Бадиий асар тили билан боғлиқ муаммолар барча даврларда адабиётшуносликнинг, адабий танқиднинг долзарб вазифаси бўлиб келган. Зеро, бадиий асар тилида ёзувчининг истеъдоди, сўз санъаткори сифатидаги салоҳияти, маҳорати, қолаверса, дунёқараши, услуби намоён бўлади. Бу борада адабиётимиз бой тажрибага эга. Чинакам сўз устаси сифатида тан олинган машҳур ёзувчи ва шоирларимиз бадиий асарда сўз қўллашнинг ўзига хос мактабини яратганлар. Улардан бири устоз адиб Ғафур Ғуломдир.
Унинг ижодиёти бугунги кунда ҳам маҳорат бобида ижодкорларга, айниқса, ёшларга ҳар жиҳатдан сабоқ бўла олади. Биз қуйида ”Шум бола”, ”Ёдгор” каби асарлари мисолида машҳур ёзувчимизнинг сўз қўллашдаги улкан маҳорати, санъаткорлигининг барчамизга сабоқ бўларли айрим қирраларига доир кузатишларимизни баён этмоқчимиз.
Атоқли адиб Ғафур Ғулом Шарқ мумтоз адабий манбаларини чуқур ўзлаштирган, эски ўзбек ёзувида битилган мумтоз адабий, илмий, тарихий китобларни эркин мутолаа қилиб, улар ҳақида теран илмий мулоҳазалар юритган тадқиқотчи ҳам эди. Чунончи, Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Лутфий, Саккокий, Дурбек, Мирхонд, Хондамир сингари алломалар ҳақидаги, эски ўзбек тили қонуниятларига риоя қилишга даъват этиб ёзган “Атоий эмас, Отойи”, бадииятни ҳис этиш, мумтоз бадиий воситалардан пухта хабардор бўлишга чорлаган “Навоий ва замонамиз”, “Буюк устоз“, “Икки Машраб“, “Поэтикамизни тобора такомиллаштирайлик” номли йирик монографик тадқиқотлар даражасидаги мақола ва маърузалари фикримизга далилдир. Адиб араб тилини яхши билар, айниқса, форс-тожик тилида ижод қилган Рудакий, Фирдавсий, Умар Хайём, Саъдий Шерозий, Ҳофиз, Мирзо Бедил каби машҳур сўз усталари асарларини мутолаа қилар, баъзиларини она тилимизга ўгириб, маънавий озиқланарди. Мумтоз адабиёт намуналаридан баҳрамандлик Ғафур Ғулом ижодига самарали таъсир кўрсатгани сир эмас. Бу хусусият, айниқса, унинг бадиий асарлари тилида яққол кўринади. Хусусан, ҳар бир сўз ижодкор томонидан мазмунан чуқур идрок этилиб, асар руҳига мос тарзда ўз ўрнида ишлатилган. Ғафур Ғулом назмий ва насрий асарларининг ҳар бири ўзига хос оригинал усулда яратилганининг сири ана шундадир. Масалан, бадиий асарларида қўлланиш доираси бир қадар торайган махсус профессионал, касб-ҳунарга оид сўзлар, диалектизмлар, жаргонлар, тарихий ва архаик иборалар топқирлик билан меъёри ва ўрнида қўлланганки, бу она тилимиз лексикаси бойлигини намоён этиш билан бирга, унутилиб бораётган сўзларни қайта муомалага киритилишига ҳам имконият туғдирди.
