Шарқда ўзининг ўтли ғазаллари, фалсафий мушоҳадалари ва маънолар хазинаси бўлган олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий” асари билан шуҳрат топган, “Мавлоно”, “Мавлавий” нисбалари билан танилган бу улуғ зотнинг асарлари юзлаб тилларга таржима қилинган, бу асарларга бағишланган беҳисоб шарҳлар, тадқиқотлар эълон қилинган.
Яқинда Туркия Миллий кутубхонаси “Мавлоно библиографияси” номли компакт-диск тайёрлади. Унда Мавлоно ҳаёти ва асарларига оид 1151 нодир қўлёзма асар, дунёда нашр этилган 5 минг 96 китоб номи қайд этилган. Бу рақамлар ҳам Жалолиддин Румий мероси бугунги кунда қандай қадр топгани ва дунёвий миқёс касб этганидан ёрқин далолатдир.
Муҳаммад Жалолиддин Румий ҳижрий 604 йилнинг 6 раби ул-аввалида (1207 йилнинг 30 сентябрида) Балх шаҳрида туғилди. Отаси Муҳаммад бин Ҳусайн Хатибий (Баҳовуддин Валад) султон ул-уламо лақаби билан машҳур бўлган олим ва воиз эди. Разиуддин Нишопурийнинг ёзишича, шоирнинг бобоси — Ҳусайн бин Аҳмад Хатибий ҳам таниқли уламо, бувиси Маликаи Жаҳон эса хоразмшоҳлар хонадонидан бўлган.
1219 — 1220 йиллар орасида, мўғуллар босқини жиддий хавфга айланган ва чегара ҳудудлардан ташвишли хабарлар кела бошлаган бир даврда Баҳовуддин Валад ўз оила аъзолари билан Макка зиёрати ниятида йўлга тушади. Бу вақтда Жалолиддин 12-13 ёшларда эди. Нишопурда улар машҳур шоир Фаридуддин Аттор билан учрашадилар. Бу суҳбатда ёш Жалолиддин ҳам иштирок этади. Унинг бурро жавоблари ва истеъдодидан ҳайратга тушган Аттор унга ўзининг “Асрорнома” китобини ҳадя қилади. “Тез орада ўғлинг оламнинг куйганлари қалбига ўт қўяди”, дейди Баҳовуддинга. Аттор тасаввуфда Нажмиддин Кубро ва Маждиддин Бағдодийнинг издоши эди. Баҳовуддин ҳам тасаввуфнинг шу оқимига мансуб бўлган.
Баҳовуддин Валад ўз оила аъзолари билан Рай, Ҳамадон, Бағдод шаҳарларидан ўтиб, Маккани зиёрат қилгач, қайтишда Рум эли — ҳозирги Туркия ҳудудида яшаб қолади. Салжуқий ҳукмдорлар ўзларининг ота юртларидан келган илмли кишиларни беҳад қадрлар, турли лавозимларга ишга таклиф қилар эдилар. Мовароуннаҳр мўғул босқини туфайли аланга ичида қолган, илм ва ҳунар соҳибларининг бир қисми Румдан бошпана топган эди. Баҳовуддин Валад бир йил Оқшаҳарда, 4 йил Малатияда, 7 йил Лорандада яшайди. Мадрасаларда дарс беради, воизлик қилади. Бу даврда илм-маърифатни беҳад қадрловчи ҳукмдор — Аловуддин Кайқубод салжуқийлар салтанати тахтига чиққан эди. Баҳовуддин Валаднинг илмий давралари довруғи унинг қулоғига ҳам етиб боради. У махсус одамларини совға-саломлар билан бу улуғ зот ҳузурига жўнатиб, салтанат пойтахти — Қунияга таклиф этади. 1229 йили Баҳовуддин Валад оиласи билан Қуниёга кириб келади ва тез орада янги қурилган мадрасага мударрис этиб тайинланади. Ёш Жалолиддин ҳам отасининг ваъз ва дарсларида иштирок этади. Аммо орадан уч йил ўтиб, Баҳовуддин Валаднинг сафарларга бой жўшқин ҳаёти ниҳоясига етади. Бу вақтда Жалолиддин 24 ёшда эди. Уни отаси ўрнига мударрис қилиб тайинлайдилар.
