсатиш шарт эмас.
Ўзбекистонда қирғиз адабиёти намуналари ўзбек, қорақалпоқ тилларига таржима қилинишидан ташқари, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёнинг маданий маркази ҳисобланган Тошкентда очилган “Радуга”, “Прогресс” нашриётлари ташаббуси билан Чингиз Айтматов, шунингдек, яна бошқа айрим қирғиз адибларининг асарларини урду, ҳинд, қозоқ, уйғур, форс ва бошқа тилларга таржима қилиниб, нашр этиш орқали уларни халқаро миқёсда тарғиб этиш жиҳатидан ҳам катта ишлар амалга оширилди.
Шуни эътироф этиш керакки, ҳар қандай алоқалар, жумладан, адабий алоқалар ҳам шахслар томонидан йўлга қўйилади. Давр ва сиёсат бунда белгиловчи роль ўйнайди, аммо шахсларнинг ўрни барибир бўлак. Шу жиҳатдан, атоқли Миртемирнинг ўзбек-қирғиз адабий алоқалари ривожидаги ўрни катта.
“Миртемирнинг номи эсланиши биланоқ қирғиз адибларининг чеҳраси ёришиб, юзида самимий табассум пайдо бўлади, – деб ёзган эди Чингиз Айтматов. – Ҳа, Миртемир бизга жонажон дўст, сирдош оға эди; камтарин, камсуқум ажойиб инсон эди; хусусан, мен уни ҳеч қачон унутмайман, негаки у ана шу иззат-икромга арзирли иш қилган. У катта-кичик баҳоналар билан бизнинг юртимизда тез-тез бўлиб турар эди; съездларимизда, пленумларимизда, конференцияларимизда, хуллас, унинг эътиборига лойиқ кенгашларимизда иштирок этар, ҳамма ишларимизда фаол қатнашар эди. Уни ҳамма, у ҳам ҳаммани танир эди. У ўз кишимиз эди, унинг ташрифи самимият ва ҳарорат учқунларини алангалатиб юборар эди. Биз унинг сиймосида ўзбек адабиётини қадрлар эдик”.
Чингиз Айтматовнинг ўзи ҳам, худди Миртемир сингари, қирғиз-ўзбек адабий алоқаларини ривожлантириш борасида кўп жонбозлик қилган. Унинг Миртемирдан ташқари, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тўлепберган Қаипберганов сингари кўплаб ўзбек ва қорақалпоқ ёзувчилари билан қадрдонлиги, адабий ҳамкорлиги бугунги ижодкорларга ҳам ибрат бўлгулик.
“Қадрдоним Одилжон! – деб ёзган эди Одил Ёқубовни 70 йиллиги билан қутлаб ёзган бир мактубида. – Ўзбек адабиёти сенинг ижодингда янги адабий тараққиётга эришди, бу йўлни даққи йўсинлардан воз кечиб, дунёвий реализм эстетикасига ўта бориш эволюцияси, деб таърифласа бўлади.
… Биз учаламиз – сен ва Пиримқул Қодиров билан бирга, 1990 йилги Ўш воқеалари туфайли ватандошларимиз бошига тушган фожиага қайғудош бўлганимиз, улар ҳузурига миллий ҳамда маънавий жиҳатдан муштарак уч оға-инидай борган чоғимизда бизларни қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам эҳтиром билан, миннатдорлик билан кутиб олишгани ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди…”
Кўрамизки, қардошлик фақат адабий ҳамкорлик доирасида қолиб кетмай, умумижтимоий моҳият касб этган ва адабий дўстлик бевосита халқлар дўстлигига куч берадиган, ихтилофларни бартараф этишга кўшиш қиладиган кучга айланган. Бу ҳодиса, ўзбек-қирғиз адабий алоқаларининг энг ёрқин саҳифаларидан бири бўлиб қолди.