Ғафур Ғулом ўтган асрнинг 30-йилларидаёқ миллий тил имкониятларидан маҳорат билан фойдаланишнинг намунасини кўрсатишга эриша олган эди. Унинг бу даврда яратилган “Нетай”, “Тирилган мурда”, “Ёдгор”, “Шум бола” сингари насрий асарлари ҳамда пиеса, ҳикоя ва фелетонларидаги образлилик, реал тасвирлар халқнинг жонли сўзлашув тили асосида бадиий ифодаланган. Шунингдек, воқеа-ҳодисаларнинг ҳаққоний манзарасини чизишда қадимги туркий, арабий, форсий тиллардаги луғавий бирликларни аслидагидек қўллаган. Жумладан, ҳозирги ўзбек тилида кам учрайдиган кўтармачи, пахтафуруш, газ (узунлик ўлчови), хўқа (ёғ идиш), қўндоқ, яктак, липа, гуппи, мурсак, савағич, чирмандачи, кучала, ирвит каби лексемалар ўз маъносида жой-жойида ишлатилган. Аслида ҳам бадиий асар тили моҳиятан таъсирчан эмоционал экспрессив тилдир. Дарҳақиқат, академик Ш.Шоабдураҳмонов ёзганидек, “Бадиий асарга хос бўлган тасвирийлик, образлилик ва бошқа хусусиятлар умумий тил материали ёрдами билангина эмас, балки Ғафур Ғулом сайқал берган тил ва сўзнинг кучи, қудрати билан яратилган. У ишлатган сўзлар, иборалар, аслини олганда оддийгина сўз, аммо асар тўқимасида… пурмаъно сўз ва иборалар, уларнинг турли жилоланишидан яратилган”.
Ғафур Ғулом асарлари тилининг образли ифода воситалари тизимида сифатлаш алоҳида ўринга эга. Чунончи, “Ёдгор” асарида тўғри маъноли сифатлаш ҳамда кўчма маъноли сифатлашлардан бир тушунчанинг номини ифодалашда моҳирона фойдаланилган: “Мен ҳам жимжит кўчада ёлғиз бормоқдаман”; “Пашша учмаган тилсиз кўчада кетиб бормоқдаман”. Қисса қаҳрамони Жўранинг характерига хос хусусиятларни кўрсатиш мақсадида муаллиф қуйидаги сифатлашларни қўллайди: “Бошқа хил тарбия беришга мен сингари дунё кўрмаган бўйдоқ йигитнинг чораси йўқ”; “Ҳарбий хизматга чақирилганимда саводли, ҳисобдан тўрт амалнигина биладиган оддий бир йигитча, яна тўғриси, олди очиқ яктак кийган ялла бедард ўспирин эдим”.
Адиб муайян воқеа, нарсаларнинг образли ифодасини таъминлашда, уларнинг белгили, айрича хусусиятларини яққол гавдалантиришда индивидуал нутқнинг жозибали сифатлашларини яратади: “Баланд-баланд сўқир пахса деворлар оша кўча томонга шафтоли, олхирот, баъзан аймоқи тогузумлар осилиб тушган”.
Ғафур Ғулом лексикасида турли касб-ҳунарга оид сўзлар, этнонимлар, диалектал сўзлар, жаргонлар, истеъмолдан чиққан, аммо ўрни билан услубий талабларга кўра қўлланувчи сўзлар (оловни жўнаштириб кетмоқ, шилинглоча, ширава), янги кашф этилган нарсалар атамаси, архаик (ёнчиқ) ва тарихий сўзлар (ғулом), бошқа тилдан ўзлашган сўзлар фаол қўлланган. Шоир асарларида қўлланган турли соҳаларга оид сўзларни лексик-семантик жиҳатдан ўнлаб гуруҳга ажратиш мумкин. Масалан, географик номлар: Тошкент, Тиконлимозор, Қўрғонтеги, Қоратош, Яланқари, Олмазор, Девонбеги, Қашқар, Ирбит, Саъбон, Ачаобод; паррандалар номлари: қумри, саъва, булбул, майна, миққий, қирғий, қарчиғай, тўти, чумчуқ; осмон жисмлари: Мезон, Етти қароқчи, Хулкар, Сомончининг йўли; ўсимликлар: гулбеор, гулраъно, гулсафсар, гулҳамишабаҳор, қўқонгул, қалампиргул, намозшомгул, самбитгул, атиргул, картошкагул, қашқаргул ва бошқалар.
