Мустақиллик учун курашган, жадидчилик ҳаракати номини олган мутафаккирлар гуруҳи миллатнинг ўзлигини танитиш, миллий-озодлик ҳаракатини шакллантириш ва уни амалга оширишдек улуғ вазифани ўз олдига қўйган ва бутун Туркистон ўлкасини ҳаракатга келтирган буюк куч эди. Бу ҳаракатнинг раҳбарлари Шарқ ва Ғарб маърифати, маънавиятини эгаллаган, илмга чанқоқ зиёлилар эдилар. Улар мустамлака зулми исканжасида харобага айланиб бораётган она – Ватан жароҳатларига малҳам изладилар. Миллатнинг ана шундай зиёлиларидан бири, тошкентлик жадидларнинг раҳнамоси Мунавварқори Абдурашидхоновдир.
Мунавварқорининг ҳаёти, ижоди, фаолияти ҳақида истиқлол йилларида жуда кўп ёзилди. Ушбу тадқиқот, мақола ва турли ёзувларни таҳлил қилар эканмиз, уларда Мунавварқори кўз олдимизда миллат тарбиячиси, моҳир сиёсатчи, адиб сифатида яққол кўзга ташланади. Дарҳақиқат, Мунавварқорининг ҳаёт йўли ўта машаққатли, турли эврилишлар ва зиддиятларга тўла. Тарихий ҳужжатларга боқсак, чор маъмурияти вакилларининг Мунавварқорига тошкентлик жадидларнинг етакчиси, бутун жадид мактабларининг бошлиғи, мусулмон матбуотининг илк ташкилотчиларидан, деган таърифларига дуч келамиз. Ҳа, русларнинг бу зиёлига нисбатан берган таърифлари жуда ҳаққоний эди, аммо холис-хайрихоҳ эмас, албатта.
Мунавварқори ўта моҳир сиёсатчи эди. У турли матбуот нашрларида чоп этган мақолаларида ўз фикрларини шу қадар моҳир тарзда ифода этадики, чор маъмурлари унга бирор айб қўя олмас эдилар. Бу эса Мунавварқорининг жуда синчков публицист эканлигидан далолат беради. Шу сабабдан ҳам чор маъмурияти Мунавварқорини фақат кузатиш, у ҳақда маълумот йиғиш, орқасидан хуфялар қўйиш билангина чекланган. Мунавварқорининг фаолиятини ўта синчковлик билан кузатган туркистонлик рус маъмурларидан бири, ўлка мустамлака маориф тизими “асосчиларидан” Николай Остроумов эди. Н.Остроумов китоблари орқали ўта шовинист, миллатпараст сифатида танилган. Унинг биргина “Қуръон ва тараққиёт” ёки “Қуръон нима?” каби асарлари юқоридаги фикрга далил бўла олади. Н.Остроумов мунтазам равишда маҳаллий зиёлилар устидан юқори идораларга арз қилиб турган. Унинг 1910 йил 3 сентябрда Туркистон генерал губернатори канцелярияси бошлиғи В.А.Мустафинга йўллаган махфий билдиришида Тошкент шаҳридаги жадид мактабининг катта муаллими Мунавварқорининг ҳукуматга қарши иш олиб бораётганлиги ҳақида огоҳлантириб қўйиш ўз вазифаси эканлигини маълум қилади. Н.Остроумовнинг ушбу билдириши натижаси ўлароқ В.А.