“Мафтунингман” кинофилмидаги бир қувноқ қўшиқ шу сўзлар билан бошланади. Унда Алижон исмли сартарош дўконида рақс тушиб қўшиқ айтади. Бу устага фарқи йўқ: “Қир!” деса, бас, кексами-ёшми, дарров барчанинг сочини қириб-қиртишлаб қўйишга шай.
Сочни тап-тақир қилиб олиб ташлаш ҳамманинг қўлидан келади. Аммо ундан бошқасини уддалаш қийин. Ҳар бир эл кишисининг соч ўстириб, соқол-мўйлов қўйишида бир талай ўзига хосликлар бўлади ва шунинг учун ҳам уни шу миллат вакилидан чиққан сартарош кўнгилдагидай қилиб кузайди, бошқаники — бошқача. Чунончи, ўзбек қизлари дўппи тикади, уларга “Кел энди, шапка тик”, деб топшириқ бериш ўринсиз.
Бир ўқувчилар саройида адабиёт тўгарагини бошқараётган шоирнинг: “Мен бу ишни ташладим. Сабаби, бу ернинг раҳбарлари шеър тўқиш билан пайпоқ тўқишнинг фарқи оз, деб билишаркан”, деб ёзгани эсимда. Кейинроқ ўзим ҳам шундай муаммога дуч келдим. Бир институтда таржима амалиётидан дарс берар эканмиз, шу даргоҳнинг мутасаддиларидан бири: “Ҳозиргача рус тилидан ўзбек тилига ўгиришни ўргатдингиз, бўлди, етарли. Энди ўзбекчадан рус тилига таржима қилишдан сабоқ берсангиз, чунки студентларимиз иккала тилни ҳам яхши билишади”, деб қолса бўладими! У кишига: “Русчадан ўзбек тилига таржима қиладиган одам бунинг аксини қила олмайди, башарти бунга қўл урса, бекорга овора бўлади”, деб уқтиришга уриндим, аммо сўзим ҳавога кетди.
Бу гапларни айтишдан мурод — бадиий таржима тўлиғича бадиий ижод, ҳеч ками йўқ, деган фикрни таъкидлашдир. Ахир, ўзингиз ўйланг, бировга “Сен итальян шоири бўлсанг-да, инглизчани ҳам яхши ўргангансан, энди инглиз тилига таржима қилавер”, деб бўлмайди-ку?
Аммо ўн-ўн беш йилдан бери бир талай адибларимиз қачон таржима ҳақида мақола ёзсалар, ё мажлис-маъракада “чиқиш” қилсалар, пировардида яккаш: “Ҳозир кўп олий ўқув юртларида талабалар чет тил ўрганяпти, рус, инглиз, олмон ва французчадан ташқари, япон, хитой, корейс, ҳинд, араб, урду тиллари ҳам ўргатиляпти, демак, бу ёшлар ҳадемай ўзбек адабиёти намуналарини ана шу тилларга ўгиришга ҳам киришадилар, негаки бу давр талаби…” каби илинж-тилакларни бот-бот изҳор этишадиган бўлиб қолди.
Дарвоқе, кимларнингдир ўзбек тилига тиши ўтмагани боис, не-не асарларимиз ўша тилларга таржима қилинмаётган бўлса, русларнинг “Тоғ пайғамбар олдига келмаса, пайғамбар тоғнинг олдига боради”, деган мақолидаги каби уларга асарларимизни ўзимиз таржима қилиб берсак нима қипти? Шу орада ўзбек миллий ҳаётига оид ўзига хосликлар бузилмай, тўғри акс этади ва ҳоказо ва ҳоказо…
Бу тушунарли ҳолат — ижод аҳли борки, эътироф этилишни истайди. Шу сабаблимикан, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Таржима кенгашининг диққат-эътибори ҳам кейинги йилларда асосан шу масалага қаратиляпти.
Ижодкорларимизнинг асарлари бошқа тилларда ҳам янграб, номлари оламга таралишини фақат уларнинг ўзларигина эмас, биз ҳам орзу қиламиз.
Аммо… одам бир тилни билса, шу тилда баҳузур ижод қила берадими? Бошқа миллат тилини қўятурайлик, дуч келган бир ўзбекка, сен ўзбекчани биласан-ку, кел энди, ҳикоя ё шеър ёз, асаканг кетмайди десак, қандоқ бўларкан? Ҳатто ўз она тилида тўрт қатор шеър ё тўрт энлик қатра ёзиб кўрмаган, бор-йўғи у ёки бу чет тилини бир қадар ўрганган бола бошқа бир тилда қандай қилиб бадиий асар яратсин? Етти иқлим наридаги бир халқнинг тилини эндигина ўрганиб, фикрини ўша миллат кишисига оздир-кўпдир тушунтира бошлаган йигит ё қизга бирон ҳикоя ё достонни ўша тилда бадиий қайта тиклашни юклаб бўладими?