Ўша кунлари Баҳовуддин Валаднинг асҳоби ва муридларидан Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий устозининг вафотини эшитиб, Қунияга етиб келади. У Жалолиддин тарбияси билан жиддий шуғулланади. Мавлоно 9 йил давомида унинг ёрдамида тасаввуф мақомотларини босиб ўтади, турли соҳалардаги билимини чуқурлаштиради.
Бир неча йил давомида Ҳалаб мадрасаларида таҳсил кўради. Фақат диний билимларнигина эмас, юнон фалсафаси, мантиқ, шеърият илмини пухта эгаллайди. Ўзининг ваъзлари ва илмий мулоқотлари билан фақатгина Рум элида эмас, балки бутун ислом дунёсида шуҳрат топади. Салжуқийлар салтанатидаги каттаю кичик уни дин ва адолат ҳомийси, фақиру фуқароларнинг ҳимоячиси сифатида ҳурмат қиларди.
1244 йилнинг 26 ноябрида Мавлоно ҳаётида катта бурилиш юз беради. У тасодифан кўчада Шамсиддин Табризий номли дарвеш билан учрашиб қолади. Ўзаро савол-жавоблардан кейин улар бир-бирларининг илмий ва руҳоний даражаларидаги яқинликни ҳис этадилар, ўзаро мулоқотга эҳтиёж сезадилар. Икки йил давомида улар Қунияда ҳамсуҳбат бўладилар. Зоҳирий ва ботиний илмлардан бохабар Шамс Табризий Мавлоно қалбидан абадий жой олади. Уларнинг бир-бирларига дўстона меҳри илоҳий ишқ билан қўшилиб кетади. Мавлоно мударрисликни ҳам ташлаб қўяди. Унинг айрим шогирд ва мухолифлари Шамс Табризийни йўқотиш пайига тушадилар. Дастлаб уни яширинча Дамашққа олиб бориб ташлайдилар. Аммо Мавлоно уни топтириб келади. Шундан кейин рақиблар Шамс Табризийни бутунлай йўқотиш режасини тузадилар ва шум ниятларини амалга оширадилар. Ўз қалби сирларини англайдиган самимий суҳбатдошидан абадий жудо бўлган Мавлоно дард ва изтироб ичида шеърлар ёза бошлайди. У воиз ва мударрисдан жўшқин шоирга айланади. Ўз ғазалларида Шамс Табризий номини қайта-қайта такрорлайди. Шу сабабли унинг шеърлари жамланган девони “Девони Кабир” ёки “Девони Шамс Табризий” деб номланган.
Мавлононинг йирик асарларидан яна бири — “Маснавийи маънавий”дир. Абдураҳмон Жомий бу асарни паҳлавий (форсий) тилидаги Қуръон деб атайди. Чунки Мавлоно барча асарларини ўша пайтда адабий тил ҳисобланган форс тилида ёзган, “Маснавийи маънавий”да эса, Қуръон моҳияти ва мазмуни халқ ривоятлари воситасида баён қилинган.
26 минг 632 байтдан иборат бу буюк асар милодий 1259 йили бошланиб, 1269 йили тугалланган. Мавлоно уни шогирди Низомиддин Чалабийга айтиб ёздирарди. Ноёб истеъдод соҳиби бўлган шоир баъзида соатлаб ёздирар, оташин байтлар тўхтовсиз қуйилиб келарди. Аммо биринчи китоб тугагач, тўсатдан Низомиддиннинг рафиқаси вафот этади. Бу воқеа ижодий жараённи тамомила издан чиқаради. Орада 2 йилга яқин танаффус рўй беради. Сўнгра яна давом этиб, 6 китоб шаклида якунланади…
1273 йилнинг совуқ қиш кунларидан бирида Мавлононинг жўшқин ҳаёти ниҳоясига етади. Бутун Қуния аҳли мотам либосини кияди. Дафн маросимида барча дин ва миллатга мансуб кишилар бор эди. Чунки у ўз асарларида умуминсоний қадриятларни улуғлаган, Якка ва Ягона Яратувчига бўлган чексиз муҳаббатни тараннум этганди. Шоир Қуниядаги Эрам боғчага, отасининг қабри ёнига қўйилади. Орадан 700 йилдан ортиқроқ вақт ўтган бўлса-да, Мавлоно мақбараси энг машҳур зиёратгоҳлардан бири бўлиб қолмоқда.