Мустафин Туркистон ҳудудий охранкаси бошлиғига шахсан генерал губернаторнинг кўрсатмасига биноан Мунавварқори ортидан кузатув кучайтирилиши борасида буйруқ беради. Табиийки, Туркистон охранкаси Мунавварқори борасида турли йўллар билан маълумот йиғиб, ушбу маълумотлар Мунавварқори ва унинг издошлари ҳамда ҳамфикрлари фаолиятининг айрим қоронғу жиҳатларини очишга ва улар борасидаги маълумотларнинг бойишига хизмат қиладиган манбалардан ҳисобланади. Энг ачинарлиси, бундай маълумотларнинг кўпи ўзларини ҳукуматга содиқ эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилган айрим маҳаллий “миллатпарварлар” томонидан тақдим этилган. Улар берган чақув қоғозларида асосан Мунавварқори ва унинг атрофига йиғилган ҳақиқий миллатпарварлар ҳақида маълумотлар жамланган. Ўзини Мунавварқори масжиди аҳлларидан бири, деб таништирган “миллатпарварлар”дан бири берган чақув қоғозига кўра, Мунавварқори ташкил этган газеталар ҳукумат тарафидан ёпиб қўйилгандан кейин фикр ва ғояларини янги мактаблар орқали тарқатишга тиришаётгани ҳамда маҳаллий ёшларни Туркияга ўқишга юборишга қаттиқ ҳаракат қилаётгани ўта эҳтирос билан баён этилган. Бу “миллатпарвар” Мунавварқорини “фош” қилиш мақсадида Туркистондан ташқаридаги матбуотда ўлка маъмурияти ва айрим амалдорлари тўғрисида танқидий мақола берилаётган бўлса, уларнинг барчаси Мунавварқори тарафидан ёзилаётганлигини ҳамда шахсан Н. Остроумов шаънига турли ҳақоратомуз сўзлар айтаётганини билдиради. “Ҳозирги вақтда Туркистонда Мунавварқори ва Самиқоридан бошқа расмий ҳукуматга қарши ҳаракат қилаётган кимсалар йўқ. Агарда пайдо бўлган бўлса ҳам бевосита бу иккисининг шогирди бўлади”, деб ёзади “миллатпарвар”. Бу чақув қоғозлари Мунавварқорининг миллат равнақи учун олиб борган ишлари эски тарзда фикрловчи инсонларни қай тарзда ташвишга солганини кўрсатади.
Тошкент шаҳрининг мусулмон қисми полиция бошлиғи капитан Колесниковнинг Туркистон ҳудудий охранка бўлимига 1910 йил 9 декабрда берган маълумотномасида Тошкент шаҳридаги маҳаллий аҳоли ўртасида кечаётган янгиланиш ҳаракатининг раҳбари ва раҳнамоси Мунавварқори эканлиги таъкидланади. Мунавварқори бошлиқ ушбу ҳаракатнинг энг фаол 20-25 аъзоси мунтазам равишда ҳафтанинг пайшанба кунлари йиғилиш ўтказиб туриши ва бу йиғилишларда мусулмонлар ҳаётини ўзгартириш, Туркияга кўпроқ талаба юбориш масаласи муҳокама қилиниши маълумотномада батафсил ёритиб ўтилади. Колесников Мунавварқорининг маҳаллий мусулмонлар орасида қанчалик юқори эътиборга лойиқлигини кўрсатиш мақсадида “уни ҳаммалари катта бошлиқ” деб аташларини алоҳида урғулаб ўтади.
Мунавварқори чор ҳукумати тарафидан 1905 йил 5 октябрда эълон қилинган Манифестдан кейин ўз фаолиятини анча кучайтирди. Манифест бунга имкон берар эди. Лекин Россия империяси ҳудудидаги рус бўлмаган миллатларга ушбу Манифест берган сиёсий эркинликдан туркистонликлар жуда кам истифода қила олдилар. Бунинг асосий сабаби, агар Исмоил Гаспринский таъбири билан айтадиган бўлсак, туркистонликларнинг “ҳаётсизлиги”, уларнинг ўта сустлиги бўлди, дейиш мумкин.