Бироқ истиқлолга эришиш арафасидаги ижтимоий бўҳронлар, сўнг узоқ йилларга чўзилган иқтисодий қийинчиликлар туфайли маънавий қадриятлар бир қадар озор топиб, икки халқ ёзувчи ва шоирларининг ўзаро борди-келдилари ҳам, қўшни эл адабиётидан таржима қилиш ҳам кескин камайиб кетди. Бу давр мобайнида Турсунбой Адашбоев ўндан ортиқ қирғиз адибининг асарларини ўзбек тилига ўгириб, чоп эттирди. Улар орасида Намангандаги Мулла Қирғиз мадрасасининг уламоси, машҳур табиб, донгдор оқин Нурмўлда, Қирғизистон Қаҳрамони, шоир Совронбой Жусуев, таниқли оқин Нодирбек Алимбоевларнинг шеърий тўпламлари бор. Адабиётларимиз, халқларимиз дўстлигининг фидойиси бўлган бу камтарин шоир узоқ йиллик тажрибаларига асосланиб айтар эдики, икки халқ адиблари, айниқса ёш ижодкорлар ўзаро дўстлашиб, борди-келди қилиб, бир-бирларининг асарларини ўз она тилига ўгиришлари, буни яхши бир анъанага айлантиришлари керак. Ана шундагина бу ижод тури барқ уриб ривожланади.
Шу ўринда, қирғиз тилидан ўзбекчага ва аксинча – ўзбек тилидан қирғизчага ўгиришга муҳим бир объектив омил таъсир қилишини ҳам айтиб ўтайлик. Қирғиз тилидаги деярли барча сўз ва иборалар, бир туркий тил ўлароқ, ўзбек лексиконида ҳам мавжуд, аммо ўттиз фоиздан ортиқ сўзи арабий, қарийб яна шунчаси форсий калималардан иборат бўлган ўзбек сўз санъатининг тили қирғиз мутаржимлари учун – айниқса шеърий таржима асносида – қийинчилик туғдириши ҳам бор гап. Бу ҳам, айни жараённи кучайтириш орқали бартараф бўладиган воқеликдир.
Барча мамлакатлар билан, энг аввало Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорликка кенг йўл очилаётган ҳозирги даврда ижодий ташкилотлар бош бўлиб, қардош тиллардан ўгиришнинг ҳадисини олган ёзувчи ва шоирларни қўшни юртларга ижодий сафарларга юбориш орқали уларда таржимага рағбат уйғотишлари ва ўгирилган асарларни ўз вақтида нашр этишга кўмаклашиши даркор. Бундай ишлар айни соҳада мамлакатимизда олиб борилаётган хайрли ва олижаноб сиёсатни қўллаб-қувватлашнинг амалий тажассуми бўлади.
Шу ўринда, мавзуга дахлдорлиги боис, айрим мутахассислар томонидан айтилаётган “туркий тилларнинг илдизи бир, уларни ўзаро таржима қилиш шартмикин?” “ўртатурк тилини яратиш орқали бу тилларни умумий махражга келтириш даркор”, дегандай қарашларга тўхталиб ўтайлик. Улкан этнопсихологик жараён – туби бир бўлган туркий халқларнинг йиллар ва асрлар ўтгани сари бир-биридан ажраб-узоқлашиши давом этаётир. Бу объектив ҳодисани хоҳиш-истак билан тўхтатиш ёки орқага қайтариш амримаҳол. Туркий дунёда юз бераётган бу жараён психоэстетик омил сифатида уларнинг сўз санъатига ҳам таъсир этаётир. Яъни, адабиётлараро муштаракликлар камайиб, ҳар бир миллий сўз санъатининг ўзига хосликлари кўпаймоқда. Бу нарса мазкур асарларнинг тили, услуби, мавзу йўналишлари каби талай соҳаларда намоён бўлаётганига гувоҳмиз. Шундай бир ҳолда кўзланган мақсадга туркий тиллардан ўзаро таржима хоссаларини теран тадқиқ этиш, энг мақбул ечимлар топиш ва ана шундай таржималарни кўпайтириш орқалигина эришиш мумкин.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 6-сон