Тадқиқотчилар ҳақли равишда ўзбек номшунослиги бўйича олиб борилаётган ишлар ҳали етарли даражада эмаслигини, бу соҳада бажарилиши лозим бўлган вазифалар долзарб бўлиб турганини таъкидлашади. Хусусан, Ғафур Ғуломнинг антропонимлардан бадиий ва услубий мақсадларда фойдаланиш маҳоратини очиш, унинг асарларида қўлланган киши номлари, лақабларининг этимологик ва маъновий хусусиятларини тавсифлаш, лақабларнинг номинативлик ва экспрессивлик хусусияти каби масалалар ана шундай вазифалар сирасидан. Қуйидаги парчада шоир Ёдгорга исм қўйилишини персонаж нутқи орқали шундай ифодалайди: “Оҳ, онагинанг ўргилсин, болам, сен энди саллотга кетаётибсан, худоё-худовандо, ёмон кўздан сақласин… Худо душманингни хору зор қилсин. Ишқилиб, ўққа учиб кетмагин. Ўртоқларинг билан енгинглару енгилманглар. Мен ўғлимнинг отини эҳтиёт шартдан Ёдгор қўйдим. Сендан қоладиган туёққина. Яхши ҳам шу бола дунёга келган экан, сени кўргандек бўлиб юраман, ҳидинг димоғимдан кетмайди”. Ёки Обид исмига “мулла” сўзининг қўшиб айтилишини қуйидагича ойдинлаштиради: “Бу ёққа қара, мулла Обиддан қочмай қўя қол. Қизимнинг домласидан ҳам қочасанми? Саодатингни ҳам чақир, ўзининг кунда кўриб юрган домласи-да!” («Ёдгор»). Шунингдек, шоир асарлари тилида бир қатор лақаблар ҳам қўлланганки, улар асосан персонажларнинг ташқи қиёфасига (Иброҳим полвон, Аҳмадали кал, Азим пучуқ, Илёс бўрдоқи), характери (Карим жинни, Йўлдош шилқим, Пўлатхўжа муғомбир, Абдулла дўлвор), касб-корига (Илҳом самоварчи, Ойша яллачи, Турсун пичоқчи, Зиямат гузафуруш, мулла Обид) ҳамда ижобий ёки салбий хислатларига қараб ишлатилган. Шунингдек, ўрни билан муаллиф лақабларнинг номланишига аниқлик киритиб кетган: “Жинниларнинг ичида ўзига хос тантиқларидан бири Майрамхон эди. Асли исми Маматрайим бўлиб, халққа «эрка» бўлганидан «Майрамхон» деб атар эдилар”; “Тепамизда саман отга минган, мошкичири соқолли, бурни худди пахталик тўнга қадалган тугмадай ичига ботиб кетган пучуқ бир киши қамчи ўйнатиб, сиёсат қилар эди… Азим пучуқ деган бой экан” («Шум бола»).
Адиб асарларида қайси сўзни қўлламасин, қандай иборадан фойдаланмасин, уларнинг барчаси аниқ ва конкрет маънони ифодалашга бўйсундирилган. Масалан, “Ёдгор”да кенг истеъмолдаги ёввойи сўзини образ ва манзара яратиш мақсадида маҳорат билан ишлатганки, натижада бу сўз матн талабига кўра ўз маъносини “йўқотиб” кўчма маънони англатиб бадиийлик яратишга хизмат қилган: “Ана — унинг қип-қизил ва кичик патларида мени ҳалигача мафтун қилган биринчи ярим табассумнинг ёввойи излари (“Ёдгор”).
Маълумки, гандиракламоқ феъли мувозанат сақлай олмай, чайқалиб қадам ташлаб юрмоқ маъносини англатади. Шоир бу сўзни тил сўзи билан семантик муносабатга киритади: “Лекин тили гандираклаб, айтмоқчи бўлган гапини айтолмас эди («Ёдгор»).