Тўғри, бирон сеялкани ишлатиш тартиби баён этилган йўриқнома матнини қайсидир чет тилни яхши биладиган одамга таржима учун топшириш мумкин — мазмуни тўғри акс этса кифоя. Аммо бир талабага Муқимий ғазалларини испанчага, бошқасига Чўлпон шеърларини япончага ўгиришни юклаш-чи? Эҳтимол топширсангиз, бола бир амаллаб таржима қилар ҳам, аммо уни биров бадиий асар сифатида ўқимайди. Чунки таржимонлик ўта миллий ва… сартарошликка қараганда минг чандон теранроқ нарса, у фақат шу миллат кишисининг бадиий тафаккури меваси бўлиб юзага чиқади.
Бадиият ўта миллий нарса эканига далил шуки, у ёки бу миллат вакилларининг ақл-заковати, илм-билими, дунёқарашини бошқа тилда ифодалаш мумкин, аммо миллий ҳаёт тарзи, ҳис-туйғуларини ўзга тилда ҳатто хирароқ ҳолда ҳам акс эттириш амри маҳол, боз бу ҳис-туйғулар адабий-бадиий ифода топган бўлса — имкондан хориж бир нарсадир.
…Яқин-яқингача Тошкент аэропортига кетаверишда, йўл ёқасидаги тўққиз қаватли бир уйнинг ён деворида рангли кошинлар ёпиштириб ясалган улкан бир мозаика бўлар эди. Унда салла ўраган бир ўзбек чол қиёфаси акс этган. Ўта миллий тасвирга ўхшайди. Лекин ажабки, чолнинг кўзи ўзбекнинг кўзига ўхшамас, европалик кишиларга хос эди. Демак, ўрис рассом, минг уринмасин, ўзбек кишисини тасвирлай олмас экан.
Ёзувчиликда эса инчунин. Бошқа миллат кишисининг кўзини ҳам бир амаллаб аслига мувофиқ қилиб тасвирласа бўлар, аммо унинг кўнгил кечинмаларини, воқеликка муносабатини, хатти-ҳаракатини, миллий урф-одатларини шу миллат адиби сингари ҳис этиш амри маҳол. Ҳатто бир умр русча муҳитда ўсган (туғилганида онасидан алла ўрнига “баю-баюшки” эшитиб руҳи шаклланган, русча ясли ва дет-садда камол топиб, русча мактаб ва институтларда билим олган, оилада фақат русча гаплашиб, ҳозирда бир неча неварага “дедуля” бўлиб юрган, ҳатто туши ҳам ўрисча бўладиган) узбеклар ҳам рус тилида ижод қилишга қодир эмас — ўта нозик ва бениҳоя табиий ўрисча нимадир етишмайди уларга.
Шу фикрни далиллаш учун яна бир мисол.
Рус ёзувчиси Леонид Соловьёвнинг Шарққа меҳри бўлакча эди. Шу таважжуҳ изҳори сифатида у “Насриддин афанди Бухорода” номли қисса ёзган (ҳатто шу қисса сабаб бўлиб, Насриддиннинг ватани Бухоро, деган тушунча ҳам шаклланган – Афандига айнан шу шаҳарда ҳайкал қўйилишида бу қиссанинг таъсири катта).
Шу асарда кулол чолнинг ёлғиз фарзанди, соҳибжамол бир қиз образи бор. Аммо бу қиз тушмагурнинг қилиқлари ғалати: ҳар кун эрталаб ҳовлидаги бир неча дарахт шохларига турли рангли лента осиб чиқади. Эртасига яна бошқа алвон ленталар. Билмадим, эҳтимол рус тилли ўқувчи (ва ёзувчи) учун бу беҳад гўзал бир ҳол бўлиб туйилар, аммо биз фалончининг бўй етган бир қизи шунақа қилиб ўйнар экан, деб эшитсак, уни жиннига чиқарамиз, чунки ўзбекларда телбадан бўлак одам бунақа қилмайди. Айниқса, қисса воқеалари кечадиган замонларда.
Қиссанинг яна бир ўрнида мамлакат подшоҳи бўлмағур бир шеър ёзиб, уни сарой аҳлига ўқиб беради. Эшитган вазирлар дод солиб ёқа йиртадилар, баъзи аъёнлар азбаройи завқдан беҳуш бўлиб йиқилишади… Асарда бошдан-оёқ шунақа алмойи-алжойи манзаралар қаторлашиб кела берадики, натижада, ажнабий ўқувчи “ўзбеклар думбулроқ одамлар бўлишар экан”, деган фикрга келиб қолади. Фақат Афанди доно ва тадбиркор, унинг бир неча лаббайгўй жўралари сал “нормальний”, қолган бари ҳалигидай. Шунинг учун ҳам бу асар бизда оммалашмади, ўзбеклар уни қабул қилмади. Демак, ўзга миллат адиби қаҳрамонларга ўзбекча чопон кийдириб, минг уринмасин, уларнинг “кўзи” европача чиқиб қолиши бор гап экан.