МАВЛОНО САМАРҚАНДДА
Тарихнависларнинг ёзишича, Мавлоно бобоси ва ота-онаси билан бир муддат Термиз ҳамда Самарқанд шаҳарларида яшаган. Чунки бобоси ҳам, отаси ҳам машҳур воиз ва мударрис сифатида турли шаҳарларга хизматга юборилган. 1212 йили Муҳаммад Хоразмшоҳ Самарқанд ҳукмдори Султон Усмон билан жанг қилиб, шаҳарни эгаллаганида 5 яшар Жалолиддин оиласи билан шу ерда эди. Унинг Самарқандда қанча яшаганлигини аниқ билмаймиз. Аммо болалик хотираларида Шарқнинг машҳур шаҳри манзаралари бир умрга муҳрланиб қолганлиги аниқ. У ўз асарларида бу шаҳар номини қайта-қайта тилга олади. “Маснавийи маънавий”да бир ривоят бор. Унда бир подшонинг йўлда бир канизакни кўриб, унга ошиқ бўлиб қолганлиги баён қилинган. Подшо бу канизакни сотиб олади. Аммо у орадан кўп ўтмай оғир касалга дучор бўлиб, кундан кунга аҳволи оғирлашади. Чақирилган табиблар унинг дардига даво тополмайдилар. Ниҳоят, бир табиб қизнинг томир уришидан унинг ошиқи беқарор эканлигини аниқлайди. Яна томир уришидан қиз ошиқ бўлган йигит Самарқанд шаҳрида яшайдиган бир заргар эканлигини билиб олади. Заргар олиб келинади ва қиз шифо топади… Самарқанддаги маҳалла ва кўча номининг келтирилганлиги шоир бу шаҳар ҳақида анча бой маълумотга эга эканлигидан далолат беради.
Шоирнинг отаси — Баҳовуддин Валад мўғул босқинидан қочиб, Туркия шаҳарларида яшаб қолган мовароуннаҳрлик ҳамюртлари билан яқин алоқада бўлган. Шу сабабли у бош фарзанди Жалолиддинни 18 ёшида Лоранда шаҳрида (ҳозирги Туркиянинг Караман шаҳри) Шарафиддин Самарқандийнинг қизи Гавҳархотунга уйлантиради. Бу билан Жалолиддин Самарқанд нафасини қайта туйгандек бўлади. Шоир бу никоҳдан икки ўғил кўради. Улардан бири — отасининг ишини давом эттирган Султон Валад эди. Мавлоно бу фарзандини жуда яхши кўрган ва отасининг лақаби билан атаган.
Мавлоно вафотидан кейин унинг шогирдлари Султон Валадга отаси ўрнида шайхлик қилишни таклиф этадилар. Аммо у: “Суфийга ҳирқа ярашади, етимга ёниш ва куйиш”, дея бу таклифга рози бўлмайди ва Низомиддин Чалабийни отаси ўрнида халифа деб танийди.
БИР ҒАЗАЛ ШАРҲИ
Жалолиддин Румийнинг “Девони Кабир” ёки “Девони Шамси Табризий” деб номланган куллиётида 3239 ғазал, 436 рубоий ва бошқа шеърлар бор. Мазкур девоннинг Эронда чоп этилган нусхасини 1979 йили Теҳрондан олиб келган эдим. Бўш қолган дамларимда уни мутолаа қилишни ёқтираман. Ундаги бир ғазал айниқса диққатимни жалб этади. Бу ғазални қайта-қайта ўқиш жараёнида уни таржима қилиш истаги пайдо бўлди. Мана ўша таржима:
Мен сархушу сен сархуш,
Қайдадир бизнинг хона?
