Машҳур италян болалар ёзувчиси Жанни Родари (1920-1980) ижоди, мана, ярим асрдирки, жаҳон болаларига қувонч улашиб келмоқда. Уларни ҳаётни севишга, ардоқлашга даъват этмоқда, ҳалол, комил инсон бўлиб етишиш йўлида тарбиячи вазифасини ўтамоқда. Жанни Родарининг эртаклари ўзбек тилига ҳам ўгирилган, унинг ғаройиб ижод оламидан бизнинг бир неча авлод болалари ҳам баҳраманд бўлишган. “Қувноқ шеърлар китоби”, “Чиполлинонинг бошидан кечирганлари” “Мовий ўқ саргузаштлари”, “Желсомино Ёлғончилар мамлакатида”, “Телефонда айтилган эртаклар” каби китоблар аллақачон жаҳон болалар адабиёти дурдоналарига айланган. Жанни Родари нафақат шоир, ёзувчигина эмас, балки ажойиб педагог, катта ҳарфлар билан ёзилувчи УСТОЗ ҳам эди. У жаҳон адабиёти мухлислари томонидан эътироф этилган, фахрли халқаро Ханс Христиан Андерсен мукофоти соҳиби ҳам бўлган.
Қуйида биз эътиборингизга ҳавола этаётган мақола адиб вафотидан сўнг Римда чиқадиган “Ринашита” (муаллифи Лючио Ломбардо Радиче) газетасида эълон қилинган. Ҳассос ижодкор, ажойиб педагогга бағишланган ушбу мақоладаги ўзига хос фикрлар бизнинг адабиёт мухлисларимиз учун ҳам қизиқарли бўлади, деган умиддамиз.
Агар латифага ўхшаб кетадиган воқеага диққат қилинса, Жанни Родари ўзининг илк филастроккилари (қувноқ болалар шеърлари)ни Миланда чоп этиладиган “Унита” газетаси таҳририятида ишлаб юрганида, тунда навбатчилик қилган кезлари тўқиган экан. Ёш ўқитувчи бир неча муддат газетада мухбирлик ҳам қилган. Айнан ана шу филастроккилари билан Жанни Родари хонадонларга кириб келади, шеърларининг самимий руҳияти, енгил эпкини билан болалар кўнгилларини забт этади, неча-неча оилалар аъзосига айланади. Родарининг филастроккилари табиий ва узвий тарзда оиламиз луғатига кириб келади: ёш шоир-ўқитувчи болалар ва катталарнинг кундалик турмушидаги ҳақиқат ва шеъриятни ажойиб тарзда нозик ва теран ҳис қилади.
Жанни Родари битган филастроккилар болалар учун ватанпарварлик ҳамда маънавий тарбиянинг илк сабоғи бўлиб хизмат қилади. Родари филастроккиларидаги ана шу тендентсиялар кейинчалик унинг ижодидаги асосий йўналиш бўлиб қолади. Ана шу тендентсиялар Желсомино, Чиполлино, Помидор ҳақидаги эртак-ривоятларда етакчилик қилади, тинчлик, озодлик ва адолат учун бўлғуси курашчиларни тарбиялаб вояга етказади. Родари ижодий олами ранг-баранг, унинг асарларини ўқиганинг сари янги-янги маъноларни кашф этаверасан киши.
60-йилларда (ўтган аср) Родарининг диққат-марказида мактаб ва маданият муаммолари асосий ўрин тутган. Масалан, ўқитиш усулларини қандай янгиласа бўлади? Ўқув жараёнини қандай қилиб ўқувчига ёқадиган ва ижодий тарзда ташкил этиш мумкин? Бошланғич мактабнинг собиқ ўқитувчиси, шоир Родари имло хатоларини тузатиш жараёнидаги шеърий ҳаяжонни илғаб ола билади. Унинг мактаб билан алоқани узмаганлигига ҳам сабаб шу эди.