Гаспринский фикрича, туркистонликлар берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда ҳукуматдан биринчи навбатда вақф ҳамда таълим соҳаси дохил диний ишларни ҳал қилишда эркинлик берилишини ҳамда Туркистон истило қилингандан бери жорий бўлиб келинаётган “ҳарбий ҳолат”ни бекор қилишни талаб қилишлари керак эди. Бу масалада Мунавварқори биринчилардан бўлиб Гаспринскийнинг юқоридаги фикрларини қўллаб чиқди. Мунавварқори Тошкент аҳолисини ҳаракатсизликда ва бошқа миллатлар аллақачон эришиб бўлган масалалар бизда ўрнидан силжимаётганлиги, яъни “Туркистондаги сиёсий тузумни ислоҳ этиш; диний ва сиёсий ҳуқуқлар берилишини талаб қилиш” каби ишларни амалга оширишга хоҳишлари йўқлигидан шикоят қилади.
Мунавварқори “Тараққий” газетасида берган мақолаларидан бирида тошкентликлар юқоридаги каби айрим масалаларни ҳал қилиш мақсадида ҳукуматга мурожаат этиш учун бир неча маротаба турли йиғилишлар ўтказганига қарамай иш ўрнидан умуман силжимагани ҳақида ёзади. Бунинг асосий сабабини эса Мунавварқори фикрлари бир жойдан чиқмагани, бирлик бўлмагани ҳамда ҳар ким умум фойдасини кўзламай фақат шахсий манфаатини кўзлагани деб эркинлигидан истифода этган ҳолда бир неча вақтли матбуот органлари – “Шуҳрат”, “Осиё”, “Хуршид” каби газеталар фаолиятини йўлга қўйди. Лекин ушбу матбуот органлари ислоҳпарварларнинг асосий “душманлари” уламо ҳамда улар ортидан эргашувчи “маърифатсиз” омма қаршилигига дуч келди. Чор маъмурияти юқоридаги “миллатпарварлар”дан фойдаланиб, газеталарни ҳукуматга қарши фикрларни тарқатаётганликда айблади ва уларни бирин-кетин ёпиб қўйди.
Дарҳақиқат, Тошкентда миллий матбуотни бошлаб берган илк вақтли матбуот органларида биринчи навбатда эски фикрли уламога қарши сўзлар айтилган бўлса, иккинчи ўринда ҳукуматнинг айрим вакиллари танқид остига олинди. Бу эса, табиийки, икки томонга ҳам хуш келмади.
Мунавварқорининг илк мақолаларида, Туркистонда мусулмонлар ижтимоий ҳаётини тубдан ислоҳ қилиш тўғрисидаги фикрлар учрайди. У мазкур мақолаларида ислоҳ қилишдан мақсад биринчи навбатда диний софликка чақирув, яъни ислом динини турли бидъатлардан тозалашга тарғибот яққол кўзга ташланади.
Туркистондаги илк “Тараққий” газетасида юқоридаги каби мақолаларнинг асосий муаллифи Мунавварқори эди. Ушбу газета катта қаршиликка учраб, ҳукумат тарафидан ёпилгандан кейин орадан бир неча ҳафта ўтиб Мунавварқори “Хуршид” газетасини таъсис қилди. Бу газета ҳам “Тараққий” тутган йўлдан борди, лекин бу сафар Мунавварқори газетанинг асосий йўналишини Россия ва қўшни мамлакатларда кечаётган сиёсий жараёнларни ёритишга урғу берди. Афтидан, Мунавварқорининг газетани бу йўналишга бургани Исмоил Гаспринскийга жуда хуш келган кўринади. И.Гаспринский “Таржимон”да “Хуршид”ни Россия мусулмонлари тарафидан чоп этилаётган газеталар ичидаги “соф миллий” матбуот органи эканлигини ёзиб чиқади. Бу эса туркистонлик, хусусан, тошкентлик зиёлиларнинг катта ютуғидан дарак беради.