Мен неча дедим сенга
Кам ич уч-тўрт паймона1 .
Шаҳр ичра бирор одам
Ҳушёрлигин кўрмасман,
Бир-бирдан бадтар ҳар ким
Шўридаю девона.
Жоно, кел хароботга,
Жоннинг лаззатин кўргил.
Завқланурми жон, йўқса
Гар суҳбати жонона?
Ҳар гўшада мастлар мўл,
Бир-бирига бермиш қўл,
Ҳар вужудга соқий Ул,
Қадаҳ тутгай шоҳона.
Сен харобот бандаси,
Ганжинг майу харжинг май,
Бу бойликдан бермагил
Ҳушёрларга бир дона.
Эй лўлийи барбатчи2 ,
Сен мастмисан ёки мен?
Мендан кўра маст бўлсанг,
Афсунларим афсона.
Хонамдан чиқиб эрдим,
Мастлигимга келдим дуч,
Ҳар нигоҳида пинҳон
Юз гулшану кошона.
Лангарсиз кема мисол
Чайқалар у ён-бу ён,
Ҳасратидан жон чекар
Юз оқилу фарзона.
Сўрдим: Сен қаерликсан?
Табассум-ла дер: Эй, жон,
Ярмим Туркистондандир,
Ярмим эса Фарғона.
Ярмим суву тупроқдан,
Ярмим эса жону дил,
Ярмим дарё соҳили,
Ярмим бари дурдона.
Дедимки: Дўст бўлайлик,
Ахир мен қариндошинг,
Дедики: Менга тенгдур
Қариндошу бегона.
Мен бедилу дасторсиз,
Майхонада саргашта,
Қалбимда сўзларим мўл,
Шарҳ этолсам мардона.
Тасаввуфона рамзлар билан битилган ушбу ғазал алоҳида шарҳни талаб қилади. Шоир “мастлик” деганда нимани назарда тутади? “Ярмим Туркистондандир, ярмим эса Фарғона” деган мисрасида қандай маъно яширин?
Албатта, бунинг учун тасаввуф истилоҳлари ва тасаввуф тарихидан хабардор бўлмоқ керак. Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг “Назм гулистонининг хушнағма қушлари зикрида” деб номланган ўн олтинчи фаслида шоирларни бир неча тоифага бўлади. Биринчи тоифа — ҳақиқий (илоҳий) ишқни куйловчилар, иккинчи тоифа эса ҳам ҳақиқий, ҳам мажозий (жисмоний) ишқни мадҳ этувчилар, учинчи тоифа — фақат мажозий ишқни куйловчилар. Навоий биринчи тоифа вакилларини “ишлари маънилар хазинасидан жавҳар термоқ ва у жавҳарни эл яхшилиги учун назм ипига тортмоқ” дея таърифлайди. Бу тоифага Шайх Фаридиддин Аттор ва Мавлоно Жалолиддин Румийни киритади. Яъни улар ўз асарларида зоҳиран ёрнинг юзи, кўзи, қошлари, қоматини васф этса-да, рамзлар воситасида Оллоҳнинг сифатларини мадҳ этадилар. Юз йиллар давомида араб мамлакатлари, Эрон, Озарбайжон, Хуросон ва Мовароуннаҳр шоирлари тасаввуфнинг бундай истилоҳларидан кенг фойдаланганлар.
Мумтоз шоирлар ижодида бунга кўплаб мисоллар бор. Масалан, Насимийда:
Шўйла мастам, то қиёмат
даҳи ҳушёр олмазам,
Чун бени ваҳдат майиндан
айлади ул ёр маст.
Навоийда:
Мастлиғдин ўзга йўқ
дардим иложи, соқиё,
Май кетурким, ҳам ичай,
бир лаҳза они ҳам тутай.