Жанни Родари ижодиётнинг ўзига хос қоидаю қонуниятларини, “хаёлот грамматикаси”ни ишлаб чиқишни орзу қилган эдики, бу усул ёрдамида ўзида ижодий имкониятларни ҳис қилган ҳар қандай киши рассом, ёзувчи, санъаткор, ижодкор бўлиши мумкин эди. Жанни Родари атоқли болалар ёзувчиси, шоири бўлибгина қолмасдан, балки катта журналист, олим, жамоат арбоби ҳам эди.
Жанни Родари педагог ва ижодкор сифатида ҳамиша омманинг маданий жиҳатдан камол топишига интилди, кишиларни “ўқимишли” ва “оми” деб ажратадиган, камситадиган анъанавий тўсиқни енгиб ўтишни истади. У журналист сифатида ортда қолмади: Родари-журналист айни вақтда янгиликларни кўриб, ёритувчи, фактлар тўпловчиси ҳам эди, унинг услуби содда ва равонлиги, жўшқинлиги, оммабоплиги билан ажралиб турарди. У “ҳамма учун” ёзарди. Родари ҳар бир янги нарсага ҳеч қачон қизиқишининг сўнмаслиги, доимо олға интилганлиги учун ҳам “ҳамма учун” ёзишнинг уддасидан чиққанди. Жанни Родари малакали маданиятнинг катта захирасига, тилшунослик, фолклор, психология ва антропология жабҳаларида чуқур билимларга эга эди. Педагогикани гапирмаса ҳам бўлади. Бироқ у шундай камолотга эришгани билан мақтанмасди, камтар эди, ўз билимларини кўз-кўз қилмас эди. Родари ўзидаги ана шу хислатларни, маданият ва ақл-заковатни “Паэзе сера” ва “Джорнале деи женитори”да (“Ота-оналар газетаси”) чоп этиладиган мазмунан теран мақолаларида, филастроккиларида, шеърларида, жажжи китобхонлар ҳамда ҳали ўқишни билмайдиган ёш тингловчи мухлисларига аталган эртакларида намоён этган эди.
Жанни Родари болалар адабиёти бўйича Нобел мукофотига менгзаш мумкин бўлган Андерсен мукофотини олиб ҳам ўқитувчилигича қолишни афзал кўрган ижодкор эди. Жанни Родари – бутун дунё болаларининг ўқитувчиси бўлиб қолди. У болалар билан учрашувларга кўп вақт ва кучини сарфларди, улар билан оддий, табиий ва дўстона алоқаларни ўрната билган эди, бундай инсоний ва айни пайтда мушкул вазифанинг уддасидан чиққанди. Мен фақат ана шундай турли истеъдодларни ўзида мужассам эта олган ўқитувчи-ёзувчи ўз педагогик архивини сақлаб, тартибга сола олганми-йўқми, шуни билмайман. Менимча, Жанни Родарининг педагогик мероси тасодифий кишилар қўлига тушиб қолмаслиги учун ҳам бу ишни бирор-бир ёш тадқиқотчи олим қилмоғи даркордир.
Родари – шоир, Родари – журналист, Родари – ўқитувчи. Жанни Родари шахсида мужассам бўлган ана шу уч қиррага эга инсон шахси оламни янгитдан кўришга, кашф этишга интилди, инсон камолотини истади. Жанни Родари сўнгги ўттиз йил ичида (ХХ асрнинг) италян маданиятининг йирик вакили бўлиб қолаверади. У ижод этган филастроккилар, қўшиқлар ва эртаклар шуҳрати донғи кетган неореалистик ва замонавий италян филмларидан қолишмайди.
Родарининг кўпгина шеърларига мусиқа ёзилган, улар болаларнинг севимли қўшиқларига айланиб, жаҳон бўйлаб тарқалган. Ҳозирда Жанни Родари шеърларига басталанган қўшиқларни бутун дунё болалари жўр бўлиб куйламоқдалар. Жанни Родари филастроккилари, шеърлари руҳида улғайган, унинг эртакларини ўқиб вояга етган болалар ҳозирда комил инсон сифатида жамият тараққиётига ўзларининг ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Маъсума Аҳмедова
“Маърифат” газетасидан олинди.