Биласиз, ҳар қандай таржимон олдига учта шарт қўйилади. Булар — аслият тилини, ўз она тилини ва ўгирилаётган асар материалини яхши билиш. Аммо мендан, шу уч талабнинг ичида ҳам энг муҳими қайси, деб сўрасалар, ўз она тилини чуқур билиш, деб жавоб берган бўлар эдим. Чунки тил кўнгилга – дилга қараганда ҳам миллийроқ нарса. Киши шууридан ҳар турли фикр ва туйғулар кечса-да, унинг шакл-шамойилини аниқ-тиниқ белгилаш мушкул. Аммо тилга кўчган ҳамма нарса, ҳатто математик теоремаларнинг баёни ҳам, соф миллий тусда бўлиши шарт. Бусиз уни тушуниш, қабул қилиш қийин кечади. Асар тили миллийлиги эса фақат шу миллат кишисининг қалами шарофати билан рўёбга чиқади.
Грузин адабиёти классиги Николаз Бараташвилининг “Мерани” деган машҳур бир шеъри бор. Бу асар гуржи халқига жон қадар яқин. Шундан бўлса керак, улар айни шеърнинг дунёдаги барча халқларнинг тилларига қойилмақом таржима бўлишини, дунё бўйлаб янграшини истайдилар, шунга уринадилар. Чунончи, ҳозирга қадар бу шеър рус тилига икки юз олтмиш мартадан ортиқроқ ўгирилган. Аммо гуржилар… ҳамон қониқмайдилар. Янада ажабланарлиси шуки, бу шеърни русчага таржима қилишган уринган шу икки юз олтмиш нафар мутаржим орасида элликка яқини грузин шоирлари бўлиб… энг нурсиз, энг ширасиз таржималар айнан уларники бўлиб чиққан. Ҳа, ўзга тилда ижод қилиш, уни ҳарчанд эгаллаган бўлмайлик, амри маҳол. Хўп, энди ўша “Мерани”ни ўгирган гуржи адибларининг русчани билиш даражаси ўзбек талабаларининг испан тили бўйича маҳоратидан салгина бўлса ҳам юқори бўлгандир, ҳайтовур? Ўшаларки эллик марталаб уриниб, эплай олмаптими…
Ҳар бир миллат ўзига нима керак бўлса, таржима қилиб олади. Бошқаларга нима керак эканини белгилаб, уни “етказиб бериш”га уриниш шарт эмас. Дунё адабий жараёнида ўз миллий адабиёти асарларини “экспорт” қилиш тажрибаси жуда сийрак учрайди ва ҳар гал, гуржиларнинг анов тажрибаси сингари, муваффақиятсиз якун топади.
Чунки ҳар бир тил — бир дунё. Ўз тоғ ва уммонлари, дарёю кўллари, саҳро ва бўстонлари, тикону гуллари, ҳид ва бўйлари, бошқасига ҳеч ўхшамайдиган, фақат ўзига хос нуру соялари, шовқин ва саслари бор унинг.
Бунинг устига, барча хорижий филология факултетларида ўша тил грамматикасидан дарс бериш сабоқнинг асосий қисмини ташкил этади, яъни болалар тўрт йил давомида, айтайлик, олмон тили фонетикаси, морфологияси, синтаксиси ва услубиётини ҳижжалаб хатм қилади. Аммо ўзбек тили қонун-қоидаларини ёдлаш уни яхши билиш кафолати бўлмагани каби олмон грамматикасини сув қилиб ичиб юбориш ҳам олмон тилини қойилмақом қилиб ўрганиш дегани эмас. Чунки ҳар бир тил — жонли, тирик бир организм, уни “эга”ю “кесим”га, “олмош” ва “равиш”га парчалаб эмас, аввало, илоҳий мўъжиза сифатида амалий ўрганиш даркор.
Ва ниҳоят, чет тили факултетларида тўрт йил давомида хорижий адабиёт соатлари ўша тил грамматикасига ажратилган дарс соатларининг ўндан бирини ҳам ташкил этмаслигига нима дейсиз? Фақат тил хатм қилиниб, адабиётга қарийб эътибор берилмаса, айтайлик, хитой адабиётини (тарихини, ғоя ва оқимларини, тенденция ва анъаналарини, бугунги ҳолатини, бадиияти ва ҳоказоларни) яхшилаб ўрганмаган ва асли бошқа халқ вакили бўлган одам қандай қилиб хитой тилида бадиий ижод билан шуғулланиб, таржима қилсин? Бу, бир анойи одамнинг терак учига қумғон осиб, чой қайнатиш учун ерда олов ёқиб ўтиришига ўхшамайдими?
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 26-сон