Соф лингвистик нуқтаи назардан қараганда тили гандираклаб сўз бирикмаси анормал ҳолат. Чунки семантик мослашув талабига кўра тили сўзи айланиб//айланмай сўзи билан семантик валентлик ҳосил этади. Бу бирикмадаги гандираклаб сўзи ўзи боғланган сўз ифодалайдиган тушунчани таъкидлаб кўрсатади. Бу таъкид айни бирикманинг ғайриодатийлигига кўра яна ҳам кучаяди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, тили айланиб // айланмай бирикмасига қараганда тили гандираклаб бирикмасида эмоционаллик кучли. Адиб карвон сўзини семантик муносабатга киришмайдиган турналар, ғозлар сўзлари билан боғлайди: “Осмонда шимолдан жанубга қараб Сомон йўли бўйлаб турналар, ғозлар карвони учиб ўтади” («Ёдгор»). Карвон узоқ жойларга юк ва одам ташувчи ҳайвонлар, аравалар ва уларни бошқарувчи шахслар қатори маъносини ифодаласа-да, ёзувчи кенг истеъмолдаги бу сўзни юк ва одам ташимайдиган турна, ғоз сўзлари билан семантик муносабатга киритиб, образ ва манзара яратишда фойдаланган.
Ўзбек адабий тилида шод, хурсанд маъносини ифодалайдиган чоғ сўзи вақти чоғ, димоғ чоғ, кўнгли чоғ сўз бирикмаларини ҳосил этса-да, лекин шод уй, хурсанд уй сўз бирикмаларини ҳосил этмайди. Ёзувчи эса, бу сўзни семантик муносабатга киришмайдиган уй сўзи билан ўзаро боғлайди: “Мен сени ким кўрганга мақтаб орқангдан кўрпача солдириб юрган бўлсам, аммангнинг қизига совчи юбориб унаштириб кўйган бўлсам, сен жувонмарг ахир чоғ уйимга онасининг тайини йўқ болани кўтариб келсанг («Ёдгор»). Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, Ғафур Ғулом ижодида кенг истеъмолдаги сўзлар ҳам муайян стилистик таъкид олади, семантик валентлик ҳосил этмайдиган сўзлар муносабатга киришиб бадиийлик ҳосил этади.
Ўзбек адабий тилида бирор жойда ёки бирор иш, вазифада узоқ тура олмаслик, қўнимсизлик маъноси тупроғи енгил ибораси билан ифодаланади. Адиб бу иборани қайта ишлаб қиз боланинг тупроғи енгил бўлади тарзида қўллаб, «қиз бола бирор йигит билан гаплашса тез гап-сўз бўлиши мумкин» маъносини образли ва таъсирчан кўрсатишга эришган: “Бизнинг кўпинча бирга юрувимиз Саодатнинг отасига ҳам эшитилибди. У акам билан учрашиб: «Энди, бўлар ишнинг бўлгани яхши, қиз боланинг тупроғи жуда енгил бўлади. Жўравой бу йил ўқишдан қола қолиб, тўйни қилиб кетгани маъқул бўлар эди, «Тўй қачон?», деб сўрайверганларидан жуда зерикдим», деган эмиш” («Ёдгор»).
Ўзбек адабий тилида гўр қазимоқ бирикмаси ўликни кўмиш учун қазилган чуқур маъносини англатади. Ғафур Ғулом бу бирикмани кўчма маънода қўллаб, шахсга эмас, балки предметга нисбатан ишлатади: “Шу билан бу ҳикояга гўр қазийлик-да, юрагимиздан сидириб ташлайлик” («Ёдгор»). Мазкур матндаги ҳикояга гўр қазимоқ синтактик бирлиги ҳикоянинг тарихини ҳеч қачон эсламаслик, бутунлай эсламаслик маъносида қўлланган.
Хуллас, бадиий асарда сўз қўллаш маҳоратини ўрганишда атоқли адиб Ғафур Ғуломнинг насрий асарлари ўзига хос бир мактабдир. Ижодкорнинг турли мавзуга бағишланган қисса ва ҳикоялари ўзбек тили лексикасидан унумли фойдалана билишда, халқ жонли тилига хос сўз ва ибораларни ўрнида ва самарали қўллаш санъатини эгаллашда беқиёс адабий тажриба намунасидир.
Зиёдулла Ҳамидов,
Ўзбекистон Миллий университети доценти
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 19-сонидан олинди.