Фузулийда:
Ўйла сармастам ки, идрок
этмазам дунё надир,
Бен кимим, соқий ўлан кимдир,
майу саҳбо недир.
Бу мисолларда “ёр”, “соқий” истилоҳлари Худони, “мастлик” атамаси Худонинг ишқи билан маст бўлишни англатади.
Юқорида келтирилган ғазалда Мавлоно ўз илоҳий ишқи манбалари ҳақида гапирмоқда, тасаввуф таълимотида ўзига устоз деб билган зотларни тилга олмоқда. Яъни уни илоҳий ишқ йўлига йўллаганларнинг ярми Туркистондан — Аҳмад Яссавий ва унинг издошлари, ярми эса — Фарғонадан. Аҳмад Яссавийгача ва ундан кейин ҳам Фарғонада машҳур тасаввуф шайхлари яшаб ўтган. Абдулкарим ас-Самъоний ўзининг “Ал-Ансоб…” асарида V — X асрларда Фарғона воҳасида яшаган 33 олим ва машойих ҳақида маълумот беради. Мана улардан баъзилари: Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ал-Андуконий ал-Фарғоний — олим ва тасаввуф шайхи, 1151 йили вафот этган; Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Фарғоний ас-Суфий — машҳур тасаввуф олими, Бағдодда Жунайд Бағдодийдан таълим олган; Абул Аббос Ҳожиб ибн Молик ал-Фарғоний (910 йили вафот этган), кўп қиррали олим ва ҳадисшунос, юз минг ҳадисни ёддан билган.
Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс”, Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираларида ҳазрат Боб Фарғонийнинг исми зикр этилган. Х асрда ҳозирги Поп шаҳрида яшаган бу машҳур уламо ва тасаввуф шайхининг асл исми Умар бўлган. У узоқ умр кўриб, шу шаҳарда вафот этган.
Машҳур турк адабиётшунос олими Фуод Кўпрулузода ўзининг “Турк адабиётида илк мутасаввифлар” номли асарида шундай ёзади: “Исломиятдан кейинги турк адабиётида миллий руҳни ва миллий завқни англамоқ учун энг кўп тадқиққа лойиқ бўлган давр — халқ тили ва халқ вазнидан истифода этиш билан кенг оммага тушунарли бўлган ва асарлари асрлар бўйи яшаб келаётган буюк мутасаввифлар давридир… Ҳирот, Нишопур, Марвда ҳижрий учинчи асрда қай тариқа мутасаввифлар кўпайган бўлса, тўртинчи асрда Бухорода, Фарғонада ҳам шайхлар эътибор топа бошладилар. Фарғонада турклар ўз шайхларини “боб”, яъни “бобо” деб атардилар… Муҳаммад Маъшуқ Тусий ва Амир Али Абу Холис турк эдилар… Аҳмад Яссавий пайдо бўлган даврда турк олами анча вақтдан буён — ҳар ҳолда, тўртинчи (ҳижрий) асрдан бери тасаввуф таълимоти билан ошно бўлган, мутасаввифларнинг ғоялари ва кароматлари ёлғиз шаҳарларда эмас, кўчманчи турклар орасида ҳам озми-кўпми ёйилган эди”.
Табиийки, Жалолиддин Румий яшаган даврда тасаввуф таълимоти бутун Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган, оддий халқ қатори ҳукмдорлар ҳам нуфузли тасаввуф шайхларини ҳурмат қилар, улар билан ҳисоблашишга мажбур эдилар. Жалолиддин ёшлигиданоқ бобоси ва отаси ёрдамида турк мутасаввифларининг бой меросидан баҳраманд бўлган, Шом, Ҳалаб, Дамашқ, Қайсария сингари йирик илм марказларида ўзининг билимини янада мустаҳкамлаган эди. У ўз умрини тасаввуф таълимотининг энг илғор жиҳатларини — бағрикенглик, инсонпарварлик, адолат, меҳр-мурувват ғояларини тарғиб қилишга бахшида этди.
________
1 Қадаҳ.
2 Қадимий соз.
Носир МУҲАММАД
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 39-сонидан олинди.