И.Гаспринский Мунавварқори газетасининг “тили”дан ўта мамнунлигини яширмайди. Чунки бу “тил” Гаспринский тарғиб қилаётган туркий миллатларнинг умумадабий тилига жуда мос тушди. Шу сабабдан ҳам “Таржимон” “Хуршид”нинг биринчи сонидаги асосий мақолани ўз саҳифаларида қайта чоп қилди. Унинг “тили”ни эса бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатди. “Таржимон” “Хуршид”ни қолган сонларини ҳам диққат билан кузатди ва ундан анчагина маълумотларни яна ўз саҳифаларида қайта нашр қилиб борди. “Хуршид” газетасининг фақат 10 сони чиқди ва у 1906 йил 13 ноябрда “аксилҳукумат йўналиш”даги газета сифатида расмийлар тарафидан ёпилди. Ундан кейин Мунавварқори, Абдулла Авлоний ва татар намояндаси Аҳмаджон Бектемировларнинг биргаликда ташкил этган “Шуҳрат” ва “Осиё” газеталари ҳам юқоридаги айблов билан ёпилди. 1908 йил май ойида Туркистон миллий матбуоти, америкалик тадқиқотчи Адиб Холид сўзи билан айтганда, ҳукумат томонидан “бўғиб ўлдирилди”. Туркистон миллий матбуотининг биринчи даври шу тариқа “ҳаётдан кўз юмди”.
Мунавварқори фаолиятининг асосий қирраларидан бирини ташкил этувчи йўналиш бу хайрия ташкилотларидир. Мусулмон хайрия ташкилотлари ички Россияда 1890-йиллардан бошлаб пайдо бўла бошлади. Бу йўналишда ҳам Гаспринский ва унинг “Таржимон” газетаси асосий тарғиботчи бўлди. Газета жамиятлар қай йўсинда очилади, унинг низоми қандай тартиб берилади, ҳукуматнинг қайси органларига мурожаат қилинади, деган масалаларни мунтазам ёритиб борар эди. Туркистонда бундай жамиятларнинг тўнғичи 1909 йили айнан Тошкентда Мунавварқори ва унинг атрофига жам бўлган миллатпарварлар ташаббуси билан ташкил этилди.
Ушбу кенг қамровли жамият 1909 йил 15 июлда, айрим маълумотларга кўра 10 августда “Жамияти Имдодия” номи билан қурилди.
“Жамияти Имдодия”нинг биринчи раиси сифатида Абдулла Авлоний 4 ой иш олиб борди. Ундан кейин эса жамият раислигига Тошкентнинг нуфузли миллионер савдогари Саидкаримбой Саидазимов тайинланган.
Мазкур жамият ҳукумат белгилаб берган “Намунавий Низом” асосида ўз низомини тасдиқлатгани боис айрим ишларни амалга оширишда “қўли боғлиқ” эди. Жамият фақатгина Сирдарё вилояти ҳудуди бўйича турли моддий ёрдам кўрсата олар эди. Туркистондан Россия ва бошқа жойга бориб ўқиётган туркистонлик талабаларни моддий жиҳатдан қўллаши қонун бўйича таъқиқланган эди. Шу сабабдан ҳам таниқли тошкентлик маърифатпарвар Мўминжон Муҳаммаджонов, у вақтда Уфадаги “Мадрасаи Олия” талабаси, жамиятга моддий ёрдам сўраб мурожаат қилишига қарамай, рад жавоби олган эди. Лекин жамият асосчиси Мунавварқори шахсан ўзи айрим бой савдогарлар олдига бориб М.Муҳаммаджонов учун бир миқдор маблағ топиб бергани “Турмуш уринишлари” асарида баён этилган.
Жамият аъзолари таркибида тошкентлик айрим нуфузли бой кишиларнинг ҳам бўлишига қарамай моддий жиҳатдан у қадар бой ташкилотга айлана олмади.
“Жамияти Имдодия”нинг моддий жиҳати фақатгина аъзолардан олинган бадал пули ҳамда турли йиғилишларда йиғилган маблағга боғлиқ бўлганлиги сабабли жамиятнинг ишлари жадал ривож топмади. Жамият Низомдан ташқари бошқа бир турли фаолият олиб бора олмаслиги ҳам уни имкониятларини бир тарафдан чеклаб қўйган бўлса, бошқа тарафдан моддий қийинчилик ҳам тўсиқ бўлди. Жамиятнинг раиси Саидазимбой Саидкаримов тошкентлик бойларни жамият атрофида қовуштира олмагандан кейин жамиятни Мунавварқори бошлиқ ёшлар қаноти ташаббусни ўз қўлларига олишга мажбур бўлди. Мунавварқори ўз “Хотиралари”да жамият аввалда катта бойлар қўлида эди кейинчалик ёшлар қўлига ўтди, деб ёзганида айнан мана шу вазиятни назарда тутган эди. 1913 йилга келиб жамиятни ёпиш масаласи ўртага қўйилди. Мунавварқори вазиятдан чиқиш мақсадида айрим рус ва татар хайрия жамиятлари қўллаган усулдан фойдаланишга қарор қилди. “Жамияти Имдодия” моддий жиҳатини яхшилаш учун турли бадиий кечалар ташкил этиш режасини ишлаб чиқди. Тадбирдан тушган маблағ Жамият ҳисобига ўтди.
“Жамияти Имдодия” ташкил этилган 1909 йилнинг ўзидаёқ Тошкентнинг рус қисми коменданти Н.К.Калмаков Сирдарё вилояти Ҳарбий губернаторига жамиятни ёпишни илтимос қилиб рапорт берди. Калмаков жадидлар раҳнамолигидаги дунёвий ишлар билан шуғулланувчи ушбу жамият шариат қоидаларига умуман зид деб таъкидлашга уринади. У бундай жамиятлар таъсирида Тошкент аҳолиси ўртасида турли жанжаллар чиқиши, бу эса бутун минтақа бўйлаб норозилик кайфиятларини кучайтириб юбориши мумкинлигидан юқори ташкилотларни огоҳ этишни ўз бурчи эканлигини ҳам қўшиб ўтади. Кўриниб турганидек, аҳолини янгилик ва эскилик тарафдорлари бўлган бир-бирига қарши икки гуруҳни шакллантиришга алоҳида эътибор берган. Бу мақсадда эса ислом дини ва шариатни “қурол” қилиб олди. Жадидлар тарафидан амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳот ва янгиликни шариатга зид қилинмоқда деб уламони уларга қарши қўйишга ҳаракат қилди. Шу тариқа Туркистон чор маъмурияти ислом динининг келажагига “қайғурган” бўлиб аҳолини шариат доирасида бошқариб борди.
Тошкентда янги усул мактабларининг пайдо бўлиши ва ривожи яна Мунавварқори фаолияти билан боғлиқ. Ушбу йўналишда охирги 20 йил ичида жуда кўп изланишлар, мақолалар эълон қилинди. Яна уларни такрорлашга хожат йўқ. Бир нарсани айтиш мумкинки, Мунавварқори аҳолига янги усул мактабларининг афзалликларини таништириш мақсадида Тошкентда ички Россияда унумли қўлланилиб келинаётган очиқ имтиҳон тадбирини биринчилардан бўлиб қўллади. Энг асосийси, ушбу тадбирлар ҳақида Н.Остроумовнинг “Туркистон вилояти газети” саҳифаларида ёритиб борилди.
Мунавварқорининг фаолияти жуда кенгқамровли бўлганлигидан унинг барча жиҳатларини кичик мақола доирасида ёритиб бериш жуда мушкул вазифа. Унинг фаолияти нақадар чуқур бўлса, ушбу фаолиятнинг ҳар бир қирраси шу қадар мукаммал ва чуқур тадқиқ қилиниши лозим. Ана шундагина биз Мунавварқорининг миллат манфаати, равнақи, унинг тараққиёти ва истиқлоли учун олиб борган ишлар кўламини яққолроқ кўришимиз мумкин бўлади.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон